Мансурхон Тоиров. Инсоннинг сўнгги сўзи – у ҳали айтилгани йўқ

Тўхта, эй дақиқа, гўзалсан ғоят!
Гёте

Абдулла Кодирий «Ўтган кунлар»ни йигирма тўрт ёшида ёзганига ҳамманинг ҳам ишонгиси келавермайди. Кўпгина физик олимларнинг Нобел мукофотига сазовор бўлган буюк кашфиётлари ҳам шу ёшлар атрофида яратилган. Алберт Эйнштейн, Луи де Броил, Дирак, Гейзенберг, Шредингер шулар жумласидандир. Уларнинг ҳар бирини, миллатидан қатъи назар, барча халқларнинг улуғ фарзандлари, дегим келади. Ер юзида бу алломалар рўёбга чиқарган кашфиётлар бир бурда нон, бир чимдим туз каби кириб бормаган хонадон топилмаса керак.
Улар вақтнинг қадрини билишган. Ғафур Ғулом айтмоқчи умр дафтарининг ҳар саҳифасини шоҳ сатрлар билан безаш моҳиятини жуда ёшликларидан идрок этишган. Биз бугун ёшларимизга ана шундай ақл-идрок туйғусидан сабоқ бераётирмизми? Ёшларимиз инсониятнинг улуғ фарзандлари яратган кашфиётларни кўпроқ билса, улар каби илмга муҳаббати ошишига шубҳа қолмасди, деб ўйлайман. Бу борада радио, телевидение, мабуот ёшлар юрагига чўғ ташлайдиган асосий минбардир. Ушбу тарғибот воситалари, айниқса, телевидение ёшлар онгида илм ва ижодга ҳавас уйғотишга эришса, фаннинг оғир ва шарафли йўлларини босиб ўтган алломалар бутун инсоният учун нечоғли керакли шахслар бўлиб етишганлари моҳиятини англата олса чинакам миллий тараққиётга ҳисса қўшган бўлур эди.
Ҳозир ойнаи жаҳоннинг бутун тарғибот кучи, мақсади бизда асосан ашулачи етиштиришга қаратилгандай таассурот қолдиради. Бу ўринда мувозанат бузилмаяптимикин, деган ўй келади хаёлимга.

