Исажон Султон. Турмуш (ҳикоя)

Шом қўна бошлади. Дарвозахонада кимдир томоқ қирди, кейин қадам товуши эшитилди.
– Ҳой, отанг келди, қара, – деди ишком остида, қозон бошида куймаланаётган она. Унинг ёши тахминан қирқ бешларда, юзи оч жигарранг, шу боис кўзи атрофидаги ажинлари янада чуқурроқ кўринадиган, аммо қийиқ кўзлари кулимсираб турадиган хотин эди.
Ота қўлидаги тўрвасини айвонга қўйиб, ўтирди. Ўн ёшлар чамасидаги қизалоғи бир коса сув олиб келди.
– Эҳ Худойим, ўзингга шукр, – деб қўйди ота, сувдан қониб ичиб. Кейин рўпарасидаги экин ерларига кўзи тушди-да, аёлига қараб норози оҳангда тўнғиллади:
– Ерни чопиб қўймапсизлар-ку?
– Оббо, қўлим тегмаса нима қилай? – деди хотин. – Саҳардан бери юмушдан бўшаганим йўқ. Кеча бозор эди, ўзингиз чопсангиз бўлмасмиди?
– Сенга иш буюрсам, ўзимга айтасан-а? – деди эркак. – Елкаларим, белим зирқираб оғрияпти, йўқса билардим нима қилишимни.
Кейин олма тагида турган ўғлига қарата:
– Сен-чи, чопиб қўйсанг ўлармидинг? Эртага ҳаммасини қилиб қўйгин, бўптими?
– Қилмайман, – деди бола тўрсайиб.
– Ҳой бола! – ғазаби қўзиди эркакнинг. – Кучинг танингга сиғмай ётипти, нега гап қайтарасан отангга?
Ўғил бир нималарни тўнғиллаб, нари кетди.
Салдан кейин қоронғи тушди. Айвонда кечки таом ейилди. Она дастурхонни йиғиштириб нари кетди, ота болишга ёнбошлаб, пича иҳраб ётди.
– Бугун айвонга жой солақол, тоза ҳавода ухлай, – деди ота.
Она унинг айтганини бажо келтирди.
Ой ҳаволади. Шу тобда тепадан қаралса хиёл эниш қишлоқнинг дарахтзорлари, ҳозир бўшаб қолган йўллари оқиш чангсимон ёғду ичида эди.

* * *

Ҳаммалари жим ётар эдилар. Фақат кичкина қизчагина пишиллаб ухлар эди.
“Тавба, – деб ўйлади эркак. – Ҳаётимнинг шунақа бўлишини ўйлабмидим? Ҳориб-чарчаб келдим, биттаси чопиб чиқиб салом бермаса-я. Аслида қанақа бўлиши керак эди ўзи? Хотин деган очиқ чеҳра билан кутиб олса, хушҳол жилмайиб қўйсангу болаларингни бағрингга боссанг. Ишми, иш нима, бўлади-да. Бугун ер чопилмаса, эртага чопилар? Ё бўлмаса, қопкетар? Уст-боши тупроқ болачаларингни бағрингга боссанг қандай мазза? Бир силкинсангу кўчанинг ташвишлари елкангдан тушиб кетса, уйингга жаннатга киргандай кирсанг. Унақа бўлмади-ку? Гап мана шунда-да, нима учун?”
Хотин ҳам ўйлар эди:
“Хўмрайишини-чи. Эрталабдан бери шу аҳволда бўлсам. На ўзимга қарайман, на бир лаҳза тин оламан. Очиқ чеҳра билан кириб келса ўладими? Биров ишлаб келганингга зорми, одамнинг қорни яримта нон билан ҳам тўяди, бир оғиз ширин сўз одамни ўлдирибдими? Қачон қарасанг шу: қовоғини солиб ўшқиргани ўшқирган…”
Ўғил ҳам ухламаган эди.
Унинг нима ўйлаётганини билиб бўлмас эди.
Ойга қараб жилмайиб ётар эди у.

