Собир Ўнар. Сел (ҳикоя)

– Чеча, чеча дейман, – худди онам унинг сўзларини эшитмаётгандай, аммам турткилайди. – Бир томоғим куйишди-я, товоним ҳам қизиди. Ортидан борай дедим. Чопиблар кетай дедим, тизза сабил қақшайди, чол ўлгурга қарасам, оғзида нос, узалиб мудраяпти. Худо мени бойлади, мен харом ўлгурни бойлади.
– Қизжон, тақдирга таъбир йўқ. Ойингиз ботса, офтобигиз чиқиб келяпти. Оллодан домонгир бўлманг.
– Чеча, чечажон-ов…
Аммам онамни уйғотмоқчидай гўё. Челакдан бир пиёла муздай сув олиб узатади. Доғ сув қилиб берайми, дегандай мўлтайиб қарайди, аммам сўзсиз тушуниб:
– Бўлди, керакмас, ичим ёнди, шу бас, – дейди.
Тоғамнинг ўғли Алимурод мулла келиб қолди. Ажаб савдонинг устидан чиққандай бўлди: икки аёл ҳам жим эди. Вазиятни англаб, ўзича бир тебраниб, томоқ қиргач, кўзларини пирпиратди, сўнгра қобоқларини йириб очиб:
– Амма, – деди салмоқлаб, – билсангиз, бу бола сизнинг халоскорингиз. Тушунган тушунади, аёл кишига буни англатиш оғир масала, чунки у бугунни, ҳозирини ўйлайди, ожиза, заифа… – деб бошқа гап тополмагандай: – Ўзи ҳаммамизам шу, – деб қўшиб қўйди.
Бошқа давом этмади. Ўрнидан турди.
– Худонинг ҳикмати кўп, – деди эшикка йўналиб. – Ортига бир қайрилдию, аёллардан садо бўлмагач, олға қадам босди.

* * *

Қирқ йилда бир офат келади.
Сув – офат.
Йўқ, сувсираган бу даштга асли намгарчилик керак. Ўзларининг таъбири билан айтганда осмонга қараган одамлар. Ёмғиру қор мўл бўлган йил ҳаётларига бахт киргандай бўлади. Қурғоқчилик бошланса булоқларнинг суви камайиб, қуриб ҳамманинг абгори чиқади. Ичгулик сув ахтариб ҳар ёққа елади. Лекин ўша йили ёғингарчилик кўп бўлган, кўклам адоғида ҳам ёмғир ёғавериб, шифер билан ёпилмаган молхонаю сомонхоналар ивиб қулаб тушган. Одамлар қуёшни соғиниб қолган. Сал ёмғир севаласа, ариқлар лойқаланиб, сойдаги шарқироқ катта сув ҳам бўтанадай бўлиб қолар, оғиз сув ҳам арзанда бўлгач, эрта-кеч тарновлар тагига пақирларни элтиб қўйишар, ҳарна шиферли томдан жуда лойқа сув тушмас эди-да.

* * *

Сел дегани бало. Балои азим. Сой тўлиб қиёмат оқиб келади.
Ўша йили баҳорда бундай ваҳимали сел келгани йўқ. Ҳув саратоннинг бошида, июн оёқлаганда бир жала ёғдию ҳамма ёқни сувга ботирди.
Сел тоғнинг бошидан келмайди. Аксинча, адирлардан, жилға, жар, жирналардан тўпланиб катта сойга бир пайтда тушганида селга айланади. Тикка тоққа ўрлаб кетадиган қишлоқнинг тўридаги одамлар селдан талофат кўрмайди, чунки улар бош томонда жойлашган, қишлоқ адоғида эса нима бўлса бўлади. Аммо селнинг ҳайбати шу даражага етадики, мол-ҳол, дарахтларни қўлбола ўйинчоқдай олдига солиб “ҳайдагани” ҳолда, одам бўйи тошларни ҳам юмалатиб келаверади.
Бурноғи йилларда сел туфайли фалончининг пистон келини бешиги билан оққани, сойда арқонланган сигири селга қўшилиб кетгани ва ҳоказо гаплар болалаб юрган. Аммо эсимизни танибмизки, ҳар йили сел кўрдик, сойга уйи яқин Райим домла, Ҳикмат қоровулнинг иморатларига ҳам заҳа етганини билмадик.
Қирқ йил қирғин бўлса ҳам ажали етган ўлади…
Ўша йили ер намга тўйган эди. Ер чанқоқ бўлганида бугина жала, бир пасилгина жадал ёққан ёмғир олам-жаҳонни сувга бўктириб кетмас эди.

