Анвар Обиджон. «Ҳемма Малина» (ҳажвия)

Шахматиллонинг вос-вос касали кучайиб борди, гоҳ Мўлтонойнинг, гоҳ Сирож баққолнинг ёқасига осилиб, «қачон хотин оберасанлар», дея кунига беш маҳалдан етти маҳалгача тиқилинч қиладиган одат чиқарди.
Яқингинада уч гувоҳу бир мулла иштирокида никоҳ ўқитиб, эр-хотин бўлиб олган бу икки банданинг совчиликка бормаган эшиги, қарғиш эшитиб қайтмаган хонадони қолмади.
– Ҳе, хотинсирамай талоғинг кесилгур, – деб қарғанарди Сирож баққол. – Бунақа ёшда биз эшак қувлашдан бошқани билмасдик.
– Ўзимниям бошим қотди, – дея уф тортиб қўярди Мўлтоной. – Ҳатто, Катон лўлиям сақичдек қизимни ўша исфиропкасиз жиннига бераманми деб, мени мазахлади.
– Қариндош бўлиб олсак, эскичадан саводни сал мустаҳкамлармидик деб, Ғойиб қорига қизидан гап очсам, «Қачондан бери муллача бўпқолдинг, Сирож шпана? Динни дўконга айлантириб, шариатни бебурд қилганинг учун ҳали бу дунёдаям, у дунёдаям азоб тортасан. Мўлтон эгрибосарнинг невараси Шахмат дувонани авлиёга йўйиб мол орттиргунча, тезак есанг бўлмайдими», деди. Ҳасад қиляпти баччағар…
Кутилмаганда, келин ўз оёғи билан келди. Олдинги хотинини талоқ қилгандан кейин уйидан лоақал битта рўмолча ололмай чиққан Сирож баққол сўрида отсиз қўқон арава янглиғ дўнқайиб ётар, кампири тандир кавлаётгандай ортига ўтиб олиб, унинг чоки сўкилган яккаю ягона иштонини йўрмаш билан банд эди. Шу пайт ўн икки чўнтакли шимга доканусха кўйлак кийган рангпар қиз найча товонини «шиқир-шиқир» қилганича ҳовлида пайдо бўлди. Сирож баққол беихтиёр ўрнидан қўзғалмоқчи бўлганида кетига игна санчилиб, «думбани единг-ку, мочағар», дея инграб юборди. Мўлтоной тишида ипни узди-ю, қизга синчиклаброқ боқиб, бир сапчиб тушди.
– Вой! Нима қилиб юрибди анави?
Бу орада қиз сўрига яқинлашиб, бир қўлини елкасидаги сумка боғичига чирмаб, иккинчисини биқинига тираганича таманноланиб тўхтади.
– Менга кўз тегди. Ўзимни кўрсатмоқчиман. Қаёқда… ҳалиги авлиё?
– Шахматилло пиримни айтяпсизми? – дабдабали оҳангда сўради Мўлтоной. – У киши…
Қаердалигини пирнинг ўзи маълум қилиб қўяқолди. Ҳужрадан унинг: «Қайси махлуққа кўз тегибди», деган ҳангиллоқ товуши эшитилди.
Мўлтоной қизга кираверинг дегандек имо қилди. Кейин эрига сирли кўз қадади.
– Танидингизми? Бултур қамоққа тушган порахўр пракурўрнинг қизи шу. Шаҳарда бузилиб кетиб, ўқишдан ҳайдалганмиш.
– Лабидаги бўёқни қараб қўй, – афтини буриштирди Сирож баққол. – Маймунни орқа томонидан кўрганмисан?
Қиз остонадан ўтибоқ, лолу ҳайрон тўхтаб қолди. Жағини лайлакчасига кўтариб, қўлларини кўкрагига чоғиштириб олган Шахматилло пардаси туширилган деразага тикилганича хона ўртасида устундек қотиб турарди. Ҳатто эшик ёпилганидан кейин ҳам киприк қоқиб қўймади.
