Пирмат Шермуҳамедов. Даҳолар учрашуви (парча)

Одамлар илм туфайли эзгуликка эришадилар.
Улар илм ва ҳунар туфайли ёвузликдан халос топадилар.
Шунинг ўзи энг катта фойда, энг катта бойликдир.
Абу Райҳон БЕРУНИЙ

1004 йил. Куз келиб, ишкомларда шарбатга тўлган ҳусайни узумлар олтиндай товланади. Журжондан чиққан карвон орадан ўн икки кун ўтиб, Гурганж дарвозаси олдида пайдо бўлди. Бу ҳар куни Хоразм пойтахтига келиб кетувчи ўнлаб карвонларнинг бири. Ҳатто соқоли тўсдек тим қора, хушқомат, туя жунидан тўқилган чакмон кийиб олган карвонбоши ҳам бошқа сарбонлардан деярли фарқ қилмайди. Мана, у олдинда бораётган қўш ўркачли туя олдида гердайиб, соллана-соллана қадам ташлаб бормоқда. Саҳро офтобида қорайган, гармселда тўрлаган юзида ғурур аломатлари сезилади. Зеро, у кечқурун карвонсаройда ҳамкасблари билан бўладиган гурунгни тасаввур этиб, терисига сиғмай келаётир. Ҳар қалай, айтса айтгулик гаплари бор.
Сафарнинг ўнинчи куни сарбон “майи ноб”дан кўпроқ нўш этиб юборган шекилли, боши ғувиллаб, кўзи юмилиб кетаверганидан, карвонни ўзи яхши билган сардобага бошлаб бора олмай қолди. Ана шунда денг, карвонга энг сўнгги дамда қўшилган Абу Райҳон исмли уламо йигит юлдузларга қараб, бир нималарни пичир-пичир қилди-да, ҳеч бир иккиланмай сардоба бу ёқда, дея дадил йўл бошлади. Сув тугаб, ташналик азобини торта бошлаган карвон аҳли чўкаётган хасга ёпишгандай, Абу Райҳоннинг орқасидан эргашди. Йигит қурғур бало экан. Бир тош йўл юрилар-юрилмас, чиндан-да сардобанинг қуббаси кўринди. Шу воқеадан кейин сарбон Абу Райҳонга чиппа ёпишди, роса авради, ўзига ёрдамчи қилиб олмоқчи бўлди. Лекин уламо йигит кўнмади, Гурганжга боришим керак, деб туриб олди. Шундай бўлса ҳам у сарбонни хафа қилгиси келмади шекилли, бир шалдироқ хитойи қоғозга юлдузларнинг жойлашиш ўринларини чизиб кўрсатди. Қайси юлдуз қай пайтда осмоннинг қайси нуқтасида турганида Журжон қайси томонда бўлиши-ю, Гурганж қайси томонда бўлишини эринмасдан, ҳижжалаб тушунтирди. Бундай узоқ маърузадан бир нимани англаб етмаса ҳам, сарбон юлдузлар расми чизилган қоғозни қўйнига жойлади. У бу қоғоз билан кечқурун ҳамманинг оғзини очириб қўйиб, ўзини юлдузлар билимдони қилиб кўрсатишни хаёл қилар эди.
Карвонсарой шовқин-сурон билан тўлиб-тошган. Ҳар қадамда тиланчилар, дарвешлар, машшоқлар, чўрилар, қуллар, елиб-югуриб юк ташиётган ҳаммоллар. Бир чеккада хизматкорлар юклари туширилган отлар, туяларни қозиқларга боғлашади. Уларга ҳозир ем ёки сув бериб бўлмайди, то тери қотгунга қадар боғлоғлиқ тургани маъқул.
Карвонбоши сардобани топиб берган уламо йигитни яна қизиқтириш ниятида “Ҳей, ўғлон, бошламасига мен сенга юз динор бераман”, деди садафдай тишларини ярақлатиб куларкан.