* * *

Аммамнинг уйи қишлоқнинг тепароғида, шу боис жалани селга айланади деб ўйламаган чиқар, катта ўғли Барот ўзини ойнага солиб, узун ўсган зулфини бир-икки тупуклаб, кўнгли тўлмагач, вазелин суриб, шу ҳолида келиб онасига термулиб қараши ҳам ҳеч нарсани аглатмас эди аслида. Ҳатто:
– Тоғамникига бораман, қизига уйланаман, – дейиши ҳам ҳеч кимни ҳадиксиратмади. Шу хушбичим, келишган, лекин ақли норасо йигитча балки йиллар ўтиб, эс-ҳуши тўлишиб, бир норғул инсонга айланиши мумкинмикан, деган умид пайдо қиларди ота-онасининг кўкайида.
Йигит чиндан ҳам гўзал рафторга эга эди. Пўрим йигитлардек тор болоқли шим кияр, тор кўйлак, унинг тепа қисмидан икки тугмасини ечиб, ҳали тук чиқмаган кўкрагини намоён этар, чап энгагидаги холи атрофидаги беш-ўнта соқолсифат туклар ҳам ўзига ярашиб тушган, сочи жингалакка мойил, эгилувчанлигидан ортга тараса бўлар, шу ҳолича қолдирса яхши, бироқ сочга алоҳида оро берардики, тарам-тарам, учлари жингалак бўлиб, охир-оқибат ялтираб ҳам турарди. Қошлари, ҳатто ҳали мўйлаб деб атаб бўлмайдиган мўйларини ҳам силаб ялтиллатиб, олифта ўсмир кўринишига келгач, бир мўмин бўлиб онасига термулди. Турди-турди-да, ўнг қўл кўрсаткич бармоғини алоҳида кўкка нуқиб:
– Тоғамнинг қизига уйланаман, оти Зулфия, – деди.
– Майли, болам, аввал тоғангнинг хотини қиз туғсин, катта бўлсин, кейин уни сенга бермай кимгаям берарди.
Йигит бу гапнинг маъносини тушунгандай бўлиб индамай қолди, онаси ўйладики, ҳозир у қучоғини очиб келади, бағрига босади, ҳатто юзидан чўлпиллатиб ўпиб олади, одатда, меҳрибон, эс-ҳуши жойида бўлган фарзанд шундай қилади. Йигитча худди шу шашт билан онасига юзланди, яқинлашиб келди, қучоқ очгудай ҳолатда эдию, тағин ақлли инсонларга хос, ғоят меҳр билан юзини икки қўллаб силади, кўзларига бир бошқача тикилди, сўнг шартта қўлларини олиб сочларини атай тўзитиб эшикка қараб тез юрди, кетаётиб токчадан фонарини олди, йўл-йўлакай уни ёқиб-ўчириб кўрди. Онаси куппа-кудузи фонарни нима қиларкан, деган хаёлга борди, сўнг тунда қайтса керак бўлар-да, деб индамади. Шу бир сонияда фарзанди бирам ақлли туюлдики, ортидан бориб қучиб эркалагиси келди.
Йигит узоқлашиб кетган эди.
Қуёш чарақлаб турса ҳам енгил ёмғир севалар, сомонхона дарчасида қўниб олган қизғиш патли товуқ тухум қўйиш маъносини берувчи майин, бир хил оҳангда қоқолашни бошлагач, ортига бурилди.
Шунда томоғи қуришганини сезди…
Товони ҳам қизиётган эди. Дарҳол пайпоғини ечиб, оёғини даҳлиздаги зах ерга босди…
Эри бепарво, оғзида нос, кўзлари ярим юмуқ, мудраб ётар эди…
Эгизаклари Ҳасан ва Зуҳро – бири дераза рахига ўтириб, бири гиламда, оёғини узатиб телевизордаги “мультик”ни берилиб томоша қилишмоқда.

