Насимхон Раҳмон. “Минг йиллик, туман кунлик ёзувим”

Тилнинг сақланиб қолиши ва тараққий этишига ёзув ва халқнинг этник жараёнидаги узлуксизлик кафолатдир. Бу фикримизга кимдир қўшилмаслиги ҳам мумкин. Чунки ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи билан шуғулланаётган тарихчи олимларнинг қарашларидан бизнинг қарашларимиз маълум даражада фарқ қилади. Бу қарашларимизнинг ўзгачалиги, биринчи навбатда, ўзбек тилининг  манбаларига муносабатимизда аён бўлади. Биз учун ўзбек халқининг этногенези далиллари рўйхатида биринчи бўлиб ёзув ва тил туради. Ёзувга алоҳида эътибор беришимизга сабаб шуки, унда халқнинг тили яшайди. Бу қараш бизда бирданига пайдо бўлмаган, балки бир неча ўн йиллар давомида қадимги туркий ёзувлар билан шуғулланишимиз маҳсули сифатида юзага келган. Этногенез ва этник тарихнинг муҳим қуроли ва асоси ёзув бўлганини назарда тутсак, дунё халқлари ижод қилган тўрт юздан ортиқ ёзувлар маълум бир халқнинг этник тарихини ҳам, тили тарихини ҳам сақлаб келгани тўғрисида ишонч билан сўз юритиш мумкин. Мавжуд ёзувлар халқнинг номи (шумер ёзуви, миср ёзуви, туркий ёзув, кхарошти ёзуви, мўғул ёзуви  ва ҳоказо) ёки маълум тарихий шахс­лар (масалан, Моний ёзуви) номи билан юритилгани ҳам бежиз эмас. Қолаверса, маълум бир халқнинг адабий-тарихий манбаларида берилган маълумотлар, ишоралар ҳам она тилининг илдизларини талқин ва таҳлил қилишда қимматли далил бўла олади.

Биз ўзбек тилининг тарихий илдизлари ҳақида сўз юритар эканмиз, турли қарашлар ва муносабатлардан кўра манбалар муҳимроқ омил эканини ҳар доим назарда тутамиз. Ўзбек тилининг тарихий илдизлари учун асосий  манба – қадимги туркий тилдаги ёзма ёдгорликлардир. Ўзбек халқининг этник жараёни ва ўзбек тили тараққиётини мазкур ёдгорликлар ўзида тўлиқ акс эттиради. Бу ўринда бир муҳим расмий маълумотни келтириш ўринли: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида 2016 йил 13 майда чиққан фармонда “Ўзбек тилининг ҳар томонлама тараққий топиши ва адабий тил сифатида майдонга чиқишида қадимий туркий тил катта ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлаш табиийдир” деган банди диққатга сазовор. Бу банд  энг қадимги давр­лардан ўзбек тилининг узлуксиз давом этиб келгани тўғрисида муҳим далил ўлароқ, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатни ўзида мужассамлантирган. Ўзбек тили қадимги туркий тилнинг давоми экан, уларнинг ўзаро алоқадорликларини қайси далилларга таяниб аниқлаш мумкин, деган савол туғилади.

Биринчи навбатда, қадимги туркий тилга асос бўлган диалектлардаги фонетик, грамматик ва лексик бирликларнинг эски ўзбек тилида давом этганига таянган ҳолда аниқлаш мумкин. Қадимги туркий тилнинг қайси диалектлар асосида шакллангани ҳақида биринчи бўлиб, ўтган асрнинг ўрталарида, машҳур турколог В. В. Радлов илгари сурган ҳамда қадимги туркий диалектларни тасниф қилган эди. Бугунгача унинг қарашлари туркологияда катта салмоққа эга. Унинг фикрича, қадимги туркий тил учта диалектдан ташкил топган: биринчиси – қадимги шимолий диалект. Бу диалектда Ўрта Осиё туркий қабилалари сўзлашган бўлиб, турк-сир диалекти деган ном билан ҳам юритилади; сир – бу қипчоқлардир деган фикр туркологияга кириб келди ва ўрнашди (ўзбек халқининг катта қисмини қипчоқлар ташкил қилганини исботлаб ўтириш ортиқча); иккинчиси – қадимги жанубий диалект, бу диалект уйғур тилини ўз ичига олади; учинчиси – аралаш диалект ёки аралаш тил деб ҳам номланиб, юқоридаги икки диалектнинг аралашмасидан иборат деб қаралади; моний ёзувидаги туркий ёзма ёдгорликлар, “Олтун ёруғ” ана шу диалект таъсирида яратилган.

