Ҳаётимиздаги ўтмиш сарқитлари ва турли-туман иллатларга қарши кураш, буларни илдизи билан қўпоришда сатиранинг роли беқиёс каттадир. Қиёмига етиб мўлжалига теккан сатирик сўз шу иллатга қарши курашда бир ёки бир неча очиқ суддан каттароқ рол ўйнаши, чуқурроқ таъсир кўрсатиши мумкин. Шу нуқтан назардан қараганда «Муштум» нақадар кулгили бўлса, шу қадар жиддий, нақадар жиддий бўлса, шу қадар кулгили журнал бўлиши керак.
Мен «Муштум»нинг 60-йилда ва бу йилнинг биринчи ярмида чиққан сонларини кўриб чиқдим. Шу сонларга қараб ҳукм чиқарилса, журнал зиммасидаги вазифани бажаришда оқсаб бораётипти. Мен бу журнални қарийб ўттиз беш йилдан бери ўқийман, кўп йиллар давомида актив ёзувчиларидан бўлганман. «Муштум»нинг эски мухлиси сифатида шуни айтишим мумкин: журнал ўзининг салкам қирқ йиллик тарихида ҳамиша юксак даражада бўлган эмас, унинг ҳозирги савияси ва аҳволи ҳам порлоқ саҳифани ташкил қилмайди.
1. Редакцияда муҳаррирнинг буткул хато бир йўриғи ҳукм суради. Бу йўриққа журналга материал уюштиришда «ҳаммадан муҳими факт топиш», «факт бўлса ёзиш ҳеч нарса эмас». Бу йўриқ сатиранинг хусусиятини, таъсир кучини мутлақо инкор қилади. Шунинг учун «Муштум»да босилган материалларнинг кўпчилигини сатирик жозиба ва кучдан маҳрум бўлган фактлар ташкил қилади. Бу материаллар зикр қилинган хатолар, камчиликлар, жиноятларни илдизи билан қўпориш воситаси бўлиб эмас, жазо ва тергов органларига иш очиш учун асос бўлибгина хизмат қилади холос.
Мен журналнинг бир ярим йиллик сонларини кўздан кечирган вақтимда бир нарса диққатимни тортди. «Муштум» ҳар сонида жуда кўп одамни «уриб чиқади». Масалан: журналнинг 60-йилдаги 21-сонида 29 граждан «урилган». 7 аёл маҳалласидагина эмас, балки бутун шаҳарда хижолатга қўйилади. Хижолатга қолган аёллар жабрдийда бўлиб, ҳаммаси бир фосиқ эрнинг домига тушган, алданган, бошига фалокат келган, бу фалокатни мумкин қадар эл-юртдан сир тутишга ҳаракат қилган аёллардир. Бу аёлларнинг номигина эмас, шаҳри, маҳалласи, баъзан уйининг номеригача кўрсатилади. Натижада жабр кўрган аёл жинояткор эркак билак баробар маънавий жазо тортади.
Журналнинг 61-йилги 7-сонида 34 киши «урилган» ва 6 аёл хижолатга қўйилган. Бу аёлларнинг ёнига баъзан болалар ҳам қўшилади, уларнинг ҳам номлари айтилиб, унинг кўксига умрбод доғ солинади.
Одамларнинг номлари зикр қилинган материалларнинг кўпчилиги мутлақо кулги эмас, буларнинг баъзилари ҳатто ҳақорат даражасига бориб етади. Ҳолбуки, сатирик журналнинг қуроли кулги бўлиши, унинг кулгисига қолган киши шу материал асосида тергов идораларининг иш очишидан, қўрқувидан ҳам кўра кўпроқ маънавий азоб чекиши, эл-юрт ичида бош кўтаролмай қолиши, ўзи ҳақида айтилган ўткир сўз зарбидан узоқ вақт ўнгарилмаслиги керак.
Бу жиҳатдан «Крокодил» журналидан ўрнак олиш керак. Бу журнал аввало бўлар-бўлмасга одамларнинг номини айта бермайди, ундан кейин одамларни категорияларга бўлиб «уради»: бировдан ўпкалаб, бировни таъна қилиб, бировни туртиб, бировни уялтириб, бировни шарманда қилиб кулади ва «Крокодил»нинг қўли теккан кишиларнинг асосий кўпчилиги лат емайди.
