Момохол Элмуродова 1949 йилда туғилган. 1970 йилда Наманган Давлат педагогика олийгоҳининг филология факультетини тугатган. “Қалдирғоч”, “Аёл муҳаббати”, “Юракка санчилган игналар”, “Орзуларнинг узун йўли”, “Онамга ёзилмаган мактублар” каби шеърий тўпламлари чоп этилган. Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси.
КЎНГИЛ МУЛКИ
Кўнгил мулкин бойликлари кўп:
На ўлчов бор, на чек-чегара.
Хазинангни турар тўлдириб
Туйғу деган ёмбилар сара.
Бу мулк Қорун давлатидан кўп,
Шоҳ Сулаймон сийму заридан.
Қолсанг ҳам гар кўнгилга қул бўп,
Бадавлатсан, бойсан баридан.
Ер, сув, осмон – борлиқ сеники,
Энг бебаҳо гавҳаринг – Ватан.
Қалб қатингдан жой олган неки,
Сеникидир, фақат сенга тан.
Қалб кишваринг безаб туради,
Севги – нурли, иболи зийнат.
Яна тенгсиз, нодир туйғу бу –
Оналикдай буюк муҳаббат.
Мулкинг – ўтмиш, тарих – мозий ҳам
Қадр деган обидалар бор.
Фахр, ғурур ҳислари мудом,
Кўнглинг ичра жаранглаган тор.
Боқий шахслар, нурли сиймолар
Хазинангнинг жавҳарларидир
Ва улардан ўрганганларинг
Етти иқлим божига арзир.
Хаёлотинг юлдузлар қадар,
Гар тафаккур: сирдош, йўлдошинг.
Икки дунёнг ёритиб турар,
Иймон деган сўнмас қуёшинг.
Ҳеч ким сендан ололмас тортиб,
Лашкар тортиб келсалар ҳамки.
Сарф этсанг-да, боради ортиб,
Ноёб бойлик – бу кўнгил мулки.
ҚИШЛОҚДА ЁЗ
Боғларда ғарқ пишса: олма, нок, узум,
Қўл чўзсанг чакиллаб томгайдир шарбат.
Шунда кўзларига ишонмай бир зум
Ҳайратдан ёқасин ушлаб қолар вақт.
Кечқурун супага сувлар сепилиб,
Ифорин таратса ялпиз, райҳонлар.
Момосин бағрига дувва тўкилиб,
Эртак тинглашади тойчоқ полвонлар.
Само бахмалида олтин юлдузлар
Орзу оламига чорлар меҳр-ла.
Ой эса севгидан афсона сўзлар,
Оқ, майин упасин сепиб, сеҳрлаб.
Лайли тун ўтади ёқимли тушдай,
Хўрозлар чалади тонг қўнғироғин.
Турмушнинг ташвиши, иши турар шай,
Яна шан бир ҳаёт очар қучоғин.
Тонглар кароматли ё назаркарда,
Ғунча гул бўлай деб чокин сўкади.
Қандай ҳикмат бордир бу саҳарларда,
Янтоқлар ялтираб шакар тўкади.
Қисқа тун совғаси – ширин бир мудроқ,
Сояси липиллар хумор кўзларда.
Осмон кўтаради оловранг байроқ,
Қуёш энг тиккага келган кезларда.
Шалоплаб сузишар гавжум анҳорда
Қармоққа илинмас – бола – балиқлар.
Кеча каллакланган манов тутзорда
Ҳаёт қўшиғини куйлар ариқлар.
Роса тўлишган, ҳув, ёнғоқ сояси,
Бағрида яйрайди қиз-жувон хушҳол.
Бошида дунёнинг сиру савдоси,
Четда газет ўқир кузойнакли чол.
Мен сени шу чолга ўхшатаман вақт,
Асру лаҳзаларни кузатасан жим.
Ҳаёт тошёнғоғин чаққан донишманд,
Сен ўзинг ҳакамсан, сен ўзинг ҳоким.
СИРЛИ ХАТ
Энди сен ўтмишдан озод бир банда,
Фақат хотирага мангу боғлиқ қул.
Андрей Дементьев
Тупроқ мисол йиллар қатига
Ёшлигимни абадий кўмдим.
Сирларимни кўнгил хатига
Изҳор этиб, яшириб қўйдим.
Яширинча ўқисам ҳар гал,
Хотиралар сеҳри этар банд.
Таниш, азиз ҳарфлар зарҳал
Ял-ял ёниб, уйғотар ҳайрат.
Шабнам мисол тоза, беғубор
Кўзим жим-жим ёшларга тўлар.
Тонг юлдузин шуълаларидай
Кўнгил уйин этар мунаввар.
Қўл узатсам етмайди, олис,
Ҳув, қизалоқ бунча содда, гўл?
Туйғулари покиза, холис,
Фақат соҳир орзулари мўл.
Ва бугуннинг кўзи-ла боқсам,
Тажрибасиз, тортинчоқ дўлвор.
Лекин жуда ҳақиқатсевар,
Ажиб гўзал нафосати бор.
Қулоғидан бураб қўйишни
Жуда-жуда истаб қоламан.
Гўллигидан ловуллаб юзим,
Кўзларимни юмиб оламан.
Ёндирмоққа етмайди журъат,
Йўқотмоқни истаган чоғим.
Оҳанграбо мисоли бу хат
Тортаверар доим нигоҳим.
Нурли-нурли тиниқ ҳисларнинг
Тутиб қолар гоҳо хумори.
Асрар мени нохуш ислардан
Ёшлигимнинг азиз тумори.