Акмал Тошев (1985)

Акмал Тошев 1985 йил 6 апрелида Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Оқтош қишлоғида туғилган. 1992-2003 йиллар қишлоқдаги 41-умумтаълим мактабида ўқиди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида журналистика факулътетида бакалавр йўнилишини (2004-2008), магистратура босқичида (2011-2013) таҳсил олди. Ҳозирда «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририятида бўлим муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда.
А.Тошев бадиий ижод билан шуғулланиб келади. Қатор марказий газета ва журналларда шеърлари чоп этилган. «Моҳият лаҳзалари» (2008), «Фариштали кунлари» (2011) номли шеърий тўпламлари нашр этилган. «Қашқадарё баёзи» (2007), «Ёшлар китоби» (2008), ҳамда «Олтин кўприк» (2010) альманахларига шеърлари киритилган.
[email protected]

Фариштали кунлар

Фариштали кунлар чиндан ҳам шундай,
Кўнгилнинг тўпиғига чиқмайди ғусса.
Табассум лаблари мисли қулупнай,
Ҳушингдан оздирар биргина бўса.
Теран мусаввирнинг ижоди ҳассос.
Муз қотган ҳисларни синдирар шукуҳ
Вужудингда қанот улғаяр бехос,
Узоқларга чорлар байрамона руҳ.
Сибизға тилининг оҳанги монанд,
Юраклар титрайди не асрори бор.
Тўлишган ифорни уфуриб ҳарчанд,
Зулмат сипоҳини босишга тайёр.
Кулгу жаллодининг кўланкаси йўқ,
Қулфлар бузилган қафаслар ғариб.
Фирибгар шайтоннинг панжаси қуруқ,
Хушнудлик боғида беилож бари.
Бир дамлик дилхушлик йилларга татир,
Агар бахт онини ҳис эта олса.
Хафаҳол нигоҳлар, ғам юки ахир,
Қаҳқаҳа илкидан тутиб қололса.
Жўшқин туйғуларни сиқмайлик такрор,
Қайғуга топинмоқ, аросат нечун?..
То тушкин руҳингиз қилинг зулфиқор,
Шодлик уммонини забт этмоқ нечун!

Зиёратгоҳ

Сукунат макони —
Ломакон маҳри,
Ҳавойи суратлар тумандек ғойиб.
Дунёнинг шайтоний нафсидан холи,
Зада руҳ ногаҳон энтикди бойиб.
Тек қотган тулпордек хаёллар сокин,
Бўғизга ёпишмас йилдирим иллат.
Илгида жо этиб само қудратин,
Мингоёқ ҳирсларни қамчилар фарсат.
Раҳмоннинг нафаси,
Шууримда тўлқин,
Эътиқод нигоҳи чорлайди бирдан.
Сарсон руҳ дунёдан кечиши мумкин
Воз кечмас боқийлик — абадий нурдан.

Қабрлар…
Аслида дунёмиз қабр,
Бойлик ва мансаблар сиғмайдиган жой.
Бўшлиққа санчилди бир сўзки — сабр
Муждалар карвонин чорлаган ҳумой.
Жим-житлик босқини нақадар аччиқ,
Чингизнинг лашкари уммондан қатра.
Руҳимда уйғонди исёнли оғриқ,
Аёвсиз тебратар аёвсиз зарба.
Ўш қалқди,
Тавбага айланганган калом,
Илоҳий қудратни қалбимда туйдим.
Вужудим забт этди улуғ эҳтиром,
Кибрли бошимни саждага қўйдим.

Қуръон тиловати илоҳий қўшиқ,
Ажру савобларни ушлаган сайёд.
Руҳларни чорлайди нурли бир чақриқ,
Жаннат эшиклари очилган заҳот.
Дуога айланган дардли истиғфор,
Етти қад самога урилди бир сас.
Вужудлар тўкилди, эзгулик бисёр
Шамолдек эркин қўй руҳингни бир пас.
Бир лаҳза,
Бир лаҳза бўлса-да майли,
Қутирган жажманга чап бердик, ахир.
Қафассиз борлиқнинг акси чиройли,
Иймоннинг нафаси буюк неъматдир.

* * *

Экинзор ёқаси
Бир жуфт сигир ўтлайди секин
Таёққа суянган хаёлчан бола
Қўлида китоб
Кўзларида оловланар шан!
Китоб бир олам
Борлиқ бир олам
Сигирлар ҳам мўъжиза унга.

