Исажон Султон. Озор (ҳикоя)

“Йўқол, йўқол!”

Шамол шиддат уради. Кўлмаклар осмоннинг бир парчасини хира акслантиради. Япроқсиз яланғоч шохлар чайқалади, ҳаво тўлқини кўлмакларнинг сувларини чайқатиб, бултурги нам хазонларни хиёл силжитиб ўтади.
Нам тупроқ устида юнглари ҳўл бир кучук панжаларига бошини қўйиб ётибди. Пир этиб зағча учиб келади-да, қаттиқ чағ-чағ қилади, шунда кучук бошини кўтариб, унга қараб ҳуради:

“Йўқол! Йўқол! Яқин келма!”

Қабр устида ҳам хазонлар тўпланган. Кузнинг совуқ куни, одамлар кўринмайди. Осмон хира, пастак булутлар билинар-билинмас сузади.

Кучук озғин, қовурға суяклари саналиб турибди, гоҳо ўрнидан қалқиб силкинганида юнгидан дув этиб томчилар тўкилади.

Салдан кейин оғир бир нимани кўтариб олган узун бўйли, бақувват бир киши йўлакчадан шу томонга қараб кела бошлайди. Кучук ҳушёр тортиб, бошини кўтаради, келгувчининг одимига қараб туради. Яқинлашганида илкис ўриндан қалқади, унга ҳам қаттиқ ҳуради:

“Йўқол! Йўқол!”

Важоҳатидан ҳайиққан киши яқин келолмай, кучукка пўписа қилиб кўради:

– Кет! Кет дедим!

“Йўқол! Йўқол! Яқин келма! Эгамга озор берма!”

Ёмғир изиллаб ёғади. Бир хил тусдаги совуқ кўлмакларда хира осмоннинг бир парчаси акс этади. Келгувчи қайтиб кетишиниям, яқинлашишиниям билмай тараддудланиб, олдинга яна бир-икки қадам ташлайди.

“Кет дедим! Йўқол дедим!” деб ҳуради кучук ва ўрнидан қўзғалади, шунда ҳўл юнгларидан дув этиб яна томчилар тўкилади.

“Эгамга энг кўп озор берганлардан биттаси сен эдинг! – деб ириллайди кучук. – Нимага келдинг эгамнинг бошига? Йўқол, шунча озор берганинг камми?”

Кучук олдинга ташланади, шунда келгувчи ортига тисарилади-да, тўнғиллаб изига қайтади. Кучук ўз ўрнига – қабр бошига бориб ўрнашади. Бу ерда қуруқроқ жойнинг ўзи йўқ – қабр устида бир беҳи ўсган, остига япроқлари тўкилган, ўша нам япроқларнинг устига ётиб олади.

“Эгам жуда беозор одам эди”, – деб ўйлайди кучук. – Эсласам, юрагим ғуссага тўлиб кетади. Қандай камсуқум, қандай яхши одам эди-я”.

Бир неча кундан бери аҳвол шу. Ёмғир тинса-да, осмондан булутлар аримайди. Само юракни эзадиган даражада бир хил… ғуборли… совуқ изғирин эсади.

* * *

Бир оздан кейин бир аёл, ёнида узун бўйли ўспирин билан кела бошлайди. Кучук яна ҳушёр тортади. Бошини кўтариб, синчиклаб қараб туради. Яқинлашишганида таниб, яна ириллайди:

“Йўқол! Йўқол!”

“Сен ҳам эгамга озор берганлардансан! Йўқол! Йўқол!”

“Сен эгамнинг аёли эдинг. Бу одамнинг кимлигини бутун умр ёнида яшаб билмадинг. Қорнинг тўқ, устинг бут эди, бошпанангдан чакка ўтмас эди. Кўрган кунингдан норози бўлиб жаврардинг, холос. Касал бўлиб ётиб қолганида қарамадинг, тузингни оқламадинг. Еган-ичганинг, кийганинг, бутун рўзғоринг шундан эди. Қирқ йил шунинг қўлига қарам бўлдинг. Касалвандлигида ойлаб бошидан бери келмаганинг, шунинг топган-тутганини уйингга ташиганинг отанг сени бор-йўғи ўн етти йил боққан эди, холос. Лекин отангдан юз чандонини қилиб қўйган хўжангга қарамадинг. Атай қилди, атай ҳеч қаерга бормади эгам. Сенлар билан қолишни истамади эгам. Кет, кет! Яқин келсанг бўғзингни ғажиб ташлайман!”