Сарбон айтган нархимни бировлар эшитиб қолмасин деган хавотирда бўлса керак, қўлёзма китоблар билан лиқ тўла хуржунни пайпаслаётган Абу Райҳоннинг ёнига яқинлашди. Шу маҳал карвонсаройга ўйноқи қорабайирларда бир гуруҳ отлиқлар кириб келишди. Улардан бири фармонбардор овозда деди:
— Ораларингда Журжондан келган Абу Райҳон Беруний исмли одам борму?
— Ижозатингиз билан… — Абу Райҳон қўлини кўксига қўйган ҳолда бир қадам олдинга чиқди. — Менман Абу Райҳон…
Суворий ҳам ўнг қўлини кўксига қўйиб, хурсандлигини изҳор этди. Унинг ортидан бошқа суворийлар ҳам таъзим бажо айлашди. Буни кўрган сарбон ўзига ёрдамчи қилиб олишни ўйлаган йигит, кам деганда, шаҳзода бўлса керак, деган тусмолга борди.
— Бир ҳафтадан буён йўлингизга интизор эдик, — деди суворийлардан бири.
Икки суворий Абу Райҳоннинг хуржунини бошқа отга ортишди. Унинг ўзига эса ўйноқлаб турган саманни таклиф этишди. Абу Райҳон отлиқлар қуршовида, афтидан, ўзига тўқ оилалар яшайдиган даҳага ўтди. Бу ерда унга атаб алоҳида хона тайёрлаб қўйилган экан.
Мулозимлар азиз меҳмонларга хизмат қилавериб ўрганиб қолишганми, хона ёғ тушса ялагудай тозаланган, оппоқ ўринлар тўшаб қўйилган, хонтахтага ҳозиргина пиширилган, ҳали буғи чиқиб турган бир неча хил таом тортилган. Абу Райҳон таомлардан тотиниб, озроқ шароб ичди-да, сўнг тўшакка чўзилди…
Туйқусдан уйғонган Абу Райҳон аввалига қаерда ётганини тушуна олмай, бир пас атрофга гарангсиб аланглади. Ниҳоят, карвонсарой ва ўзини кутиб олган мулозимларни эслади. Шу пайт эшикда таниш мулозим кўринди.
Абу Райҳон саройда бўладиган кечки зиёфатга таклиф этилибди…
Аллома Гурганж амири Али ибн Маъмун ҳақида кўп эшитган. У салтанат тинчлиги, эл-юрт фаровонлигини сақлаш ниятида қўшни мамлакатлар, жумладан Ғазна билан ҳам алоқа ўрнатиш мақсадида ўз элчиларини юборибди. Орадан кўп ўтмай, Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг синглисига уйланибди1.
Сарой ичкарисида бамисоли фалакка сочилган юлдузлар сингари чироқлар порлаб турарди. Ҳар қадамда кумуш фавворалар, қулф уриб очилиб турган анвойи гуллар…
Хоразмшоҳ улкан ва чароғон бўлма ўртасидаги тилла тахтда ўтирибди. Бироқ, шунчалик кўзни қамаштирадиган ҳашаматга қарамасдан, ҳукмдор оддий кийинган, фақат оппоқ ва узун бармоқларида олмос кўзли узуклар ялт-юлт қилади. Белидаги оддий белбоғида қимматбаҳо дастасига зумрадлар ўрнатилган шамшир.
Тахтнинг ўнг томонида қалин лабли, чағир кўзлари ўйнаб турган вазир ўтирарди. Ундан кейин даражаси ва мавқеига қараб, шариат пешволари, девонбеги, саркарда, шоҳнинг тоғаси ал-Ҳасан ва бошқа аркони давлат жой олган. Ҳар лаҳзада янграб қолиши мумкин бўлган Фармони олийни қоғозга туширишга тайёр мунший тилла сиёҳдонини ипга ўтказиб, бўйнига осиб олган.
