Умарали Норматов. Мафтункор ишқ муждалари (2006)

«Дунёнинг сири», «Ғуломгардиш», «Қоғоз гуллар», «Саодат соҳили», «Ёзнинг ёлғиз ёдгори», «Кўнгил озодадур» каби ҳикоя, қиссалари; «Андиша», «Шоирона, дарвешона бир маъно», «Бобурнинг тушлари» сингари бадиалари ўтган аср охирги чораги миллий адабиётимиз тараққиётида муносиб ўрин эгаллайди. Бу асарлар шахс жумбоғи, инсон руҳиятидаги сирли-сеҳрли хусусият, ҳолатларни алоҳида бир назокат билан теран англаш ҳамда нафосат туйғусига йўғрилган ҳолда ифода этиш санъати билан миллий насримизда ўзига хос ҳодисага айланди. Улар танқидчиликда озми-кўпми баҳосини олган. Бироқ адибнинг кўпйиллик ижодий изланишлари маҳсули – энг салмоқдор асари «Бобурийнома» ҳали етарли таҳлил-тадқиқ этилгани йўқ. Етти йил бурун «Бобурийнома» китоб ҳолида чиққанида уни иштиёқ билан ўқиб, у ҳақда бирор нарса ёзишга жазм этиб эдим. Турли андишалар сабаб бу ният амалга ошмай қолиб кетди. Ниҳоят, Хайриддин туғилган куннинг эллик йиллиги арафасида китобнинг қайта мутолааси чоғида кўнгилда туғилган айрим ўй-мушоҳадаларни Сиз, азиз ўқувчилар билан баҳам кўришга жазм этдим.

Хайриддин Султон 1992 — 1996 йиллари «Бобурийнома» асари устида ишлади. Аслида унда Бобур шахсияти, ҳаёти, ижодига қизиқиш болаликдан бошланган. Муаллиф эътирофига кўра, олис қишлоқ мактаби деворига осилган бу сиймо суврати ва унда мулойим табассум ила боқиб турган, шоҳона салласига укпар жиға қадалган улуғсифат инсоннинг бори-борлиғи мактаб ўқувчиси Хайриддиннинг мурғак қалбида бир умрга ўрнашиб қолади. Суврат остидаги «Толе йўқи…» деб бошланувчи машҳур рубоийнинг содда, ҳазин, мардона мисраларини бир ўқишдаёқ ёд олиб, уйда, кўча-кўйда, дала-даштларда бетиним такрор айтиб юради. Рубоийнинг маъюс-шикаста оҳанги дилига қаттиқ таъсир қилар, ўз-ўзидан йиғлагиси, узоқ бир жойларга бош олиб кетгиси келарди ўша кезлари.
«Шу йўсин, — деб ёзади адиб кейинчалик, — Бобур Мирзонинг мардлик ва мурувватда, заковат ва матонатда тенгсиз шахсиятига мафтун бўлиб қолдим.
Мен уни отамдай, онамдай, фарзандимдай яхши кўриб қолдим.
Қарийб йигирма йилдирки, шу мафтункор ишқ билан сармаст яшайман».
Ёзувчининг чорак асрлик ижоди намуналарининг тенг ярмини Бобур шахсияти, ҳаёти, ижодига бағишланган қисса, ҳикоя, бадиа, суҳбат, очерклар ташкил этади. «Йўлбарснинг туғилиши» деб аталган илк киноҳикоясини мустасно этганда, «Ой ботган паллада», «Саодат соҳили», «Паноҳ», «Тавба», «Бобурнинг тушлари», «Нуқта» каби Бобур мавзуидаги асарлари ўз вақтида матбуотда эълон этилган, улар адабий жамоатчилик орасида қизиқиш уйғотган, айримлари теварагида қизғин баҳс-мунозаралар ҳам бўлиб ўтган. «Саодат соҳили» қиссаси эса, мана, ўн беш йилдирки, мактаб адабиёт дастури, дарслигидан муқим ўрин олиб келади.
