Миркарим Осим. Карвон йўлларида (қисса)

1588 йилнипг ёз ойлари. Пишиқчилик. Шаҳар дарвозаларидан арава-арава қовун-тарвуз, узум, шафтоли ва турли-туман мевалар кириб турмоқда. Ҳаводан шарбат, тандирдан янги узилган нон ҳиди келади.
Шаҳар расталари худди арафа кунларидагидек ола-ғовур. Узоқдан қулоқ солган кишига гўё шаҳар ўртасидан катта бир дарё шовиллаб оқиб ўтаётганга ўхшайди. Салобатли, оғир мадрасаларнинг пештоқлари офтоб нурида жимжима қилиб, кўз қисаётгандек, ҳовлиқиб у ёқдан-бу ёққа югурган одамларни масхара қилаётгандск…
Бозор кўчаларининг чорраҳаларига солинган усти қуббали тоқлар ва уларнинг ёнидаги тор расталар асалари инидек ғувиллайди, ҳаммаёқ бозор аҳлининг шов-шувидан ларзага келади.
Абдуллахон қурдирган тўрт бурчакли тимга савдогарлар кириб-чиқиб турар, бу ерга чориқ кийган, бўз чопонли фақир одамлар сира йўламас эдилар, чунки ғиштдан гумбаз тахлит ишланган бу ажойиб, салқин, нимқоронғи тоқлар тагидаги дўконларда боёнлар киядиган ҳарир моллар харид қилинар, камбағалбоп карбоз (бўз) эса тим орқасидаги усти қамиш билан ёпилган растада сотиларди.
Тимга кираверишдаги тоқнинг икки томонида шойи чопон кийган, симоби саллали саррофлар олдиларидаги баркашларга тангаларини уюб ўтирар эдилар. Улар озгина ҳақ олиб, пул майдалаб берар ёки Ҳиндистон, Эрон, афғон пулларини Бухоро пулига алмаштирардилар. Бу саррофларнинг Ҳожитархон, Кобул, Деҳли каби савдо марказларида шериклари бўларди. Ўша шаҳарлардан келган савдогарлар бу ердаги саррофларга ортиқча тиллаларини ташлаб, улардан тилхат олардилар-да, ўз шаҳарларига бориб, уларнинг шерикларидан омонатларини олар эдилар.
Тими Абдуллахон ичида танлари қора, қотмадан келган саллали ҳиндлар, қизилмағиз араблар, кўк шойи чопонли, соқоллари хина билан бўялган Шамохий савдогарлари, гул ёқали узун кўйлак кийган, серсоқол барваста рус савдогарлари тоқлар остидаги дўконларнинг токчаларига тизилган ҳарир молларни томоша қилиб юрардилар. Турли-туман рангдаги шойи-атлас, ҳаворанг бахмал, зарбоф кимхоблар ажнабийларнинг кўзини ўйнатарди. Тимнинг тспасидан тушган ёруғликда ҳаворанг ипак бахмаллар турли-туман тусга кириб товланар, уларни кўлга олиб, офтобга солинса — ойнадск, одамнинг акси кўринарди. Уларни кўпинча Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарларидан, чет эллардан келган савдогарлар сотиб олиб кетардилар. Рус боярлари бу ердан олиб котилган зарбоф, бахмалдан кафтан кияр, бояр ва савдогар қизлари Бухоро шойиларига беланиб юрардилар…