Хонанинг чап томонидан Чин, Ҳиндистон, Хуросон ва Булғордан ташриф буюрган савдогарлар жой олишган. Абу Райҳонни бошлаб келган мулозим унга ишора билан ўшалар сафига бориб қўшилишини билдирди. Янги келган меҳмонга кўплар қизиқиш билан қараётганлари маҳал вазир бўғиқ овозда эълон қилди:
— Офтоби олам, давлатимиз таянчи, пушти паноҳимиз Али ибн Маъмун жаноби олийлари Миср ва Рум элчиларини қабул қиладилар.
Тилмочлар билан кириб келган элчилар совға-саломларини топширишдан олдин тантанали нутқлар ирод қила бошлашди. Айтилаётган зам-замали қутловлар шоҳнинг ғашига теккан шекилли, андак истеҳзо балқиб турган кулимсираши билан тилмочларга “бас” деган маънода қўл силтаб қўя қолди.
Алоҳа, беҳад чўзилган қабул маросими оёқлай деганида шоҳ элчиларга жавоб берди.
— Бу бўлма ҳаддан ортиқ маҳобатли, — ҳорғин қўл силтади амир илму урфон аҳлига қараб. — Юринглар, боққа чиқамиз. Зеро, одам оёғи туфроққа тегиб тургандагина ўзини бардам, тетик ҳис эта олади.
Суҳбат боғда, сайр асносида давом этди. Шоҳ суҳбатга қўшилмай, қўл қовуштириб турган Абу Райҳоннинг олдига келиб, деди:
— Менга айтишларича, “Катта Синдҳинд” билан таниш эмишсан.
— Шундоқ, давлатпаноҳ. Мен ушбу рисола билан танишман, баъзи бир мулоҳаза ва қайдларимни қоғозга тушириб ҳам қўйдим.
— Раҳматли падарим “Катта Синдҳинд”нинг Иброҳим ал-Фазарий томонидан араб тилига ўгирилган нусхасидан норози эди. Бу таржимадан менинг ҳам кўнглим тўлмади. Энди “Катта Синдҳинд”нинг мукаммал таржимаси сенинг зиммангга тушгай…
— Ижозат этсангиз, валийнеъмат, таржима пайтида камина ҳиндларнинг ушбу рисоласига юнон олимларининг кузатишлари, форсларнинг “Зижи шоҳ” китобидан айрим бобларни ва ўз шахсий кузатувларимни ҳам қўшиб, “Катта Синдҳинд”ни яна ҳам бойитсам.
Хоразмшоҳ кечагина Гурганжга келган Абу Райҳоннинг ишга тушишга ошиқаётганини кўриб, енгил жилмайди.
— Биз, — деди у, — устоз Абу Наср ибн Ироқ билан маслаҳат қилиб, Гурганжда уламолар даврасини тузишни келишиб олдик. Китобларида айтилишича, бир пайтлар Афинада, Катда, Кешда, Самарқандда, Бағдодда уламолар мажлиси ишлаб турган. Бизнинг “Мажлиси уламо”миз ҳам Бағдод халифаси ал-Маъмуннинг “Байтул ҳикма”сидан кам бўлмағай. Сиз, Абу Райҳон, — деди шоҳ сўзини давом эттириб, — уламолар мажлисини бошқарасиз…
Али ибн Маъмун илму-урфон аҳлига яна бир қур кўз югуртириб чиқди.
— Камина мудом илм аҳли суҳбатига ошиқаман. Бироқ, надоматлар бўлғайким, давлат юмушлари ўз ихтиёримга қўйиб қўймайдир. Мана, ҳозир ҳам сизларни тарк этмоққа мажбурман.
Шу сўзларни айтиб, шоҳ илдам юриб кетдики, баҳайбат гавдали қўриқчи унга базўр етиб олди.

