Врач кундалигидан
Кейинги пайтларда биз врачлар қаерда бўлмайлик, нима ҳақда суҳбатлашмайлик, фикри-зикримизни ШИКОЯТ кўпроқ қамрайдиган бўлиб қолди. Ундан ҳадиксираймиз, чўчиймиз. Чунки ҳар қандай шикоят, у тасдиқланадими, йўқми бари бир, врачни бир силкитиб кетади. Менинг назаримда, шикоят — юқумли касалликка, эпидемияга ўхшайди. Эпидемиянинг олдини олиш учун дарҳол карантин эълон қилинади. Шикоятни нима қилса бўларкин?
Тўғри, унинг ҳам олди олинмоқда. Лекин бу чора-тадбирлар ҳали етарли эмас. Хўш, нега шифокорлардан шикоят қилишмоқда? Шикоятлар асосан нималардан иборат? Барча шикоятлар асослими?
Бу саволлар дафъатан кўпчиликни ўйлантириб қўяди, албатта. Шу боис юқоридаги муаммоларга «диагноз» қўйишга журъат этдим.
Биринчи бекат
Табобат оламида шикоятлар асосан қуйидаги ҳолларда содир бўлади:
соф виждонли шифокорлар орасида тасодиф оқибатида кириб қолган кимсанинг нафс безлари ҳакалак отиб кетса;
врач саёз билими туфайли мудраганида, яъни эътиборсизлик қилганида;
бемор билан қўпол муомала қилган пайтларда;
тиббиёт илмига амал қилмаганида;
ниҳоят, раҳбар врачлар баъзан ғайриқонуний иш юритганларида.
Демак, шикоятнинг асосий ўқ томири — нафс деган бало билан туташдир.
Бобокалонларимиз, тегирмонни — сув, йўлни — қийшиқ арава бузади, дейишган. Афсуски, баъзи бировлар ўзларининг қийшиқ араваларини етаклаб тиббиёт даргоҳига пусибгина кириб келадилар. Улар кўпинча иродасиз медицина ходими орқали ниятларига эришадилар. Аммо виждони пок врачларни ҳеч қачон ўз томонларига оғдира олмайдилар. Бунга имоним комил. Негаки…
Жарроҳ эндигина ишдан қайтиб, дам олаётган эди. Телефони жиринглаб қолди. Трубкани олса — безовта бир овоз:
— Алло, кимнинг уйи бу?.. Яхшимисиз, ака, ўзингизми? Уйда бўласизми? Ҳозир етиб бораман…
Бир оздан сўнг боя қўнғироқ қилган киши уйга етиб келди. Таниш йигит экан. Салом-аликдан сўнг меҳмон муддаога кўчди.
— Ака, биттагина илтимос билан келган эдим.
— Бемалол, — деди одати бўйича жарроҳ.
— Бир касални кўриб қўйсангиз. Яқин жойда. Ўзим олиб бориб, яна келтириб қўяман…
Р. кийиниб чиқди-да, ҳалиги йигитнинг машинасига ўтирди. Кўп ўтмай машина шаҳарнинг қоқ ўртасидаги бир ҳовли дарвозаси олдига бориб тўхтади. Р. машинадан тушаркан, шеригининг негадир безовта бўлаётганини, ҳаддан ташқари такаллуф кўрсатаётганини кўриб ҳайрон бўлди. Ичкарига кирилгач, масала равшанлашди: бояги йигитнинг укаси маст ҳолатда машина ҳайдаб кетаётиб, бир болани уриб кетибди… Боланинг ота-онаси соддароқ кишилар бўлгани учун шофёрнинг акаси, яъни Р.ни келтирган йигит: «Болангиз енгил жароҳатланган. Уйда даволатамиз. Таниш дўхтир бор», деб ваъда берган экан.
Р. ҳушсиз болани кўриб, ҳалиги йигитни чақирди-да:
— Менга жароҳат демовдингиз-ку?— деди.
— Нима фарқи бор? Бир акалик қиласиз-да энди…
— Бола оғир жароҳатланган. Зудлик билан касалхонага жўнатиш керак.
— Шу ерда даволаб беринг, жон ака! Беш минг бераман. Касалхонага борса, иш газак олади… Ота-онаси ҳам рози… Қандай дори-дармон бўлса, топиш қўлимдан келади. Шприц, биксларимиз бор.
Бу гаплардан сўнг хирург жиддий қиёфага кирди.
— Бефойда гапларни қўйинг, ука. Болани тезроқ касалхонага жўнатиш лозим.
Сўнг у ота-онани ярадор ўғилнинг ҳақиқий аҳволидан воқиф этди. Содда кишилар эмасми, улар елка қисишди. Онаси:
— Билмасак, бу киши енгил деганлари учун… — деди ерга қараганча.
— Қулоғидаги қонни кўриб, ўзим ҳам қўрқиб турган эдим, — деди отаси тараддудланиб.
Йигит ноилож жарроҳни уйига ташлаб келди. Р. эса кейинчалик ҳам боланинг тақдири билан қизиқиб турди. Бола роппа‑роса бир ярим ой деганда касалхонадан чиқди.
…Ўшанда институтни энди битирган пайтларим эди. Дам олиш кунларидан бирида қишлоққа бордим, яқин қариндошим бизникига келди. Ҳол-аҳвол сўрашиб, ўтган-кетгандан гаплашиб ўтирдик. У тўсатдан мендан сўраб қолди:
— Ревизорликка қанча ўқийдилар?
— Тўрт-беш йил.
Бу жавобимдан сўнг қариндошим менинг медицина институтида ўқиганимни назарда тутиб:
— Эсиз етти йил умринг! — деди бош чайқаб.
— Тинчликми ўзи? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Ёғоч бочкадан асал қўйди-я, азамат!
— Ким, нима тўғрисида гапиряпсиз?
У башарамга бироз тикилиб турди-да, дона-дона қилиб сўзлай кетди:
— Совхозга ревизор келган экан. Уйида ишлатиш учун директоримиздан беш-олтита рабочий сўрабди. Икки ҳафтадан бери ўшаникида ишлаб ётибмиз. Кеча ремонтни тугатдик. Ана уй, мана ҳовли! Ертўлада ёғоч бочка тўла асал!
Қариндошимнинг гапига кулдим.
— Нимага куласан? — деди у қизишиб.
— Лоф ҳам сал эви билан-да…
— Ўлай агар, ҳали бошқалар ҳам айтиб қолишар: бочкадан қошиқлаб-қошиқлаб асал едик, — деди у. Сўнгра қўшиб қўйди: — Етти йил ўқиганинг билан ҳозир сеникида бир ялам ҳам асал йўқ…
Кейинги сафар қариндошим бизникига яна келди.
— Иш чатоқ, — деди у мийиғида кулганча. — Занғар ревизорнинг изидан одам тушган экан. Бизлар уникида нима иш қилган бўлсак, ҳаммасини кимдир ёзиб берибди. Томшувоқ қилиб турганимизни суратга олиб қўйишганмиш. Илтимос, газетада танишларинг бўлса айтиб қўй, рабочий одамда нима гуноҳ, директор буюргани учун бордик-да. Иложи бўлса, суратни чиқармасин газетада. Шарманда қилади одамни… Бу ёғи нима бўларкин, жиян? Наҳотки, бизларга ҳам гап тегса?!
— Нима бўларди, ҳеч бўлмаганда еган асалингизнинг пулини тўлайсиз-да!
— Э, асали сабил қолсин!
Нафс деганда кўплар фақат пулни, порани тушунишади. Аслида нафс деган балонинг кўриниши турли-турли. Бир воқеа ҳеч хаёлимдан кўтарилмайди.
Биз билан бирга ўқиган Мансур исмли врач бор. У студентлик даврида ўзини Максим дейишларини ёқтирарди. Шу боис кейинчалик у батамом Максим бўлиб қолди. У бир куни қизиқ иш қилибди.
Ширалироқ жойда ишлаётган бемори унга:
— Ака, яхшироқ дорилар билан қарашинг, хизматингизни биз ҳам қайтарармиз, — дебди.
— Яхшироқ дори ҳам гапми!—дебди Максим. — Сиз учун ҳатто профессор чақириб бериш ҳам қўлимиздан келади. Профессор сизни отдай қилиб юборади.