– Бу юртга ка-а-тта авлиё керак эди. Баайни ярим кечада офтоб чиққандек, мен туғилдим.
– Браво! – илжайганича чапак урди қиз. – Иззумително!
– Ўзбекча гапир, ифлос! – ҳамон нилий пардага тикилганича сокин, аммо қатъий оҳангда дўриллади пир.– Кимсан? Исминг нима?
– Ҳемма Малина, – ҳиндча қарашмаланди қиз.
– Хотин сўраб, фалакка туну кун сажда қилдим, алқазо, илтижойим мустажо бўлди.
Ўйлаб қўйган режаси ўз-ўзидан амалга оша бошлаганини сезиб қувонган Малина гапни мақсадга яқинроқ бурди:
– Хўш, келин ёқдими?
– «Хўш» демасдан гапир, мегажин! – ҳануз унга боқмасдан сўзлади пир. – Олдингда янги авлиё турибди! Шахматилло! Оёғимни ўпмоқчи бўлсанг, эмаклаб кел.
«Ўвв!» деб қўйди ўзича Малина. Сўнг, эшикнинг зинжирини солиб, елкасидаги сумкани четга отди, бурнини масхараомуз жийирганича эмаклаб бориб, Шахматиллонинг попукдор боғичли иштони яқинида тўхтади.
– Оёқ ювилганми ўзи? Қаеридан ўпай?
– Ўпавер! – деди пир. – Ҳамма жойим табаррук.
Малина унинг тиззасига аста лаб босди, оёғидан қучоқлади…
Сал ўтмай, ҳужрадан пирнинг «Ҳайҳот!» деган ҳайқириғи эшитилди. Мўлтоной мушукдек писиб бориб, деразадан қулоқ солди. Эшикни итариб кўриб, ичкаридан зинжир илинганини пайқагач, «Вой-дод, мусулмонлар!» – деб бошини чангаллади.
– Туринг, маҳаллани чақиринг! – дея сўрига яқинлаша бошлади у. – Боламни йўлдан оздиряпти анави.
Сирож баққол уни жеркиб ташлади:
– Хап! Оғзингни юм! Ўзинг-ку ана шу молфаҳмга хотин тополмай, кўчама-кўча рамазон айтиб юрувдинг. Тангри карам кўрсатиб, бир кажравни жўнатган экан, девонаи Боҳоваддинга етти танга кўтармайсанми!
Ўша «Ҳайҳот!» деган ҳайқириқдан сўнг кечки пайт ҳам, ярим тунда ҳам, эртаси эрталаб ҳам ҳужрадан тиқ этган овоз эшитилмади. Фақат, тушликка яқин Шахматилло ярадор аскардек эшик кесакисига тирмашиб, базўр ташқарига чиқди, деворга суянганича ўтириб қолди.
Туни билан мижжа қоқмаган чол-кампир уни икки қўлтиғидан тираб келиб, сўрига ётқизишди.
– Кўзингни оч, қорижоним, сенга нима бўлди? – дея Мўлтоной кўзига ёш олди.
– Ҳе… боринг! – жаҳл қилиб ингиллади Шахматилло.
Мўлтоной рўмолининг учида кўзини артиб, секин ўрнидан қўзғалди.
– Ҳозир… Тухум пишириб келаман, қорижоним.
Кампир кегач, Сирож баққол «бемор»га биқин солиб шивирлади:
– Ўзимиз қолдик, пирим. Эркакча гапираверсинлар.
– Кирибоқ оёғимга тирмашди, – ҳансираб гап бошлади Шахматилло, – Пирларнинг пирисиз, деди. Тўғри топди мегажин!.. Болдиримдан, тиззамдан ўпди… Кейин… уф… билибми-билмайми, иштонбоғимга осилган эди…
– Ие, иштонбоғнинг попуги қани?
– Ўша иблисда… уф… чиройли экан, деб қирқиб олди. Ана, кириб кўринг, кўйлагининг бурмасига тақиб ўтирибди.
– Ё раббано.