Навоийнинг буюк ибрати

Ўқувчилик йилларим адам раҳматли билан маҳалламиз кўчасидан ўтаётиб кетмон кўтариб олган хушбичим, ёши мендан каттароқ йигитни учратдик. Отам у билан жуда самимий, ихлос ва эътибор билан гаплашдилар. Сўнг «Сен бу йигитни танийсанми?» деб сўрадилар. «Йўқ» деган жавобни олгач, «У фалончининг ўғли, сени адашинг, қара, қандай олижаноб, камтар. Кетмон кўтариб экинига сув очиб келяпти, ўзи аспирант!» — деганлари ҳануз қулоғим остида жаранглаб туради. Илм аҳлига бўлган ана шу бир оғиз самимий сўз менинг бутун умр илм йўлидан боришимга сабаб бўлди. Афсуски, аспирант бўлганимни кўриш адамларга насиб қилмаган экан, олтмишга етиб-етмай оламдан ўтиб кетдилар…
Тошкентдаги кўпгина олий ўқув юртлари ўқитувчиларига нанотехнология мавзуида маърузалар қилаётиб, «Ўзбекистондан нечта Нобел мукофоти лауреати чиққан» деган саволни бир неча бор ўртага ташлаб, бирор марта ҳам қониқарли жавоб ололмаганман. Халқимиз орасидан чиққан истеъдодлар не-не халқларни ҳайратга солган даврлар кўп бўлган. Ҳозир юртимиз ўз бошидан ўтказган барча даврларга нисбатан истеъдод равнақи учун ҳамма шароит яратилган замонага етиб келди. Шундай экан, бугунги ёшларимиз қайси соҳага кўпроқ қизиқса, ўша соҳа бизнинг келажагимиздан дарак беради, деб ўйлайман. Агар юрт бой бўлса, унинг деҳқонию ашулачиси, адибию шоири, барчаси бой-бадавлат бўлади. Бундай фаровонликка эришмоқ учун эса авваламбор ёшларимиз қалбида улуғ кашфиётлар, улуғ олимлар ҳаёти ва ижодига қизиқишни, илмий тафаккурдан завқланиш туйғусини рағбатлантириш керак.
Сир эмаски, ҳатто номи унчалик маълум бўлмаган ашулачи ҳам бирор тўй-ҳашамда уч-тўрт соат хиргойи қилса, энг зўр тадбиркордан ҳам кўп пул топади. Бунинг устига ойнаи жаҳонимиз уларнинг ҳашаматли уй-жойларини, йиққан-терганларини кунда-кунора кўз-кўз қилиб турса, албатта ёшлар илм йўлини танлаб, миллий бойлик орттиришни эмас, қандай қилиб бўлса ҳам шахсий бойлик тўплашни кўзлайди-да. Бу ҳол қўшиқчилик санъатимиз ривожига салбий таъсир этганидан ташқари ёш авлод онгини бутунлай бошқа ўзанга буриб юбораётганини наҳотки ўзларини маърифатчи деб атовчи мутахассислар тушунмаса?! Ўша машҳур хонандалар ҳашаматли уй-жойларини элга кўз-кўз қилмоқчи бўлишса, ойнаи жаҳонни овора қилиб ўтирмасдан урф-одатимизга риоя этиб, кетма-кет халққа уй тўйи қилиб бераверсинлар.
Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, Мир Алишер Навоийнинг уйлари олдидаги боғда йиллар давомида ҳар куни бир неча дош қозонда овқат пиширилиб, элга тортиқ қилинар экан. Мана, сизга ибрат, агар керак бўлса. Бизнинг миллий ойнаи жаҳонимиз халққа ибрат қилиб кўрсатаман деса ғўр ашулачининг уй-жойидан кўра ҳазрат Навоий бобомизнинг саховати минг чандон катта акс садо бермасмиди?!
Ҳукуматимиз иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш учун ҳеч нарсани аяётгани йўқ. Улар учун махсус теле ва радиоканаллар, газета ва журналлар, нашриётлар очиб қўйилган. Фақат бу имкониятдан самарасиз фойдаланиляпти, деб ўйлайман.
Давлатнинг салоҳияти, табиийки, унинг олий маълумотли ёки олим одамлари сони билан белгиланмайди. Балки чинакам билим эгалари ва ҳақиқий олимлар яратган кашфиётлар ҳамда уларнинг ҳаётга нечоғлик тадбиқ этилгани билан белгиланади. Фарзандимизни ўн-ўн беш йиллаб ўқитишимизда маъно борми? Аксарият ходимлар бажараётган ишларини узоқ йиллар ўқиб олган билимларисиз ҳам қойилмақом қилиб бажарган бўлишлари мумкин эди. Лекин инсоният ушбу сермашаққат йўлни танлашининг асосий сабабларидан бири таълим олаётганлар ичидан ўзининг кейинги тараққиёт замини учун танлаб-танлаб, бир нечта иқтидорли ўғил ёки қизни ажратиб олишдир. Ҳар бир миллат ўз истеъдодларини кўз қорачиғидек асраб-авайлашининг асл сабаби ҳам шунда.
Нега Япония неча ўн йиллардан бери бутун оламни лол қолдириб келяпти? Япония эмас, унинг илм-фан, техника тараққиёти лол қолдираяпти. Қўшиқ, ашула, рақс, ўйин-кулгига нима етсин! Лекин буларнинг барчаси инсонни асосий мақсаддан чалғитувчи кучга айланиши керак эмас. Балки асосий мақсадга эришиш йўлидаги маънавий эҳтиёжимизни қондириши керак.
Кўп нарсани ёшларнинг ўқишига бўлган талаб белгилайди. Ёшлар билимни асосан талабчан ўқитувчидан олади. Мен бир пайтлар жавобимдан қаноатланмай бир-икки марта имтиҳондан қайтариб юборган ўқитувчиларим фанини ҳанузгача яхши эслайман. Машҳур олим Д.И.Менделеев институтда ўқиган йиллари химиядан имтиҳон топширолмай 13 марта икки баҳо олган. Ундан шунча имтиҳон олиш учун ўқитувчи ўзининг шахсий вақтидан жуда кўпини қурбон қилган. Д.И.Менделеев бугун химиянинг «отаси» ҳисобаланади. Бизда ҳам қимматли вақтини шундай «Менделеевлар»ни кашф этиш учун қурбон қилишга тайёр профессор-ўқитувчилар кўп. Лекин уларни рағбатлантириш, иложи бўлса ҳимоялаш ҳам керак бўлади.