Аёл ҳам қўрқади. Ўсма тортилган кўзларида ҳадиксираш, ортига қарай-қарай қайтиб кетади.

Макон яна кимсасиз бўлиб қолади, кучук яна бошини панжалари устига қўйиб ётиб олади.

Ёмғирда қолиб кетган чумолилар лойга бота-бота, бир нималарни инларига сургаб борадилар. Бир муддат қараб туради, кейин одамга ўхшаб хўрсинади. “Эгам ҳам, мен ҳам, сизлар ҳам бир-биримизга ўхшаймиз, – дейди уларга. – Эгам ҳам қишми-кузми, ёмғирми-қорми демасдан уйига, болаларига ризқ ташир эди.”

Чумолилар унинг тилини тушунишмайди. Кучук чўзиб увиллайди.

“Тўққизта бола-я! Тўққизта болани деб шу кўйга тушди эгам.

Тинмасдан урингани уринган эди. Эрталаблари ҳам, кечқурунлари ҳам меҳнатнинг ичида эди. Саҳарда осмонда юлдуз сўнмасидан туриб чиқиб келарди. Ернинг ичига ўтириб олиб ўтоқ қиларди, кечалари узоқлардан сув очиб келарди, сув йўлига тушиб қолган кесакларни яланг қўли билан олиб ташлаб суғорарди, ўтларини битталаб юларди. Мен тинмай орқасидан эргашиб юрардим.

Экинларига гапирар эди, эгам.

Буғдойларига, арпаларига гапирар эди.

Болаларимнинг ризқи деб экдим сизларни, дер эди. Модомики ризқ экансиз, гуркираб ўсинг, деб тепангиздан кетмаяпман.

Қаттиқ шамол эсиб, буғдойзорини ер билан яксон қилганида, синиб ётган буғдойлар олдида йиғлаган эди эгам.
Ҳой имонсизлар, мен ўзим учун уриниб-беринганмидим, деган эди эгам. Бола-чақамнинг бари сизга мўлтиллаб турибди-ку. Энди кўзларига қандай қарайман?

Ўзи емасди эгам, болаларим есин дерди. Ўзи ичмасди, ўзи киймасди. Мумсик, эзилган бир одам эди. Гоҳо ўтириб, дам олганида менга сўз қотиб қоларди.

Сенга яхши-да, Қоравой, дер эди. Ризқ деб, болам-чақам деб ўзингни ўтга-чўққа урмайсан. Худойим ризқингни дунёга сочиб ташлаган. Қийин, одам боласига қийин.

Бир мартагина шодон кулган эди эгам. Болалари кичкиналигида, улар билан айвонда ўйнаган эди. Болалари устига чиқиб олишиб, соч–соқолларидан тортқилаб юмдалашган, шунда ўзиям ёш боладай суюниб-қувнаган эди эгам.

Умрини болаларига харж қилиб юборган эди-да…

Кўпчилик озорлар эди эгамни. Шунда гоҳо менга сўз қотар эди.

Сабр, сабр… дер эди. Яна жиндайгина қолди, сабр қилиш керак холос, Қоравой. Ичимда-ку гапларим кўп, аммо сенга айтганим билан нима фойда? Вақти келганида Худойимнинг ўзига айтарман…”

* * *

Келгувчи лой тойғоқ йўлдан анча жойгача қийналиб юриб борди, кейин ўша ердаги эски тут тагида турган мотоциклига ўтириб, тариллатиб жўнаб кетди.

Анчадан кейин барглари тўкилиб яланғочланиб қолган қишлоқ тераклари кўринди. Уйларнинг бўғотларидан қорайган ёғочлари чиқиб турар, улардан ҳам ёмғир томчилар эди.

Уч-тўртта чол мачитдан чиқиб келишаётган экан, келгувчи уларнинг ёнига тўхтаб, бирма-бир қўшқўллаб кўришди.

