Дилафрўз Худойбердиева 1987 йилнинг 9 апрелида Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент молия институтини тамомлаган. Ҳозирда мазкур институтнинг Магистратурасида таҳсил олиш билан бир қаторда, институт қошида фаолият юритадиган “Молиячи” газетаси ҳамда унинг қошидаги «Ижодкор ёшлар» тўгарагида, шунингдек, қарийб ўн йилдан буён “Тонг юлдузи” газетасида ҳам жамоатчи мухбир сифатида ўзининг долзарб мавзудаги мақола ва шеърлари билан иштирок этиб келмоқда.
ОНАМГА
Ялпизга суялиб ўлиб қоламан…
Муҳаммад ЮСУФ.
Юракда эзилиб ёнар бир олов,
Шўрлик қалб ичра зўр оғриқ кезади.
Ким билсин, бу бошга яна не синов?
Дил қалтис ҳаприқиб недир сезади.
Ажаб, қай манзиллар кутар экан-а,
Пойма-пой қадамлар чалкашди йўлдан.
Кипригимга қўниб битта учқуни,
Армонлар қўл силкиб қолар ортимдан.
Онажон қошимда қолинг бир нафас,
Сочларимдан силиб эркаланг бир зум.
Овлоқ манзилларда, хилватлардамас,
Сизнинг бағрингизда ўлиб қолсайдим.
Сиз сира ранжиманг мен – телбангиздан,
Шодон чеҳрангизда табассум кулсин.
Худди бугунгидек яноғингизда
Райҳон ифорлари барқ уриб турсин.
Қайгадир қадалиб нигоҳлар бетин,
Ҳар он бесаранжом йўлим пойламанг.
Сиз минг йил яшайсиз,
Бир куни ўзим
Сизнинг бағрингизда ўлиб қоламан.
ЛАТИФ КУН
Кўнгил тарновидан чаккиллаб томиб,
Оппоқ қор эрийди ёш тўкиб маҳзун.
Қуёш нурларидан тароват олиб,
Уфқда қулочин ёзар латиф кун.
Баҳор гулларига ўралар дунё,
Сўлғин гиёҳларда уйғонар сезим.
Шундай шодумонлик руҳида гўё,
Тонг ҳам сукут ила айламиш таъзим.
Бахтнинг ибтидоси кўринар тайин,
Ўшал тонг эриниб отган чоғларда.
Жийда гулларининг ифори майин,
Таралар саҳарда – чаман-боғларда.
Зарғалдоқ хониши дилларга ёқар,
Ҳатто хазонларда бор ажиб чирой.
Кўрксиз кўзтиканнинг иси муаттар,
Куннинг рухсорини безар ҳойнаҳой.
Қуёшнинг ҳар томчи зиёси латиф,
Тонгда жилваланган сабоси латиф.
Оллоҳ туҳфа этган латиф кунларда,
Сайраган булбуллар навоси латиф.
МЕНГА БАҲОР НИМА
Менга баҳор нима?
Сарғайган хазон.
Дилда бир чечакнинг гарди сезилмас.
Минг такрор шом келсин, минг қайта азон,
Сабоҳ лутфининг-да қадри сезилмас.
Менга баҳор нима, оддий тўқсон кун,
Гоҳо аср қадар туюлар чексиз.
Ҳар дами яратса ўзгача фусун,
Тўқсон сонияча келарми Сизсиз.
Менга баҳор нима, ҳиссиз тароват,
Бир эрка шукуҳни туймайман ҳечам.
Мен кимман – баҳорга бегона хилқат,
Лек Сиз-ча баҳорни суймайман ҳечам.
Менда бир ҳазинлик ё пича армон,
Мен Сизни баҳордан қизғондим, нечун?
Бир қушча эрки-ла учаман, чунон,
Рашкимни ҳаммадан яширмоқ учун.
Менга баҳор нечук, асло такмилмас,
Сизсиз тўрт фаслнинг ҳар дами кузак.
Менга баҳор, балки энг оддий ҳавас,
Сизни шу баҳордан қизғонсам керак.
Менга баҳор нима,
Оний тахайюл….
АЁЛГА ДУНЁНИ АЙЛАГИН ҲАДЯ
Аёлга дунёни берсанг арзийди,
Бошига кўтариб яшайди аёл.
Тунлари фалакда Ойдек балқийди,
Қуёшдек товланиб, яшнайди аёл.
