Гулноз Мамарасулова. Бегона (ҳикоя)

Вақт шунчалар бешафқатми?! Ё умр ўткинчими?! Вақтнинг, умрнинг оқар дарёлиги ҳақида гарчанд кўп эшитсамда, асл моҳиятига тушуниб етмас эдим. Бунинг нақадар ҳақ гаплигига энди қаттиқ амин бўлдим. Бу гапларнинг маъносини қалбимдан ўтқизмаган эканман. Эҳтимол мен ҳам умримнинг ярмидан ошиғини яшаб қўйгандирман! Эҳтимол… О, ҳаёт нега ахир?! Уни учратдим. Ҳоли-абгорни учратдим… Ҳудо ҳаққи, мен уни қарғамагандим. Тўғри, не-не азобларни тортдим у сабабли. Бироқ унга ёмонликни раво кўрмагандим. Гапларим рост! Уни шунча йилдан сўнг учратишим ҳаёлимга ҳам келмаганди. Орадан шунча йиллар ўтибди. Бу вақт ичида тақдирга тан бердим. Уйландим, учта фарзандли бўлдим. У-чи… У нима қилди экан?… Ёшлик чоғларимдаги ширин ҳислар вужудимни бир зумга чулғади-ю кейин ғазаб қони томиримда югура бошлади. Беихтиёр қўлларим мушт бўлиб тугилди…
Ёз чилласининг ўрталари эди. Қуёш ўз нурларини ердан заррача аямай, авжига чиқиб қиздирар, кўча-кўйда бу маҳалда зоғ кўринмасди. Ҳатто ташқарида челакда қолган сувларга қўл суқсангиз, офтоб тафтидан куйдирадиган даражада исиб қолганди. Мен ҳам куни бўйи ишхонамдан чиқмай, ҳисоб-китоб ишлари билан банд бўлдим. Тушдан кейин хонамдаги телефон жиринглаб қолди.
– Ало? – хотинимнинг овози эди. – Яхшимисиз, дадаси? Чарчамадингизми? – саволига жавоб олгач, давом этди у. – Нозимани баданига иссиқлиқ тошган эди-ку, ҳеч қайтмаяптида. Бугун дўхтир билан яна гаплашдим. Бирор салқинроқ жойга бориб, бир неча кун туриб келишимизни маслаҳат бераяпти. Ҳаёлимга Зомин тоғи келди. Анча баҳаво жойлар, деб эшитгандим. Нима дейсиз шунга?
Ишхонамда гарчанд кондицонер бўлсада, доимий равишда ёқиб қўявермайман. Негадир шуни ишлатсам, оёқ-қўлларим зирқираб оғриб, бир ишга қўлим бормайди. Шу сабабли, кўпинча ўчиқ турарди. Хонамни бир музлатиб олардим-у шу билан хадеб уни ёқавермасдим. Айни иссиқдан қийналиб ўтирган маҳалим хотин қўнғироқ қилиб, бу таклифни киритгани жуда ёқиб тушди.
– Яхши! – дедим дарҳол унинг гапини маъқуллаб. – Сизлар нарсаларни йиғиб, ҳозирлик қўраверинглар! Мен бошлиқдан руҳсат олиб, уйга қайтаман.
Болалар ҳам гап пойлаб турган шекилли телефондан уларнинг шодон қийқириқлари эшитилди. Менинг ҳам юзимга табассум югурди.Фирманинг ишлари кўплиги боис анчадан буён меҳнат таътилисиз ишлаётгандим. Раҳбаримиз “керак вақтида сўрасангиз” дегани учун дам олишга чиқмай юргандим. Мана энди ўша вақт келди.
Иш пайти тугашига яқин бошлиқнинг олдига кирдим. Фирмада иш қайнарди. Узоқ вақтга жавоб сўрамаганим учун бошлиқ ҳам рад қилолмади. Машинага ўтирдим-у тўғри бозорга ҳайдадим. Тоғ сайри учун керакли егуликларни олдим: мева-чевалар, тарвуз-қовун, нон, сабзавотлар ва қолган майда-чуйдалар.
