Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889.6.3, Қўқон — 1929.18.8, Фарғона вилояти Шоҳимардон қишлоғи) — шоир, ёзувчи, педагог, театр арбоби. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1926). Солкашон маҳалласидаги эски мактаб ва мадрасада (1896—1906), кейин қисқа муддат Наманган мадрасасида (1908) таҳсил кўрган. 1909 йилда Когонда матбаада ишлаган. Сўнгра Тошкентга келиб, усули жадид мактабларининг ўқув дастури билан танишган ва шундай мактабларни дастлаб Қашқардарвоза маҳалласида (1910), кейин Қўқон шаҳрининг Ҳожибек гузарида (1911) ва Марғилонда (1914) очган. Ҳамза кейинги ҳаёти ва фаолияти давомида қисқа муддат Қўқондаги рус-тузем мактабида ўқитувчи, «Шўрои ислом» ташкилотининг озуқа шўъбасида мирза, «Кенгаш» ва «Ҳуррият» журналларида муҳаррир (1917), Фарғона вилояти маданий-маориф бўлимида ходим (1918), Туркистон фронти сиёсий бошқармаси ихтиёридаги Ўлка мусулмон сиёсий труппасида режиссёр (1919), «Дор уш-шафақа» мактабида мудир (1920), Бухоро вилояти маориф ва ҳарбий тарғибот-ташвиқот шўъбаси қошидаги театр труппасида раҳбар (1921), Хоразм вилоятидаги касаба союзларининг маданий-маърифий муассасаларида мудир (1921—24), Фарғона маориф қўмитаси қарамоғидаги онг-билим шўъбасида мудир ўринбосари (1924) сингари турли лавозимларда хизмат қилган. 1926 йилдан эркин ижод билан шуғулланган. Аммо раҳбар идораларнинг топшириғи билан 1928 йил августдан Шоҳимардонда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борган ва сўнгги сафари чоғида ҳалок бўлган.
Ҳамзанинг адабий ижоди 1905—06 йилларда бошланган. Ҳамза 1908 йил қўшни ўлкаларда нашр этилган илғор газеталар ва улардаги тараққийпарварлик ғоялари билан танишган. Маърифатли кишилар таъсирида «миллий шеърлар» ёза бошлаган. Ҳамза шу йили «эски подшолар турмушидан» олинган «Ҳақиқат кимда?» деган «роман» ҳам ёзган (бу асар ўша вақтдаёқ йўқолган). Ҳамза 1905 йилдан мумтоз шоирларга эргашган ҳолда ғазаллар ёза бошлаган. 1914 йилда тартиб берилган қўлёзма девонига шоирнинг 1905—14 йилларда «Ниҳоний» тахаллуси билан ёзган 214 та шеъри киритилган.
1908—10 йилларда Ҳамза адабий ва ижтимоий фаолиятини жадидчилик ҳаракати билан узвий боғлаган. Ҳамза янги усулдаги мактаблар очиш ва бу мактаблар учун янги типдаги ўқув қўлланмалари яратиш йўли билан халқни маърифатлаштириш мақсадида Қўқон ва Марғилонда очган мактаб ўқувчилари учун «Енгил адабиёт», «Ўқиш китоби» (1914) ва «Қироат китоби» (1915) ўқув қўлланмаларини тайёрлаган.
Ҳамза катта ёшдаги кишилар учун «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси» умумий номи остида «гул» тўпламларини эълон қилган (1915—19). Ҳамза мазкур мажмуалари (8 бўлимдан иборат) билан ўзбек шеъриятига янги мазмун ва янги ғоялар олиб кирган ва, айниқса, жадид адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган.
Ҳамза ижодининг мазкур 2-даврида наср ва драматургия соҳасида ҳам жиддий изланишлар олиб борган. Унинг «Янги саодат» (1914, нашри — 1915) асари айрим олимлар томонидан ўзбек адабиётидаги роман жанрининг илк намунаси сифатида талқин қилиниб келинган. Лекин бу асар аслида маърифатпарварлик ғоялари билан суғорилган қисса бўлиб, унда камбағал йигит (Олимжон)нинг илм туфайли оилавий бахт-саодатга эришганлиги маҳорат билан тасвир этилган.