– Ҳа, йўл бўлсин?

– Дўстимни бошига борувдим, бугун якшанба, шу мармартошни қадаб келақолай деб, – деди у.

– Раҳматлининг ҳақиқий дўсти эдингиз, дўст одамни ўлганидан кейин ҳам унутмайди, яшанг, – деди чол, ҳавасланиб.

– Йўқ, бўлмади. – деди Дўст. – Эсласангиз, биқинида, пешанасида сариқ доғлари бор қора кучуги бўларди. Қабрининг устига ётиб олибди, ириллаб, ҳеч кимни яқинлаштирмаяпти.

– Ия, қутуриб қолмаганмикин? – деб тусмоллади чол.

– Қутурган бўлсаям эҳтимол, – деди Дўст. – Аммо яхши кучук эди. Ёнидан сира айрилмасди, қайга борса эргашиб юраверарди. Оламдан ўтган куни эшик олдида роса ўралашди. Тепиб ҳайдасам ҳам кетмади. Кейин эшикни очиб бердим, шуям худони махлуқи, хайрлашиб олсин, дедим. Кириб, худди одамдай ғингшиб, майитнинг оёқларига бошини қўйиб ётиб олса-да! Ахийри судраб опчиқиб ташладик.

– Бу ҳайвонни худонинг ўзи одамга дўст қилиб яратиб қўйган, – деди чолларнинг униси. – Каҳф ғорида қолиб кетган йигитларнинг олдида ҳам кучуги борийди.

Дўст ўйланиб қолди.

“Э оқсоқол, сизга шунақа дедим-да, аслида қадрига етмабман, – деб ўйлади ичида. – Ҳақиқий дўст экан-ку, билмабман. Пул-мул зариллигида шунга кирардим, бир-икки сўм йиғиб-териб қўйгани бўлса, берардию қайтиб сўрагани истиҳола қиларди, йўқса бечораҳол бир одам эди-ку?! Унми-буғдойми керак бўпқолса, сўрамасданам опкетаверардим. Гапгаям уста эмас, индамай кулимсираб тураверарди, ўрни келса ҳаммани ичида майна ҳам қилардим. Эндигина ақлим етяпти, ўтди-кетди у. Устига битта мармартош ўрнатсам, дуои фотиҳа қиптурсам, шояд руҳи шод бўлар десам, кучуги яқинлаштирмаяпти. Гапнинг тўғриси, биронтамиз ҳам ўша кучукчалик бўлолганимиз йўқ…”

– Унда, кучукни йўқотиш керак, – деди чол. – Сизни-ки танимаптими, демак, бир балоси бор. Эрта-индин бошига аёли, бола-чақаси борса, қопиб-нетиб олмасин тағин? Кетганлар дуога зор бўлиб ётишади, болам. Ит бир махлуқ-да, ҳалиям эгамни қўриқлашим керак, деб ўйлаётган бўлса ажабмас.

– Қайдам, – деди Дўст. – Ростини айтсам, тенгу тўшлар бирин-кетин жўнашяпти… Бир куни мен ҳам кетсам, тепамда ўтирадиган битта ит ҳам йўқ.

– Кетган кетди. Худо қолганларга умр берсин, – деди чол. Ва хайрлашиб, имиллаб ўз йўлига кетди.

* * *

Дўст ҳам чолларнинг ёнидан айрилиб, ўз йўлига жўнади. Ёмғир томчилари симёғочларнинг симларида маржон бўлиб тизилган, ҳозирги изғиринда дувиллаб тўкилар эди. У ўйланиб туриб, йўлни ўз уйига эмас, дўстининг уйига солди.

Кириб борганида, дўстининг хотини ёмғир остида қолган маккапояларни бостирма остига ташиётган экан.

Келгувчини кўриб ишини бас қилди, яқинлашиб, рўмолнинг учи билан юзини тўсиб сўрашди.

– Ўғил кўринмайди, яхши юриптими? – деб сўради Дўст.

– Ҳа, шу ерда, мол-ҳолга қараётувди, – деди аёл. Кейин қизчаси билан ичкари уйдан тўшак опчиқиб, намиққан сўрига солди. Бошқа бир бўйчанроқ қизалоқ ўчоқбошига чой қайнатгани кетди.

