Саид Анвар. «Вредност» (ҳажвия)

Бизда атрофга разм солиш деган нарса йўқ. Агар андак диққат қилганимизда қандай топқир, донишманд одамлар билан замондош эканлигимизни билардик, фархланардик. Мана, шуларнинг биттаси Раҳмонназар. Уни биз ҳайдовчи деб юраверган эканмиз. Калласида шундай фикрларни жамлаган эканки, уларни эшитиб туриб бутун қишлоқ ёқасини ушлади.
Воқеа оддий нарсадан бошланди. Матвали ака почтачи билан айтишиб қолди. Одатдаги ҳол: кимнидир нафақасини вақтида олиб келмайди ёки беш-ўн сўм «чиқим»ига ушлаб қолади — жанжал чиқади-да. Аммо бу галги жанжал юқори савияда, ўта кўтаринки руҳда ўтди.
Қаранг, Матвали акага ўн минг сўм, хотинларига эса ўн икки минг сўм нафақа берибди!
Қани бу ерда адолат?
Матвали ака ҳам туғилганидан буён пахтанинг ичида, хотинлари ҳам. Қайтанга, хотинларидан кўп ишлаган бўлса ишлаганки, аммо кам ишламаган. Масалан, хотини олтита болани туғиш учун ҳар бирига энг камида икки ойдан сарфлаб, йўқ деганда ўн икки ой далага чиқмаган. Ака эса шу даврда ҳам жонини жабборга бериб ишлаган. Энди хотинлари ўн икки минг, у киши ўн минг нафақа олиб турса, демократик давлатда яшаяпмиз, қани бу ерда ҳақиқат!? Бемалол ёқалашса арзийдиган ҳолат!
Одам тўпланди: сабзисига сув қўяётган Саримсоққўзи чиқди, кетмонинг лойи билан. Унинг ортидан аччиққина шўрвани терлаб ичиб, эндигина ёнбошламоқчи бўлиб турган Соли қассоб, сигирининг канасини тераётган Тошпўлат тоға… Улар сафига ҳатто бозордан келаётган Номозвой қопи билан, Урайим тезоп тракторини йўл четига тўхтатиб қўшилди. Аммо уларнинг бирортаси ҳам Матвали аканинг ўта мантиқли далилларига нисбатан жўяли жавоб айтишолмади. Шунинг устига Раҳмонназар келиб қолди. У Матвали аканинг: «Каллангни ишлат, шуям инсофданми, давлат қаёққа қараяпти ўзи!?» деган сўзлар билан безалган ҳикматларини эшитди-ю, акага тушунтириб:
— Заҳарли моддалар билан ёки ноқулай об-ҳаво шароитида, масалан, қирқ градусдан ортиқ иссиқда ишлаганларга давлат вредность, яъни қўшимча пул беради. Опамларга ҳам ана шунақа пул қўшиб берган. Шунинг учун сиздан кўп нафақа олишган, — деди Раҳмонназар.
— Ҳов, сен, каллангни ишлат! Қирқ градусли, заҳар сепилган ўша пахтанинг ичида менам ишлаганман. Ўша вредносингни олишга мениям юз фоиз ҳаққим бор биринчи ўринда, — ака бўш келмади.
— Опамга қирқ градус иссиқда ишлаганлари учун қўшиб беришгани йўқ. Сиз ичардингиз-а? — қўққис савол ташлади Раҳмонназар.
Ака бу савол муаллифи қулоғи остида шапалоқ қайнатай деди-ю, одамлардан уялдими, нос каплади.
Дарвоқе, Матвали ака маҳаллага сўпи бўлгунича хўп ичарди. Аввалига бирор баҳона бўлса ичишарди. Кейинчалик баҳона топиб ичадиган, бора-бора баҳонанинг ўзи акани излаб келадиган бўлди. Қарабсизки, бир чиройли… Ҳозир ҳадим, мотам маросимлари бўлса, умуман ичишмаяпти! Аммо бунинг нафақага нима боғлиқлиги бор? Ҳамма ҳайрон бўлиб, Раҳмонназарнинг оғзига тикилди:
— Ичардингиз. Ҳар куни уйингизга маст бўлиб келардингиз. Опам билан бир уйда яшардингиз, тўғрими?
Жавобнинг ўрнига, ака носини четга юракдан чиқариб туфлади.
— Опамларга, — Раҳмонназар ҳар сўзини таъкидлаб давом этди, — қирқ йилдан буён сиз билан яшаб, оғзингиздан чиққан ароқнинг сассиқ ҳидига мардона чидаб келгани учун вредность — қўшимча пул берилган!
Бу гапдан кейин Саримсоқ кетмонининг орқасини зарда билан ерга урди. Султон қассоб қойил қолганлигини бошини чайқаб, «Ҳайт!» дейиш билан ифода этди. Урайим тезоп трактори томон юраркан, Раҳмонназарнинг елкасига қоқиб, «Маладес, бопладинг!» деди.
Бунақа топқирлик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди-да. Хуллас, Раҳмонназарнинг гапига ҳамма қойил қолди. Ҳатто Матвали ака хотини олдида тан бериб, баралла хитоб қилди:
— Ичма, ичма, деяверардинг!.. Мана, ароқнинг ҳам фойдаси тегиб қолармикан!