Муюлишдан чиқиб келган оппоқ “Ласетти” қассобхона биқинида жонсарак турган, олача чопон, кўк саллали, жиккак жусса қария ёнида тўхтади.
— Йўл бўлсин, отахон? — деб сўради олд ўриндиқда ўтирган, хумкалла, қош-қабоғи солиқ, қоп-қора одам.
Қария серсавлат уловга ҳуркинқираб яқинлашди.
— Жалпоқтошга.
— Ўтиринг, Чалпактепагача етиб оласиз.
— Маъқул, улим, барака топинг, — деди қария машина орқа эшигига қўл чўзаркан, — нариёғи яқин, бир амалларман.
— Тезроқ қимирланг, бува, — деб қўйди ҳайдовчи норизо оҳангда.
Орқа ўриндиққа ястаниб олган қуюқ сочлари ораста, силлиқ киши илкис сурилиб қарияга жой берган бўлди.
— Келинг, отагинам.
Қария жойлаша-жойлаша машинадаги ҳар уч киши ҳам кулранг “комуфляжка” кийимда эканини пайқади.
“Аскарларми дейман” — хаёлидан ўтди унинг.
— Ота, тортинманг, — деди орқа ўриндиқдаги ҳамроҳ узун-қисқа салом-аликдан сўнг. — Чалпактепагача, э-ҳе-е, яна қирқ километр, йўл нобоп, қулай жойлашиб ўтиринг.
— Раҳмат, улим, раҳмат.
Туман маркази, гавжум кўчалар, серҳашам уйлар ҳаш-паш дегунча ортда қолди. “Ласетти” дала-дашт йўлига чиқиб олди. Ўнгу сўлда экин майдонлари, ариқ-зовурлар, яккам-дуккам уйлар кўзга ташланади.
— Ҳалиги ерда нима қилиб тургандингиз, бува? — деб сўради ҳайдовчи пешойнадан қарияга кўз ташлаб.
— Улашнингма, Жобирнингма “Дамас”и кеп қолармикан деб кутиб тургандим. Шу иккови Жалпоқтошдан қатнайди-да.
— Марказга нега келгандингиз? Бозорга тушдингизми? — яна сўради ҳайдовчи.
— Э-э, бозор қаёқда, болам, — деб қария сийрак соқолини ўйчан силаб қўйди, — са-ал ташвиш билан ҳокимликка келгандим.
Унинг ёнидаги ҳамроҳ чолга ажабланиб кўз ташлади.
— Ҳокимликка дейсизми?
— Ҳа, ҳоким қабулига келгандим. Бизнинг Жалпоқтош тап-тақир дашт. Овулимизга, ҳечқурса, битта қудуқ керак. Қўни-қўшни мени илтимос билан жўнатишди. Ҳокимга учрашиб, арзимизни етказинг, дейишди. Шуйтиб марказга келиб эдим.
— Ҳокимга учрашдингизми? — яна сўради ён ҳамроҳ.
— Ҳа, — ўйчан бош ирғади қария, — кирдим, кўрдим.
— Қандай одам экан ҳоким?
— Оппоқ, келишган, бўйинбоғли одам экан.
Ён ҳамроҳ пиқиллаб кулиб юборди. Ҳайдовчи ҳам илжайган кўйи пешойнадан қараб қўйди.
— Эй, — деб пўнғиллади хумкалла, — ғийбат қилишга ҳокимдан бошқа одам қуриб қолганми санларга.
Қария, булар сўзларимга ишонмади, деган хаёлда шоша-пиша айтганларини исботлашга киришди.
— Чин, яхши одам экан. Мени кулиб кутиб олди, чой қуйиб берди.
— Ҳатто, чой ҳам қуйиб бердими, — ён ҳамроҳ қарияга худди ҳайратлангандек тикилди.
— Ҳа. Эшиккача кузатиб ҳам қўйди.
— Арзингизни тингладими?
— Ҳа, ҳал қилиб берамиз деб айтди.
— Сизни алдаб-сулдаб чиқариб юборган, — деди ён ҳамроҳ бош чайқаб, — У илтимосингизни бажармайди.
— Нега бажармайди? — ажабланиб унга тикилди қария, — ана, Президентимиз халққа қайиш, ёрдам бер деб ҳар куни айтиб турибди-ку. Юртбошимизнинг ишонган вакили бўлгандан кейин бажаради-да.
— Сиз ҳоким Президентнинг ишонган вакили деб ўйлайсизми?
— Ҳа-да, ишонганидан унга амал берган-да. Биров бир нимани ишониб топширгандан кейин бажариш керак, эсам, лафзсизлик бўлади, улим. Бу катта гуноҳ.
— Демак, — яна завқ билан кулди ён ҳамроҳ, — сиз ҳам ҳамқишлоқларнинг ишончини қозониб, ишни дўндириб қайтаяпсиз-да.
Қария кафтлари билан юзини силаган бўлиб кўзини яширди.
— Ҳа, энди…қўлдан келганича…
Машина сап-сариқ, тап-тақир дашт қўйнида узалиб кетган, эгри-бугри, паст-баланд йўл бўйлаб оҳиста елиб борарди. Ур-калтакдан шишиб кетган бадандай қир-тепаликлар бирин-кетин ортда қола бошлади.
— Узр, улим, — деди ён ҳамроҳига юзланиб қария, — сизларга йўл бўлсин? Чўпонларнинг отарига борасизларма?
