Ҳалима Худойбердиева. Оқибат деворлари (1988)

Ҳалима Худойбердиева ва Набижон Боқий суҳбати

— Эшитяпсизми, Ҳалима опа, хонанда куйлаяпти. Шоир қалби нидо қиляпти:

…Оқибатни ё-ёд этиб, ҳайро-он ўзинг,
Ҳайро-о-он ўзинг!

Мен ҳам ҳайронман. Қўшиқ кишининг ҳаёлот қамровини кенгайтиради. Фикрлар жиловини эркин қўясиз. Айни туйғулар камондек таранг тортилган лаҳзаларда шеър яратилса не ажаб! Ҳар ҳолда камина бирорта шеърга доялик қилмаганини олдиндан айтиб қўйишим лозим. Аммо суҳбатимиз мавзуи катта: диалектика, тарих, фалсафа, Ўрхун-Энасой битиклари… Хуллас шеърият ҳақида…

— Ўзингизга маълум, мен анчадан буён “ижодий” отпускадаман — фарзанд кўрдик.

— Муборак бўлсин! Қизми, ўғилми?

— Ўғил. Исми Мирзо Ғолиб. Мен кейинги пайтларда адабиётимиздаги янгиликларни синчиклаб кузатиб боролмадим. Айтинг-чи, кимлар жиддий воқеа бўладиган асарлар яратишди?

— Абдулла Орипов билан Гулчеҳра Нуриллаеваларнинг туркумларини ўқигандирсиз… кечирасиз, Ҳалима опа, ўзингиз янги шеърлар ёзаяпсизми?

— Ёзяпман. Янги шеърлар китобимни нашрга тайёрладим. Кечагина корректураси келди.

— Кўрайлик-чи! Очиғини айтсам, мен Сизнинг 1983 йилдан кейин чоп этилган китобларингизни Алишер Навоий номидаги Давлат кутубхонасидан ҳам тополмадим. Каталогда йўқ эмиш. Шу ҳам баҳона бўлди-ю!

— Бекорга овора бўлибсиз-да, ўзи аслида йўқ нарсани барибир топиб бўлмайди-ку! Мен “Садоқат”дан кейин ўзбекча китоб чиқармаганман.

— Ие, шунча йил китоб чиқармай юриш мумкинми? Балли-е! Узр, Ҳалима опа, янги китобингиздаги дастлабки шеърингиз яхши экан. Мана бир банди:

Шу келинчак, шу аёл Сенмасмидинг, дилбандим,
Етмиш икки томирим, жигарим банди-бандим.
Сен отамми, боламми, билолмайман, асли ким,
Бир четида қуёшдай онам ботган Ватаним,
Бир четини қўриқлаб отам ётган Ватаним.

— Истеъдодли Усмон Азимовнинг Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг XVI пленумига бағишлаб ёзган шеъри “Тазарру” деб аталган эди. Гуржи режиссёри Абуладзенинг яшин тезлигида тилларда достон бўлиб кетган асари — Ватанимизнинг энг қаро кунларидан ҳикоя қилувчи бадиий фильми ҳам “Тазарру” деб аталади… Қолаверса, XVI пленум ҳам маълум маънода “тазарру” эмасмиди? Жилла қурса, “Биз Рашидовнинг гипнози остида эдик”, деган сўзларни бир эсланг. Ошириб ёзишларга ўша даврлардаги пахта сиёсати сабаб эмасми? Ўша паллада республикамиздаги деярли барча соҳада ҳаёт издан чиқиб кетди — “Ҳамма нарса пахта учун!” Ахир бизнинг социалистик жамиятимизда ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт-саодати учун хизмат қилиши керак-ку?! Ҳозир ҳам аҳвол тубдан ўзгарганича йўқ.

Октябрь ойининг охирларида Фарғонада тизза бўйи қор ёғди. Табиий офатми? Табиий офат, албатта. Далалар ғилч-ғилч лой бўлиб кетди. Опам эса уч яшар қизчасини опичлаб ҳар куни ўша далага йўл олади. Мактаб ёшига етиб-етмаган жиянларим бўлса, оналари даладан қайтгунча кўча-кўйда изиллаб юришади. Чунки опам пахта тергани чиқмаса бўлмайди: дам райондан, дам областдан келган вакиллар дарвозани тақиллатавериб безор қилишади: “Табиий офат! — дейишади.— Ҳосилни қутқариш керак!” Пахта пунктларида ўша “қутқарилган” пахталарни тўртинчи сортга қабул қилишади, холос. Ундан сифатли тола чиқиши ҳам даргумон. Ваҳоланки, кейинги йилларда рсспубликамизда “тола учун кураш” бошланди. Тўртинчи сортга топширилган пахта эса, ҳатто таннархни ҳам қопламайди. Уч-тўрт кундан кейин совуқ таъсирида опамнинг ҳўллари торс-торс ёрилиб кетди. Опам “юқоридан келган вакилларга бармоқларини кўрсатиб, худонинг зорини қилади: “Муолажа кор қилмаяпти”, дейди. Қандай муолажа денг-а? Ҳар оқшом у бармоқларининг ёриқларига шамни эритиб томизадию тун бўйи сирқ-сирқ оғриққа аранг чидаб ётади. Қишлоқларда касалхона йўқми? Бор, албатта. Лекин у ер шундоқ ҳам беморлар билан, хусусан, сариқ касалга чалинган кишилар билан лиммо-лим. Қолаверса, ҳамшираю, врачлар ҳам пахта теришлари, нормани бажаришлари керак — бармоқ ёриқларини даволаб ўтиргани ҳеч кимнинг вақти йўқ.

— Менинг опам чамамда Сизга тенгқур, бироқ бод касалига мубтало бўлган — оёғи оғрийди. Ёмғир демай далага чиқса, қор демай далага чиқса — фил ҳам йиқилиб қолар?! Тағин ҳам одамзоднинг жони сабил экан-да!

Қишлоқларда медицина хизматининг сифати аянчли. Шунинг учун ҳозир республикамиз болаларининг ўлими ва бошқа “кўрсаткичлар” бўйича СССРда юқори ўринда эканидан ажабланмаслик лозим. Кейинги пайтларда республикамизда болаларнинг ўлими юқори даражада эканини “аёлларнинг камқонлигига” йўйиш тенденцияси бошланди. Аслида, қишлоқ аёлларининг аҳволи оғир. Хўш, қишлоқ аёллари қачон ҳақиқий оналардек бола тарбияси билан шуғулланадилар? Бундай масалаларга қайта қуриш даврида жавоб топилмаса, қачон жавоб топилади?.. Ҳалима опа, Сиз бир миллион нусхадан ортиқ нусхада чоп этиладиган “Саодат” журналининг Бош редактори сифатида қишлоқ аёлларининг фожиасини биласизми? Билсангиз, нега бу ҳақда бонг урмаяпсиз?