Тонг отишини болалар интиқлик билан кутишди. Уларнинг оила даврасида дам олишни соғинганини, биргаликда узоқ йўлга отланишни исташаётганини ёрқин кўзларидан сезиш мумкин эди. Шундай қилиб, саҳарлаб йўлга чиқдик. Йўл-йўлакай болалар машинада янграётган қўшиққа жўр бўлишди, музқаймоқ ейишди ва ухлаб ҳам қолишди. Тўрт соат деганда сўлим гўша Зоминга кириб келдик. Тоғнинг юқори қисми томон машиналар ғизиллаб қатнарди. Гўё одамлар чилланинг жазирамасидан қочиб, тоғ ёнбағирлари орасига яшириниш учун ошиқарди. Тепага чиққанингиз сайин машина ойнасидан тобора муздек ҳаво урилиб, ўпкани тўлдирарди. Табиатнинг мўжизасини қаранг! Ҳозиргина ойнани очсангиз ўта иссиқ ҳаво урилиб, нафасни бўғаётганди. Бир зумда бўғриқишдан холис бўлдик. Энди тоза салқин ҳаво аралаш, димоққа турли ўт-ўланлар, гиёҳлар, тоғ арчаси ҳиди чиппа ёпишарди.
Тоғ тепасигача фақатгина битта йўл тушган: иккита машина аранг сиғадиган йўл. Бир ёнда паст-баланд қир-адирлар, бошқа томонда эса улкан сув омбори. Яна бир неча километрларни босиб ўтганимиздан сўнг шошиб-суриниб оқаётган жўшқин сойлар ва қуюқ арчазорларга дуч келдик. Йўл четларида қатор чойхоналар тушиб, тахтадан ясалган сўрилар шариллаб оқаётган сойнинг устида қурилганди. Оилавий тамадди қилиб олиш учун улардан бирига тўхтадик. Анчадан бери бундай тоза ҳавони кўрмаган ўпкамни тўў-ўлдириб нафас олдим. О, қандай роҳат! Оёқларнинг чигалини ёзиб, овқат тайёр бўлгунига қадар болалар билан бироз сув кечдик. Тоғ тепасидаги қорларнинг эришидан ҳосил бўлган сув ҳудди музлатгичда сақлангандек эди гўё. Бир зумда болалар совқотиб, сўри устига чиқиб оёқларини кўрпача остига ўраб олишди. Қатор-қатор супалар одамлар билан гавжум, чамамда, барча тўйиб-тўйиб нафас олиш билан банд эди. Сахарлаб енгил нонуштани қилар-қилмай шошилиб чиққанимиз учун корин ҳам дўмбира чала бошлади. Ваниҳоят, дастурхонга таом тортилган эди ҳамки, бошдан оёқ кийимга ўраниб олган бир аёл ёнимизда пайдо бўлди.
– Турли доривор гиёҳлар олмайсизми? – сўради у синиқ товушда.
Унга қарашгада ҳолим йўқ, бошим овқатда эди.
– Кечирасиз, овқатланиб олайлик! Кўрмаяпсизми?! – жавоб берди хотиним унинг бемаҳал келганига зарда қилиб. Менинг ичимдан ҳам шу гаплар ўтиб турганди. Бироқ негадир ийманибгина сўраган жувонга раҳмим келди. Ўзимни ғалати сезардим. Чўнтагимдан шартта пул олиб, унга тутдим. Бироқ аёл ортига ўгирилиб кета бошлаганди. Унинг қадам ташлашлари менга кимнидир эслатиб юборди. Бироқ ҳозир уни ўйлайдиган вақт эмас, қоринни ўйлаш вақти эди.
Тушликни еб бўлгач, яна бироз дам олдик. Болалар у ёқдан бу ёққа югуришди, сув кечишди, гул теришди. Сўнг яна манзилга отландик. Машинани ҳайдаб борар эканман, автомобиль қатнови сийраклашиб қолганини пайқадим. Йўловчиларим турфа манзараларни томоша қилиб борарди. Тўсатдан қизим Нозима қичқириб юборди:
– Дада, тўхтанг! Бояги аёл қўл силтаяпти, – деди йўлнинг нарироғида дарахт тагида кўринар-кўринмас ўтирган аёлга ишора қилиб. – Уни ҳам олиб кетайлик, – деди у ёлвориб негадир.
