Сиёсий мустақиллик — миллий ўзлигини таниш, миллий тозариш демакдир. Бу — асл миллий руҳ, миллий нуқтаи назар, ўз миллий тафаккурига эга бўлишдир. Аёнки, биз ўтган етмиш йил давомида ҳамма қардош элатлардан юз ўгириб, бутун назаримизни марказга — Оврўпога қаратган эдик. Оврўпо маданияти, урф-одати, тафаккур тарзини ҳамма нарсадан афзал, деб билиш сиёсати тарғибот ва ташвиқот орқали, шунингдек, хуфя зўрлик йўли билан қатъий равишда сингдирилди. Узоқ йиллар давом этган, пухта ўйланган бу изчил сиёсат миллий маданиятдан йироқлаштириш, миллий ўзига хосликни барбод этиш, миллий руҳ ва ифтихор туйғуларини сўндиришга қаратилган эди. Маълумки, муайян меҳнат маҳсулоти, тарихий ёдгорлик ёки буюк аждодлар фахрланиш туйғуси кишига кучли маънавий рағбат бахш этади. Бир вақтлар биноларимиз пештоқида «Пахта — ўзбек халқининг миллий ифтихоридир!» деган шиор осиғлиқ турар эди. Сўнг бу шиор «Пахта — совет халқининг ифтихоридир» деб силлиққина ўзгартирилди.
«Совет халқи» деган ибора мавҳум гап. СССРда муайян халқлар мавжуд, бироқ, уларнинг сунъий бирлигидан янги умумий халқ вужудга келтириб бўлмайди. Ҳар бир халқнинг етиштираётган асосий меҳнат маҳсулоти фақат унинг ўз ифтихори бўлиши мумкин. Бепоён моддий бойлик ва табиий гўзаллик тимсоли бўлган рус ўрмони асл маънода фақат рус халқи ифтихоридир. Ёки грузин чойи, қозоқ чорваси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Рус ўрмонидан, ўзбек пахтасидан, грузин чойидан бошқа халқлар мамнун бўлишлари мумкин, лекин бу тушунчалар ўзга халқларда воқеликка кучли таъсир кўрсата оладиган чинакам маънавий рағбат уйғота олмайди. Пахтани совет халқи ифтихори, деб эълон қилишдан кузатилган мақсад битта эди. У ҳам бўлса ўзбек халқини ўз меҳнат маҳсулотидан фахрланиш туйғусидан маҳрум этишдир. «Ўзбекистон — менинг жумҳуриятим!» «Амир Темур ёки Бобур менинг тарихий аждодим!» «Алпомиш менинг қаҳрамоним!» деган туйғу ва тушунчалар ҳам таъқиб ва тазйиққа учраган эди. Шундай атамалар зикр этилган назм ва наср муаллифлари, олимлар расмий партиявий қарорлар билан ёмонотлиқ қилинган, маданият ва ижод майдонидан четга суриб қўйилган эди.
Халқ ифтихори, орзу-умидлари шу қадар оёқости қилинган эдики, мутелик фалсафаси ҳатто расмий ғоя шаклида мужассамлаштирилган бўлиб, Ўзбекистон давлат мадҳияси мазмунига бош ғоя сифатида сингдирилган эди. «Биз ўтмишда хор эдик, номсиз, гадо», деган сўзлар гўё халқнинг ўз тилидан изҳор этишга мажбур қилинган эди. Ифтихори йўқ халқ маънавий мажруҳ, муте халқдир. Сиёсат, қўрқув, ваҳима воситаси орқали халқ табиатига сингдирилган мутелик руҳияти сақланиб қолар экан, жумҳуриятимизнинг мустақиллиги ширин хаёл бўлиб қолаверади.
