Дилором Дилхоҳ. Куюктут (ҳикоя)

Очликнинг азоби тутди, ҳар ким қўли-қўнжига илашганини ютди. Аввал кўкка етдик деб кўкарганнинг барисини ейишди, кейин, селдрбош ҳам қуриб қоп­ти, энди ўлмаймиз, дейишди. Шунда ҳам арпа кап­лаб қанча одам шишиб ўлди. Тирик қолгани буғдой пишиғига етган бўлди.
Эрман деганнинг бари урушда, кунимиз ўзимизга қолди бу туришда, деб аёлман деганнинг барининг оти ўроқчи бўлди.
– Биргад ўлсин, ой чиқсаям, кун чиқсаям шунга бўсин экан-да, – деб белини маҳкам тугди аёллар.
– Отаси волос  бўган, ўгай отасининг отиминан журипти бу жувонмарг, марднинг майдони у ерда, аёлман қолган Жовдот биргаддинг жойи қаерда? – де­ди аёллар.
Норсулув қуш уйғонмай уйғонди, кечаси билан қу­руқ чандирни шимиб йиғлаб чиққан гўдагига боқиб ичи ёнди. Чорасизликка чора топмоқчидек ўз-ўзига сўз­ланди:
– Ор дегани устун келди, бунда қолмоқ ўлим бўлди. Отангам кеч кетиб, кетганигаям йилдан ошди, улим. Кўнгли бўш одам эди, кўнгилчан эди, охири “кўнгилли” бўп кетди. Ўзиям, ҳар нега қўл урса чин пишиғи минан киришарди, пашисттиям инига қувған бўлса керак, келганда олдига жугурип чиқасан, – деди дадилланиб.
Дадил бўлгани билан боласини кўтаришга бели чидамади. Катта бир бўхчани бўшатиб, боласини бола кўтарганга ўхшатиб белига туйди. Муқаддам чечаям чиққандир деб, тешикдан увада чопонни олиб, қўш­ни­сига ҳам қараб қўйди.
Озиб-тўзиб қоқ бўлган, эри кетиб тоқ бўлган Му­қаддам ҳам эрганакдан осилиб қўшнисини чақирди, сўнг яна аллақачон йўлга тушган қизига бақирди, анов тош олмаминан, айронданам озгина олдингми, деди. Қизи ҳам ўн учларни қоралаган эсли эди, Самат қоранинг қизи эмасми, рангиям қора тусли эди.
– Ҳа!.. Самат акам тушингизга кирдими, азондан туриб опсиз?.. – деди Норсулув боласининг бошидан тутиб ўроққа эгилар экан.
– Эй… қўйсангиз-чи, нима қиламиз, бу кунларам бошда боракан, бир сўкиш кам-камда, айнанай, – деб қўшнисининг қўлидаги тугунчани олди.
Банда ёғий бўлиб бошга кулфат солган билан Худо ўз марҳаматини аямади, шу йили ариқларда сув мўл бўлиб, омоч шудгор қилган бўз адирларда ҳам буғдой яхши бўлди. Қишлоқдан чиқа туриб, икки аёл элда туёқ зоти қуриб, мол ҳам далага ҳайдалмай қўйилган бўлса-да ҳамон оти “Подажотоқ” деб аталадиган жойдан ўтиб, тўғри буғдой дала боши – Куюктутга қараб кетишди.
Куюктут шундай куюктут эди, Худо суйган суюк тут эди. Чақмоқ урган гавдаси қуламаган, бирон бад ниятли одам йўламаган. Ичи куйсаям кўкарган тут, эл билан элнинг дардини кўтарган тут. Ёмғирдан пана, иссиқда соя, чарчаб толиққанга суянчиқ, мисоли қоя. Беланчак­лар осилса алла айтган, бева-бечоралар куй­­ган борки, унга қайтган тут эди.
