Ўзбек классик адабиёти тарихида ўзига хос катта ўрин тутган, оташин ҳажвий шеърлари ва ўйноқй ғазаллари билан халқимиз қалбидан чуқур жой олган, номи бутун Ўрта Осиё ва ундан узоқларга машҳур бўлиб кетган ажойиб шоирларимиздан бири Бобораҳим Машрабдир. Бобораҳим Машраб ижоди аллақачонлардан буён ижтимоий аҳамият касб этган бўлиб, унинг номи халқимиз ҳаёти ва тарихида мутаассибликка қарши курашнинг байроғи бўлиб келди. Баъзи руҳоний диндорлар Машраб номини ва асарларини бор кучлари билан бадном қилишга, баъзи ҳолларда эса унинг халқ орасидаги обрўсидан фойдаланиб, уни авлиёлаштиришга, ижодига сўфиёна тус беришга интилиб келдилар. Лекин Машраб халқ орасида доим яшашда, курашда давом этди.
Қарийб ўтган икки аср мобайнида адабиётга алоқадор ҳамма кишилар Машраб тўғрисида ғоятда жумбоқ ва мушкул бир тушунчага эга бўлиб келдилар. Бобораҳим Машрабнинг бир талай асарлари юзасидан динга шак келтириши, даҳрийлиги аниқ бўлиб, ҳамма шунга кўникиб келаётганда бирорта ўта мутаассиб ва тасаввуфдан иборат бўлган ғазали тушунчани бузади-да, нима дейишга ҳайрон қоласан. Яҳудийларнинг пайғамбари «Иброҳимдан қолган эски дўкон» — Маккани танимаган Машрабни ўқиб турганингда, «алифни дилга жо қилмоқни бисмиллодан ўрган»ган бошқа бир Машраб чиқиб, ишнинг пачавасини чиқаради. Унда «Мабдаи нур» деган ўта тасаввуф китобини ким ёзган?
Бу масала адабиёт тарихчиларимизнинг, илмий-текширув институтларимиздаги бир талай илмий ходимларнинг тадқиқот ишларида жуда чигал муаммо бўлиб келди. Даҳрий деб ёза туриб, тасаввуф шеърларни шарҳ қилганда, илмий асарлардан мантиқ йўқолиб қоларди. Тамом диний шоир деб Машрабдан кўз юмганда, Машрабдай шоирнинг йирик ижодини менсимаганлик, катта бир хазинадан воз кечганлик бўларди.
Бундан ташқари, Машрабнинг туғилган жойи тўғрисида ҳам аниқлик йўқ эди. Машрабнинг ўз асарларини синчиклаб ўрганилмаганлиги сабабидан, асрлар ошиб келган овозага ишониб, кўпчилик уни наманганлик деяр эди. Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган «Девони Машраб» китобининг XVIII аср охирида ва XIX асрда кўчирилган 20 дан ортиқ қўлёзма нусхасида ҳам Машрабнинг Намангандан эканлиги айтилади. Мен ҳам «Момойи гисунабурида» деган бир очеркимда уни чуқур текшириб ўтирмай, наманганлик дея берган эдим. Кейинги текширишлар бу фикрни тасдиқламади.
Бобораҳим Машрабнинг қаерда туғилганлигини аниқлашда унинг замондоши — самарқандлик Муҳаммад Бадеъ Малиҳонинг «Музаккир ул-асҳоб» китобига суяниш тўғрироқ бўлар эди. Бу асарнинг автографи Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондидан 4270 номерли инвентарда сақланаётган бўлиб, унинг 315-варағида: «Машраб тахаллуси Раҳимбобойи қаландар аст. Асл аз вилояти Андигон буда дар айёми бараҳна рўй бакасби фазилат ва фазойил ба вилояти Намангон омада…» дейилган. (Таржимаси: «Машраб қаландар Раҳимбобонинг тахаллусидир. Асли Андигон (Андижон — Ғ. Ғ.) вилоятидан бўлиб, ёшлик чоғларида илм ва фазилатлар касб этиш учун Наманган вилоятига борган…»)
Муҳаммад Бадеъ Малиҳо берган маълумотга шунинг учун ҳам ишониш керакки, у Машрабга замондош бўлиши билан бирга, у билан Самарқандда учрашган, уни яхши билган ва ўзининг «Музаккир ул-асҳоб» асарини ҳам Машраб ҳаёт вақтида, яъни 1688—1691 йилларда ёзган.