Булут сузар
Осмонга санчилган тоғларни оша
Қуёш мизғимоқнинг тараддудида
Шафаққа кўмилган мағриб
Бола қалби очилган эшик
Саҳифалар шўнғийди аста
Бир жуфт сигир ўтлайди беғам.

Китобларнинг кетидан китоб…
Умр шиддат…
Фасллар лаҳза…
Ширин ҳорғинликни туйганча бола
Шафқатсиз ВАҚТнинг устидан кулар
Бир жуфт сигир ўтлайди ҳамон…

Моҳият лаҳзалари

Ўтов…
Поёнсиз адир…
Қадим мозийнинг жажжи суврати

Дўмбира дардим…
Бахшиёна куй…
Борлиқ вужудига шимилиб кетган

Чевар бармоқлар…
Гуллайди ўрмак…
Табиатга уйғун жилолар

Ўчоқда олов
Биқирлар қумғон
Замонларни ҳадлаган товуш
Аламлар ҳадсиз…

Чанқовуз…
Йиғлайди.
Ишқни опичлаб,
Пешонаси ёрилган наво…

Жўнгина нигоҳ…
Пайконга терилган меҳр…
Шунчалар мўлки…тасаввур уммон!

Сибизға
Чорлайди чўпонни …
Таёғи синган чўпон…
Сочилган сурувни излайди.

Қадим остона
Энг оддий умрга
Энг буюк умрга
Аслият гуллари қоплаган замин

Соф дунё…
Оқ кўнгил…
Пок севги…
Соғиниб яшайди ҳали одамлар!

Сабрлар сабит…
Келажак шошқин…
Мувозанат-чи…тўкилади
Ўпирилган жардек мутасил…

Шамолларга айлангим келди
(туркумдан)

* * *
Эрка шамолларни эркалай дердим,
Дунёга сиғмаган жажжи тасаввур.
Энди-чи,
Шамоллар эркалар эди,
Ваъдани хайдаган бетакрор ҳузур.
Ҳузурки,
Ҳаловат эшилди сармаст,
Табиат кафтида улғайди бирам.
Мастона ҳолимдан мириқиб кулди
Кенглик ифорини тутганча санам.
Хижолат бўлдим.

* * *

…Шовуллайди ташвиш юкланган шамол,
Оғиз жуфтланган-у
Сўзланмаган роз.
Зулматга ўқталган шам нури каби,
Беимкон қопқага ёпишган холос.
Кўчкини елкада тутиб турган дард,
Бўғзимга тиқилди эзилган зуғум.
Қайта ютдим бехол
Сўнгсиз қўзғолон,
Найзага санчилган чорасиз ҳукм.
Исёнга муҳтож…

* * *

…Саҳрода рўёлар ясаб чарчамас,
Ғазабкор тўфондек қутирган шамол.
Қудрат тимсолига айланиб зумда,
Денгизни осмонга отар бемалол.
Гоҳида  нозанин сочини тараб,
Кўнгилни чорлайди
олтин кўшкига
Туғёнлар хуржинин кўтариб маъюс,
Ишониб юради улкан тушига.
Содда юрак —
Дайди шамол.

Изтироб

У фақат жилмайиб қўяди холос,
Мойиллик рамзими, ёхуд хайрихоҳ.
Нохуш, шум туманлар ўрлайди нохос,
Гумонлар қамчилар қалбимни, э воҳ!
Йиллар ўтар аммо ҳамон ўзгармас,
Ҳамон жилмаяди,
Туюлар мазах.
Зулмат узаяди, тонг-чи бўзармас
Бунчалик азобли машаққатли бахт.
Балки…
Рўёмикан тотли тилагим,
Бетимсол кўзларинг бунчалар бетинч.
Қийнама!
Ростин айт, нозли малагим,
Майли ҳамроҳ бўлсин армон ва ўкинч.
Тинглагил кўксимни,
Чекмоқда фарёд.
Дардли изтиробдан чекинмоқ керак.
Бироқ муҳаббатдан айрилиб, ҳайҳот
Ҳувуллаб қолса-чи девона юрак!?
Кечир…
Хоҳламасанг абад айтмагил,
Бу туйғу дилимда тургани яхши.
Унга ишонади милёнлаб кўнгил,
Рангин йўқотмасин муҳаббат нақши.

У фақат жилмайиб қўяди холос..