Ҳамма куюктутни қоралаб жам бўлган вақти, вақ­ти саҳар эди. Биргадирнинг жияни Салим оқсоқ оқ­соқланиб деди: «Бугун бардаммисиз, чечалар?..» Эри­га ҳам бошини кўтариб қарамаган аёллар, кўз­лари ерда, бош ирғаб ҳа деган бўлди. Салим ҳам сўраган билан ҳамманинг аҳволи не эканини билди. Уям… кўп чатоқ чиқди, Ойсанамни олиб қочиб хотин қи­либ шуни уқди:
– Хотиннинг бари бир экан, тиллашсанг сенга тир экан. Тувғани шу бир қиз бўлди, яна тилагани бирамас, ўнамас, юз бўлди, – дедию хирмонжойга кетди. Куюктутдан одам ариб, Норсулув боласига имо қилиб қўшниси Муқаддам билан қизига секингина ҳозир, дедию тутга суяниб ерга ўтирди. Бовуридаги бўхчани бўшатиб, ярим кафт толқонни дока рўмолининг учига лўнда қилиб гўдагининг оғзига солди. Уйқудаги гўдаги онасини излаб қолди. Тут сояда ухлагунча ўғлини “ҳиё” лади, буғдойпояга кеч қолиб борганиям уялади. Елбешикка ҳам бир қараб қўйди: – Нима бўлсаям Ойсанамнинг қизи-да, ойпарчага ўхшайди-ей, – деди ичида. Норсулув оёғининг учи билан юриб кетди, чекига тушган ерни илғаб, қолганига югуриб етди.
Яна бир шохи – қўлида беланчак, этагида бир бо­­ла куюктут қолди. Куюктутнинг танаси ўйиқ бир эшик бўлди. Паст шохида ел тебратган бешик бўлди. Елбешикни ел тебратди, шукур қилиб ўз кунини эл теб­ратди.
Кун қизиганида иш ҳам қизиди, рўмоли қийшайиб ўроқчи аёлларнинг сочи тўзиди. Қияни қиялаб ўрган Норсулувнинг кўзига қишлоқ қорайиб кўринди. Эри йўқ, бошэгаси йўқ, кўзига дунё торайиб кўринди. Тутамлаган буғдойи қўлида қолди, Норсулув атрофга назар солди.
– Муқаддам чечанинг қора қизи ҳали ёш-да, ор­қада қопти, бечора кичкина бўлсаям ўроқ тутиб ризқини топди, – деди. – Болам! – деди-ю, бола меҳрини туйиб кетди, кўйлаги ҳўл бўлиб, билса, кўк­рагида сути ийиб кетди.
– Вой улим! – ўроқни ерга ташлади, кўзимас, кўк­сини ёшлади. Қулоғига олис бўлса ҳам бола йиғиси эшитилди. Бу йиғи овозини қулоғи эмас, кўнгли эшитгандай бўлди. Куюктутга етганида йиғлаган ўзиники эмаслигини билди. Елбешикка чопиб борди, бора солиб кўнглини ёрди:
– Эй куюктутнинг остида ухлаган ой қизим, гиргиттонинг бўлай ўзим, сену менга деган кунам бордир-да.
Ойсанамнинг қизи ҳа деганда йиғлаб кўна­вер­ма­ди, кўзидан ёши тинавермади. Норсулув қизни ол­ди, олиб этагига солди, қизни овутди:
– Сен манов бўхчани қара, – деди, бўхча ичида ухлаб терга тушиб ётган ўз ўғлига имо қилиб:
– Толқонди толлисиминан кўзини очмайди, отасининг ули-да, қиздинг йиғисигаям учмайди, – деди ат­рофга назар ташлаб. Ойсанамнинг қораси кўринмади, қора қумғоннинг ости тутаб ётар, тут остига ким келиб ким кетгани ҳам билинмас эди. Уйғотиб эмизай деса, ўғли уйқуда бўлди, йиғланганни овутмоқни қийин билди.
– Келе…й қизим, энанг билиб жотирма, отанг гумон қилиб жотирма, – деб эна кўксини қизга тутди.
Қизам эна айирмади, эма туриб бирам бурнини жийирмади. Бир кўкракни қоқалаб бўлди, ёт энада ухлаб бўлди. – Айтмайман, – деб қизни елбешикка сол­ди, сўнг ўз ўғлини қўлига олди. Толқонни оғзидан олиб кўкрагини солди. У ҳам уйқусида толқон эмас, кўкрак сўрди, кўзини очиб оёқларини тираб кўрди. Куюктутда иссиқдан қочиб чумчуқлар соялади, Норсулув ўғлини яна “ҳиё”лади. Яна ишига чопди, кўкраги бўшаб ҳа­ловат топди. Ёпиқ қозон ёпиқлигича қолди…
Пешинда аёллар яна куюктутнинг остига қай­тиш­ди, ўзларича йигити йўқ қизларга ҳазил қилиб қў­шиқ ай­тишди:

Куёв тўнлар қавийсан,
Ёринг қани, ёр-ёр,
Жўқди жўқлаб чиққани,
Боринг қани, ёр-ёр.

