Жаҳонгир Холмирзаев. Еттинчи ҳаёт (эссе)

Онам Саида Холмирзаевага бағишлайман

Ким чекмаган бўлса дард, бешак,
Бошламабди яшашни, демак…
Расул Ҳамзатов

ратгандан неча бор ўзимга завол cўрадим… Ахир, мендан, мавжудлигимдан нима наф? Кўзим фақат шарпанигина сезади, оёғим ишламай қолган. Кўрпа-тўшакка парчинланиб, жойимдан қўзғала олмасам. Менимча, бу – барча гуноҳларим учун Худонинг жазоси.
Ҳеч қачон ўлимдан қўрқмаганман, бироқ қон ва оғриқдан нафратланганман. Худди санъаткор Владимир Висоцкий куйлаганидек:

Эҳ, биз қанчалар хоҳлар эдик,
Нақадар буни биз истар эдик,
Уйқуга кетгандек ўлимга кетсанг…

Нариги хонадан телевизор овози эшитилади. Қандайдир қизиқиш билан, зим-зиё хаёллардан чалғиб унга қулоқ бердим. Бошловчи кўрсатув иштирокчиларига Марсел Прустдан ўн савол берарди. Саволлардан бири шундай эди: “Сизга эвазига ҳеч нима сўрамасдан мангу яшашни таклиф қилишса, рози бўлармидингиз?”. Суҳбатдошлар таниқли шахслар эди. Уларнинг бирортасиям бу саволга тасдиқ жавобини беролмади. Ҳақиқатан ҳам, фарзанд­ларингнинг, яқинларингнинг, дўстларингнинг қазосини кўриш жуда даҳшатли бўлади. Шунда мен Оскар Уайлднинг “Дорион Грей портрети” романидаги бош қаҳрамонни нафрат билан эсладим.
Гўё гапираётган бошга айланиб қолганман. Танам­нинг бошқа қисмлари илгари бўлмагандек… Буни ҳис қилиш мутлақо тоқат қилиб бўлмайдиган даражада эди. Худди жароҳатланган бўридек бор кучинг билан увиллашни хоҳлайсан. Мени кўришга келадиган одамлар олдинига ҳар куни, кейин ҳафтада бир марта йўқлашар, сўнгра умуман кўринмай кетишарди. Ягона ишончли ёрдамчим менга қарайдиган ҳамшира эди.
Бир жойда йиллаб ётавериб шуни англадимки, инсон оиласисиз, яқинлари ва дўстларисиз кўрпа-тўшакка михланиб қолиб ҳам яшашда давом этиши мумкин экан. Агарда ёнимда онажоним бўлмаганида, билмадим, қанча яшаган бўлар эдим. Буни айтмаслик, албатта, инсофсизликдан бошқа нарса эмас. Доим шундай эди, эсласам, алланечук бўлиб кетаман. Оиламизга қандай бало, хавф-хатар йўламасин, асосий зарба онамнинг гарданига тушар эди. Мен онамни қуёшга тенглаштираман. Негаки, қуёш бизга нур, илиқлик ва ниҳоят ҳаётни бахш этган ва эвазига ҳеч нарса сўрамаган.
Шу ерда оиламиз қадрдони Ўткир Ҳошимовнинг отам Шукур Холмирзаев 60 ёшга тўлиши муносабати билан айтган бир гапи эсимга тушди. “Ҳар бир ёзувчининг рафиқасига бир ҳайкал қўйиш керак, – деган эди у. – Шукурнинг рафиқасига эса икки ҳайкал қўйиш лозим”.
Ҳозирги аҳволимда фақат бир нарса билан машғул бўлишим – хаёл суришим ва хотирамда ниманидир тиклашим мумкин, холос. Негаки, энди на ўқий оламан, на ёзишни уддалайман. Шунда хаёлимга ҳаётимни бошқатдан бошлаш имкони бўлганида нимани ўзгартирар эдим, деган фикр келди. Тушундимки, энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Мен Яратганга ва тақдирга ишонаман. Айнан шундай, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳа, яна шундай қилган бўлар эдим…
Балки бошидан ўзгача тахаллус билан чиқсам яхши бўлармиди? Менга буни жуда кўп танишларим айтишган эди. Жумладан, ёзувчи Назар Эшонқул ёзганларимни доимо отамнинг асарлари билан қиёслаб кўрарди. Бироқ энди ғишт қолипдан кўчди.
Гап тахаллус ҳақида кетганда ғалати бир воқеа эсимга тушади. Бир вақтлар Жиззахга раҳматли дўстим ва курсдошим Неъмат Ҳайрат олдига кўп борардим. У ҳақда кейинроқ “Бу ҳам ўтади” номли эссе ёздим. Унинг шарофати билан Жиззах адабий муҳитига сингишиб, кўникиб кетгандим. У “Санг­зор” адабий клубида фаол эди. Бир сафар адабий клуб муҳокамасида қатнашишимга тўғри келди.
Ўшанда 20-25 ёшдаги бир йигитча ёнимга келиб сўради:
– Сиз ҳам шоирмисиз?
– Йўқ, мен ёзувчиман.
– Сиз қандай тахаллус билан ижод қиласиз?
– Жек Лондон, – дедим жилмайиб.