— Набижон, таънангиз ўринли. Сиз менинг эски яраларимни тирнадингиз. Тўғри, пахта бизнинг миллий ифтихоримиз. Украина ғалласи, Қирғизистон чорваси билан бизнинг умум дастурхонимизга улуш қўшгани сингари, бизнинг умум дастурхонга қўядиган улушимиз — юзимизнинг ёруғлиги шу пахта. Шунинг учун ҳам уни қатор ўн йиллар давомида бисотимиздаги энг улуғ сўзлар билан таърифладик. Ўтган йили ҳам бутун халқ бирдай оёққа туриб, йўқни йўндириб, энг сўнгги имконларигача сарфлаб, қорли пайкалларни оралаб пахта термадими? Пахта уволини нон уволидан кам кўрмаслик — халқимизнинг қон-қонига сингиб кетганлиги ҳеч кимга сир эмас. Халқимиз мана шундай ўн йиллар давомида (айниқса, турғунлик даври деб юритилаётган кейинги ўн йилликларда) жонини жабборга бериб ишлаб ўзига нима орттирди? (Тийинни қаердан ўмаришни билган уддабурон одамларнинг ғайриқонуний бойиб кетишлари ва кўп ўтмай қонуний аслига қайтишларинию баъзан қайтолмай ҳам шармандаи шармисор кетганларини ҳисобга олмаганда албатта). Деярли ҳеч нарса орттиргани йўқ. Республикада болалар ўлимининг юқорилигига сабаб фақатгина аслларнинг камқонлигими, дейсиз, хўш, аёллардаги, оналардаги камқонликнинг ўзи қаердан пайдо бўлган? Қишлоқ аёллари орасида бефарзанд хотинларнинг нисбатан кўпроқ учрашининг асл сабаби қаерда деб ўйлайсиз?? Сўнгги йилларда сариқ касаллигининг авж олишига сабаб нима?

Мен қишлоқда ўсганман. Тўртинчи, бешинчи синфдан бошлаб, ҳали яхши очилмаган зах пахтазорга одам оралатиш пайтидан эътиборан (кўсакларга ҳаво тегсин, тезроқ очилсин деган мақсадда пахта нишона берган кезларда далаларга одам оралатишарди) то декабрь ойининг қорли-қировли кунларигача далада бўлардик.

Эсимда, Буврайҳон исмли синфдошимиз бор эди. У қаттиқ грипп бўлган кезлар ҳамон кўз ўнгимда. Лекин ётмади. Қув-қув йўталиб, юзлари иситмадан қизариб, изғирин, ёмғирли кунларда ҳам биз билан юраверди… Энди ўйлайман: ўшанда бола эканмиз-да, ўзимиз ёки ўқитувчиларимиздан бирортаси (унинг ўзини ҳеч ётгиси йўқ эди) зўрлик билан бўлса ҳам уни уйига жўнатиб юборсак бўларди-ку. Орадан анча кунлар ўтгач, далада юрган Буврайҳон бирдан қон тупура бошлади… Шундагина шоша-пиша уни уйига жўнатдик. Кейин уни рентгендан ўтказишибди ва зудлик билан ўпка касалликлари шифохонасига жойлаштиришибди. Еттинчи синфда ўша ўртоғимиздан ажралиб қолдик…

Бугун-чи, мактабни битирган ёшлар йўлини топиб шаҳарга жуфтакни ростлаб қолишларини, эркакларнинг аксарияти эса районга қатнаб, турли ташкилотларда ишлаётганликларини, дала ишлари бўлса аёллару мактаб ўқувчиларига “муҳрлаб” берилганини қандоқ тушунмоқ керак?

…”Аъзоларингиз жудаям ёш-ку”, дедим бултур Сирдарё область Сирдарё районидаги Ленин номли колхоз раиси, бутун республикага донғи кетган Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Назира опа Йўлдошевага, қушчалардай тизилишиб ўтиришган болакайларга ишора қилиб, Назира опа қизаринқиради, кейин сиполик билан оқарган сочларини тузатган бўлиб хиёл жилмайди. Ниҳоят: “Кичкина деманг, опаси, уларнинг ҳар бири суянган тоғларим-а!” дедилар.

Умри ғўза орасида ўтган, йил бўйи оёғидан кирза этик тушмайдиган, нолиш нима билмайдиган бу заҳматкаш опанинг ҳолатини тушуниш мумкин. Аммо пахтачиликнинг ҳамма мушкулотларига сабр дарахтидай муқим туриб бераётган бу аёлнинг ёнида нисбатан каттароқ “суянч тоғлари” туриши керак эмасми? Ҳазилакам юкми — бу пахта дегани!

Буларнинг ҳаммасининг бош сабабини мен ўша ҳисоб-китоби тўғри йўлга қўйилмаган “пахта сиёсати”да, колхозчига тўланадиган ҳақнинг камлиги, пахтакорларнинг иш кунининг чегараланмаганлигида, медицина хизматининг абгорлигида, маданий-маърифий шароитларнинг йўқлигида кўраман.

Мисол тариқасида, бир килограмм пахта билан бир килограмм лимон териб олиш учун сарфланадиган меҳнатни ўзаро солиштириб кўринг: хўш, бир килограмм пахта териш учун ерга неча марта энгашиб туриш лозим?…

“Бизга қанақа мутахассисларни юборишяпти ўзи?! — дейди кўз оғриғи билан касалхонада ётиб чиққан бир танишим хуноби ошиб.— Кунларнинг бирида навбатдаги муолажани олиш учун ҳамширанинг ҳузурига кирсам, у битта дугонаси билан чақчақлашиб ўтирган экан. Ҳамшира апил-тапил кўзимга дори қуйди: негадир унинг таъсири ҳар галгидан сал бошқачароқдай туюлди, қўлимдаги дока билан кўзимни артсам, оппоқ мато бир оз қорайиб қолди. Хонадан кўнглим хижил бўлиб чиқдим. Йўлак бўйлаб кетяпман-у, борган сари кузларим хиралашяпти: ана-мана деб палатага етиб боргунимча ҳеч нарсани кўрмай қолдим. Ҳеч нарсани! Ҳамма томон оппоқ. Ҳамхоналарим югуриб-елишиб бирпасда даволовчи врачни — профессорни бошлаб келишди. Профессор текшириб кўргач, кўзимга… бошқа беморга мўлжалланган дори қуйиб юборилганини аниқлади ва мени тўхтовсиз равишда операция столига ётқизишларини буюрди… Яхшиямки, бахтимга профсссор ҳали уйига кетмаган экан, йўқса эрталабгача бутунлай кўр бўлиб қолармидим, худо билади!”