Ҳамза 1914-16 йилларда «Ўч» (1914), «Заҳарли ҳаёт ёхуд Ишқ қурбонлари» (1915), «Илм ҳидояти», «Мулла Нормуҳаммад домланинг куфр хатоси», «Очлик қурбонлари» (1916), «Мухторият ёки автономия» (1917) сингари кичик саҳна асарларини ёзган.
Ҳамза совет мафкураси ҳукмронлик қилган даврда «ўзбек совет адабиёти»нинг, театрининг асосчиси сифатида кўкка кўтарилган. Ҳамза номи билан боғланиб келинган Ўлка сайёр драма труппаси аслида Скобил (Фарғона) сайёр труппаси деб аталиб, унга Ғафур Мусахонов раҳбар бўлган. Ҳамза шу труппада драматург, режиссёр ва суфлёр бўлиб хизмат қилган. Шу вақтда у «Ким тўғри?», «Туҳматчилар жазоси», «Бой ила хизматчи», «Ишчилар ҳаётидан» (1918), «Лошмон фожиаси» (1916—18, 3 бўлимли), «Фарғона фожиаси» (1918—20, 4 бўлимли), «Қизил қон ичида ёш гўдаклар», «Маҳбус тўранинг ҳоли» (1919) сингари пьесаларни ёзган (бу асарларнинг аксари бизгача етиб келмаган). Агар Ҳамза «Заҳарли ҳаёт» драмасида шу даврдаги томошабин дидини инобатга олиб, ҳатто фожиали ҳолатлар тасвирида ҳам мелодрама ва сентиментализмдан кенг фойдаланган бўлса, «Туҳматчилар жазоси», айниқса, «Бой ила хизматчи» сингари пьесаларида реализм томон яқинлашган. Аммо Ҳамза кўп ўтмай, тарғибот ва ташвиқот йўналишидаги «Пастки шўролар сайлови муносабати ила ёзилғон Чўпчарлар», «Пастки шўролар тузмасида сайловға киролмаган бир эшон ўпкасига жавобан», «Бурунги сайловлар» (1926) сингари пьеса ва инсценировкаларни ёзишга катта эътибор берган. Ҳатто Совет давлатининг жаҳон инқилоби тўғрисидаги сохта ғоясига ишониб, «Жаҳон сармоясининг энг охирги кунлари» (1927) пьесасини ёзган. Ҳамза шу даврда жадидчилик ғоялари ва жадид адабиёти мезонларидан узоқлашгани сайин аввал эришган бадиият марраларини ҳам бой бера бошлаган. Бироқ 1926 йили Ҳамза ўзбек драматургиясида муайян из қолдирган 2 асар: «Майсаранинг иши» комедияси ва «Паранжи сирларидан бир лавҳа ёки Яллачилар иши» драмасини яратган.
Синфийлик ва партиявийлик адабий асарнинг қимматини белгиловчи асосий мезон ҳисобланган даврларда Ҳамзанинг «Бой ила хизматчи» пьесаси бутунлай қайта ёзиб чиқилган. Социалистик реализм методи талаблари асосида «қайта тикланган» бу асар узоқ йиллар давомида Ҳамза драматургиясининг юксак намунаси сифатида тақдим этилиб келинган.
Ҳамза ҳақида достон (Ойбек асари, 1948), роман (К.Яшин асари, 1989), театр спектакли (К.Яшин ва А. Умарий асари, 1941), кинофильм (сценарий муаллифлари К.Яшин ва С.Муҳамедов, режиссёр З.Собитов, 1960), 16 серияли бадиий фильм (сценарий муаллифлари К.Яшин, Б.Привалов ва Ш.Аббосов, режиссёр Ш.Аббосов, 1975—84) ва ҳужжатли фильм (сценарий муаллифи Л.Қаюмов, режиссёр Н.Отауллаева, 1960) лар яратилган. Тошкент ва Қўқон шаҳарлари ҳамда Фарғона водийсидаги театр, мактаб, кўча ва ширкат хўжаликларига, Тошкент шаҳридаги метро станциясига шоир номи берилган.