2. «Муштум» фактларга ўралашиб қолиб, шу доирадан ташқарига чиқолмайди. Журналда фельетон, памфлет сингари умумлашма материал йўқ ҳисоби. Журнал халқ ижодиётига юзланиб аския, латифадан фойдаланишга уринади, лекин афандиларнинг деярли ҳаммаси тутуруқсиз, аскиялар эса ўлардай суюқ. Босилиб чиққан аскияларнинг деярли ҳаммаси зўрма-зўраки, мақсад маъносиз сўз ўйини ёки «ҳозиржавоблик»дан иборат. Маъно киргизилган аскиялар кулгидан, «кулгиси бор» аскиялар маънодан маҳрумдир.
Журнал қандай фактларни умумлаштиришга ва қандай фактларни умумлаштирмаслик кераклигига яхши эътибор қилмайди.
Колхоз фермаси мудирлари орасида ҳаром одамлар ҳам бор, бунга ҳеч ким шубҳа қилмайди, лекин «Муштум» буни шу қадар умумлаштиради, бу ҳақда шу қадар кўп материал ва карикатуралар берадики, ферма мудири деганда кишининг кўз олдига туғма ўғри келади. Колхоз раислари, «бошлиқ»лар ҳақида ҳам «Муштум» ўқувчида хато тасаввур қолдиради.
Фактни умумлаштиришдаги фаросатсизлик баъзан ўқувчининг ғазабини келтиради. Масалан: бир врач газетада ичкиликка қарши мақола ёзади ва шу мақоланинг гонорарини олиб ўртоғига ўлгудай ичкилик ичиради!
Бу умумлашмадан кимга қанчалик фойда чиқар экан?
3. Журнал баъзан нима деяётганини ўзи яхши билмайди.
Докторлар тузатолмаган бир касалликни (семизлик) табиб тузатади. Тушуниб бўлмайди: журнал табибни фош қилаётиптими, уни пропаганда қилаётиптими?
Бир карикатурада деҳқон-консерватор кетмонга қараб хитоб қилади: «Жонгинам, сенга бензин ҳам, запас қисм ҳам керак бўлмасди, сендан қандай ажраламан!» дейди.
Бунда консерватор танқид қилинаётиптими, кетмон мақталаётиптими?
Биров сигирга айтади: «О муғомбир-э, оч қолсанг маърашни биласану, дардингни айтмайсан-а!»
Бунинг маъноси нима?
Журналда бунақа маъносиз ва маъноли бўлган тақдирда ҳам ҳеч ким кулмайдиган материаллар, карикатуралар кўп босилади.
4. Тил маданияти учун кураш ҳам «Муштум»нинг вазифаларидан биридир, бироқ журнал бу борада кураш олиб боришда ожиз, чунки унинг ўзи маданиятсиз. Нотўғри ишлатилган сўзлар, иборалар, бузуқ жумлалар, тилдаги қашшоқлик аломатларини журналнинг ҳар саҳифасидан кўплаб топиш мумкин.
5. Редакцияда малакали кучлар оз бўлгани, тажрибали сатирикларни журнал ўз атрофига тўплолмагани учун талантли ёшлардан янги кадрлар етиштириш ишини ёмон бир аҳволда дейиш мумкин. Редакция кекса ва моҳир рус рассомларига ўзбек ёш карикатуристларни пайванд қилиб, янги карикатуристлар етиштириш ўрнига кўзбўямачилик қилаётипти. Рус рассомларидан Леушин чизган карикатуралари остига Уста Камол деб, Синицкий Солиев деб, Воробейчиков Валиев деб имзо қўяди.
Мен уч ярим йилдан бери редколлегия аъзосиман, лекин бирон мартаба редколлегия мажлисига чақирилганим йўқ. Шу муддат ичида кўриб фикримни айтиш учун менга фақат битта материал юборилди.
1961 йил 16 июль