Саҳардан қора хуфтонгача, вақти-соати белгиланмаган иш — пахтакорлик касби билан машғул халқимизга кўпинча билими саёз, Гиппократ қасамига эътиқоди суст кадрларни етказиб бермоқдамиз. Мана шу нуқталарнинг ҳаммаси қайта қуришга муҳтож — қайта ўйлаш, чуқур ўйлаб кўриш, ўзгартиришлар киритиш лозим бу нуқталарга. Буни энди ҳақиқий кураш — узоқ йиллар давомида йиғилиб, етилиб келган муаммоларни ҳал қилиш учун эндигина бошланган, ҳали давом этажак оғир кураш дейиш мумкин. Агар бу курашдан қандайдир манфаат келадиган бўлса, аввало, бир жонини мингга бўлиб яшаётган жабрдийда аёл баҳраманд бўлиши керак. Ахир унинг муқаддас юмуши азал-азалдан бола тарбияси бўлмаганми? Унинг ҳам инсон эканини, аёл эканини, ўзига қараши лозимлигини, район марказларида ишлайдиган ораста, пардоз-андози жойида аёллар каби ишлаб келадиган эрига ҳам ёқиши кераклигини таъкидлаб ўтмасак ҳам бўлади. Файласуфлардан бири: “Миллатнинг тозалиги, софлиги— оналарга боғлиқ”, деган эди. Хўш, миллат тозалигининг бош манбаи Оналар соғлиғи-чи?..

“Аёлларнинг соғлиғи кўпдан-кўп омилларга боғлиқ,— дейди Сирдарё область, Янгиер шаҳар, Шанхай касалхонасининг бош врач ўринбосари, гинеколог Зайнаб Бобоевна Эшмуродова. — Баъзан ўйлаб қоламан, мана, ҳаммаси одамнинг қўлида эканку, бутифосни сепмасак ҳам кунимиз ўтар экан-ку, шу ишни нега олдинроқ бир ёқлик қилмадик? Дефолиация мавсумида қанчалик эҳтиёт чоралари кўрилмасин, бари бир оналару болалар касалликлари, ўлими кескин кўпайишини, бу заҳарнинг она қорнидаги ҳомилага қандай салбий таъсир ўтказаётганини кўриб, тушуниб, аммо қўлингдан ҳеч иш келмай яшаш — биз врачлар учун ҳам осон эмас эди… Бир дугонам айнан шу долзарб масала устида илмий изланишлар олиб борди ва “ғўзанинг баргини тўкиш мавсуми”да ҳомиладор оналарда чала туғиш, бола тушиш ҳоллари 50—60 процент кўпайишини аниқлади. Кутилмаган натижалар қанчалик илмий ва амалий қимматга эга эканлиги кундай равшан бўлгани ҳолда тап-тайёр илмий ишни ҳеч ким тасдиқламади. “Бу гапларни ошкор айтиб бўлмайди ахир!—дейишди унга мутасадди ўртоқлар эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда. — Агар процентларни сал-пал камайтириб кўрсатсангиз, биз қарши эмасмиз…” Лекин дугонам ёлғон гапириб, халқни алдаб олима бўлиш — медицина фанлари кандидати бўлишни ўзига эп кўрмади. Тайёр иш стол тортмасида қолди-кетди. Орадан анча йиллар ўтди, ўша йиллардаги иштиёқ қани энди. Шунга қарамай, мен дугонамни ўша ишни қайта бошлашга ташвиқ қиляпман. Зора, дарёдай тошиб келганингда тўсадиган тўғонлар олиб ташлангани рост бўлса… Болалар хасталигининг олдини олиш учун аввало, ҳеч бўлмаганда, алмисоқдан қолган туғруқхоналарни, болалар касалхоналарини янгитдан қуриш, кенгайтириш, ҳеч бўлмаганда тез-тез чиннидай ярқиратиб ремонтдан чиқариб туриш, ҳеч бўлмаганда болаларнинг озиқ-овқати ассортиментларини кўпайтириш, ҳеч бўлмаганда оналарнинг яшаши, турмуш тарзини яхшилаш лозим. Қишлоқ магазинларининг пештахталарида кўпинча чанг босган оққанд билан новвотдан бошқа нарсани кўрмайсан. Қолаверса, (биринчи навбатда) врачларнинг ўз ишига бўлган масъулиятини, жавобгарлигини янада оширмоқ даркор… Булар жуда тезликда эришиб бўладиган ишлар эмаслиги маълум, лекин бундан бошқа йўлимиз ҳам йўқ”.

Худди шундай — бундан бошқа йўлимиз йўқ. Зайнаб Бобоевна ҳақ гапни айтди. Биз бирорта йирик муаммони ҳал қилишимиз учун шу муаммога келиб тақаладиган барча халқаларни тобга келтиришимиз керак бўлади. Бунинг учун аниқ ҳисоб-китоб зарур. Энди чўтни олдимизга олиб, аниқ ҳисоб-китоблар асосида ишлашни ўрганмоғимиз даркор. Халқимиз “турғунлик йиллари”да ишламадими?! Ишлаганда қандоқ, юқорида айтганимиздек, жонини жабборга бериб ишлади! Фақатгина ўша йиллари ҳисоб-китоблар сустроқ олиб борилди. Ҳисоб-китобни ҳайбаракаллачиликнииг “ура-ура” садолари кўмиб кетди. Сергак тортиб қарасакки, асосий йўлдан анчагина четга чиқиб кетганмиз. Анчагина. Йўлнинг қайси қисмида, қандай сабабларга кўра четга чиқиб кетдик, қандай йўл тутсак, қандай тезликда юрсак Асосий Бош йўлга тушиб олишимиз ҳақида бош қотиряпмиз бугун.

— Ҳалима опа, рухсат берсангиз ҳозир Сизнинг битта шеърингизни ўқийман:

Бугун муаммодир кўлни асрамоқ,
Муаммодир боғни, гулни асрамоқ.
Бошқача қурсак деб таклифлар қатор,
Қийин ҳатто тўғри йўлни асрамоқ.
Эсласанг… хотирга қуюнлар кетгай,
Эсласанг қораяр кўзларинг олди.
Қийғос боғлар кетиб, шамолга беткай,
Ўрнида яп-яйдоқ далалар қолди…
Ҳар бир сўзни маҳкам, дарахтдай ушлаб
Силкитгин, ҳар бир сўз берсин садо, ун.
Кўкартир, кўкартир тишингда тишлаб
Тилни асрамоқ ҳам муаммо бугун!
Сўз ташиб, сўз ташиб худди болари
Биз қайгача борсак, сўз-ла борамиз.
Сийрак тортиб қолса сўз далалари
Уни болаларга қандоқ берамиз?
Елкада она тил юклари турсин,
Биз кетавермайлик ўзни кўтариб.
Меҳнаткаш ўзбекнинг боласи юрсин
Пахта билан қўшиб Сизни кўтариб.

