Бир қишлоқдан ўн беш ўғлон ҳарбий комиссариатга чақирилдик. Ҳарбий округдагилар тиббий кўрикдан ўтказишибоқ, эртага хуржунларимиз билан худди шу ерда тахт туришлигимизни қатъий тайинлашди. Айтишларича, темир йўл станциясидан жўнатиларканмиз.
Томир-томирларимизда кўпириб оққан қон душманга қарши интиқом ўтида ёнгандан-ёнади. Тезроқ, тезроқ уруш кетаётган жанггоҳга етиб борсаг-у, фашистларни битта қўймай қириб ташласак. Хаёлимда худди мендан олдин урушга отланган дадамни ўша ерда учратиб, дийдорлашадигандек ичим ёнади.
Кечагина Жўрақулнинг отасидан қора хат келган. Унинг важоҳатига тик қарашнинг ўзи бор. Нуқул тишини ғичирлатади, кўзларида аллақандай киши чидаб бўлмас совуқ ўт йилтиллайди, отасининг қотилини ғиппа бўғзидан олгиси келади. Шомаматнинг амакисидан ҳам… У ярим етим қолган бешта жиянини ўйлаган сари юраги муштга айланади. Азаматжоннинг тоғаси госпиталда. Кеча шу ҳақда хабар келди. Онаси эшитиши биланоқ келинини олиб, чирқиллаганча Тошканга жўнади. Эгизакларнинг бир-бирисиз чидолмаслигини, бирига бир нима бўлса, бири худди ўшандай ҳолга тушишини эшитгандек эдим, ҳайратда қолдим.
Уруш олови баралла ёнган жанггоҳ Жўрақулнинг отасини отиб ўлдирган қотилниям, Шомаматнинг амакисига ўқ узган фашистниям, мана, ўчингни ол, деб шундоққина рўпара қилиб қўймади. Мен эса кимга қарасам, худди отамга ўхшатавериб, охир бориб тинчиб ҳам қолдим. Гўё бу силтовчи совуқ ҳиссиётлар душманнинг барисидан қасд олсаккина ҳовуримиз пасайишини уқтириб қўяётгандек эди.
Ҳамқишлоқлар баримиз ҳарбий тайёргарликлардан кейин ўқчи дивизияда жанг қилишга киришиб кетдик. Рус тилига уқувим бўлганидан қисқа муддатли курсда радистликка ўқитишди. Бир елкамда йигирма килолик рация, бирида автомат, белимда граната ва патрон тўла магазин билан лўкиллаб югуриш ниҳоятда оғир. Хандақларда чопқиллаш ҳам, ўнқир-чўнқирликларда туртиниб- мункишлар ҳам бориб-бориб ҳеч нима бўлмай қолди. Урушда жонни ўйлаш эмас, интиқом олови ғайритабиий кучга айланиб, бутун жисмингни эгаллаб олади-да, фақат ва фақат шахдга суянасан, холос. Гўё ҳамма даҳшатлар тушингда бўлаётгандек кўринади. Биров ўзини овутиш учунми, ё кайфиятни кўтариш учунми, бирор ҳангома айтиб шарақлаб кулгудек бўлса, бир тарафдан эси оғиб қолгандек туюлади, бир томондан самимий кулгусига беихтиёр қўшилгинг келиб кетади.
Елкаларим арчилиб кетганига қарамай, зил-замбил рация қутисини бағримга босганча гоҳ у томонга чопқиллаб маълумот бераман, гоҳ бу тарафга зинғиллаб хабар оламан.
