Турсун Али (Ўрмонов) 1952 йил 5 февралда Фарғона вилоятининг Қува тумани, Тошйўли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1981). «Юракдаги сўзлар» (1983), «Ёруғ кунлар» (1985), «Изтироб остонаси» (1992), «Тун товуши» (1993), «Ёлғизим» (1995), «Уйғоқ сукунат» (1999), «Туйғулар ранги» (Сайланма, 2001), «Сокин хайқириқ» (2005) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
* * *
1.
Мен ухлаяпман,
Ухлаётган одамни
Фақат уйғотади шоирлар.
2.
Қиш. Қорли сўқмоқ,
Оҳ, қандай оғир
Бировнинг изидан юрмоқ.
3.
Саҳар. Мен қайта тиршдим.
Иул курсат,
Бор бўлсанг, эй, тирик одам!
4.
Сенсиз кирдир оқ кунларим,
Сенсиз қорадир ойдин тунларим.
Сенсиз мен – мен эмас ёруғ дунёда!
5.
Тақиллатар эшикни шамол,
Нимагадир орзиқиб кетди
Менинг ўжар юрагим.
* * *
Сен кайдасан,
ярақлар кўзларим.
Йўқсан-ку
кўзларимга урилган
бахт қуши.
* * *
Сен шодон,
мен шодон,
ўртамизда яшар
қора ридо кийган
умидсиз севги.
* * *
Сен шу қадар гўзалсан,
кўз узиб бўлмайди.
Ҳам абад, ҳам азалсан,
юрак асло тўлмайди,
бағримда кўкарган СЕВГИ.
ИНАГУ*
1.
Тунлар ўлиб қоламан мен,
ҳали олиб кетмай жасадни
қабристонга бораман ўзим.
2.
Тун қаърида чигиртка
узоқ ғамгин чириллар,
мен тинглайман овозимни ютиб.
3.
Дилимда сўзлар кўп,
айримларин
занжирлаб қўйган тил.
4.
Уйимдан узоқдаман,
бироқ яшайман уйимда.
5.
Кўксимдан ситилиб кетган турналар,
қайтдингизми?
энди мудроқ туйғуларим уйғонар бешак.
_________________
* Шивирлаб айтиладиган шеърлар. Вьетнам.
* * *
Аёз…
Ёмғир…
Кезинар кучук етаклаган аёл.
Аёл бепарво…
Менинг ботинимга эса бетўхтов
ёғаётир қип-қизил ёмғир.
* * *
1.
Учиб кетди кўлдан ўрдаклар,
қамишзор шитирлар ғамгин –
наҳот мен овчи бўлсам.
2.
Кекса чол арава тортиб
тун оғушига киради ҳорғин,
аравада не бор, билмадим буни.
3.
Шубҳаkаниб бордим унинг олдига,
у эса кучукдай мўлтираб
мендан кетишга изн сўради.
4.
Кўксимга йиғилиб қолган тошларни
тўкдим ерга,
оҳ, ер эса юмшоқ экан.
5.
Чумоли, йиғасан, терасан,
ер қаърига олиб кетасан,
синглим сен чумоли эмассан-ку.
СОЯ
Йўқ, дарахт
Мен сенгамас,
суянаман соямга.
Мен сенинг ортингдан эмас,
соям ортидан
юрмоқдаман дадил, мардона.
Ҳар қалай.
Эй одам, шукр
мен сенга эргашмайман.
* * *
Умрим кўчасида учратдим сени,
Ҳей, соҳиби ташлаб кетган чиннигул.
Сарғайган юзларинг куйдирди мени,
Ақл-ҳушим, боримни йўқотдим буткул.
Қаршингдан кетолмай ҳаяллаб узоқ,
Қуёшдайин сочдим қайноқ меҳримни.
Тилимиз қутбдай йироқдан-йироқ,
Сенга бахш айладим ажиб сеҳримни.
Чангли юзларингга босдим қақроқ лаб,
Томиримда жўшди денгиз мисол қон.
Музлаган вужудинг ёниб, эркалаб,
Қучоғингга сингдим, дилда ҳаяжон.
Фалак каби соҳир қалб соҳибаси,
Сенга мен занжирбанд эрурман мангу.
Эй сен, соҳибжамол – севги бекаси,
Менга бахш этурсан гулистон туйғу.