Тарихий маданий аждод ва арбобларимиз, миллий маданият обидалари кўп ҳолларда ўзга миллат кишилари томонидан тадқиқ этилиб баҳоланди. Халқимизнинг чет эл босқинчиларига қарши кураши ўзга миллат тарихчилари томонидан хаспўшлаб, ҳатто бузиб кўрсатилди. Жадидчилик, босмачилик ҳаракати воқеалари халққа қарши руҳда талқин этилди. Хуллас, миллий тарихимиз ўзга миллат хоҳиш-истагига мослаштириб сохталаштирилди. Рус халқи Улуғ Пётр ёки Иван Грознийни украин ёки ўзбек нуқтаи назари билан баҳолай олармиди ёки шундай баҳога рози бўлармиди? Ваҳоланки, бизнинг тарихий аждодларимиз ўзга миллат кишилари, олимлари ва сиёсатдонлари нуқтаи назари билан баҳоланиб, тайёр концепциялар бизга ҳавола қилинди. Тарафкашликдан иборат бу бирёқлама камситувчи ўзга баҳо, фикр-мулоҳазалар тафаккуримизда кўникмага айланиб, ҳамон сақланиб келмоқда. Ўзбекистон халқ депутати шоир Муҳаммад Солиҳ журналист А. Жўрабоев билан қилган суҳбатида хориждаги ўзбек олими Боймирза Хайит ҳақида шу вақтгача ҳукм суриб келган, қотма кўникмага айланган расмий фикрга фавқулодда зид янги фикр баён қилган эди. М. Шаропов деган кимса бу фикрга қарши мақола эълон қилди. Мақола муаллифи сталинчилик даврида амал қилган қонли қатағон усулларидан фойдаланиб, Боймирза Ҳайитни сиёсий душман, деб қоралайди. Муаллиф ўз фикрини давлат хавфсизлиги қўмитаси тўплаган материаллардан мисоллар келтириб исботламоқчи бўлади. Ҳолбуки, бу ҳаммага машҳур ва маълум қўмитанинг қатағон йилларидаги фаолияти воқеликни ва инсон шахсини ғаразли ниятда қалбакилаштиришдан иборат бўлганлиги эндиликда ҳеч кимга сир эмас. Марҳум адиб Комил Икромовнинг «Отам ҳақида» деган романида бу фикр тўла тасдиқланади. Суднинг айрим мажлисларида Акмал Икромов ўрнида унга қиёфадош шахс сўроқ қилинганлиги ишонарли кўрсатилган. Ежов, Бериялар кўрсатмаси билан иш кўрган бу қўмита сохта ҳужжатлар асосида миллионларнинг тақдирини барбод этганлиги тобора чуқурроқ очилмоқда. Қўмита ходимлари махсус кўрсатма асосида ҳужжатлар тўплар ва уларни шу кўрсатма асосида бирёқлама баҳолаб хулоса чиқарар ва шахснинг тақдирини ноҳақ ҳал этар эдилар. Мабодо буюртма асосида қораланувчи шахсга оид тўпланган материаллар орасида бирорта ижобий далил ёки фикр учраб қолса, қўмитанинг мазкур ходими фаолиятига ишончсизлик пайдо бўлар ва у тез орада бундай масъул вазифадан четлаштирилар эди. Хуллас, шахсни буюртма асосида қалбакилаштириш, тарафкашлик ва бирёқламалик берияча қўмитанинг асосий дастуруламали эди.
Боймирза Ҳайит юқоридаги мақолада қайд этилган ғайриинсоний хатти-ҳаракатларга йўл қўя оладиган анойи шахс эмас. «Мен совет халқига эмас, Сталин режимига қарши курашдим», дейди у, Халқдан умиди бўлган, уни ўзига таянч деб билган халқ фарзанди ҳеч қачон халққа қарши курашмайди. Халқ зиёли учун оқ сут берган она билан баробардир. Зиёлини ўз халқининг душмани, деб эълон қилиш ҳеч бир ахлоққа тўғри келмайди. Ҳар ҳолда, мен бу тушунчани ҳеч сингдира олмайман. Хуллас, халқ душмани, деган тушунча қатағон йилларининг сохта кашфиётидир. Ҳатто, катта Армия билан гитлерчиларга таслим бўлган генерал Власов шахсини янгидан тадқиқ этиш, унинг бу жиддий хатти-ҳаракатларининг туб сабабларини холисона аниқлаш давом этмоқда. Биз эса, миллий ўзлигимизни англйшда ҳамон эски қотма ақидалар тушовидан чиқа олмаяпмиз.