– Вой, менинг раҳмдил қизим-ей! Майли, сазанг ўлмасин! Сиғишиб олсаларинг бўлгани, – дея тўхтадим дарҳол.
Жувон тезда тушиб келиб, машинага ўтирмоқчи бўлди-ю негадир тортиндими, ишқилиб ўйланиб қолди.
– Нега турибсиз? Ўтиринг! – дедим ҳайрон бўлиб.
У орқа ўриндиққа, болаларнинг ёнига жойлашди. Қўлида халтаси ҳам бор эди. Юзи эса ярим ёпиқ, пешонасидаги ҳоли, кўзлари ва қоши аранг кўринарди, халос.
– Малол келмаса, тепадаги қишлоққа етиб олсам, – деди у синиқ овозда тағин.
– Биз ҳам шу тарафга кетаяпмиз. Йўлимиз экан-ку! – деди хотиним уни ҳижолат қилмаслик учун. Аслида ҳам юқори қишлоққа етгунча биттагина йўл бор.
Йўл-йўлакай гиёҳчи жувоннинг менга кўз қири билан тикилаётганини пайқаб қолдим. “Ғалати аёл экан” – дея ўйладим машинани бошқариб борар эканман. Нега ўқтин-ўқтин менга кўз ташлаб қўяди? Эҳтимол, мени танир! Эҳтимол, мен ҳам уни танирман! Йўқ, мени бу тарафларда итим ҳам адашгани йўқ. Ҳеч қандай танишим ҳам бўлиши мумкин эмас. Турли ўй-ҳаёллар билан манзилга етиб келдик. У аёл ҳам деярли биз буюртма қилиб қўйган дам олиш масканининг ёнидаги хонадонда яшар экан. Ҳаммамиз уловдан тушдик.
Яхшиямки, зоминлик ҳамкасбим бор экан. У бўлмаганда турар жойсиз қолардик. Буни бизга берилган икки хоналик ижара уйчага жойлашиб чиққанимиздан сўнг англадим. Болаларни онаси билан қолдириб, катта боғ томон юрдим. Айрим қулайликлар йўқлиги сабабли, бошқа бошпана излаш мақсадида атрофни кўздан кечирмоқчи бўлдим. Бу масканда бизники каби дачалардан кўпи бор эди. Ҳаммаси ҳар хил жойда жойлашган. Тоғли ҳудуд бўлгани учун хавфсиз ерларга қурилганди. Уйлар орасидаги катта сой суви тўлқинланиб – ҳапқириб оқар, тошдан-тошга урилиб оқарди. Айниқса, аср пайти яқинлашиб қолган куннинг бу қисмида қор эриши тезлашиб, сувнинг сатҳи ҳам баландлашганди. Дарахтларда ҳануз ўрик пишиб турганини кўриб ҳайратландим. Биз тарафларда аллақачон ўрик мавсуми ўтиб бўлган эди. Кун салқинлиги ҳисобига ҳосили энди етилган, шекилли.
Бу жойларнинг эгасини топиб, бошқа дачага кўчиш ниятида одамлардан сўрай-сўрай пастга тушдим. Дам олиш масканининг кириш тарафида, сой бўйида ўтирган кимсага кўзим тушди. Узоқроқда бўлганим ва унинг устига ўша кимса ҳам эгилган ҳолатда тургани учунми унинг аёлми-эркакми, кимлигини фарқлай олмадим.
– Ҳой, яхшимисиз? Бир нарсани сўрамоқчи эдим, – дея унга томон яқинлашдим. Сойнинг шовқини сабаб, аввалига у мени эшитмади. Яқинроқ келдим. Аёл киши экан. – Кечирасиз, опа, бу ерларни яхши биласизми? – сўрадим тағин уч-тўрт қадам нарида туриб.