Кўп ўтмай Максим қўшни бўлимдан ёши йигирма бешда бўлса ҳам кўринишидан қирқларга борган салобатли йигитни чақириб олиб, унга тушунтирибди:
— Оғайни, ҳозир бир иш қиламиз; мен билан бирга бориб, битта беморни кўрасан, фонендоскоп билан унинг у ер-бу ерини текширган бўласан, «Қўрқманг, мана Максимжон ҳам тўғри даволаётган экан, яна у-бу нарсадан маслаҳат берамиз, қисқаси, отдек бўлиб кетасиз», десанг бас.
Салобатли врач бир зумда беморни кўрикдан ўтказибди, Максимнинг топшириғини кўнгилдагидек бажарибди.
Шанбалик куни ҳалиги бемор касалхона ҳовлисига чиқса, кечаги «профессор» замбил кўтариб юрган экан. Бемор ҳайрон бўлиб, сўнг палатага қайтиб кирибди-да, Максимга қараб:
— Дўхтир, кеча мени кўрган профессор бугун замбил кўтариб юрибди-ку? — дебди.
Максим сир бой бермаслик учун ёзув столидан бош кўтармай жавоб берибди:
— У худди ўша профессорга ўхшаш интернатура муддатини ўтаётган врач. Сизни кўрган ҳақиқий профессор эса кеча самолётда учиб кетди. У катта шаҳардан келган эди, адашманг…
«Профессор» воқеаси сабаб бўлиб, иштаҳаси ҳакалак отиб кетган Максимнинг ўзи ҳам кўп ўтмай касалхонадан «учиб» кетди.
Айтайлик, бир бемор касалхонада икки ҳафта мобайнида даволанадиган бўлсин. Демак, ундан хабар олиш учун яқин кишиси кун ора бир келса ҳам 7—8 марта келади. Ҳар сафар 5 сўм харажат қилса, бемор оиласидан 40—50 сўм миқдорда чиқим бўлади. Соғлигини тиклаш учун область ёки республика марказидаги касалхонага олиб бориш зарур бўлса ёки бемор узоқроқ муддат даволанадиган ҳолларда юқоридаги арифметиканинг ўзгариши табиий.
Мабодо бемор вояга етмаган бола бўлса-чи? Уйда худди шундай ширин болалардан яна 7—8 таси бор, колхоздан оладиган маоши эса оилани тебратишга зўрға етади.
Оқ халатни доимо тоза кийиб юришни истовчи шифокорлар ана шуларни унутмаслиги керак. Тиббиёт муқаддас даргоҳ. Унинг ҳовлиси озода, саришта: ерга игна тушса ҳам кўзга ташланиб туради.
Қисқаси, нафс, таъмагирлик ҳақида бошқа гапирмасликка қарор қилдим, акс ҳолда Гиппократнинг ҳақиқий издошлари мени кечирмасликлари, ҳеч бўлмаганда, «Бургага ўчакишиб, кўрпага ўт қўйибсан-ку!» дейишлари аниқ. Шундоқ ҳам тиббиёт даргоҳи Максим каби баъзи бир шотирларнинг дастидан булғаниб ётибди.
Иккинчи бекат
Бешинчи курсгача ҳамма фандан «аъло» баҳога ўқиган Г. исмли дўстим бирдан ўзгариб қолди. Сабаб — у яхши кўрадиган қиз севгисини рад этганмиш.
Г. аввалига бир-икки марта дарс қолдирди. Кейинчалик қолдирилган дарслар сони кўпая борди. Охири у бутунлай ўқимай қўйди, паришонхотир бир ҳолга тушди. Барча маслаҳатлар бесамара кетди. Г. бешинчи курсда институтдан четлаштирилди.
Олий ўқув юртидаги студентларни шартли равишда тўрт гуруҳга ажратиш мумкин.
Биринчи гуруҳга ўзининг асосий мақсади йўлида астойдил жон куйдирадиган, келажакда етук мутахассис бўлиш ниятида таълим олаётган студентлар киради.
Иккинчи гуруҳни студентлик деганда кўча-кўйда ясан-тусан қилиб юрадиган, ўқишни иккинчи ва учинчи ўринга қўювчи талабалар ташкил этади.
Учинчи гуруҳ аъзолари — «нима бўлса ҳам олий маълумот ҳақида ҳужжат — диплом олсам бўлгани, сўнгра иш бир гап бўлар» деб кун ўтказадиган, уч баҳо билан курсдан курсга кўчганидан хурсанд бўлиб юрадиган студентлардан иборат. Гоҳида бу тоифани анча ёшга борган, нима сабабдандир олий маълумот қасдида ўқишга отланган кишилар ташкил қилишади.
Группамизда ёши қирқлардан ошиб кетган, бир пайтлар медицина билим юртини битирган икки киши ўқирди. Биз уларни «оғалар» деб атардик. Шу «оғалар»нинг қизиқ бир одати бор эди: бирор студент (албатта, биринчи группа вакили) дарс қилиб ўтирган бўлса, унга қараб: «Э, ука, бу фан иш фаолиятингда у даражада керак бўлмайди, кўзнинг нурини беҳуда тўкиб ётманг!» деб кетишарди. Бу гапни улар нима мақсадда айтганларига ҳали-ҳали ақлим етмайди.
Тўртинчи гуруҳга ҳеч нарса билан қизиқмайдиган, ҳатто студент бўлганда ҳам қувонмаган ношудлар мансубдир.
«Ношуд» дейишимдан мақсад, илгариги замонларда болани мактабга олиш олдидан домла уни бир-икки савол билан синаб кўраркан. Саволлар жавобсиз қолса, уни етаклаб келган отаси шундай гап эшитаркан:
— Хафа бўлмайсиз-у, бунингиз — ношуд экан, агар уни мактабга қабул қилсам, умримни эговлайди…
«Ношуд»лар кўпчилик билан бирга юришади, лекин нима мақсадда юрганларини ўзлари ҳам билмайдилар. X. деган курсдошимиз биринчи курс давомида ўтиладиган ўндан ортиқ фан бўйича фақат битта дафтар юритган эди. Дафтарининг битта саҳифасида тарихий саналардан кейин бир-икки химиявий элементлар формуласи, ундан сўнг физикага оид шакллару инсон танасидаги суякларнинг лотинча номларини учратиш мумкин эди.
Агар гап ҳар бир гуруҳнинг тақдири ҳақида кетадиган бўлса, биринчи группа соҳиблари тўғрисида: «Шубҳа йўқ, улар вақти-соати келиб, халқимизнинг оғирини енгил қилади, ёмон кунида ярайди», дейиш мумкин.
Учинчи гуруҳга юқорида етарлича таъриф берилди.
Асосий масала иккинчи ва тўртинчи гуруҳга келиб тақалади. Боя айтганимиздек, қани эди улар биринчи синовдаёқ X. каби четга чиқсалар.
Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: қайси мединститутда бўлмасин, қабул пайти бир ўринга 4—5, баъзан ўнтагача ариза тушади. Қизиқ, ўнтадан биттаси саралаб олинса-ю, улар орасида аравасини тортолмайдиганлар қалашиб ётса? Ёки аравани ортидан сурувчилар беҳадми?..
Тўғри, мединститутга қабул қилинганларнинг ҳаммаси врач бўлиб етишавермайди. Бу табиий ҳол. Сабаб — абитуриентлар орасидан ноқобил ёшлар ҳам чиқиб қолади. Улар шолининг курмагидек кўкаради. Курмаклар ҳам шоли билан баб-баравар сув ичиб, қуёшнинг тафтидан тенг баҳра олаверади. Демак, фидойи мутахассис етишиши учун бирталай ғалвирлар тинмай айланиши керак.
Беихтиёр ҳурматли Ҳаким Зоҳидийнинг бир гапи ёдимга тушди. Бу гапни профессор Зоҳидий одатда биринчи дарсидаёқ, ўзини таништириш пайти айтиб оларди:
— Фақат битта айбим бор, у ҳам бўлса оқни оқ, қорани қора дейман.