Дарҳақиқат, “ҳатто тўғри йўлни асрамоқ” ҳам мушкул бўлиб қолди. Маълумки, геометрия фанида исботсиз қабул қилинадиган аксиомалар бўлади. Кейинги пайтларда ҳаётда ҳам геометрия фанига хос бўлган истисно ҳодисалар — “исботсиз қабул қилинадиган теоремалар” пайдо бўлаётир. Мен республикамиз мактабларида рус тилини ўрганишни яна кучайтириш борасидаги таклифларни назарда тутяпман. Баъзи ҳолларда: “ўзбеклар ҳарбий хизматга боргач, рус тилини яхши билмагани учун қурилиш батальонларига тушиб қолмоқда” деган гаплар эшитилади. Бу — масаланинг бир томони холос. Муҳим жиҳати шуки, бугунги кунда рус тилини мукаммал билмай туриб, жаҳон маданияти бойликларини эгаллаб бўлмайди. Чинакамига билимли, малакали инсон бўлиш учун болаларимиз рус тилини пишиқ-пухта билишлари керак. Шу ўринда ўз-ўзидан савол туғилади: нега энди рус тилини ўрганишга барча имкониятларимизни сафарбар этганимиз ҳолда, айни пайтда она тилимиз — ўзбек тилини ўрганиш борасидаги камчиликлар ҳақида миқ этмаслик лозим? Ўзбек тилини пухтароқ ўрганиш борасида ким жон куйдиради? Шубҳасиз, тил ўрганиш учун инсонда қобилият бўлиши керак. Чунки тил билишлик ҳам юксак маданият белгиси ҳисобланади. Демакки, тил ҳам илм. Илмлар эса бири иккинчисига ҳалал бермайди: биз нафақат тилмочликни, балки инсоният томонидан ўтмишда яратилган барча билимларни ҳам ўзлаштирмоғимиз даркор. Ҳалима опа, биз ҳаммамиз идеология фронтининг ходимларимиз. Сир эмаски, бу соҳада ҳам чаласавод кимсалар ёки бирор мансабни узоқдан мўлжаллаб юрган, лекин ҳозирча “отини совутаётган чавандозлар” ҳар қадамда учраб туради. Улар улуғ ғояларни чайқов қилишдан ҳам тап тортмайдилар, баъзан эса куракда турмайдиган “ташаббус” билан ўзларини кўрсатмоқчи — кимнингдир назарига тушмоқчи бўладилар. Афсусланарли жойи шундаки, бундай “қалтис” дамларда “тушунган одамлар” сукут сақлаб туришади: устиларига мағзава ағдарилишидан қўрқадилар, “миллатчиликда” айбланиб қолишдан ҳадиксирайдилар. Нега бундай? Тўғри йўлни асрамоқ, рост гапни айтмоқ шунчалар қийинми?

— Ҳали бола эдим. Қишлоғимиздаги бир тўйда адабиёт ўқитувчимиз Акрам ака Каримназаров атоқли арман шоири Аветик Исаакяннинг “Она юраги” шеърини ўзбекчада, жуда таъсирли оҳангларда ўқиб берган эди: давра сув қуйгандек жимжит бўлиб қолганию кўпчилик кўзига ёш олганини ҳали-ҳали унутмайман. Асарнинг қисқача мазмуни шуки, бир санам ўзига ошиқу беқарор йигитга: “Агар муҳаббатинг чин бўлса, онангнинг юрагини суғуриб, менга олиб келасан. Ўшандан кейингина ишқингнинг ростлигига имон келтириб, сенга турмушга чиқаман”, дейди. Севги шаробидан маст-аласт йигит уйига бориб онасини ўлдиради:

…суғурибди юрагин,
Тўлдирибди қон билан
Ўйнаб ўсган кулбасин.

Йигит уриб турган юракни ҳовучлаган куйи қизнинг ҳузурига югуради. Йиқилиб-суриниб, чопиб кетаётган пайтда ногаҳон қаттиқ қоқилиб юз тубан қулайди, юракни қўлидан тушириб юборади.

Ёмон йиқилди бир гал
Қоқилиб дўнгалакка.
Тил битибди шу маҳал
Ерга тушган юракка…

Она юраги фарзандидан: “Жоним болам, қўзичоғим, ёмон йиқилмадингми, у ер-бу еринг лат емадими?” деб сўрайди.

Шу мўъжаз асар бошқа миллат вакилининг қаламига мансуб эканини, ўша шеър рус тили орқали ўзбекчага таржима қилинганини тўйда ўтирган бирон киши ўйлабди дейсизми? Асар жуда катта дард билан ёзилган эди, шу дард ҳамманинг дил торларини зирқиратиб юборди. Биз мана шундай “турткилар” таъсирида вояга етмадикми? Агар ўртамизда улуғвор маънавий кўприк — рус тили бўлмаганда ўша соҳир асарни ўзбек тилига, ўзимизга қандай қилиб ўтказиб олардик? Арман тилида яратилган шу нодир асар кимгадир халақит берадими? Йўқ, албатта. Аммо унинг кўпчиликка маънавий озиқ бергани, тингловчиларни бир лаҳза бўлса-да бир қадар теранлаштиргани, бир қадар инсонийлаштиргани шубҳасиз. Шундай экан, ер юзидаги тилларнинг бир-бирига халақит бериши мумкинлиги ҳаҳида гап бўлиши жоизми? Асло. Дунёга ижодининг асоси “хор-зорларга ачинмоққа чақирдим”дан иборат, ғамхўр, шафқат тангриси бўлмиш биргина Пушкинни бергани учун ҳам улуғ рус тилини бошимизга кўтарсак арзийди.

Гулрухсор дарёдай гулдурос солиб, “Садои ман муҳаббат, адои ман муҳаббат!” деб шеър ўқиётган лаҳзаларда юрагида тожик тилидан гўзалроқ тил ер юзида йўқлигига комил ишонч ҳукмрон бўлишига гумон қилмайман ва буни мен табиий ҳол деб биламан.

“Токи тил мавжуд экан — халқнинг умри боқийдир. Ҳар бир тил муайян халқ учун азиз ҳисобланади”, деган эди атоқли ёзувчимиз Чингиз Айтматов “Литературная газета”да эълон қилинган суҳбатларининг бирида.

Бизнинг ўз тилимизга бўлган ниҳоясиз муҳаббатимиз ҳам бошқа тилларни севишимизга, чанқоқлик билан ўрганишимизга заррача-да халақит бермайди деб ўйлайман.