* * *

Вақт алламаҳалга боргач, ҳамма ухлаб қолди.
Ой ёруғи экинлар, ҳовли тупроғи узра худди жони бордай силжиб келиб, салдан кейин айвонга чиқиб олди. Яна бир оз вақт ўтгач, уйқудагиларнинг юзларини ёритди. Мана шу ёғду барчасининг тушида ғалати воқеаларни бино қилди.
Бепоён ва теп-текис бир макон эмиш. Ота ўзини шу маконда кўрди. Қайлардандир, узоқ-узоқлардан заиф “Огоҳ бўлинглар-а-ар!” деган қичқириқ таралармиш, лекин қичқирувчининг кимлигини билиб бўлмасмиш. Ёнгинасида ғоят латиф ва гўзал бир малак бормиш, у тик қарашга ботинмай, ерга тикилган кўйи ниманидир кутар эмиш.
“Ибо-ҳаёсини қара-я, – дер эмиш ота, қаршисидаги малакнинг қайдан бино бўлганига ҳайрон бўлиб. Ажабки, бирор жойи оғримас, вужуди енгил эмиш. Кейин қараса, ўзининг хотини экан.
“Ия, нима қилиб юрибсан бу ерларда?” – дермишу кўзларига ишонмасмиш. Аёли нурдан иборат, кўзлари жудаям қора, киприклари узун, нигоҳи мусаффо эмиш.
“Мен қайларда қай тарз яралганимни билмас эдим, хўжам, – дермиш хотини, ҳануз кўзларини ердан узмай. – Айтилдики, эй аёл, бир кун улғаясан, барча аёллар каби турмуш қурасан, бошингда бир хўжанг бўлади ва фарзандлар кўрасан. Билки, ҳар нарсада хўжангга мунтазирсан. Аёлнинг ҳақи эрида, эрнинг ҳақи онасида кўпроқдир. Эринг не деса итоат этасан, ҳар итоатингда шарафланасан. Агар ширк бўлиб қолишидан кўрқилмасайди, ҳатто эрингга сажда қилиш буюрилган бўларди. Умрингнинг сўнгида шу қадар юксак мақом оласанки, ер ҳам, кўк ҳам сени шарафлайди. Билгинки, ороминг итоатингдадир, дейилди. Менинг асл қиёфам шу, хўжам. Неки ирода этсангиз, ҳукмингизга мунтазирман.
“Э тавба, – дермиш лол қолиб эркак. – Умрим бўйи бунақа гапларни эшитмаган эканман. Қўйсанг-чи…”
У хотинининг исмини айтмоқчи бўлса-да, эслолмасмиш.
“Сизни руҳлантиришим, оромингизни таъмин этмоғим бурчим эди, – дермиш хотини. – Рўзғор деб ўзингизни ўтга-чўққа уриб келганингизда, оромингизни ўйлашим керак эди. Бировдан кўп, бировдан кам, қандай бўлсаям шу рўзғорни тебратиб турибсиз деб, бошимга сиздай хўжани ато этгани учун худойимга шукрлар айтишим ҳам керак эди.”
“Ҳа, бўпти, – дермиш эркак ўнғайсизланиб. – Юрақол энди уйга”.
“Мен сизга омонат эдим-ку, хўжам, – дермиш кейин аёл, тўсатдан кўзларидан дув-дув ёши оқиб. – Бўй етганимдан кейин ҳар неки бўлса ҳаммасини зиммамга олиб, ҳатто ғариб отамнинг олдида ҳам бор йўғи ўн етти йил юрган бўлсам, сизнинг хизматингизда ўттиз йилдан буёнман-ку. Яратганнинг ҳукми билан сизга бўйсунган эдим-ку? Жон хўжам, рухсат берақолинг, озгина ором олай. Сиз рухсат бермасангиз, у ором қопқалари очилмайди. Раҳм қилинг, хўжам, жудаям чарчаб кетдим. Бирозгина тин олволай. Бирозгина холос… кейин яна хизматингизга қайтаман”.
“Йўғ-э, нега ундай дейсан? – дермиш эркак. – Энди, турмушда ҳар нарса бўлади-да”.

* * *

Айни тушни аёл ҳам кўрди.
Ажабки, эри – устлари ёрилиб-ёрилиб, чатнаб кетган улкан тош эмиш.
“Вой, тошга айланиб қопсиз-ку”, дермиш эрига, ҳайрон бўлиб.
Эри маъюс эмиш.
“Йўқ, тошга айланмаганман, – дермиш. – Сизларни шамоллардан, бўронлардан пана қиламан, деб шу ҳолга тушдим-да. Қара, устим тилиниб-ёрилиб кетди. Кеча чақмоқ чаққани эсингдами? Ўша чақмоқ устимга тушди, елкамни ёриб юборди”.
“Ҳа, мен сенинг хўжанг эдим, – дермиш кейин. – Ҳар ташвиш юрагимда мана шунақа излар қолдирди. Кўринишим мустаҳкам бўлгани билан ичимдан ириб кетганман. Эшитяпсанми, жуда олислардан бир қичқириқ бино бўлиб, тобора яқинлашмоқда. Етиб келмасидан олдин рози-ризолик сўрашиб олганимиз маъқулмикин?..”