Маскопга элчилар кетаётган эмиш, дсган мишмишлар тарқалгандан кейин баззозларнинг иши юришиб қолди, қимматбаҳо молларнинг нархи ошиб кетди, ҳатто касод молларнинг ҳам бозори чаққон, ҳунарманд-косибларнинг иши кушойиш топиб, қўллари илдам бўлиб қолди. Халқнинг ҳамма табақасига: ҳунармандларга, дўкондорларга, деҳқонларга ҳам жон кирди, чунки Россия бозорларида қимматбаҳо матолардан бошқа тайёр чопон, кўйлак-лозим, дўппи, бслбоғ, жайдари пахта, хом тери, қуруқ мева каби нарсаларга талаб зўр эди. Одатда Россияга кетадиган элчиларга катта савдогарлар карвони ҳам қўшилар, юзлаб туяларда той-той мол, пахта, тери, қоп-қоп қуруқ мева олиб кетар эдилар.
Бозорда шу овоза тарқалгандан кейин ҳамманинг патагига қурт тушиб қолди. Баззозлар, ҳунармандлар матоларшш қимматроққа пуллашга, карвон савдогарлари арзонроқ олишга уринардилар.
Тимга кираверишда чап қўлдаги шинам дўконда икки киши чордоиа қуриб, олдиларидаги қутича устига бурдалаб ташланган нон билан узум еб ўтирардилар.
Буларнинг бири баззозлар оқсоқоли Ҳожи Фаррух — олтмишларга бориб қолган, тетиккина чол эди. У суҳбатдошига ўткир кўзларини тикиб:
— Нархимизни ерга урманг, акун! Бизга жавр бўлади, охэ! — деди.
— Нега жавр бўлсин, ака мулло! Маскопда саккиз олчин шойи йигирма танга турайкан.
— Иби! Йигирма танга? Гўшингизга янглиш кирип тўхтапту, мулла Шокир. Ўттиз тангадан кам турмайдур.
— Ака мулло, ўтган сафар Ҳожитархон борганимда зўр-базўр ўн саккизданга пулладим, азбаройи худо. Шундан-шунга жон ҳовучлаб, тўрт-беш танга ҳаён кўрмасак, уят ахир! Бўлгани — ўн беш! — деди мулла Шокир қатъий қилиб.
— Ўн беш? Жинни бўлдингизми? — Ҳожи Фаррухнинг афти буришиб кетди. Осгидаги гулчинли упука маҳсисини силаб жилмайди-да:
— Майли сиз учун ўн саккиз танга! — деди.
Қадимда улгуржи савдогарларга сотиладиган молларнинг нархини бозор оқсоқоли кесиб берарди. Унинг айтгани айтган, дегани деган, сўзини икки қилиб бўлмасди. Баззозлар бу масалада унга сўзсиз итоат этардилар.
Ҳожи Фаррух нархи наво тўғрисида келишиб олгандан кейин, қўлига қоғоз олиб, баззозларнинг рўйхатини тузди ва ҳар бир номнинг рўпарасига улардан харид қилиш мумкин бўлган молларнинг миқдорини ёзиб қўйди.
— Нега хомуш тўхтадингиз? — деди оқсоқол афти бурушиб кетган мулла Шокирга кулиб қараб.— Тап тортмай олаверинг! Мол етмаса — жон. Пулингиз камлик қилса, нисфини насияга бергаймиз. Лафз бир — худо ҳам бир!
Мулла Шокир қариб-чириб юролмай қолган фарзандсиз Ҳожи Ҳамдамбойнинг бош гумаштаси эди. Бой ўз гумаштасини бир неча марта синаб кўриб, тўғрилигига ишонч ҳосил қилгач, ҳамма ишни унга топшириб қўйганди. Мулла Шокирнинг эрки ўзида, хўжасининг ишини ўз билганича бошқарар ва ҳеч қачон зиён кўрмасди.
У асли шойибоф устанинг биттаю битта ўғли эди. Отаси уста Муин ўз фарзандининг келажаги тўғрисида кўп ўйларди: «Шу болам ҳам катта бўлармикин, ҳунар ўрганиб, ишимни қўлимдан олармикин», деб бош қотирарди.
Уч шогирди ва бир халфаси бўлган бу уста деҳқонлардан пилла олиб, уйида пилла тортар, хотини билан икки қизи чарх айлантириб ипак йигирар, ўзи эса халфаси билан чуқурга — дўконга тушиб олиб, шойи тўқир эди. Шўх ва ўйинқароқ Шокир мактабдан келгандан кейин сассиқ буғ билан тўлган пиллахонага кириб, пиллакашларга бир оз ёрдам берган бўлар, кейин юраги пишиб кетиб, рангрезлик қилаётган шогирднинг олдида ивирсиб юрар, сўнгра дастгоҳ ёнида ишлаб турган отасининг орқасидан келиб қучоқлаб оларди. Дўмбоққина, кўзлари чақнаган Шокир ўзининг ёлғиз ўғил эканлигини, отаси унга қўл кўтаролмаслигини тўрт ёшлигидаёқ пайқаб олган эди. У баъзан кўчага қочиб чиқиб кетарди-да, ўртоқлари билан ён қўшнилари бўлган бева кампирга ҳовуздан сув келтириб берар, бозор кунлари эса ўша кампирнинг бир ҳафта давомида йигирган икки-уч калава ипини сотиб берарди. Отаси: «Бу бола девона чиқмасайди, ўз уйимиздаги иш бошимиздан ошиб-тошиб ётибди-ю, бировларнинг хизматини қилиб юради,— деб ўйлар эди.— Ке, қўй, шунинг ҳам ғамини еб ўтирасанми? Кўзи пишиб юрса, ахир бир кун ўрганиб кетар, олахуржун бўйнига тушгандан кейин ишламай қаёққа боради!» — деб ўзига-ўзи таскин берарди. Кейин ўғлининг ҳунар ўрганишга тоби йўқлигини кўриб, уни ўқитиб, мулла қилиш ниятида мадрасага берди. Бироқ Шокирнинг мадраса тупроғини ялаб ётишга тоби йўқ эди. Минг йил илгари ёзилган китобларнинг ўлик сўзларини ёдлаб ўтириш бу жонли, серғайрат йигитнинг феълига тўғри келмасди. У мадрасанинг зиндонга ўхшаш тор ва нимқоронги ҳужрасида узоқ ўтиролмас, юраги сиқилиб, кўчага чиқиб кетарди. У фақат таътил кунларигина уйига келганида ранги ўзига келиб, енгил нафас оларди. У тўқилган матоларни отаси билан бирга кўтариб, тимга олиб борар, у ерда савдогарларнинг узоқ мамлакатлар тўғрисидаги ҳикояларига астойдил қулоқ соларди, ўзи ҳам сафарга отлангиси келарди. Отаси ўғлининг мулла бўлолмаслигини пайқаб, уни Ҳожитархон ва Қозонга қатнайдиган Ҳожи Ҳамдамбойга гумашталикка берди. Мадрасада бир йил таҳсил кўргани учун уни мулла Шокир деб юритадиган бўлдилар.
Ҳозир у тимда, Ҳожи Фаррухнинг дўконида ўтирар экан, жиддий, пешонаси тиришган, молни арзонроққа олиб, қимматроқ сотиш устида бош қотирар эди. У қийиша-қийиша, нархи наво тўғрисида келишиб, ишни бақамти қилгандан кейин, харид қилинган матоларни Ҳазратимом дарвозаси яқинидаги катта саройга элтиб қўйиш тўғрисида хизматкорларга буйруқ берди.

Қиссанинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг