Тилини ҳакка чўқиганлар

Ўзим гувоҳ бўлган бу нохушлик ҳақида ёзсамми ёки йўқми, дея кўп ўйладим. Кўнгилсиз бир воқеа нафсониятимга қаттиқ тегди.
Воқеанинг қисқача баёни шундай: таниқли мусаввир дўстим уйидаги зиёфатга таклиф этди. Меҳмонларнинг аксарияти санъатга дахлдор, зиёли одамлар эди. Уларнинг кўпчилигини олдиндан яхши танирдим. Нотанишлар ўзаро танишиб олгач, гурунг авжига чиқа бошлади.
Ўзингиздан қолар гап йўқ, ичмайдиган кишининг хатти-ҳаракати бўлакча бўлади. Балки ана шу ҳолат сабаб бўлдими, даврадаги мўйловли, қотма, қирқ ёшларни қоралаган йигит диққатимни жалб қила бошлади. Ажабо, у — ўзбек режиссёри, мажлисда ёки бирон расмий жойда эмас, меҳмондорчиликда, яна ўз дўстлари — миллатдошлари даврасида негадир… ўзга тилда гапирарди. Аввалига уни шунчаки йўлига, олифтагарчилик қилаётгандир ёки даврадагиларнинг миллий ғурурини, сабру тоқатини синаётгандир, деб ўйладим. Йўқ, янглишган эканман. Унинг асл қиёфаси намоён бўла бошлаган сайин юрагим сиқилаверди. Гап орасида ёнимдагилардан ҳайрон бўлиб сўрадим:
— Кечирасиз, бу киши ўзбекми ўзи?
— Ҳа, ўзбек.
— Нима, у ўз она тилини билмайдими?
— Билади-ю… шу… ўрисчага кўпроқ ўрганиб қолган-да. Ўз тилида яхши гапиролмайди.
Ё алҳазар, дейман ўзимча ҳайратланиб. Мустақилликдан олдин бу шармандали ҳолатни тушуниш мумкин эди. Энди замон ўзгарди, одамлар ўзгарди, мустақил бўлдик. Шоир айтганидек, “Энди инсон қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас”. Наҳотки бу зиёли она тилини билмаслигидан заррача хижолат чекмаса?    
Сохта камтарликни йиғиштириб қўйиб айтганда, ўзбек тили ҳали давлат тили мақомини олмасдан анча олдин, аниқроғи 1987 йили бу ўта муҳим масалани матбуотда дадил кўтариб чиққан каламкашлардан бири сифатида ўзимча фахрланиб юрардим. Қаердаки тилга ҳурматсизликни кўрсам ўзимни худди ҳақоратлангандек ҳис этар, бундан эзилиб, ўз ёғимга ўзим қоврилардим.
Мустабид тузум шароитида, узоқ йиллар муттасил, онгли, режали равишда ўтказилган машъум сиёсат оқибатида она тилимизнинг камситилгани, мавқеи, нуфузи тобора пасайиб боргани, авлодлар онгига бу тил истиқболда кераксиз тилга айланади, деган тушунча сингдирилгани ва бу сиёсат ўз меваларини бера бошлагани ҳеч кимга сир эмас. Шундай муҳитда ўсиб, вояга етган авлоддан нимани ҳам кутиш мумкин? Аммо шу даврда яшаганларнинг ҳаммаси ҳам манқуртлашиб кетмаган-ку! Даврада ўтирган, камина билан деярли тенгдош бўлган таниқли рассом дўстим ўрта мактабда, беш йил рассомлик билим юртида, яна беш йил Москвадаги олий санъат институтида фақат рус тилида таҳсил кўрганига қарамай, она тили — ўзбек тилини ҳар қандай тилшунос ёки адиб ҳавас қилгудек даражада мукаммал биларди, ижодида миллий руҳ жуда кучли. Бекорга “Халқ рассоми” унвони берилмаган. Демак, ҳамма гап одамнинг, шахснинг ўзида экан-да!..
Узр, мавзудан андак чалғидим. Мен ҳалиги бегона тилда гапираётган режиссёр ҳақида тўхталмоқчи эдим.
Ҳа, у беписанд, каттазанг бир оҳангда гапирар, бошқаларнинг фикри билан мутлақо ҳисоблашмас, тинглаш, оддий муомала, мулоқот, баҳс маданиятидан бехабар, фикр-мулоҳазалари ниҳоятда юзаки ва ҳаётга мантиқсиз эди. Ёнидаги ўртоғи унга гап уқтираман деб қийналиб кетди. Режиссёр тинимсиз жаврарди:
— Мен ҳамма вақт, ҳар кимга ҳақиқатни дангал айтаман, шунинг учун мени ҳеч ким тушунмайди. Мен ҳақимда ким нима деса деяверсин, менга барибир. Қандай яшашни ўзим яхши биламан. Мен сурган кайф-сафолар, маишатларни айтсам, э-ҳе…
Унинг оғзидан энди беибо, бепарда сўзлар ҳам чиқа бошлади. Йўқ, бу шунчаки мастлик оқибати эмас эди. Боягина дастурхон устида оғизга келганини айтавермаслик ҳақида огоҳлантиришга мажбур бўлган жўрабошининг боши эгилди. Даврада ўтирганларнинг ҳам кайфияти бузилди. Ошга пашша тушган эди.
Эҳтимол, сиз одамзодни дарҳол билиш қийин, қатъий хулосага шошмаслик керак, дерсиз. Аммо ҳаётда шундай лаҳзалар бўладики, инсоннинг ким эканлиги, ички дунёси унинг бир оғиз сўзиданоқ маълум бўлиб қолади. Зеро, мақолда айтилганадек, овқат таъми туз билан, одам таъми сўз билан.