Талабчан, қаттиққўл профессор неча ўнлаб курмакларни шолипоядан юлиб олиб ирғитмади дейсиз! Устоз ҳақида тиббиёт оламида: «Ҳаким Зоҳидийдан уч баҳо олган бўлсанг, анатомияни бешга билар экансан», деган реал ҳикмат қолди.
Устозлар ҳақида гап кетганда бир табаррук инсонни эҳтиром билан эсламасдан иложим йўқ. У киши доҳий Ленин йўлланмаси билан Тошкентга келган олимларимиз қаторида иш бошлаган фармаколог Николай Кампанцевдир. Профессор Кампанцев ўз фанининг билимдони бўлиш билан бирга ниҳоятда камтарин, студентларга нисбатан эса жуда меҳрибон эди. Лекцияларда керакли гапни кўпчиликнинг таъбири билан айтганда, «мияга қуйиб» қўярди». Николай Николаевич имтиҳон пайти студентнинг қай даражада илмга эга эканлигини бир савол билан англаб оларди. Мабодо студент яхши билса, унга «тўрт» қўймасдан, аксинча, «Яна бир оз ўқиб келсанг сенинг баҳонг «беш», дер эди. Баъзилар, домла бизга «4» ҳам бўлади, деб эътироз билдирса: «Йўқ, сенинг билиминг «беш»га лойиқ, — дерди. — Фақат фалон-фалон темаларни ҳам бошқаларидек ўзлаштиришинг керак».
Бир куни қизиқ воқеа бўлган: Николай Николаевич бир талабани имтиҳондан қайтарди. Ҳалиги йигит оилавий аҳволининг ёмонлигини, энди стипендиясиз ўқиши гумонлигини айтиб йиғлади. Унинг рангига термилиб турган домланинг ҳам кўзлари намланиб кетди. Иккаласи йиғлашиб олдилар. Студент чиқиб кетаётганида изидан домла ҳам турди. Талаба бу ҳолни кўриб, зора домланинг юраги бўшаган бўлса, деган фикр билан тўхтади. Профессор уни қўлтиғидан олиб йўлида давом этди:
— Ўғлим, оилавий аҳволингнинг оғирлигини сезиб турибман. Начора! Сен слесарь бўлиб етишсанг экан, мен қарашиб юборсам… Сенга ҳозир раҳм қилсам келажакда сен кимларнингдир оилавий аҳволини оғирлаштириб юборишинг ҳеч гап эмас… Ундан кўра, йиғламасдан қулоқ сол: маълум темалар бўйича билиминг яхши. Аммо қолганларидан мазанг йўқ, ўшаларни ҳам яхшилаб ўқиб келгин, мен сенга стипендия оладиган баҳо қўяман. Келишдикми? Йиғлама.
Уни кўчага кузатиб қайтган, кўзёшларини артиб, имтиҳон хонасига кирган эди. Албатта, маслаҳатини яхши бажарган студентларга домла тегишли баҳо қўйган. Қани эди ҳамма ҳам ғалвирни Зоҳидий ва Кампанцев каби айлантира олса…
Демак, курмакларни вақти-вақти билан шолилардан ажратиб туриш боғбонларнинг, аниқроғи, домлаларнинг бурчи, вазифаси.
Учинчи бекат
Бобокалонимиз, бемор тузалишини истасанг — унинг руҳини кўтар, деб бежиз айтмаганлар.
Эндиги гап врачнинг бемор билан бўладиган муомаласи хусусида. Шикоятнинг илдизи шу нарса билан ҳам боғланган бўлади.
Врач бемор билан биринчи учрашувдаёқ эътиборни кучайтириши лозим. Эътибор деганда белгиланадиган дори-дармон ёки анализларнинг аҳамиятини обдан ўйлаб кўришгина тушунилмайди. Аксарият шикоятлар врачларнинг беморга нисбатан муомаласи ёмонлигидан келиб чиқади.
Лўлилар воқеаси ҳеч эсимдан чиқмайди. Навбатчи хирург сифатида постда тургандим. Кечга яқин касалхона дарвозасидан ўттиз чоғлик эркак шитоб билан кириб келди. Олдинда бир йигит, унинг елкасида 10 ёшлар чамасидаги қизча. Бошқалар йигитдан дамба-дам: «Чарчамадингми?» деб сўрайди. Оломон бўлимимиз эшигига келиб тўхтади. Қизчанинг исми Тахтбиби экан. Унинг буйраги оғриётгани учун бўлимга жойлаштирдик. Қизча тегишли ёрдамдан сўнг тинчланди. Аммо эшик олдидаги одамлар жилмасдан тураверишди. Устига устак салдан сўнг 20 тача хотин-халаж ҳам уларга қўшилди. Бу ҳолни кўриб:
— Ҳаммаларинг бир қизча деб юрибсизларми? — деб сўрадим.
— Ҳа, одам сизга помидорми? — дейишди улар.
Мен гапимга яраша жавоб олдим.
Врачнинг нафақат ноўрин айтган сўзи, балки шубҳа билан бир қараб қўйиши ҳам беморнинг дилини хуфтон қилиши мумкин.
Тунги пайт навбатчилигимда бир қизчани олиб келишди. Чамаси, у 13—14 ёшларда бўлиб, қаттиқ оғриқ туфайли безовталанар, бирга келган ёшроқ хотин эса унга дамба-дам тасалли берар эди. У нуқул қизнинг исмини айтиб юпатишга уринар, бирор марта қизим ёки болам сўзини ишлатмасди.
Мен беморга тегишли ёрдам бердим. У бир оз тинчлангач, касаллик тарихини тўлдира бошладим. Бу пайт шубҳасиз, қизнинг қачон касал бўлгани, касаллик нимадан бошлангани сўраб олинади. Саволимга тегишли жавоблар бераётган ҳалиги аёлдан сўрадим:
— Сиз қизчанинг кими бўласиз?
— Онасиман.
Беихтиёр аёлга тикилиб қолдим. Чунки у сап-сариқ, қиз эса буғдойранг юзли, қошу кўзи қоп-қора, сочлари попукдек эди. Шубҳамни қизча бирдан англаб олди-да, қўшимча қилиб жавоб берди:
— Бу киши менинг иккинчи онам!
Кейинроқ билсам, қизнинг ҳақиқий онаси бир неча йил аввал вафот этган экан. Мен ўшанда шубҳали бир қараш туфайли қизнинг дардини янгилаб юборганим учун пушаймон бўлдим. Афсуски, вақт ўтган эди…
Мен-ку шубҳали бир қараш натижасида зийрак қизнинг дил ярасини янгилаб юборганман. С. деган ҳамкасбим эса воқеани батафсил айтиб, огоҳлантирганимдан сўнг ҳам беморнинг дилини оғритадиган муомала қилган. Воқеа шундай содир бўлади.
Яқин бир дўстим қишлоқдан қўшнисининг хотинини оғир аҳволда туғруқхонага олиб келибди. Менга хабар берди. Бордим. Дўстим қўшнисининг бошқа шаҳарда даволанаётганини, буни унинг ҳомиладор хотинидан сир тутганини айтди. Мен навбатчи врач С.ни бир четга чақириб олиб, воқеадан воқиф этдим. С. менга:
— Биз ҳаммага баб-баравар қараймиз, — деди.
Аммо ҳомиласи бевақт безовта қилаётган ҳалиги хотиннинг олдига кириб сўрабди:
— Ростдан ҳам эрингиз оғир касалми?..
Врачнинг болалар билан бўладиган муомаласи ҳам ўта зийраклик талаб этади.
Операциядан чиқишимни кутиб турган терапевт дўстим мени кўриши билан:
— Кетдик, — деди.
— Қаёққа?
— Кейин айтаман, каттакондан рухсат олдим, — деб мени қўлтиғимдан ушлади.
— Шошманг, кийиниб олай.
Шарт эмас, машина тайёр, ғир этиб борасизу келасиз.
«Ғир» этиб бордик. Дарвозадан киришимиз билан бизни кутиб олган уй соҳибасига дўстим:
— Мана бу кишини ҳозир операциядан олиб келяпман, — деди.
Икки қадам нарида қулоғини динг қилиб турган бола бу гапни эшитиб:
— Операция қиларкан, онажон, айтинг операция қилмасинлар! — деб тўполон қилиб юборди.
