Алишер Файз. Пул санаш (ҳикоя)

Маргарита Зя пул санашни яхши кўрарди. Бу машғулот уни овутар ва айни пайтда ҳаяжонга соларди. Айниқса, қалин пул боғламларининг ҳузури бошқача эди. Аслини олганда, пулнинг қанақалиги аҳамиятсиз — миллий пулми ёки хорижнинг пулими, йирик ёки майда пулми, барибир эди. Лекин бир сафар ўгай акасининг юздолларлик пулларни уч бор қайта санагани тез-тез ёдига тушиб туради. Оҳ, шунда қандай лаззат олган эди-я! Бу ўн дақиқача давом этди, чамаси. Маргарита, бор дунёни буткул унутиб, осмону фалакка павоз қилди.
У бирор банк ёки идорада ҳисобчи бўлишни хаёлига ҳам келтирмасди. Ўқитувчилик қиларди ва тақдиридан нолиб гапирмасди. Бироқ ўзиники бўладими ё бегонаникими, пул санашга, қайта-қайта санаб кўришга ҳар доим, ҳар жойда шай эди. Баъзан Зя тушида пул санар, лекин, ҳайратга соладигани, тушида бу машғулот ҳар доим ҳам ёқимли бўлмасди. Бир сафар пуллар қўлига чиппа ёпишиб қолди, Маргарита улардан ҳеч қутулолмади. У гир айланар, қўлларини силкитиб уларни юлқиб туширмоқчи бўлар, лекин пуллар аксинча бадтар терисига бирикиб, сингишиб кетарди. Бошқа бир қўрқинчли туш ҳам кўрган эди: қоғоз пулларнинг катта тўдаси навбатга туриб, Зянинг қайта санашини кутарди. Пуллар уни санашга рози бўлишга, ундаб ялинишди. «Илтимос қиламиз, бизни бир сананг!» — деб қичқиришарди улар ночор аҳволда. Маргарита ортиқ чидаб туролмаслигини яхши билса-да, анча вақт қаршилик қилди. Ниҳоят, санашни бошлади. Дастлаб бу унга ёқди, лекин пуллар келаверди-келаверди, уларнинг кети кўринмасди. Ораларидаги сурбетлари: «Мени сананг, мени сананг», — дея навбатга қарамай тиқилинч қиларди. Маргарита пуллардан қочиб, қаергадир беркинишга мажбур бўлди, лекин улар етиб келишиб қуршаб олишар, ҳар тарафдан суқилишиб, уни санашга, қайта-қайта санаб чиқишга мажбур қилишарди…
Бугунги кун эрталабдан яхши бўлди, Лондонда майнинг одатдаги ҳавоси ҳукм сурарди. Ҳаво тоза, ёмғир ора-сира томчилаб ўзини эслатиб қўяр, бироқ инжиқлик қилмасди.
Зя ишлайдиган мактаб уйига яқин жойда эди. Маргарита одатдагидай ишга пиёда кетди. Йўл яшил ўриндиқлар ўрнатиб қўйилган чоғроқ боғ ичидан ўтарди. Ўриндиқлардан бирининг ёнидан шундоқ ўтаётиб, Маргарита туйқусдан ерда ётган, елим қоғозга ўроғлиқ бир даста… пулни кўриб қолди. Аввалига кўзларига ишонмади — Лондоннинг қоқ марказидаги боғда бунча пул нима қилсин? Лекин, яқинроқ келиб қўлига олганидан сўнг, пулларнинг ҳақиқийлигига, яъни яп-янги юздолларликлар эканига ишонч ҳосил қилди. Қалин бир даста юзталиклар!
Вақт эрталабки саккизу ўттиз эди, дарс бошланишига ярим соат бор, лекин болаларни рўйхатдан ўтказишгача ўн минут қолган. Нима қилсин — полицияни чақирсинми, йўловчиларга қичқирсинми? Балки пулларни шу орадаги, яқинроқдаги… Бироқ у бир қарорга келолмасди. Ё уйга элтсинми? Ёки мактабга олиб боргани маъқулми? Кейин бамайлихотир газетага эълон берар? Балки уларни шу ерга ташлаб кетар? Атрофда ҳеч ким кўринмас, онда-сонда узоқдан йўловчиларнинг қораси кўзга чалинар, Маргаританинг бошида эса фикрлар ғужғон ўйнарди.
У кўзини сирли бир даста пулга қадаганча, қоқилган қозиқдай турган жойида қаққайиб турарди. Афтидан, беш ёки етти дақиқача ўтди, эҳтимол, кўпроқдир. Ёнидан ўтиб кетган икки-уч одам унга эътибор беришмади.