Шуниси диққатга сазоворки, шимолий диалектга мансуб Кул тигин, Билга хоқон, Тўнюқуқ ва бошқа қатор ёдгорликлар тили хусусиятлари эски ўзбек тилида ҳам учрайди. Масалан, —ыпан равишдош шакли Навоий ва Бобур ғазалларида ҳам бор. Ёки тўру, су, талим каби қатор қадимги туркийча сўзларнинг Олтин Ўрда ўзбек адабий тилида қўлланишда давом этгани ҳам юқоридаги фикримизга бир далилдир. Биз қадимги шимолий диалект анъанавийлигини кўрсатиш учун шу мисоллар билан чекланамиз. Бир сўз билан айтганда, қадимги туркий тил билан эски ўзбек тили ўртасига тенглик белгисини қўйиш мумкин. Қадимги туркий ёдгорлик­лар устида узоқ йиллар давомида олиб борган тадқиқотларимиз натижасида эски ўзбек ва қадимги туркий тилларнинг асло бир-биридан узоқлашиб кетмаганини кўрамиз. Шу боис ҳам қадимги туркий тилга, биринчи навбатда, ўзбек халқи даъвогар деган фикрни ўртага ташлаяпмиз. Қадимги туркий тилга даъвогарлик дегани – Марказий Осиёда энг қадимдан бери давом этиб келаётган тилга даъвогарлик деганидир. Қолаверса, бунга яна бир далил – Ўзбекистон ҳудудидан VI–VIII асрларга оид туркий-рун ёзувларининг топилгани ва маълум даражада ўрганилгани ҳамдир.

Шу ўринда ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи билан ўзбек тилининг алоқадорлиги масаласига оид бир фикр устида тўхташни ўринли деб билиб – халқнинг ва унинг тили элат бўлиб шаклланмасдан олдин пайдо бўла бошлаганини қайд этиш билан чекланамиз. Зотан, кейинги йилларда “ўзбек халқи икки хил тилда сўзлашувчи аждодлардан, яъни этник бирликлардан таркиб топган” деган қарашлар ҳам пайдо бўлдики, бу қарашлар ўзбек тилининг тарихий илдизларини ўрганишда ғайриилмий, зўрма-зўраки қарашларни ва  нуқтаи назарларни келтириб чиқариши табиий. Далилларга асосланмаган бундай фикр-қарашлар халқнинг келиб чиқишинигина эмас, балки тилнинг келиб чиқиши ҳақидаги далилларни ҳам шубҳа остига қўяди. Ўзбекистон тарихининг, қолаверса, Марказий Осиё тарихининг катта билимдони академик А. Асқаров айнан шундай фикрда. Борди-ю, тилни этник тарихга ва этногенезга хизмат қилдириш зарурати бўлса, лексик қатламнинг таъсири ва ўзлаштирилиши  ҳақида гапириш ўринли бўлар. Моваруннаҳр ва Хоразм ўлкаларида истиқомат қилган элатлар этник жиҳатидан ҳам, тил жиҳатидан ҳам тамомила бир-биридан фарқ қилганини у атайлаб унутиб қолдираётгандай таассурот уйғотади.