Орази шафоат нурига тўлиқ,
Қошингга қор бўлиб қўнмоққа ҳозир.
Шу шўрлик бошига қилич келса ҳам,
Вафоли ёр бўлиб ўлмоққа ҳозир.
Аёлга муҳаббат бергин, шубҳасиз,
Умрбод юракда асраб суяди.
Жисму жонга озор тикан заҳридан,
Куйганда ҳам фақат аёл куяди.
Аёлга дунёни айлагин ҳадя,
Сен учун ҳар лаҳза минг бор ўлар у.
Гар мискин эрсангда, паноҳим дея,
Сени илоҳ билиб сажда қилар у.
ИШҚ ФАЛСАФАСИ
Мендан фалсафани изламоқ бекор,
Ахир кўрмайсизми, мен бир телбаман.
Тангри фалсафага этса гар дучор,
Албат бир парчасин Сизга элтаман.
Ўшангача, майли, қаландар бўлай,
Бир гадо мисоли кезай дунёни.
Яширинг, бир лаҳза Сизга беркинай,
Мени тўзитмасин ишқнинг бўрони.
Мендан фалсафани изламоқ не наф,
Ахир мен нотавон оқ атиргулман.
Сизга беркиндиму, лек қалбингизга,
Мудом йўл тополмай куйган кўнгилман.
Сиз сўрган фалсафа бир ишқдир, балки,
Наздимда фалсафа Сизга шайдолик.
Ўшал ҳисдан унган ёсуман севги,
Мени азобларга элтмоғи аниқ.
_________________________
Фалсафа – бу ерда: ақл, донолик деган маънода
МЕН СИЗНИ СЕВАРДИМ
Мен сизни севардим.
Нурга айланиб,
Осмон юрагимга томгани сайин.
Мағрур нигоҳларга ишқни яшириб,
Мен сизни севардим,
Севар эдим жим.
Мен сизни севардим.
Лек пича ҳадик,
Кезарди хаёлим хиёбонида.
Бўғзимда титрарди ишқим, тақдирнинг,
Мағлуб бўлаёзган имтиҳонида.
Осмон тўла қалбим сайд этдим, аммо,
Нетай,
Хушламабсиз сиз ғариб ишқим,
Гарчи муҳаббатим келса ҳам малол,
Мен сизни севардим,
Севар эдим жим.
Сиз ҳеч севмадингиз.
Зарра ишқни ҳам,
Бешафқат ҳижронга сотдингиз-ку, бас.
Сиз ҳеч сезмадингиз, бевафогинам,
Мен сизни севгандим.
Севгандим, холос…
ЙЎЛЛАР
Йўллар…
Қум тўзғиган адоқсиз йўллар,
Турфа одимларнинг жўшқин жаранги,
Поёнсиз йўлларда барг ёзиб сирлар…
Ажиб отар эди ишқимиз тонги.
Биз кўнгил тубига яширганча, жим
Баргдек ҳаяжон-ла титрардик беун.
Қадрдон йўлларга тўкилиб кўнгил,
Қадамлар ортидан боқарди маҳзун.
Нигоҳлар қадалди,
Изларимизга
тўлди илма-тешик, униққан севги.
Ва сочилиб кетди
Йўлларимизга,
Гина, аразларга кўниккан севги.
Сиз сокин кетдингиз
Юзингиз буриб,
Қолди дудоқларда синиққан калом.
Мен куйган юракнинг қонин оқизиб,
Шундай –
тик турганча берар эдим жон.
Сиз кўкка учдингиз,
Мен ерга сингдим…
Хуллас,
видолашдик,
Кўнгиллар синди.
Бугун ҳасрат ичра алвон уфққа
Шундай ботиб кетди ишқимиз тонги
КЎЗЛАРИНГИЗ…
Сиз бахтмисиз?
Суратингиз ишқдай маъсум.
Манглайида ой порлаган осмонмисиз?
Мен – дайди ел,
Қошингиздан учиб кетгум,
Кўзларингиз….
Нечук ғамгин кўзларингиз?
Ярашмабди, гина нағма сўзингизга,
Қани ўшал таниш кўнгил розларингиз?
Нечук араз, ёвқарашлар юзингизда,
Кўзларингиз….
Тундай ҳорғин кўзларингиз?
Сиз шодликсиз,
Тонг лабида титраб турган,
Кўнгилмисиз –
Cоҳир ҳислар макон қурган,
Кўзларимга боқиб, сокин хаёл сурган
Кўзларингиз….
