Мирзо Аҳад. Тўйга келинглар (ҳажвия)

Мен бундай дориломон замонда яшаётганимдан хурсандман. Уйланаман, деб бош оғритмайман. Керак бўлса қизларнинг ўзлари уйимга совчи юборишади. Ўзимни ҳам отам қўл-оёқли қилиб тарбиялаганлар. Супур-сидирдан бошлаб, то бола алласигача барисини эплайман. Очиғини айтсам, ҳаёлликкинаман. ҳали бирор қизга қўлимни ушлатганим йўқ. Автобусда биттасининг қўли қўлимга тегувди, этим бирам жимирлаб кетдики… Ўшандан бери бирор қиз қўлини қўлимга яқинлаштиргудек бўлса худди электр токи ураётгандек бўлади.
Совчиларга кетма-кет «йўқ, йўқ»деганимдан фиғони чиққан онам:
— Уйлангин, ёшинг ўтиб бораяпти. Сенга қараб отанг шўрлик «Ўғлимнинг бахти очилмаяпти», деб сиқиляпти. Икки укангнинг ҳам бўйи етиб қолди, — деявериб ҳол-жонимга қўймаяптилар.
Онамни тушуниш керак. Ёлғиз ўзлари бизларни ҳеч кимдан кам қилмай ўстирдилар. Отажоним уй беги, икки укам ҳам ўзимдек бекорсоз. Ҳар замонда бир зар дўппи ёки тўн тикиб сотишади, топган пуллари ўзларидан ортмайди, менинг эса бундай ишларга тоқатим йўқ. Тўғриси, пишир-туширдан қўлим бўшамайди.
Ҳар тарафдан тиқилинч қилаверганларидан сўнг охири уйланишга рози бўлдим. Қарийб уч ойдан бери уйимизга келиб кетадиган совчилар мени бўлғуси келин билан учраштирмоқчи бўлдилар. Хуллас, қиз билан учрашиш учун «Игвес» боғи томон кетаяпман. Отам мени кўзгу қаршисига ўтқазиб роса оро бергач, бўйнимга бувимнинг шол рўмолини «шайдойи» қилиб ташладилар. Кўчадаги қизларнинг бариси менга суқ билан қараб, «оҳ, даҳшатку!» деб гап отишади. Индамай юзимни буриб йўлимга давом этаман.
Маъшуқа қўлида бир даста гул билан мени тоқатсизланиб кутиб турган экан. Дарров йўлимга пешвоз чиқди.
— Оҳ, бунча интизор этдингиз, Мардонжон, — деди у илтифот билан, кейин гулни менга тутқазиб сайрай кетди. — Сизни олма пишиғида қариндошимизнинг тўйида кўриб, севиб қолганман. Сизсиз ўтган ҳар бир дақиқа менга татимайди. Илтимос, совчиларни қайтарманг.
Кўз қирим билан аста назар солсам Ойпопук бинойидек: тор шим, юпқа кофта нозик қоматига хўб ярашганки. Индамадим: сукут аломати ризо деганлар-ку?! Чамамда, ҳа демай тўйимиз бўлса керак. Никоҳ тантанамизга марҳабо. Тўйга келсаларингиз бирам қувонаманки…