Йигит менга бир лаҳза таажжубланиб қараб қолди.
Тез орада у, мен ва вестибюлдагилар – ҳаммамиз залга кириб, жой-жойимизни эгалладик.
Тепада Неъмат, Ёзувчилар уюшмасининг Жиззах вилояти бўлими котиби Туроб Мақсуд ва ҳокимиятдан бир аёл ўтирарди. Залда юзга яқин киши бор. Шоирлар бирма-бир даврага чиқиб шеърларидан ўқирди. Ва дафъатан Неъмат менга маъноли қараб, сўзга чиқишимни эълон қилди.
Ўқилган шеърлар ва адабий клуб фаолияти ҳақида фикрларимни билдирдим. Шундан сўнг ўтирганлар ичидан бир қиз: “Сизни кўпроқ нима илҳомлантиради?” деб сўраб қолди.
– Пушкиндан иқтибос олиб шундай дейишим мумкин: “Ҳақиқий ижодкор илҳом изламайди, балки илҳомнинг ўзи ижодкорни излаб келиши керак”.
– Айтинг-чи, нега ўзбек фарзанди бўла туриб Жек Лондон деб тахаллус олгансиз? – бу савол эгаси ўша, вестибюлдаги йигитча эди.
– Бу нима деганингиз? Ахир, Жек Лондон америкалик буюк ёзувчи-ку! Унинг тахаллусини олишга ким журъат этар эди?! Ўзимга келсак, умуман тахаллус қўйишни ёқтирмайман. Шунинг учун ҳам сиз вестибюлда кимлигим билан қизиққанингизда, хаёлимга келган биринчи ёзувчининг исмини айтиб юборгандим. Бу ҳазилимни тушунди­нгиз, деб ўйлагандим. Шундай адабий клубнинг аъзоси буни фаҳмлай олмаслиги, Жек Лондон ҳақида билмаслиги хаёлимга ҳам келмаганди.
Залда кулги кўтарилди. Шундан кейин ёзувчи Туроб Мақсуд ўрнидан туриб Жек Лондон ҳақида гап бошлади ва унинг “Мартин Иден” романининг мазмунини сал бўлмаса тўлиқ гапириб берди.
Бироз ўтиб мени Жек Лондон деб ўйлаган ўша йигитча ёнимга келиб ғўлдиради:
– Узр, мен сизни тушунмабман. Бундан кейин кўп ўқишга ҳаракат қиламан…
Бу воқеани “тахаллус” шарофати билан эслаяпман.
Шундан сўнг Неъмат бахт­сиз ҳодиса туфайли кутилмаганда оламдан ўтганини эшитдим. Жуда ғалати. Бу воқеа мен автоҳалокатга учраб ётиб қолган пайтларда юз берганди. Уни дафн этишганида реанимацияда эканман. Бироқ кўзим ожизлашиб бораётганини бундан анча олдин – 2002 йилнинг декабрида пайқаган эдим.
У пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Миллий университет қошидаги Олий адабиёт курсида ўқирдим.
Ҳар куни эрталаб, одатдагидай, 82 автобусга чиқиш учун уйимиз яқинидаги шоҳбекатга борардим. Ўша кун ҳам худди бошқаларидан фарқ қилмасди, назаримда. Ҳавони ҳарир туман пардаси қоплаб олгандек эди. Декабрь ойи бўлгани учунми, табиатнинг бу манзарасидан ажабланмадим. Ўшанда менга жуда яқин турган автобуснинг рақамини ажрата олмадим.
– Бу нечанчи автобус? – дея сўрадим ёнимда турган ёши улуғ кишидан.
– Саксон иккинчи, – деди у таажжуб билан қараб.
Бир неча лаҳзадан кейин автобусда кетардим. Атрофимни яна ўша туман қоплаб олди. Шунда ўйладим: агар бу туман бўлса, унда нима учун бу чол мен кўрмаган автобус рақамини дарров фарқлай олди?! Ахир, кечагина атрофимдаги манзараларни аниқ кўрардим, гўё ҳеч нарса юз бермагандек эди. Бироқ ҳозир, чамамда, уч метр узоқликда турган кишиларнинг юзларини ҳам кўрмаётгандим.
Биз Қорақамишга яқинлашганимизда кимнингдир овози эшитилди.
– Илтимос, Республика кўз касалликлари шифохонасига қайси бекатда тушилади, айтолмайсизми?
– Кейингисида, – дея жавоб берди чиптачи аёл.
Мен ҳам тушишга ҳозирландим. Ўқиш бир гап бўлар, аввало кўзимга нима бўлаётганини билиш керак эди.
Кўрикдан ўтдим. Ўшанда кўз шифокорининг айтган гаплари худди ҳукмдек этимни жунжиктириб юборди. Бу – кўз нерв толаларининг қуриши экан. У менга кўзим гавҳари асаб ҳужайраларидан таркиб топганини, улар ўлиб бўлганини бамайлихотир айтди. Маълумки, асаб толалари қайта тикланмайди. Мен тўқсон олти фоизга сўқир эдим. Қолган тўрт фоизни ушлаб туриш учун мунтазам даволанишим керак экан. Кўзимнинг бу аҳволга тушиши кучли толиқиш, менингит ёки кучли мия чайқалиши асорати, дейишди.