У қанақадир ўт-ўланларни ювиб, сўнг идишга соларди. Жувон мен томонга ўгирилди-ю бирдан ранги оқарди. Кийимидан ва кўз қарашларидан бояги биз билан келган йўловчи эканлигини англадим. У ўрнидан туриб, кийимларини тўғирлади. Бошида қийшайиб қолган рўмолини қайта ўрашга чоғланди. У негадир титраб кетгандек туюлди менга. Нега у ўзини ғалати тутаяпти! Эҳтимол, боя далада гиёҳ териб юрганида бошидан қуёш ўтгандир. Балки ҳозир совуққотгандир! Қўллари ҳам қалтираб, рўмолини боғлай олмаяптими?! Ҳеч нарсага тушуна олмай турардим. Бироқ унинг нимасидир таниш ва уни аввал қаердадир учратганимни энди сал-сал эслагандай бўлдим. Аммо менинг бунчалар ҳоли абгор танишим йўқ эдида! Аёл ўрта бўйли, ориқ ҳам семиз ҳам эмасди. Юзларини ажин ва яна алламбалолар қоплаган, кўзлари жуда маъюс эди. Пешонасида, чап қошининг устида миттигина ҳоли бор аёлни олдин қаердадир учратгандим. Бироқ аниқ қачон ва қаерда эканлигини эслолмадим.
– Нега келдинг?! – аёлнинг дабдурустдан берган саволидан гангиб қолдим. Атрофга алангладим, балки мендан бошқа одам ҳам бордир бу ерда. Афсуски, ҳеч зоғ йўқ эди.
– Мендан сўраяпсизми? – ҳайратланганимни яширмадим.
Жувон бир зум ўйга толиб қолди. Ўйчан нигоҳи билан менга тикилиб турарди-ю гўё буни ўзи ҳам сезмасди. Ўзи айтган гапидан афсусланиш кайфиятини сездим нигоҳида. Кўпга чўзилмади, ортимдан эргашиб келган, шекилли, қизимнинг овози янгради:
– Дадааа! – қўл силтади у наридан туриб.
– Сен бу ёққа тушма, Нозима! – дедим қия йўлак бўлгани учун унинг сирпаниб кетишидан чўчиб. Жувон менга ярқ этиб қаради. Нимадир демоқчи бўлди-ю индамади. Бироқ лабларининг ҳаракатидан “Нозима” деганини илғадим.
Тавба! Ғалати экан! Менга сенсираб гапирдими?! Ҳудди юз йиллик қадрдонидек! Ким бўлса у?! Ҳар йил саволлар бошимда ғужғон ўйнарди. Бир зумда кеч тушди. Овқатлангани умумий ошхонага чиқдик. Ўзимиз билан олиб келган егуликлардан ҳарна олволдик. Бу ерда уч маҳал овқат беришар экан. Ҳа, айтганча, гапим чала қолганди. Ҳамкасбим олдиндан телефон орқали жойни банд қилиб қўйиб, катта ёрдами тегди. Умуман яқин атрофда на бир бўш хонадон, на бўш дачалар бор: ҳамма жойлар лиқ тўла эди. Дам олувчилар ёзда ойлаб бу ерларга келиб яшар экан. Эшитишимча, турли касалликларга, айниса, нафас йўллари, бронхит, астма ва бўқоқ кабилар билан оғриганлар ёзда Зомин тоғ ёнбағирларида жон сақлашар экан. Биз эса ишларим кўплиги сабабли бор-йўғи уч кунга келгандик. Шароити жуда қулай бўлмасада, бешовлон кичик ҳужрада борига шукр қилиб тонгни отқиздик. Болаларнинг қувончи ўзига сиғмасди. Кундузи ён атрофни айланиб, сайрга чиқдик. Ўзимни ҳар қанча чалғитишга уринмай, кечаги аёлнинг сиймоси кўз олдимдан кетмасди. Ҳатто ўзим ҳам нега бундай бўлаётганини тушунмасдим. Мазза қилиб дам оламан дегандим-у лекин кўнглим нотинч эди.
