Саид Аҳмад. Синовчи ичувчи (интермедия)

(Қўлида микрофон билан радио мухбири киради)
М у х б и р . Ҳурматли радиотингловчилар. Биз шаҳримизнииг йирик корхоналаридан бири бўлмиш вино заводининг маза кўриш, яъни янги виноларнинг сифатини аниқлаш цехидамиз.
Шу пайт олдига клеёнка фартук тутган, бурни қип-қизил киши унинг олдига ўтади.
Мумкинми, ўртоқ? Бир минутга мумкинми? (Киши тўхтайди, унга қўл узатиб кўришади). Кечирасиз, ўзлари шу ерда ишлайдиларми?
К и ш и . Ҳа, бу заводда мендан эски уста йўқ. Қирқ йилдан бери ишлайман. Завод биринчи маҳсулот чиқарганда ўзим синаганман.
М у х б и р . Гапингизга тушунмадим. Нимани синагансиз?
К и ш и . Мен завод чиқазган виноларнинг биринчи бочкасини очиб, таъмини кўриб, сифатини аниқлаганман.
М у х б и р (микрофонга). Азиз радио тингловчилар! Ҳар бир корхонанинг маҳсулоти сифатини аниқлайдиган ўз синовчилари бўлади. Масалан: янги самолётни биринчи учириб берадиган учувчини синовчи учувчи дейдилар, янги автомашинани биринчи юрғизиб берадиган шофёрни синовчи ҳайдовчи дейдилар. «Мана, қаршимизда турган барваста қоматли, қараши бургут нигоҳини эслатадиган, бутун вужудидан куч, ғайрат, садоқат, вафо сезилиб турган киши мана шу заводнинг синовчи ичувчисидир. Шундайми?
К и ш и . Албатта. Мен заводнинг старший синовчи ичувчисиман.
М у х б и р . Ўз ишларингиз, муваффақиятларингиз тўғрисида радио тингловчиларга икки оғизгина гапириб берсангиз.
К и ш и . Жоним билан. (Микрофонни унинг қўлидан олади.) Қирқ йилдан бери синовчи ичувчиман. Мен ичиб кўрмасам, бу заводдан бир томчи ҳам вино, арақ дарвозадан ташқарига чиқмайди. Мен ичиб, сифатини аниқлаб берганимдан кейин шишаларга қуйилиб магазинларга чиқазилади.
М у х б и р . Кечирасиз, кунига қанча винони синаб кўрасиз?
К и ш и . Ҳар куни заводимиз йигирма тўққиз бочкадан шишаларга вино қуяди. Демак, йигирма тўққиз бочканинг ҳар биридан юз граммдан ичиб кўрсам, кунига икки литру тўққиз юз грамм ичиб кўрарканман.
М у х б и р . Кунли ичиш нормангиз…
К и ш и . Ичиш деманг, синаш, денг.
М у х б и р . Кечирасиз, демак, кунли ичиб синаб кўрадиган виноларингиз салкам уч литр бўларкан-да.
К и ш и . Баъзан ошиб ҳам кетади. Чунки шундай бочкалар бўладики, ундаги винолар сифатини аниқлаш анча қийин бўлади. Ана ўшандай пайтларда икки-уч марталаб синашга тўғри келади. Кўпинча савдо ташкилотларидан истеъмолчиларнинг шикоятлари асоси-да бизга қоғоз келиб туради.
М у х б и р . Бу гапингизга тушунмаяпман. Радио тингловчиларга очиқроқ қилиб гапириб берсангиз.
К и ш и . Очиғи шуки, райпишчеторгларнинг искаладларида винони ўзлари ичиб, камига сув қўшиб қўйиш ҳоллари ҳам бўлган. Ана шунда шишаларни дўконга бориб очиб синаб кўриш вазифаси менинг зиммамга тушади. Шундай пайтларда кунига икки юз шиша синаб кўрган пайтларим бўлиб туради.
М у х б и р . Кечирасиз, Сиз жуда масъулиятли вазифани бажараркансиз. Ўз ўрнингизга шогирд тайёрлаш масаласида ўйлаб кўрганмисиз? Ахир кадр масаласи жиддий масала.