Бир ваъдаси бормиди,
Кўзинг жўлда, ёр-ёр,
Эрман деган олисда,
Ўзинг жўлда, ёр-ёр.

Ўроқ тутсанг буғдойинг,
Эшилади, ёр-ёр.
Айтмай десанг дардга дард,
Қўшилади, ёр-ёр.

Қизу жувонлар ёр-ёр айтишди, Маллабой ўзича ўнга кирса ҳам сонга кирган бўлиб, қора қумғоннинг қорасини мўйлаб қилиб, қоракуя бармоқларини ёйиб роса ўйнади. Аёллар қотиб-қотиб кулишди, бир пайт отда Жовдот биргадирнинг яқин келиб қолганини билишди. Бу келибоқ сўкар деб, аёллар кўзини олиб қочиб буғдойпайкалга югургилади. Салим эса чўлоқ оёғига пайтава ўраёлмай шошиб қолди.
– Жим!.. – деди Салим ҳам тоғасига, кўрсаткич бармоғини тутиб, чақалоқларга имо қилиб, аслида эса ўзи сўкиш эшитиб қолишидан, бир қамчи еб қолишидан қўрқди.
– Ҳа жиян! Бу туришда мени жувонмарг қиласан-ов сен, сўкай десам… – деди Жовдот биргадир паст овозини баландлатиб, бир бешикка, бир Самадга қа­рар экан.
– Эй сен менинг овзимға урма! План бор, план!.. Каттадан катта кўп, замон бунақа бўлса, – деди отининг жиловини тортиб.
– Тушунаман, тоға…
– Эй! Сен ниманиям тушунардинг эси паст, анов Қулмат чолга айт, буғдой янчишга яна отини бермаса, ўлса ўлигиниям мозорга қўйдирмайман, лекин, – деди кўзлари баттар важоҳатдан ёниб, тишлари тегирмон тошидай ғичирлар экан. Сўнг оти йўртиб кетди, феълида, Салимниям ҳар гапи билан ўйиб, туртиб кетди.
– Эй!.. – деди Салим қўлларига тиралиб ўрнидан турар экан. – Сендай тоғаниям… донга тўйган хўроздай қип-қизариб… бу ердагилар буғдой бошоқдай эгилиб, тўкилиб бораётганини сен қайдан биласан?..
Салим ҳам оқсоқланиб хирмонга кетди. Яна шу куюктут унинг ғам куюгини англагандай икки гўдакни овутиб қолаверди.
Куюктутнинг бошидан қанча булутлар ўтди, қанча изғирин, қанча гармсел унинг-да бағрини эзиб кетди. У эса эридан “қора хат” олиб тул қолган аёлдек сукут сақлаб тураверди. Орадан беш йил ўтди, урушдан ким қайтди, ким қайтмади. Ҳар нега кўниб кўниккан эл элмасми, бировга кулиб, бировга лаънат айтмади.
Норсулувнинг “кўнгилли” бўлиб кетган эри эса дом-дараксиз кетди. Норсулув йиғлашини ҳам, кулишини ҳам билмай “кўнгилли” эрини кута-кута яшашдан кўнгли қолди. Фақатгина эндигина уч ёшдан ошиб, «Отинг нима?» – деган саволга, – «Муйоджон!» – дейдиган ўғлига овуниб энди бор муроди ўғли эканини англади.
Вақт ўтаверар экан, эркаклар қайтиб Жовдот биргадирнинг боши эгилди. Кимлиги фош бўлди, беваю бечоранинг ризқини егани ҳазм бўлмади. Одамларнинг айтишича ҳозир ичагининг бир кулоч ери чириб ўсал бўлиб ётган ерида, тегишган қизи ҳам онаси билан келиб мол-мулк даъво қилаётган эмиш. Эшитганлар: «Тавба, бедаводан яна нимани даъво қилишар экан», – дейишди.
Самат қора қўлтиқтаёқда келди, ҳозир сўкиш­ларига яна сўкиш қўшилганмиш, фақат русча, хотини эса, – шу ўрисчани билмаганимга ҳам шукур, – дейди. Қора қизи улғайиб отасига парвона.
Элда гап кўп-да… Салим опқочиб уйланган эди, энди хотини эрини опқочганмиш… Эшитганлар «Салимам энасиникига кетипти», – дейишаяпти.
Бугун ҳам Норсулув қуш уйғонмай уйғонди. Бахмал жилдга – китобларнинг ёнига зоғоранон, ёнғоқ, майиз, туршак солди.