Яхши ҳамки, бир оздан сўнг боланинг отаси келиб уни юпатиб берди.
У киши бизга болани қўрқитибсизлар, дейиши ҳам мумкин эди. Биз унга ноўрин шикоят қиляпсиз дея олмасдик, бундай дейишга ҳаққимиз йўқ. Унутмаслик керакки, қўрқув — организмга баъзи бир дарддан кўра ёмонроқ таъсир қилади.
Шу ўринда бир воқеа ёдимга келди.
Ёшлигимизда ҳар биримиз ёнида ўткир пичоқ ёки устара олиб юрган катталардан қўрқиб юрганмиз. Чунки бир марта унинг қўлига тушганмиз. Мардон бобонинг қизиқ одати бор. Ёш болани кўрдими — бас, қувлаб кетади. Болалар унга кўпинча тутқич бермайди. Баъзан қўлга тушиб қолишса, бунинг чолга қизиғи йўқ. У ноилож, ҳа, қўрқмас экансан, ҳали шошмай тур, пичоғим уйда қолганини билдинг-а, деб у ён-бу ёнини пайпаслаб қўяди, холос.
Қўлга тушган болалар иккинчи қочмайдиган бўлади. Шу боисдан Мардон бобога қолса, болалар тутқич бермай қочаверса, у ҳам қувлайверса.
Ўшанда ўн беш бола қишлоқ магазини олдида йиғилиб, ўйин қуриб турардик. Бир четда 13—14 ёшлардаги жуссаси йирик Жўра турарди. У лапашангроқ эди. Жўра кўпинча чўпон тоғаларига ёрдам бериш учун отарда юрар, шу боисдан ўқиши ҳам ҳаминқадар эди.
Ўйинимиз авжига чиққан пайт кимдир тўсатдан ваҳимали қилиб: «Мардон бобо келаяпти, ҳозир ётқизади!» деди. Ҳамма дув этиб қочди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ Жўра қочолмай қолди, аксига олиб бирдан йиқилиб тушди. Бу пайт Мардон бобо жуда яқин келиб қолган эди. Унинг: «Тўхта!» дегани шундай қулоғи остида эшитилди. Жўра ўрнидан турмади, тура олмасди ҳам: у ҳушсиз ётарди.
— Мен қаердан билибман? — дерди бир ҳол бўлиб ўтириб қолган Мардон бобо титраб. — Сув сепинглар, пиёзни чайнаб юзига пурканглар.
Сув сепилди, пиёз ҳам пуркалди.
— Жўрка, Жўра, кўзингни оч, — деди биров бақириб.
— Жўрақул, Жўражон, кўзгинангни очгин, — деди Мардон бобо ҳам зорланиб. Бир оздан сўнг Жўра кўзини очди, ҳушига келди. Мардон бобо кафтларини очиб кўрсатди:
— Қўрқма, Жўражон, мана, ҳеч нарсам йўқ. Қўрқмагин энди…
Жўра секин оёққа турди ва устини қоқиб, уйига жўнади. Шу воқеа сабаб бўлдию Мардон бобо болалар билан ҳазиллашмайдиган бўлиб қолди…
Врач болани мумкин қадар ҳеч бир ҳадиксиз кўрик қилиши керак. Баъзан ота-она бизнинг ишни ҳаддан ташқари юзаки тушунади. Д. исмли боланинг отаси ранг-қути ўчган ҳолда жарроҳ ёнига келди:
— Болани операция қилсак соғайиб кетади, деган эдингиз. У операцияхонадан ҳушсиз чиқди-ку?..
Бемор ҳамиша ҳақми, деган саволга мен «ҳа» деб жавоб бераман. Лекин ҳаётимда юз берган баъзи бир воқеаларни эслатиб ўтиш ниятим ҳам йўқ эмас.
Д. исмли қизчанинг онаси ординаторхонага авзойи бузуқ ҳолда кириб келди. Салом-алик пайти ҳам қовоғи очилмади. Аксинча, бирдан саволга ўтди:
— Қизимга нега грамурин бермаяпсизлар?
Туйқусдан берилган бу саволдан аввалига ҳайрон бўлдим, сўнгра хаёлан «гап тагида гап бўлиши мумкин» деган фикрга бориб:
— Қизингизга грамурин бериш шарт эмас, — дедим.
— Йўқ, шарт!—деди у ўчакишиб. — Яккаю ягона қизимга грамурин топилмаса!..
Унинг гапини бўлдим:
— Биринчидан, мен ҳали топилмайди деганим йўқ. Қолаверса, қизингизни грамуринсиз ҳам дарддан холис қиламиз.
Сўнгра бемор олаётган дориларни санай бошладим.
— Буларингиз бефойда…
— Қизингизга грамурин кераклигини қаердан билдингиз?
— Ишхонамизда бир хотин худди шундай дарддан грамурин ичиб тузалган экан.
— Биласизми, баъзи дориларни болалар учун имкони борича камроқ ишлатиш керак.
— Йўқ, грамурин!
Ноилож унга бобомдан эшитган, Замон бойнинг туяси ҳақидаги ҳикояни айтиб беришга мажбур бўлдим:
— Биласизми, опа, ўтган замонларда бир бой яшаган экан. Унинг мингта қўйи ва битта туяси бор экан. Бой бўлишига қарамасдан у ўта хасис экан, нуқул касалликдан ўлаётган қўйини сўйдираркан. Бойнинг ўн иккита фарзанди бир кўрпани ёпиниб ётишаркан. Кўрпа ҳам анча хизмат қилган экан; эрталаб ким уйғонса, кўрпанинг бир четини ағдариб ўтирмасдан, ўзига яқин бўлган йиртиқдан чиқиб кетаверар экан. Ўша бойнинг туяси касал бўлиб қолибди. Бир кун, икки кун, йигирма кун ўтса ҳам туя ўрнидан турмабди. Ваҳимага тушган бой яқин-атрофга жар солибди:
— Кимда-ким Замон бойнинг туясини ўрнидан турғизса, битта қўйга эга бўлади!
Хабарнинг учинчи куни қўшни қишлоқдан Чори Карвон деган бир киши бойникига келиб:
— Туянгизни мен турғизаман! — дебди.
— Битта қўй бераман.
Чори Карвон ишга киришибди. У олдин бир қулоч темир косовнинг бир учини обдан қиздирибди. Шундай қиздирибдики, темир чўғ бўлиб кетибди. Сўнг ўша темирнинг чўғини туянинг товонига босган экан, туя бақириб, ўрнидан туриб кетибди. Чори Карвон қўйни олиб ҳовлидан чиқиши билан туя ўзини ташлаб юборибди. Бу сафар умуман ўрнидан турмабди.
Ҳикояни эшитиб Дилоромнинг онаси шаштидан тушди.
— Айланиб кетай сиздан, ўз билганингизча даволанг. Ишқилиб, қизим тузалса бўлди. Биз авом халқ, ким нима деса ишонаверамиз. Ўзимиз кўр бўлсак-да, врачларга ўргатамиз. Мени кечиринг, укажон…
Гоҳида беморнинг кимигадир яхши кўриниш учун унга ҳеч бир алоқаси бўлмаган кишилар ҳам касалхона ҳовлисида изғиб юради, врачнинг қимматли вақтини олади, энг ёмони — майда-чуйда гапларга, ҳар хил миш-мишлар тарқалиб кетишига ўшалар сабаб бўлади.
Навбатчи врач хонасига башанг кийинган 30—35 ёшлар чамасидаги йигит кириб келди. У иш билан машғул бўлган врачларга тортинмасдан қўл узатиб, бир-бир кўришиб чиқди. Сўнгра хонанинг бир бурчагидаги креслога бемалол чўкди. Хонадагилар билан ялпайиб ўтирган жойида бош ирғаганча сўраша бошлади. Йигит ўзини шу важоҳатга лойиқ ҳис этар ва бу ўринда ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаслиги керак деган маънода атрофга назар солар эди. Касалхонага иши тушган одамга ўхшамасди. У ҳар бир киши билан узундан-узун ҳол‑аҳвол сўрашиб, бамайлихотир ўтиргани учун бўлим бошлиғи врачларнинг вақтини қизғанди.
— Хўш, хизмат? — деди у йигитга қараб.
— Бир болани кўргани келган эдик.