1992 йили мустақил мамлакатимизда бобуршуносликнинг янги бир саҳифаси очилди: андижонлик фидойи Зокиржон Машрабов бошчилигида Бобур номидаги халқаро илмий экспедиция Бобур Мирзо ва унинг авлод-аждодлари изидан олис сафарга отланди. Бобурпарвар сафар қатнашчилари сафида устоз адиб Пиримқул Қодировдан кейин Бобур ва Бобурийлар ҳақида энг «кўб ва хўб» ёзган навқирон ижодкор Хайриддин Султон ҳам бор эди. Экспедиция олтмиш кечаю олтмиш кундуз йўл юриб ўн саккиз минг километрдан зиёд масофани босиб ўтди. Ёзувчи айтганидек, бу унутилмас сафар Ўзбекистон тарихида ўзига хос бир воқеа бўлиб қолди. Бобур ва унинг аждодлари ҳаётини ўрганиш, бугунга қадар барҳаёт зурёдларини қидириб топиш, улар билан алоқа ўрнатишдек муҳим тадбирларда адиб фаол иштирок этди. Қисқаси, «Бобурийнома»да 1992 йилги сафар хотираларидан 1996 йилга қадар Бобур билан боғлиқ воқеа-тадбирлар — барчаси худди «Бобурнома» услубига хос тарзда аниқ, лўнда, ихчам ва ҳаққоний гавдалантириб берилган.
Китобда Бобур Мирзо шажараси, Амир Темурга бориб тақалувчи улуғ аждодлари, фарзандлари, хусусан, ўғли Ҳумоюн, набираси Акбардан Баҳодиршоҳ Зафарга қадар 300 йилдан ортиқ буюк салтанат тахтида ўтирган машҳур авлодлари, туғишган сингил, қиз-набиралари, келинлари ҳақида ишончли манбаларга таянган ҳолда бой маълумотлар келтирилади. Ҳумоюн билан Комрон Мирзо шеърий ижоди, ота-болалар шеъриятидаги муштаракликлар ҳақида қизиқарли мулоҳазалар юритилади. Хусусан, Шоҳ Жаҳон билан Мумтоз Маҳалнинг беназир севги ва вафо қиссаси, Баҳодиршоҳнинг салтанат ҳимояси йўлидаги мардона жанглари, ҳалокати тафсилотлари мароқ билан ўқилади. Китоб Баҳодиршоҳ Зафарнинг эвараси бўлмиш Покиза Султон Бегим ҳикояси билан якунланади.
«Бобурийнома»даги сафар хотиралари, Бобур авлодлари ҳақидаги ҳикоялар қанчалик қизиқарли бўлмасин, охир-оқибат, асар асосида муаллиф тасаввури ва талқинидаги Мирзо Бобур феномени туради.
Миллий адабиётимиз тарихида ҳеч қайси адиб ўзи ҳақида бу қадар «кўб ва хўб» ёзган, ҳақ гапни мардона туриб баралла айтган эмас. Буни Бобурнинг ўзи ҳам яхши билган, ошкора эътироф этган:

Ҳар вақтки, кўргайсен менинг сўзумни,
Сўзумни ўқуб англағайсен ўзумни.

Афсуски, шўро даврида, тоталитар мафкуравий, адабий сиёсат ҳукмронлик қилган шароитда бу ҳайратомуз беназир сиймо тўғрисидаги ҳақиқатни юзага чиқариш ниҳоятда қийин кечди. Бобурнинг шахсияти ҳам, ижоди ҳам мустабид мафкуранинг «синфий ёндашув» қолипига мутлақо сиғмас эди. Бобур ҳақидаги бор гапни айтиш, ёзиш бамисоли жаллод кундасига бошни қўйиб бериш билан баробар эди ўша йиллари. Бобурпарвар – ҳақиқатпарвар адибларимиз ана шундай ҳавотирни билган, тўла англаган ҳолда бу ўта қалтис мавзуда қалам тебратишга журъат эта олдилар. П.Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи бошига тушган не-не савдолардан яхши хабардор ҳолда Хайриддин Бобур мавзуидаги туркум ҳикоя, бадиаларини ёзишдан тўхтамади. «Бобурийнома» матнининг деярли учдан бир қисмини ташкил этувчи бу асарларнинг дунёга келиш тарихи, улар теварагидаги можаролар китобда батафсил ёритилган. Айниқса, «Ой ботган паллада» ҳикоясининг юзага чиқишида «улуғ инсон, улуғ адиб, шафқатли мураббий» Асқад Мухтор бош бўлган «мустабид бир тузумдаги эркин фикр оролчаси» саналмиш «Гулистон» журнали ижодий жамоаси саховати алоҳида эҳтиром билан қаламга олинган.
«Бобурийнома» муаллифи Бобур шахсияти устида ўйлар экан, унга хос қомусий фаолият ва хислатлар ҳақида ҳайрат билан қалам тебратади. «Агар унинг ўн икки ёшли бола чоғидан шиддатли сарой курашлари гирдобида қолиб, лоақал бирон-бир мадрасани ҳам тугатишга имкон ва фурсати бўлмаганини ҳисобга олсак, бу улуғ феноменнинг чиндан ҳам нақадар буюклигига иқрор бўламиз. Шу боис бу тимсоли йўқ инсоннинг ички дунёси, маънавий олами ғоят жозибадор, айни вақтда шу қадар сирлидир», деб ёзади муаллиф.