– Чойга овора бўлманг. Ўртоғимнинг олдига борувдим, қайтишда кириб ўтай дедим, – деди Дўст.

– Вой, минг раҳмат, кам бўлманг, – деди аёл. – Раҳматли қандай одам эди-я. Қадрини билмабмиз, мана энди ҳамма иш ўзимизга қолди.

– Умри қисқа экан, нимаям қилардингиз, – деди Дўст, бир нималарни тусмоллаб. Ичида эса “аслида сен шаллақининг дастидан тамом бўлди-ку, билиб билмаганга оласан”, деди нафратланиб.

– Ўзига сира қарамас эди, – деб давом этди аёл. – Ҳой, устингиздаги кийимингиз титилиб кетибди, янгисини олинг десам, аввал болаларни устини бутлаб олай, кейин ўзимга оларман, дерди. Тўққизта бола-я? Ўзимизниики бешта, қолган тўрттаси қайноғамдан қолган жўжиқлар. Эндигина биттасининг кам-кўстини тўғриласак, бошқасиники чиқиб қоларди. Мазаси қочганида, дўхтирга боринг деб худонинг зорини қилдим. Шошма, дард меҳмон, ўзи келиб ўзи кетади, деб бормади. Мана, барибирам кетар экан-ку? Шунақа қилмаса ҳам ҳамманинг куни ўтар экан-ку?

Шундай деб, хўрлиги келиб пиқиллаб йиғлади. Дўст ишонқирамасдан унга синчиклаб разм солди. Аёл бу нигоҳни сезди, мижжаларини артиб, “Бекорга келмагандир, бир нимадан илинжи бўлса керак,” деб ўйлади.

– Шу, раҳматлининг кучуги борийди-ю, – деди Дўст.

– Вой, ҳа, ўша ўзимизни кучукми?

– Эрталаб белги қўйгани бошига борсам, қабрининг устига ётиб олибди, бировни яқинлаштирмаяпти.

– Тўғри айтасиз, кечроқ биз ҳам бордик, бизгаям даф қилди, – деди хотин.

– Менимча, бу кучукда бир гап бор, балки касалдир? – деди Дўст. – Маслаҳат шуки, уни бирёқли қилмаса бўлмайди. Дўст-душман бор, элда ҳар хил гап ораламасин.

– Ҳа, тўғри айтасиз, – деди хотин. – Боёқиш, увол-да лекин. Нонни орасига игна тиқиб берсакмикин?

– Йўқ, сизларниям, мениям таниб туриб яқинлаштирмабдими, демак, нонни емайди, – деди Дўст. – Милтиқ билан отган тузук.

– У ерда милтиқ отса, гуноҳ бўлмасмикин? – деб сўради аёл.

– Билмасам, – деди Дўст. – Эртага мен бир ошнамдан милтиғини сўраб тураман. Кейин катта ўғлингиз билан бориб отиб келамиз.

– Майли-майли, сиздан Худо рози бўлсин, – деди аёл. Кейин, ҳарҳолда, кучукка яна раҳми келди. – Алдаб-сулдаб, дала-даштга обориб адаштириб келса бўлмайдими?

– Бировни яқинлаштирмаяпти-ку, қанақа қилиб алдайсиз? Қутуриб қолгани рост шекилли, – деди Дўст, мулоҳаза қилиб кўргач. – Ким билсин, – деди кейин, яна ўйланиб. – Ким билсин, ҳозир у ерда нималар рўй беряпти экан?

…Ўғил томорқадан чиқиб келганида Дўст юзига фотиҳа тортиб, қўзғалмоқда эди.

– Болам, кел, кўриш, отангнинг ўртоғи келди, – деди аёл.

Ўғил келиб, Дўст билан қўшқўллаб сўрашди.

– Катта йигит бўпқопсан-ку, – деди Дўст. – Отангни ўрнига дастёр бўпсан-да.

– Ҳа, отасининг ўрнини босяпти, – деди аёл. – Ишларимни қўлимдан оляпти ишқилиб.

