Одил Ёқубов: “Наврўз арафасидаги ўйлар” (1989)

Номзоднинг программаси ва унинг шарҳи

Мамлакатимиздаги ёзувчилар ташкилотлари СССР халқ депуталигига 92 номзод кўрсатишди. Январь ойида бўлиб ўтган Иттифоқ Ёзувчилар ташкилоти правлениеси пленумида шу номзодлар муҳокама этилди ва улардан 12 киши СССР Ёзувчилар союзи томонидан СССР халқ депутатлигига номзод сифатида сайланишга муваффақ бўлишди. Шулар орасида СССР Ёзувчнлар союзи правлениесининг секретари, атоқли ёзувчи Одил Ёқубов ҳам бор. Яқинда мухбиримиз номзод ҳузурида бўлиб, унинг сайловолди программаси, мақсад-ўйлари ҳақида суҳбатлашди.

— Биз учун, халқ депутатлигига номзодлар учун бағоят оромсиз дамлар бошланди. Кун сайин, соат сайин мен зиммамда нечоғли оғир ва масъулиятли юмуш турганлигнни теран ҳис этаётирман. Тағин бунинг устига ёшим ҳам бир жойга бориб қолган. Шунинг учун ҳам СССР халқ депутатлигига ижодкорлар кўрсатган номзодлар жуда қизғин муҳокама этилган Иттифоқ Ёзувчилар ташкилоти правлениеси пленумида мен бир неча бор ўз номзодимни қайтариб олишга чоғландим, бироқ ҳар гал юртдошларим, шунингдек, Ўрта Осиёлик бошқа биродарлар мени бу йўлдан қайтаришди, наинки қайтаришди, балки курашга даъват этишди. Модомики, улар шундай талаб қўйишган экан, мен нима қилмоғим шарт? Менинг тилагим, эзгу интилишим, курашим нимадан иборат бўлмоғи керак? Содда қилиб айтганда, программа қай тарзда?

Азиз газетхон учун мен айтажак гап баландпарвоз бўлиб туюлмас; аввало ҳар қандай шароитда ҳамиша халқимга ҳамдам, ҳамнафас, қувончига шерик, дардига дарддош бўлиш, унинг заҳматини енгиллатиш, ёруғ келажаги, демакки, қайта қуриш йўлида риёзат чекиш — менинг дилимдаги эътиқодим шу! Улуғ Ватан уруши йиллари — мамлакат тақдири ҳал бўлаётган пайтларда жанггоҳда қон кечиб неники ҳис этган, дилимдан кечирган, бўлсам, ҳозир шундай безовталик, шундай дардли ўйлар менинг хаёлимни банд этган.

Иттифоқ ёзувчилари анжуманида шу ҳол кўзга яққол ташландики, бепоён мамлакатимизнинг деярли барча ўлкаларида мавжуд бўлган энг аянчли муаммо экологияга мансубдир. Хусусан, бизнинг Ўрта Осиёда пахта монокультураси туфайли йиллар давомида шундай бир мудҳиш вазият юзага келдики, бу ҳақда ташвишланмай гапиришнинг ўзи мумкин эмас. Ўзбекистон Компартиясн Марказий Комитетида бўлиб ўтган йиғинда республика партия ташкилоти Марказий Комитети биринчи секретари айнан шуни — монокультурани бежиз денгиз махлуқи бўлмиш саккизоёққа қиёсламади, у ҳамма нарсани ўз комига тортиб, ямламай ютиб юбораётганлигини бежиз таъкидлаб айтмади. Ҳа, шундай аянчли рақамлар ҳам қайд этилдики, агар мамлакат миқёсида ҳар гектар ерга атиги икки килограмм миқдорда хилма-хил химиявий ўғит ишлатилса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич ҳатто эллик килограммдан зиёдни ташкил этади. Айнан шунинг оқибатида сариқ ва ёки рак, ошқозон-ичак касалликлари, аёллар хасталиклари кўз кўриб қулоқ эшитмаган даражада кўпайиб кетди бизда, болалар ўлими эса шундай аянчли тус олганки, бу ситамга чидаб яшашнинг ўзи оғир. Бу кўргуликлар Орол қисматига бевосита дахлдор бўлганлиги учун ҳам у ҳақда, йўқотишлар ҳақида лоқайд гапира олмаймиз. Қачонлардир шу она денгизга қуйилган сувлар, сир эмаски, пахта плантацияларида совурилиб кетаётир. Она табиат бизга инъом этган бу ҳавзани асраб қолиш тақдиримизда бор, ҳаёт-мамот масаласи бу, юртимизнинг, келажак наслларнинг қисмати, ризқи у!

