Хуршид Дўстмуҳаммад. Ўзбекистон мустақил бўла оладими? (1990)

Мустақил бўла олмайдиган шахс ҳам, давлат ҳам йўқ. Ҳаётнинг неча минг асрлик аччиқ-чучугини тотиган Ўзбекистон нега мустақил бўла олмас экан! Фақат… биз илдизлари тарихдан қўпориб олинган, таваллуди сунъий равишда 17-йилдан бошланган Ўзбекистонда яшаяпмиз. Социализм ваъда қилган тузум афзалликларидан келиб чиқсак, ҳозир мустақил яшаётган ҳисобланамиз-ку. У ҳолда «Ўзбекистон мустақил бўла оладими?» деган савол нега бугун тилларга қалқиб чиқди? «Мустақиллик декларацияси» мустамлака диёрларда қабул қилинишини эътиборга олсак, демак, жумҳуриятимиз мустақил яшамаётган экан-да?!

Афсуски, шундай! Мен «шундай эди» демадим, чунки биз ҳали мустақилликка эришганимизча йўқ, декларация қабул қилдик, холос. Яъни, ният қилдик. Ваҳоланки, шу пайтгача ният ҳам қилмасдик, озодлик ҳақида ният қилиш кўникмаси ҳам жуда-жуда тақчил эди. Мана, ғишт қолипдан кўчди, қоғозда бўлса-да тарихий кўчиш бўлди бу!

Энди навбат унинг амалига. Амалда мустақилликка эришиш қарор эълон қилиш, декларация қабул қилишдан чандон қийин, у бир кунлик иш эмас, у — жараён, узоқ давом этадиган жараён.

Бу жараёнда қандай ҳодисалар кечмоғи керак? Жумҳуриятимизнинг ҳар бир фуқароси, ҳар бир оила, ҳар бир жамоа, ҳар бир уруғ, элат ўз қадр-қимматини англамоғи зарур. Қадр-қимматни англаш ўз ҳақ-ҳуқуқини англашдан бошланади. Ҳар бир фуқародан бошлаб санаб ўтилган бирликлар ўзлигини англагани сайин охир-оқибатда жумҳурият қадр-қиммати англанади, мустақиллигига замин яратилади. Англаш шу даражада олий мақомга кўтарилсинки, токи Ўзбекистон худди бир комил ШАХСга айлансин!

Бундай камолотга эришиш кенг дунёқарашни, савияни, иймон-эътиқодни тақозо этади. Европа мамлакатларида, Совет Иттифоқи ҳудудидаги жумҳуриятларда юз бераётган сиёсий-ижтимоий воқеаларни кузатсак, XXI аср бўсағасида мустақилликка эришишда ўзига хослик кўринади: бу — музокаралар йўли билан, ижтимоий ўзгаришларнинг заруратини онгли равишда англаш йўли билан, ақл-идрок йўли билан янгиланиш! Можаристон, Чехословакия, собиқ ГДРдаги осойишта ўзгаришлар, турмуш фаровонлигига эришиш ўша ерлик халқнинг савиясидан, маданиятининг юқорилигидан далолатдир. Шу маънода Руминияда бўлган тўнтариш — у мустақиллик, адолат ўрнатиш истагида амалга оширилган тақдирда ҳам — феодал ёвузликлари сифатида ХХ аср кишисига ётдир!

Биз ана шундай янгиланишлардан ҳушёр бўлмоғимиз керак. Фарғонадами, Паркентдами, Ўшдами ё Андижондами — қаерда эканлигидан, қайси миллат вакили эканлигидан қатъи назар, биронта одамнинг қони тўкилиш эвазига, биронта гўдакнинг аччиқ кўз ёшлари эвазига бўлар экан — портлаш йўли билан эришиладиган мустақилликдан воз кеча олиш, ундай мустақилликка эришишдан сабр қилиш ҳам инсонийликдандир!

«Ғалаба қурбонсиз бўлмайди» деган даъволар билан яшаётганлар оз эмас, йўқ, ҳамонки, «маданиятимиз юксак халқмиз» деб кўксимизга уряпмизми, марҳамат қилиб мустақилликка маданият билан эришиш чорасини топайлик, литвалик ҳамфикр биродарларимиз сингари «куйловчи инқилоб» йўлларини ҳар бир фуқаро онги ва қалбига сингдира олайлик. Ана шундагина мустақиллик татийди, ана шундагина қачонлардир эмин-эркин яшаётганимизда беҳуда ва ноўрин тўкилган қонлар уволига қолмаймиз, шаҳидлар руҳи бизларни безовта қилмайди.

Жумҳуриятимиздаги ҳозирги вазиятда кишиларда ботиний мустақиллик сари қадам ташлаш йўлида яна бир хавф сезилмоқда. Бу шахс ва ҳокимият ўртасидаги муносабатларда кўринмоқда.

Жумҳурият Президенти, ҳукумати кейинги пайтларда амалга ошираётган — халқ фаровонлигини яхшилашга қаратилган тадбирларнинг нечоғли таҳсинга лойиқлигини эътироф этган ҳолда шуни ҳам унутмаслик керакки, ўтказилаётган тадбирлар Президент ёки ҳукумат фаолиятини халқ назарида илоҳийлаштириб юбормаслиги лозим. Бунга йўл қўйиш, биринчидан, воқеаларни ҳали теран идрок этолмайдиган фуқаролар орасида сиғиниш касаллигини уйғотса, иккинчидан, одамлар қалбида ўзимиз истаётган мустақиллик туйғусини яна бўғишга олиб келади. Бошқача айтганда, «сен ҳозирги марказдан бошқаришдаги адолатсизликлардан холисан, эркинсан, бу ёғига сен бизлар туфайли мустақилсан, ўзимизга бўйсунавер» деган мазмун келиб чиқадики, бу ҳам тўлақонли эркка олиб бормайди.

Хуллас, кишилар қалбида, шуурида кечадиган мустақилликка ташналик жараёни бирлашиб умумхалқ мақсад-муддаосига айланса, у жумҳуриятдаги сиёсий ҳокимият томонидан тўғри йўналтирилса ва бу эзгу интилишларимизни яратганнинг ўзи қўллаб-қувватласа, ЎША КУНЛАРГА етар ахир бизнинг ҳам авлод…

“Ёшлик” журнали, 1990 йил 9сон