— Кимни?
— Шавкатжонни.
— Фамилиясини айтинг.
— Зарипов.
— Ҳа, шундай бола бор, даволаняпти, — деди бўлим бошлиғи гапни лўнда қилиб.
— Ишқилиб, яхшироқ қарашингизлар-да, — деди йигит чайналиб.
Орага ноқулай жимлик тушди. Бўлим бошлиғи яна йигитга юзланди:
— Шавкатни кўрасизми?
— Раҳмат, кўриб чиқдим. Сизларни ҳам бир кўриб кетай деган эдим…
— Бизларни ҳам кўриб бўлдингиз, — деди унга врачлардан бири ёзаётган касаллик тарихидан бош кўтармай.
Ниҳоят, бу гапдан, «бизга халақит беряпсиз» маъносини англаб олган йигит, «Хўп бўлмаса, соғ бўлингизлар!» дея чиқиб кетди. Эртаси куни у яна келди. Бу сафар бўлим бошлиғи ундан сўради:
— Сиз Шавкатжоннинг дадасимисиз?
— Йўғ-э, — деди йигит мийиғида кулиб. — Шавкат жияним, мен унга тоға бўламан. Унинг касаллигини билсам бўладими?
— Биз боланинг касаллиги ҳақида фақат ота-онасига ахборот берамиз.
— Отасининг вақти тиғиз, доимо зарур иш билан бандлар.
— Шошадиган жойимиз йўқ, бола даволаняпти, дадаси вақт топиб келар, бўлмаса онасига айтамиз.
— Менга айтмайсизми?
— Йўқ, мумкин эмас.
Йигит мулзам бўлиб чиқиб кетди. Бир неча кундан сўнг касалхонага Шавкатнинг отаси келди. У киши врачлар билан самимий қиёфада ҳол-аҳвол сўраша бошлади.
— Кечирасизлар, хизматчилик, олдинроқ учрашиш имкони бўлмади. Нуқул сизлар ишдан қайтган пайтлар келдик. Ҳозир бир зум вақт топилиб қолди. Главкадан одам келган эди, шу боис шаҳарга йўлим тушди. Ҳай, ҳорманглар энди.
— Саломат бўлинг.
— Қалай, Шавкатжоннинг тоши эрий деб қолдими?
Отанинг бу сўзларидан барча ҳанг-манг бўлиб қолди. Бир оздан сўнг масала равшан бўлди-қолди… Бир неча кун давомида Шавкатжоннинг ҳолини сўраб юрган йигит Шавкатнинг дадаси раҳбарлик қилаётган ташкилотда экспедитор бўлиб ишларкан. У Шавкатнинг касалхонага бетоб бўлиб тушганини эшитиб, бу ерга бўзчининг мокисидай қатнай бошлаган. Врачлар боланинг дардини ундан сир тутгани билан Шавкатнинг онасидан болада буйрак — тош касаллиги борлигини билиб олибди ва Шавкатнинг отасига яхши кўриниш учун Шавкатнинг дардига малҳам излай бошлабди. Кимлардандир «буйрак тошини эритиш мумкин» деган гапни илиб олиб, Шавкатнинг дадасига: «У ерда менга таниш врачлар ишлашади, улар тошни эритишмоқчи, топилмас дорилардан ёрдам қилишларини тайинлаганман», деб ялтоқланган экан. Ўша куни врачлар унга Шавкатнинг касаллиги ҳақида, ундаги тош эримайдиган хилидан эканлиги тўғрисида ва болани фақат операция йўли билан даволаш зарур эканлигини айтишди. Орадан кўп ўтмай Шавкат операция қилиниб касалхонадан соғайиб ҳам чиқди.
Баъзан эса арзимас нарсани рўкач қилиб олган беморлар яқин кишисига шифокор устидан шикоят қиладилар. Очиғини айтганда, бу хил инжиқлик такаббур раҳбарлар, айниқса уларнинг оилалари, яъни «янгалар» ўртасида мавжуд. Улар касалхонага шифо истаб эмас, гўё текширувчи каби кириб келадилар.
Шифокорларнинг ўзаро қуйидагича суҳбат қуришганини эслайман:
— Нозик табиатли опалардан бири бўлимга келиши билан, темир каравотда ётмайман, деб туриб олди. Сўнг уйдан диван олиб келишга рухсат бермаган врач устидан эрига, эри эса соғлиқни сақлаш системасидаги раҳбарга арз қилиб 20 йил ҳалол ишлаган жарроҳга маъмурий жазо олиб берди. Ахир беморни каравот даволамайди-ку!..
— Уни қўйинг. Биттаси бизнинг бўлимга кирмасдан туриб, менга алоҳида хона қилиб берасанлар, ҳамма нарса — чойшаб ҳам, кўрпа ҳам янги бўлсин, деб буюрган эди. Баҳоли қудрат кичикроқ хонага жой ҳам қилинди. Аммо ҳалиги табаррук зот палатага оёқ қўяр-қўймас галдаги талабга ўтди: беморларга мўлжалланган холодильникни унинг палатасига киритиб берармишман…
Беморларимиз бизнинг ёрдамимизга муҳтож. Биз врачлар ўзимизни оқлашга қанчалик уринмайлик, тортишадиган шеригимиз, яъни бемор жабрдийда, дили озор тортган инсон, бир сўз билан айтганда, у носоғ. Шуни унутмайлик. Мақсад беморни даволашдан иборат. Нима билан? Илиқ сўз билан, гиёҳ билан, тиғ билан, қунт билан, сабот билан, чидам билан…
Тўртинчи бекат
Демак, илиқ сўз билан, гиёҳ билан, тиғ билан, қунт билан, сабот билан, чидам билан…
Хирург бўлганим учун бу бекатни устозлардан мерос қолган ҳикматли гапдан бошламоқчиман: «Бизда қўлдан олдин бош ишлаши керак!»
Нафақат жарроҳлар, тиббиёт оламининг ҳар бир вакили амалий билимга эга бўлмоғи даркор.
Шундай воқеа эсимда: пахтакорлар учун ташкил этилган дала поликлиникасига командировка этилаётган врачга катта ҳамшира бош врачнинг буйруғига асосан керакли дориларни зудлик билан тахтлаб беради. Врач ишга тушади. У дала поликлиникасидаги фаолиятининг иккинчи куни қабулга келган бемор студентни укол қилади. Студент тинчланиш ўрнига чинқира бошлайди. Маълум бўлишича, катта ҳамшира шошиб новокаин ўрнига бошқасини қуйиб юборган экан.
Гоҳида врач мутахассис сифатида у-бу нарса қўлидан келадиган бўлгач, тиббиёт оламида тугал ечимини топган жабҳа йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас деган буюк ҳикматни унутиб қўяди. Ўзини барчадан устун қўйиб, иззатталаб бўлиб қолади. Ана шу қусур оқибатда беморнинг соғлигига салбий таъсирини кўрсатади.
К. деган врач беморнинг ярасини боғлаш пайти:
— Ярангизнинг нарёғи қорин бўшлиғи. Мендан бошқа одам боғласа, йирингни ичакларингизга ўтказиб юбориши мумкин, — деди.
Бу гапнинг эртаси куни К. графикка мувофиқ узоқ районга командировкага жўнатилди. Касалхонада қолган бемор эса қани энди ярасига бировни йўлатса. К.нинг ўзини топиб келасизлар, бошқа одамга боғлатмайман, деб туриб олди. Бу гапни у К.ни тарбиялаган жарроҳларга ҳам айтди. Бир неча бор тушунтиришлар оқибатидагина К.дан бошқа врач ҳам унинг ярасини боғлаш қобилиятига эга эканлигига беморда ишонч ҳосил қилинди.
Аксинча, баъзида беморнинг тақдирига бефарқ қараш, унинг ҳаёти учун муҳим бўлган муолажаларни ишончсиз қўлларга топшириб қўйиш ҳоллари ҳам учрайди.
Навбатчилигимда тун ярмига яқин қўшни бўлимнинг оғир беморларини текшираётган чоғимда палатага семиз бир хотин кириб келди. Мен бирорта беморга бир гап бўлдимикин деб, унинг оғзига қарадим. У гап-сўзсиз тўрдаги тумбочка устида турган Жане шприцини олди.