Сиёсий мустақиллик ҳар тарафлама етук миллий туйғу ва истеъдодга эга миллий кадрлар демакдир. Кадрнинг ҳаётга таъсири унинг халқ билан мустаҳкам алоқасига боғлиқдир. Халқ ҳаёти, руҳиятини чуқур тушунган ақл, қалб, руҳан халқ билан бир бутунликка эга бўлган кадр воқеликни халқ ҳаёти, орзу-умидларига айни мувофиқ тарзда ўзгартиришга кучли таъсир кўрсата олади. Кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш халқнинг миллий, жўғрофий таркибига айни мувофиқ келиши лозим. Халқимиз таркибида ўзга миллат кишилари ўн фоизни ташкил этса, улардан бўлган кадрлар ҳам шунча фоизни ташкил этиши лозим. Тошкент шаҳар ижроия қўмитасининг уй-жойдан фойдаланиш, квартира тақсимоти бўлимларида ишловчи ходимларнинг 87 фоизини ўзга миллат кишилари ташкил этади. Улар давлат тилида ёзилган ҳужжатларнинг мазмунини тушунмаганликларини ҳатто очиқ айтолмайдилар ва бу ҳужжатларни рус тилида тақдим этишни талаб ҳам қила олмайдилар. Маъмурий сансоларликка тил билмаслик оқибатида келиб чиққан сансоларлик қўшилиб, қанчадан-қанча меҳнаткашлар идора даргоҳларида овора бўлиб, қимматли вақтларини беҳуда йўқотмоқдалар.
Шу вақтгача бизда кадрлар масаласида сохта интернационализм кўникмаси амал қилиб келди. Масалан, маҳаллий аҳоли меҳнат қилаётган ўн минг кишилик корхонага томдан тараша тушгандай ўзга миллат кишисини бошлиқ этиб тайинлайдилар. Корхона таркибида бошлиқ мансуб бўлган миллат кишисидан бир-икки киши бор ёки йўқ. Халқимиз сабр-тоқатли халқ. У ўз норозилигини ичга ютиб хизмат қилаверади. Аммо бу ички норозилик меҳнат самарасига, энг муҳими халқ миллий руҳига, унинг адолат ва ҳақиқат ҳақидаги тушунчаларига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Масалан, жумҳуриятимизда бешинчи олий лавозим — жумҳурият бош ҳакамлигига сайланган ўртоқ Хачатуровни биз шу соҳанинг ўта мутахассиси, деб халққа тасалли беришимиз мумкин. Бироқ, бу тушунчани халқ миллий руҳиятига сингдириш қийин. Кавказорти ўлкасидан белига катта сафар тугунини боғлаб, Ўзбекистонга қанот боғлаб учиб келаётганлар сони кейинги вақтда анча кўпайди. Улар жуда силлиқлик билан масъул, ширали вазифаларга ўтиб олмоқдалар. Мансабини сотиш халқни сотиш, ватанни, элни сотиш демакдир. Чунки мансабга эга бўлган ўзга миллат кишиси ўша юртни, элни бошқаради, унинг қўлига катта ҳуқуқ ва ҳокимият жамланган бўлади. Бу ҳокимият орқали у халқнинг, ҳеч бўлмаганда, муайян қисмини ўзига тобе этиб, измига юргизади. Ундаги миллий руҳият ва нуқтаи назарларни ҳам тескари ўзгартириши мумкин.