Аввало, Бобур Мирзо қисматининг ўзи бир тилсим, уни моддиюнча тафаккур орқали тушуниш, тушунтириш мушкул, унда ғойибона илоҳий бир маъно мужассам. Ғоят таҳликали вазиятда тахтга ўтирган кундан бошлаб салтанат ҳимояси йўлида она юртида олиб борган самарасиз курашлари, ниҳоят, Ҳинд элида буюк империя тиклагунга қадар чеккан заҳматлари — бир инсон боласи дош бериши мумкин бўлмаган мислсиз кўргиликлардир. Ўзи айтмоқчи, чархнинг у кўрмаган жабру жафоси, хўрликлари қолмаган. Курашлар, олишувлар давомида неча бор ҳаёти жар ёқасига келиб қолади. Ажаб, бу ғаройиб сиймо ана шу қалтис вазиятларнинг барчасидан омон чиқиб кета олган омадли ғолиб, Оллоҳ карамига сазовор хосиятлик шахсдир. «Бобурийнома»да таъкидланганидек, буларнинг барчаси бу мумтоз шахс умрининг илми ғайб ҳикматлари билангина шарҳланиши мумкин бўлган сирли саҳифаларидир.
Муаллиф «Бобурнома»ни «Ибрат китоби», «Мардона китоб», «Донишмандлик китоби» сифатида таърифлар экан, айни пайтда уни «Буюк сирлар китоби» деб атайди. «Бобурнома»ни саҳифама-саҳифа варақлаб кўрсангиз, — деб ёзади муаллиф – унинг қатларида ўнлаб ғаройиб тилсимотларга дуч келасиз… Дунёда илми ғайб деб аталмиш мўъжиза мавжудлигига «Бобурнома»дек ҳаққоният китобини мутолаа қилган киши, шубҳасиз, имон келтиради».
Муаллиф уқтириб ўтганидек, Бобур ўз даврининг пешқадам вакили сифатида хурофотдан, тараққиёт йўлига ғов ташлайдиган бидъатлардан йироқ бўлган, кези келганда, хурофот, бидъатларни фош этган, ҳурофот билан ҳақиқат чегарасини жуда нозик фарқлаган. Айни пайтда «Бобурнома»ни кўнгил кўзи билан мутолаа қилган адиб асар саҳифларида инсонни лолу ҳайрон этадиган тилсим пинҳон эканига иқрор бўлади. Бобурнинг Хўжа Аҳрор билан боғлиқ тушларидаги башоратлар ҳақ бўлиб чиқиши – исканжада қолган Мирзога толенинг кулиб боқиши чиндан-да ҳайратомуз ҳодиса! ХХ асрнинг буюк руҳшуноси З.Фрейд агар «Бобурийнома»нинг Бобур тушларига оид саҳифалари билан танишганда эди, туш таъбирлари тўғрисидаги тадқиқотига, эҳтимол, янги бир боб қўшган бўлармиди.
Муаллиф Эдуард Холденнинг «Бобур инсонлар ичида энг ботиридир» деган таърифига қўшимча қилиб «Бобур инсонлар ичида энг ростгўйидир», деб атайди. Буларга илова тариқасида, «Бобур ижодкорлар ичида энг самимийсидир», деб айтсак хато бўлмас. Дарҳақиқат, «Бобурийнома»да битилганидек, Бобур тарихий воқеалар, тарихий сиймолар, табиат ҳодисалари ҳақида қанчалар аниқлик ва ҳаққоният билан мулоҳаза билдирса, ўз шахсиятидаги номарғуб хусусиятлар ҳақида ҳам мардоналик билан сўз юритади, феъл-атворидаги жузъий ва улуғ нуқсону айбларни яширмай сўйлайди, изтироблари, руҳнинг ички, оғриқли зиддиятларини китобхондан пинҳон тутмай, ажиб бир самимият билан изҳор этади; шеъриятида, «Бобурнома» саҳифаларида ҳақиқат Бобур ҳаётининг бош мезони, асл моҳияти сифатида кўринади. Бобурнинг ахлоқий нуқтаи назари, маънавий таҳлили ғоят бешафқат, аёвсиз. У ўзгаларнинг фаолияти, хатти-ҳаракатларини қандай талаблар асосида баҳоласа, бу талабларни энг аввало ўзига қўйиб кўради, яъни пичоқни олдин «ўзига уради». Бу жиҳатдан «Бобурнома»даги майхўрликка, чоғир суҳбатига оид саҳифалар ғоят ибратлидир. «Тавба» бадиасида улар синчиклаб ўрганилган, теран таҳлил этилган. Эсини танигандан буён ислом шартлари руҳида тарбияланган, бутун умри давомида Оллоҳни дилига жо қилиб ўтган аллома нега Қуръони Каримда ман этилган майхўрликка бу қадар ружу қўяди, деган саволга жавоб ахтаради. Бобурдек баркамол сиймо ҳам бандасига хос бу хил ожизликлардан холи эмаслиги муаллиф қатори сизу бизни ҳам ўйга толдиради. Бироқ, энг аҳамиятлиси, Бобур бошқа бандаи мўминлардан фарқли ўлароқ, вужудидаги шу ожизликка қарши жанг эълон қилади ва бу жангда ҳам ғолиб чиқади! Ҳазрат Навоий айтганларидек, тўқайдаги йўлбарсни енгган кимса баҳодир эмас, балки ўз нафсини енгган кимса баҳодирдир.