Чунки бу бебаҳо мерос — бу бойликни бизга улуғ онамиз берган. Тирикликнинг энг қувончли кунларида бизнинг давомимиз бўлиб ҳар бир фарзандимиз дунёга келар экан, бу хазинани биз уларга, ўз болаларимизга ўтказамиз. Йўқотмас, тўлдириб, кўпайтирса кўпайтирар-у, камайтирмас қилиб. Борди-ю бирорта фалокат рўй бериб бу хазинани фарзанд йўқотса, бу ҳол яхшиликдан дарак бермайди. Бу катта йўқотиш армони унинг тош қотган дийдасини тимдаламаса, энди уни қайтадан бешикка белаб алла айтишга тўғри келади. Чунки унинг сезгиси уйғониши, тили қайтадан чиқиши керак. Унга худди чақалоқ маҳалларидагидай эзилиб-эзилиб, узоқ-узоқ алла айтишимиз лозим. Агарда бу чорлов, бу фиғон унга кор қилавермаса, биз ҳам Чингиз Айтматовнинг улуғ Найман онасидай белимизни сириб боғлаб манқуртга айланган бу гўдакнинг хотирасини уйғотишга киришмоғимиз керак бўлади:

“Сенинг отинг Жўломон! Эсла, эслаб кўр — сен Жўломонсан! Отангнинг оти Дўнанбой, эсла, отангнинг оти Дўнанбой!”

Биз мана шундай куйиб-куниб нидо қилганимизда, ҳар хил иккинчи, учинчи даражали ишларга эмас, мана шу биздан ҳоладиган бирдан-бир ишга ўзимизни томчи-томчимизгача сарфлаб адо қилганимизда бизнинг тил билмас гўдагимиз тилга киради. Тилга кирмай иложи йўқ. Ўзимиз ҳолдан тойиб, милтиллаб-милтиллаб сўнгги лахча чўғимизгача ўчиб бўлсаям, улуғ Найман онадай “душман ўқига учиб бўлсаям”, уни — гўдагимизни тилга киргизмоқ туғилишдай, ўлимдай ҳам қарз, хам фарз бўлмоғи лозим.

Академик Эркин Юсупов ўз мақолаларида шундай таъкидлайдилар:

“…республика Фанлар Академиясининг Тарих институтида 1981—1987 йиллар ичида тайёрланган илмий асарларнинг етмиш (70) фоизи рус тилида, йигирма (20) фоизи хорижий тилларда, фақат саккиз (8) фоизи ўзбек тилида нашр этилди. Табиатшунослик соҳасидаги илмий тадқиқот институтларида ўзбек тилида тайёрланган ишларнинг сони бундан ҳам камдир”.

Саккиз фоиз… Тилни унутиш…

Биз чанқоқлик билан ичиб улғайган шеъриятнинг биллур булоқларидан бири, эҳтиросли арман шоираси Сильва Капутикян “Правда” газетасида эълон қилган мақоласида (1987 йил 7 май): “Бошқа республикаларда қандайлигини билмайман-у, бизда — Арманистонда йилдан-йилга она тилимизнинг кўлами, доираси торайиб бормоқда”, деб ёзган эди. Бундай гапларни бевосита бизнинг республикамиз ҳақида ҳам айтиш мумкин. Тилга оқибатнинг сусайиши менга онага оқибатнинг сусайиши, отага оқибатнинг сусайиши, элга оқибатнинг сусайишидай кўнгилсиз туюлади.

Телевизорда бир савоб иш бошланди — “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатуви бериб бориляпти. Бир оқшом ўша кўрсатувни томоша қилиб ўтириб даҳшатга тушиб кетдим: чаронали чақалоқлигидан бошлаб тишида тишлаб, еру-кўкка ишонмай катта қилган Отани унутиш, Онани унутиш…

Эътиқод, оқибат деворлари кўп жойидан дарз кетган экан, биз уни билинтирмай усталик билан суваб келаётган эканмиз-у, мана бу қайта қуришнинг ларзали шамоллари, силкинишларида дарзлар кўзга ташланиб қолди. Энди зудлик билан, имкон қадар зудлик билан ларзали шамоллари, силкинишларида дарзлар кўзга ташланиб қолди. Энди зудлик билан, имкон қадар зудлик билан бу деворларни қайта қуриш, тирикликнинг оғир юкларини кўтаришга тоб берадиган, мустаҳкам қилиб қайта қуришга киришмасак, кечикамиз шекилли.

Ҳаётда кўриб, баъзан аччиқ надоматлар чекиб кузатиб юрганларим, ўйлаб юрганларим — мана шу шеър ўша кечаси қоғозга бир нафас билан тўкилди:

НИМА ДЕБ КУЙЛАШНИ МЕНГА ЎРГАТГИЛ

Эҳтимол, буюмдан воз кечмоқ мумкин,
Бебаҳо кийимдан воз кечмоқ мумкин,
Нақшинкор уйингдан воз кечмоқ мумкин,
Аммо кекса Онангдан эмас!
Чаманлар эҳтимол хотирдан кетар,
Тотганинг оғу-бол хотирдан кетар,
От кетар, суюкли бўрон ёл кетар,
Кекса Отанг кетмас хотирдан аммо!
Балки хотин кетар сендан узилиб,
Балки боланг, майли, кўнгли бузилиб,
Буларга айбдордай синиқ, эзилиб…
Шўрлик Онанг сендан қаёққа кетар!
Бездирсанг, ит кетар улоқиб, дайдиб,
Дўст кетар, дўстликка лаънатлар айтиб,
Руҳи ҳам чирқиллаб қоровуллайди,
Отангни ўлгач ҳам кеткизолмайсан!
Шундай дердим, аммо бугун бу йўлда
Нимадир ўзгарди, нимадир ўлди,
Ҳайрон кўзларига қумлар тиқилди —
Отанг уйдан кетди биринчи бўлиб.
Қадимда онани қақшатса хотин,
От думига боғлаб, олинарди хун.
Ўша арқон эркак тилида бугун —
Онанг уйдан чиқди иккинчи бўлиб.
Хотиржамсан, майли, сиёҳ кеч кирар.
“Кўчада эмас-ку”— юпанч, куч кирар.
“Ў, болам-а”, деган ёзув қичқирар,
“Қариялар уйи” деворларида.
Унутдим: дийдаси қотганларни мен,
Ортимдан кўп қиммат сотганларни мен,
Ортимдан отгани — отганларни мен —
Булар нима, бундай Ғам келганда дуч!
Кўкдан қормас, қарғиш ёққаними бу?
Бола эмас, бало боққаними бу?
Дарёнинг тескари оққаними бу?
Тушун,— дейсан, ўргат, қандоқ тушунай?!
Қичқириқ тутади, дунёйи-дунни,
Ўчиринг, ўчиринг бу фиғон, унни!
Оёғи осмондан келган бу кунни
Нима деб куйлашни менга ўргатгил…

