Тошпўлат Аҳмад 1942 йил 13 декабрда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган (1964). Турли йилларда Самарқанд вилоят газетаси адабий ходими, “Бухоро ҳақиқати” вилоят газетаси адабий ходими, таржимони, бўлим мудири, Бош муҳаррири бўлиб ишлаган.
У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” (1990), “Меҳнат шуҳрати” (1998), “Эл-юрт ҳурмати” (2007) орденлари соҳиби.
ИШҚНИ АСРА
Кимнинг элда ҳурмати бор,
Йўлларида ёғмайди қор,
Унга мангу ҳамроҳ баҳор,
Бундайларга дарвозанг оч,
Қадамига дил меҳринг соч.
Субутсизда ор бўлмайди,
Ғаним асло ёр бўлмайди,
Мард ҳеч қачон хор бўлмайди,
Берсанг нонинг мардга бергин,
Ҳатто жонинг мардга бергин.
Ишқ соф эрса тумор ўша,
Қалбда нақшу нигор ўша,
Минор ўша, чинор ўша,
Ишқни асра, ҳеч чўкмайсан,
Кўзларингдан ёш тўкмайсан.
Ошкор этма дардинг бўлса,
Яшнат юпун гули сўлса,
Юрт йиғламас хоин ўлса,
Дарди борга дармон бўлгин,
Сотқинлардан ҳазар қилгин.
Элим десанг, эл гул тутар,
Узоқ кетсанг, йўлинг кутар,
Гар гадосан подшоҳ этар,
Унай десанг элим деб ун,
Сўнай десанг, элим деб сўн…
ЮРАК БИЛАН МУЛОҚОТ
Бугун уйда иккимиз қолдик,
Боқсам, бироз ҳорибсан чоғи.
Кўринасан бир оқсоқолдек,
Кўзларингда йилларнинг доғи…
Бешикдан то шу кунга қадар
Ҳамроҳ бўлиб келдинг, минг раҳмат.
Сен борсанки, кечам мунаввар,
Туюлади ташвиш ҳам роҳат.
Дунёларнинг кўрдим қанчасин,
Самоларда учдим оққушдай.
Ўтиб кетди барча-барчаси,
Эслагайман уларни тушдай.
Англаганим шулки, юракжон,
Бағрикенглик бир жаҳон экан.
Тирик юрса гар ота-онанг,
Бошинг узра соябон экан.
Ҳалолликка асло етмаскан,
Очуннинг на зари, бойлиги.
Яхшилик ҳеч ўчиб кетмаскан
Ва бировнинг ҳотамтойлиги…
Тўлиб-тошиб турса рўзғоринг,
Бисёр бўлса фарзанд, неваранг.
Сўроқласа дўст-жўраларинг,
Омон бўлса ёринг-маҳраминг.
Шу экандир омадинг, бахтинг,
Шу экандир беқиёс савлат.
Шу экандир олтин, зар тахтинг,
Шу экандир туганмас давлат.
Бугун уйда танҳо эмасмиз,
Эй, юракжон, беиз кетмасмиз…
МЕҲР ДАРАХТИМ
Мен ниҳол ўтказдим энтикиб, титраб,
Қўқонда – «Шоирлар хиёбони»да.
Наздимда, буюклар турарди қараб,
Кетмон чопиб турган мен — меҳмонига.
Илғадим, бу боғда юргайдир учиб,
Устозлар шод руҳи мисли каптардек.
Улар кўзи, покни юргайдир қучиб…
Эй, юрак, саҳфанг оч тоза дафтардек.
Сўнгра ёз шундоқ деб ҳар вароғига,
Ки ҳалол сўзу соз асло ўлмагай.
Эккан ниҳолим ҳам бир япроғига
Дард тегмас, яшнагай — асло сўлмагай.
Мен уни ўтқаздим қўшиб қалб қўрим,
Меҳр дарахтиму, соғинч дарахтим.
У ўсиб, ҳар куни Аҳмадийман деб,
Устозларга салом берса — шу бахтим!
МУНОЖОТ
Улфати чор бўлиб суҳбат
Қураркансан қилиб роҳат.
Само бағрин тирнаб шу он
Юлдузнинг учгани ёмон.
Қўлинг ошга етар чоғда,
Тақдир гуллар тутар чоғда.
Жисму жонинг ўртаб фиғон,
Омаднинг қочгани ёмон.
Дарё кечсанг сузиб-сузиб,
Тўлқинларнинг авжин бузиб,
Соҳилга етганинг замон
Гирдобнинг қучгани ёмон.
Бегонани дўст фаҳмлаб,
Дарди дилинг қўйсанг гуллаб.
У бошинг хам бўлсин дебон,
Сирингни сочгани ёмон.
Номардга дуч келишдан қоч,
Унга ҳамдард бўлишдан қоч.
У зўр келса сотиб иймон,
Қасамлар ичгани ёмон.
Эй, Аҳмадий боғбонлик қил,
Эл-юртингга посбонлик қил.
Йўқса юрагинг ғам чекиб,
Бемаҳал санчгани ёмон…
МАРВАРИД ТОМЧИЛАР
Бир кафт тупроқ олсам, нами бор экан,
Демакки, кўнглимнинг ғами бор экан.