Ҳа, мен рафиқам билан ажрашганимда кучли асабийлашгандим. Бундан ташқари, мия чайқалишини ҳам бошдан кечирганман. Ўшанда ўн кун даволанишим керак эди. Мен эса олти кун шифохонада ётиб, зерикканимдан чиқиб кетдим.
Кейин яна Республика кўз касаллик­лари шифохонасида даволандим. Бир неча хусусий шифохоналарга ҳам бордим. Уфадан тажриба алмашиш учун келган кўз шифокори ҳақида эшитиб, кўрикдан ўтишга бордим. Тошкентга Америкадан врачлар келгани ҳақидаги миш-мишларларни ҳам эшитдим. Ўша куниёқ уларнинг ёнига ошиқдим. Кейин Самарқандда таниқли профессор даволади. Икки марта Термизда Ўзбекистон Қаҳрамони, профессор Раҳмон Муҳаммадиев операция қилди. Жуда кўп бора халқона даволаш усули билан шуғулланувчи табиблар қабулида бўлдим. Хуллас, югура-югур кўп бўлди-ю, натижа чиқмади.
Шундан сўнг ҳаммасига қўл силтадим. Даволанишни тўхтатдим. Барчаси жонимга тегиб, бутунлай кўрмай қолишимни кута бошладим. Хаёлимга тез-тез ўз жонимга қасд қилиш фикри кела бошлади. Чунки ҳадемай бутунлай кўрмай қоламан, деб ўйлардим.
Бироқ орадан ойлар, йиллар ўтса-да, ҳеч нима содир бўлмаётган эди. Шунда борига мослаша бошладим. Сўқир полковник ҳақидаги “Аёл ифори” фильмини қайта-қайта кўрардим. Ҳиндларнинг кўзи ожиз қиз ҳақидаги “Зулматдаги рақс” фильми ҳам бутун руҳимни жодулаб қўйган эди. Бу фильм­­да кўзи ожиз, қулоғи кар қиз университетга киради ва аъло баҳолар билан якунлайди. Кўзи ожиз рус қўшиқчиси Диана Гурская ва сўқир рок юлдузи Стивен Уандернинг қўшиқларини мунтазам эшитадиган бўлиб қолдим. “Маслин В билимлари” кўзи ожизлар жамиятининг раиси маърузаларини диққат билан эшитиб кўрдим. Бу жамоада ўзимни яхши ҳис қила бошладим.
Кейинчалик яқинларим ва таниш кишиларнинг юзларини кўрмасдан, масофадан туриб таниб олишга ўрганиб қолдим. Уларнинг овозлари ва бўй-бастидан таниб олардим. Йўлни кесиб ўтаётганда яқинлашиб келаётган машинанинг мотор товушини эшитиб, мендан қандай масофада эканини билиб олардим. Баъзида нима ёзганимни кўрмасам ҳам, ёзишга ҳаракат қилардим. Ҳаммаси хотирамда эди.
Қандай содир бўлди, билмайман, хаёл олиб қочдими, ёз оқшомларининг бирида хориж машинасининг мотор товушини эшитмай қолибман. Ёки йўлни кесиб ўтаётиб ўртада тўхтадимми? Менинг хира тортган кўзларимга машина чироқлари жуда яқин келди. Кучли тормоз товушини эшитдим…
Зарба!!! Ҳушдан кетдим…
“Тез ёрдам” машинасида кўзимни очдим ва оғриқдан чинқириб юбордим. Кейин билсам, тос суягим синган экан.
Яна шифохона. Олдинига травматология бўлими, кейин неврология. “Турон” сиҳатгоҳида анча ётдим. Турли дориларни қабул қилаверганимдан кўнглим айнийдиган бўлиб қолди.
Вақт ўтиши билан суякларим тузалди. Бироқ энди юра олмас эдим. Гарчи шифокорлар: “Ҳаммаси яхши бўлади, оёққа туриб кетасан”, деган бўлса ҳам.
Энди кунларимни шунчаки ётган ҳолда ўтказишим керак. Тирик мурдадек эдим. Ўзининг сўнгги дамларини кечираётган, қуриб қолган дарахтдан фарқим қолмаганди.
Бир замон Архимед: “Менга таянч нуқтасини кўрсатинг, ерни ўрнидан қўзғатаман”, деган эди. Бирорта таянч нуқта тополмасдим. Хаёлимга фақат ёмон фикрлар келарди. Баъзида бошимни сал кўтариб, барчасини унутиш учун устимдан сув қуярдим.
Ҳиндулар инсон кетма-кет еттита ҳаётни яшаб ўтади, дейишади. Мен эса яна қачондир оёққа турсам, ҳеч иккиланмасдан айтишим мумкин, иккинчи эмас – янги ҳаётимни бошлайман.
Бир пайтлар Махатма Гандининг “Ёмон нарсага қараманг, ёмон нарсани эшитманг, ёмон нарсани гапирманг ва ёмон нарса ҳақида ўйламанг”, деган мулоҳазаларини ўқигандим. Ўша пайт­ларда бу маслаҳатларни умуман бажариш мумкин эмасдек туюларди. Мен энди асабийлашишдан чалғиш учун фақат яхши нарсалар ҳақида ўйлашга ҳаракат қилиб кўрдим.