Миллий мустақиллик Ўрта Осиё регионидаги қардош халқлар билан мустаҳкам ҳамжиҳатлик, хорижий турклар, шунингдек, ислом оламидаги халқлар билан дўстона муносабатлар ўрнатиш демакдир. Қайта қуриш душманларининг Кавказорти ва Ўрта Осиё регионида ҳар хил миллий можаролар келтириб чиқараётганлиги бежиз эмас. Халқлар ҳамжиҳатлиги мустақиллик жараёнини жадаллаштиришга, мутеликдан тезроқ халос бўлишга олиб келади. Олмаота, Тоғли Қорабоғ, Душанбе, Фарғона, Бўка, Паркент ва ниҳоят, Ўш вилоятидаги миллий тўқнашувлар мазкур ўлка халқларини ларзага келтирди. Қатағон, турғунлик йилларида юз бермаган бу хил можаролар нега энди пайдо бўляпти? Ёки бундай тўқнашувлар мамлакатимизнинг Оврўпо қисмида, Украина ёки Молдавияда, ё бўлмаса, Болтиқбўйи жумҳуриятларида эмас, нега асосан Ўрта Осиёда юз беряпти?
Миллий тўқнашув ва можароларни синчиклаб тадқиқ этилса, уларнинг моҳияти, келиб чиқиш сабаблари, услуби, давом этиш жараёни бир эканлигига амин бўламиз. Марказий мутасаддилар тўқнашган томонларни келиштириш ўрнига уларни бир-биридан узоқлаштириш, бирини қочқин эълон қилиб, узоқ элга кўчириш билан фаол шуғулланадилар. Қочқинларнинг сарсон‑саргардонлиги икки ўртадаги нафратни кучайтиришга хизмат қилади. Ўш воқеасида қон тўкиш билан бирга ошкора номусга тегиш усули ҳам қўлланилганлиги икки қардош халқни бир умр разил душманга айлантиришни кўзда тутади.
Ўш воқеасида ҳар икки томонда ҳам етарли даражада қурол-яроғ, милтиқлар бўлганлигини айтишди. Маълумки, бизда қурол-яроғ давлат мулки ҳисобланади. Оддий халқ бунча ҳажмдаги қуролни қаердан олган? Демак, уларга бу буюмларни етказиб берувчи махсус туйнуклар очилган. Иккинчидан, деҳқончилик учун ер талаб қилиб майдонга чиққан ўзбек қирғизнинг кўкрагига ўқ отиш билан ўз муддаосига эришиб бўлмаслигини тушуниб етмасмиди? Қон тўкилган ерда деҳқончилик қилиб, фаровон турмуш кечира олармиди? Хуллас, ўз қонуний ҳуқуқларини тинч йўл билан талаб қилиб майдонга чиққан халқнинг пок руҳини қонга ботирганлар кимлар? Бунинг илдизи жуда чуқур бўлиб, ҳатто марказгача бориб етганлиги эндиликда элга сир эмас. Можаронинг эртасигаёқ марказдан 150 та тайёр турган терговчи қирғиз пойтахти томон қанот боғлаб учганлиги воқеасини қандай изоҳлаш мумкин? Можарони тафтиш этишни Ўрта Осиёдаги терговчиларга ишониб топшириб бўлмасмиди? Ёки маҳаллий терговчилар бирор муҳим сирни дафъатан ошкор этиб қўйишлари мумкин эдими? Иккинчидан, маҳаллий тилларни билмаган марказ терговчилари ўтган асрдаги рус мустамлакачилари сингари тилмоч орқали иш кўрадиларми? Хуллас, миллий можароларнинг ташкилотчилари қайта қуриш ва демократиянинг, халқлар мустақиллигининг ашаддий душманларидир. Биз ана шу душманнинг қиёфаси, хатти-ҳаракатлари, барча кирдикорларини аниқ билиб олишимиз, унинг қонли қўлини синдириб ташлашимиз лозим.