Мулзам бўлган даъвогар

Атоқли олимамиз Фозила Сулаймонова «Шарқ ва Ғарб» монографиясида ёзганидек «Расмий ислом Қуръон, ҳадислар илмини, унга интилишни тарғиб этиш билан бир қаторда дунёвий, ҳақиқий илмни ривожлантириш, уни эгаллашни ҳам ман этмайди». Америкалик шарқшунос Ф.Роузентал эса «Билим тантанаси» рисоласида: «Улар (ислом пешволари) расмий илмни рад этмайдилар, аммо унга алтернатив бўлган илм аввалгисидан моҳияти кам эмаслигини исботлашни истайдилар. Бу давр илм-фан даври эди. Қуръондан бошлаб то шеъриятгача ҳаммаси махсус илмий фанлар методикаси билан суғорилган эди», деб таъкидлайди. Дарҳақиқат, Араб дунёсида илмий изланишлар жуда эрта — Уммавийлар давридаёқ бошланган. Аббосийлар сулоласи ҳукмронлик қилган давр эса Ислом маданияти, илм-фан ривожида Ғарб оламининг ҳаваси ва ҳасадини келтирадиган даражада буюк чўққиларга эришилган олтин давр бўлди. Жамият ҳаёти бу даврда шундай даражага кўтариладики, табиат ва ижтимоий ҳаётдаги у ёки-бу ҳодисани диний ёки адабий афсоналар ёрдамида изоҳлашга ҳожат қолмайди. Натижада диний муаммоларда ҳам ислом ақидаларига сўзсиз буйсуниш ўрнига баъзи масалаларни ёритиш бўйича рационал жавоб топиш учун ислом, исавия, яҳудийлик, зардуштийлик динлари қарашларига мурожаат қилинади. Ушбу динлар хақида илмий баҳслар уюштириб турилади.
Ривоятлардан бирида айтилишича, Ал-Маъмун даргоҳида бир дунёвий олим «Бутун олам, оламдаги борки нарса, у жонлими ёки жонсизми, қатъи назар, табиат томонидан яратилган, ислом дини айтаётган Яратгувчи йўқ», деб барча олиму фузалоларни мулзам қилади. Шунда Ал-Маъмун Имом Бухорийни чақириб келишга одам юборибди. Бу пайтларда йигирма ёшларда бўлган Имом Бухорий хабарчидан масаланинг нималигини сўраб билгач: «Эртага фалон вақтда бораман», — дейди. Имом Бухорий Ал-Маъмун саройига боришда айтилган вақтдан бир фурсат кечикиб қолади. Унинг кечикканидан даъвогар хурсанд бўлиб: «Ана, машҳур имомингиз ҳам менинг хақлигимни билади. Шунинг учун бу ёққа келишдан қўрқяпти», — деб турганида Имом Бухорий кириб боради ва: «Келаётиб йўлимдаги сувдан солга ўтириб ўтаман деб турганимда бир шамол кўтарилиб, унинг барча ёғочларини сочиб юборди. Энди нима қиламан, деб ҳайрон бўлиб турувдим, бирданига барча ёғочлар яна тўдаланиб сол бўлиб қолишдию мен эсон-омон ҳузурингизга етиб келдим», — дея узрини айтибди. Шунда Имом Бухорийнинг сўзини эшитган даъвогар: «Ёлғонниям хўпам эшар экансиз-да, имом, ҳеч замонда сол ҳам ўз-ўзидан йиғилиб қоладими», деганида Имом Бухорий: «Бутун олам ўз-ўзидан пайдо бўлганига даъво қиласизу кичкина бир солнинг ўз-ўзидан йиғилганига ишонгиз келмайдими?», деб даъвогарни мулзам қилган экан.
Эҳтимоллар назариясига кўра: «Геркулес Юлдуз туркумидаги шарсимон юлдуз тўдасининг фалон юлдузи атрофида Ер сайёра бўлиб айланиши эҳтимоли бор», — деган ҳисобларни келтириш мумкин. Лекин биргина шу ҳисоб-китобнинг ўзи ҳақиқатдан нақадар йироқлигини англашимиз унчалик қийин эмас. Олам ўз-ўзидан, Яратгувчисиз пайдо бўлганини даъво қилиб ёзилган кўп асарларни ўқиганман ва уларнинг муаллифлари ёзган нарсаларининг кўп жойига ўзлари ҳам ишонмасликларига аминман. Чалкашлик баъзи замонавий фан намояндалари фантазиясини шу даражада ҳаддан ошириб юборганки, айрим чаласавод диндорларнинг лофлари улар олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Ақл бовар қилмайдиган лофу фаразлар ҳеч қачон динга ҳам, фанга ҳам обру келтирмаган. Диалектик материализмга кўра, инсоният ривожининг асоси деб қаралган бундай ашаддий қарама-қаршилик тараққиётга қанчалар ғов солгани, инсониятни не-не улуғ фарзандларидан жудо этганини унутмаслигимиз керак.