— Тўхтанг! — дедим жиддий ҳолда унга қараб. Ҳалиги хотин бир оз тисланди. Менга ёрдам бериб турган ҳамшира гапга аралашди:
— Бу киши фурациллин олмоқчилар.
— Фурациллинни нима қилади?
— Ўғлининг трубкасини ювиш учун.
— Қанақа трубка? — дедим ҳамширанинг гапидан ҳайрон бўлиб.
— Кўкрак қафасидаги трубка…
Шундан сўнг мен яра боғлашдан тўхтаб, хотинни залга чиқариб қўйдим.
Кейин ҳамширадан сўрадим:
— Ким рухсат берган унга?
— Мудирамиз. Анча бўлди, ҳар куни ўзи ювади.
Ҳамширанинг гапидан анграйиб қолдим.
— Ишонмасангиз, ана, палатага бориб сўранг, ёнидагилар айтишади.
Ҳа, ҳамшира ёлғон гапирмаётган экан. Ростдан ҳам 8-палатадаги С. деган уч ёшли боланинг онаси — ҳалиги аёл ўғлининг кўкрак бўшлиғига қўйилган махсус трубка орқали ҳар куни фурациллин юбориб, йиринглаган ўпкани ювар экан.
Ўша оқшом бу муолажани мен бажардим. С.нинг онаси фақат «ўргатиб» турди, холос.
Эртаси куни беш минутликда кечаги масалани кўтарсам, бўлим мудири кўпчиликнинг олдида уялади деб ўйладим. Аммо жавоб тамоман бошқача бўлди:
— У хотин сиздан ҳам, мендан ҳам яхши ювади…
Мураккаб ишни битта кондуктор хотинга топшириб қўйган олий маълумотли врачни муносиб таърифлаш учун ҳануз сўз топа олмайман.
Бешинчи бекат
Бизда тиббиётнинг бир юз етмиш икки соҳаси бўйича мутахассис тайёрланар экан. Хўш, бу соҳаларда ҳамма бирдай жавлон урадими? Биринчи мутахассиснинг бир юз етмиш иккинчига нисбатан ҳурмати қандай? Бир юз етмиш биринчи мутахассис ўзидан кейингисини қанчалик тан олади? Улар ҳамиша ҳам беморнинг тақдири учун баб-баравар қизиқишадими? Бу саволларга жавоб ахтариш жараёнида бир воқеани эслагим келди. Уни менга марҳум устозим ҳикоя қилиб берган эди.
Энди ишга келган пайтларим. Чошгоҳда «тез ёрдам» касалхонамизга ёши анчага бориб қолган бир кишини олиб келди. Унинг аҳволи оғир эди. Бирин-кетин ўн икки мутахассис кўриб чиқишди. Ўн иккиси ҳам, беморнинг ҳозирги аҳволи бизга тегишли касаллик туфайли рўй бермаган, деган хулоса асосида ўн икки хил кўргазма беришди. Бемор эса кечга яқин ўн икки бўлими «фаол» ишлаб турган касалхонанинг қабулхонасида ёруғ жаҳонни тарк этди.
Энди мана бу гапга қулоқ тутинг:
Юқумли касалликлар шифохонасининг қабулхонасида навбатчилик қилаётган врач беморни кўриб, унинг онасига:
— Болангизнинг аҳволи оғир, шамоллаган. Шу боис болалар касалхонасига олиб борасиз, — деди.
— Йўғ-э, — деди безовта она, — қишлоқ дўхтири боланинг ичи бузилгани учун сизларга жўнатган эди-ку?
— Бизга тегишли касаллиги ҳам бор, лекин ўпкаси чатоқ. Шунинг учун айтилган жойга боринг-да, ичи кетганини айтманг…
Шу ўринда биз қачондан бери бемордан четлаб ўтадиган, «отанг қариса қоч», қабилида иш тутадиган бўлиб қолдик дегинг келади! Ахир яқин-яқингача устозларимиз командировка пайти ёки отпуска даврида ҳам иш жойидаги беморларнинг аҳволини сўраб туришмасмиди? Малака оширишдан ёки дам олишдан қайтиб ишга тушган куниёқ оғир аҳволда ётган беморнинг тақдири нима бўлгани билан қизиқишмасмиди?!
Баъзан мутахассисларнинг ўзаро муносабатларини, улар ўртасидаги муомалани кўриб ажабланасан киши. Айрим ҳолларда эса ҳатто хўрлигинг келади.
Хирург шаҳардаги машҳур педиатрдан: «Илтимос, битта оғир беморимни кўриб қўйсангиз», дея илтижо қилган эди, педиатр қуйидагича жавоб берди:
— Ўзингизнинг болангиз бўлганида борар эдим, афсуски, вақтим зиқ…
Гоҳида туппа-тузук мутахассис ҳам «қовун тушириб» қўяди.
Обход пайти нейрохирург М. бемор болани кўрик қилатуриб:
— Энди унга ҳеч қандай укол керак эмас, чунки болани қайта операция қилиш лозим, — деди.
Бу гапдан боланинг онаси қотиб қолди:
— Нега ундай дейсиз, боламнинг аҳволи операциядан сўнг анча ўзгарди! Бу гапингиздан операция қилган дўхтурнинг хабари борми?
— Мен ундан сўраб ўтирмайман, операция нотўғри қилинган! Мана, рентгенда олинган суратда шундай кўриниб турибди.
— Вой шўрим! — деди она. — Наҳотки яна боламнинг миясини очишса? Иккинчи операцияни кўтарармикин, энди оёққа тураётган эди-я…
Тунда районга чақирилган врач пешинга яқин иш жойига келса, боланинг онаси йиғлаб унинг олдига чиқди:
— Дўхтир, қўлингиздан келмас экан, нима қилардингиз уриниб?!
— Тинчликми, опа? — деди ҳеч нарсадан хабарсиз бўлган врач.
— Ўғлимни нотўғри операция қилибсиз-ку!
— Ким айтди сизга бу гапни?
— Бўлим бошлиғингиз.
— Қачон?
— Бугун обход пайти.
— Сиз палатада туринг-чи, мен бир оздан кейин кираман, — деб у бўлим мудирининг хонаси томон юрди. Мудир хонада ёлғиз эди. — Болани қайта операция қилиш керак дебсиз…
— Бўлмасам-чи, ана рентгенограммасига қаранг, осколкаси турибди.
— Шундай осколкадан операция пайти еттитасини олганман.
— Саккизинчисини ҳам олиш керак эди.
— Олардим, аммо кучли қон кетиш рўй берди. Боланинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида операцияни тезроқ тугатганман. Битта осколка қолган бўлса бордир, аммо у миянинг пардасидан ташқарида турибди, кейинчалик мия қопқоғи сатҳигача кўтарилади.
— Кўтарилмайди.
— Кўтарилади!
Бу айтишув тортишувга, тортишув эса масалани бутун коллектив хирурглари ўртасида кўриб чиқишга сабаб бўлди.
Кўпчилик, бош нейрохирургни чақириб унинг фикрини билиш керак, деган қарорга келди. Бош нейрохирург келиб бола ҳеч қандай қайта операцияга муҳтож эмас, озод турган битта осколка кейинчалик мия қопқоғи сатҳига кўтарилади, деган фикрни айтди.
Бола бир неча кундан сўнг касалхонадан соғайиб чиқди. Шундай қилиб, бўлим мудири ординаторнинг хатосини «тўғрилайман» деб ўзининг обрўсини тўкди, холос.
Баъзан севган касб сабабли ишхонадагилар бир-бири билан бир оила фарзандлари каби иноқ бўлиб кетганига бировларни ишонтиролмайсан киши.