Сиёсий мустақиллик халқнинг партияга бўлган ишончининг қайта тикланиши демакдир, партия фаолиятининг янгиланиши демакдир. Халқ ишончи шу қадар қудратли кучки, унга фақат конкрет амалий фаолият билангина эришиш мумкин. Бир мисол, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг махсус комиссияси Каттақўрғон шаҳар партия қўмитаси биринчи котиби Эшбековнинг мансабини ўз шахсий манфаати учун суиистеъмол қилганлиги, қариндош‑уруғчиликка йўл қўйганлиги, ҳақиқатгўйларни таъқиб этганлиги, жабр-зулм ўтказганлигини исботлаб қарор қабул қилган. Эшбековнинг тавба-тазарруси ҳисобга олиниб, у қаттиқ партиявий ҳайфсан билан вазифасидан четлаштирилган. Буни мен партия фаолиятидаги яхшилик аломати, деб суюндим.
Чунки, турғунлик йилларида партия-совет раҳбарлари, умуман амалдорлар ҳақидаги ҳар қандай қораловчи хат, шикоят, рўзнома материали ёки бошқа бирон ҳужжатнинг ўндан тўққиз фоизи ғалат топилар, бошлиқларга қўйилган айблар бўҳтон, деб инкор этилар эди. Шикоят муаллифлари қаттиқ қораланар, оқибатда тавба-тазарру қилдирилиб, бундан кейин бу хил номаъқулчиликка асло қўл урмасликка сўз бериб жазодан қутулиб қолар эдилар. Дарҳақиқат, маъмурий буйруқбозлик амалдорлари тўдасини ҳар тарафлама муҳофаза этувчи қонуний ТЕМИР қалқон вужудга келтирилган эди. Давлат хавфсизлиги қўмитасининг собиқ масъул ходими Калугиннинг далолат беришича, мансабдорлар ҳақида салбий материаллар йиғиш қатъиян ман этилган бўлиб, сиёсий муҳит уларни Оллоҳ даражасидаги бенуқсон зотларга айлантирган эди. Хуллас, якка бошчиликка кенг имконият яратилган муҳитда мустабид ҳокимлар вужудга келган эди.
Жумҳуриятимизнинг мустақиллиги аввало мавжуд федерация доирасидагина воқе бўлиши мумкин, деб ўйлайман. Марказнинг зўр бериб талқин этаётган сиёсий концепцияси жумҳуриятларни шу доира ичида тутиб туришни кўзда тутади. Хозирги сиёсий уюшма доирасида, яъни СССР ҳудудида муайян даражада иқтисодий мустақилликка эришиш балки мумкин бўлар. Ўз иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жумҳуриятларнинг ўзларига ҳавола этилиши ҳам нисбатан ижобий ҳодисадир. Чунки аввалги СССР Конституциясида жумҳуриятлар сиёсий мустақил, деб қайд этилган, бироқ, ер, сув, ерости ва ерусти бойликлари умумдавлат, яъни иттифоқ мулки, деб белгиланган эди. Мурувватни қарангки, бизга ерсиз, сувсиз, бойликларсиз мустақиллик ҳадя этилган эди. Бу иқтисодий-сиёсий қарамлик ҳозиргача давом этиб келмоқда. Жумҳуриятимиз ер остидан ҳар йили тонналаб олтин қазиб олинади. Жумҳуриятимизнинг катта газ бойлиги ҳам Иттифоқ тасарруфидадир. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шундай қарамлик сиёсати ҳукм сурган бир шароитда бизнинг меҳнат маҳсулотларимиз ўзгалар томонидан таҳқирловчи даражада сув текин баҳоланди. «Социалистик» деб баландпарвоз сифатланган меҳнат аслида қуллик меҳнатидан иборат эканлиги аён бўлди. Мабода биз ҳақиқий иқтисодий мустақилликка эриша олсак, фақат пахтадан келадиган даромад билан жумҳуриятимизнинг барча иқтисодий муаммоларини тўла ҳал этиш мумкин бўлар эди. Ҳар йили етиштирилаётган беш миллион тонна пахтадан 1 миллион 700 минг тонна тола, 1 миллион 200 минг тонна кунжара, 500 минг тонна ёғ, 700 минг тонна пўст-чиқинди (шелуха), яна 900 минг тонна икки юз хил маҳсулот олиш мумкин. Пахта толасининг ўзидан Иттифоқ хазинасига 50 миллиард долларгача фойда тушмоқда. Ҳатто, жумҳуриятимизда гўшт танқислиги ҳукм сураётган бир вазиятда пахтанинг кунжара ва пўст чиқиндисини ҳам ташқарига ташиб кетилмоқда. Бу маҳсулотларни етиштирган халққа эса, бир миллиард атрофида ҳақ берилмоқда. Бу ҳадянинг кетидан яна «боқиманда» деган сўз эшитамиз.