– Бугуноқ чиллаёсун қилинг. Аҳволим оғир.
Сирож баққол ўгай неварасининг иягига енгил шапиллатиб, эркалатган бўлди:
– «Хотин, хотин», деб, Гўрўғлидек наъра тортингиз. Ҳолингиз шу экан-у…
Шахматилло тилини сангиллатиб беҳолгина йўталгач, пешанасида тер йилтиллаб, сўзга оғиз жуфтлади:
– Шайтони лайин экан… уф… Кофирча қилиқлар қилди…
Бир чойнак чой, мис косада жазиллаб турган қовурдоқ кўтариб, Мўлтоной келди. Дастурхон тузалгунга қадар Шахматилло инқиллаганича ҳовли этагига бориб, таҳорат олиб қайтди. Сўнг, ёнбошлаб тамаддиланишга тутинди. Чол-кампир кечаси гапни пишитиб олишган эди. Сирож баққол мўйловини қимирлатиб имо қилгач, Мўлтоной қироат билан гап бошлади:
– Энди-и жамоат жамлигида тўйни маслаҳатлашадиган бўлсак…
Шахматиллонинг кекиртагида нимадир «ҳиқ» этди, чайнаган луқмаси томоғига тиралиб қолди. Шошилинч равишда чой ҳўплаб, луқмани ютиб олгач, бувисига ўқрайиб: «Қанақа тўй?»– деб сўради.
– Бир банданинг покдамон қизини ҳидлаб қўйдингиз, пирим, – кесатди Сирож баққол.
– Покдамонмиш! – Шахматиллонинг зардаси қайнади.– Ғирт жинни-ку! Тасбеҳимни маржон қилиб, бўйнига илди. Шипга осилган сумакни олиб, ичига тамаки тиқиб чекди. Бунисиям майли… ўғил туғиб бераман, дейди. Отини Мешка қўярмиш. Бекорларни айтибсан, Рапрапидин Айшиаълохон тўра қўямиз, дедим. Йўқ, Мешка, дейди. Йўқотинглар буни.
– Бошни қонуннинг сиртмоғига тиқмасинлар, ҳов, – танбеҳ берди Сирож баққол. – Устингиздан милисага арз қилиб борса… Кейин тергов-қистов деганларидай…
Буни эшитиб, Шахматиллонинг танасида аста-секин қалтироқ бошланди, кўзи ғилдирашга тушди. Охири, гердайганича чордона қуриб, қўлларини яна кўкрагига чоғиштирди, жунунлиги бошқатдан қўзиди.
– Милиса дегани оллонинг назаридан қолган оддий ҳуштакбоздир. Терговчининг Мункар-Накир эмаслигини қўлида ҳайбатлили гурзи йўқлигидан ҳам билмоқ мумкин. Мен-чи? Мен Шахматилло авлиёдурман! Қани, икковинг оёғимга қараб эмакла!
Мўлтоной дарҳол алюмин қошиқни олиб, қовурдоқдан бўшаган мис косага жон-жаҳди билан уришга тутинди. Даранғ-дурунғ овоз асабига акс таъсир кўрсатиб, Шахматилло бирдан ўзига келди, қайтадан ёнбошламоқчи бўлиб турганда, ичкаридан келиннинг ғижжакдек товуши янгради. «Шахма-а-тчик! Шахма-а-тчик! Те-е-зда бу ёққа киринг».
– Ҳа, нолангдан аканг! – беихтиёр чапаниланиб жавоб қилди Шахматилло. Кейин чол-кампирга боқиб илжайди.– Қоронғи хонада қўрқяпти қизалоқ. Юракдан бор-да.
Шундай дея, энди салмоқланиб одимлаганича ҳужрага қараб юрди.
Тўй ҳам тўрт киши тарвуз сўйиб егандек ими-жимида ўтди. Шундан кейин келиннинг қилиғи кундан-кун совуқлашиб борди. Гоҳ магнитофон қўйиб, эрини салла-чопонда «танца» туширса, гоҳ замонавий кийинтириб, кинога етаклайди. Шахматилло бошида кўндаланг шляпа билан алламаҳалда маст-аласт қайтиб келади. Эртасига боши оғриб, мижозларга айнаб-алжирашга тушади.