Тушдан сўнг болалар онаси билан кичик шаршара томон кетишди. Мен ишга доир бир нечта ҳужжатларни тўлдириб қайтишим керак эди. Уларни ўзим билан ола келгандим. Шу шарт билан аслида бошлиқ кетишимга руҳсат берганди. Ҳамма кетгач, ҳисоб-китобларим билан яна машғул бўлиб кеч тушганини ҳам сезмай қолибман.
– Биз келдик, дада! – ўғлимнинг овози эшитилди. Югуриб келган, шекилли, ҳансираб нафас оларди у. Ортидан қолганлар ҳам бирин-кетин кириб келишди.
Хотиним озроқ оқсоқланиб қадам ташлаганини сездим. Буни сўрашга ҳам улгурмасимдан, кенча қизим ахборот беришга киришди:
– Дада, биласизми? – деди у кўзларини катта-катта очиб, одатда нимадандир ҳайратланса, шундай қиларди у. – Ойим, сувда сирпаниб кетиб, оёғини қайириб олди. Кейин кеча машинада биз билан келган хола бор-ку, ўша хола ойимни оёғига малҳам қўйиб, боғлаб қўйди.
– Яхшиям, бизга ўша аёл рўбаро бўлди. Бўлмаса, бир қадам ҳам ташлай олмаётгандим, – қўшимча қилди онаси.
– У яна нима қилиб, ўралашиб юрган экан у ёқда? – сўрадим мен.
– Нима ҳам қиларди! Ўт-ўланлар териб юрган, шекилли, – жавоб берди онаси.
– Айтганча, дада, ундан исмини сўраб олдим. Хола билан адаш эканмиз. Исми Нозима экан! – болалар негадир кулиб юборишди.
– Қари ва хуник Нозима! – деди ўғлим қиқирлаб куларкан.
Онаси уларни тартибга чақириб, бировнинг устидан кулмаслик кераклиги ҳақида танбеҳ бера бошлади.
Нозима… Мен даҳшатдан қотиб қолгандим. Ўша кўзлар! Ўша хол! Фақат мана шуларгина Нозимани эслатарди, ҳалос. Бутун олийгоҳ йигитларини ўзига ошиқ-мошиқ қилган, гўзаллиги билан қизларнинг хасадини келтирган ва мени ишқида адойи тамом қилган Нозима бўлса, наҳот! О, Худойим! Наҳотки, Нозимани учратган бўлсам! Бўлиши мумкин эмас! Ахир инсон шунчалар ўзгариб кетиши мумкинми?! Бунга ишониш қийин… Йўқ, ишониб бўлмайди. Қанчалаб йигитларнинг қалбига севги ўтини ёққан гўзал, наҳот шу аёл бўлса! Ё, Тангрим! Нега ҳаёт бу қадар бешавқат! Нега бандаларинга гўзаллик туҳфа қиласан-у яна бунчалар хўрлаб уни тортиб оласан?! Мен таниган, мен билган қиздан, ҳатто асар ҳам қолмаган. Қанчалар даҳшат! Қанчалар золим бу вақт деганлари! Ҳеч кимни аяб ўтирмайди на ёш-у қарини, на соҳибжамол-у маҳлуқни!