Нечук ғамгин кўзларингиз?
Сиз ҳижронсиз –
Қўмсаб-қўмсаб дил тўкар ёш,
Айро кетдик,
Балки энди кўришмаймиз.
Ҳануз кўнгил ардоғида ўшал бебош
Кўзларингиз….
Сизнинг қора кўзларингиз.
СИЗ…
Сиз маҳзун нигоҳлар ичра йўқолиб,
Гоҳо киприклардан мўралаган ҳис.
Шундай,
Индамасдан,
Бир зум жим қолиб,
Дунёда бир мени ўйлаганимсиз.
Асов хаёллардай бетўхтов оқиб,
Ғамларни парчалаб,
Ҳасратни ёқиб,
Ҳассос туйғуларни армонга сотиб,
Дийдор ҳасратида йиғлаганимсиз,
Жонимни то абад тиғлаганимсиз.
САДОҚАТ
Сиз яна боқдингиз ийманиб,
Хайрат кўзларимга қўна бошлади.
Оҳиста қўяман жилмайиб,
Хасрат юрагимга тўла бошлади.
Ўксиниб қўяди куюк дил,
Лаҳзада минг пора бўлаверади.
Кўксингизда яккаш суюк дил
Ўртаниб, дод солиб бораверади.
Куламан, чеҳрамда мамнунлик,
Милтирар кўзлар ҳам зўрба-зўр.
Сиз эса…
Умидсиз ишқ шўрлик
Маҳзун ва афтода қолаверади.
Асло оғринмаймиз ишқ ўлимига.
Сиз фарёд урасиз қўққисдан,
Кўксингизни ёрар шум ҳижрон.
Бўғзимда бир нима менинг ҳам,
Тинмасдан қилади ғалаён.
Қайтасиз, ниҳоят қошимга,
Куласиз самимий, мамнундек.
Порлайди кўзлар ҳам шодликдан,
Умид-ла боқади ишқ шўрлик.
Тутасиз қўлимдан,
Бошлайсиз,
Қуёши хеч сўнмас ёқларга.
Жўнаймиз!
Икки дил севгисин ортмоқлаб,
Иккимиз учрашган чоғларга.
Етаклашиб ўтдик етти ҳаёттан,
Аммо хеч биридан топмадик ором.
Эҳ!
Мана армоннинг зўри шу-
Биз яна енгилдик.
Алҳазар!
Нечук бу очунда иккимиз
Бунчалар бўлмасак бахтга зор?
Сочларда зулматтан йўқ зарра,
Биз кекса дарахтдай букулдик.
Синиқ бир товушда йиғлашиб,
Вафо қабри узра йиқилдик.
Биз шундай севдик ва севилдик.
ЎКИНЧ
Олам уммонини лойга булғатиб,
Кўприк солган менми, аччиқ таънадан…
Нигоҳингда ўқтин нафрат уйғотиб,
Нечук қув қарайсан пана-панадан?
Ишонгил, Оролга туз сепиб ногоҳ
Озон қатламини емирганим йўқ.
Зинхор шайтонга сир бериб, баногоҳ
Иймон устунини кемирганим йўқ.
Ниятим пок, мендан ранжимагин хеш,
Мен хам бир онанинг жигарпораси.
Поёнсиз дунёда мисоли дарвеш,
Оллоҳнинг яратган бир бе чораси.
Ишонгил, мен эмас, Қодири Якто
Бир синов акс этган ҳар хилқатида.
Иймонни бир қилиб қалбларда, аммо
Яратган ҳар кимни ўз суратида.
* * *
Кулинг
Дунёларга тўлсин кулгунгиз
Чеҳрангизда ёнсин иқбол офтоби
Бахтиёр бўлинг Сиз,
Омон бўлинг Сиз,
Сиз менинг кўксимда ёнган офтобим.
Кулинг
Бир лаҳзалик дийдор шомида
Бир парча табассум ҳадя этинг Сиз
Шу ғариб кўнглимнинг зўр исёнига
Малҳам бўлмоқ учун келиб кетинг Сиз.
Барқутдек фусункор тонг қучоғида
Ошиқ кўзларимга пинҳон бўлинг Сиз
Сокин оқшомларнинг ибтидосида
Мендек ғариб Моҳга
Осмон бўлинг Сиз
Бахтиёр бўлинг Сиз,
Омон бўлинг Сиз…