Анвар Обиджон. Жаққи (ҳикоя)

Шунақасиям бўлиб туради – кимдир Ўғилойнинг жиғига тегиб қўяди. Аччиғи чиқдими – бирдан қовоғи солинади, сочлари кирпитиконнинг игналаридек тиккаяди, кўзларидан учқун чақнаб, жажжи лаблари гилосчага ўхшаб чўччаяди. “Ҳа, нима бўлди?” – десангиз, тошдек қотиб, индамай тураверади.
Бошқа пайтларда ундан хушчақчақ, ундан ширин қиз йўқ. Бир сўзамоллиги қўзиса, уйдагиларни гапга тутиб чарчатади. Ўзгалардан кўра энасининг қўли бўшроқ, шу боис кўпроқ унга маҳмаданачилик қилади:
– Эна! Бир топишмоқ айтсам, топасизми?
– Топишмоқни Тўмарис опангга айтиб тур, мен чойимни ичиб олай, – дея олдидаги иссиқ чойнакни қақилдоқ неварасидан нарироққа суради энаси. – Бурушта менга ёпишасан-а, болам.
Энасининг яна бир ғалати гапини илиб олган Ўғилой: “Ий! “Бурушта” дегани нима?” – деб кампирга баттардан суйканади.
– “Бурушта” дегани – “доим”, “ҳадеб” дегани-да, – чой ҳўплаётиб тушунтиради энаси.- Шуниям билмайсанми, жаққи?
– Ий! “Жаққи” нима? – дея тағин гапни кавлайди Ўғилой.
Энаси бурушқоқ қўлида неварасининг сочини тўзғилатиб эркалатади:
– Сендақанги тинмай гапирадиганларни “жаққи” дейишади. Уқдингми?
Уйдагилар-ку – уйдагилар, ҳатто меҳмонга келган одам ҳам Ўғилойнинг қопқонига бир тушдими, осонликча қутулолмайди. Меҳмонни ўзига сал эликтириб олса бас, “Битта топишмоғим бор. Айтсам, майлими?” – дея хишава қилаверади. Меҳмон: “Қани, эшитайлик-чи”, деб қўйса – тамом, топишмоқ деганни ёғдириб ташлайди.
– Ўзи зиндонда, думи осмонда. Нима?
– Шолғом! – дейди меҳмон.
Топишмоқнинг жавоби тездаёқ топилганидан жаҳлланган Ўғилой пешанасини тириштиради. Тумтайиб туриб, иккинчи топишмоқни айтади:
– Кичкина меҳмон – нафси ёмон. Нима?
Меҳмоннинг: “Менимча-а, бу пашша бўлса керак”, деганини эшитиб, кўнгли яна ғашланади. Энди учинчи топишмоққа гал келади:
– Акаси аччиқ, укаси сассиқ. Нима?
Меҳмон бу сафар ўйланганича туриб қолади. Унинг ўйланиши қанча узоққа чўзилса, Ўғилойнинг баҳри-дили шунча очилиб бораверади. Бирпас ўтиб: “Ий! Тополмадингизми? Тополмасангиз, шаҳар беринг. Қайси шаҳарни берасиз?” – деб қиқирлайди. Меҳмон: “Ҳа, бўпти, Марғилонни бердим”, дегач, яйраб жақиллашга тушади:
– Сиз кетавердингиз, кетавердингиз, йўлда чуқур учраб “шалоп” этиб балчиққа йиқилдингиз. Мен кетавердим, кетавердим, йўлда чуқур учраб, “жаранг” этиб олтинларга йиқилдим. Ўша олтинларга Марғилонни сотиб олдим. Марғилоннинг тахтида ўтириб, “Акаси аччиқ, укаси сассиқ” нималигини айтсам, у – пиёз билан саримсоқпиёз. Хи-хи-хи, хи-хи-хи.
Ўғилойга қўшилиб меҳмон, меҳмонга қўшилиб бошқалар ҳам кулишади. Бундан Ўғилойнинг янаям чуччаси кўтарилиб, меҳмоннинг чап биқинидан ўнг биқинига ўтиб ишқаланади:
– Одамлар тўғрисидаям анча топишмоқ биламан. Айтсам майлими?
Сўрайди-ю, меҳмоннинг розилигини кутиб ўтирмасдан, дарров ишга киришади. Нозима деган қариндошлари бор, укасига сира кун бермайди. Унинг бўлмағур қилиқларидан бирини кўз олдига келтириб: “Укасининг сўрғичини сўриб қўяди. Ким?” – деб сўрайди. Меҳмон жавоб тополмагани сайин ичи тобора ёришиб, топишмоқларни устма-уст тахлайверади:
– Дадаси пул бермаса, мактабга бормайди. Ким?
– Боғчада ухламай, кўрпасидан мўралаб ётади. Ким?
– Эмаклаб бориб, калласини хонтахтага урволади. Ким?
Буларнинг биринчиси – катта амакисининг ўғли Абдулазиз, иккинчиси – Тоҳир тоғасининг невараси Фарида, учинчиси – кичик амакисининг ўғли Фурқат эканини билиб турган Ўғилой шундай осон топишмоқларни тополмай қийналаётган меҳмонга ҳайронланиб қарайди.
Нарсалар тўғрисидаги топишмоқларни Ўғилойга кўпинча дадаси ўргатади. Лекин, теваракдаги таниш одамлар ҳақидагиларни, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, Ўғилой ўзи тўқиб ташлайверади. Қаранг-а, одам ўйинқароқликка берилмай, ақлини жўяли ишлатишга астойдил қунт қилса, ҳатто боғча ёшидаям зўр-зўр нарсаларни ўйлаб топиши мумкин экан.
Баъзи болалар бор – бири телевизорнинг олдига ёнбошлаволиб, олди-қочди кўрсатувларниям томоша қилаверади, бири боғча опаси ўргатган ҳарфларни ёзиб машқ қилиш ўрнига, кўчадан бери келмайди, яна бири ойиси рангқалам олиб берган бўлса-да, “Ўзинг бўя” китобидаги тайёр расмларни бўяшга эринади. Ўғилойга келсак, у тугалай бошқача – қизиқувчан, изланувчан, ғайратли. Бунақа эси кўп болага қойил қолиш керак.
Ё… Ўғилойни ортиқча мақтаб юбордиммикин? Балки, қайсидир маҳаллаларда ундан ҳам тиришқоқроқ, ундан ҳам топқирроқ болалар бордир-у, мен билмай юргандирман. Агар шунақалар бор бўлса, эртами-кеч улар ҳам кимлардандир албатта мақтов эшитишади. Нима бўлгандаям, мақтовга арзигулик ишлар қачонлардир муносиб баҳосини олмасдан қолмаслигига қаттиқ ишониб яшаган яхши.

2006 йил