Кувайт мамлакати ҳар йили нефтдан 10 миллиард доллар фойда кўради. Шундан бир миллиард маблағ келажак авлод деб аталган фондга ажратилади. Биргина нефтдан тушган даромад билан Кувайт халқи жаннатмисол ҳаёт кечирмоқда. Бунинг сабаби шундаки, Кувайт ўз бойлиги ўз ихтиёрида бўлган тўла мустақил давлатдир.
СССРда мўлжалланаётган федерация айниқса, Ўрта Осиё жумҳуриятларига тўла сиёсий-иқтисодий мустақилликни барқарор эта-оладими? Марҳум академик А. Сахаров ҳақиқий эркин федерация вужудга келтирмоқ учун ССР Иттифоқини аввал тарқатиб юбориш керак. Сўнг ҳақиқий эркин федерация биносини тузиб, эшигини жумҳуриятларга очиқ қолдириш лозим. Шу тарзда ўз ихтиёри билан эркин бирлашган федерация ҳақиқий мустаҳкам давлат бирлашмаси бўлади, деган эди.
Мўлжалланаётган федерациянинг бир қанча қалтис жиҳатлари мени ҳамиша безовта қилади. Марказнинг сиёсий мустақилликка интилган Болтиқбўйи жумҳуриятларига, жумладан, Литва жумҳуриятига бўлган қаҳрли муносабати кўпчиликни ташвишлантирмоқда. Ўз ихтиёри билан иш кўрмоқчи бўлган бир зиғирча давлатнинг қаттиқ иқтисодий исканжага олиниши ҳозирги қайта қуриш ва демократия принципларига тўғри келадими? Жумҳуриятлардан ўз-ўзидан тайёр ҳолда сув текин оқиб келаётган катта бойликлардан маҳрум бўлган марказдаги тескари кучлар жумҳуриятларнинг иқтисодий мустациллигига таҳдид солмайдилар, деб ким кафолат бера олади. Суверен давлат Афғонистон сарҳадини ўзбошимчалик билан бузиб ўтиб қўшин киритиш қайси халқаро ахлоқий қоидага тўғри келади? Академик А. Сахаров махсус очиқ хатида бу воқеани босқинчилик ҳаракати, деб қаттиқ қоралади. («Октябрь» журнали, 1990, 1-сон) Ўзидан беқиёс даражада қудратли давлат ҳамласига бардош берган, унга қарши узоқ вақт матонатли кураш олиб борган ва ғолиб чиққан афғон халқи жасорати мутелик сиртмоғидаги мазлумларда ҳавас уйғотишга ҳақлидир. Мустақил Афғонистонга қўшин киритишга журъат этган кучлар ҳеч қаёққа кетгани йўқ. Улар воқелигимизда биз билан баҳамжиҳат яшамоқдалар. Хуллас, маъмурий буйруқбозлик системасининг етмиш йиллик тажрибаси шуни кўрсатадики, Конституцияда муҳрланган қонуний ҳуқуқлар, тантанавор декларациялар зарур бўлганда тез орада оёқости қилиниб, барбод этилиши ҳеч гап эмас. Хуллас, бош жилов марказнинг қўлида бўлган мустақилликни мен омонат мустақиллик деб ҳисоблайман.