Бир замонлар Жюль Вернга “Асарларингизни ўқиган китобхон Сизни худди бутун дунёни айланиб чиққан бўлса керак, деб ўйлайди. Бу ҳақиқатан ҳам шундайми?” деб савол беришгани ёдимга тушди. Ёзувчи шундай деб жавоб қайтарган экан: “Ҳа, ҳақиқатан ҳам, бутун дунёни айланиб чиқдим. Бироқ буни мен ўз кресломдан қўзғалмасдан, ўз тассаввуримда амалга оширдим”.
Мен ҳам худди шундай йўл тутдим, кўзларимни юмиб (дарвоқе, улар барибир кўрмайди-ку) хаёлларим ва тассаввурим билан дунёнинг қай бир четига сафарга отландим. Бироқ қанча уринмайин, Швейцариянинг кенгликлари, Ниагара шаршараси ёки ҳинд жунглиларига кўчиб ўтишни эплолмаётган эдим. Балки ўша жойларда ҳеч қачон бўлмаганим учундир? Бироқ мен Қиримга, Қора денгиз бўйларига осонликча бориб келардим. Кавказнинг Бештов ва ҳайбатли Маъшуқ тоғининг яйловларини кезардим. Бу жойларнинг манзарасини тассаввур этиш жуда осон эди. Негаки, болалигимда ўша жойларни кўрганман-да!
Йўқ-йўқ, қирқ йил умримни бежиз яшамаган эканман. Эслаган сайин хаёлимда жуда кўп хотиралар жонлана бошлади. Менинг ҳам дўстларим, душманларим бор эди. Кимдир менга ёрдам берган, кимгадир мен ёрдам берганман. Тўғри, оилавий ҳаётда омадим чопмади.
1996 йил, август. Ўша йиллари мен ҳар йили ёзнинг бир ойини Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйида ўтказишга кўниккан эдим. Чунки у ерда отам ижод қиларди.
Бир куни ижод уйининг мармар зиналаридан кўтарилаётиб Жумагул опага дуч келдим ва салом бердим.
– Ваалайкум ассалом. Отангиз сизга яна 20 кунга хона олиб қўйди.
Чап томонимда бир гуруҳ одамларнинг яқинлашганини кўрдим ва беихтиёр уларга қайрилиб қарадим.
– Ассалому алайкум, – деди менга ҳаммадан ҳам яқинроқ турган қиз.
Унга қарашим билан нигоҳим бир лаҳза тўхтаб қолди. Менга бир жуфт чарақлаган катта кўзлар тикилиб турарди. Ферузаранг кўзларда нур акс этарди. Бу нур ўшанда менинг кўзларимда ҳам акс этган бўлса керак. Унинг тим қора сумбул сочлари, узун киприк­лари ва ўзига ярашган бурни қалбимни ром қилди. Қиз тахминан менга тенгдош эди, назаримда. Ёнида яна икки қиз бўлиб, сингиллари бўлса керак, деб ўйладим. Ва яна бир аёл бор эди.
– Узр, сизни ҳеч танимадим, – ўхшовсиз ғудурладим унинг ферузаранг кўзларидан кўзларимни узмай.
– Бу – қизим Гулчеҳра. Мен бўлса, Ғани Жаҳонгировнинг қизи бўламан. У киши бир вақтлар отангизни ўқитган экан.
– Ҳа, ҳа, эсимга тушди. У киши бир пайтлар адабиёт фондида ишлаган.
– Ҳа, шундай, – жавоб берди аёл.
– Бу ерга келганингизга анча бўлдими?
– Бугун уч кун бўлади.
– Демак, унда яна кўришамиз. Мен ҳозиргина етиб келдим. Яхши қолинглар, – дея хайрлашдим.
Зинадан секин “Менинг феруза кўзларим учун сен мени жодугар дединг” деган ашулани хиргойи қилиб кўтарилиб борардим. Учинчи қаватга етганимда ёнимдан икки киши ўтиб кетди. Бири бақувват, кенг елкали киши, чеҳраси жуда таниш кўринди.Бироқ қанча уринмайин, уни эслай олмадим. Унинг ёнида эса башанг ки­­йинган аёл.
– Жаҳонгир, – дея фикримни бўлди аёл овози. Қайрилиб қарадим.
– Мен Фотима опангиз бўламан. Бу кишини таниган бўлсангиз керак. Бокс тарихида афсонага айланган жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев! Деярли ҳар куни отангиз билан учрашиб турибмиз.
Улар билан хайр-хўш қилгач, ниҳоят отамнинг ҳужрасига етиб келдим. Хонадан ҳар доимгидек тамакининг ёқимсиз ҳиди анқирди. Отам ёзув машинкаси олдида хаёл суриб ўтирибди. Мен отам билан кўришдим-да, балконга қараган деразани очиб қўйдим.
– Ишларинг қалай? – сўради у қўлларимни сиқиб кўришар экан.
– Яхши, ёмон эмас.
Отам ўчиб қолган тамакисини ёндирди.
– Қачондан буён боксёрлар сиздан хабар оладиган бўлиб қолди? Яна қандайдир ғалати аёллар билан?
– Нима, сен Руфатни кўрдингми? Ёнидаги аёл – Фотима, Руфат ҳақида китоб ёзган. Ўша китобни уч тилда нашр қилишмоқчи. Улар китобни ўқиб фикр билдиришимни ва маъқул бўлса, сўзбоши ёзишимни исташяпти.
