Жўра Фозил. Яқин-йироқлар (ҳикоя)

Олис-олисларда салобатли тоғлар кўланкаси кўзга ташланар, ақраб қуюқ дарахтзорларда хазон япроқлардан гулханлар ёқар, чуқур сукутдаги мўйсафид чўққилар томондан катта карвондек оғир булутлар бостириб келмоқда эди. Изғирин шамол эсар, ҳувиллаган боғлар ичкарисидан рутубат ҳиди анқир, қўрғошинранг осмондан кўз узолмай турган Маҳкамнинг юрагида ҳам гўё тоғ кўчкиси содир бўлаётганди.
Неча ойдирки, у хориж сафарида юрган рассом дўстининг тоғ этагидаги шалвираб қолган ҳовличасида яшаб, ўзини ўнглаб олмоқчи бўларди.
Тоғ тошлари ва ит оёғидек эгри ёғочлардан нари-бери тикланган бу ғариб ҳовлича сўққабош рассомга ота-онасидан мерос, уни сал эпақага келтиришга сира ҳафсала қилмасди. Унинг мўйқаламлар, бўз ва бўёқлардан бўлак ҳеч вақоси йўқ, мабодо боқий дунёга рихлат қилгудек бўлса, уни гўру чўп қилиш ҳамқишлоқлари бўйнига тушиши тайин. Ҳозир хорижда юрган рассом қайси ҳисобдан сафарга жўнаганини ҳамқишлоқлари ҳам, дўстлари ҳам билишмасди.
Рассом бир умр шу қишлоқда яшаб, гўзал тоғ манзараларини абадият учун матога муҳрлади, халқаро кўргазмаларда ғолиб бўлди, эвазига анча-мунча пул ҳам олди. Бу пулдан бўз ва бўёқ учун озгина олиб, қолганини болалар уйи ҳисобига ўтказиб юборди.
Маҳкам дўсти билан ҳасратлашгиси келар, лекин рассомнинг ҳеч ким билан иши йўқ, баъзан шаҳарга боргиси келиб қолса, тонг қоронғусида яёв йўлга чиқиб, тушда манзилга зўрға етар, онда-сонда Маҳкамнинг уйида ҳам меҳмон бўлар, лекин ўзини жуда ноқулай сезарди. Бир неча соат ўтгач, яна қишлоқ томон пойи-пиёда йўлга тушар, дўстининг тунаб қолиш тўғрисидаги таваллоларига парво қилмасди.
Энди Маҳкам ҳам дўсти сингари сўққабош­ликни ихтиёр этди, қўша-қўша ҳовлилари бўлса-да, ёлғиз боши ҳеч қаерга сиғмади. Ўғиллари у билан бирга яшашни исташмади, қизлари ўз рўзғорлари билан овора. Пенсияга чиқиб, хотиним билан маза қилиб яшайман, деб ўйлаган Маҳкам қаттиқ янглишганини англади. Хотини унга ўта бепарво бўлиб қолган, бир чойнак чой дамласа ҳам оғринар, нуқул диванда ётиб олиб, хориж сериалларини кўришдан бошқасини билмасди. Очиғини айтганда эса, унинг эри билан сира ҳисоблашгиси йўқ, ҳамма фарзандлари уйли-жойли, топарман-тутарман, қўлини қаёққа узатса, етади. Маҳкам аввалига хотиним қарияпти деб ўйлаб, унинг ўзига нисбатан лоқайд-бепарволигига унчалик эътибор қилмади. Лекин секин-аста бепарволик, ҳурматсизликка, эрининг меҳнатини тан олмаслик даражасига бориб етди.
Кунларнинг бирида эр яхши дазмолланмаган шим учун эътироз билдирган эди, хотин орани узил-кесил очиқ қилди-қўйди:
– Хоҳласангиз – шу! Ёқмаса, ўзингиз дазмоллайверинг! Униям истамасангиз, ана, катта кўча! Бошқасига уйлансангиз ҳам майли, кўнг­лим бултургидек!
Маҳкам қулоқларига ишонгиси келмас, ўзи бир вақтлар яхши кўриб уйланган аёлни таниёлмай қолган эди.
Хотини унинг жим турганини кўриб, яна ҳаддидан ошди.
– Кўпам болалар учун уни қилдим – буни қилдим, деб керилаверманг. Cиз оталик бурчингизни бажаргансиз, холос.
Ўша оқшом улар анча баҳслашишди, хотин сира ён бермади, қирқ йиллик умр йўлдошининг бошидан шунчалар мағзава ағдардики, Маҳкам вақт алламаҳал бўлиб қолганига қарамай, машинага ўтириб, дўстининг тоғдаги ҳовлисига жўнади.