Буларниям четга суриб турайлик, икки ҳафталик келинга туғилган кунини нишонлаш эп бўптими? Пойгакдаги кенг уй ёш-ялангга тўлиб, байрамдаги марўжнахонага ўхшаб қолди. Пирнинг уч ойлик даромади қулоғини ушлаб кетди.
Бир куни чол-кампир сўрида шуларни эслаб, ҳасратлашиб ўтирган эди, келин ичкаридан чақчайганича чиқиб келиб, Мўлтонойга заҳрини сочди:
– Ҳў, пистак кампир, яна фисқу фасодми?
Бундан жаҳли чиққан Сирож баққол ғижинганича: «Менга қара, вей, Ҳемма!..» дея ўдағайлашни бошлаган эдики, келин: «Соқолингни тишла-е!» деб бурнини жийирди.
– Ношукурлар! – дея қўлларини биқинига тиради сўнг.– Шахматчикни ғажиб ётибсанлар. Индамасам, мениям ямлайсанлар. Мана! Шимилдириқ сенларга! Даромадни бундан бу ёғига ўзим ҳисоб-китоб қиламан.
– Бекоргинани айтибсан! – ўрнидан туриб кетди Мўлтоной. – Боламга тувак тутган жойинг борми?
Сирож баққол ҳам сўридан тушиб, қарчиғайдек кўкрак керди.
– Уни илму ирфонга мен судраганман. Қолаверса, бувисига уйландим.
– Қўрқманглар, – бепарво жавоб қилди Малина, – сизларгаям чойчақа тегиб туради.
– Нима?! – Сирож баққолнинг кўзлари олайди. Кейин кампирнинг тирсагидан тутиб, ҳужра тарафга судради. – Юр, хотин. Бу анжирфурушдан яхшилик чиқмайди. Ўғлингга айт, вақтида талоқ қилсин.
Улар ҳужрага киришлари биланоқ, ичкарида ғала-ғовур бошланди. Даставвал Мўлтонойнинг ноласи янгради:
– Пешананг қурсин, болам. Келиб-келиб, кунинг шу карвонсаройга қолдими?
– Тезда жавобини беринг, пирим, – энди Сирож баққол куюнишга тушди. – Биз уни келин десак, кассирликка ўрнашиб олган шпиён экан.
– Бунга сенмас, пулинг керак. Бор шудингдан айрилиб, охири хароб бўласан.
– Ҳеч бўлмаса, арра қилайлик, демайди. Ноинсоф!
– Ваҳималар тўхтатилсин, – босиқ оҳангда овоз қилди Шахматилло. – Биз келишиб қўйганмиз. Пул тўплаб, жингули деган мошин оламиз. Уни хотиним ҳайдайди, мен ёнига ўтириб, сайлу байрамларга бораман.
– Ақлингни еб қўйибсан!
– Калла жойидами, пирим?
– Бас!!! – бирдан айюҳаннос тортди Шахматилло. – Бас! Бас-с-с…
«Яна қўзиди, – дея чимирилганича ўйлаб қўйди Малина, – ҳозир эски дийдиёсини бошлайди».
Дарҳақиқат шундай бўлди. Шахматиллонинг товуши дабдабали тус олиб, энди жаранглаб эшитилди:
– Калла жойидами, деган ким? Тилингга куйдирги чиқмасдан бурун жавоб бер. Қаршингда авлиёларнинг авлиёси турибди – Шахматилло! Анқайма иккаланг! Тиз чўк! Эмаклаб келиб, оёқни яла! Иштонбоққа осилмасдан яла!
Ҳемма Малина лабига сигарет қистирди. Уни мисчақмоқда ёқиб, сурур билан сўрди-да, тутунини хонадан тез чиқиб келаётган Мўлтонойнинг юзига пуфлади.
1987 йил.