К и ш и . Ўйлаб кўрганмиз. Шогирд масаласи қийин бўляпти. Бир неча бор ёшларни олиб келиб, ёнимда олиб ишлатиб юрдим. Бу йигитчалар иккй кунга чидамай, йиқилиб қолишяпти. Баъзилари бирипчи куниёқ ҳушёрхонага тушишяпти. Хайрият, ҳушёрхонада менинг шогирдим эканлигини билиб қолишиб, машинада уйига обориб қўйишади. Актни ҳам хизмат юзасидан ичган, ичиш унинг касби, деб ёзиб қўйишади. Шундай қилиб, шогирд масаласида жуда қийналганман. Ҳозир ўнинчини битирган бир болани шогирдликка олдим. Ҳозирча дуруст. Ҳозир ўзини чақираман. Маҳаматка! Ҳо, Мўнка!
(Соч-соқоли ўсиб кетган, ширакайф стиляга бола киради.)
Мана шу янги шогирдим. Келганига бир ҳафта бўлди, чидаяпти. Тўғри, биринчи куни йиқилиб қолган эди, эртасига бемалол уйига ўзи кетди. Қанчадан синаяпсан, бола?
М а ҳ а м а т . Кунига бир литрдан оширяпман.
К и ш и . Дуруст. Бу келажакда менинг ўрнимни босади.
М у х б и р . Демак, ўринбосарингиз бор?
К и ш и . Маҳаматка, энди сен ишингга бор. (Маҳамат кетади.)
М у х б и р . Айтинг-чи, заводда қирқ йилдан бери ишласангиз, умумий синаган виноларингизнинг миқдорини айтиб бера олмайсизми?
К и ш и . Ҳаммасини айтолмайман. Аммо ўзим ичганларимнинг ҳар юз граммини юз литрга чақсангиз ҳам мен ичганим маълум бўлади. Масалан, мен кунига уч литрдан ошиқ ичган бўлсам, шу уч литрдан ортиғини ҳисобламай, уларни дам олиш кунлари ҳисобига ўтқазиб, ҳар йилнинг уч юз олтмиш кунига сочинг, қанча бўлади?
М у х б и р . Йилига бир минг саксон литрдан ичиб, синаган бўласиз.
К и ш и . Ҳа, балли. Йилига шунчадан бўлса, мен бу заводда қирқ йилдан бери ишлайман. Энди шу минг саксон литрни қирққа кўпайтиринг. Қанча бўлади?
М у х б и р . Қирқ уч минг икки юз литр бўлади. Мана шу қирқ уч минг икки юз литр неча бочка бўлади?
К и ш и . Ҳар бочкага юз литрдан сиғади. Бу ёғини ҳам ўзингиз бир ҳисоблаб чиқинг-чи.
М у х б и р. Тўрт юз ўттиз икки бочка бўларкан. Вой-бў, бир ўзингиз тўрт юз ўттиз икки бочка винони ичвордингизми?
К и ш и . Ҳа, албатта. Бу бизнинг вазифамиз. Ўз касбимизга камоли ихлос қўйганимиздан, шу касбга муҳаббатимиз зўрлигидан муваффақият билан ўз ишимизни давом эттириб келяпмиз.
К и ш и . Айтадиган гапларим кўп. Аммо бугун қирқ бочка синашим керак. Шунинг учун қолган гапларни кейинги суҳбатда айтиб бераман.
М у х б и р . Яна бир минут вақтингизни оламан. Оила аъзоларингиз ва уларнинг касблари тўғрисида ҳам айтиб берсангиз.
К и ш и . Жоним билан. Катта қизим тикувчилик фабрикасида синовчи киювчи бўлиб и1шмшди. Фабрика чиқазган жамики кийимларни биринчи бўлиб уч-тўрт кун кийиб беради. Кўйлак, костюм, ич кўйлак, кейин, манаву ерида тасмаси бор икки хонали хотинлар тақадиган нарса бор-ку. Ўшанисидан кўпроқ синайди. Иккинчи ўғлим консерва заводи чиқазадиган гўшт консерваларни синайди. Ўртанча қизим кондитер фабрикасида синовчи яловчи бўлиб ишлайди. Фабрика чиқазадиган шоколад, конфет, торт, пирожний каби ширинликларни ялаб синаб кўради. Кенжа қизим шаҳар ошхона ва рееторанлар трестида синовчи ҳўпловчи бўлиб ишлайди. У бутун шаҳарда қандоқки ошхона, қандоқки ресторан бўлса, ҳаммасини шошмай айланиб, қозонидаги овқатларини ҳўплаб синаб беради. У ҳўплаб бўлгандан кейин овқатлар хўрандаларга сотилади.