Бундан ташқари, «Девони Машраб» китобининг ўзида ҳам бу масалага доир қарама-қарши маълумотларни учратамиз. Гарчи китобнинг бошида шоирни наманганлик дейилса ҳам, аммо бир қанча саҳифа ўқиганимиздан кейин Машрабнинг қуйидаги ғазалига дуч келамиз:
Аввал, қадами пири муғонро ишқ аст. Дуввум, сарупо бараҳнагонро ишқ аст. Риндони Бухороу бангиёни Кашмир, Шоҳ Машраб тарки Андижонро ишқ аст.Таржимаси: Аввало, пири муғон сари қадам қўйишнинг боиси ишқ туфайлидир. Иккинчи, бош-оёғи ялангликнинг сабаби ҳам ишқ туфайлидир. Бухоро риндларининг риндлиги ва Кашмир бангиларининг кашандалиги, шоҳ Машрабнинг Андижонни тарк этиши ҳам ишқ туфайлидир.
Машрабнинг андижонлик эканлигига китобнинг бошқа ўринларида ҳам ишора қилинади. Масалан, бунда Машрабнинг бир неча марта Андижонга боргани таъкидланади.
Бир борганда, у Андижон бузрукворларини зиёрат қилади. Бошқа бир сафарида эса, ўн саккиз йил кўрмаган онаси ва синглисини кўргани боради. Бундан кўринадики, Машрабнинг оиласи Андижондан ҳеч қаёққа бормаган.
Лекин Машрабнинг Наманганда ўқигани, яшагани, бу шаҳарни севгани, қайта-қайта у ерга боргани ва бу шаҳар шоир ижодида чуқур из қолдиргани шубҳасиз бўлиб, бунинг эвазига наманганликлар уни ўз ҳамшаҳарларидек кўриб, доим севиб ўқиганлари аниқ фактдир.
Умуман, Бобораҳим Машраб ташвишли, оғир ҳаёт кечирди. Машраб тахминан 25 ёшларида наманганлик пири Мулла Бозор охуннинг тарғиботи билан Қашқарга боради. У бу ерда ўша замоннинг энг йирик эшони, нақшбандия сулукининг пири комили Офоқхўжанинг даргоҳига йўлиқади, пирга қўлини беради. Пир уни ўз муридлари қаторига қўшиб, катта даргоҳнинг муллабаччаларидан бири қилиб қўяди. Машраб у ерда ихлос ва чидам билан етти йил Офоқхўжанинг хизматини қилади. Аммо кишининг вужудида бўлган табиий кучларига зид ҳолатда яшаш вужуд эгасининг руҳида исён кўтаради, ўз табиий оқимига тушишга уринади. Пир даргоҳидаги тарки дунё қилганларга хос умр ғоят зерикарли эди. Озод, жўшқин, тинмағур руҳга эга бўлган Машраб Офоқхўжага мутаассиб оталар томонидан назир тортилган бир канизак қиз билан севишиб қолади. Тез орада бу сирни Офоқхўжа билиб қолади, унинг амри билан «улуғ даргоҳ»нинг бўйни йўғон қаландарлари Машрабнинг қўл-оёғини бойлаб, эрлик иқтидоридан маҳрум қиладилар, кейин Қашқардан ҳайдайдилар. Бу қаттиқ аламни, бу қаттиқ ҳақоратни Машраб умри бўйи унутмайди, баъзи мутаассиб руҳонийларга, эшонларга, домлаларга қарши бутун ҳаётида кек сақлайди.