Республика Ёзувчилар союзига бошлиқ бўлиб сайлангунимга қадар «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида бош муҳаррир бўлиб беш йилча хизмат қилдим, шу давр ичида газетхонлар сони аввал қирқ минг бўлган бўлса, то ярим миллионга чадар юксалди. Бу силжишда табиийки, редакция аҳлининг хизмати чексиз, зеро, ижодкорларнинг куч-ғайратини, фаолиятини аянчли кўргуликлар, халқни хароб этаётган ножоиз ҳаракатларга қарши қўйган ҳам, курашга ундаган ҳам аслида шулардир. Гарчи, нокамтарлик бўлиб туюлса-да, дафъатан қай тарзда заҳарли химикатларга, аввало бутифосга қарши чиққанимиз, кейин москвалик ҳамкасбларимиз билан елкама-елка туриб, бу балойи азимга қарши курашни давом эттирганлигимиз ҳақида ҳозир ифтихор туйғусисиз гапириш мумкинми сира?! Айтиш керакки, бутифос ҳам, болалар ўлими ҳам — ҳамма-ҳаммаси бирдан пайдо бўлгани йўқ, бу балолар ўн йиллар мобайнида бизнинг бошимизга ёғилди, ўн йиллар мобайнида у бизнинг ҳаётимизни издан чиқарди, ўн йиллар мобайнида ҳеч ким бу ҳақда ўйлаб кўрмади ва охир-оқибат бири-биридан ўткир, бири-биридан аччиқ муаммолар тоғ каби йиғилдики, бир неча йил ичида уларни ҳал этиш, ташвишдан халос бўлишнинг сира иложи йўқ. Ўз-ўзидан англашилиб турибдики, она табиат, унинг дахлсизлигини таъминлаш ва асрий чиройини қайтариш билан боғлиқ муаммолар менинг галдаги фаолиятимда жуда муҳим ўрин тутади.

Тил, адабиёт, маданият соҳасида ҳам бири-биридан жиддий, бири-биридан долзарб муаммолар барчани бирдек ўйлантириб турганлиги ҳеч кимга сир эмас, жилла қурса, Хева ё Бухоро, Самарқанд каби қадимий шаҳарларимиз, асрий осори-атиқалар, улуғлар қадамжоларини олиб кўрайлик, ахир, уларнинг ҳар бирини бино этиш учун не-не заҳмат чекилмаган, не-не меъморларнинг умри эвазига қад ростлаган улар; не-не хорижликлар келиб кўришга орзуманд бўлган бу мумтоз санъат асарлари бугун не аҳволда? Бундан кўз юмиш мумкинми ахир?!

Биз ҳатто тарихимизни тўлиқ билмаймиз, уни ўқиш, ўзлаштириш, йиллар шамоли ўчириб кетган саҳифаларини қайта бошдан тиклашга ҳам қодир эмасмиз. Ҳолбуки, бусиз ҳеч қачон илгари кетиб бўлмайди. Ўзини билмаган, ўзлигини танимаган — қаноти қирқилган қушга ўхшайди, унинг қаноти бутун бўлсин, у қанот ёзсин! Шу мақсад йўлида риёзат чекиш ҳам халқ депутатлигига номзод сифатида менинг ақидамдир, ўз навбатида бу депутат маслагига ҳам ўсиб ўтиши муқаррар!

Умримни шу замин, шу адабиётга бағишладим, унинг келажаги, эртанги кун ташвишлари бир лаҳза бўлсин, менинг хаёлимни тарк этмайди. Шароф Рашидовчилик даври даладаги меҳнаткаш учун, ишчи ё хизматчи учунгина машаққатли кечди, десак адолатдан бўлмас, зеро, бу кезлар бизнинг адабиётимиз ва санъатимиз қисматида ҳам мудҳиш ва аянчли излар қолдирди. Турмушнинг, инсоний камолотнинг оёғига тушов бўлган йиллар бўлди. Биз, пахтакорнинг турмуши тўкис, пахта ўлкаси жаннатмакон, дала-тузи гуллаб яшнаётганлиги ва чўллари чирой очаётганлигини таъриф-тавсиф этиб бир талай юзаки асарлар, ҳавойи нақллар иншо этдик. Бу ҳақда аввал ҳам, ҳозир ҳам рўйи-рост, афсус-надомат билан айтаётирмиз: айрим очеркларда анчайин кишиларни қаҳрамон снфатлаб талқин этдик.

Қайта қуриш дунёни янгича идроклаб, оламга янгича кўз билан қарашни тақозо этаётир. Шуни мамнуният билан айтиш керакки, бизнинг ёзувчилар, хусусан, публицистлар фаолиятида гражданлик руҳи даврга уйғун равишда шаклланди, уларнинг дардчил овози кишиларни ёниқликка, фаолликка даъват этмоқда.

Денгизда мавж ураётган тўлқин каби адиб ва шоирларнинг янги ва янги авлоди бизнинг сафимизга келиб қўшилмоқдаки, ҳар бири ўзига хос олам бўлган иқтидорли бу ёшларнинг ҳар бирини эҳтиётлаш, изланишларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва ҳар бирига алоҳида ғамхўрлик қилиш, ўйлайманки, менинг бирламчи вазифам саналади. Зеро, бу ва мен тилга олган шарафли муддаоларнинг биронтаси СССР халқ депутатлигига ёзувчилар томонидан кўрсатилган номзоднинг сайловолди программасига кирмай қолиши ҳеч мумкин эмас!