Манзара

Майсалар тебранар дафъатан,
Силкинар денгиздек кўк бўёқ.
Тўлқинлар қатида намоён
Бинафша, лаьл, сариқ, оқ бўёқ.

Зовларнинг кўримсиз оқ-қора,
Бетлари алвонга бурканган.
Заминга тиралган гавдаси,
Ям-яшил гиламга ўралган.

Боғлар ҳам келиндек ясанган,
Безаниб турфа хил безакка.
Дарахтлар ўранган ҳарирга,
Ўхшайди сулувга, малакка.

Осилиб фалакнинг тоқига,
Баҳорий булутлар ўйнайди.
Қуёшнинг беминнат нурини,
Қиймалаб-қиймалаб қўймайди.

О, баҳор вужудинг гуллабди,
Еласан қирларга эй, пари.
Ҳолимни бир бора сўрсанг гар,
Хаёлим тегрангда сарсари.


Соғинч

Онажон!
Тафтингизни соғиндим.
Сеҳрли кўзларингизга термулиб
Дунёни унутсам дейман.
Биласизми?
Илк эсимни таниган пайтлар…
Чанқовуз чалардингиз
Лабингиздан куйлар учарди.
Беихтиёр йиғлашдан тўхтардим
Кулишдан-да тўхтардим ҳатто
Ҳайратларга эш бўлиб фақат
Бағрингизга сингиб кетардим!
Яна бир бор чалинг, илтимос..
Соғинчларим дув-дув тўкилсин.

Онажон!
Сиз билан дардлашгим келди
Бунда масофалар аҳамиятсиз.
Ахир, тунда бедор хаёлан
Бизнинг дардлар-ла
Курашишдан чарчамайсиз-ку.
Буни сиздан ўргандим
Қандай бахтлиман!
Хоҳласангиз хаёл устида
Шиддат-ла етаман, Она!
(Ҳар қалай Алпомиш авлодиман-ку!)
Тушингизда кўрсангиз фақат
Хавотир олманг
Чунки сизни соғинганимда
Тушингизга кириб юраман.

Онажон!
Бўз боладек қучоғингизда
(Бобом ясаб берган сибизға)
Кафтда тутиб чалиб юрсам
Чалаверсам чарчагунимча
Кимларгадир эриш бўлиб
Туюлар бу гап.
Ахир, мен ҳам
Туйғуларим яширгим келмас
Яна ўша меҳрингиз истаб, улоқтириб
Ғуборларга тўлган умримни
Жажжи фарзанд бўлгим келяпти!..

* * *

Тўзиб-тўлғонади эплолмай ўзин,
Исмсиз важоҳат — қопқоғи сукут.
Яширмоқ бўлади ёш қалққан кўзин
Сузаётган булут…

Ҳаммаси тугади. Армон эса оч,
Оғир тамшанади умидсиз титроқ.
Маъюс эркаланиб қўяр ноилож
Тушаётган япроқ…

Надомат сиртмоғи, нафс-чи жаллод,
Лаҳзанинг пойига бош урган сўқир.
Ўзини йўқотган жисмдир, наҳот
Ўтаётган УМР…

* * *

Кўп қаватли бинодан ғамгин
Узоқларга термулиб боқар.
Сунъийликдан бўғилган кўнгил
Қайлардандир ҳаловат истар.

Достон бўлган улкан шаҳарга
Сиғмасди ҳеч жўнгина руҳи.
Нигоҳида тош қотиб қолган
Оддийгина даштнинг шукуҳи…

Осмонларга сапчиди туйғу
Хира юлдуз
Совуқ, бир парча.
Ғир шабада, кўкка тикилиб
Юлдуз санаш гашти бошқача.

Деворларга сапчиди туйғу
Боши ғўрра хурсиниб қўяр.
Соғинчларни тутқазиб кетди
Эртакларга айланган тоғлар.

Хаёл ёлғиз суронга тобе
Сим тўсиққа урилди беҳол.
Қани энди кенгликни қучиб
Гул баргида ўйнаса хаёл.