Хўш, Машрабнинг Офоқхўжа даргоҳида шундай оғир жазоланиши ёлғиз канизак қиз туфайли эдими ёки Офоқхўжанинг Машрабда бошқа хусуматлари ҳам бор эдими? Ҳақиқатни олганда, бу Машрабни жазолаш учун бир баҳона эди, холос. Машрабнинг Мулла Бозор охун томонидан Қашқарга юборилишига, унинг Қашқарда бундай қаттиқ жазо тортишига, охирида (1711 йил) дорга осиб ўлдирилишига бош сабаб, унинг ўз атрофини қуршаган, иши сўзига тўғри келмайдиган, худбин, жамият ва борлиқ ҳақида ижодий фикр юритиш қобилиятидан бутунлай маҳрум мутаассиблар билан ўз ақлини таниган вақтидан бошлабоқ келиша олмагани, ўзаро баҳсларда доимий равишда уларни аямай танқид қилиши, фош этиши, халқ олдида обрўларини тўкиши, кўз очирмаслиги ва ҳоказолар эди. Машраб ижодини ўрганишда масаланинг бу томонини асло унутиб бўлмайди.
«Девони Машраб» тўпламида ва баъзи ривоятларда Бобораҳимда ўткир жазава, оташин жўшқинлик, лоуболилик ва бошқаларни кўриб, «Ҳазрати Офоқхўжам унга Машраб деган номи мустаор — тахаллусни илтифот қилдилар», деган мазмун бор. Гўё Бобораҳимга «Машраб» тахаллусини Офоқхўжа берган эмиш. Шу тўғрими? Бу саволга жавоб беришдан илгари ўзбеклар ўртасида болаларга от қўйиш одатининг бир кичик қисмини этнографик томондан текшириб кўрайлик.
Ўзбекларда бола йўлда туғилса Йўлчи, тўйда туғилса Тўйчи деб от қўядилар. Муҳаррама, Сафарбой, Мулларажаб, Рамазонҳожи, Аширмат, Жуманиёз — бу исмлар эса боланинг туғилган ойи, туғилган кунини нишонлашдир. Туғилган бола бирор табиий камчилик ё ортиқлик билан туғилса, унинг ҳам оти тайёр. Оёқ, қўл бармоқларида, аъзосидан бирор ортиқлиги бўлса — Ортиқжон, Қўшоқбой, агар қора хол билан туғилса — Холдор, Холхўжа, қизил хол билан туғилса — Тожибой, Тожиниса, Норбиби, Норбой бўлади. Агар туғилган бола ота-онасининг гуноҳи биланми ё бирор табиий офат биланми касалманд туғилса, ўша касалнинг нишонларига қараб исм қўйилади. Агар бола чилласи ичида ҳадеб тиришаверса, «тахта» бўла берса, «шайтонласа», уйқусида хирилласа, унга Мели деб исм қўядилар. Агар туғилган болада қандайдир яллуғли шишлар бўлса, унга Парпи деб исм қўядилар. Энди «машраб» дегани нима дегани? Унинг юқоридагича исм қўйишга алоқаси борми?
Биринчидан шуки, «машраб» деган луғатнинг биздаги маъносида араб лексиконига қатъиян алоқаси йўқ. Арабларнинг «шариба» масдаридан келиб чиқадиган «машраб» сўзи бирор ичимлик ичиладиган «ичиш ўрни» маъносида бўладики, бу албатта кишига исм ёки тахаллус бўлолмайди. Биз Ўрта Осиё халқлари, озарбайжонликлар, эронликлар, афғонлар «машраб» сўзидан ринд, лоуболи, яъни эркин фикрли маъноларини англаймиз. Исм бўлмай, ёлғиз ҳолда «машраб» табиат, феълу атвор дегани; «шўх машраб киши» деганда, шўх табиатли кишини тасаввур қиламиз.
Иккинчидан, кўпчилик хотинлар ҳомилали вақтда асаб жиҳатидан нормал ҳолатда бўлавермайдилар. Бошқоронғулик, инжиқлик, серуйқулик, важсиз йиғлаш сингари ҳолатлар кўп учрайди. Жуда оз, айрим ҳомилали хотинларда бошқа хотинлардан эшитиб келган талқин таъсирида чўчиш ёки ҳалиги нормал бўлмаган руҳий ҳолатларда — галлюцинация аҳволлари ҳам юз беради.