Бу ерда қанча пул бор экан? Қанийди бир санаб кўрса. Иложи борми? Ана ўриндиқ. Санагани — ўзиники қилиб олди, дегани эмас-ку. Санаганда шиқирлайдиган юздолларликлар, бундай яп-янги гард юқмаган қоғоз пулларни ҳали ҳеч қачон унинг қўли кўрмаган. Санаса, ўзиям, роса жазавага солса керак! Бир марта санайди, холос, кейин уларни ётган жойида қолдиради ёки полиция бўлимига олиб боради. Мактаб-чи? Ҳечқиси йўқ, шунча вақт ишлаб ҳали бирор марта ишга кеч қолмаган, бугунги майда қоидабузарликни амаллаб тушунтирса бўлади. Шу йил Зя Миддлесекс графлигида энг яхши математика ўқитувчиси деб тан олинган, мактаб маъмурияти ҳам унинг қадрига етади.
Марагарита ўриндиққа ўтирди, елим қоғозни очиб пулларни олдида, атрофга бир ўгирилиб қараб, санашга тушди. Бу ақл бовар қилмайдиган қандайдир бир ғаройиб машғулот эди. Ўта мароқли, ҳайратланарли, Швейцария шоколадидан ёки ҳатто Вивалди мусиқасидан-да ширин эди. Пулларнинг шитирлаши худди севимли бастакорининг Allegrосидай Зянинг жонига ҳузур бағишларди. Юздолларликлар 276 та экан, яъни 27600 америка доллари! Қарийб бир йиллик маоши унинг.
Нега энди 276 та? Эҳтимол, у адашгандир? Қайта санаш керак, бу, ахир, бегонанинг пули-я, хатога йўл қўйиб бўлмайди. Ўқувчилар бироз кутиб туришар. Қандай юпқа, нақадар нозик бу яп-янги пуллар. Хушбўйлиги-чи, хушбўйлигини айтмайсиз! Янги узилган сарҳил меваларнинг, денгиз ҳавосию француз атирларининг ҳиди қоришиб кетган.
Маргарита 58га келганда, майдончада ёшгина аёл боласи билан пайдо бўлди. Аёл бир даста пулни қўлида ушлаб турган Зяга қизиқсиниб тикилди. Роҳати бироз бузилган бўлса-да, Зя чалғимасликка, пулларни охиригача санашга қарор қилди.
Бу орада яна бир одам — кекса эркак киши ғилай кўзларини Зяга тикди ва ҳатто нарироқда тўхтаб қараб турди. Маргарита, гарчи ҳисобдан адашмаган бўлса-да, асабийлаша бошлади. 73,74… аммо бу, барибир, жуда ажойиб ҳиссиёт, у анчадан буён бундай ҳолатни бошидан кечирмаганди. Гўё мусибатлари аригандай, яқингинада бўлиб ўтган қўйди-чиқди можаролари гуриллаган трамвайдай ғизиллаб ўтди-кетди, ёлғизлик чекинди, молиявий муаммолар барҳам топди… 113,114… афтидан, майдончада яна кимдир пайдо бўлган кўринади, йўқ, икки ё уч киши, лекин чалғимаслик керак, бўлмаса яна қайта санашга тўғри келади… 155,156… хўш, нега энди ҳаммаси унга кўз тикиб қолишди… 188,189…
Майдончага тўпланган одамлар ҳайрон бўлиб бир-бирларига қарашарди.
«Балки хорижликдир, лекин ўхшамайди», — ўйлади бекорчилардан бири.
«Полицияга хабар бериш керак, бундай бир даста нақд пулни қўлда ушлаб туриш жудаям шубҳали», — деган фикр ўтди иккинчи йўловчининг хаёлидан.
«Долларлар, ҳали бирортасининг белиям қайрилмаган, бокира! Менда бўлсайди шунча пул, дарров ишлатиб юборардим», — орзу қилди яна бир гувоҳ бўлиб турган аёл.
Кутилмаганда шу атрофда ўйнаётган бола итқитган копток Маргаританинг елкасига тегди. Бу энди қуюшқондан чиқиш билан баробар эди. Қанақа одамлар ўзи, жамоат жойида болаларига қарашмайдиям! Бу кетишда ҳисобдан адашиш ҳеч гапмас… 223, 224… Зя барибир санаш маромини бузмади, ўзининг эзгу тилагига айланган машғулотини бир нафасга бўлсин тўхтатмади.