Бундай вазиятда ўз-ўзидан қуйидагича саволлар туғилади: агар ўзбек халқининг тили икки тилда сўзлашувчи этник бирлик тилларидан ташкил топган бўлса, нимага тилда иккинчи тил қатламининг тизимли хусусияти сақланиб қолмаган? Дарвоқе, ўша тил қайси? Иккинчи этник бирликнинг тил хусусиятлари, элементлари, масалан, сўзлар ёки грамматик шакллар ё бошқа бирон лингвистик омиллар сақланганми? Қолаверса, бу қараш ўзбек тилининг тарихий илдизларини холис ўрганишга қанчалик хизмат қилади? Аслида А. Асқаров айтган ўша иккинчи этник бирлик тилининг элементлари ўзбек тилида акс этганда эди, бу қонуний ҳодиса сифатида қаралган ва у ҳақда сўз юритиш асосли бўлар эди. Ўзбек тилининг манбаи қадимги туркий тилда экан, унга яна қандайдир тамомила номаълум тилни зўрма-зўраки тиркашдан кўра, ҳар қандай тилнинг илк шаклланиш даврида бир неча диалектларни ўзида мужассамлантирган койне ҳақида гапириш ўринли бўлар эди. Койне – маълум бир географик ҳудудда “адабий тил” вазифасини бажарган қабила тилидир, яъни барча қабилалар учун битта қабиланинг тили алоқа-аралашув тили вазифасини бажаради. Бизнингча, Шимолий Мўғилистондан тортиб Венгриягача ёйилган қадимги туркий тилнинг юқоридаги учта диалектида сўзлашувчи қабилалари учун умумий диалект бўлган, худди Александр Македонскийнинг армиясида  койне умумий диалект сифатида хизмат қилгани сингари[1]. Бизнингча, қадимги туркий тилнинг шимолий диалекти койне вазифасини бажарган. Ҳозирча бу бизнинг тахминимиз. Келгусида фикрлар янада аниқлашувига шубҳа йўқ.

Биз юқорида ёзув – маълум бир ҳудуддаги тилнинг келиб чиқиши ва халқнинг этногенези учун асосий қурол эканини айтиб ўтдик. Бу ўзбек тилининг тарихий илдизи учун биринчи далил. Шу нуқтаи назардан баҳоланса, Хоразм ўлкасида кенг истифода этилган хоразм ёзуви эроний ёзув тизимига мансуб эканини айтиб ўтишга тўғри келади. Бу назарий тушунча фанга қачондан бери маълум. Милодий биринчи аср бошларида хуннлар Хоразмга келганда, сўнгра Хоразм турк хоқонлиги тасарруфига кирганда (милодий VI аср ўрталарида) хоразм аҳолисини туркийлаштириш анча олдинга силжиди. Х асрда – Салжуқ бошчилигидаги ўғузлар Хоразмни эгаллаб олгандан кейин туркийлаштириш жараёни юксак чўққисига етди. Шундай экан, ўзбек тилининг тарихий илдизлари учун қадимги хоразм тили ва ёзувини мезон ёки асос қилиб олиш ўзини оқламайди. Аксинча, азалдан ўтроқ ҳаёт кечирган Фарғона водийсидаги лингвистик омилларга таянилса, масала илмий ечимини топган бўлади.

Фарғона водийсининг турли ҳудудларидан топилган туркий-рун ёзуви ёдгорликлари, Тошкент вилояти, Бухоронинг Қизилқум чўлидан топилган ёзув ёдгорлиги сингари бир қатор туркий ёзув ёдгорликлари милодий VI–VII асрга мансуб бўлиб, Жанубий Сибирь, Талас водийсидан топилган туркий ёзувлар билан замондош, ҳатто бироз олдинроқ деб ҳам айтиш мумкин. Шу боис Ўзбекистон ҳудудидан топилган туркий-рун ёзуви ёдгорлик­лари ўзбек тилининг тарихий илдизларини далиллашда асосий воситадир.