Воажаб, шўрми деб унга лаб боссам,
Онам ёпган ноннинг таъми бор экан.
* * *
Заминнинг, осмоннинг кўзи бор,
Имоннинг, виждоннинг кўзи бор.
Ҳаётда мард бўлиб яшай олмасанг,
Элингни номард, деб айтар сўзи бор.
* * *
Элим, сен, интизор фарзандидурсан,
Минг йиллик эътиқод дилбандидурсан.
Ҳар кимга буюрсин фидолик фарзи:
Боймисан, қашшоқми – арзандадурсан.
* * *
Бир кафт тупроқ олсам, нами бор экан,
Демакки, кўнглимнинг ғами бор экан.
Воажаб, шўрми деб, унга лаб боссам,
Онам ёпган ноннинг таъми бор экан.
* * *
Сунбула сувида хаёлни покланг,
Шаффоф назар билан ҳилолни покланг.
Агарчи, дунёнинг озори бисёр,
Уни кўп ўйламанг иқболни покланг.
* * *
Заминнинг, осмоннинг кўзи бор,
Имоннинг, виждоннинг кўзи бор.
Ҳаётда мард бўлиб яшай олмасанг,
Элингнинг номард, деб, айтар сўзи бор.
* * *
Ҳей, машаққат, умринг бунчалар узун,
Аср ошган чолдай яшайсан узоқ?
Ҳей, ором, не сабаб қисқадир ёшинг,
Янграйсан бир лаҳза… мисли қўнғироқ?
* * *
Бегона юрт, асло, юртинг бўлолмас,
Гарчи, сени қучиб, очса-да қулоч.
Ахир, ким кўрибди, ким эшитибди,
Таянч бўлолганин нураган оғоч?
* * *
Мендан кўп узоқлашма, дўсти ғарибим,
Нафасимдек азиз бўл, токи тик юрай.
Билсанг, олисдагини тез унутгайлар,
Кел, кўзим бўл, оламни сен бўлиб кўрай.
* * *
Табассум қил, табассум, эй дўст,
Чин табассум қулфларни очгай.
Табассумсиз кимсанинг ҳатто,
Дўконидан диёнат қочгай…
* * *
Нодонлар даврасига тушсанг, мабодо,
Бошингдан тўксалар-да этак-этак зар.
Тилингга бермагин эрк, нафасингни тий,
Чин сукут – ажиб чечак, бебаҳо гавҳар.
* * *
Меҳрнинг кўнглига дарича очсанг,
Оқибат ўргилиб, сенга тутар гул.
Қуюнлар қўзғатиб, гар уни ёпсанг,
Оқибат буралиб, сенга сепар кул.
* * *
Сув бўйида ўсган мажнунтолман,
Ошиқлар тилида куйман – иқболман.
Ҳеч ким қуритолмас шаъним-шукуҳим,
Чунки, мен вазнсиз, ширин хаёлман.
* * *
Кўнглингда гар бўлса нури ҳидоят,
Хартангга1 симобдай келгин тозариб.
Бунда гул, майсалар ўқийди оят,
Уларни симирсанг, қайтгунг яшариб.
* * *
Бухоро!
Сен умрим яшил чечаги,
Қонимни жон этган суврату сийрат.
Шуурим, ғурурим – қалбим тиргаги,
Кўзларимда ёнган чашмаи ҳайрат.
* * *
Дўстни дўст сотганда, виждон йиғлайди,
Дўстни дўст отганда, иймон йиғлайди.
Эл-юртин ким сотса, қабрдан туриб,
Фитрату Қодирий, Чўлпон йиғлайди.
* * *
Капалакнинг кўзида гуллар гуллайди,
Қулунлар тик оёқда тунлар ухлайди.
Бу дунёда нима кўп? Сир-синоат кўп,
Чақалоқ беланмаса, бешик йиғлайди.
* * *
Гулоб ичмоқ эсанг, Яссавийни ўқи,
Ғамдан қочмоқ эсанг, Яссавийни ўқи.
Жонингга жон қадар оқин, туркона –
Сўзни қучмоқ эсанг, Яссавийни ўқи.
* * *
Ҳаётнинг паст-баланд ўнгу сўли бор,
Тақдирнинг тақдирга улаш йўли бор.
Кимки тож айласа меҳрни бошга,
Уни қўллагувчи оллоҳ қўли бор.
* * *
Иймон тоғини эй, сен, буза олмайсан,
Лоқайддирсан, мавжларда суза олмайсан.
Уриниб-чиранганинг бари бефойда,
Сувнинг сатҳига сурат чиза олмайсан.
* * *
Чекинма бўрондан, ҳоври сўнгайдир,
Боғларга боз биллур шабнам қўнгайдир.
Аё, дўст, тоқат қил, сабрга суян,
Бардошли дарахтда олтин унгайдир.
* * *
Юракни тўсмангиз эътиқод ҳақи,
Тилакни тўсмангиз садоқат ҳақи.
Юракда, тилакда ишқ-вулқон, ахир,
Тошни ҳам тешгайдир муҳаббат ўқи.
* * *
Кийикнинг ортидан чопган кимсага
Писандмас тоғларнинг харсангги, тоши.
Югурсанг иқболнинг ортидан, ўғлон,
Бир кун юз очгайдир бахтнинг қуёши.