Ғози Раҳмон. Ойпари (ҳикоя)

Ойпари ёввойи каптарнинг сулув боласи, негадир бошқа қариндошларига сираям ўхшамас, аъзойи бадани оппоққина тук билан қопланган эди. У осмон билан бўйлашадиган “Келин учди” жарида яшарди. Ўтган йили эрта баҳорда жардан бехос тарма учдию уяси бузилиб кетди. Қоронғу тўс-тўполонда тасодиф қайиғининг қуйруғига илиниб, жони омон қолдию қолганларнинг нима бўлганидан хабар топмади. Кейин ёлғиз ўзи боши оққан томонга қараб узоқ учди. Безовта кўнгли йўлдош тусарди. Қидира-қидира Кўкпарни топди. Улар жуфт бўлиб ташландиқ молхона чордоғида қўним топишди. Тинчгина, хилват жой. Ойпари тўртта бола очди. Иккови оқбош, энасига ўхшайди. Қолган иккитаси эса Кўкпарнинг ўзгинаси. Болаларни кўриб иккаласи ҳам қувонди. Энди оила деса бўлади. Лекин болаларнинг ташвиши кўпроқ онага тушар экан. Ойпари қиш-қировли кунда дон қидириб бориб, қўлга тушди. Уни яқин қишлоқдаги чоғроқҳовлида, юз-қўли кир-чир юрадиган хўппа семиз бола каттакон сут сават ичига дон сепиб, четига чўп тираб, унга узун ип боғладию, тузоққа туширди. Худди ўша куннинг эртасига Раҳимжон исмли қўшни йигит яккаю ягона эркатой, аммо дардчил қизчасини хурсанд қилиш учун болага пул бериб, Ойпарини сотиб олди. Унга Ойпари деган исмни ҳам ўша Раҳимжоннинг қизи Дилшода қўйган. Дилшоданинг мункиллаб қолган бувижони, ҳозир парилар йўқ, ҳаммаси каптарга айланган. Каптар, дегани асли парилар зотидан, дея кўп уқтирган. Дилшода отаси келтирган оппоқ каптарни ўша парилардан бири, деб ўйлаганидан Ойпари деб қўяқолди. Ойпарини кун бўйи оёғидан боғлаб қўйишди. Кечга тортиб, Дилшоданинг бобоси Норқул чўпон тоғдаги сурувдан қайтди. Каптарни кўриб Дилшодага деди:
— Уҳ, уҳ, семизгина экан, ҳозир сўйиб бераман, аянг шўрва қип беради. Барибир боқолмайсан. Ёввойи каптарнинг қўлга ўрганиши қийин. Бор-йўғи биттагина. Боз устига мушук дегани, бунга ўч бўлади.
Қизча нима деярини билмай, анграйиб қолди. Ахир парини сўйиб бўладими? Чўпон ота шошилмай каптарни тутиб олиб, оёқ- тумшуқларини обдастадан сув қуйиб ювиб, қанотларини қайириб, кирза этикли чап оёғи остига олди. Ёнидан шартта пичоғини олиб, бир нима деб пичирлаб, каптарнинг бўйнига тиғ тортмоқчи бўлганида Дилшода чинқириб юборди:
— Боважон, жон бова, ўзимнинг бовам, сўйманг, ўлиб қолади. Ахир бу Ойпари-ку.
Бобо тўхтади. У гоҳқўлидаги олмосдай ўткир ғелоний пичоққа, гоҳ Ойпарига, гоҳ Дилшодага қаради. Дилшода ялинишдан тўхтамасди. Эркидан айрилган, қанотлари қайрилган Ойпари тили йўқ, аммо дили билан Дилшоданинг жажжи юрагига боғланиб, оҳ уриб ёлворарди:
— Садағанг кетай, дардингни олай, Дилшода, оппоққиз, ёлвор, дод, деб чинқир, бобонгни инсофга келтир! Ахир менинг ҳам сендайгина болаларим бор.
Хайрият, бобо инсофга келди. Пичоққинга кирди. Унинг қинида тургани маъқул. Ўткир тиғўзи шилган терига тегиб турсагина жойида тинч ётади. Қиндан чиққан тиғнинг муддаоси кесмоқ бўлади. Бобо туриб-туриб беихтиёр Ойпарини қўйиб юборди:
— Бор, эркин учавер, тўдангга қўшил, фақат менинг неварамни дуо қил!
Дилшоданинг ўпкаси тўлиб, ҳиқиллаб йиғлаб юборди. Унинг кўз ёши сабаби ўзигагина маълум эди. Бироқ эртаси тонгда Ойпари бир эмас, олтовлон бўлиб Раҳимжоннинг ҳовлисига учиб келди. Ўз хоҳиши билан. Нега? Негалиги Яратганнинг ўзигагина маълум. Дилшода қувониб-қувониб уларга дон берди. Тавба, улар кечқурун ҳам кетишмади. Чордоққа чиқиб ётишди. Эртасига ҳам, индинига ҳам. Бобо ҳайрон, Раҳимжон ҳайрон, ҳамма ҳайрон. Фақат Дилшоданинг ҳайрон жойи йўқ. Унинг дили шод. Чунки Ойпарининг тилагани бўлди, Дилшоданинг кўнгли тўлди. Бўғотда ёғоч уйчалару халтачада дон-дун пайдо бўлди. Ойпари париликдан чиқиб, хонаки каптарга айланди — қўйди. Демакки, унинг қайсидир аждоди — ё оғаси, ё тоғаси уй каптари бўлган. Дилшоданинг ҳам дарди фориғ бўлиб, Раҳимжоннинг анча улғайган, эс-ҳушли, ранг-рўйли, ҳаммадан суюмли қизига айланди.