Биз туркий-рун ёзуви ўзбек тилининг тарихий илдизи учун ишончли манбалардан биридир деб қарар эканмиз, туркий-рун ёзуви, туркий тамғалар ва буларнинг асосида ётган қадимги туркий тил ҳақида бошқа ёдгорликлардаги тарихий маълумотлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Далилларга мурожаат этайлик:

Элетмиш билга хоқон битиктошида (759–760-йиларда яратилган, бу даврда турк хоқонлиги тугатилиб, уйғур хоқонлиги барпо бўлган) шундай маълумот бор: Bing yilliq tuman kunluk bitigimin, balgumin bunta yasi tashqa yaratdim, tolqu tashqa toqutdim “Минг йиллик, туман кунлик ёзувимни, белгимни бу ерда ясси тошга ўйишга буюрдим (сўзма-сўз “яраттирдим”), оғир тошга ўрнаттирдим”.

Моюн чур битиктошида ана ўша тарихий маълумот айнан такрорланади. Битиктошнинг шарқий томони 21-мисрасида турк хоқонлигини тугатиб, уйғур хоқонлигини ўрнатган Моюн чурнинг Айбаш ва Тукуш деган жойларнинг чорраҳасида ёзни ўтказгани, ўша ерда чит, яъни четан (девор) тўқитгани ҳақида хабар беради ва “bing yilliq tuman kunluk bitigimin, balgumin anta jasi tashqa yaratitdim” – “минг йиллик, ўн минг кунлик (яъни абадий) ёзувимни, белгимни ясси тошга ўйдириб ёздирдим”.

Мана шу икки парча қадимги туркий тилнинг илдизига ишора қилган ишончли, айни пайтда муҳим тарихий далил сифатида эътироф этилиши мақсадга мувофиқ.

Иккинчи далил – бошқа халқларнинг тарихий манбаларида қадимги туркий тил ҳақида сақланган маълумотлар, қадимги туркий тилга оид матн парчалари ҳам ўзбек тилининг тарихий илдизи ҳақида асосли сўз юритиш учун хизмат қилади. Бу гуруҳга қадимги Хитой йилномаларида сақланиб қолган қадимги туркийлар аждоди хунларнинг тилига оид маълумотлар мансуб. Турк олими Талъат Текиннинг “Хунларнинг тили” деган кичкина китобчасида Чин ёзма манбаларида сақланиб қолган, аммо фонетик жиҳатдан ўзгаришларга учраган қадимги туркий тилдаги жумла бор. Ўнта сўздан иборат бу жумла устида К. Ширатори, Л. Базен, Рамстедт, Т. Текин ва бошқа бир қатор европалик туркологлар шуғулланишган. Қадимги туркий тилга мансуб мазкур жумла Чин сулоласи тарихи тўғрисида милоддан олдинги 329 йилга оид “Чин шу” йилномасида ёзиб қолдирилган. Туркологлар бу жумлани хитойча матн орасидан ажратиб олиб, хитойча фонетик қоидалар асосида ўқиган бўлсалар ҳам, ҳаммалари бу жумланинг хун тилида, яъни қадимги туркийча эканини эътироф этганлар. Мана, ўша жумла:

Siu-ki ti-li-kang puh-koh ku-tu-tang

Siu-ki ху(яъни қадимги туркийдаги su) тилида“қўшин, лашкар” маъносини, ti-li-kang “чиқмоқ” маъносини билдиради; su эски ўзбек тилида, хусусан, Олтин Ўрда эски ўзбек тилида истифода этилган. Хун давридаги tilikang сўзида L қадимги туркий тилга келиб sh га айланиб, tashiqing (чиқинг) шаклини олган[2].Таш – ҳозирги ўзбек тилида ташқари сўзида сақланган. Бу ўринда ламбдаизм (L – Sh) ҳодисаси бор бўлиб, L – бирламчи, Sh – иккиламчи, яъни кейинги даврда юз берган товуш ўзгаришидир. Бу фонетик ўзгариш олтой тилларига ёки прототурк (бобо турк) тилига мансуб қоидадир. Хуллас, жумланинг мазмуни қуйидагича бўлиб чиқади: Лашкар йўлга чиқади, Луи Йаони қўлга туширади.