* * *

Хоразмшоҳ саройи ичкарисидаги боғда арча, сарв дарахтлари унча соя ташламаса-да, мармар ҳовуз бўйидаги беш юз йиллик гужум танасининг сувдаги акси шафақранг булутлар акси билан аралашиб, ажиб бир манзара ҳосил қилган эди. Ҳовуз яқинидаги майдончага доира шаклида ёнғоқ ва эман оғочларидан ясалган узун курсилар қўйилган. Курсилар устига шойи кўрпачалар ёзилган.
Уламолар суҳбатига эрта келган Абу Райҳон ва Абу Саҳл Масиҳий дарвоза томонга қараб, салобатли вазир Аҳмад ас-Суҳайлийни, унинг ўнг тарафида Абу Наср ибн Ироқни, чап тарафида фақиҳлар либосида — оқ кўйлак устидан яшил, енги калта юпқа чопонда, бошига тайласон2 ёпинган, Бағдод ва Басра уламоларига ўхшаш жуда жиддий кўз қарашли ёш йигитни кўрдилар.
Вазир ва унинг ҳамроҳларини илмлар боғида йиғилганлар ўринларидан туриб кутиб олдилар. Умумий салом-аликдан сўнг Аҳмад Суҳайлий йиғин раиси Абу Райҳон Берунийга катта совға бераётгандай севиниб гапирди:
— Абу Райҳон, бухоролик бул меҳмонимиз бундан бир неча йиллар аввал, Сизнинг фалсафага оид ўнта саволингизга “серзарда” ўнта жавоб ёзган аллома Ҳусайн ибн Сино Абу Алидур. Бағрингизга олинг…
Вазир айтмаса ҳам, ҳар икки олим биринчи марта кўришиб туришган бўлишларига қарамай, қадрдон оғайнилардек бир-бирларига қучоқ очиб яқинлашдилар.
— Бизнинг вазиримиз Абул Ҳусайн Сомонийларнинг улуғ вазири Муҳаммад Абу Абдуллоҳ Жайҳонийга илмий изланишлари, жуғрофий ва риёзий асарлари жиҳатидан тенг келолмаса-да, мағрибу машриқ уламоларига ғамхўрлик қилишда ул зотга тенглаша олади.
Ёш ибн Сино Хоразм олимларининг фахри бўлмиш Муҳаммад ибн Аҳмад Берунийга ақл ўргатгандай жавоб ёзганига бир оз хижолат тортди, лекин бу ўнғайсизликни орадан кўтариш учун самимият ила деди:
— Биродарим Абу Райҳон, Сомонийларнинг маърифатпаноҳ вазири Муҳаммад Жайҳонийни эслаганингиздан қувондим, ул зотнинг шуҳрати Хоразмга ҳам етиб келган экан-да!
— Албатта, — жавоб берди Беруний, — Муҳаммад Жайҳонийнинг жуғрофияга доир ўттиз жилдлик “Ал-Масолик фи маърифат ул-мамолик”3 асарида Мовароуннаҳр, Ҳиндистон, Тибет, Хитой, Хазар ва Булғор мамлакатлари табиати, у ерларда қандай халқлар яшаши, уларнинг урф-одатлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган. Урдун дарёсидаги тегирмонлар шанба кунлари тўхтаб қолар ва ун торта олмас экан, чунки дарё суви шанба куни камайиб кетар экан…
Ибн Сино ишора билан сўзламоқчи бўлиб, қўлини хиёл кўтарди. Абу Райҳон буни сезиб, жим қолди:
— Сиз, Абу Райҳон, — деди ибн Сино, — “Осорул-боқия” китобингизда Муҳаммад Жайҳонийнинг бу фикрига шубҳа билдиргансиз. Лекин, унинг кўпгина тилга олган маълумотларини рад этсангиз ҳам, ўзини мақтагансиз.