Мен бутунлай тамом бўлгандим. Унинг бу кўйга тушишида ич-ичимдан ўзимни ҳам айблардим, эҳтимол… Биз бир-биримизни телбаларча севардик. Йўқ! Фақат мен севибман, мен куйиб-ёнибман. Нозима эса мени эрмак қилган. Шунчаки вақтинчалик мен билан севишганлар ролини ўйнаган. Акс ҳолда, мени ташлаб, бошқасига турмушга чиқиб кетмасди. Бойлик учун мендан воз кечмасди. Ахир ундан қайта-қайта сўрадим: “Сени мажбурлашаётгандир? Мен билан кет! Сен учун ҳар нега тайёрман” – дея унга ёлвордим. У эса назарига илмади. Севгимни ўйинчоқ қилди. Мени ер билан битта қилди. Йиллар ўтди. Тақдир ҳукмига, ота-она ризолига бўйсуниб, оила қурдим. Фарзандлар кўрдим. Бироқ кенча қизимга унинг исмини мен қўймадим. Асло хиёнаткорнинг исмини мен қўймадим! Балки, тақдир тақозоси шуни раво кўргандир: қайнонам қаттиқ шу исмни хоҳлади. Ўтмишимни ёдга солсада, қаршилик қилолмадим. Фақат уни учратган онимга лаънатлар айтдим. Эҳ, тақдир ўйинини қаранг! Орадан шунча вақт ўтиб, уни шу ҳолатда учратдим. Лекин мен унга буни тиламагандим. Мен уни қарғаганим йўқ, ахир. Юрак бағримни эзиб кетган бўлсада, фақат бахт тиладим, инсоф тиладим. Юрагим негадир беҳузур ва беҳаловат урар, гўёки ҳаво етишмасди менга. Бироз ўзимга келиб олиш учун ташқарига отилдим. Ортимдан хотинимнинг овози эшитилди:
– Дадаси, қаранг-а, анави холани қўлига уч-тўрт сўм бериб кўйиш ҳаёлимга келмабди. Ҳар қалай қандайдир малҳам қўйганди, оёғим яхши бўлиб қолди. Мабодо холага кўзингиз тушса, хайр-садақа қиларсиз!
Хола… Афсуски, у қариб, шу ёшида “хола” бўлиб қолганди. Не азоблар уни бу кўйга солган бўлса?! Турмушнинг тўрт муши уни тоғлар орасига улоқтирдими? Ёки одамларнинг назаридан қочиб, шу тоғлар орасига яшириндими?! Минг хил ўй-ҳаёллар домига ғарқ бўлиб, кеча уни учратган сой бўйига келиб қолибман. Нозима сой бўйида эди… Бир вақтлар меники бўлган Нозима шу ерда эди. Аммо аввалги чирой, латофат-у назокатдан заррача ҳам йўқ эди. Буни кўриш нақадар оғир! Нақадар аянчли!
– Барибир бир кунмас, бир кун сени учратишимни билардим. Лекин бунчалар тез бўлишини ўйламагандим… – дедим оғиз жуфтлаб.
– Ва мени бунчалар абгор ҳолда кўришни ҳам ҳаёлинга келтирмагансан… Ҳатто таниёлмайдиган даражада! Ҳаа, бу мен эдим, – чуқур хўрсинди у. – Тақдир чархпалаги айланиб, бу ерларга келиб қолдим. Тўғрироғи, мажбур бўлдим. Сенга қилган хиёнатим, соф муҳаббатга бевафолигим учун жазоимни олдим. Эрим маишатпараст эди. Мени уйга тамомила қамаб, кўчага чиқармасди. Жамиятдан узиб қўйгани етмагандек, ҳар куни дўппосларди. Ит кунини бошимга солди. Зўрға ундан ажраб қутулдим. Ҳатто боламни ҳам менга қарши қайраб, мендан уни жудо қилди. Охир-оқибат врачлар оғир ҳасталикка чалинганимни айтишди. Фақатгина мана шу тоғ ҳавосигина умримни узайтириши мумкин экан. Яшаш учун курашаяпман. Қўлимдан келган ишни қилиб, тоғ-у тошлар орасида жон сақлаб юрибман. Ҳар куни ҳаммаси учун минг бора пушаймон чекаман. Гарчанд кеч бўлсада, гуноҳларимга афв сўрайман. Мени кечира олсанг агар, кечир!
Ўша шаҳло кўзлари бир зумга чақнаб кетди назаримда. Йўқ, улар лиқ ёшга тўла эди. Афсус-надомат ёшларига тўла эди унинг кўзлари. У ўрнидан туриб, кета бошлади. Мен эса карахт ҳолда қотиб қолгандим. На бир сўз ва на бир ҳаракатсиз турардим мен. Ҳаёлимда эса битта ўй айланарди: У Нозима эмас. Умуман бир бегона одам. Шунчаки бир йўловчи, эҳтимол.