Чархий (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳамроалиев Асқарали) (1900.23.2 Қўқон 1979.18.12) Ўзбекистон халқ шоири (1975). Қўқондаги мадрасаларнинг бирида таълим олган. Шy вақтда мумтоз шеърият намояндалари ижоди билан яқиндан танишган ва хаттотлик санъатини ўрганган. Қўқондаги «Қувват» артелида гулабардор (тўқувчилик корхоналарида гула тайёрлаш ёки тандага гула кўтариш иши, касби, (1926-38), Навоийнинг 500 йиллигига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича тузилган қўмитада хаттот (1939), Муқимий уй-музейида илмий ходим (1941), Қўқон шаҳар театрида адабий эмакдош (1942—47), Ғафур Ғулом номидаги вилоят Адабиёт музейида (1950—79) илмий ходим бўлиб ишлаган.
Чархий Ҳофиз, Саъдий, Навоий, Бедил сингари Шарқ мумтоз шоирлари ва Муқимий, Фурқат, Завқий сингари замондошлари ижодидан сабоқ олиш билан бирга Сулаймонқул Рожий ва Мирза Ҳўқандийдан аруз илмини ўрганиб, 1916 йилдан эътиборан ғазаллар ёза бошлаган. Унинг асарлари илк бор 1938—39 йилларда «Янги Фарғона» газетаси ва кейинчалик «Муштум» журналида эълон қилинган. Чархий ўзбек мумтоз адабиёти анъаналарини давом эттириб, ҳам лирик, ҳам ҳажвий шеърият жанрларида ижод қилган. Чархий ижодининг асосий жанрлари ғазал, мухаммас ва маснавийдир. Чархийнинг «Ширин ва аччиқ» (1959) илк шеърий гулдастасидан кейин «Шеърлар» (1966), «Алихўжа-Хўжаали» (1970), «Девон» (1972) ва «Бешигингда ётмайман» (1975) тўпламлари нашр этилган. Шоирнинг кўплаб ғазалларига куй басталаниб, халқ ҳофизлари томонидан ижро этиб келинади.
КЎНГЛИМ ЯҚИН
Кўнгил яқин нигорим, аммо ўзим узоқда,
Келмас кўзимга уйқу ҳар кеча иштиёқда.
Ағёра бўлма мойил, бўлгил сўзимга қойил,
Аҳдингни қилма зойил, ташлаб мени йироқда.
Жон эрди реша-реша, килдинг карамни пеша,
Икки кўзим ҳамиша парвонадек чироқда.
Кўрсат юзингни барно, ҳуснинг қилай тамошо,
Қош ўсма қўйса, аммо соч дардидур тароқда.
Ёримнинг ишвасидан, нозу карашмасидан,
Келмоққа ваъдасидан оғзим бу кун қулоқда.
Чархий мисоли булбул шайдоси бир қизил гул,
Минг марта арзимасму айланса ушбу боғда.
1951 йил.
ГУЛ ДАСТА-ДАСТА
Қаддинг, эй нозанин, гулдаста-даста,
Жамолинг кўргали олам ҳавасда.
Бинафша кокилинг бўйига шайдо,
Санубар қадду шамшодингга баста.
Ярашган қомати зеболарингга
Таралган қора сочинг раста-раста.
Жавоҳирму тишинг ё дурру гавҳар,
Таманнойи лабинг Руму Адасда.
Мени кўнглум сени ёдинг-ла хурсанд,
Рақиб аҳли итобингдин шикаста.
Чаман булбуллари ёдингда сайраб,
Сени деб қолмагай қумри қафасда.
Муҳаббат оташи ҳар кимда бўлмас,
Бўлур Мажнун каби Лайлипарастда.
Қачонким Чархий васлингдан ичиб май,
Эрурман то бу дам масту аластда.
1927 йил.
ИШҚ ДАРГОҲИДА МАҚБУЛ
Бир нафаслик тинч ҳаётим энг улуғ фурсат менга,
Ҳар минут завқи-қувончим, бахт ҳар соат менга.
Ёр сочидек узун тунларда хобим ким десун,
Васл оқшомида кўз юммак эмас роҳат менга.
Ёридан қувланди бўлганлар, менга.келманг яқин,
Ишқ даргоҳида мақбул-дард эли улфат менга.
Фитнадан, олуда ишрат боғидан йўқ ҳосилим,
Боғу роғимдир-тикансиз гул-ширин суҳбат менга,
Жисми жон торожига етганда нафснинг лашкари,
Қудратим қалқони тўсса, етмагай заҳмат менга.
Ҳар нечук нокасга ҳаргиз гарданим хам бўлмагай,
Чунки бу таълимни ўргатган ҳалол меҳнат менга.
Филдимоғ айши-ла хурсандлардин олмасман сабоқ,
Тинчимас меҳнатда ботир-мўр ҳам ибрат менга,
Эл назаргоҳидан айрилмоқ эрур кўп хорлик,
Яхшиларнинг даврасида бўлмоғим-давлат менга.
Чарх гардундан баланддир ҳимматим меърожи ҳам,
Қаҳрамон халқимни шону шуҳрати шуҳрат менга.