— Ҳалима опа, Сиз бу йил дўстларингиз даврасида камтарона бир санани нишонлашингиз мумкин экан: яъни, биринчи шеърий тўпламингиз бўлмиш “Илк муҳаббат” китобхонлар дунёсида танилганига роппа-роса йигирма йил тўлади. Сизнинг назарингизда, шу ўтган давр ичида шеър дунёсида, шоиранинг дунёқарашида нималар ўзгарди: нималар ўткинчи булут янглиғ ўтиб кетди-ю, нималар муқим ўрин олди? Дарвоқе, бундан йигирма йил муқаддам ҳам Сизни муқимлик ва “кўчманчилик” масаласи хийла ташвишлантирган экан…

— Ҳа, йигирма йил оз муддат эмас. Бу орада мен қўлимдан келганча, озми-кўпми шеърлар ёздим. Жондан азиз гўдакларимизни оёққа турғаздик. Мана энди, ёшим бир жойга бориб, қирқни қоралаб турганимда Сизга комил ишонч билан айтаманки, қарашларимда кескин ўзгариш юз бергани йўқ. Кўнглимда гуркираб турган ёшлик ҳою ҳаваслари пасайганини, одамларга бўлган ҳаддан зиёд меҳру муҳаббатларим, ишончларим баъзан заҳа еганини ҳисобга олмаганда ва нисбатан бошқа майда туйғуларни-да “ўчириб” ташлаганда ўзимда катта ўзгаришлар бўлганини сезганим йўқ.

— Сиз бу туйғуларни “майда” деб биласизми?

— Ҳа. Ҳамма гап воқеа-ҳодисаларни қандай қабул қилишингизга боғлиқ. Ўйлашим учун булардан кўра муҳимроқ, зарурроқ ишларим кўп. Албатта, булар ҳам инсон учун маълум даражада сабоқ бўлиши мумкин. Ҳаётда ўз олдимга қўйган мақсадим, қўлимдан келадиган иш, юрадиган йўлим аниқ бўлганидан кейин ҳар хил туйғуларга чалғимасликка ҳаракат қиламан.

— Мен эсам… э-э, жин урсин, айтишга ҳам арзимайди ҳатто! Ҳалима опа, агар янглишмасам, кўп йиллар олдин ёзилган битта шеърингизда “Менинг умрим мўлжал сари кетган ўқ” деган жумла бор эди. Ўйлайманки, Сиз умрингизда тўппончаданми, автоматданми ўқ отиб кўрмаган бўлсангиз керак, лекин мерган экансиз! Айтинг-чи, ўқ ҳақидаги шеърларингиз қандай сабаблар билан дунёга келган?

— Мен Москвада олий адабиёт курсларида таҳсил кўрганман. Талабчан семинар раҳбаримиз Александр Межиров бир куни: “Қани, яхшилаб ўйлаб кўринглар-чи, ўқ ҳақида нима дейиш мумкин? Хуллас, келгуси машғулотда шу ҳақда гаплашамиз”, деб қолди. Сиз айтаётган шеърларим ўша баҳонада қоғозга тушган эди. Навбатдаги семинар чоғида айрим курсдошларим қатори менинг машқларим ҳам яхши баҳоланганини ҳали-ҳали эслаб юраман. (Мақтов кимларга ёқмайди дейсиз?) Дарвоқе, ўшанда сабоқдошларим Василий Марсюк билан Гамлет Карчикян ўқ ҳақидаги шеърларимни русча сўзма-сўз таржимасидан украин ва арман тилларига ўгиришган эди.

— Ўша шеърларингиздан саккиз қатори эсимга келди:

Онам эгилиб нақ камон —
Отди. Айланиб ўққа —
Учяпман.
Билмам қай томон —
Тунгами ё ёруққа.
Билганим, тегади шу ўқ.
Онам ичгандир қасам —
Унда ортиқ бошқа ўқ йўқ,
Мен мўлжалга тегмасам!

— Раҳмат.

— Столингиз устида турган анави хатнинг муаллифи — Анил Жанвижай ким бўлди? Ие, ҳиндча журналнинг варақлари ҳам келибдими? Сиз улуғ Тагорнинг тилига тушунасизми?

— Афсуски, лотин алифбосида ёзилган исм-фамилиямдан бошқа бирор сўзга тушунганим йўқ.

Хатнинг муаллифи таниқли ҳинд шоири. У менга рус тилида хат ёзибди. Афтидан, Анил менинг шеърларимни рус тилидан бенгал тилига таржима қилган шекилли.

— Қани, хатни ўқиб кўрайлик-чи, хойнаҳой роса шеърларингизни мақтаган бўлса керак?

— Шеърларим ҳинд ўқувчиларига манзур бўлибди. “Қадрли Ҳалима Умматқуловна! Ассалому алайкум! Мен Сизга Ҳиндистоннинг журналларидан бирида (ҳинд тилида) чоп этилган шеърларингизнинг ксеронусхасини юборяпман. Бу шеърларни мен рус тилидан таржима қилдим. Бизда Сизнинг шеърларингиз хийла машҳур бўлиб кетди: Ҳиндистондаги кўплаб журналлар мендан яна-тағин Сизнинг шеърларингизни таржима қилиб беришни сўрашяпти. Агар Сиз янги шеърий тўпламингизни жўнатсангиз камина бағоят хурсанд бўлардим.

Мен ёш ҳинд шоириман. Москва радиосида ишлайман ҳамда Адабиёт институтида таҳсил кўряпман. Шу пайтгача совет шоирларининг шеърий китобини таржима қилганман.

Сизга ҳиндистонлик ёш шоирларнинг шеърий тўпламини совға сифатида юборяпман.

Эҳтиром билан,

Анил Жанвижай, Москва. 19. XII. 87″.

— Ҳалима опа, Сиз умуман таржима масаласига қандай қарайсиз?

— Халқнинг тили, адабиётига жони ачийдиган ҳар бир ижодкор бу масалага бефарқ қарамаса керак. мени ҳанузгача таржимага турли савиядаги асарларнинг чиқиб кетаётгани ташвишлантиради. Аксарият ҳолларда ўша “бозоргир” асарларнинг баҳоси бизнинг катта, теран адабиётимизга тамғадай босиладики, инсоф билан айтганда, бундай ҳолга чек қўйиш пайти аллақачон келган. Аксинча, бедодлик давом этаверса, биз Иттифоқ миқёсида ҳам, жаҳон миқёсида ҳам ўзбек адабиётининг рост бўйини ҳеч қачон тиклай олмаймиз…. Анилнинг илтимосига кўра, мен унга “Решимость” китобимни жўнатдим. Ўзига маъқул бўлган шеърларимни танлаб таржима қилар. Лекин барибир кўнглим хижил. Ўзга тилу ўзга халқ юрагини забт этиш, ҳарқалай, осон кечмаса керак.