Хуллас, ўша ўтиришдан файз кетди. Ахийри ҳамма бир томон, манқуртнинг ўзи бир томон бўлиб қолди. Шунда ҳам ҳеч ким унга жиддийроқ дакки, танбеҳ беролмади. Ўзбекчилик-да: меҳмон отадай улуғ! Одамнинг юзи иссиқ!..
Ана шундай мулоҳаза-андишалар боис қусурларимиздан халос бўлолмай, қулоғимизгача гуноҳга ботиб юраверамиз. Аммо ҳар қандай муросанинг ҳам чеки-чегараси бор. Ахир, шу даврада “Тилингни ҳакка чўқиганми, эй нодон! Ҳеч бўлмаса биз билан ўз она тилимизда сўзлашсанг-чи!” дейиш шунчалик қийинмиди? Камина — четдан келган меҳмон, “Ие, сизлар ҳалиям давлат тилига ўтмабсизлар-да!” дея енгил киноя қилишдан нарига ўтолмадим.
Тўғри, букрини гўр тузатади, дейишади. Худонинг ўзи уриб қўйган бунақа манқуртларни бандасининг бир-икки оғиз танбеҳи билан йўлга солиш қийин. Шундай бўлса-да, бундай кимсаларга бор гапни борлигича айтиб, орани очиқ қилган маъқул.
Муқаддас ҳадисларда “Олимнинг бузилиши оламнинг бузилиши” деган пурҳикмат гап бор. Дарҳақиқат, ҳақиқий зиёлилар, маърифат ва санъат аҳли азрўйи азалдан эл-улуснинг дарду қувончига ҳамнафас, ҳамдард бўлиб келган. Эзгулик ва ҳақиқат тимсоли бўлмиш бу зотлар эл-юртнинг уйғоқ, тирик виждонидир. Афсуски, ҳаётда саноқли зиёлилар, санъаткорларгина бундай шарафга лойиқ бўлишади. Биз ҳозир ана шундай БУТУН ШАХСЛАРГА ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтожмиз.
Эсимда, бундан кўп йиллар муқаддам Грузияга бориб, гуржилар билан мулоқотда бўлганимда, бир ҳолатни кузатган эдим. Гуржилар, даврада ёки расмий жойларда уларнинг тилини билмайдиган меҳмонлар бўлса, бизга ўхшаб ҳамма тушунсин дея дарров бегона забонга ўтавермас, ўзаро фақат она тилида гаплашишар экан.
Ҳа, яхши маънодаги миллий ғурур, ифтихор ҳар нарсадан улуғ, ҳар қандай андиша-иштибоҳдан устивор бўлмоғи лозим. Зеро, ҳар бир халқнинг, ҳар бир шахснинг ким эканлиги унинг ўз она тилига, ўз миллий қадриятларига муносабати билан ҳам ўлчанадики, бу ҳақиқатни унутишга ҳаққимиз йўқ. Минг афсуски, ҳали орамизда қадриятларимизни менсимайдиган, ҳурмат қилмайдиган кимсалар бор. Мустабид тузум гуллаб-яшнаган йилларда уларнинг бирдан-бир “фазилати” ўз тилидан кўра бегона тилда бурро сўзлай олиши эди. Кадрлар танлашда ҳам ана шу нарса муҳим мезон ҳисобланарди. Мана энди замона зайли билан уларнинг пайтавасига қурт тушди. Аммо бундайларнинг осонлик билан инсофга келиб, тавбасига таянадиган сиёғи йўқ. Қон-қонимизга сингиб кетган лоқайдлик, муросасозлик, ўзликни англашдаги сусткашлик бундай тоифага қўл келмоқда.
Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан давога? Ҳар қанча қийин, мушкул бўлмасин, аввало, ана шу бедаво дардга даво топмоқ жоиз. Ахир, шоир ҳам “Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир!” дея бежиз хитоб қилмаган.
Қадимги юнон файласуфи Диогендан сўрабдилар: “Одамзод учун энг қийини нима?” Донишманд шундай жавоб берибди: “Унинг инсон сифатида ўз-ўзини англаши”.
Хўш, ўзлигини англамаган, миллий ғурури бутунлай сўнган, дунёқараши чекланган, маънавий олами қашшоқлашган манқуртларни қайта тарбиялаш мумкинми? Қон ила, она сути ила инсоннинг онгу шуурига, жисму жонига сингдирилиши лозим бўлган фазилат — хислатларни тарғибот-ташвиқот воситасида, қонун билан, маъмурий усулда шакллантириш мумкинми? Қайдам?! Ҳарқалай, донолар тарбиядан кўра қайта тарбиялаш қийин дейишади. Демак, хулоса оддий: тарбияда хатога йўл қўймаслик лозим экан.
Ватанни севган одам, аввало, унинг қонунларини ҳурмат қилиши, унга оғишмай амал қилиши лозимлиги оддий ҳақиқат.
Мустақиллик берган буюк неъматлардан бири — кўплаб қадриятларимиз қатори тилимиз нуфузининг қонун ҳимоясига олинганидир. Аммо ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Ушбу қонуннинг ҳаётда жорий этилиши биз — фуқаролардан изчилликни, фидойилик ва ватанпарварликни талаб этмоқдаки, буни тўғри англамоқ керак.
Тил ҳақидаги мулоҳазаларимни шоир Шукур Қурбоннинг қуйидаги ўтли мисралари билан якунлагим келди:

Она тилим, жон тилим.
Сенсиз мен сўладирман,
Девона бўладирман.
Туққанимга етти ёт
Бегона бўладирман.
Она тилим, жон тилим —
Юрагимнинг қошида
Сайраб турган булбулим.

Шодмон Отабек
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 5-сонидан олинди.