МУНОСИБ
Кўнгил ганжасига жон муносиб,
Эрур ҳар жонга бир жонон муносиб.
Ҳаёлим мотами ҳижронда қолмиш,
Нажот истарга сен-султон муносиб.
Хиром этганда зебо қоматига,
Муҳаббат шавқи-ла жавлон муносиб.
Демасман рози дил ифшо этурга,
Кеса бедард, беунвон муносиб.
Талаб этса муродни ошиқ аҳли,
Мурувват аҳлидан эҳсон муносиб.
Кўнгил сандуқида кўпдур ҳаваслар,
Баён айларга бир девон муносиб.
Десалар муниси Чархий бўлурга,
Фасоҳат бобида Даврон муносиб.
ЭЙ ЮЗИ НУР
Эй юзи нур силсилаи офтоб,
Эй кўзи хуммор, лаби шаҳодноб,
Қайси чаман гуллари сендек ҳарир?
Қайси пари сен каби олижаноб?
Неча санамларки юзинг шавқида
Кўрмоқ учун бағри бўлибдир кабоб.
Сўзга кетир лабни табассум билан,
Тортмасин ортиқча дилим изтироб.
Танга етургай янги жон боқишинг,
Ташлама меҳрингга жафодан ҳижоб.
Не десам андин яна сен яхшироқ,
Сенсан умидим ёритур моҳитоб.
Қаҳр ила синдирма кўнгил кўзгусин,
Ўз уйини ҳеч киши қилмас хароб.
Ҳарна дединг арз ила, ул нозанин,
Чархий, саволингга берурми жавоб.
1969 йил.
ЁШЛИК
Эсизки, ёшлик ўтиб, сочларимга тушди қиров,
Йигитлик авжи кетиб кексаликда қолди синов.
Йироқ-йироққа боқиб кўзларим тўюб-тўймай,
Узоқ-узоқ сафарим отига урилди жилов.
Қиморхона ишқ ичра неча йил юрдум,
Кўнгил олур кишига жону дилни тикдим дов.
Ғаюр ирода тифли йўлимда ҳар ағёр,
Куюб ўзин ўтида маҳв бўлди бир неча ёв.
Гаҳи дилимда муҳаббат алангаси тутошиб,
Не сўз демайки, фиғоним тўсолмади ҳеч ғов.
Биров боқиб менга холис силарди пешонам,
Бировга чин сўзим айтсам, тилимга солди ғаров.
Улуғлар олдида одоб билан эдим хомуш,
Биров деди бу на одам, биров деди бу соқов.
Мадад тилаб неча устозларимни хизматида,
Сақол шупурги ва икки қўлим бўлурди косов,
Ҳаёт нашъасининг лаззати шу деб билдим,
Ямон соғинмаса, жабр этмаса бировгв биров.
Бу бир фасона, деманг, сўзларимни, фарзандлар
Ғурури нафс ила солманг ширин умрга эгов.
Ҳамиша хуш, бу дамингдур ғанимат, эй Чархий,
Масалки, кексалик иллат, йигитлик умри олов.
ИСТАСАНГ
Иста дўстингнинг ризосин, чин қадрдон истасанг,
Жонни ол, ранжитма жонни, меҳрибон жон истасанг.
Ранжиган кўнгил биноси қайта бунёд бўлмагай,
Хору ҳасдан тоза қил, покиза бўстон истасанг.
Бир масал: шўра заминга сочма ҳосил тухмини,
Ернинг сен шўрини юв, бағридан дон истасанг.
Боғласанг дил арзигай ўз меҳрибон дилдорингга,
Жон қушин ҳар шох уза қўндирма, виждон истасанг.
Бўл чиройлигу ва лекин бевафолар ҳамдами,
Кунда юз жабру жафо, минг хил пушаймон истасанг.
Макрига алданма, нози юз пушаймон келтирур,
Мард эсанг қадрингни бил сен, аҳду паймон истасанг.
Яхшиларнинг ёри Чархий , хаста диллар марҳами –
Бўл жаҳонда то абад, номингга достон истасанг.
ЧАШМИ ХУМОРИНГДАН СЕНИНГ
Мен ўргилай, эй нозанин, чашми хуморингдан сенинг,
Чашми хуморингдан сенинг, номуси орингдан сенинг.
Фикри хаёлим сен билан, ширин мақолим сен билан,
Олмайсан асло бир хабар, бу интизорингдан сенинг.
Сайрим висолинг боғида, гул ғунчасин япроғида,
Пайдо у нопайдолигим, кўзгуда борингдан сенинг.
Ўйлаб сени паймонларим ёнимда юрган онларинг,
Кўнглим ҳамиша шод эрур, аҳду қарорингдан сенинг.
Боғ ичра унган лоладан, лаълинг таманноси билан,
Касб айлади олий яшин, гул-гул узорингдан сенинг.
Гар тушда кўрсам қоматинг, уйғотмасин дерман сабо,
Касб айласам бўйи вафо, кулган баҳорингдан сенинг.
Чархий висолинг боғида, сайр этса гул япроғида,
Кўнглин қуши ажралмагай ҳеч ихтиёрингдан сенинг.