Эркин Воҳидов. Чақмоқ умри (1982)

Усмон Носир ҳаёт бўлганида етмиш ёшга тўлган бўларди. Лекин бу мўътабар ёшга етиш ҳассос шоирга насиб қилмади. Йигирма бешга етмаган чоғида у ижод оламини тарк этди. Шафқатсиз қисмат халқни олов юрак фарзандидан жудо қилди.

Усмон Носир лаҳзалик қисқа умрида ўша давр адабий муҳитини қандай ларзага солган бўлса, мана ярим асрдан кейин ҳам у яратган мисралар бизни ҳайратга солади, ёш бир йигитчанинг шу қадар теран фикрлагани, шу қадар тугал ва ёрқин образлар чизгани бизни лол қилади.

Лермонтов, Добролюбов, Абдулла Тўқай, Бараташвили, Сергей Есенин… Усмон Носир… Булар дунёдан ўттиз баҳорни ҳам кўрмай ўтган, аммо ўз номларини улуғлик пиллапоясига кўтарган сиймолардир…

Истеъдод шундай бир гавҳарки, у денгиз тубида, садаф ичида ҳам — гавҳар, истеъдод шундай бир зилол ирмоқки, унинг ҳар қатрасида дарёларнинг қудрати, уммонларнинг теранлиги бор, истеъдод шундай бир гулки, унинг ҳар бир очилмаган ғунчасида чаманларнинг бўйи ва таровати бор.

Усмон Носир истеъдоди ана шундай гавҳар, ана шундай ирмоқ, ана шундай ғунча эди.

Шоирнинг замондоши, қаҳрамон адиб, чех халқи фарзанди, ўзбек халқининг дўсти Юлиус Фучик: «Одамлар, ҳушёр бўлинг, мен сизни севардим!» деган сўзларни айтган. Усмон Носир ўз ижоди билан, ўз қисмати билан ҳар нафас бизга шу сўзларни такрор этади: «Одамлар, ҳушёр бўлинг, мен сизни севардим!»

Давр халққа унинг ифтихори бўлган, унинг юраги бўлган фарзандларини қайтиб берди. Бугун Усмон Носир номли кўчада истиқомат қилувчиларнинг бахтли болалари Усмон Носир номли мактабда ўқийдилар. Шоир умри унинг шеърларида давом этади.

1982