Амирқул Карим (Амирқул Каримов) 1960 йил 2 сентябрда Шаҳрисабз туманининг Янги қишлоғида туғилган. 1985 йилда Ленинград Давлат университетининг журналистика факултетини, 1994 йилда Ҳиндистон Жаварлаъл Неру университетининг Оммавий ахборот воситалари институтини тугатган.
Меҳнат фаолиятини “Туркистон” (аввалги “Ёш ленинчи” газетасида бошлаган (1985–89), кейин “Ёш куч” журнали бўлим бошлиғи (1989–1991), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида (1991–1996) ходим, бўлим бошлиғи, халқаро ахборот таҳририяти Бош муҳаррири, Ўзбекистон Миллий матбуот маркази раиси (1996–2003) айни вақтнинг ўзида “Ҳуррият” газетаси Бош муҳарири (2002–2003) вазифаларида ишлаган. 2003 йил март ойидан “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси раиси вазифасида ишлаб келяпти.
“Кузда гуллаган дарахт”, “Оқ тунлар”, “Шабнам тераётган қуёш”, “Илинж”, “Сенинг гулларинг” каби шеърий тўпламлари мавжуд. Фақат улардан “Шабнам тераётган қуёш” шеърий китобигина 1990 йилда “Ёш куч” кутубхонаси сериясида чоп этилди.“Амир Темур ўгитлари” (Наврўз” нашриёти,1990 йил) китобига ҳаммуаллифлик қилган.
В. Череванскийнинг “Амир Темур” тарихий қиссасини Хуршид Дўсмуµаммад билан (“Икар–малик“ нашриёти, 1993йил), Нобел мукофоти лауреати Ж.Стейнбекнинг “Жавоҳир” қиссасини (“Маънавият” 2000 йил), рус шоири В. Висотский “Таъқиқланган қўшиқлар” шеърлар тўпламини (“Янги аср авлоди” 2006 йил), таржима қилиб чоп эттирган.
* * *
Умримни элга бердинг,
Кўз ёшим селга бердинг,
Қалбимни элга бердинг,
Фалак, сендан сўроғим
Кўнглимни кимга бердинг?!
Шундайин ёруғ дунё,
Зулматни менга бердинг.
Кимга шодлик, ғам деган
Улфатни менга бердинг,
Фалак, сендан сўроғим,
Кўнглимни кимга бердинг?!
Ризқимни йўлга бердинг,
Гулимни чўлга бердинг,
Ханжарни қўлга бердинг…
Фалак, сендан сўроғим,
Кўнглимни кимга бердинг?!.
УНУТДИНГ
Наҳот сен бир ҳовуч зарни деб,
Дилингни гулханни унутдинг.
Суйдирган бахт таъмин туйдирган.
Ишқ деган гулшанни унутдинг.
Сени деб ўтказган онини,
Сен деса беражак жонини.
Қаҳрингдан ушоқдек мўъжазу,
Меҳрингдан улканни унутдинг.
Нигоҳинг девона айлаган
Висолинг парвона айлаган,
Бахтим деб бир сени танлаган,
Севгингла тўлганни унутдинг.
Шамолсиз ичиккан япроқлар,
Ҳавасин келтирган титроқлар…
Оқшомни ёритган ой нури
Изимиз босилган тупроқлар.
Биз узган атиргул ифорин,
Ваъдамиз.., севгимиз туморин,
Ул ширин бўсалар хуморин…
Чеҳрангсиз сўлганни унутдинг.
Наҳот сен… соғинчинг кўйида,
Бевафо ёрининг тўйида,
«Ёр-ёр»у ноғора куйида
Тириклай ўлганни унутдинг..?!
Наҳот сен…
ЁРНИНГ ЖАМОЛИ
Эрамнинг боғи, Фирдавс булоғи
Дилимнинг доғи ёрнинг жамоли.
Юзида ёғду, кўзида жоду
Оламда тоқдур қадди камоли.
Сочи — шалола, ёноғи — лола
Кўнглимда нола — лабининг боли.
Сув каби оқсам, юзига боқсам
Қанийди ёқсам… — баҳор шамоли.
Бунчалар золим ул қаро холинг
Амир заволинг — ёрнинг хаёли.
ЯНГИ ЛАЗГИ
Бобур оҳангларида
Юзи — гул, лаби — ёқут,
сумбулсоч кўзи — оҳу,
Бир ишва табассуминг
айлади мани жоду.
Сендан бир нафас элтган,
дунёни қафас этган,
Дилимни оташ этган
айтгин, қандайин туйғу.
Бир кўришда бўлдим лол,
эй, пари соҳибжамол,
Сенсиз яшамоқ малол
чашмимга келмас уйқу.
Бўлсанг сан Хоразмдан,
шамсона оразингдан,
Лутфингу аразингдан
кўнглимга тушди қутқу.
Туйғулари пинҳоним,
бахшида сенга жоним,
Амиринг, навниҳолим,
ишқингга энди тутқун.