Орадан бир неча ой ўтди. Уни на хотини, на фарзандлари йўқлашди. Ҳатто қўл телефонига ҳам биров қўнғироқ қилгани йўқ.
У невараларини соғинар, “Мен шунчалик кераксиз эканман-да” деган ўй миясини тинмай кемирарди. Ахир, рўзғорим, болаларим эл қатори бўлсин, дея тиним билмай ишлади, соғлиги, ёшлиги, куч-қувватидан мосуво бўлди. Кўзининг ёғини еганлар эса, ундан ортиқча гап-сўзсиз жуда осонгина воз кеча қолдилар. Энг яқин дўстлар, шогирдлар ҳам унинг “йўқолиб” қолганини сезишмади.
Оиладан олисда хотини ундан қачон бунчалар йироқлашиб кетганини зўр бериб ўйлай бош­лади. Маълум бўлишича, хотини ҳаммасини силлиққина амалга ошириб улгурган экан. У энг аввало, ниманидир баҳона қилиб, ўзига бошқа ўрин сола бошлади. Кейинчалик, эри тун ярмигача ишда бўлишини айтиб, хобгоҳини ҳам алоҳида қилиб олди.
Кунларнинг бирида эр ҳазил қилди: “Энди бошқа-бошқа ҳовлида яшасак ҳам бўлаверади, чоғи!..”. Хотини афтини сал буриштирдию индамади. Улар орасидаги жарлик ўшанда пайдо бўлиб, кун сайин чуқурлашиб борган экан. Охири иккаласи ҳам бегоналик пайдо қилган шу жарлик тубига қулаб тушишди. Энди ундан чиқиш имкони борми-йўқми, Худо билади…
… Маҳкам ақраб изғиринидан қунишиб, дағ-дағ титраётган боғда секин-аста одимлаб, шамол шовқинига қулоқ тутар экан, ёноғига “чип” этиб оғир бир томчи тушди. Томчи жуда совуқ, муз аралаш эди. Шунда у ўзи ҳам хийла совуқ қотганини англади. Эр кишининг кўз ёшларига монанд яккам-дуккам томчилар жадаллашди.
Маҳкам осмонга тикилди. Олис чўққилардан йўлга чиққан ўша оғир қўрғошинранг булутлар шундоқ, қишлоқ тепасида осилиб турар, энди ёмғир эмас муз ёғилар, яланғоч дарахт новдалари “шатир-шутур” қиларди.
Бадани жунжикиб, титраётганига қарамай, уйга киргиси келмас, табиатда қўзғалаётган бўрон унинг қалбидаги талотумлар олдида ҳеч гап эмасди, чамаси.
Ёғаётган муз аралаш ёмғир новдаларда катта-кичик биллур сирғалардек осилиб турар, бу манзара Маҳкамнинг юрагидаги маҳзунликни янада оширарди.
Во дариғ, шунчалар ширин ҳаётнинг шунчалар шафқатсизлигини кўринг. Жаҳонни ларзага солган Искандар Зулқарнайннинг боқий дунёга рихлат қилар чоғида тобутдан чиқариб қўйилган очиқ қўли ҳақида жуда кўп гапирилади. Яъни у нариги дунёга қуп-қуруқ кетгани таъкидланади. Бу қайтарилавериб, меъдага теккан гаплар. Cирасини айтганда, мурданинг қўли қуруқ кетгани катта фожеа ҳам эмасдир, эҳтимол? Ахир, Искандар нариги дунёда мол-давлатни бошига урармиди? Жаннат ҳуру ғилмонлари ҳам зар-зеварга ўчмиканлар? Ким билади, дейсиз?
Ҳа, Искандарнинг очиқ кетган қўллари ҳақида кўп гапирилади, лекин ҳамма нарсадан мосуво кўнгли ҳақида ҳеч нима дейилмайди.
Ўлим – ҳақ, ундан унчалик қўрқиш ҳам керак эмасдир. Лекин ўлим содир бўлгунга қадар бандаи ожиз дўст-душмандан, хотин, бола-чақа, мол-мулк, қаҳр-ғазаб ва меҳрдан – бор-будидан жудо бўла бошлайди. Ахир, шунинг ўзи ўлимдан юз карра даҳшатлироқ-ку!
Зеро, Cен – бу сенсан. Cендан бошқаси – сен эмас! Cен эмасми, демак, мутлақ вафо ҳам қилмайди. Шоир айтганидай, “Дунёда ўлимдан ­бошқаси – ёлғон!”
Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Энг даҳшатлиси, шуки, сен ўз менингга ҳам қарши борасан, шунга мажбур-маҳкумсан. Зеро, вақт-вақти билан ўз-ўзингни нимагадир ишонтирмоқчи бўласан – алдайсан. Бировдан алдансанг хафа бўласану, лекин ўзингни ўзинг бемалол алдайверасан, ҳеч ҳам хафа бўлмайсан. Мантиқ қани?
Оламда сени алдамайдиган ва сен ҳам алдаёлмайдиган икки нарса мавжуддир. Бири – Яратгувчи. Иккинчиси – Табиат. Зеро, Ой – бу ҳар доим Ой, Қуёш – ҳар доим Қуёш. Ер, Cув, Қор, Ёмғир, Шамол ҳам худди шундай.
Мана, ҳозир, боридан ажраб, мунғайган боғ ҳам баҳор келгач яна гул очади.
Лекин табиатнинг энг комил мавжудоти бўлмиш инсон-чи? Инсон шу боғ янглиғ қайта гул оча оладими? Йўқ, асло! Боғларга кўклам ҳар йили ташриф буюради, лекин инсон умрининг баҳори бир мартагина келади…
…Маҳкамнинг кипригига майин, юмшоқ бир нарса қўнди. У сесканиб кетиб атрофга аланглади. Муз аралаш ёғаётган ёмғир қорга айланган, қонталаш хазонлар, дарахт учлари, майсаларни оққа буркаб улгурганди.
“Эҳ, бу ёғи зўр бўлди-ку, — деди Маҳкам табиат мўъжизасидан тўлқинланиб. – Қиш бола ташлади – кузда қор ёғди!”.
Маҳкам юз-кўзларига қўнаётган момиқ қордан ҳузурланиб, кўксини тўлдириб нафас олди. Болалигидан қорни яхши кўрар, шу топда худди ўша, маъсуд дамлардагидек шўхлик қилгиси келар, неча ойлардан бери онг-шуурини қоплаб олган гард-ғубор тарқаб, кўнглининг зимистон бурчаклари ёришмоқда эди.
Бирдан у совқотиб, тишлари такиллаётганини сезди. Айвон тагида ғамлаб қўйилган қуруқ ўтинни олиб, чоғроқ хонадаги печкага ўт ёқади.
Бироздан сўнг хона исиб, дераза ойналарини тер қоплади. Худди шу аснода ташқарида машина овози эшитилдию кўп ўтмай, супада бир неча киши кўринди.
Маҳкам ҳайрон бўлиб, эшикдан чиққан эди, қувончдан юраги ҳаприқиб кетди. Келгувчилар – рассом дўсти, кичик ўғли Адҳам ва бу ерларнинг одамига ўхшамайдиган 40-45 ёшлардаги нотаниш аёл жилмайиб туришарди.
Маҳкам аввал дўсти, кейин Адҳамжон билан қучоқлашиб кўришди.
– Дарвоқе, танишинглар, бу киши турмуш ўртоғим Натали. Франциялик. Умримнинг сўнгини шу аёл билан ўтказишга аҳд қилдим. Cўққабош­лик жонга тегди. Қачонгача ўзим овқат пишириб юраман? – деди рассом.
– Табриклайман, дўстим, қўша қаринглар, – деди Маҳкам бу янгиликдан хурсанд бўлиб.
Натали нимтабассум билан унга қўл узатди.
Уйга кириб, биргаликда дастурхон тузатишар экан, Адҳамжон хурсандликдан оғзининг таноби қочиб, шундай деди:
– Ота, суюнчи беринг! Кеча ўғил кўрдим!
Маҳкамнинг миясига нимадир “гуп” этиб урилди, бир неча сония мобайнида сархуш одамга ўхшаб қолди. Қордан ёриша бошлаган кўнгли тағин ҳам кўтарилиб кетди.
– Ўғил муборак бўлсин, болам, – деди овози титраб. – Умри билан берган бўлсин!
Маҳкамнинг сархушлиги ошиб борар, нима деяётгани, нима қилаётганини билмасди. У хонадан секин сирғалиб чиқди-да, боғ томонга ўтди.
Дов-дарахтлар оппоқ салла ўраган нуроний чоллардек сукут сақлашар, чор-атроф маҳв бўлган тирамоҳ, кириб келган қиш оҳангларига тўла, Маҳкамнинг юраги ҳаприқмоқда эди. Кипригида бир томчи ёш дириллаб турди-да, сўнгра ёноғига думалади, лабларида шўртак таъм сезилди, кўкси жизиллаб, ачишиб кетди.
У қор қўйнидаги боққа янада диққат билан тикилди. Ажабо, нигоҳлари олдида қор эмас, оппоқ гулларга бурканган дарахтлар жилоланиб турарди.

“ЎзАС”дан олинди.