Кўникмади… бошқалар каби
Вужуд судрат кетса қаёққа.
Келажакни ёлғиз қолдириб,
Жўнаб кетди олиб қишлоққа…

Ёмғир

Рауф Парфи хотирасига

Ёмғир ёғди,
Қайғулардан оғринган аёл,
Пана жойда дардларини тўккандек охир.
Юракларни эзиб-эзиб йиғлайди беҳол,
Нохушликни англагандек излар кимнидир.
Кафтидаги томчиларга термулиб ғамгин,
Ҳасратини баҳам кўрган
Ҳув ўша ҳабиб.
Ўша кўзлар нигоҳига интизор, бетин
Етиб келди яхши кунлар тархини тузиб.
Кўринмасди у!
Шамолларнинг қучоғида айланар бир ғам,
Тутун мисол ўрлайди ўт,
Қоровланди моҳ.
Замин узра дўниб чиқар қип-қизил мотам.
Шодлик талаб куртакларнинг лаблари юмуқ.
Шунда ногоҳ портлаб кетди,
Ёрилди чақмоқ!
Титраб турган туйғулар ҳам сесканиб бирдан.
Саробларни ҳатламоқчи, истаги маёқ,
Хавотирдан тарошланган хассаси билан.
Аччиқ-аччиқ йиғлаб берди, тинмасди бирров,
Фарёдларнинг қучоғида бўғилган инкор.
Оҳ, урганда отилади қиличдек олов,
Яраланган йўлбарс каби тишланар такрор.
Энди ёмғир кимга йиғласин?!
Аммо… бир куй улғаярди сийрати маъсум,
Қанот қоқди самовий куч
Оловли нафас!
Ғунчалардан балқиб чиқди мунгли табассум,
Матонатнинг елкасидан тутди забардаст!
“Мен ўлмайман!
Аввал ёмғир кафтларимга тўкилган бўлса,
Энди ёмғир томчилари қўноғим бўлгай.
Хаёлимни ёмғирларга топширдим
Улар
Кўнгилларнинг меҳварига инсин пайдар-пай.
Мен тирикман!”
..Ҳамон ёғар
Чил-чил бўлган умидин тўкиб,
Изтиробдан анчагина хориган кўнгил.
Энди унинг қалбидаги ёниб, орзиқиб,
Битиб кетган дардларининг кафтига тўкил!
“Ёмғир ёғар шиғалаб ёғар,
Аста мени асир этар ул.
Ёмғир ёғар шиғалаб ёғар,
Ёға бошлар қоғозга кўнгил.”

* * *

Хаёлимга шеърлар ёзаман,
Куртаклардан отилган иқрор.
Эрта баҳор нафаси каби
Кўнгилларни тебратган ифор.

Гулдироснинг шиддати баланд
Тирикликни қучган томчилар.
Исёнларни уйғотиб юбор,
Соғинганим, дардим — қамчилар.

Кафтим тутиб самовий меҳр
Қоқа бошлар тоғлар бошини.
Ғунчаларда балқий бошлади,
Яширса-да севинч ёшини.

Уфқларга қочган тасаввур
Япроқлардек улғаяр аста.
Гўзалликка тўйинган шабнам
Учрай бошлар ҳар бир нафасда.

Кенгликларни истаган руҳим,
Шамолларга эргашган кўнгил.
Гуллар билан дўстлашиб олиб,
Узоқларга кетамиз юргил!

* * *

Бола хаёлида чизар манзара,
Юксак кашфиётлар дебочаси бу.
Жажжи орзуларин қилманг мазхара,
Порлок келажакни кузламоқда у,

О, митти юракча гулдек бокира,
Ранжитманг қунмасин оқ калбига кир.
Кичик ташаббусни буғмангиз сира,
От босмаган жойни той боссин ахир.

* * *

Йиғлаётган ёмғир
Шалоббо замин,
Ялангоёқ бола
Тор сўқмоқ — йўлак.
Ҳайратли жуфт кўз одимлар секин
Эртакка айланиб
Портлаган куртак.

Кўкдаги бола учмоқда бирам,
Қоққигул устида ўйнаган кўнглим.
Япроққа осилган хотира — шабнам
Йиғлаётган ёмғир…
Тўйиб йиғладим…

Таассурот

Туйғуни тортқилаб ёғади,
Борлиққа тўшалган тилсимот.
Мажнунваш ҳисларга боқади,
Васлини бахш этган паризод.

Уйғонди ажойиб хотира,
Бир шаффоф лаҳзалар парвона.
Мўъжиза яратар оҳиста
Хассасин тутганча афсона.

Кўнгил-чи аксига маҳлиё
Ўзини кашф эта бошлайди.
Пўстинга ўраниб бу дунё
Ялонғоч либосин ташлайди.