– Ҳа, тушунарли.
– Янги ҳикоя ҳақида ўйлаяпсанми?
– Ҳа.
– Бу бошқа гап.
– Дада, мен боя пастда Жаҳонгировлар оиласи билан учрашиб қолдим.
– Бу ерда унинг қизи ва неваралари дам олишяпти. Сен туғилиб ўсган ёзувчилар уйи калитини раҳматли Ғани Жаҳонгиров топширган эди. Ҳа, айтганча, уч кундан кейин айланамиз.
– Бўпти, тушундим, – дея жавоб бердим.
Дадам “айланамиз” деганда газета ва журналлар, телерадиокомпания таҳририятларидан ёзилган гонорарларни бориб олишни назарда тутар эди. Бу сафар биз яна театр арбоблари жамиятига ҳам кириб ўтишимиз керак эди. У ерда дадам “Театр санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун” мукофоти билан тақдирланиши кутилаётган эди. Бироқ буларнинг ҳаммаси яна уч кундан кейин юз бериши керак. Ўша куни дадам билан яна бир оз суҳбатлашиб ўтирдим-да, кейин хонамга ўтдим. Нарсаларимни жой-жойига қўйдим ва сочиқни олиб бассейнга йўналдим.
Бассейн олдидаги ўриндиқларда одам кўп эди: Уйғуннинг невараси, Учқун Назаровнинг фарзанд­лари, Асқад Мухторнинг неваралари… Бурчакда эса менга таниш Жаҳонгировлар оиласи… Гулчеҳра онаси ва синглиси билан турарди.
– Сиз нимага чўмилмаяпсиз? – дедим Гулчеҳрага кўзим тушиши билан.
– Мен сузишни билмайман.
– Унда мен сизга ўргатиб қўярман.
Гулчеҳра сокин жилмайди. Мен эса ўзимни сувга отдим. Бироздан кейин бассейндан чиқиб, яна уларга яқинлашдим.
– Билмайсизми, бу ерда ким шаҳарга тез-тез тушиб туради? Аҳмоқлик қилиб сигарет обкелишни унутибман. Агар кимдир борса, илтимос қилмоқчи эдим.
Сўзимга онаси жавоб берди.
– Бу ерга яқин маҳалладаги бир ҳовлида дўконча бор экан.
– Узоқ эмасми?
– Йўқ, йўқ, унчаликмас. Гулчеҳра бир марта қатиқ учун борганди, ярим соатда келди. Қизим унда Ҳамид билан борган эди. Энди эса у билан ҳамроқ бўлгиси йўқ. Бир ўзини эса у ёққа юбормайман. Балки сен Жаҳонгир билан бориб келарсан? – дея сўради у Гулчеҳрадан.
Гулчеҳра “хўп” дегандек бошини қимирлатди.
Бироздан сўнг қалин узумзор оралаб суҳбатлашиб кетиб борардик.
– Эшитишимча, сиз ҳам ёзувчи экансиз, шу тўғрими?
– Ҳа, тўғри. Ўзингиз нима иш қиласиз?
– Мен педагогика институтининг учинчи курсида ўқийман.
– Қайси факультетда?
– Музика бўйича.
– Мактабда мусиқа ўқитувчиси бўласизми?
– Болалар боғчасида музикачи бўлишим ҳам мумкин. Мен болаларни яхши кўраман.
– Мен ҳам.
– Сиз, менимча, “Ц-1”даги Ёзувчилар уйида турсангиз керак.
– Ҳа, бу уйнинг калитини дадамга сизнинг бобонгиз топширган экан.
– Ўша уйларга яқин жойда менинг дугонам Мавлуда яшайди…
– Шундай денг. Айтинг-чи, Ҳамид ким ўзи?
Гулчеҳра жилмайди.
– Ҳа, уми, “Литфонд” раисининг жияни. Шу ерда яшайди. Доим мен билан суҳбатлашишга ва нима биландир меҳмон қилишга уринади.
– Англашимча, у сизга ёқмаса керак.
– Ҳа, у менга ёқмайди.
Яқинимиздан от туёқларининг товуши эшитилди.
Ўгирилиб қарадик. От ёнимизга келиб тўхтади. Унда қўлида бир даста атиргул ушлаган йигит ўтирарди.
– Сизга нима керак, Ҳамид? – дея Гулчеҳра хўмрайиб сўради.
– Бу сизга, – дея ғудурлади Ҳамид қўлидаги гулдастани узатаркан.
– Гулни яхши кўрган қизингизга совға қиларсиз, менга керак эмас, – деди Гулчеҳра.
Ҳамид изимиздан қолмасди.
– Ҳамид, чамамда, Гулчеҳра сизни кўришни истамаяпти, – дедим.
– Мен унга шунчаки гул совға қилмоқчи эдим. Ахир, бу гул-ку, олса нима бўпти?!