* * *
Уйингга дарёдек тошиб кираман,
Энтикиб, ийманиб қарайман ҳар ён.
Ўғри кирган мисол хонанг тўзғиган,
Гўё ҳамма нарса мунгли, безабон.
Кулбангни рутубат нафаси босган,
Сопол тувакдаги гул сўлган ночор.
Шипда-чи, ўргимчак ўзини осган,
Кезинар атрофда каламуш беор.
Ётоқхона захчил, ҳавоси бузуқ,
Илондай чирмашган кўрпалар айқаш.
Радио ҳам гапирмас, овози – юлуқ,
Ўксиб кузатаман, кўнглим тортиб ғаш.
Болаларинг куздек юпун, сарғайган,
Бўшлиққа термилар – мунг тўла кўзлар.
Ота эркалашин туймаган гарчанд,
Қисматдан эмраниб, овозсиз бўзлар.
Қорайган бурчакда қоп-қора мушук,
Юнглари ҳурпайган, тамшанар тили.
Ташландиқ юрагинг уради дук-дук,
Кўз ёшлар селида юзади дилинг.
Севги. Юпатаман сени эркалаб,
Анвойи сўзларим руҳингга таскин.
Хонангга Ой ёғду сочар чарақлаб,
Сўнг эшик ёпаман товушсиз секин.
* * *
Зах тортган хонада ўлтирдим руҳсиз,
Осмон кўз ёшларин тўкди шашқатор.
Сен ҳам сўз очмадинг хатто бир оғиз,
Гарчанд атрофингда кезса-да, баҳор,
Мен эса дардлашдим қиш билан ёлғиз.
* * *
Дунё кенг, бесарҳад, бепоён осмон,
Менга тор осмону Ер юзи,
Ажаб.
Вужудда сирқирар нечукдир бу жон,
Илло сўрамасман кимсадан нажот.
* * *
Мени тушунмадинг, билмадинг сен,
Вужудимда гуриллар олов.
Энди совқотган қўлларинг иситиб ол, гулим.
Мен жимгина ёнингдан кетдим,
Юрагимда йиғлади ўкинч.
Мен сени йўқотдим, қайдасан энди.
Сен кеча бормидинг, бугун йўқсан-ку,
Наҳотки, қишдаги дарахтдек карахтман,
Мен ўзимни тергайман, ўзим.
Бир сўз айтдинг – ўзинг эшитмай,
Менинг қулоғимда гулдиради момоқалдироқ.
Оппоқ дунёимни қоплади чипор булутлар…
* * *
Куппа-кундуз ўзимни адаштирдим мен,
Йўлим чалкаш.
Олдинда ҳадикли кўча.
Кипригимга қўнмоқда юлдузсиз кеча.
Ҳайқираман овозсиз, ким бор?
Ким бор?..
Чирмашаман
Ўз товушимга ўзим.
* * *
Муздай қўнғироқни босаман ёниб,
Остонада яланғоч хаёл.
Сен қайдасан,
Эй, олтин соч аёл?..
Сени излар соғинч тўла кўзларим.
Пайдо бўлар қаршимда суврат,
Энгил-боши чайналган унинг.
Афсус,
Ёлғиз эмас у,
Ёнида дилдирар икки қоракўз.
Орага чўкади сукунат,
Ажабланмас кўпни кўрган бу Дунё.
Ичкарига етаклар Севги.
* * *
Гулга қўнган капалакдек
Нигоҳимиз тўқнашди.
Кулдинг ой шуъласидек майин,
Жарангги юрак чиннисига урилди бўрондай,
Мен сукунат уммонида
Қулочни кенг отолмай,
Тўлқинлар қаърида қалқидим, суздим узоқ,
Эй, нотаниш соҳибжамол!
* * *
Эски зовурларда қамишлар шовиллар куйдай,
Уватларда тутлар қулоч ёзар эрк қўшиғин куйлай.
Зотан,
Момо далаларнинг жигарбанди шулар.
* * *
Кундуз куни…
Ит ҳурар бетин.
Боравердим
Унга қасдма-қасд.
Қадамларим тоғ каби вазмин
Йўл юришдан толмадим бир пас.
Тинган селдай –
Ит тинди ҳорғин.
Мен юракдек
Тинмадим бехос.
Манзил ойдек
Кўринар ёрқин.