Ҳеч ким йўқ ерда, биров чақиргандай, кўз ўнгида бир савам пахта юмалаб кетгандай, аланга ёнгандай бўлади, айрим-айрим хотинларда гўё қорнидаги болалари йиғлагандай, шу овозни онаси «барала эшитган»дай, сезгандай ҳам бўлади. Оналар ғоятда қаттиқ қўрқадилар, ҳушдан кетиб қолганлари ҳам бўлади. Ваҳоланки, бола она қорнида ҳеч қачон йиғламайди. У ерда овоз чиққудай ҳаво тўлган жой йўқ. Бу, ҳалиги айтғандай, галлюцинациянинг ўзгинасидир…
Шундай қилиб десангиз, «она қорнида йиғлаган» болаларнинг исмларини «Машраб» қўядилар. Бу қадим ўзбеклардан қолган этнографик бир одатдир.
Бобораҳимнинг иккинчи исмининг Машраб бўлишини ҳам шундан ахтариш керак бўлади. Ривоятларга кўра, Бобораҳимнинг онаси бозорда кета туриб, бир саватдаги узумдан икки ғужум еган эмиш, шунда қорнидаги бола: «Эй она, нега бировнинг ҳақини едингиз?» дегандай бўлган эмиш. Лекин она қорнида йиғлаган «Машраб» болаларнинг асл ўз исмлари бўлади. Машраб асл исмга қўшимча бўлиб юритилади. Бобораҳим Машраб, Мелиқўзи дегандай.
Айниқса, феодализмнинг энг қоронғу замонларидан бўлган XVI—XVII асрларда дин, хурофот, хусусан, энг юқори чўққисига чиққан, қиёмига етган бир даврда «она қорнида гапирган» болалар кўп бўлса керакки, Машраб исмли таниш, нотаниш тарихий шахслар кўп учрайди. Албатта, ҳамма машраблар ҳам омию бенаво бўлавермагандир. Уларнинг ичидан Бобораҳим Машрабдан бошқа ҳам Машраб исмли шоирлар ўтгандир. Чунончи, «Қомуси аълом» номли луғатда бир эмас, бешта Машрабдан хабар берилади. Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» тазкирасида ҳам Машраб деган шоир бор. Эронийларнинг Қум шаҳридан чиққан ўз Машраб шоирлари ҳам бор.
XVII — XVIII асрдаги ўзбек адабиётида эса, Машраб деган икки шоир бор. Булардан бири бизнинг севик-ли шоиримиз — Бобораҳим Валибобо ўғли Машрабдир. Иккинчиси, билмадик — Ўзганда туғилиб, Наманганда яшаганми, ёхуд Наманганда туғилиб, Ўзганда яшаганми (буни албатта бундан кейинги тадқиқотлар аниқлайди), Мулла Рўзи охун деган сўфий шахсдир. Бу одам ўзига Машраби Соний деб тахаллус қўйган. Бу киши Бобораҳимдан 40—50 йиллар кейин яшаган бўлиши эҳтимол. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида унинг девони сақланади. 9968 номерли бу девон шоирнинг қўлёзмаси эмас, анчагина хушхат котиб томонидан кейинроқ кўчирилган бир нусхадир.
Ҳалигача Бобораҳим Машрабга оид деб келинадиган «Мабдаи нур» номли сўфиёна ахлоқий тизма асар шу Мулла Рўзи охуннинг асари экани аниқ ва равшан бўлди.
«Мабдаи нур» Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Маснавий»сига тақлидан ёзилган кучсиз бир шарҳдир. Лекин Мулла Рўзи — Машраби Соний бу асарни ёзиб қўйиб, тоза ҳам мақтанади. Бу асарни ҳатто «Хамса»лардан юқори қўяди. «Ҳар бир мусулмон шуни ўқисин, ўқимаса мусулмонлигига шубҳам бор», дегандай бўлади.
Лекин Машраби Соний ҳам ўз доирасида анчагина талантли шоир ҳисобланади. Унинг ёзган шарҳи, шеърлари равон, ўқишли. Аммо ҳамма ғазалининг охирги мисраларида деярли «Мабдаи нур»ни мен ёздим, ўқинг, мусулмонлар», деган ундов бор.