* * *

Аммам тўрт фарзанднинг каттаси, бобомнинг бош боласи бўлгани билан ягона қиз бўлгани боисми, жуда эрка эди. Шаҳарда ўқиб домулло бўлиб келган Аҳмад муаллимдан совчи келгандаям обдон тихирлик қилган, тегмайман деб туриб олган, отасининг ана-мана овутувчи гапларига бўйни ёр бермаган, охири онасининг:
– Ўқимишли одам, хўп де, бўлмаса қанча фаришталар тегаман, деб ўлиб турипти. Кимсан, бир ўтирикчи атторнинг қизи бўлсанг, ҳе, ўлмаганинг яхши, – деганидан сўнг бир қур ўнгирини йиғиштириб майл билдирган, катталарнинг қистови билан, куёв бўлмиш билан кўришгач эса яна бир қарра:
– Сап-сариқ пишакдай нарса экан, – деб толхошовлик қилган, “пишакдай нарса” бора-бора меҳр кўрсатиб, ўз измига солгач, мўмин қобил келинчак бўлди-қолди. Лекин қисмати аччиқ келди. Нарёқ-берёғи йигирма йилга ёвуқ тирноқ кутди. Худойим ол қулим демади. Дўхтир-пўхтирга кўринган чиқар, албатта, бироқ Асал момо, қушноч энамиз фарзанд бобида жуда билгич эди. Кимлардир ирим билан бир нарсалар, мисол дейлик, тошбақанинг моягини тавсия қилса, ҳадеганда болали бўлиб кетганларини бот-бот эшитар эдик. Аҳмад домлага келганда эса доим сукут сақларди.
Туш кўрарди момом. Тушида аён бўларди. Лекин ёмон гапни, айниқса ажални тилга чиқармасди. Бир куни онамни яқин олиб:
– Шу қизжоннинг куёвининг пушти соғ эмас, – дебди.
Бу – тушининг таъбири. Бўлар гап ҳам шу. Асал момомнинг бу борада хато қилгани ёхуд алдам-қалдам қилиб, бировнинг пулига эриб иш қилганини эшитмаганман.
Сўнгроқ, домланинг таъзиясидан кейин маълум бўлишича, домла шаҳарда ўқиб юрганида, ядро физикаси лабораториясида иш олиб борганида, ўзи билмаган, уруғи куйган экан. Ҳатто буни аммамга ўзи очиқ айтган, лабораторияда бирга ишлаган шериклари ҳам бефарзанд эканликларини айтиб, шу соҳани танлагани чакки эканидан пушаймон бўлган, лекин умрининг охирига қадар аммамни ва айвонида, яккамихда арқонланиб турган қизил саманини ёнидан жилдирмаган. Не дард билан ажал келган, биров билмайди, бироқ муаллимнинг ортидан фарзанди, боласи эмас, аммам дод солиб, оти… мунғайиб йиғлагани рост!
Саман оти йиғлаган эди, кўрганман, десам ёлғон гап бўлади, аммо жанозаси куни маййит ҳовлидан чиқарилаётганда от безовта бўлиб кишнайверганида, охири оқсоқол:
– Қани, нўхта-юганини олиб қўйиб юборинглар-чи, кўрамиз, – деган.
Бўшатилган от одамлар билан мозорга эргашиб борган. Одамлар тарқалганда ҳам тураверган. Қариндошлар зўрлаб келтириб боғлаб қўйишган. Эртасига боришса, не кўз билан қарашсинки, от қабр устига бош қўйиб… йиғлаб ётганмиш…