— Адабиёт ҳаётдан бир қадам олдинда юриши керак, деган сийқа бир гап бор. Бу гап шу даражада кўп айтиладики, беихтиёр ўша гапни айтаётган кишини тутиб олиб дўппослагинг келади. Бундан ташқари, кўпчилик танқидчилар “янги ва янги хилма-хил” асарларни ана шу “тоғора”га солиб кўришни жуда қойиллатишди. Асар ўша “тоғора”га сиғса-ку, хўп-хўп, мабодо… Очиғи, мен ўша “суюкли” иборани эшитсам, энсам қотади, нима бало, ёзувчилар ноғорабоз бўлишлари керак экан-да, дегим келади. Одатда, азал-азалдан ноғорабозлар олдинда юришарди. Ваҳоланки, “Пўк эрса ҳам гар ноғора ғулғуласи бош оғритар” (Алишер Навоий).

— Набижон, “Адабиёт ҳаётдан бир қадам олдинда юриши керак” деган гапни мен унинг йўналтирувчи, огоҳ этувчи кучлигига ишора маъносида тушунаман. Қайта қуриш жараёни энди бошланди ёки энди бошланмоқда дейиш ҳам мумкин. Турғунлик йилларида жамиятимизда порахўрлик, ёлғон, таъма, иғвогарлик, қариндошни берига буриш, бегонани нарига суриш каби иллатлар анчагина томир ёйди. Адабиёт эса бундай иллатларни шу бугун очаётгани йўқ. Жаннатмакон Нодар Думбадзенинг “Абадият қонуни”даги Сандро Маглаперидзе — ўмарувчи, типик ўмарувчи. Бироқ, ёзувчи ҳаётни бу “чирмовиқ”дан анча илгарироқ тозаламоқчи бўлмаганмиди? Чингиз Айтматов қачонлардир олий жазога ҳукм этган (“Оқ кема”даги) Ўрозқуллар бугун фош этиляптими? Фош этиляпти. Ёки қалами тиғли Евгений Евтушенконинг “Юз киши ўртага олиб тепкилаётган бечорани ҳеч қачон юз биринчи бўлиб тепкиламаслик” ҳақидаги (Афсуски, бизда ҳозир бунинг акси бўляпти — бу ҳам аслида саводхонликка, эътиқодга бориб тақаладиган масаладир):

“Катта миқёсдаги ахлат босганда
Лозим бўлар катта тозалаш”,

каби ўлмас мисралари нечанчи йилларда ёзилганини эслайсизми?..

Ўзимиздан Одил Ёқубовнинг “Диёнат”ини, Пиримқул Қодировнинг “Мерос”ини, Асқад Мухтор билан Эркин Воҳидовнинг қатор шеърий туркумларини, қайта қуриш байроғини шиддатли равишда олдинда кўтариб боришаётган бир тўп олов нафасли шоир дўстларимиз, укаларимиз борки, мен уларнинг тиниб турган юракни бўрондай қўзғатиб юборадиган ҳар бир шеърини ўқиганимда халқимиз бахтига адабиётимизда мана шундай безовта қалб соҳиблари — “бўрон болалари” борлигига ич-ичимдан шукроналар айтаман. Ўшалардан иккитасининг ўзим ёдлаб олган мисраларини айтайми:

Х.Даврон:

Тундан қўрқма, тунни ич
Ва мағрур боқ саҳарга.
Синган бўлса гар қилич,
Айланур у ханжарга!

М.Солиҳ:

Сен кетганда
Бир аёлдай кетсанг эди,
Нозу фироқ этсанг эди.
Йўқ, бунақа кетмайдирсан сен.
Нозу фироқ этмайдирсан сен,
Сен кетсанг боғлардай кетасан.
Вақт ўтган сари юк солиб,
Сен худди тоғлардай кетасан,
Узоқлашган сари юксалиб.
Фиғонсиз фарёдсиз ва тилсиз
Чексиз бир Ватандай кетасан.

Мен “Кетиш”нинг мана шундай — “вақт ўтган сари юк солиб, узоқлашган сари юксалиб” кетишини, улуғвор, бул қадар улуғвор, “чексиз бир Ватандай” кетишини Солиҳдан бошқа ҳеч кимда учратмаган эдим. Шундай шеърларни мен “ҳаётдан бир қадам олдиндаги адабиёт” деб тушунаман.

— Биламан, шеърларингизнинг устивор фазилати — самимият. Айниқса, муҳаббат мавзусидаги шеърларингизда ана шу хусусият яққол сезилади. Агар Лев Толстойнинг “Анна Каренина — бу менинг ўзим!” (“Лекин Толстой бир минут ҳам хотин бўлиб курмаган”, деган гапни янглишмасам Абдулла Қаҳҳор айтган эди) деган гапига ишонадиган бўлсак, услуб — ижодкорнинг асл нусхасидир. Демак, Сизнинг асл нусхангиз, услубингиз самимият. Лекин Сиз баъзан-баъзан ўзингизни “бўғиб турасиз” бағишлов шеърларингизда (мен бирор долзарб мавзуга, ўткинчи саналарга бағишланган машқларингизни назарда тутяпман) нафасингиз, овозингиз, керак бўлса, созингиз “бўғилаётгани” зукко ўқувчига шундоққина билиниб туради...

— Ўша шеърларимга (бағишлов шеърларимга), энди ука, давр нуқтаи назаридан қараш керак бўлади десам, ўзимни оқлагандек бўламан. Лекин ижодкорни ҳам, унинг асарларини ҳам даврдан ажратиб блиб баҳолаш адолатдан эмас. Баъзан овозимнинг “бўғилаётганини” тўғри илғагансиз. Агар кейинги ўн йилликлар — “турғунлик йиллари” деб ҳисобланаётган бўлса, менинг адабиётдаги қисқа умрим, кам ҳосил ижодий йўлим айнан ўша йилларга тўғри келади. Бу йилларда эса мен ҳам, менинг тенгдошларим ҳам тилимиз чиққандан бошлаб: “Комсомол қиз Ойбўстон, номинг оламга достон”га жўр бўлдик. Радио, телевизорни бурасак: “Халқлар озод, Ватан обод, ҳамма бахтиёр!” деб қулоғимизга қуйишарди. Расул Ҳамзатов ўтган йили “Огонёк” журналида эълон қилинган суҳбатида бундай деган эди “Ҳатто 1937 йилда ҳам биз, “Биздагидай инсон эркин нафас оладиган яна бирорта мамлакат бормикан? Билмайман”, деб қўшиқ айтардик”. Газета-журналларнинг редакцияларида шеърларимиздаги “ура-ура”лар салгина пасайган нуқталарни топиб олишардида: “Гумбурлатиб ёзмайсизми! Нимадан бу норозилик, зорланиш? Қора ранглар қуюқлашиб кетибди”, деган гапларни, ҳукмдай жаранглайдиган эътирозларни эшитиб турардик. Аммо гап бунда эмас, энг ёмони — биз ўзимиз шунга кўникиб кетдик. Шундай кўникдикки, қора ранглар билан оқ ранглар қай даражада “човуштирилса” цензурадан ўтишини шу қадар усталик билан ўзлаштириб олдикки, оқибатда бу бизнинг одатий кўникмамизга, тўғрисини айтганда, фожиамизга айланди. Биров эмас, ўзимиз-ўзимизни чеклаб, сизнинг иборангиз билан айтганда, ўзимизни “бўғиб” ёзишга одатландик.