Наим Каримов
БИР КЕЛУБ КЕТСУН
Сабо арзимни еткур, моҳитобон бир келуб кетсун,
Тамоми ҳусн элининг шоҳи-султон, бир келуб кетсун.
Тутарга бир дами суҳбат асиру нотовон бирлан,
Дариғ тутмай нигорим бўлса имкон, бир келуб кетсун.
Неча кундан бери кўрсатмайин васлин соғинтурди,
Тараҳҳум айласун ул шўхи жонон, бир келуб кетсун…
Қафас ичра всирам андалибдек доғи ҳажридан,
Агар бир марҳамат қилса гулистон, бир келуб кетсун.
Ва ё қилмоқ эса қурбон бу зулму кори боридан,
Олиб қўлига ханжар марди майдон, бир келуб кетсун.
Фироқи фирқатидан етди бошим бистари ғамга,
Кўрарга ул ҳакими кобилистон бир келуб кетсун.
Кетуб тандан мадорим, гул юзим чун заъфарон ўлди,
Дилимни қуввати, дардимга дармон, бир келуб кетсун.
Агарчи мандан ўтган бўлса ҳар саҳву хато дилдор,
Кечурсин, товба қилдим, юз пушаймон бир келуб кетсун.
Ниҳонийга неча аҳду вафолар боғлаган эрди,
Дегил кўп қилмасун аҳдини ёлғон бир келуб кетсун.
1908 йил.
ЎРГУЛСУН ҚУЛИНГ
Қай куни кўрдимки ман дийдор, ўргулсин қулинг,
Ул замон ўлдум асир афгор ўргулсун қулинг.
Оҳ уриб кетдим ўзимдан қолмади сабру қарор,
Ашки селобим эрур анҳор, ўргулсун қулинг.
Мунча ҳам золим экансан, қайрилуб бир боқмадинг,
Термулиб қолдим йўлингда зор, ўргулсун қулинг.
Мен ўзимча бўлмадим, жоно гирифторинг сани,
Бор экан хилқатда бу асрор, ўлгулсун қулинг.
Раҳм қил, инсоф қил, андак худодан шарм қил,
Берма кўп бечорага озор, ўргулсун қулинг,
Барчага бу ишқ савдоси баробар муғбача,
Қилмагил бечоралардан ор, ўргулсун қулинг…
Найласун ёзмай Ниҳон дардинг, ўзинг бир кўрмаса,
Лйласа арзи дилии изҳор, ўргулсун қулинг.
1911 йил.
БУ ФАЛАК
Бу фалак чархини ости бир қизиқ бозор экан,
Ҳар касинг сармояи ғам қўлида тайёр экан.
Лек арзондир машаққат, роҳатин нақди баланд,
Шунчалик айби ҳукмдори ажал маккор экан.
Бегимиз ўлсин тавозеъ пеша бўлса кофидир,
Ҳар эшик очиқ анга давлат эли дилдор экан,
Чашми хўп, боши нигун ҳар бир ҳақиқат ошиқи,
Кўҳна пўш ўлса аёқ остида хасдан хор экан.
Жисми сидқим ҳавзи ҳақлик ичра ботмоз билмадим,
Жоми ҳавзу сувдаму қайсида бир сир бор экан.
Тушса ҳар шайга муҳаббат гарчи ўлсун нописанд,
Толибини наздида гавҳарча қадри бор экан.
Дарди сирринг лоақал қилма вужудингга аён,
Ўз вужудингдан чиқон душман иши душвор экан.
Ҳар хирад аҳлини сўзи бир муаммо гўйё,
Дониш аҳлин пандини рад айламоқ бекор экан…
1911 йил.
АЙРИЛМАСУН
Ҳеч ким мендек илоҳи, ёридан айрилмасун,
Муниси ғамхор ўшал дилдоридан айрилмасун.
Орзусига етолмай, топмасин умри хазон,
Мисли булбул вақт ўтуб, гулзоридан айрилмасун.
Меҳр қўйганда кимарса бўлмасун ҳеч бенасиб,
Товуси боғи чаман рафторидан айрилмасун.