— Ҳусайн, буни эслаганингиздан хурсандман. Аслида, Муҳаммад Жайҳоний вазирлик мавқеидан илм учун фойдаланиб, Арабистондан, Булғор, Хазар, Ўрисиядан Бухорога келган элчиларга, сайёҳларга иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларнинг суҳбатларини тинглаб, ёзиб олган эканлар. У замондошлари бўлган атоқли уламолардан ал-Киндийнинг шогирди Абу Зайд Балхийнинг “Суварул-ақолим”4, “Осмон ва Олам китоби” асарларидан фойдаланганини эътироф этган. Муҳаммад Жайҳоний Балхга хатлар ёзиб, Абу Зайдга совға-саломлар юбориб турган. Абу Зайднинг “Суварул-ақолим” китобидан камина ҳам Ер куррасининг шаклини ясашда фойдаланганман.
Аслида ибн Сино ўзаро ёзишмалар вақтида қисман ҳақ эди. У вақтлари ҳар иккаласи ҳам ёш, ғурурли бўлишган. Орадан йиллар ўтиб, ҳар иккаласи улуғ аллома бўлиб етишганларида анча вазмин тортдилар. Лекин ҳар иккиси ҳам бирон бир жиддий илмий масала устида тортишиб қолсалар, сира ҳам ён беришмасди.
Беихтиёр ибн Сино яна аввалги баҳсли масалани ўртага қўйди.
— Абу Райҳон жаноблари, Сиз “Осорул-боқия”да Муҳаммад Жайҳонийнинг Урдун5 дарёсининг суви шанба кунлари камайиб қолишига шубҳа билдирган эдингиз, аслида Жайҳонийнинг фикри тўғри эди. Тоғ музликлари кундузи қуёш қаттиқ қиздирганидан кучли эрийди ва сув кўпаяди. Кечга яқин, қуёш ботганида сув яна камаяди…
Бу алломаларнинг яна баҳсга киришаётганларини кўриб, иккисига устозлик қилган Абу Саҳл Масиҳий кулимсираб қўйди. Шу чоқ “Мажлиси уламо” дарвозаси очилиб, навкарлар қуршовида Хоразмшоҳ яна бир меҳмонни бошлаб кириб келди. Шоҳ даврага яқинлашганида қуролли навкарлар орқада қолдилар.
Уламолар Хоразмшоҳни ва янги келган меҳмонни ўринларидан туриб, таъзим билан кутиб олдилар, ҳукмдорни дуо қилдилар.
— Ҳазрати олийлари яна юз йиллар омон, илм ва ҳунар аҳлига соябон бўлсинлар.
Хоразмшоҳ хиёл бош эгиб, уч тарафга қараб, енгил таъзим қилди.
— Уламо, аҳли илм ва ҳикмат, бугун илмлар боғига яна бир азиз меҳмон — Султон Маҳмуднинг падари амир Носируддин ибн Сабуктегин хизматида иззат ва қадр топган фузалолардан бири — машҳур “Йатимат ат-даҳр фи маҳосин аҳл ул-аср”6 асарининг муаллифи Абу Мансур Абдумалик ибн-Муҳаммад ас-Саолибий жаноблари ташриф буюрдилар. Бугун биз икки азиз меҳмон — Ҳусайн ибн Сино ва Абдумалик ас-Саолибий суҳбатидан баҳра олиб, завқланажакмиз.
Уламо ва фузалолар янги меҳмонларга яна бир марта ўринларидан туриб, таъзим бажо қилдилар.
Суҳбат бошланди. Меҳмон камтаринлик билан ўзи ҳақида эмас, Нишопурда ва Бухорода кўрган, суҳбатлашган ажойиб уламо ва фузалолар ҳақида сўзлаб, уларнинг асарларидан намуналар келтирди. Бу ердаги кўп уламолар каби Абдумалик ас-Саолибий ҳам ҳайратланарли даражада ўткир ҳофиза, хотира соҳиби эди. Хоразмшоҳ йиғилганларга ибн Синони фахрланиб таништирди.