М у х б и р . Демак, фарзандларингизнинг ҳаммаси ҳам ота касбини танлашибди-да.
К и ш и . Кенжа қизимни айтмабман. Кенжадан иккита. Яъни Фотима-Зуҳролар. Шу Зуҳро қизим пойабзал фабрикасида синовчи йўрғаловчи бўлиб ишлайди.
М у х б и р . Бу қанақа вазифа?
К и ш и . Бу шундоқ вазифаки, янги чиққан пошнаси бигиз туфлиларни кийиб комиссия олдида йўрғалаб юриб кўрсатади ва бир ҳафта кўчаларда ҳар хил шароитда, масалан, ёмғир, мабодо ёмғир бўлмаса, сув сепилган йўллардан юриб, тупроқли жойлардан юриб, лой кечиб синаб беради. Шундай қилиб, болаларимнинг бири синовчи еювчи, бири синовчи яловчи, бири синовчи ҳўпловчи, бири синовчи йўрғаловчи, бири синовчи киювчи бўлиб ишлашади. Улар ўзларига топширилган вазифани планданошириб бажариб келмоқдалар.
М у х б и р . Кечирасиз, келин аям ҳам бирон жойда ишласалар керак?
К и ш и . Йўқ, ҳозир ишламайди. Аввал у трикотаж фабрикасида ишларди. Яъни, у синовчи киювчи эди. Янги пайпоқларни кийиб синаб берарди. Хотин киши қаримасин экан. Озиб, оёғи халта бўлиб стандартга тўғри келмай қолди. Айниқса, болдири сўлиган бодрингга ўхшаб тўпиғига осилиб тушиб қолди. Ҳозир пенсияга чиққан.
М у х б и р . Демак, келин аям уйда овқат қилиш, кир ювиш ишлари билан банд эканлар-да.
К и ш и . Йўқ. Бизнинг уйда овқат қилинмайди. Масалан, ўғлим ўзи синайдиган консерва заводидан синаш учун тўрт-бешта консерва олиб келади, бутун оила аъзолари бир бўлиб, кечки овқат пайтида синаб қўя қоламиз. Эрталабки нонушта пайтида кондитер фабрикасида ишлайдиган қизим синаш учун конфет, печенье, торт, шоколад олиб келади. Бутун оила аъзолари бир бўлиб, бирпасда синаб ташлаймиз. Тушлик пайтида яна ҳаммамиз уйга етиб келамиз. Ошхона ва ресторанлар трестида синовчи ҳўпловчи бўлиб ишлайдиган қизим котлет, лағмон, кабоб, манти, сомса каби арзимаган нарсаларни синаш учун уйга олиб келади. Яна кўпчилик бўлиб бир соатда синаб ташлаймиз.
М у х б и р . Демак, келин аям фақат кир юварканларда?
К и ш и . Йўқ. Бизнинг уйда кир ювилмайди. Тикиш фабрикасидан қизим синашга кўйлак, пастки ич кийим, костюм, у-буларни олиб келади. Бир ҳафта кийиб, синаб яна фабрикага ўз фикрларимизни ёзиб қайтариб юборамиз. Ўрнига синаш учун ўша куниёқ янгисини юборишади.
М у х б и р . Мазмунли суҳбатингиз учун радио тингловчилар номидан катта раҳмат. (Қўлида микрофон билан залга қараб.) Шу билан вино заводидан, «Илғор синовчи ичувчи» деган репортажимиз тугади. Эшиттиришни олиб борган синовчи ёзувчи Тўлқиний. (Кишига қўл бериб.) Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
К и ш и . Қани, ичкарига марҳамат. Бир-икки бочкадан сиз ҳам синаб кўринг. Бирга синашамиз.
Мухбир. Раҳмат. (Иккови қўл бериб хайрлашишади.)