– Ўйлаб қарасам, ҳамма болам-чақам деб елиб югуряпти, – деди Дўст. – Раҳматлик ҳам шунақа эди. Мен-чи? Нима гуноҳи бўлса ўзимнинг бўйнимга, не бўлсам бўлай, аммо болаларим қийналмасин деб қанақа ишларга қўл урмадим-а.

Йигитча индамади, лекин ичида ўйланди: “Раҳматли деяпсанми? Нима илинжда келганингни билмас эканманми? Отамни доим масхаралаб юрардинг. Ўғлим йўқ, энди сизлар ўғлимсиз деб баҳона қилиб ҳар замон келасан, гапингни қайтаролмай томорқангга бориб ерингни чопамиз, ўт юламиз, деворларингни уриб берамиз. Яна оталик даъво қиласан. Шошмай тур ҳали, катта бўлволай…

Отамдай беғубор одам дунёда йўқ эди-ку? Ўша беғуборлигидан ҳам кулдинг, фойдаландинг. Тўйларга борганимизда давраларнинг тўрида ўтирардинг, отамга қараб ҳам қўймасдинг. Бизга гоҳо ош ҳам тегмай қоларди, бир чеккада ўтириб-ўтириб, индамасдан қайтиб келаверарди отам. Энди дунёдан ўтганида номини сотяпсанми? Дўст бўлсанг, ёнида тур эди! Ичида дарди кўп эди, аммо Ота-ку, бизга айтармиди? Сен дардкаши бўлгин эди. Ана, ўтқазиб кетган дарахтлари шиғил-шиғил, усиз ҳам мева тугиб ётипти. Ҳозир мана шу беҳилардан узиб, бизникига ташлаб қўйинглар деб айтасан. Отам эса “болаларимнинг ризқи” деб шуларниям емасди, шохларининг тагида ўйланиб ўтираверарди. Тенг-тўшига қўшилиб чойхонага бормасди, улфат нима билмасди, юмушдан боши чиқмасди, бир бурда қаттиқ нонини еб индамай сўрига бориб ётарди. Ҳа, ҳамманг бир бўлволиб отамни роса эздиларинг-ку? Барига чидар, лом-мим демас эди. Энди билсам, болаларим деб тишини-тишига қўйган экан бечора. Сен бўлсанг икки бетинг қип-қизил, олдимизга келиб, отангиз савобга зор бўп ётибди деб ўзингни савобгар қилиб кўрсатмоқчимисан?”

Ўғилнинг дилидан шу гаплар кечди. Дўст унга синовчан қараб турди, кўпни кўрган нигоҳи боланинг кўнглидагиларни уқдими, қайдам, ўрнидан қўзғалди:

– Мен Эшоннинг милтиғини сўраб оламан эртага. Беҳилар роса бўпти-ку, а? Болам, бир-икки пақир узиб
бизникигаям ташлаб қўярсан.

– Хўп, кептуринг, – деб уни кузатдилар.

– Она, нимага кепти бу одам? – деб сўради ўғил.

– Отангни кучуги қутуриб қолган бўлса керак деб хавотирланяпти. Тепасига бориб дуо қиптуриш керак, борганларни яқинлаштирмаяпти, эрта саҳар бориб отиб келайлик, ўғлингиз ҳам мен билан борсин деяпти.

– Яхши кучук эди, – деди ўғил. – Отамга жуда садоқатли эди. Қайга борса орқасидан эргашиб юраверарди. Отам ҳам уни кўрмаса безовталаниб қоларди.

– Ҳа, қурту қушга, ҳайвонларга меҳрибон эди отанг, – деди аёл.

– Уйнинг томидан чакка ўтибди, – деди ўғил. – Мен чиқиб, тузатиб тушай.

– Борақол, онанг чўринг бўлсин, – деди хотин.

* * *

Ёмғир аллақачон тинган, лекин ҳаво совуқлиги учун ҳалиям ҳаммаёқ лой-балчиқ эди.

Кучук ҳануз ўша алфозда ётар эди.

“Яқин келма! Эгам ором оляпти, тинчини бузма, бадбахт!”