– Биринчидан, Гулчеҳра гулни олмоқчи эмас, иккинчидан, гулни олса нима бўпти, деб нотўғри айтяпсиз. Қиз бола бегона эркакдан гул олавермайди-ку. Билмадим, сизларда қандай, аммо Тошкентда бўлғуси куёв ва келин уч марта учрашади. Биринчи марта – танишув, иккинчи учрашувда кафе ёки кинога боришади. Учинчи учрашувда эса йигит қизга гулдаста совға қилади. Агар қиз гулни олса, демак, унга турмушга чиқишга рози бўлган бўлади. Агар олмаса… бу ёғини ўзинг тушунарсан. Кейин, Гулчеҳра бу ерда ёлғиз эмаслигини айтмасам ҳам кўрган бўлсанг керак.
Ҳамид отини буриб чоптириб кетди.
– У бу атиргулларни анча танлаган кўринади.
– Келинг, у ҳақда гапирмайлик, – деди Гулчеҳра ва чапга бурилиб бир шингил узумни узиб олди. Бир донасини эҳтиёткорона артди-да, менга узатди.
– Қара, қўлларим ювилмаган, сен уни оғзимга яқин обкела олмайсанми?
У қўлларим тоза эканини биларди, албатта. Бироқ узум донасини оғзимга ташлади. Орқага қайтаётганимизда ундан бирпас кутиб туришни илтимос қилдим. Яқинимиздаги дала гулларидан гулдаста ясадим. Совғамни Гулчеҳрага берганимда у жилмайиб гулларни қучоғига олди-да, тўйиб ҳидлади.
Унинг нафасини бутун туйғуларим билан сезгандек бўлдим. Бу жуда гўзал лаҳзалар эди, атрофимиздаги манзаралар ҳам нафосатга бурканган эди.
Шу кундан бошлаб бу каби сайрларимиз одатий тус олди. Кун ўтган сайин бир-биримизга кўника бошладик.
Дам олиш кунларимиз дадам режалаштирганидек яхши ўтди. Бир неча кундан кейин Руфат Рисқиевнинг ҳайдовчиси билан бориб онам, опам ва жиянларимни олиб келдим. Дадам ош дамлади. Мен онамни Гулчеҳра билан таништирдим. Ҳаммаси кўнгилдагидек яхши кетарди.
Эртасига дадам билан таҳририятларни айландик. Ундан кейин театр жамиятида ўзбек балети афсонаси Бернора Қориева дадамни мукофот билан тақдирлади. Яна ижод оламининг қатор намояндалари ҳам мукофот билан тақдирланди. Мукофот шарафига базм уюштирилди.
Ўша базм кечасида дадамга Гулчеҳра ҳақида гапирдим. Отам бу қароримдан хурсандлигини яширмади. У бизнинг бирга сайр этганимизни бир неча бор хонаси деразасидан кўрган ва шундай бўлишини олдиндан билган экан.
Отам бизни ҳар томонлама бир-биримизга мос ва тўғри келади деб ҳисоб­лади. Ёнимизга Ҳусан Шарипов келиб ўтирганида, улар оилавий ҳаётимга оқ йўл тилаб қадаҳ кўтардилар. Гўё тўйимиз аллақачон бўлиб ўтгандек эди.
Шаҳарга қайтганимиздан кейин Гулчеҳра билан яна бир неча бор Анҳор бўйида учрашдик. Бу сайрларимиз аввалгиларидан-да сурурли ва эсда қоларли эди.
“Дўрмон” ижод уйидан қайтганимиздан икки ҳафта ўтгач, 1996 йилнинг 29 августида бизнинг тўйимиз бўлди.
Аммо иккимизнинг биргаликдаги ҳаётимиз кўп чўзилмади. Бор-йўғи бир неча йил давом этди. Бунга бизнинг ёш ва иродасизлигимиз сабаб бўлди, деб биламан. Майда-чуйда гап-сўзлар, гап кетидан кўп қувганимиз ва ҳеч қачон бир-биримизга ён бермаганимиз туфайли муросамиз келишмади. Ўйлашимча, мен биринчи бўлиб кўнишим ва таслим бўлишим керак эди.
Кейин мен яна уйландим, аммо бахт­­ли бўлолмадим.
Чеховнинг бир ҳикоясида ўқиган эдим. Ўша асар қаҳрамони кема саҳнида ётганича жон таслим қилаётиб, қонталаш боши билан дод-уввос соларкан, ўз аёлини чақиради. Ёнидаги аёлини эмас – у иккинчи хотини эди – қачонлардир ажрашиб кетган биринчи хотинини чорлайди.
Баъзан мен билан ҳам худди шундай бўлади, деб ўйлаб қоламан. Ўзимнинг турли ёқимсиз фикр-хаёлларимдан, хотираларимдан тийилиб, бугунги кунимга қайтаман. Баъзи хотиралар эзгин руҳимга илинж, ёруғлик бағиш­лайди.
Мен уларни Бабуга айтиб бердим. Бабу бу тукли духобадан қилинган ўйинчоқ айиқча. Унинг ёқимли панжасига “Bаby” ёзуви туширилган. Албатта, бу инглизча талаффузда “Бейби” бўлиб жаранглайди. Менга эса ўзбек-лотин имлосида ўқиб-талаффуз қилиш ёқади. Бабу билан жуда узоқ дардлашган пайтларимиз бўлган. У доимо менинг фикримга қўшилади.
Бир пайтлар таниқли француз қўшиқчиси Эдит Пиафдан “Сиз ўлимдан қўрқасизми?” деб сўрашган экан.