Чуғз янглиғ хонавайрон ўлмасун мандек киши,
Чок ўлуб бағри садафдек боридан айрилмасун.
Тири сайёди ажалдан сийнаси мажруҳ ўлуб,
Оҳуйи мушки Хўтан тоторидан айрилмасун.
Айрилуб тан роҳати кўз уйқусида ҳам яна,
Дилбари жони ширин гуфторидан айрилмасун.
Дод дерман термулуб, кўкка боқуб, йўқдур илож,
Душманинг ҳам бир гули рухсоридан айрилмасун.
Борму бир марди худо сийнамга урса ханжари,
То Ниҳон ул раҳмати асроридан айрилмасун.
1911 йил.
АРЗИМНИ АЙТАЙ
Арзимни айтай боди сабога,
Еткур саломим гулгун қабога.
Кўрдум юзингни кетдим ўзимдин,
Тушдим ўшал дам доми қазога.
Оҳим эшутуб тоқат тутолмай,
Тушти малаклар рақси самога.
Ҳажрида йиғлаб бағрим эзилди,
Боқмайди бир йўл ман бенавога.
Аввалда ўтди шумлуқ ўзимдин,
Дедим асиринг қолдим балога.
Бир кўигли қаттиқ золим экансан,
Парвоси йўқдур оҳу навога.
Ушшоқ элини қонини тўкмоқ,
Одат бўлубдур ул бевафога.
Киргай рақибни сўзига доим,
Солгай жафолар ман мубталога.
Бечораларга қилмас тараҳҳум,
Базми муяссар ноошинога.
Билмам на қилса, кечса бу жондан,
Етса бўлурму қоши қарога.
Қилдинг Ниҳоний кўп аҳду паймон,
Ҳар ким ёмондур солдик худога.
1911 йил.
СОҒИНУБ
Эй дилбаро, ишқинг била девона бўлдум соғинуб,
Булбул каби тун кечалар гирёна бўлдум соғинуб.
Бир неча кунлардан бери кўрмай висолинг, эй пари,
Турлик бало минг ғам била ҳамхона бўлдум соғинуб.
Ҳеч ким манингдек куймаган ҳажринг ўтига, эй санам,
Танҳо туташдим ман ўзим сўзона бўлдум соғинуб.
Тушди сани деб бошима жабру ситам, ҳадсиз азоб,
Ақлу ҳушимдан оқибат бегона бўлдум соғинуб.
Келгай эдинг, эй маҳлиқо ҳар дамда аҳволим сўраб,
Бир неча кундур келмадинг, ҳайрона бўлдум соғинуб.
Ким деса жононинг келур бу ҳафтанинг охирлари,
Атрофидан минг айлануб, парвона бўлдум соғинуб.
Ташлаб ғариб девонани мунча узоғ этдинг сафар,
То келғуча қоплар ютуб, бирёна бўлдум соғинуб.
Излаб сани ҳар кўчада сандан хабар берса кими,
Эл ичра кўп шарманда ҳам афсона бўлдум соғинуб.
Минг шукрким келдинг бу кун сиҳҳат саломат, шодмен,
Айлай Ниҳоний жон фидо, қурбона бўлдум соғинуб.
1912 йил.
ЭЙ КЎНГИЛ
Эй кўнгил истар эсанг зулмат қулубингга чироғ,
Аҳли дониш суҳбатидан бўлмагил ҳаргиз йироғ.
Қуввати бозу била беҳуда урма наъралар,
Марди майдон гар эсанг нафсингни ўлдур беяроғ.
Асли тоат шул: ўзингдан ўзгапи хушнуд қил,
Муттақимаи деб кишилар багрига солма тароғ.
Матлабииг раҳмат эсл хулқу адабда қоин ул,
То ики дунёда топгил давлати фазлу фароғ.
Йўқ жаҳонда ҳеч кас озор аламдан чекмаган,
Бу Ниҳон, ёраб, петар маҳшарда бўлганда сўроғ,
1913 йил.
МАКТАБ
Эрур илму адаб, фазлу ҳунар осори мактабдан,
Етар ҳар рутбаи олий эса такрор мактабдан.