* * *

Бу тушни бир кичкина қизгина кўрмади. У тамомила бошқа бир туш кўрди.
Ой жуда улкан эмиш. Остида бир карвон йўлга тушган, одамлари ҳаяжонда эмишлар. “Ҳой одамлар, ҳозиргина ой иккига бўлинди, – деб қичқирармишлар. – Кўрдингларми, ҳозиргина ой бўлиниб, яна бирлашди!”
Қизгина қараса, карвонда отаси ва онаси ҳам бор эмиш. Қизалоққа қўлларини чўзар эмишлар, лекин карвон шитоб билан шом тарафга жўнаб борармиш.
“Мен битта ўзим қўрқаман-ку, отажон, – дер эмиш қизгина. – Жон ота, жон она, кетмай туринглар!”
“Ой қизим, бу карвонни тўхтатиб бўлармиди? – дермиш ота. – Жоним қизим, ёруғ жаҳоним, отанг қурбонинг бўлсин! Қўрқма, бу ерда сен каби қизалоқлар ҳам бор.”
Қизгина қараса, ҳўв нарида бир тўда болалар кўринармиш.
“Кимлар булар?” дер эмиш ҳайратланиб.
“Тириклайин кўмилган қизчалар”, дермиш ота.
Лекин, улар тириклайин кўмилган қизчаларга сира ўхшамас эмишлар. Улкан бир дарахт остида соч-соқоли оппоқ нуроний бир чол билан ўйнаб ўтирармишлар.
“Илоё умринг бизга ўхшамасин, болам, – дермиш онаси. – Мен ҳам ҳаёти дунёда турмуш деган тупроққа тириклай кўмилганлардан бўлдим. Энди кетақолай.”
“Ҳой одамлар, огоҳ бўлингла-ар! Қиёмат яқин қолди-и, – деб қичқирар эмиш бир киши, аммо ўзи кўринмасмиш. – Эй ҳаёти дунёдаги жуфтлар! Қиёматдан сўнг ҳам бирга бўлишни истайсизми?”
“Йўқ-йўқ! Ҳаргиз хўжамнинг юзини менга кўрсатманг”, деб қичқирар эмиш бир хотин.
“Йўқ-йўқ! Асло завжамнинг юзини менга кўрсатманг,” деб қичқирар эмиш бошқа бир эркак.
Карвон шу тариқа кетиб борармишу қизалоқ бепоён даштда бир ўзи қолиб кетар эмиш…

* * *

Туннинг узуқ бир қисмида уч киши мана шундай ғалати тушлар кўрди.
Яхшиямки, тун қисқа бўлди.
Субҳ ёруғи тезда юз кўрсатақолди.
Болалар ҳануз пишиллаб ухлар эдилар. Хотин уйғониб, болаларининг очилиб қолган устини тўғрилади, кейин пича вақт ўйланиб ётди. Нималарни ўйлаётганини билиб бўлмас эди. Сўнг “Э Худо, яна қанча иш бор-а…” деди ҳовлига қараб. Ҳовли саҳни шудрингдан намчил, ҳўв нарида, бугун чопилиши керак бўлган ер узра ўсган эртабаҳор ўтларида ҳам оқиш шудринг томчилари йилтирар эди. Аёл нонушта тайёрлади.
Ота пешанасини тириштириб ўтирар эди.
Аёл нон синдираётиб, сўради:
– Ҳа, мунча ўйланиб қолдингиз?
– Ғалати туш кўрдим… – деди эр. – Жуда ғалати… аммо эслолмаяпман. Эсимда қолгани шуки, ой нури тўла бир макон эмиш. Ўша ерда сен ҳам бор экансан.
– Қизиқ, мен ҳам қанақадир туш кўрдим, – деди хотин. – Тавба, сира эсда қолмайди-я.
– Менинг тушим эсимда, – деди қизалоқ жилмайиб. – Тушимда ой иккига бўлинди. Бир одам ўзи кўринмасдан “Огоҳ бўлингла-ар” деб роса қаттиқ қичқирди…
– Ҳа энди, сенинг тушинг шунақа бўлади-да, – деб кулимсираб қўйди ота. – Менга қара, – деди кейин хотинига. – Бир ғайрат қилиб ерни чопиб қўяқолинглар, экин экволмасак қопкетади.
– Хўп, – деди хотин.
Шу тариқа, худонинг яна бир куни бошланди.
Ҳар доимгидай, оддийгина бир кун.

2012