– Йўқ, мен кўпроқ ёлғизликдан қўрқаман, – деб жавоб берган экан у. Мен унинг жавобини ич-ичдан тушунаман. Ёлғизликдан ақлдан озишимга бир баҳя қолган пайтлар ҳам бўлган.
Бироқ худди қўллаб-қувватлаб туришга келишишгандек, дабдурустдан ҳол-аҳвол сўрагани яқинларим келишарди. Бир неча марта курсдошим ва дўстим Даврон Ражаб йўқлаб кетди. Мана, ким билан суҳбатлашишим керак. Ҳа, бу Бабу эмас. Кейин қариндошларим, танишларим кела бошлади. Қўлларимга жон киргандек бўлди ва ўрнимдан туриб ўтиришга ҳаракат қилдим. Олдинига иккала қўлим билан кароватим ёнида турган тумбочкани ушлаб, ўрнимдан туришга ҳаракат қилдим. Кейин эса тумбочкани ушламай ҳам тик тура оладиган бўлдим. Илтимосимга кўра, турли аудио китоблар олиб келишди. Аристотелнинг “Помпей”и, Гюгонинг “Париж черкови илоҳаси”, Робинзон Крузо, Шекспирнинг бир нечта фожеаларини овозли китоблар ёрдамида “мутолаа” қилдим. Гарчи қачонлардир бу китоб­ларни ўқиган бўлсам-да, уларни интиқлик билан навбатма-навбат тинг­лаб чиқдим.
Хаёлимда иккита ҳикояни пишитиб қўйгандим. “Баҳор қайтади” ва “Дайди булутлар”. Қоғозда нима ёзаётганимни кўрмасам ҳам, ёза бошлаган эдим. Кейин “Бу ҳам ўтади”, “Биринчи қадам” деб номланган эсселаримни хаёлимда тиклай бошладим. Дўстим Даврон Ражаб мен билан учрашгани адабиётшуносларни бошлаб келарди. Бу орада олдинги ҳамширам Жаннат ҳам хабар олиб турадиган бўлди. Унинг қизиқ қилиқлари бор. Ўзи қозоқ миллатига мансуб бўлиб, ўзбекчани тўла-тўкис ўргангиси келади. Аслида ўзбекчада жуда яхши гапиради.
У охирги келганида мендан “Зимис­тон қаерда жойлашган?” деб сўради. Мен ўзимни кулгидан тутиб тура олмадим.
– Сен бу сўзни қаерда эшитдинг?
– Уйимиз олдида ўзбек аёллари гаплашганида эшитдим. Бир аёл иккинчисига, қаранг, зимистон бўп қолди, кетишим керак, деганди. Билишимча, Сирдарёда Гулистон бор, Самарқандда эса Регистон, аммо ҳайронман, “Зимис­тон” қаерда жойлашган экан.
– Жаннат, зимистон бу – қоп-қоронғи дегани. Бу туман ёки кўча номини англатмайди. Тунда кўчага чиқсанг, зимистонга дуч келишинг мумкин, – дедим мен.
Хуллас, нимадир юз бераётгандек эди. Ўзгариш яхшилик томонга эди, назаримда. Мен тикилаётган қоронғилик охирида ғира-шира нур кўринаётгандай бўлди. Ва бу ғира-шира нур борган сайин ёруғлашиб бораётгандек. Мен пайпасланиб эшикни топдим ва уни ушлаб ўрнимдан турдим. Бошида беш, кейин ўн лаҳза ва бир дақиқа…
Назаримда, олдингига нисбатан равшанроқ кўра бошлагандекман. Бундай бўлиши мумкин эмас эди-ку. Куч топиб, оғриқларга бардош бериб, машқ қила бошладим. Ҳар куни шу тартибда ҳаракат қилишга уринардим.
Мен жисмонан ва руҳан ўлгандим. Қайта тирилишим пешонамда ёзилган бўлса, бу албатта, биринчи навбатда онам шарофати билан эди. Бошимдан кечган воқеаларни қоғозга туширар эканман, ҳаммаси учун онамга қарздорлик ҳиссини туяман. Тақдиримнинг бахтли якун топишига ишонмаган, умид қилмаган эдим. Бироқ яна қайта ва такрор айтаманки, Худога ва тақдирга ишонаман. Шу кунларда секин, эҳтиёткорлик билан қадам ташлаб зинамиз суянчиқларини ушлаганча ташқарига чиқдим. Юзимни куз қуёшининг ожиз нурлари силагандек бўлди. Бу нурлар менга илиқдек туюлди. Енгил шабада кўнг­лимни кўтарди. Агар тақдир ҳукми билан оёққа туриб кетишим керак экан, демак, бу дунёда ҳали қиладиган ишларим кўп, деб ўйладим. У дунёни ўйлашга эса ҳали вақт бор, чамамда.
Олий адабиёт курсида ўқиган йилларимни тез-тез эслаб, хотираларни қоғозга туширишга ҳаракат қилиб тураман. Билмадим, ёқимли хотира бўлгани учунми, ўша даврлар руҳимда соғинч туйғусини уйғотади. Агар қирқ йиллик ҳаётимнинг энг яхши уч йили ҳақида сўрашганида, бир йилни ўйлаб кўрардим-у, қолган икки йилини ўйлаб ўтирмай ўша Олий адабиёт курсида ўқиган чоғларим, деб айтган бўлардим. Негаки, у ерда ўзимга ўхшаганлар билан адабиёт уммонида бирга сузган эдик.