Жумҳуриятимизнинг сиёсий мустақиллиги ҳақида гап кетганда мен уни анча мураккаб деб ўйлайман. Турғунлик даврида таъқибга учраган, аммо чуқур тафаккурли тарихчи олим Андрей Амальрикнинг бундан 20 йил муқаддам ёзилган «Совет Иттифоқи 1984 йилгача мавжуд бўладими?» деган тадқиқотида Иттифоқ жумҳуриятларида, «социалистик» деб аталган мамлакатларда ҳозирги вақтда юз берган ва юз бераётган сиёсий ўзгаришларни қарийб ҳаққоний башорат қилади. «Бироқ, — деб ёзади у, — ўзини СССРнинг вориси деб билган, анъанавий коммунистик мафкура, қуруқ дабдабали сафсатабозлик ва удумларни замонавийлашган ўзига хос Шарқ истибдоби хусусиятлари билан бирга қўшиб мужассамлаштирган давлат Ўрта Осиёда анча узоқ вақт сақланиб қолади». («Огонёк», 1990 йил, 9-сон, 22-бет).
Халққа дабдабали қизил сўзлар билан сифатланган, аммо қашшоқлик мутеликка маҳкум этувчи жамият эмас, инсонга иқтисодий фаровонлик ва маънавий эркинлик бахш эта оладиган жамият керак. Мен Ўзбекистоннинг сиёсий мустақиллигини қўшни қардош давлат Туркия мисолида тасаввур этаман. Жумҳуриятимизнинг номини, туғи, тамғаси, мадҳиясини ўз тарихий давлатларимиз ҳамда қардош туркий ва ислом мамлакатлари тарихий тажрибаси асосида қайта яратиш лозим. Ўзбекистон тамғасидаги «Бутун дунё йўқсуллари, бирлашингиз!» шиори жумҳуриятимиз давлат тамғаси асл мақсадига тўғри келмайди. Жаҳон йўқсулларини бирлаштириш эмас, балки мақсад жумҳуриятимиз ички ҳаётида озодлик, адолат, ҳақиқат ва ҳалолликни барқарор этишдир. Шунинг учун улуғ бобомиз Амир Темур муҳридаги «Озодлик ва адолат» сўзларига ҳозирги замон маъносини сингдириб, тамғада зикр этиш айни муддао бўлур эди. Тамғадаги «совет», «социалистик» сўзлари ҳам халцца эриш туюла бошлади. Бу сўзлар халқ ёдида маънавий таъқиб, ноҳақлик, қашшоқлик, камситиш, тобелик рамзи бўлиб муҳрланиб қолган. Жумҳуриятимизни ҳеч бир дабдабали бўёқсиз ўз номи билан аташ лозим.
Мустақил жумҳуриятга яккаҳокимликнинг келиб чиқиши даҳшатли хавфдир. Шарқ кишилари табиати, руҳониятида азалдан илдиз отган якка ҳокимиятчиликка интилиш иллатининг олдини олмоқ учун мамлакатда кўп партиялилик системасини қонуний жорий этмоқ лозим. Масалан, Туркияда ўнта партия фаолият кўрсатмоқда. Бу партиялар орасида халқ ишончини қозониш учун ўзаро мусобақа давом этади.
Хуллас, сиёсий-иқтисодий мустақиллик йўли оғир ва машаққатли йўл. Ўзбекистон ҳукуматининг мустақиллик ҳақидаги декларациясини баъзи тезкор журналистлар тайёр битим, қонун тарзида талқин этиб, бундан кейин ҳамма нарса яхшиланиб, мўл-кўлчилик ва шодиёналик бошланади, деб офаринлар бағишладилар. Ваҳоланки, декларация мустациллик ҳақидаги бош ғоянинг тантанали равишда эълон қилинишидир. Декларация қонун, битим шаклида мужассамлашгандан кейин моддий кучга айланади. Шундан кейин уни сиёсий-иқтисодий воқеликка айлантириш босқичи бошланади.
Таъкидлаганимдек, сиёсий-иқтисодий мустақиллик йўли оғир ва машаққатли бўлиб, кўп меҳнат-матонат, жасурлик талаб этади. Бу оғир машаққатли юкни халқ билан бирга ўз елкасига оладиган жасур, матонатли йўлбошчилар, даҳолар керак.
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 10-сон