Эйнштейннинг иқрори

Энергиянинг сақланиш қонуни ёпиқ система учун ўринли. Коинот эса чексиз. Демак энергиянинг сақланиш қонуни, агар уни А.Эйнштейн таъриф қилганидек, «масса ва энергиянинг сақланиш қонуни», деб атаган тақдиримизда ҳам унинг очиқ система деб тан олинган коинотга дахлдорлиги гумон бўлиб қолади. Замонавий фан эндиликда «коинот ёпиқ система бўлса керак», дейишга мажбур бўляпти. Янги замон олимлари бирор табиат ҳодисаси моҳиятини тушуниб олишса, кетидан яна бир талай фанга номаълум табиат ҳодисалари кўриниб қоляпти. Яъни дунёвий илм биз ҳамма нарсани билиб олдик, дея мақтанишига ҳали талай вақт бор. Масалан, астрономлар ҳанузгача нега Ой доимо Ерга бир томонини ўгириб туришининг физик моҳияти ва нима учун Ер 23,5 градусга оғиши сабабларини билишмайди… Буюк А.Эйнштейн бутун дунёга машҳур бўлган йиллари «Баъзан ўзимни улкан океан соҳилида бир тошни иккинчисига уриб, ўйнаб ўтирган ёш боладек сезаман», деган экан. Биз олимлар камтарликни устоз А.Эйнштейндан ўрганишимиз зарур…
Коперникнинг ўз замонаси учун буюк ҳисобланган кашфиёти, ҳозирги ўлчовлар билан қаралганда, арзимас бир кашфиёт бўлиб кўринади. Ўзларини материалист деб юрган айрим файласуфлар бу кашфиётдан «О, биз қандай буюкмиз», дея мағрурланиб ўз дунёқарашлари фойдаси учун «тўн бичган» ҳолда биринчи ҳужумни Яратгувчидан бошлашди. Ҳолбуки, ҳали илмий изланишлар давом этмоқда, инсон ўзининг охирги сўзини айтиб улгургани йўқ!
Фанда бирор кашфиёт юзага чиқса, Европадагилар бу кашфиёт бизнинг илоҳимиз мавжудлигини исботлади деб унда ўзларининг хақлигини кўрсалар, Шарқдаги бошқа халқлар эса: йўқ, бу кашфиёт бизнинг илоҳимизни тасдиқ этмоқда дейишса, Африкадагилар ҳам бунда сон-саноқсиз илоҳлари хақлигини кўргандай бўлсалар, қани айтингчи, ҳозирги замон олими учун муҳим нарса нима ўзи? «Яратгувчи борми ёки йўқми» деган масалани аниқлашми ёхуд «Ушбу оламнинг Яратгувчиси Ким?» — деган саволга ойдинлик киритишми?!
Нафис санъатлар бўйича тадқиқотчи ва файласуф Хорун Яҳё ўз изланишларини асосан Яратгувчининг мавжудлиги тасдиғига қаратган. Лекин унинг барча мисолларида асосан Ғарб олимларининг табиат сирларини ўрганишга доир кашфиётларига суянилган. Ғарб бу ўринда ўзи сиғинаётган илоҳга доир Яратгувчини кўришга ҳаракат қилаётганини назардан қочирмаслик керак. Хорун Яҳё ўз изланишларини Яратгувчининг айнан Аллоҳ эканлигини ойдинлаштиришга қаратганида айни муддао бўлур эди. Аллоҳга сўзсиз имон келтирганлар учун бунинг ҳожати йўқ, албатта. Лекин инсон барибир инсон-да, турфа тарғиботлар таъсирида ўз динидан