* * *

Аммам бу обод, аммо энди шамол эсиб ётган ҳовлида бир йил турди. Сочи оқарди. Бир хотини ўлмиш сўққабош келиб етаклаб кетди. Аммам шу уйни гуллатди. Болаларини – болам, деди, эрини тўрам, деди. Худо ол қулим, деди: сочи оқарганда – Баротни туғди, кейин эгиз: Ҳасан-Зуҳро, кейин яна қиз…
Бахт бераман деса, кечи бўлмас экан-да.

* * *

Барот этакдаги овулга, Ўткир тоғасиникига отланган. Тоғасининг хотини Улбўсин тўрт ўғил ўстиряпти, кейингиси – қиз бўлади. Бир сулув қиз туғилади, кўзлари, қошлари унинг… эҳ, улғайса уни хотин қилиб олади! Ҳамманинг хотинидан гўзал бўлади у, кўрасиз, ҳа, кўриб қўясиз!
Кетаётиб у Шукур дўмнинг жоноқи қизил олмаларидан териб еди. Яхшисини саралаб еди. Қишлоқда фақат Барот ўғри эмас, бошқалар олмага тегса – ўша заҳоти муттаҳамга чиқади. Биргина Барот хоҳлаган уйга ҳайқириб кира олади, хоҳлаган нарсасини сўрайди ва қозонида борини еб кетаверади. Тўхтаб дўмнинг олмасидан тишлаб отаркан, девор бўйлаб кўринган дўмнинг кампиридан овқат ҳам талаб қилади. Қовоғини уйса, ёмон кўради. Косани бўшатаётиб Улбўсин янгаси эсига тушади. У икки коса овқат беради, бирини иссиғида, бирини сал совутиб ейди, лекин янгаси қовоқ уймайди, қайтанга эртага туғажак қизини келинликка тортиқ қилади. Ажойиб-да бу янга. Ўткир тоғаси ҳам анов куни велосипед тузатаётиб эди, тузатса жиянига бермоқчи. Бу ҳам майли, келаси бозор яхши бир “сотовий” телефон обермоқчимиш…
Аслида Баротнинг хоҳлагани мотоцикль. У ҳаммага бу хоҳишини айтиб улгурган, одамлар айни эртакка ҳам кўникиб бўлган, қачондир улғайса, эсини таниган чоғда отаси балки бир эскироқ мотоцикл олиб ҳам олиб берар, аммо бу тахминга биров ишонмайди, тўғрироғи, эртак овулдаги тоғасининг унга велосипед тортиқ қилиши ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак. Сабаби тоғаси ҳарқалай унга мотоцикл ваъда қилган бўлсаям велосипед рамасини бошқа эҳтиёт қисмлари билан тўлдириб, ростмана велосипед тиклаётгани рост гап. Шу боис мотоцикл масаласида ҳам тоғасига суянса бўлади. Қолаверса Барот ўзи ҳам дуч келган иргадан мотоциклга дея “запчаст”лар йиғиб юрар, кун келиб улар қип-қизил рангли “ИЖ-Юпитер” русумли, ариқлар, тўлиб оқувчи сойлар устидан деярли учиб, вағиллаб еладиган тулпорга айланар. Шу хаёллар оғушида анграйиб, хаёллардан сармаст, илжайиб кетаётса, Исмоил фермернинг чорбоғида тўрт мелиса маёвка қилиб кайф сураётибди. Уларнинг бири ҳуштак чалиб Баротни чақирди. Борди. Ўтир, деди, ўтирди. Ичасанми, деди. Ароқ аччиқ бўлади, деди бу. Мўйлабинг бўртибди, аччиқ бўлсаям ичавер, деди у. Ичмайман, заҳарданам аччиқ, деди бу. Исмоил фермер кимнинг боласи экани, мактаб ўқимаганини шивирлаб, сабабига:
– Чунки… – деди олазарак бўлиб. Қўли билан миясига нуқиб айлантириб “анақа” ишорасини қилди. Барот буни кўрмай қолди. Кўрса… башарасини олиб тепарди. Лекин бошқалар тушунгансимон “ҳа”, “э”лаб қолишди. Бири чўнтагидан қўл телефонини чиқариб узатди. Барот дарҳол функцияларига кириб ўқий кетди, “игры”ни топиб “мусобақа”га киришди.
– Ана, соппа-соғ бу, – деди бир капитан.
Барот унга ўқрайиб қаради. Телефонни олиб тошга урмоқчи бўлди-ю, бироқ аппарат бегонаники эди-да.
Ёмғир шаррос қуйиб берди. Мелисалар ёстиқ, кўрпачаларини бошларига тутиб фермернинг уйига қараб чопиб қолишди.
У кўчада қолди. Биров бир оғиз юр, демади. Айвонда анграйиб турган қизчага қараб:
– Тоғамникига бораман, қизини беради. У сендан чиройли, – деди.
Қиз тилини чиқарди. Бу муштини силкиди.