– Мени ўйлама, болам, қўни-қўшни, тоғаларинг бор. Сен ўқишинг керак, ўқиб одам бўлсанг, элга қў­шилсанг дейман, – дедию йиғлаб юборди.
Муроджон онасини муродбахш кунларга қолдириб йўлга отланди. Катта шаҳарда онасининг айтишича, катта ўқишга – техникумга, кирган эмиш.
– Вой катта ўқишмиш, анов қишлоқдаги Солиҳ тунов кун шаҳарга борган экан, ўқишдаман деб Мурод бир қиз минан журиптиймиш, – деди аёллардан бири.
– Уят-ей, – деди яна эшитганлардан бири, – йў­лидан озипти, отаси мундайчикин эмасди, энасига дард бўлмасайди, – деди яна биров. Норсулув унисиниям, бунисиниям эшитди.
– Ўзимдинг болам, йўлидан озмайди, ҳали ўқиб катта бўп кеса, одамлар бир тилини тишлаб қосин, – деди ўзича мийиғида кулиб, ички бир ишончи тантана қилиб. Мурод шунда ҳам ҳа деганда келавермади.
– Ўқишам осонмас-да, – деб далда берди у яна ўзига.
Норсулув туш кўрди, тушида Муроджон тинмай, «Эна, мендан рози бўлинг», – дер эмиш. Норсулув чўчиб уйғонди, уйғонса эшик тақиллар, тушими, ўнгими, нимага уйғонганини ўзи ҳам билмай, юраги ҳадик олди.
– Эй Худо, ярим кечаси келган хабардан қўрқаман, Муқаддам чечамикан ё?.. Ишқилиб биров ўтиб нетган бўмасин-да, – дедию токчадаги лампачироқнинг пилигини кўтариб, бошига рўмол ташлади.
– Ким?.. – овозлари қалтиради беихтиёр.
– Мен! Эна, Муродман! Очинг эшикни! – таш­қаридан Муроднинг йигитларга хос залворли овози янг­ради.
– Вой болам! – эшикнинг занжири шиқирлади. Ос­тонада она бола қучоқ очиб кўришишди.
– Бир ўзим эмасман, эна! – Мурод орқасига ўги­рилди.
– А?! – Норсулув энди гапга оғзини жуфтлаган ҳам эдики, хира чироқ ёруғида бошига катта рўмол ташлаган, қўлида тугун тутган бир қиз кўринди. Қош- кўзи пиликдай, қизнинг юзида табассуми балқиб, чироқ нуридан-да равшан нур таралгандай бўлди.
Мурод, қизга бир назар ташлаб, «энди бир кечага бизга жой берасиз-да, эна,» – деди. Норсулувнинг тили тутилди, ичига бир дард ютилди.
– Бир кеча нима, минг кечага жой бераман, – деди яна юраги қандайдир бир орзиқиш туйиб.
– Киравер, – Мурод яна қизга юзланди.
– Кираверинг, тортиниб ўтирманг, қизим.
Қиз бошқача илтифот кутгандек ҳадикда бўхчаси қўлида, секин девор тубига чўкди. Мурод онасининг ётган ўрнига ўзини таппа ташлаб, ёстиқдан онасининг ҳидини излаб соғинчдан юраги ҳаприқди.
– Мен… у-бу топиб келай бўлмаса, – сукутни тушуниксиз сукут мавҳ этгандай бўлди.
– Ҳеч нарса керакмас эна, тонг отсин, айтгандай бу келинингиз…
– Ўзимам…
– Санобар, тугунингни қўйсанг-чи, – Мурод ўзи етак­­лаб келган қизга яна ўзи термулиб завқланди.
Норсулув тугунга узаниб, ҳаммасини тушунгандай бўлди. Қиз ҳомиладор эди.
– Вой ўлмасам!.. Ҳа майли, отанг йўқ… айб ўзим­даям… – Норсулув унсиз йиғлади. Қиз бирдан тугунини кўтариб ўрнидан туриб қотиб қолди.
– Вой ўтиринг, қизим, қаёққа?.. Бошам, савдосиям ўзимизники, қаёққа борасиз… – бу сафар унинг овози меҳрли, самимий ва ялинчоқ эди.