Устозим тўсатдан оғир дардга чалиниб қолди. Касалхонада унга ёрдам кўрсатила бошланди. Аммо, зарур бўлган чораи тадбирларнинг барчаси, уни даволаётган врачларнинг таъбири билан айтганда, ўз вақтида бажо келтирилаётган бўлса ҳам, беморнинг аҳволида яхшилик томонга ўзгариш кўринмас, аксинча, беморнинг аҳволи тобора оғирлашар эди. Одатда бундай пайт ҳар қандай беморнинг қариндош-уруғлари зир югуришлари табиий. Биров даволовчи врачга қараб: «Балки ноёб, топилмас дори керакдир?» деса, иккинчи бир киши бош врачга, юқорироқдан мутахассис чақирмайсизларми, деган таклиф билан мурожаат этади. Афсуски натижа бўлмади — А. 44 ёшида, врачлик фаолиятининг ўн саккизинчи йили ҳаётдан кўз юмди. Саксон ёшга яқинлашиб қолган чолу кампир бевақт ўлим туфайли ҳазон бўлган фарзанди доғида оҳ чекишди. Мен уларнинг қайғусига қисман эса-да, шерик бўлдим. Мана шунга ҳам бир неча йил бўлибди. Улардан ҳануз хабар олиб тураман. Ҳар сафар борганимда қариялар кўзларида ёш билан: «Дўхтир ўғлим келди!» деб қарши олишади.
Бошқа соҳани билмайман-у, медицинада кадрларнинг ўртоқ бўлгани маъқул. Мутахассисликни яхши эгаллаган врач кўп ҳолларда иш жойини ўзгартирмасликка ҳаракат қилади, ҳатто раҳбар вазифалардан ҳам воз кечади. И. деган хирург бош врачлик вазифасига ўтиш тўғрисидаги тавсияни бир неча бор рад этганини яхши эслайман. Аксинча, шундай врачлар ҳам борки, мустақил иш бошлаганига уч-тўрт йил бўлмасданоқ иш жойини, баъзан эса касбини ҳам бир неча бор ўзгартиришга улгуришади.
Яқинда бир воқеанинг шоҳиди бўлиб ҳайрон қолдим. Хирургия бўлимининг бошлиғи, ўттиз йил фаол ишлаган киши кеча институтни тугатган ёш врач С.га:
— Бугун навбатчи врачнинг бошига бир ташвиш тушибди, постда қолинг, табелга сизни ёзамиз, — деди.
— Қола олмайман, — деди гапни чўрт кесиб С.
— Ука, илтимос…
— Бўлмайди, дедим-ку.
— Сабаби борми? — деди бўлим бошлиғи сал қизишиб.
— Бор, индинга синфдошлар ўтириши, бугун бозор қилишим керак.
Шу воқеадан кўп вақт ўтмай, узоқ райондан касалхонамизга бир ёш врач кириб келди. У бемор олиб келган экан. Беморини топшириб бўлгач, С.ни сўради.
— Бирга ўқиганмисизлар? — дедим мен унга.
— У биз билан бирга ўқигани йўқ, курсма-курс бирга юрган, холос, — деди ҳалиги йигит афсус билан. Сўнгра менга маънодор қараб давом этди: — Эҳ, ака, қандай «аълочи» йигитлар хирургияга ўтолмай қолиб кетди. С.га ўхшаганлар эса, умрида бирор марта операцияда қатнашмаган бўлса ҳам, ўтиб олишди. Операция пайти ёрдам бериш у ёқда турсин, агар мустақил равишда қўлини юва олса мен исмимни бошқа қўяман! Бўл-бўл экан, бор бўл экан-да!.. Институтга киришда ҳам, то уни тугатгунча ҳам пулни ишлатиб кун кўрди.
Унинг гапини бўлдим:
— Ўзи студент бўлса, мўмай пулларни қаердан топади?
— Тўғри, ўзида ҳеч вақо йўқ, ҳаммасига савдонинг қайси бир бурчагида ин қурган отаси балогардон. Шаҳарда ишга қолишнинг ҳам ўзи бўлгани йўқ…
Йигитнинг гапига ярим ишониб, ярим ишонмай қўйдим. Кўп ўтмай касалхонага бошқа ташкилотдан қўнғироқ бўлди: — Маҳаллий комитет раисимисиз? — деб сўради кимдир. — Ҳа.
— Сизларда бир врач ишлар экан, — деди-да, у С.ни сўради.
— Ишлайди, — деб тўғрисини айтдим.
— Ўша йигитнинг ҳужжатларини тўғрилаб райисполкомга келинг.
— Нима масалада эканлигини билсам бўладими?
— Уй-жой тўғрисида, — деди ҳалиги одам.
— Бизда уй-жой учун бир неча йилдан бери ишлаётган мутахассислар навбат кутиб туришибди-ку?
— С.га ёш мутахассис сифатида уй берамиз…
Шундай қилиб, С. ёш мутахассис сифатида квартиралик ҳам бўлди. Аммо у бизнинг ҳисобдаги бошпанага жойлашгач, уйига яқинроқ поликлиникани қулай билиб, ишни ҳам ўзгартириб юборди. Шундагина мен унинг курсдоши айтган гапларига ишондим.
Олтинчи бекат
Бу бекат табобат соҳасидаги раҳбарлару уларнинг буйруғини ижро этувчиларга бағишланади.
Ҳар бир системанинг, жумладан, медицинанинг ҳам ўзига яраша раҳбар ходимлари мавжуд. Тан олиш керак: бизнинг раҳбарларимиз асосан икки тоифадан иборат. Биринчи тоифа вакиллари кўпчиликни ташкил этади: улар аввал тиббиётни бирор соҳасида кўзга кўринган, ўз ишини пухта ўрганиб чиққан ва ниҳоят, коллектив тавсиясига мувофиқ бош врачлик вазифасини бажараётган ҳақиқий ташкилотчиларимиздир. Бундай раҳбарлар коллективнинг ҳар бир аъзосига ўзининг яқин кишисидек меҳрибон, унинг асосий мақсади — ҳар бир ходимнинг иш вақти унумли бўлишини таъминлаш.
Маҳкамов деган хирург касалхонанинг қайси бурчагида бўлса ҳам бекор ўтирган оқ халат соҳибини кўриб қолса, доим бир гапни айтар эди: «Наҳотки беморга ёрдам бериб бўлгансиз?» Унинг бу оддий луқмасида, врач бемор учун қанча вақт ажратмасин, барибир кам деган мазмун ётарди.
Шундай бош врачлар борки, уларнинг иш принципи, айниқса давлатнинг пулини сақлаш ва сарфлаш бобидаги хатти‑ҳаракатлари пешона тери эвазига топган пулини тийинигача эҳтиётлаб юрадиган тежамкор кишиникига ўхшаб кетади. Касалхона мулкини ўзиникидай асрайди, у бошқаларни ҳам шунга ундайди. Хуллас, фидойи врачлар бўлгани каби фидойи раҳбарлар ҳам мавжуд.
Ҳар таёқнинг икки томони бўлганидек, фидойи раҳбарларнинг ҳам тескари тоифалари ҳаётимизда соя каби биз билан бирга яшамоқда. Мақсад — ўша иккинчи тоифа вакили бўлган, шуҳратпарастлик ва дабдабавозликни яхши кўрадиган амалдорни фош этишдан иборат. Бир донишманддан донолик сирларини сўрашганида: «Аҳмоқнинг тескариси бўлмоқ керак», деган экан.
Гап иккинчи тоифадаги раҳбарлар ҳақида кетаркан, уларнинг кўпчилиги институт бўсағасини тарк этиши биланоқ (баъзилари ҳатто талабалик йилларидан бошлаб) махсус машинада талтайиб юриш, хонанинг тўридаги катта столга тирсак тираб виқор билан ўтириш орзусида эканлигини эътироф этмоқ лозим. Фикримни исботлашга ўтаман.
Институтни битириб учинчи йил ишлаётган врач Б. кунларнинг бирида тўғри область соғлиқни сақлаш бўлимига кириб унинг мудирига:
— Мен битта илтимос билан келдим, — деди.
— Қанақа илтимос?
— Бизга медицина билим юртини берсангиз.
Область соғлиқни сақлаш бўлимининг мудири аввал гап нима ҳақда бораётганини англамади.
— Гапингизни тушунмадим.
— Ўша билим юртига директор ахтараётган экансизларку?..
— Ҳа, — деди бирдан ҳушёр тортиб мудир, — ахтараётганимиз рост, умуман яхши фикр…
Илтимосчи унинг гапини бўлди:
— Ўзим ҳам рози бўласиз деб ўйлаган эдим. Буйруқ қачон чиқади?