Ён ҳамроҳ узун бир ҳомуза тортиб олгач:
— Шўрсойда ишлаётган геологларни кўрганмисиз, — деди.
— Анови буровойчиларни айтаяпсизми? Ер ковлагичларни? Ҳа, кўрганман.
— Мен ўшаларнинг бошлиғи бўламан. Ишга кетяпман.
Қария беихтиёр унинг қўлидан ушлади.
— Сизни менга Худо етказди, улим. Худди сиз керак эдингиз менга?
— Ия, нега?! Тинчликми? — деди ён ҳамроҳ чинакамига ажабланиб.
Ҳайдовчи ҳам пешойнадан қизиқсиниб қараб қўйди.
— Ҳа, сиз керак эдингиз, — деди қария қувончдан кўзлари порлаб.
— Хизмат борми?
— Ҳа. Бизнинг қишлоққа қудуқ ковлатиб беринг, илтимос.
— Ия, гапингиз қизиқ бўлди-ю, ҳозиргина идорага кириб чиқдим, ҳоким муаммони ҳал қилиб беради, деб айтдингиз-ку?!
Қария худди ичи оғриётгандай юзларини буриштирди.
— Туврасини айтайми сизга?
— Туврасини айтинг.
— Боя, — деди қария минг бир хижолат ичида, — сал-пал ўтирик сургандим.
— Ўтирик?! Ўтирик сургандим?! Нима деганингиз бу?
— Ёлғон гапиргандим демоқчилар, — изоҳ берган бўлди ҳайдовчи.
Ён ҳамроҳ илжайди.
— Ҳа-а, шунақами ҳали….жа-а..қув кўринасиз-а, отахон.
— Шундай бўп қолди-да, улим. Гапнинг тувраси, ҳокимликнинг иморатини кўрган пайтим тиззам қалтираб кетди. Ахир бу ерда чакана одамлар ўтирмайди-да, туврама?
— Тувра.
— Шуйтиб, ана кейин…ўйладим, ҳоким давлатнинг одами, зарил-зарил ишлари кўп, биздайчакинлар билан шуғулланишга вақтиям, ҳафсаласи ҳам йўқ, майда-чуйда илтимос билан у кишининг бошини қотирмайлик деб…ана кейин…эшикнинг олдида туриб-туриб изимга қайтдим.
— Ия, ғалати-ю, отахон, ҳамқишлоқларнинг илтимоси нима бўлди, ҳали ўзингиз айтгандай, ишонч масаласи нима бўлди?
— Гапни охиригача эшитинг, улим…ана ¬кейин…қишлоққа бориб, ҳокимга учрашдим, шанба куни кел, маблағ бераман, шу пулга қудуқ қаздириб оласизлар, деб айтди дейман.
— Нега айнан шанба куни? — сўради ён ҳамроҳ тобора қизиқиши ортиб.
— Ана кейин…шанба куни беш-олти қўй ҳайдаб бозорга тушаман, сотаман, пулини овулга олиб бораман, мана, ҳоким сўзида турди, маблағ бериб юборди, дейман, буровойчилар билан гаплашиб, шу пулга қудуқ ковлатамиз, деб маслаҳат соламан.
Пешойнадан қараб-қараб қўяётган ҳайдовчи таажжубланиб сўради:
— Ўзингизнинг ҳисобингиздан қудуқ ковлатмоқчимисиз?
— Ҳа, энди-и, улим, мол кетса, кетар, лекин одамларнинг ишончи ўлмасин, уйдан шу ишни бўйинга олиб чиққанман, ўртада лафз бор, харажат қиламан-да. Бошланишига шу пул етар, қолганига ҳам Худо пошшо.
— Харажатни сиз қиласиз, югур-югур ҳам сизнинг бўйнингизда, иззат-обрў ҳокимга экан-да, — деди ён ҳамроҳ қарияга синовчан кўз ташлаб.
— Ҳа, энди-и, — деб жилмайди қария, — у киши ҳам шу эл учун куйиб-пишиб юрибди, қайишганимиз маъқул-да.
— Сиз жа-а ғалати фикрлар экансиз, отахон.
— Улим, — қария яна ён ҳамроҳнинг қўлини кафтига олди, — илтимос, ёрдам беринг, харажатга тайёрман, айтганингизни бераман, юзимни ёруғ қилинг.
Ён ҳамроҳ яйраб кулди.
— Отахон, сизнинг юзингиз ҳамиша ёруғ. Сиз ўтирик сурганингиз йўқ. Сиз чиндан ҳам ҳокимга учрашдингиз, илтимосни етказдингиз.
— Йўғ-а, қайтиб?
— Ана, — ён ҳамроҳ олд ўриндиқда ўтириб, гўё дала-даштни кузатиб кетаётган хумкалла, қоп-қора кишига ишора қилди, — сиз айтган оппоқ, келишган ҳоким шу ерда…
Ҳайдовчи баралла кулиб юборди.
Ҳоким ҳам мийиғида илжайиб ортга ўгирилди.
— Нега куласанлар? Отахон ўтирик сурмайди, кўнгли оппоқ, нияти тоза одамлар булар, шунинг учун кўзларига ҳамма оппоқ, келишган кўринади.
Машина салони яна қаҳ-қаҳалардан ларзага келди.
Эй, сен, майнавоз, — деди ҳоким ҳайдовчига юзланиб, — тувра Жалпоқтошга ҳайда. Отахон ҳокимни ҳам, қудуқ кавловчини ҳам олдига солиб келганини ҳамма кўриб қўйсин.
“ЎзАС”дан олинди.