Қаттол урушнинг энг катта сарҳади – Курск жангига кирган маҳалимизда душман тўсатдан ҳужум бошлаб қолди. Кўз очиб юмгунча ҳаммаёқ олатасир жаҳаннамга айланиб кетди. Ҳозиргина ҳавасимизни қўзғаб турган кўм-кўк осмон ердан кўпчиб отилаётган тупроғу тутунлар ичида қолиб кетди. Дод-вой, бақир-чақир авжига мингани етмай, майдонни ёппа эгаллаган қурбақасифат танкларнинг гуриллаган моторлари, тинимсиз отаётган снарядларининг даҳшатли чийилдоқ товушлари-ю, гумбур-гумбур портлашлари қулоқни қоматга келтириб, ҳеч нимани англатмайди. Кўз нимани кўрса, фақат шундан хулоса чиқариб оласан. Пулемётларнинг тинимсиз тариллашиям, автоматларнинг дўлдек ўқ ёғдиришиям бир зум бўлсин тиним билмайди. Бир пайт кутилмаганда оёғим томондан қўққис қўпган зилзила қулоғимдан рация қулоқчинини шахд юлиб олганча, бор гавдамни чирпирак қилгудек улоқтириб юборди. “Тамомман!” деган совуқ ўй карахт қотган миямни бир ёриштириб, ўчди. Ўзимни йўқотдим. Ажаб, ҳушим ўчгандег-у, аммо аччиқ ис димоғимда айланади. Қўрқувдан бақрайган кўзларим қуюқ тутун ва тупроқлар гупираётган осмонга қаттиқ қадалганча қолган. Гўё даҳшатли суронлар томошабинига айланиб олгандек, атрофни маҳзун кузатиб, ҳушсиз чўзилгандекман. Наҳот, одам дунёдан кўз юмса, ўз-ўзини шунақанги кузатиб ётса, деган ўй миямда бир зум айланди-ю, нордон бир таъмни димоғимда илкис туйгандек бўлдим. Аччиқ ўқчиб юбордим. Иягимда илиқ бир ҳовур ўрмалаб кезинди. Қон!.. Шу вужуд тўлқини бир бош кўтарганча, зимистон ичра қайтиб шўнғитди…
Бир маҳал қаттиқ силтовли оғриқдан жоним симиллаб, аччиқ инграб кўз очдим. Атрофимда ғира-шира хурпайган шарпаларни илғаб, худди мато қирқилаётгандек, қирт-қирт этган товушлар бир зум қулоғимга киргандек бўлиб турди-ю, қайтиб хуш йиғишга куч тополмадим. Яна кўз ўнгимни қора зулмат қоплади…
Қишлоққа қайтганимда атрофимни ўраб олган қишлоқдошларимнинг ҳайратлари, умидвор тикилишларига тоқат қилолмай, кўзларимни чирт юмгим келиб кетди. Кўз олдимдан бирга урушга отланган дўстларим бир-бир ўтиб, юрагим қиймаланади. Қай бирини айтишим керак ўзи, а, қай бирини? Суннатиллани ўз қўлим билан ўзга юрт тупроғига қўйганлигимни айтайми? Жўрақулнинг душман ўқига учганини дунёни бошимга кўтариб сўзлайми? Амирқулни разведкага борганида душман қўлида ваҳшийларча осилганиними, қай бирини?! Қандай айтай, қандоқ айтай, Шомаматнинг қурбақадек ўрмалаб келаётган душман танкларига қўлидаги сўнгги гранатасини отгунча бўлмай, қилдек жуссасини ўнлаб ўқ излари потирлатиб титиб ўтганини? Ёш келинчак, ўзимнинг синфдошим Руқиянинг интизор тикилган кўзларига қандоқ қарай, қандоқ? Дўстимиз Орзиқулнинг шу завжаси, бир ҳафталик келинжонга қандай айтай Днепрни кечиб ўтаётганда…
Поездма-поезд қайтаётган маҳалимда жоним омон қолганига минг шукрлар айтиб келганимга энди минг пушмонлар едим. Атрофимни хотин-халажлар ўраб олишганида эса, ўзимга-ўзим таъна тошларини ота бошладим. Нега мен, фақат мен тирик келдим. Бир оёқ, бир қўлимни ўша ерларга ташлаб келганим ортиқчадек туюлиб кетди.
– Ўғлим, ўртоғинг соғ-саломатми? Қачон келади у, айт, жон болам.
Шомаматнинг онаси қучганча дув-дув бўзлайди. Бир ёқдан она иси бошимни айлантирса, бир ёқдан йиғисига чидам тополмайман. Ичимдан оғриқли фарёд ўрлолмай қийнайди. Оҳ, номинг ўчгур уруш ҳеч кимни, ҳеч кимни аяб ўтирмади.
Келиб-кетувчиларнинг қадами узилмайди. Қўшни қишлоқлардан ҳам ўғлиними, қариндошиними, эриними сўроқлаб келгувчиларнинг кети кўринмайди. Гўё уларнинг наздида уруш ўчоғида ҳамма бир-бирини учратиб, бир-биридан хабари бордек туюлади. Дод деворай дейман. Атай кўкрагимдаги нишонларимни йўлдаёқ юлиб олганман. Ўз дўстларидан айрилиб, бир ўзи гердайиб келибди кўкрагини темир тақаларга тўлдириб, деган нигоҳий таъналарга тоқатим келишолмаслигини билганимдан шундоқ қилгандим. Ҳатто поезд деразасидан улоқтириб юборишимга йўл бермаган Дмитрийниям ёмон кўриб кетдим, рости. Керак бўлармиш, она ватан озодлиги учун курашибмизмиш. Ҳе, ўша рағбатидан ўргилдим. Ундан кўра, бола дўстларим билан ярим мажруҳ бўлиб бирга қайтганим афзал эмасмиди? Кўкрагимга муштлаб бўзлайман: “Наҳот, оналар атай шу навниҳолларини уруш учун, урушда шаҳид кетишлари учун туққан бўлсалар, а?!”