“Эгам ҳозир на дўстини, на аёлини, на таниш-билишларини эслайди, – дейди кучук, бўм-бўш кўзларини ҳувиллаган маконга тикканича. – Гоҳо руҳи мен билан гаплашади. “Эгам, дунёни эслай оласанми”, деб сўрайман. “Билмасам, Қоравой”, дейди. “Эслаганим шуки, бир чуқурда эдим, ўша ерда жуда узоқ вақт қолиб кетдим, дейди. Беш-олтита чаён бор эди, тинмай мени тишлаб-чақарди. Ортимда болаларим бор эди, бири-биридан ширин, беғубор, ишонувчан, мени пушти паноҳим, суянган тоғим деб билгувчи болаларим… Қимир этсам, шу газандалардан биронтаси мендан ўтиб болаларимга даф қилмасин деб тишимни-тишимга қўйиб чидар эдим чақишларига. Қонимни ичар эди у чаёнлар. Болаларим чаёнлардан бехабар униб-ўсишсин дер эдим. Кейин мана шу ерга келиб қолдим. Бу ер жуда тинч, келган куним кимдир “энди ором олақол” деб айтди. Болаларим-чи, деб сўрадим ундан. Болаларингдан хотиржам бўл, уларни оёққа қўйдинг-ку, деди. Чаёнларни ҳам сўрадим. Дедики, у чаёнлар азоб берди деб ўйлайсанми? Қонингдаги қора зардоблар уларга ризқ қилиб қўйилди. Сен зардоблардан покландинг, улар эса ўшани еб-ичиб, семириб-тўлишишди. Аслида қонингни тозаладилар, шу боис ҳам сенга ором иноят кўрилди…”

“Қиёматда кишига аҳли аёли ва дўст-ёрлари кўрсатилади, – деди Эгам, яна. – Айтиладики, эй банда, ҳаёти дунёда шулар билан умр кечирган эдинг, дунёи абадияда ҳам бирга бўлишни хоҳлайсанми? Эҳ, Қоравой… айтсам керакки, худойим, нима қилсанг қил, лекин ҳаргиз буларнинг юзини кўрсатма менга!”

* * *

Хиёл ўтиб, этак томонда беш-олти киши кўринди. Ораларида маҳалланинг чолларидан бири ҳам бор эди. Қўлида милтиқ кўтариб олган Дўст ҳам кўринмоқда эди.

– Ишқилиб, умрингизда милтиқ отганмисиз? – деб сўради чол.

– Отганман, хотиржам бўлинг, – деди Дўст.

– Шу кучукни жонига бекор завол бўляпмиз-да, – деди Чол. – Худонинг махлуқи, индамай қўйиб берсангиз, балки ўзи йўқолармиди?

– Шунча пайт кетмади, энди кетармиди?

– Қорни очқаса, емиш изламасмикин?

– Ҳўв ана, ҳалиям ётибди, – деди Дўст. – Кўряпсизми, ёмғиргаям қарамабди. Пана жойга ўтарди-да соғ бўлса.

– Вафодорлигини қаранг, – деди Чол. – Шунчалик ҳам бўларканми? Қанча вақт ўтди, ҳеч бошидан жилмабдими?

– Жилмабди, – деди Дўст, аччиғи чиқиб. – Аммо бунақа вафодорлигидан кимга фойда?

– Ҳа майли, Худонинг иродаси, – деди Чол, тақдирга тан бериб.

Ора ўн беш-йигирма қадамча қолганида тўхташди. Дўст чўнтагидан сувқоғозга ўралган ўқни чиқарди, қўштиғни икки буклаб, иккала қувурга ҳам солди. Кейин нари туринглар деб, ўзи қийшиқ ўсган олма олдига борди, милни бутоққа қўйиб мўлжалга олди.

Шунда кучук жойидан қўзғалди-да, милтиқ отгувчига қараб думини ликиллатиб бошини ерга ишқаб ингиллай бошлади.

– Ҳаҳ жонивор-а, ялиняпти-ку сизга, – деди Чол, ачиниб. – Отма деяпти.

– Бекор айтибсиз, – деб қайириб ташлади уни Дўст. – Ажали етганини қайдан биларди, ақлсиз ҳайвон бўлса?
Чол икки қўли билан қулоғини бекитиб, калима қайтариб турди.