— Биз азиз меҳмонимиз ибн Синонинг Бухорода, Сомонийлар саройида тўпланган ажойиб кутубхона ҳақидаги сўзларини эшитсак, деган орзуйимиз бор. Сомонийлар ҳукмдори Нуҳ ибн Мансур тузалмас дардга учраб, ҳаётдан умидини узиб ётганида, ёш аллома ибн Сино ҳақ таоло берган истеъдоди билан амирини соғайтириб юборганлигини ҳам эшитганмиз.
Ибн Сино енгил таъзим қилиб, сўзини бошлади:
— Бухоро тинч эди… Буваҳий ҳукмдорларининг хоинлиги туфайли Сомонийлар давлати таназзулга юз тутди, фисқу фасод кучайди, ғалаёнлар бошланди. Буваҳийлар, хусусан, Аъзуд-ад-давла Бағдод халифалиги пойтахтини эгаллаб, халифани мансабидан тушириб, сўнгра уни ўлимга ҳукм этди. Бу такаббур амир шайтон сўзига учиб, ака-укаларнинг кенжаси амир Али Фахруд-давлани ҳам тожу-тахтга шерик бўлмасин деб ўлдиришга буюрган экан. Буни сезиб қолган Фахруд-давла Хоразм денгизи7 жанубидаги Журжон давлатидан, амир Қобусдан ҳимоят сўраган. Амир Қобус шаҳзода Фахруд-давлани ўз ҳимоясига олган. Аъзуд-ад-давла тез орада Журжонга хат юбориб, “Биз билан дўстликда яшашни истасанг, Амир Фахрни ҳибсга олиб, бизга юбор. Бу ишдан уялсанг, махфий йўл билан унга заҳар бер. Бу тилагимни бажо этсанг, вилоятингни8 ўзингга тортиқ қилурман, акс ҳолда тожу тахтингдан айрилгайсан”, дейди.
Шамсул-маолий амир Қобус Аъзуд-ад-давланинг бу талабини рад қилади: “Биздан паноҳ сўраб келган одамни тутиб бериш ёки ўлдириш инсонлик шаънига тўғри келмайди”, дейди.
Ибн Сино сўзида давом этди:
— Бу мардона иши учун амир Қобус устига Буваҳийлар қўшин тортиб бордилар. Шамсул-маолий ўз юртини тарк этиб, Бухорода, Сомонийлар ҳузуридан паноҳ топди. Камина ул зот билан Бухорода танишган эдим. Шамсул-маолий бир неча марта Хоразмшоҳга уламолар йиғини ҳақида фахр билан гапирган эди. Тўғрисини айтай, бир мен эмас, Бухоро уламолари ҳам Хоразмшоҳни илм аҳлига қилаётган ғамхўрлигидан бохабар. Бундай ғамхўрлик ҳатто Ғазнада ҳам бўлмаса керак.
Ибн Синонинг сўнгги сўзларидан Абул Аббос сергак тортди.
Ўтирганлар бир овоздан Хоразмшоҳга таҳсинлар айтиб, Ҳақ таолодан унга улуғ насиба-неъматлар тиладилар.

__________
1 Муаррих ибн ал-Асирнинг китобида ёзилишича, Хоразмшоҳ Абул Аббос Маъмун Султон Маҳмуднинг бошқа синглиси Қалжига уйланган.
2 Тайласон — учбурчак шаклидаги елкага ташлаб юриладиган рўмол.
3 “Йўллар ва мамлакатларни билиш китоби”.
4 “Иқлимларнинг сувратлари” — жуғрофияга доир нодир асар.
5 Урдун — Иордания, дарё, шаҳар ва мамлакат номи.
6 “Замона аҳлининг фазилатлари ҳақида ягона дурдона”.
7 Хоразм денгизи — Ўрта асрларда Каспий денгизи шундай аталган.
8 Яъни Журжон мамлакатини.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 6-сонидан олинди.