Туни билан тўлғониб чиқаман, аламдан ер муштлаб-ер муштлаб юборганимни билмай қоламан. Мен урушга жўнагач, отамдан қора хат олиб, қайғуси ичига сиғмаган онам, бир ғужумгина гавдаси елга елпиғич бўлганча, чироғи ўчмаган даҳлиздан отилиб чиқади-да, чўк тушганча бўзлашга тушади.
– Жон болам, жонинг омон қайтди-ку, шукр қил, болам. Ўзи отангдан айрилиб, бағрим бир умр ҳувиллаб қолгани етмайдими? Ўзингни қўлга ол, тақдирдан қочиб қутулиб бўлмас экан-да бандаси, на илож. Жон болажоним, ҳаммаси ўтиб кетади. Ҳеч бўлмаса сен менга далда бўлиб тур, ўғилжоним.
Онам, биламан, укамдан хавотирда. Бўйи тортилиб қолди. Урушга олиб кетишларидан қўрқади. Бироқ укамнинг кўнгиллилар қатори ариза бериб келганидан бехабар. Укам тенгилар шунақа қилишаяпти. Унинг ниятидан ўзим ҳам қўрқиб кетгандим. Юрагида ўчириб бўлмас қасд бор, қасос бор. Қанча жон куйдириб аҳдидан қайтармай, қулоқ солмайди. Урушга беш-олти аравада йўлга тушишгандан кейингина онам оламни бузгудек дод солди.
– Бир жонимни мингга бўлдинг-ку, болажоним. Уруш очмай, кўзингга тупроқ тўлгурларнинг қора нияти ўзига урмаса, розимасман. Уруш ўйлаб топганнинг уйи куймаса, розимасман….
Онам кўкрагига муштлаганча дод солар, ҳали қўлтиқтаёққа ўрганмаган вужудимни мувозанатга сололмай, ўрнидан турғаза олмай қийналардим. Она йиғламасин экан. Оналар бўзламасин экан. Оналарнинг кўнглига дод ин қурмасин экан. Ўғлонларини кузатаётган оналар борми, опа-сингиллар борми, ёш келинчаклар борми, ёрини кузатаётган бўй етган қизлар борми, ҳамма-ҳаммаси қора урушни қарғар, от араваларда ўзларидан узоқлашиб бораётган йигитларга тиланиб-тиланиб оқ тилаклар билдиришарди. Кўзларида дув-дув ёш эмас, дув-дув қон эди. Мен жўраларим билан урушга кетаётган маҳалимизни эслаб, титраб-қақшайман. Интиқом ўтида онамнинг, оналарнинг биздан-да ортиқ юраги куйиб бўзлашларини бунчалик туймаган эканман ўшанда. Укамнинг ортидан юрак-юрагим увушганча кузатиб қолдим.
Ҳовлимизга кечки пайт раис бува кириб келди.
– Ўғлим, – деди салқиган қовоқларини маҳзун ишқалаб, – келганинггаям бир ой бўп қолди. Далага чиқ десам, нима дейсан? Табелчилик қўлингдан келади ҳарқалай.
Бир четда мунғайганча турган онам гапга қўшилди.
– Раис бува, табелчиликни Ризвонойдан опқўйманг. Ўзи уддалаб турипти. Эридан айрилганидан бери ўзига келолмай юрипти, ҳарқалай иш овунтириб турипти. Қўйинг, бир дарди икки бўлмасин, шўрликни. Ўғлимга бошқа иш бўлса, майли.
Раис бува пиёладаги олмачойни бир кўтаришда ичиб, кўзларини қаттиқ тикди.
– Бўлмаса, бундоқ қиламиз, ўғлим. Ҳозирча почтани юритиб турасан. Маша опаям шаҳарига кетиб қолди. Витя биттаю-битта ўғли эди-я, шўрликнинг. Ҳамма бирдек яхши кўрарди-я. Айрилиққа чидолмаган келиниям урушга кетиб қопти. Кеча хабар келди. Ҳаҳ, бу лаънати уруш чанг солмаган бирор хонадон қолмади ўзи. Қанийди, мениям урушга олишса-ю, душманнинг гирибонидан шундоқ олсам, ҳовуримдан тушсам.