Манзара жонланар, беғубор
Чорлайди савлати ҳайратга.
Қаҳратон меҳрида ҳикмат бор,
Тўқнашдим ҳақиқат — сийратга.

Покланган илҳомнинг овози,
Ҳис қилдим руҳимда енгиллик.
Милёнлаб оппоқ қор парвози
Уйғотган таассурот — минг йиллик.


Кўк

Кўкка боқинг  – кўк ерга тушмиш,
Қалқиб кетди энтикканча тафт.
Димоғларни аллалар ҳовур
Кўк мартаба орзулар бир саф.

Кўнгиллар ҳам кўк сингари кенг,
Жо бўлади борлиқ бир паста.
Мисли кўкдан тушган парилар –
Чечакларга нигоҳлар ҳаста.

О, кўксимга кўкнинг ҳавоси
Бош қўйганча шивирлар нени?
Наҳот, наҳот ҳижрон даъвоси
Кўклам бўлиб соғиндинг мени!?

Кўк ёмғири – тўкилди дунё,
Тўкилганча кўкариб борар.
Боқаверар ним табассум-ла
Кўк қуёши – куртак ёрилар!

Кўклик олинг, одамлар, кўклик
Ҳар қадамда эзгулик йитсин.
Амаллар ҳам бир амал бўлиб,
Кўк сингари кўкларга етсин!..

«Чақмоққа айландим…»

Тафаккур чархини айлантирган сув,
Аждодлар даҳоси тутган дурдона.
Аслида тилларнинг саноғи йўқ-ку,
Аммо ўз каломим, бешак, ягона!

Кимнинг лафзи буюк, кимники ғариб,
Таққослаш фикрида юритмам қалам.
Дунёга келдиму, Масиҳ сингари
Аллага жо этди сўзларни онам.

Туйғулар фаришта қанотин тутиб,
Навоий бўлди-ю қалбимга инди.
Соқийнинг лутфидан ўзни унутиб,
Басир нигоҳимга Аршлар кўринди.

Энг ёруғ чақмоққа айландим зумда,
Довулдек пишқирдим, куй каби жўшдим.
Гулга изҳоримни айтдим ўзимча
Бахтиёр руҳ каби самога кўчдим.

Гоҳо товонингга гулмих қоқилди,
Мажруҳ қилмоқликни истаган ғаним.
«Алпомиш» бўлдингу чоҳлар йиқилди
Оддийгина тилим ­ осмоним маним!

Тун

Тун аста одимлар ҳайратни қучиб,
Сокинлик мужассам ғаройиб эртак.
Остона ҳатлайди ҳисларни сепиб,
Тим қора ҳарирга чулғанган малак.
Ҳарирга зулукдек ёпишган юлдуз,
Сочлари тўлғанар мисли мажнунтол.
Борлиқни қучоқлаб бедор, уйқусиз,
Ширин алла айтиб ухлатар аёл.
Ҳарирнинг бир четин кўтарар аста,
Зулматнинг пойидан ямлар пайдар-пай.
Бу порлоқ чеҳрадан юлдузлар хаста,
Ҳасаддан ёрилиб сўнаётгандай.
Нур тунга қоришди — омухта тамом,
Ҳайратдан жилмаяр жимгина олам.
Бунга гувоҳ бўлса, чорасиз рассом,
Ажабмас, қаламни улоқтирса ҳам.
Бундайин манзара қайда ё раббий,
Ташбеҳлар ортидан туйғу от қўяр.
Шамол жиловини бўшатиб, шабий,
Хаёл қучоғида айланиб юрар.

Қўшиқ

Қур-р-р, қур-р-р, қур-р-р…

Яшилликка тўйинган замин
Дарахтларда чечаклар ял-ял
Муъжизага тўлиб бораяпти…

Димоғингдан товонингача
Югуради бир чаман,
бир шаффоф,
бир сарин ҳаво
Асаблар-да бардошга тўлди…

Шом куйи ушшоқдек ушалиб борар
Тебранада кўрмаганинг – ғужғон туйғулар
Сепларини ёзганча сирли…

Ариқ бўйи.
Қуриллар бақа
Дунё билди кўкламни, сувни –
Нигоҳида гуллайди Дунё!

Кулаётир юлдузлар, қаранг
Ой парига айланган кеча
Ойпарининг ҳажри қалқитди…

Қур-р-р, қур-р-р, қур-р-р…