Шу ўринда “Чин-шу” йилномасида мазкур жумла қуйидаги воқеа муносабати билан келтирилганини айтиб ўтишимиз керак: хунларнинг ху қабиласидан бўлган Ши Ло бошқа хун раҳнамоси Лиу Йаонинг рақиби бўлган. Лиу Йао милоддан олдинги 329 йили лашкари билан пойтахт шаҳар Ло Йангни қуршаб олади. Ши Ло Лиу Йао билан жанг қилмоқчи бўлади, аммо қўл остидаги қўмондонларнинг биронтаси буни маъқулламайди. Ши Ло роҳиб ва фолбин Фо Ту Тенгга маслаҳат солади. Фо Ту Тенг доира шаклидаги бир қўнғироқни чалиб, ундан чиққан овозга кўра, хун тилида юқоридаги жумлани башорат қилади.

Милоддан олдинги II асрга оид хитойча ёзувдаги хун тилига мансубchen-gli – teng-ri = tangri; ku-tu – kuo-duo = qut; shan-yu – dian-givo — dabgu, chabgu = yabgu; yen-chi ёки yem-chi – abchi = esh (ҳукмдорнинг хотини, хоним) сўзларининг қадимги туркий тилдаги ва эски ўзбек тилидаги сўзлар билан маъно жиҳатдан айнанлиги ҳам хун тилининг ўзбек тили қадимий қатламини ўзида ифодалаган тил эканига далилдир.

Хитой йилномаларининг хун ва туркий қавмларга оид қисмлари ҳали тўлиқ ўрганилмаган, ҳамма манбалар ҳам таржима қилинмаган. Келгусида бу ишлар амалга ошса, шубҳасиз, ўзбек тилининг тарихий илдизларига оид далиллар янада кўпаяди, тилимизнинг тарихий илдизларини тасдиқловчи далиллар билан бойийди. Кўпчилик тилларнинг ибтидосини ёки қариндошлик алоқаларини далиллаш учун ўзбек тилининг тарихий илдизларини қиёсий усул (компаративистик метод) асосида таҳлил қилиш лозим. Хун тилидан бошлаб ҳозирги ўзбек тилигача лексик қатламнинг яқинлигини далиллаш учун талаб қилинади.  Россиялик туркийшунос олимлар бу соҳада маълум ишларни амалга оширишган. Жумладан, ХIХ аср иккинчи ярмида Россия туркологиясида муҳим назария сифатида қўйилган қадимги туркий, япон ҳамда корейс тилларининг қариндошлиги  масаласини марҳум Сергей Старостин далиллашга ҳаракат қилиб, бир юз ўнта сўзнинг бу тилларда келиб чиқиши бир илдизга бориб тақалишни далиллаб берди. Аммо шуниси ҳам борки, ҳозирда жаҳон туркийшунослари сўзларнинг маълум бир тиллардаги (ноқардош тилларни назарда тутяпмиз) маъно ва шакл жиҳатдан ўхшашлиги ёки бир хиллиги ҳар доим ҳам тилларнинг қариндошлик алоқаларига сабаб бўла олмаслигини айтмоқдалар. Бу – алоҳида мавзу.

Этник жараёнга ва сўзларга асосланиб, ўзбек тилининг қадимги илдизи ҳақида хун тилидаги парчалар, маълум бир сўзлар тўлақонли маълумот беришини юқоридаги жумла ва сўзлар далиллайди. Хитой йилномаларида хун, кейинчалик қадимги туркий тилга оид сўзлар, жумлалар, айрим туркологларнинг айтишича, икки юзга яқин.