Раис буванинг айтганини қилиб, гузардаги эски, бир хонали почтада ишлай бошладим. Бошида-ку кўп ҳам билинмади. Бироқ кейин-кейин одамларнинг кўзидаги сўник умид, хавотир, илтижо, интизорлик, алам, изтиробларни кўравериб, рўпара бўлавериб бир сиқимгина уйқумдаям алаҳсираб чиқадиган бўлиб қолдим. Тушларимда нуқул шаҳид кетган дўстларимни, қонхўр фрицларни кўраман, бошқаларни эмас.
Иш кунимнинг иккинчи ҳафтасида қишлоқ четидаги Ғафур акадан қора хат келди-ю, жаҳаннамнинг оналар, аёллар дунёсида қанчалар ваҳшат солишига шунда дуч келдим. Оёғимдаги оғриқлар, дилимдаги азоблар ҳеч нима бўлмай қолди. Ўғлидан айрилган Ханифа аянинг аввал бир муддат кўзларимга ҳиссиз, аммо совуқ термулиб туриши, хатни тутган қўллари жонсиздек қотиб қолиши олдида каловланиб, жавдираган жойимда бирдан отилган фарёд юрагимни юлқиб олгандек, илкис титраб кетдим.
– Вой-до-о-од!..
Ханифа ая гурсиллаб ерга йиқилди. Боядан бери менга хириллаб, таҳдид солишга уринаётган каттагина кўппак қўққис жиддий тортди-да, чопиб келиб аянинг юзига тумшуқ уриб, узун ув тортиб юборди. Унинг улиши юрагимни совуқ ғижимлаб, кўз олдимни хиралаштириб ташлаганидан ҳеч нимани аниқ илғолмай қолдим. Наҳотки, наҳотки, тилсиз жонивор ҳам ғамни уқса, одамзот ташвишига шерик бўлса?
Уй ичидан шошиб чиққан келини Олима опа кела солиб, қайнонасига ёпишди.
– Онажон, нима бўлди? Кўзингизни оча қолинг, жон онажон, қўрқитманг.
Олима опа менинг қаққайиб турганимни энди кўргандек, ғалати қаради. Аммо қайнонасининг қўлидаги хатга кўзи тушди-ю, шошиб қатини очди. Хат сиртида югурган кўзлари ғазабдан, аламдан қисилиб кетди.
– Вой-дод!.. Дадажониси, да-да-а…
Қайнонасининг ёнига шилқиллаб тушган муаллима опанинг қаршисига қандай юриб борганимни билмайман. Тупроқда тангадек из қолдириб бораётган қўлтиқтаёғимни бир ёнга керганча энгашдим. Кўппак чўккалаб олганча ҳамон тумшуқ чўзиб увлайди. Беихтиёр бир муддат кўз ташладим. Кўз ташладим-у, итнинг кўзларидан шошқатор оққан ёш томчиларига довдираброқ тикилдим. Хаёлимни оғир хириллаган товуш чалғитиб, қайнона-келинга ачиниб қайрилдим. Бўйнимдаги оғир сумка қирғоғи бўксамга силкинганча қаттиқ урилганигаям парво қилмай, ёлборишга тушдим.
– Опа, ўзингизни қўлга олинг…
Қулоғим остида қўққис қий-чув турганидан гангсиб, бирпасда қайдан пайдо бўлиб, чирқилашга тушган шунча хотин-халажга жавдираганча қолдим.
– Вой, қора хат жўнатган қўлинг синсин-а…
Муздек бир нима вужудимни тилимлаганидан қалтираганча ўрнимдан қандай қўзғолганимни, ҳар еримдан бўзлаганча чопқиллаб ўтаётган ёш болаларни қандай оралаб, йўлимга шошиб тушиб олганимни билолмай қолдим. Аммо қулоғимга “шумқадам” деган таънали ҳайқириқ чалинганидан юрагим ўйиқларга тўлиб кетди. Шу таҳлитда бир муддат ўрнимда қотиб турдим-у, қўлтиқтаёқни ерга қаттиқ-қаттиқ урганча узоқлашдим. Хатларнинг бири қувонч тириклигини берса, бири мотам соясини ёппа ёпавериши жонимни ўтмас пичоқда бирдек тилимлайди.