Бизга дарс берган ўқитувчиларни-ку айтмай қўя қолай. Улар ўқитувчилардек маъруза ўқишмас, машғулотлар ўзаро дўстона суҳбат тарзида ўтар эди. Дарс чоғида биз ўзимизни профессор ва таниқли адабиётшунослар билан тенг­дек тутардик. Ҳар бирининг ўзига хос дунёси, ўзига хос дарс ўтиш услуби бор эди. Сабоқларни қандай “ҳазм” қилиш бизнинг ишимиз эди.
Масалан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али бизга эстетика фанидан дарс берарди. Эсимда, у аудиторияга кириши билан бугунги дарсимиз ҳинд эпоси “Рамаяна” ҳақида бўлади, дея эълон қилган эди. Баъзи ҳамкурсларимиз норозинамо бир-бирларига қараб олишди. Менга эса ҳиндларнинг бу халқона асари қизиқарли туюлди ва асар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни хоҳладим. Бунинг устига, билишимча, у киши эпосни ўзбек тилига таржима қилган. У асар мазмунини гўё Браҳма илоҳининг ёнида тургандек ҳикоя қилиб берарди. Хонада барча тингловчилар, ҳатто боя мавзудан норози бўлаётганлар ҳам эпоснинг давоми билан қизиқиб қолишганди.
Ҳа, Муҳаммад Али мавзуни тингловчиларга етказиш психологиясини мукаммал эгаллаганди. Ахир, ҳар йили бир ой давомида АҚШнинг Вашингтон шаҳрида дарс бераётгани бежиз эмасди-да.
У бир гал биздан: “Сиз дунё деганда нимани тушунасиз?” деб сўраб қолди. Шоирларимиз ҳар доимгидек биттадан шеър ўқиб беришди. Доим шундай бўлади: шоирни даврага таклиф қилсанг ёки сўз берсанг, ўзининг энг яхши чиққан шеърини ўқиб бериб, вазиятдан чиқишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам шоир деймиз-да уларни.
Курсда носирлардан икки киши эдик. Иккинчи прозачимиз саволга жавоб берар экан, дунё – ҳеч қачон чиқиб бўлмайдиган панжара, деб фалсафа сўқишга ҳаракат қилди.
– Сиз айтгандек панжара бўлса, демак, уни бузиб ташқарига чиқиш керак, – деди Муҳаммад Али.
– Мен бу панжарани бузолмайман. Бу нарсанинг имкони йўқ, деб ўйлайман, – деб ўз фикрида туриб олди курсдошимиз.
Жавоб бериш навбати менга келди. “Назаримда, – дедим, – дунёни қандай кўришимиз, бу бизнинг айни пайтдаги руҳий ҳолатимизга, ички нигоҳимизга боғлиқ. Агар ичимизда зулумот бўлса, оғриқ-қийноқлар таъсирида бутун олам бизга жаҳаннам каби туюлиши мумкин. Аксинча бўлса, яъни борлиғимиз ёруғ туйғулар оғушида бўлса, дунёни жаннатга тенглаштирамиз. Яъни, ҳаммаси айни дамда суянган ҳақиқатимизга боғлиқ”.
Жавобим устозимизга ёққанини англадим. Назаримда, у дунёнинг аслида нимадан иборат эканини билишимизни, тўғри идрок қилишимизни истагандай эди. Руҳий нотинч­лик, безовталик билан ёзилган асарлар доим баҳсга сабаб бўларди. Мен у киши билан уч йилдан кейин, отам вафот этган куни учрашдим. Отамнинг шогирдлари, тутинган укалари кўп эди. Уларнинг айримлари ўша куни ҳамдардлик билдиришга ҳам келмади. Бироқ Муҳаммад Алини отамнинг барча маърака кунларида кўрдим. Гарчи, тўғрисини айтганда, у киши билан отам жудаям яқин эмас эди. Аммо ёзувчи сифатида бир-бирларига ҳурмат билан қарардилар.
– Ёзаяпсанми? – деган эди у отамнинг маъракаларидан бирида.
– Ҳа.
– Бу яхши, энг муҳими шу, унутма…
Бу жумла отамнинг сўзларини эслатди. У доим ёзишдан тўхтатмаслигимни, биринчи навбатда ижод муҳим эканлигини таъкидлар эди.
Шу кунларда Сайёра опам билан телефонда гаплашдим.
– Ёзувчилар уюшмаси раиси қабулида бўлдим. Отамнинг асарлари бешинчи жилди нашри ҳақида суҳбатлашдик. У сени ҳам сўради.
– Мен ҳақимда нима деди? Майли, айтмасангиз ҳам бўлади, биламан. У “Жаҳонгир ёзяптими?” деган бўлса керак?!
– Ҳа, у айнан шундай деб сўради.
Бу гап менга катта куч, далда бўлганини сездим. Ичимда бир овоз “Таслим бўлма, Жаҳонгир, сен яна ёзишинг керак” дегандай бўлди. Ва ҳозирча ёзганларимни сизга илиндим…

«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 2-сон