Америкалик олим Отто Менхен-Хельфен “Хунларнинг тарихи ва маданияти”[3] китобида хунларнинг тилига алоҳида боб бағишлаган. У тўплаган материалларга асосланган ҳолда “Хунларнинг тили ҳақида биз билганларимиз – бу исмлардир” (362-бет) деб ҳукм чиқаради. Унинг хунлар тили ҳақидаги қарашлари, асосан, гот, герман тилларидаги ёзма ёдгорликларга асосланган. Албатта, котиблар ўша элатларга тегишли бўлгандан кейин, хунча сўзларни ўз тилларининг товуш тизимига мослаб ёзганлари ҳаммага маълум қонуният. Хитой йилномаларида ҳам хунча исмлар хитойча исмлардан фарқ қилмайди. Юқоридаги жумла ҳам буни тасдиқлайди. Хунча исм хитойча ёзувда ва талаффузда берилгани боис, табиийки, хун давридаги ёки қадимги турк давридаги сўзларнинг фонетик шаклидан узоқлашган.

Биз бу ўринда Отто-Менхен-Хельфеннинг позицияси, манбага таяниш тамо­йиллари нотўғри деган даъвони қилмоқчи эмасмиз. Лекин унинг “Хунлар Европага боргунга қадар (бу милодий 395 йилга тўғри келади) ўз ёзувига эга бўлмаган эди, Аттиланинг котиблари хунлардан бўлмаган, балки римликлар бўлган” деган қарашлари Хитой манбаларида сақланган мавжуд далилларни инкор қилишга олиб келади. Элетмиш Билга хоқон ва Моюн чур қадимги туркий ёдгорликларидан келтирилган юқоридаги “минг йиллик, туман кунлик” ёзувлар ҳақидаги маълумотлар хун, қадимги турк ва эски ўзбек тилларининг узлуксиз бир тизим ҳолида давом этиб келганини кўрсатади. Бу фикрларимиз ва келтирилган далиллар туркий тилларнинг генеологик таснифи ва даврлаштиришни қайтадан кўриб чиқишга ундайди. Н. Бас­каковдан бошлаб ҳозирги олимлар тақдим қилган таснифларда, назаримизда, генеологик ва географик мезонлар аралаштириб юборилгандай таассурот қолдиради.

Милоддан олдинги IV асрда хунлар ҳақида ёзиб қолдирилган хитой йилномаларини, эҳтимол, ундан олдинги йилномаларни ҳам, синчиклаб ўрганиш ўзбек хитойшуносларининг муҳим вазифаларидан бири саналади. Шунингдек, скифологияни ҳам бу соҳага жалб қилиш лозим. Скифлар тилининг сўз қатлами ҳам ўзбек тилининг тарихий илдизларига таянч манбалардан бири бўлган деб ҳисобланса, айни ҳақиқат бўларди.

Умуман олганда, ўзбек тилининг тарихий илдизлари чуқур эканини далиллайдиган тадқиқотлар давом этиши лозим. Бунинг учун эса туркийшунослик фан сифатида Ўзбекистонда қарор топиши ва бизнинг мамлакатимиз жаҳон туркийшунослигининг маркази бўлиши керак, деб ўйлаймиз.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 2-сон

________________

[1] Материалы из Википедии: Койне
[2] Talat Tekin. Hunlarning dili. Ankara, 1 basim, 1993, s.37.
[3] Отто Менхен-Хельфен. История и культура гуннов. М.: Центрполиграф, 2014, 362-бет.

Насимхон Раҳмон – филология фанлари доктори, профессор. 1952 йилда туғилган. Фарғона давлат педагогика институтининг (ҳозирги ФарДУ) ўзбек тили ва адабиёти факультетида ўқиган. “Тошга битилган китоблар”, “Инсон руҳининг садоси”, “Битиглар оламида”, “Турк хоқонлиги”, “Ўзбекистоннинг кўҳна туркий-рун ёзувлари” каби китоблари чоп этилган.