— Агар адашмасам, бир вақтлар матбуотда Сизнинг “Мослашувчан одам” шеърингиз чиққан эди. Лекин уни китобларингиздан излаб тополмадим. Чамамда, ўша шеърингиз ушбу суҳбатимизга алоқадор шекилли. Ёдингизда бўлса, айтсангиз.

— Хўп эслашга уриниб кўраман:

Бир вақтлари чарсу чапани
Ўз сўзингдан қайтмас эдинг Сен.
Капа дердинг, турган капани —
Бошқачароқ айтмас эдинг Сен.
Қирраларинг ўткир туюлиб
Ўргандилар, қотирдилар бош…
Қирраларинг бир-бир ейилиб
Бўлдинг силлиқ, юм-юмалоқ тош.
Энди уни айтмоқлик учун
Ном қидириб гоҳ очасан фол —
То ўзгариб кетмасин мазмун,
Капага ҳам келмасин малол.
Энди йўлинг топиб олдинг чин,
Қатнаб чўпу чўпчакларига
Энди яшайверишинг мумкин
Кириб ҳатто чўнтакларига.

Мана шундай, одамлар орасида ҳар қандай шароитга мослашув (бундай ҳолатлар фақат бизнинг республикамиз миқссидагина рўй бергани йўқ), ўз фойдаси йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслик ҳоллари, имон, эътиқоднинг сусайиши авж олди. Яхшики, энди об-ҳаво ўзгарди: қайта қуриш эпкинлари мадад кучларидай бизга етиб келди. Бу кучлар пастга қараб эниб бораётган айрим имон, эътиқод устунларини қайта тикланиб олишига ёрдам бериши шубҳасиз.

— Ҳалима опа, биринчи китобчангизда танқидчига бағишланган шеърингиз бор экан. Ўша пайтдаёқ — адабиёт остонасидаёқ танқидчиларга ишингиз тушганмиди, дейман. Танқидчиликка муносабатингиз…

— Адабиётдан, айниқса танқиддан бирорта объектни ўққа тутувчи қурол сифатида фойдаланишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳаётда баъзан меъёр билан ёққан ёмғирдай далаларни яшнатиб юбориш мумкин бўлган танқидга, баъзан эса бу ёмғир бевақт ва бемеъёр ёғиб экин-тикинни ер билан битта қиладиган танқидга дуч келамиз. Пайҳон бўлган экин-тикин қаддини ердан кўтариб гуллагунча, ҳосилга киргунча қиличини қайраб қиш келади. Шунингдек, обдон олиб бориб-олиб келинган шўрлик ижодкор қайтиб оёққа тургунича ҳам умрининг гуллаш фасли ўтиб кетадики, натижада битта танқид туфайли ижодкор ҳам, адабиёт ҳам теппа-тенг зарар кўради. Бундан ташқари, гоҳо-гоҳо айрим мақсадларни кўзлаб, шоир тили билан айтганда, “мақсадчалар” учун хизмат қиладиган танқидлар ҳам учраб турадики, бундай танқидлар нафратга ҳам арзимайди. Бевақт, асоссиз, ҳаддан зиёд мақтовнинг зарари ҳам бундан кам эмас, албатта. Холис танқидни қадрлайман.

— Ўзингизча ичингизда калима мисоли қайтариб юрадиган бирорта шиорингиз борми? Мен, масалан, фашистларнинг ўлим лагерида азоб чекиб ётган генерал Карбишевнинг дўстларига далда бериш мақсадида айтган сўзларини худди тасбеҳдай тез-тез ўгириб тураман: русчадан — ўзбекчага. ўзбекчадан — русчага. Мана, русчаси: “Думайте о своей Родине, тогда Вас не покинет мужество”. Ўзбекчаси: “Ўз Ватанингизни ўйлангиз, ўшандагина Сиздан матонат юз ўгирмайди”. Лекин ўзбекча таржимани муваффақиятли деб бўлмайди.

— Талабалик йилларимда столим устида ҳамиша Николай Островскийнинг қуйидаги сўзлари ёзиқли турарди: “Олға, фақат қийинчиликлар оша олға!” Ҳаётда машаққатлар орқалигина олға юриш мумкин эканига неча-неча бора иқрор бўлдим.

— Ҳалима опа, энди суҳбатимизга, жилла қурса рамзий маънода бўлсин, якун топсак. Марҳамат сўз Сизга!

— Оқибатни асрайлик, дўстлар! Токи оқибат деворларига дарз тушмасин!

ТАВБА-ТАЗАРРУ ВАҚТИ

Бузилган адирда лола бир ҳол-ей,
Бузилган тақдирда бола бир ҳол-ей,
Икковин боғлолмай тола бир ҳол-ей,
Тавба-тазарруга вақт етди бугун.
Орол, тўлқинларинг қочдилар қайга?
Оҳулар қочди қай ёнган тўқайга?
Одам, болаларинг учди мўмайга!
Тавба-тазарруга вақт етди бугун.
Икковмиз, дейсан — у ягона чиқар.
Дўст деб эгиласан, бегона чиқар.
Маъно деб ушлайсан, бемаъно чиқар,
Тавба-тазарруга вақт етди бугун.
Ўз уйида зардоб ичгувчи қушлар —
“Болалар уйи”га учгувчи қушлар
Ва гоҳ бу дунёдан кечгувчи қушлар,
Тавба-тазарруга вақт етди бугун.
Сўзимни ҳар томон бурмагин тағин,
Ўзимга қаратдим дарднинг бор тиғин.
Оҳ, кимга сиғинсанг, дўст, шунга сиғин!
Тавба-тазарруга вақт етди бугун.
Тавба қил, ёвлашган эллар оралаб,
Саратонда босган селлар оралаб,
Мақсадин йўқотган диллар оралаб,
Тавба-тазарруга вақт етди бугун.
Бугун отанг беҳол, давлатманд одам,
Эрта балки боланг берар панд, одам.
Кўз оч, ўзи билан ғоят банд одам
Тавба-тазарруга вақт етди бугун.
Тик туриб армонни ичиб қайтадан,
Ўт олиб ҳар томир, ичинг қайтадан.
Ҳаммасин бошламоқ учун қайтадан
Тавба-тазарруга вақт етди бугун.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1988 йил, 3-сон