Яна шу институтнинг бисотида 9251 рақамли бир қўлёзма бор. Шу қўлёзманинг охирида Мулла Рўзибойнинг бир мухаммаси тўлиқ кўчирилган. Ўша мухаммасда шундай сатрлар бор:
Синаи покимга жодур кулли шарҳи «Маснавий», Ояти «Тоҳо» талаб бўлсанг, менинг олдимга кел. Кўзи кўр, жондан боқиб, жононани кўрдум, деган, Зоҳир исмим Рўзибою, Мавлавий ўғлум деган, Машраби Соний талаб бўлсанг, менинг олдимга кел. Вақти охир ошкора бўлди бу «Мабдаи нур», Зоҳиру ҳам ботиним толибга еткургай сурур, Шарҳи байти «Маснавий» Мавлавий Румий будур, Зоҳири аъмо талаб бўлсанг, менинг олдимга кел.Демак, Бобораҳим Машраб «Мабдаи нур» авторлигидан холис бўлди. Бу ҳаммаси эмас, ҳали гап кўп.
Бобораҳим Машрабнинг оташин, жўшқин лирик шеърлари, ўз замонасидаги бошбошдоқлик, қоронғилик, зулму ситамлардан шикоят қилиб ёзган исёнкор сатрлари ўша вақтлардаёқ жабр кўрган омма ўртасида нур тезлиги билан ёйилиб борар эди. Машраб бир ғазални тугатар-тугатмас ошиқлар, маъшуқлар, риндлар, қалби аламли кишилар илиб олиб, куйга солар эдилар. Қашқардан тортиб бутун Фарғона, Тошкент, Зарафшон воҳаларига қадар қалдирғочдай учиб борган бу сатрлар шоирнинг зўр ҳурматини эл ўртасида ёяр эди. Бу улуғ шуҳратдан чўчиган баъзи дин аҳллари, эшонлар, домлалар шу шуҳратни ўз диний манфаатлари йўлига бурмоқчи бўлдилар. Бунинг учун улар Машраби Соний — Мулла Рўзи томонидан ёзилган сўфиёна шеърларни Бобораҳим шеърлари билан аралаштириб, омма ўртасига ёя бошладилар. Ҳанузгача «Девони Машраб»дай кенг тарқалиб келган тўплам ҳам шу зайлдаги қўшма, аралашмалардан иборатдир. Чунки бу тўпламни йиғган шахс ҳам Бобораҳим асарларини Машраби Сонийнинг асарларидан фарқ қилишда илмий ва тадқиқий савияга эга бўлмаган, содда бир киши бўлган, албатта.
Ҳар ҳолда, дин аҳллари ўтган шу икки асрдан зиёдроқ бир муддатда Машраб ниқоби остида талайгина тарғибот ва ташвиқот ишларини юргиздилар. Мулла Рўзининг мутасаввуф шеърлари хонақоларда, зикрларда, қаландарларнинг оғзида, эшон ойимларнинг жаҳрияларида узоқ муддат мунграб келди. Лекин чинакам ишқ эгалари, покиза сўз, лирик ҳиссиёт, оташин севги талаб бўлган кўпчилик ўз шоири Бобораҳим Машрабнинг асл ижодини хас-хашаклар орасидан топилган дурдоналардай ардоқлаб, сақлаб, куйлаб, бизнинг замонамизгача эсон-омон етказиб кела олди.
Эндиги бизнинг вазифамиз йирик шоиримиз Бобораҳим Машрабнинг ижодини қайта бошдан ўрганиш, уни аралашмалардан тозалаб, халқимизга етказиб беришдир.
Ўзбекистон Фанлар академияси А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институтининг илмий ходими, филология фанлари кандидати Абдуқодир Ҳайитметов Машраб ижоди устида узоқ вақтлардан буён унумли илмий ишлар олиб бориб, анчагина муваффақиятларга эришди. Юқорида айтиб ўтилган Машраби Соний тўғрисидаги тадқиқот материаллари ҳам унинг ишидан олингандир.
А. Ҳайитметов билан бирга шу соҳада иш олиб бораётган бошқа илмий ходимлар тез орада бизнинг Машрабни ўз халқига яна яқинроқ таништириб қуядилар, деб ишонамиз.
“Қизил Ўзбекистон”, 1959 йил 14 февраль