Бобур майхўрликдан воз кечиб, Оллоҳ олдида тавба қилиб, иккинчи бор уни оғзига олмасликка онт ичар экан, муаллиф «Бобурнома»нинг ўша тантанали воқеалар тасвиридан сўнгги саҳифаларини ҳадик билан варақлашда давом этади, бирор саҳифада Бобурнинг самимий эътирофи ила бу тантанали таъбирни бузиб қўядиган далолат чиқиб қолмасмикан, деган иштибоҳ уни хавотирга солади. Минг шукурки, бундай ҳол қайта юз бермайди. Бобур ўз аҳдида қатъий туради. Бу қарор ижроси унинг учун ғоят қийинчиликлар билан кечганлигини ростгўйлик ва самимият ила эътироф этади. Мана у нималар дейди: «Филвоқиъ, бу ўтган икки йилда чоғир мажлисининг орзу ва иштиёқи беҳад ва ғоят эди, андоқким, чоғир иштиёқидин борлар йиғламоқ сирҳадиға етар эдим. Бу йил, алҳамдуллилоҳ, ул дағдаға тамом хотирдан рафъ бўлди… Сиз ҳам тавба қилинг…»
Фақат миллат тарихи эмас, жаҳон тарихида сийрак учрайдиган қомусий фазилатлар соҳиби Мирзо Бобур шахсиятининг бу каби сирли-сеҳрли хислатлари теран тадқиқ этилган «Бобурийнома» асари устидаги мухтасар мулоҳазаларимизни шу билан якунласак бўларди. Аммо «Бобурийнома»дан жой олган суҳбатдаги адабиётшунос Муртазо Қаршибойнинг «Ҳазрати Бобурга хос фазилатлардан қайси бирини алоҳида қадрлайсиз?» деган саволига муаллиф берган жавобни эслатиб ўтмасак, китоб ҳақидаги тасаввуримиз чала бўлиб қолар эди. «Бу беназир шахснинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиб, шундай хулосага келдимки, — дейди адиб, — у зот насл-насаб жиҳатидан қанчалик аристократ бўлган бўлса, кундалик турмуш ва ижодда шунчалик демократ бўлган… Бу зоти бузургнинг демократлиги аввало шунда кўринадики, у ҳамиша, ҳамма жойда, турли ижтимоий синфлар, диний-миллий оқимлар, турли хил савиядаги кишилар билан ҳамжиҳатлик қилишга интилди. Яхшилик туйғуси дунёнинг маънавий асосларидан бири эканини умр бўйи уқтириб ўтди… Бобур ҳаётда ҳам, ижодда ҳам халқона бир йўлни оғишмай танлади, ўзи мансуб бўлган ижтимоий табақа анъаналарига қарши борган ҳолда «хонбоп эмас, ҳаммабоп» бўлишга (Абдулла Қодирий таъбири) интилди…»
Ниҳоят, Бобур ижодидан ўзингизга энг маъқул бир мисрани айтиб беринг, деган сўровга муаллифнинг жавоби бу ўктам сиймо шахсияти жозибасини янада очиб юборади:
«Давлатқа етиб меҳнат элин унутма». Назаримда, бу пурҳикмат сатрни ҳар бир инсон ўз қалбига нақш этиб қўйса, асло зиён қилмайди».

Умарали Норматов,
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 3-сонидан олинди.