— Сиз ҳозирча бораверинг, бир киши билан гаплашиб, маслаҳатлашиб кўрай-чи.
Бу гапдан сўнг Б. хурсанд бўлиб ўрнидан турди.
— Раҳмат ака, менга унутилмас яхшилик қиляпсиз.
Мудир Б. ишлайдиган поликлиниканинг бош врачига қўнғироқ қилиб, «бўлажак директорининг таржимаи ҳолини сўради. Симнинг нариги томонидан келган жавоб ҳам ёмон бўлмади:
— Унга лавозим касали теккан.
Яхши ҳамки, Б. директорликка эришолмади. Акс ҳолда амал курсисидан шахсий манфаат йўлида фойдаланувчиларнинг сони яна биттага ортиши ҳеч гап эмас эди.
Қўнимсизлик деганда яна бир ҳолни эсдан чиқармаслик керак. Бу ўринда баъзи врачларнинг бошлиқ бўламан деб иш жойини ўзгартиришини таъкидламоқчиман.
Ж. деган танишим мансаб деб йигирма йил мобайнида ўн тўққиз марта иш жойини ўзгартирган эди. Ж. ўринбосарликкача кўтарилиб охири раҳбарликдан умид узди ва йигирма йилдан сўнг амалиётчи врач бўлишга қарор қилди.
Иккинчи тоифадаги раҳбарларнинг қизиқ одати бор: улар аксар ҳолларда шифохонанинг асосий фаолиятини эмас, касалхона ҳовлисини, биноларнинг кўринишини кўпроқ ўйлашади. Дарвозадан токи кабинетимгача ярақлаб турса, ҳовлининг гулларини кўриб келган киши менга баҳо бераверади, мабодо ичкаридан бир ишкал чиқиб қолгудек бўлса, ўша жойдаги нонхўрнинг ковушини тўғрилаб қутуламан, деган фикр уларнинг ҳамроҳи бўлади. Шу боис улар беморхонанинг асосий вазифасини иккинчи ўринга қўйишади.
Табобат раҳбарлари орасида фидойи врачлар қолиб, лаганбардор ва ишёқмасларга ён босадиган Биринчиларни учратсам ёки улар ҳақида бир гап эшитсам, Кенжа бобо билан Қурбон бобо деган қарияларнинг нақллари беихтиёр ёдимга тушади.
Кенжа бобо нақл қилади:
— Биласанларми, мушукни ит нима учун ёмон кўради?.. Бир кун олапар қарасаки, тарғил мушук уйнинг тўридаги тахмонга чиқиб ётган эмиш. Бирпасдан сўнг мушук офтобга чиқибди. Эшикдан чиқиши билан уни олапар қувлаб кетибди. Ит: «Йиллаб уйни, ҳовлини қўриқлаб турган бўлсам-да, ҳали бирор марта ичкарига қадам қўйган эмасман, сен нима каромат кўрсатдингки, тахмонга чиқиб оласан?!» дермиш.
Қурбон бобо нақл қилади:
«Умрида тўрт марта кетмон урмаган Эшмўминни раисимиз ҳар қадамда ўзига шерик қилиб юришига сабаб — Эшмўминнинг қўйнида ҳамиша тухум билан майиз бўлади».
Еттинчи бекат
Кейинги йилларда мутахассисларнинг категорияларига мутасадди ташкилотларимиз томонидан жиддий эътибор берилиши бежиз эмас. Малакали врачлар моддий ва маънавий жиҳатдан тақдирланиб борилмоқда. Бу — табобат соҳасидаги камчиликларни йўқ қилиш ва медицина хизматини яхшилашда муҳим тадбирлардан бири бўлиб қолади. Бас, шундай экан, врачларга малака категорияси бериш жараёни билан боғлиқ баъзи бир мулоҳазаларни айтиб ўтсак фойдадан холи бўлмаса керак деб ўйлайман.
Е. деган врачни яхши билар эдим. У институтни битиргач: шаҳардаги касалхонада қолиш йўлларини қидирди. Интернатура пайтида касалхонанинг қайси бўлимида бўш ўрин борлиги билан қизиқди. Ниҳоят, лабораторияда бўш ставка борлигини билиб, интернатура тугаш пайтида бош врачнинг қабулига кирди:
— Акажон, сизнинг касалхонангизда қолиб ишлаш бахтига муяссар бўлсам, армоним йўқ, — деди у илтижо билан.
— Э, ука, сизни қаерда ҳам олиб қолар эдим, жой йўқ-да! — деди бош врач унга жавобан.
— Бўш ўрин бор экан, йўқ деманг, илтимос.
— Бўш ўрин? — дея елкасини қисди бош врач. — Бўш ўрин қаёқда, ҳамма штат банд-ку!
— Лабораторияда…
— Ҳа-а, — деди бош врач, — лабораторияда ставкамиз бор, бир эмас, иккита, лаборант бўлишга розимисиз?
— Розиман, акажон, — энтикиб жавоб берди ёш врач.
Шундай қилиб, Е. шаҳардаги касалхонада лаборант бўлиб ишга жойлашди. Аммо икки йил ишлар-ишламас битта йўлланмага эгалик қилиб малака ошириш учун ўқишга жўнади. Ундан, ниятинг бошқача эди-ку, деб сўрашганида, ҳозирча илашиб олайлик, у ёғи ҳам бир гап бўлар, деб жавоб берди.
Ўқишдан келиб ҳам Е. миқ этмасдан эски жойида лаборант бўлиб ишлаб турди. Сал ўтмай бош врачнинг устидан имзосиз хат тушди. Унга қўйиладиган даъволар орасида «кадрларни ўз соҳасида ишлатмайди» деган даъво ҳам бор эди. Фактлари қисман тасдиқланган номсиз хат туфайли огоҳлантирилган бош врач ўз хатоларини тузатишга киришди. Жумладан, лаборант Е. га ҳам эндокринология бўлимидан ўриндошлик бўйича вазифа тегди. Яна беш йилдан сўнг Е. қон касалликлари бўлимида тўлиқ ставкада ординатор бўлиб олди ва категория олиш учун ҳужжат тайёрлашга киришди. Бошда Е. ўйлаб қолди: «Қайси соҳага ҳужжат топширсам экан?» Сўнгги мутахассислигим бўйича аттестациядан ўтай деган хулосага келди. Ҳужжатларда у институтни тамомлагандан буён гематология бўлимида фаол ишлаб келаётганлиги кўрсатилган эди. Характеристикани эса бош врач отпускага чиққан пайт олди. Барча ҳужжатларини кўтариб кадрлар бўлимига кирган эди, у ерда инспектор хотин бир оз тихирлик қилгандек бўлди, аммо иккита «опажон»дан кейин у ҳам касалхонанинг шапалоқдек муҳрини Е. нинг ўзига узатди.
— Категория олиб қайтсангиз, қуруқ келмассиз?
Аммо Е. аттестация комиссиясининг синовидан ўтолмади. Ҳаққоний аттестация комиссияси мутахассисларнинг фаолиятига ҳар томонлама эътибор беради.
Ж. деган врач ўзининг билимдонлиги билан, иш пайтида қилган мураккаб операцияларининг хилма-хиллиги билан кўпчиликнинг диққатига сазовор эди. Бирдан комиссия аъзоларидан бирови ундан сўради:
— Қанча шогирд тайёрлагансиз?
Бу саволга жавоб бериш ўрнига Ж. қизаришга тушди. Начора, бирорта ҳам шогирд етиштирмаган экан. Комиссия масаланинг шу томонини ҳам ҳисобга олиб, хулоса чиқарди.
Ҳа, чиндан ҳам фидойи врачлар энди тетапоя бўлаётган кадрлардан ўзларига лойиқ шогирдлар тайёрлаши, қолаверса, табобатнинг бугунги жумбоқларини ечишда баҳоли қудрат улуш қўшишлари лозим экан.
Касалхонамизда ишлаётган медицина фанлари кандидатидан, илмий ишингизнинг натижаларини амалда қўллаётибсизми, деб сўраган эдим у:
— Бунга бизнинг шароитда имкон йўқ, — деб жавоб берди.
Янгилик дунёга келганидан сўнг пробиркаларда қолиб кетмасдан, халққа хизмат қилмоғи даркор.
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 5–сон