Ҳама гулшан уза ёмғур ёғуб чун сабзазор этса,
Тараққий гулшани обод ўлур анҳори мактабдан.
Ҳама иззу, шарофат ҳам саодат конидур мактаб,
Етар ики жаҳонда матлабинг зинҳор мактабдан.
Қаю миллатда мактаб ўлмаса бешак хароб ўлгай,
Ҳама миллатда шул-чун гуфтугў бисёр мактабдан.
Ҳама илму маориф ганжини деворидир мактаб,
Ҳама ҳикмат чиқар бу маҳзани асрори мактабдан.
Чиқиб турмакда ҳар кун юз туман асбоб-ашёлар,
Тамоман асли бешак меваи ашжор мактабдан.
Қўшар иисоп қаторига қилуб инсонларни инсон;
Ўқуб илму адаб бўлгай керак ҳушёр мактабдан.
1914 йил.
ТОШБАҚА ВА ЧИЁН
Тошбақа бирла бўлиб ўртоқ чиён,
Аҳд этишиб дўст бўлишиб жонажон.
Бир куни қилмоқчи бўлишди сафар,
Боғлашубон чиқди икови камар.
Йўлда чиён тошбақага лоф уруб,
Дедики: «Боқсам агар ўйлаб туриб,
Манча санга суйгули йўқ меҳрибон,
Сен тану гўё анга мен мисли жон».
Бул арода йўл тушиб анҳорга,
Қолди чиён ҳайрати душворга.
Тошбақа боқиб деди: «Эй ошно?
Нега кўринди юзингда жофа?»
Деди чиён «Сузмоқа йўқ одатим,
Қолмоқа ажраб яна йўқ тоқатим.
Тошбақа деди: «Ема ғам, мин мени,
То кўтариб сувдан ўтарман сени».
Тошбақани минди чиён ётқизиб,
Тошбақа кетди сув ичига сузиб.
Йўлда чиён тошбақадек дўстига
Урди бир-икки нишини пўстига…
Тошбақа билди, деди: «Феъли ёмон,
Не ҳаракатлар қиласан бу замон?»
Деди чиён: «Заҳар солув одатим,
Одатими таркига йўқ тоқатим.
Гарчи турубсан менга хизмат этиб,
Мен соламан заҳрими фурсат топиб.
Тошбақа деди: «Бу на фосид хаёл
Қайт бу ишингдан, бали, нишингни ол.
Дўст дебон, душманнинг қилма ишин!
Ўйла сенам, оқибатинг келмишин!
Деди чиён: «Бўлмаса ўз хоҳишим,
Бошқа насиҳатга мени йўқ ишим.»
Тошбақа ҳам билдики, бўлмас боқиб,
Шўмғиди бир, кетди чиён ҳам оқиб.
Ҳисса: кими ғайрни улфат этар.
Ўз-ўзича бошига кулфат етар.
1914 йил.
ТЎҒРИ СЎЗЛА
Тўғри сўзла, эй ўғул,
Тил бурмағил ёлғонға ҳеч.
Бир масал бор: тўғри сўзлар
Бошини кесмас қилич.
1914 йил.
ОНА
Парча гўшт эрдик туғулган вақтимизда,
Онамизнинг бағри ўлди тахтимизда.
Тутди эмчак ширин уйқудан сўчиб,
Кечалар совуқ бешикларни қучиб.
Икки-уч йил бағри узра кўтариб,
Катта қилди ўзи меҳнатда ҳориб.
Жону дилда асради бизни суюб,
Деди бизни, бошқа орзуни қўюб.
Оғриса бир жойимиз йиғлаб юриб,
Ҳар эшикни кезди дору ахтариб.
Яъни, йўқ бизга анодек меҳрибон,
Синаги қалқон, бош узра соябон.
Бизга ҳам лозим ани шод айласак,
Бизга қилган хизматин ёд айласак.
1914 йил.
РАМАЗОН
Келди айём муборак барча жон дилшоддир,
Руҳлари ҳам ҳар азобу қаҳрдан озоддир.