***

– Жала тўхтамай ёғди. Кўп ўтмай сел келди. Бирдан қоронғи тушди, мол-ҳолларни киритишга ҳам улгурмадик. Бир одам фонар кўтариб темир кўприкнинг устида юрган экан. Сел қутуряпти, қаранглар-чи, ким экан, бир палакат бўлмасин, дедим болларга. Чиқиб, кўринмай қолди, деб қайтиб кирди каттаси. Билмабмиз-да, аттанг. Ҳалиям пушаймон қиламан, майор, ўзим чиқсам бўларкан.
Исмоил фермер мелисахонада шундай тушунтириш берди.

***

– Аммам телефон қилганда уйқуга ётаётган эдим. Чиқсам, гувиллаган сел, ҳаммаёқ сув, ваҳима. Унга велосипед созлаб қўйган эдим. Бугун-эрта кепқолади-ёв деб турувдим ўзимам. Қўлида фонари борлигини эшитиб у ёқ-бу ёққа қарадим, йўқда-е, зимистон, сел. Жала, бу ёғи – ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Келинингизни бўлса дард тутиб қопти десангиз, роддомга элтишга мошин топиш керак, мошин топсак, селдан ўтолмайди, шуйтиб оворагарчилик билан, ноилож, онам уйда туғдириб олди. Орада тонг ҳам отди. Қарасак, ит ҳуради, болларга қаранглар десам, олманинг тагида биров ётибди, Барот акамга ўхшайди, деб қолди. Учиб келдим. На бирон жойида яра, доғ бор, сочи ҳам қўқимаган, ҳатто ҳаммаёқ жала, сел – кийими ҳам ҳўл бўлмаган, баччағар жиян, кулимсираб ётибди. Худди ҳозир Ўткир тоға-а, деб туриб келадигандек.
Қизиқ, шу куни қорақош, оппоқ қизим дунёга келди. Исмини Зулфия қўймоқчимиз. Ажабланаман-да, ҳайронлар қоламан, жиян шу туғилмаган қизнинг қўлини сўраб юрар эди, ҳаётнинг зарбасими, ҳазилими – тушунмайман. Ўлай агар, ҳеч тушунмайман, ўртоқ майор.

* * *

Мулла Алимурод аёлларни юпатмоқчи бўлганидан бехабар, Тошкентдан бориб уйга кирсам… икки кампир ўтирибди. Бири аммам эканини овозидан билибман, Худоё тавба. Ой юзли, бодом қовоқ, бизни ва болаларини, айниқса, Баротини еру кўкка ишонмайдиган шаддод аммам… бир кунда қариб, чўкиб қолибди.

Барот жиянимни эсласам – кўнглим ёришади, аммамга қарасам – қўрқаман…
– Бобурми? – деди онамга юз буриб.
– Бобур бу ердагиси. Бу – Собир – деди онам.
Беихтиёр хўрлигим келди…