Худо Норсулувга келин ҳам берди, сабр ҳам берди. Одамларнинг гапига ҳам қулоқ солмади. Негадир тил-забонсиз қолгандек, тилини ичига ютди. Кўнглига олмасин деб келинидан ҳам ҳеч нарса сўрамади . Келинини авайлади, минг йиллик ёлғизликни бошидан кечиргандек, бағри тўлганига шукур қилди. Муроднинг ўқиши чала қолса ҳам рўзғор ишларига берилганини кўриб, унинг юриш-туришида бедарак кетган эрининг дарагини кўргандай бўлди.
Кеч кириб ёмғир севалади.
– Мен ҳозир, тандирнинг оғзини ёпиб келай, – деди Норсулув.
– Мен ўзим, эна… – келин инграниб эшикдан чиқди. Норсулув жун титаётган жойида келинига хавотирли қараб қўйди.
– Э…на!.. – ташқарида зорланди келин.
– Ҳай, келин, – Норсулув ташқарига отилиб чиқди. Тандир эгнига суяниб дард чекаётган келинининг олдига етиб, ўчоқдай ўтириб қолди. – Ҳозир, ҳозир, айтиб қўйувдим, – Норсулув йиғлаб кулар эди.
Мурод ёмғирда ҳам ташқарида ўтирди, Норсулув ўғлининг елкасига пахтали чопонни ташлаб ўзи ҳам ёмғирда ўтирди. Норсулувнинг кўзидаги ёшини ёмғир ювар, ёмғирми, кўзёшми, ишқилиб ёғиб турди. Бир пайт ичкаридан чақалоқ йиғиси эшитилди.
Доя хотин:
– Ўғил! Ўғил экан, – деди негадир кўзи ерда, ўзи терда. Кечаси зулмат эди, тонг ёришди. Она-бола су­йиб-суймалаб чақалоқнинг олдига боришди.
Норсулув келинининг йиғлаб ўтирганини кўриб, юраги сесканиб кетди, шошиб чақалоқни қўлига олди. Не кўз билан кўрсинки, чақалоқ оқ-оппоқ туғилган эди, сочию киприклари, ҳатто лаблари ҳам сутдек оппоқ.
Мурод ташқарига чиқиб сўкинди, Норсулув таш­қарига чиқиб йиғлади.
– Бу нима, қарғишми?.. Йўқ, Салим оқсоқ ҳам оп­қочиб… А!..
Норсулув ичкарига югуриб кирди, келини яна ўша илк бора эшикдан кириб келганидагидек қай­нонасининг важоҳатини кўриб ўрнидан туриб шошиб қол­ди.
– Кимнинг қизисиз, қизим?! Отанг, энанг ким, деб ҳам сўрамадим, лаънатлаб сўраяпти демасин дедим, ота-энангизни сўрашгаям тилим бормади.
– Отам…
– Отангиз… Салим оқсоқ эмасми?
Келин бош ирғаб “ҳа” деди-ю:
– Шундай дейишади, – деб қўйди.
– Онангиз-чи, Ойсанамми?
– Ҳа!..
– Вой мен ўлай, фалакнинг гардишини қара, ҳеч нарса бежавоб эмасакан… – Норсулув яна жимиб қол­ди.
Ташқарига чиққанида кўча бошида кимдир:
– Лампамой!.. Лампамой! Чироқмой… – деб ба­қи­рар эди.
Норсулув ичкари кириб, токчадан пул олар экан, келинига юзланди:
– Менга қўшша қарисаларинг бўгани, болангизни жони омон, сиз куйинманг, – деди.
Лампамой сотувчи эшагини тўхтатганида:
– Уч обжўш берсангиз бўлди менга, – деди. Буни кўриб атрофдагилар:
– Невара қуллуқ бўсин, майли кўпроқ осин, ча­қа­лоқ бор-да, чақалоқли уй, – дейишди.
Норсулув ичкари кириб лампачироққа лампамой солиб, пилигини ёқди, қолганини мис обдастага солиб, секин йўлга тушди. Юрганда ҳам секин юрди, лампачироқнинг олови ўчиб қолмасин, деди. Кўр­ган­лар ёқа ушлади:
– Кун кўрмаган кун кўрса кундуз чироқ ёқади деганлари шу бўлса керак, – дейишди ўзларича. – Йўқ, шу кейинги пайтлар сал ақлидан адашган, улниям номусига қўйди, – деди яна кимдир.
Куюктут тутади, чўпонлар ҳайрон бўлди: «Ўзи куюктут бўлса, яна унга ким ўт қўйди экан?» – дейишди. Аммо, ёнаётган тут эмас эди…

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 3-сонидан олинди.