Эшикдан хавотирли мўралаб чиқаётганимни, одамларга аллақандай ёқимсиз кўринаётганимни зимдан илғай бошлаганимдан бери, гўё белим букчайиб, кўзларим ҳиссиз боқаётгандек туюладиган бўлиб қолди. Гўё елкамнинг бирида хушхабар, бирида ғам-андуҳ ташиётгандек бўламан. Худди одамгарчиликдан узоқлашиб, фақат одамларга ташвиш улашаётгандек сезаман ўзимни. Рости, одамлар мендан ҳуркийдиган, қўрқадиган бўлиб бораётганини кейинроқ англадим. Мени узоқдан кўришлари билан оёқ-қўллари шалвираб, гўё бало-қазо қаршисида қалтироққа тушиб қолгандек ияклари муттасил титраётганига кўзим тушган чоғ, мунғайиб қоладиган бўлдим.
Бориб-бориб ёмон бир қилиқ чиқардим. Билмадим, бу яхшиликками, ёмонликка эдими, ё ўзимни шумқадам санашларини истамай қилдимми, хуллас, билишниям истамасдим. Бир нечта қора хатларни яшириб қўйганим, гўё атай кўзларимга бироз илиқлик илинтирадиган ғалати қатъиятликни пайдо қилгандек эди. Бироқ, бироқ бу билан кимни, кимларни, ё ўзимни алдаётганимни фарқлолмасдим. Аммо…
Аммо қишдан бир амаллаб чиқилган пайтлар, одамларнинг тут пишиғига интизор кўз тиккан паллалари эди. Шу кунги хат-хабарларни чарм сумкага саралаб солаётган жойимда юрагимни зириллатган қора хатга кўзим тушди-ю, шошиб кўз югуртирдим. Бирдан ҳайқириб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Бу аччиқ ҳайқириқ гўё юрак-юрагимни илдиз-пилдизи билан суғуриб олгандек отилиб чиқди.
– Аҳ, укажон, укажонгинам-а!..
Биргина омон қолган оёғим пол устида пахта босгандек бир-икки силтаниб, қадамини тополмадими, мувозанатимни тутолмай қолдим. Гурсиллаган товуш қулоғимга элас чалиниши асносида бошим бир нимага қарсиллаб урилганини кейинроқ сездим…
Бир маҳал кўзларим хиёл очилгандек, ҳушимга бироз келгандек бўлдим-у, қаерда ётганимни англадим. Чанг босган деразадан тушиб турган шомги зулмат чоғроққина хонага ҳукмронлик қилгандек ҳеч нимани илғатмас, фақат кўкка эндигина кўтарилишга тушган олисдаги ойнинг бир тутам нурини кафтида ғира-шира тутгандек эди. Рости, тургим келмас, нафас олишниям истамас, нуқул пиқиллаб йиғлардим, холос. Бўғиқ йиғи бўғзимни йиртгудек тўлиқтириб-тўлиқтириб товуш уради. Гўё бир кўрпа остида катта бўлган укамнинг, укажонимнинг бўйини димоғимга уради.
– Укажон, укажоним-а… Онамга, онамга нима дейман? Онамнинг чидолмаслигини, кўтара олмаслигини билардинг-ку!..
Қаерга қарсиллатиб мушт урдим, билмайман. Аммо эски стол устидаги шиша довот ичидаги пероли ручка бир қалам сиққулик гардишида уч-тўрт бор қитирлаб айланганча, дириллаб тўхтагани қулоғимга чалинганини англадим, холос.
Йўлда кетаяпман-у, худди зулмат қўйнидан бош кўтарган қора хат олган бир тўп одамлар ғамгин боқиб тургандек, юрак-юрагимга оғриқлар санчилди. Қўлтиқтаёқни маҳкам сиқимлаган қўлим мушт туккан. Қанийди, қанийди ўша малъун фашист ёнимда бўлиб қолса-ю, истеҳзоли кулиб турган башарасини янчиб ташласам. Нимадир ич-ичимдан қўққис тошиб келди-ю, тун зулматини ёриб атрофга таралди.
– Ҳаҳ, газанда фашист!.. Ўлдираман! Ўлдираман ҳаммангни!..
Ҳовлига кириб келаяпман-у, гимнастёркамнинг ички чўнтагида бир қориндан талашиб тушган укамнинг, укажонимнинг тақдирига қўйилган нуқта – қора хатнинг чангали юрагимни қаттиқ сиқимлаган, сира қўйвормас эди. “Йўқ, – дейман ўзимга-ўзим. – Онамга ўла-ўлгунимча билдирмайман. Майли, бир умр укамни кутиб яшасин, умиди сўнмасин”.
Шу пайт кимдир зорланиб шивирлагандек бўлди. Шошиб атрофимга алангладим. Ҳеч ким йўқ. Билсам, ўзим эканман.
– Онажон, жон онажон, мени кечиринг, шумқадам ўғлингизни кечиринг…
2020 йил, 18 апрель