* * *

“Бу сафар беш-олти киши бўлиб келишди. Яқинлаша олишмаётганидан ҳалиям чўчишаётгани билиниб турарди. Орқароқда иккита ёш йигит матога ўралган узунчоқ, оғир бир нимани кўтариб олишибди.

Келганлар ўзаро бир нималарни ғўнғир-ғўнғир гаплашиб туришди, кейин биттаси – кеча яқинлашолмасдан қайтиб кетган гавдали киши дарахт бутоғига милтиғининг милини қўйиб, бир кўзини қисиб мўлжалга ола бошлади. Ёнидаги калта соқолли чол унга қараб нимадир деди.

Яна ҳуриб, уларни ҳайдашга чоғланганим он, орамизда, икки қадам нарида эгам пайдо бўлди!

Ўша-ўша озғин, қотма, қўлларининг қадоқлари ҳали кетмабди. Кулмаган юзи энди кулар эди.

Жилмаяр эди!

“Сен ҳам худди ўзимга ўхшайсан-а, Қоравой. Кел, кел!” дерди.

Суюниб пойига отилдим, оёқларига бошимни ишқалаб, жуда таниш исини излай бошладим. Ажабки, ҳиди йўқ эди.

– Кел-кел, Қоравой, – деди Эгам, яна. – Юрақол мен билан. Ёмғирда совқотиб кетипсан-ку, жонивор, – деди меҳрибонлик билан.”

* * *

Қарсиллаб милтиқ отилди. Думини ликиллатиб, ерга бағрини бериб сургалиб ялинаётган кучук ўқ зарбидан икки қадам нарига учиб кетди-да, беҳи танасига урилиб, ангиллаганча ерга қулаб типирчилаб қолди.

– Тўнғиз ўқ билан ўқловдим, – деб қўйди Дўст, милидан тутун чиқиб турган милтиқни тушираркан. – Яна отайми?

– Йўқ, етар, – деди Чол, типирчилаётган кучукка қараб, хомуш. – Жони чиқиб бўлсин, кейин ёш-ялангга айтинглар, судраб бирор чуқурга кўмиб ташлашсин, ҳар ҳолда вафодор эди. Бошқа итлар талашиб-тортишиб, гўштини еб кетишмасин.

– Ҳа, савоб иш бўлди, – деди бошқа биров. – Йўқса, итнинг садоқати одамга зарар келтиради деб ким ўйлабди?

Ўғил бориб, кучукнинг жасадини нарироққа судраб ташлаб келди.

– Кейинроқ бошқа жойга обориб ташлармиз, – деди у. – Мирмуҳаммад бува, отамнинг ҳаққига бир тиловат қилинг.

Келгувчилар чўнқайиб ўтиришди. Чол ўзи билганича қуръон ўқиди, савобини пайғамбарларимизга, азизу авлиёларга, дунёдан ўтган аҳли мўминга, хусусан мана шу ерда ётган биродаримиз фалончига бағишладик, деб юзига фотиҳа тортди. Қолганлар ҳам шундай қилишди.

– Ана энди бемалол келаверасизлар, – деди Чол. – Ота ўтганидан кейин ташвишларга чалғиб эсдан чиқариб қўйиш керак эмас. Бошига тез-тез келиб туринглар.

– Хўп, – деди ўғил.

Қилган ишидан қониққан тўда имиллаб қишлоққа қайтди.

* * *

Эртасига бу ерга икки-уч киши келиб, мармартошни ўрнатиб кетишди. Яшаб ўтилган умрнинг ўткинчилигидан ва яқинларининг меҳру оқибатларидан хабар берувчи мармартошнинг ўртасига, гулдор ҳошия ичига битилган мана бу шеър бир неча йил ёмғирлардаю қорларда, саратондаю кузакда қорайинқираб, бир хилда қаққайиб турди:

Қатор-қатор уй солган,
Деворига гул солган,
Солган гули битмасдан,
Гўристонга йўл олган,
Экса битмас майдоним,
Чақирсам келмас меҳмоним,
От кўтармас полвоним,
Уйимдаги султоним,
Орқамга тушган офтобим,
Устимга кийган кимхобим,
Қишлардаги қишловим,
Ёзлардаги яйловим,
Отажоним, жон отам,
Отажоним, вой отам…