Рўзаи моҳи шарифинг ҳурматиндан бехилоф,
Осий, ғайри осийга ҳақ раҳмати бунёддир.
Ву саодат кунда йўқдир бизда эҳсон суннати,
Умматидан Аҳмадинг руҳн букун ношоддир.
Ағниёлар ағниё аҳбобига бергай закот,
Амри ҳақ аҳкоми шаръа ўзлари устоддир.
Камбағаллар қичқирурса, дема овози закот,
Бари бой хизматчисин зарбиндан доддир.
Дарбадарлик, беватанлик зарби етмасми анга!
Боз анга дашному таъна ханжари муздоддир.
Оҳ, қилдинг эй жаҳолат, илмсизни оқибат
Парча нонга бошини хам, номуси барбоддир.
Ийд куни барча ясангай турфа алвонлар кийиб,
Осмон, гўё, оёқ остида барафтоддир.
Камбағаллар титрашиб юргай яланғоч изғишиб,
Оҳ,— бу фақирлик, асорат онлари сайёддир.
Дил шикаста, бағри хун кўзида ёши шаш қатор,
Отасиз, бахтсиз етимлар ҳолига фарёддир.
Эй мусулмон, сенга вермиш, анга йўқми қудрати!
Лек андин азмойиш, сендин истибдоддир.
Ўйлама, ўлгунча ҳар ким бу разолатда кетар,
Шоҳлар бир кун гадо, бир кун гадо шаҳзоддир.
Бир етимга тева бўлмоқ шоҳ Аҳмадга надир,
Бир етим дилшоддир, даргоҳи акбар шоддир.
Ҳақ қули бўлсанг ҳақиқат риштасин тутғил мудом,
Зоҳиру ботин ҳақиқат наҳридин ободдир.
Эй Ниҳон, бўйла мусулмонлик ила шармандасен,
Зоҳиринг тақлид-уммат, ботининг ифсоддир.
1914 йил, 10 август.
ЎҚИ!
Кўзимизга кўриниб турган ҳама асбоблар
Ҳеч бири бўлмас эди, гар бўлмаса, зинҳор уқув.
Ер ичида кўмилиб ётган ҳама олтин, кумуш
Юзага чиқди бари боис анга ахбор, ўқув…
Гар дилингда ўйлаган орзуга етмоқ истасанг,
Қиммат умринг қилмагил беҳудага бекор, ўқи!
Қўй ўйин, сайру тамошони, ғанимат ёшлигинг.
Шум феъллардан ўзингии айлагил безор, ўқи!
Эй ўғил, дунёда бўлмоқ истасанг олижаноб,
Ўқиғил мактаб келиб, зинҳор ўқи, минг бор ўқи!
1914 йил.
ИЛМ ИСТА
Ким билурди одаму олам надир, ҳайвон нечик?
Бўлмаса эрди агар инсонда бу осори илм.
Қайси бир мавжуда боқсанг билмоқа кайфиятин
Лозим ўлгай топмақа аввал ўқиб ахбор илм…
Оламнинг хуршиди кундир, одамнинг хуршиди илм,
Оламнинг зулмоти тундир, одамнинг нодори илм.
Ҳар муроду мақсадингга етмоқ истарсан мурод,
Кўз очиб бедор бўл, даркор илм, даркор илм!
Ул ҳақиқат ойинига сайқал истарсан Ниҳон
Илм иста, илм иста, истағил зинҳор илм!
1914 йил.
КИТОБ
Ҳар кўнгилнинг орзуси шул эрур обиҳаёт
Қадрини билган кишига, шубҳасиз, жондир китоб.
Ҳар муроднинг бошидир, ҳар муддаонинг гавҳари,
Ҳар маразларнинг шифоси яъни луқмондир китоб.
Кўзни нури, дил ҳузури, дилларинг дармонидир,
Ҳар қоронғу дилга гўё моҳитобондир китоб.
Ҳар балодан асрағучи энг муҳим қиммат яроғ.
Тири ваҳшат, ханжари зиллатга қалқондир китоб.
Ҳар киши ёшликда қилса озгина ғайрат агар,
Тез замонда ошно бўлмоғи осондир китоб.
1914 йил.