Энди майдончада ит пайдо бўлди. Итга, афтидан, янги юз долларлик қоғозларнинг ҳиди ёқиб қолди шекилли, узун тумшуғини чўзиб пулга яқинлаша бошлади. Маргарита жониворларни яхши кўрарди, у ҳатто итлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятининг фаолларидан эди. Лекин бу кўппакнинг ўзини тутиши ғирт бемаъни, ёввойиларга хос. Эгаси қаерда бунинг, қаёққа қараяпти? Бизда фақат итларга ҳақ-ҳуқуқ берилмаган-ку. Кет… 258, 259… қани кет бу ердан, илтимос… 265, 266…
Озгина қолди, мана ҳозир охирига етади — Маргарита санашни якунлайди ва … бир неча сония кўзларини чирт юмади, лаззатли лаҳзаларни имкон қадар чўзади. Ана шу ҳисни ёдда сақлаб қолиш керак, бу бир умрга татийди.
— Кечирасиз, сизга бунинг бари ғалати туюлмаяптими? — Зяга мурожат қилди шляпали қария. Сирли ҳисобчининг жавобини кутиб атрофдагилар жонланишди.
Маргаританинг чолга қайрилиб қарашга ҳам имкони йўқ эди, у шундай мароқли машғулотнинг якунига етай деб турибди! 276, 277… Нега бунақа? Олдин санаганида 276та эди, ҳозир битта қоғоз пулга кўп чиқди? Бундай бўлиши мумкин эмас! Бу одамларга ўзи нима керак, сурбетлар, ҳаммасини чалкаштириб юборишди. Ўзларининг иши билан шуғулланишса-чи! Маргарита, зўр ҳузур-ҳаловат туйган бўлса-да, барибир қаттиқ хафа эди.
Нима қилиш керак? Пулларни шу ерга ташлаб кетаверсинми ёки ҳар ҳолда, полиция маҳкамасига олиб боргани маъқулми? Э, йўқ! Икки бор қайта санаганда икки хил чиқиб турибди-ю, қандай қилиб олиб боради? Қолаверса, бу ғаройиб қоғозчаларни яна бир марта мазза қилиб санагиси келаётир.
Маргарита 233га етганда, бекорчилардан бирининг чақириғига биноан полициячи етиб келди. 247га келганда эса у ишлаётган мактаб директори ҳам пайдо бўлди. Сотқинлар! Дарров етказишибди-да! Ҳаммаси бўлиб унинг атрофида 15тача одам тўпланди.
278! Э, бу нимаси, яна хато санадими? Маргаританинг таъби жуда хира бўлди. Ҳаётида бунақаси ҳали бўлмаганди. Э, жин урсин бу одамларни, қуриб кетсин мактабиям! Долларлар, яп-янги, юпқа, мўртгина долларлар ўзларини қайта санашни ўтиниб сўрашарди. Зя ҳам айнан шуни хоҳларди. Рад этиб бўлармиди? 1, 2… Кетинглар, тегманглар менга… 28, 29… Полиция! Одамлар! Мени тинч қўйинглар… 65, 66… Мендан нима истайсизлар? Бу менинг пулларим, йўқ бу сизнинг пулингиз эмас… 133, 134… Касал эмасман, менга шифокорларнинг кераги йўқ, боғламанглар мени, мен ҳозир мактабга бориб, болаларга дарс бераман, мен округдаги энг яхши математика ўқитувчисиман… 168, 169… Мен адвокат талаб қиламан, қадримни, эркимни, ҳақ-ҳуқуқларимнинг ҳимоясини талаб қиламан… Қўлингизни тортинг мендан… 201… Бермайман, йўқ!.. 246, 247… Қўйиб юборинглар, бўғманглар мени, нафас ололмаяпман… 262… Мен ўлаяпман, э худо, ҳушдан кетаяпман… хайр… 278, 279… Э, йўқ, бу сафар ҳам бошқача чиқди, яна тўғри келмади…Қайта санаш керак, ҳозироқ… 1, 2… оҳ, бу қандай ҳузур…
Кундузи боғда бирор кимса кўринмади. Одамлар аллақачон ўз ишларига тарқаб кетишганди. Бироқ шу атрофда безовталаниб юрган ит бир ниманинг ҳидини олди, кейин иккита юздолларлик пулни топди, нималарнидир эслай бошлади ва… санашга тушди… 1, 2… йўқ… 2, 1… йўқ…

Рус тилидан Алишер Отабоев таржимаси