кечиб, бошқа динларга ҳам ўтиб кетиши мумкин. У динда ҳам, бу динда ҳам Худо бор-ку, деган янглиш тасаввур уларни чалғитиши мумкинлигини ҳисобга олмасдан бўлмайди. Сўнгги пайтда азалдан ислом динига эътиқод қўйган юртимизда ёшларни, айрим оми одамларни турли йўллар билан тўғри йўлдан чалғитиб, ўзга динларни қабул қилдиришга уринишлар бу борада янада ҳушёрроқ бўлишга даъват этади. Ўзга динларнинг ҳомийлари «Яратгувчи Аллоҳ эмас, ўзга илоҳдир» дейишганда фарзандларимиз бунга фаҳми етадиган бўлишлари керак.
Муҳаммад алайҳисалом даврларида ҳам ҳеч ким Яратгувчи бор эканлигини инкор қилмаган. Ўша даврларда Каъба ичига жойлаштирилган 365 бутнинг барчасини «яратгувчи» деб сиғинишган. Муҳаммад алайҳисаломнинг пайғамбарлик вазифалари Яратгувчининг борлигини исботлаш эмас, балки Яратгувчи яккаю ёлғиз Аллоҳ эканлиги ва Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини инсониятга етказишдан иборат бўлган. «Аллоҳга ширк келтирманглар, фақат Унгагина сиғининглар, Муҳаммад ҳам Аллоҳнинг бандаси ва шу билан бирга у башарият учун Аллоҳ юборган пайғамбардир», деган мазмун Қуръони каримнинг асосий моҳиятини ифода этади.
Ислом дини, Аллоҳ Қуръони оятлари, ҳадиси шариф ривоятлари мусулмон олами мисли кўрилмаган даражада тарақиётга эришиши учун очган катта имкониятлар Аббосийлар даврида ўзини тўкис намоён этган. Шундан сўнг ислом руҳонийлари баъзи ўринларда хато йўл тутгани боис таназзулга учради. Ўша даврдаги ислом олимлари дунёвий илм эгаларида ўзларига нисбатан дўстни эмас, душманни кўриб, мутаассиблик қилганлари тараққиёт учун хатарли кечди. Илм аҳли Бобурдек, Улуғбекдек шоҳ бўлишса ҳам мутаассиб шайхларнинг чаласаводлигини енга олмадилар. Аббосийлар даври мусулмон оламида илмнинг ҳам диний, ҳам дунёвий қанотлари бирдек қадрланар эди. Аббосийлардан сўнг илмнинг дунёвий қаноти ўн асрдан кўпроқ вақт «боғлаб» қўйилди. Натижа эса маълум… Агар ўтмишдаги боболар зийракликни бой беришмай ислом дини таълимотини тўғри йўлга қўйишганида инсоният тарақиётида мусулмонлар катта ғалабаларга эришган бўлур эди. Автомобилни, самолётни, компютерни ихтиро қилганлар, космосга ўз ракетасини илк бор учирганлар, Ойни забт этганлар балки бизлар бўлармидик? Ҳали ҳам кеч эмас. Олдинда нанотехнология даври турибди. У инсоният тарихида илм-фаннинг мисли кўрилмаган тараққиёт даври бўлади. Балки энди бизнинг фарзандларимиз етакчиликни қўлларига олишар. Интилганга толе ёр.

Мансурхон ТОИРОВ,
физика-математика фанлари доктори, профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 4-сонидан олинди.