Ҳа, депутат бўлганингча йўқ ҳали, бироқ безовта ўйларнинг, ташвишларнинг адоғи кўринай демайди сира. Халқнинг номидан гапириш ҳуқуқи зиммангга юклаётган вазифалар, масъулият, юрагингдаги оғриқ сира тинчлик бермайди сенга. Ҳаловатинг йўқ, кўзингга уйқу инмайди, ўйлайсан, ўйлайсан, ўйлайсан…

Бугунги кун бизнинг ҳар биримизни сайлаб олмоқда, танламоқда.

Мухбир. Одил ака, «Литературная газета»нинг 1 февраль сонида Иттифоқ Ёзувчилар союэи томонидан СССР халқ депутатлигига номзоди кўрсатилган ёзувчи Виктор Астафьев ҳамда Сизга сўз берилган. Сиз ўз программангизда, хусусан, иқтидорли ёшларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш бирламчи вазифангиз эканлигини таъкидлаб айтгансиз. Суҳбатимизни шу тезисни кенгроқ шарҳлашдан бошласак.

О. Ёқубов. Ҳақиқатан ҳам ижодкорлар томонидан СССР халқ депутаталигига номзоди кўрсатилган адиб учун бундан муҳимроқ ишнинг ўзи йўқ. Адабиётимизнинг, халқимизнинг эртанги куни бугун сафимизга келиб қўшилаётган иқтидорларнинг сафи кенглиги, граждан сифатида фаоллиги ва ҳамжиҳатлигига жуда-жуда боғлиқдир. Шу маънода бошқа ҳамкасбларим қатори мен ҳам ўз вазифамни ҳалол ўташим, муносиб ворисларнинг униб-ўсишига барча шароитни яратишга қаракат қилишим ҳам фарз, ҳам қарздир. Ёшларга лоқайд муносабатда бўлиш адабиётнинг келажагига хиёнат қилиш демакдир.

Мен бир нарсадан мумнунман: беҳаловат кечган сўнгги йиллар беҳисоб истеъдодли ёшларни юзага чиқарди. Энг муҳими, улар ижод билан бирга ижтимоий ҳаётда ҳам фаол иштирок этишмоқда. Биз бу ёшларнинг келажагига умид билдириб, яқинда ўн олти нафарини СССР Ёзувчилар союзи аъзолигига қабул қилдик. Ёзувчилар союзининг ўттиздан ошиқ аъзоси уй-жой билан таъминланган бўлса, шуларнинг аксарияти ҳам ёшлардир. Ижодкорларга дала-ҳовли тақсимланаётган пайтда, гарчи союз аъзоси бўлмаса-да, бир неча иқтидорли ёшларга имтиёз тариқасида жой ажратдик. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, «Шарқ юлдузи», «Звезда Востока», «Ёшлик» «Йилдиз» журналлари ҳар йили ўнлаб янги номларни кашф этаётгани сир эмас. Ёзувчилар союзининг ташаббуси билан ўтган йили ўттиздан зиёд ёш шоир ва Ёзувчиларнинг биринчи китоблари республика нашриётларига тавсия этилди, шуларнинг аксарияти китоб ҳолида ўқувчилар қўлига етиб ҳам борди.

Шу ўринда мен «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг ўтган сонида эълон қилинган «Бадиийлик юксак мезон» сарлавҳали чиқишда айтилган қуйидаги асоссиз фикрга муносабат билдирмаслигим мумкин эмас: «Аслида эса авторнинг биринчи китоби нашри ҳеч қачон тўхтатилган эмас, аксинча, чоп этишга яроқли асар бўлмаган». Бу фикрга мутлақо қўшилиб бўлмайди. Чунки оқар дарё оқмасдан туролмайди. Мен ўзимнинг узоқ йиллик ижодий, ижтимоий фаолиятим ва тажрибаларимга таянган ҳолда ишонч билан айтаманки, шу кеча-кундузда ҳам ҳар қайси нашриётнинг ғаладонида бошловчи ёзувчи ва шоирларнинг ўнлаб қўлёзмалари эътиборга муҳтож ҳолда ётибди. Гап бағрикенгликда, холисликда, адабиётимизнинг келажаги учун чинакамига қайғура билишдадир.

Ижодий союзга мен раҳбарлик қилаётган йиллар қайта қуришнинг энг мураккаб, зиддиятларга бой, фикрлар қарама-қаршилиги авжга чиққан бир пайтга тўғри келди. Давр ҳаммага минбар берди. Аслида бунинг ёмон томони йўқ. Аслида кўзланган мақсад хайрлидир. Ахир, таълимотимизнинг асосчиси Карл Маркс ҳаёт бу — курашдир, деб бежиз айтмаган. Шу кеча-кундузда биз фикрлар жангини, қарашлар, нуқтаи назарлар тўқнашувини бошдан кечирмоқдамиз. Бундай пайтда, табиийки, кимдир ранжийди, кимнингдир иши, фаолияти ўз позициясини қаттиқ туриб ҳимоя қилишдан — «гап»дан иборат бўлиши мумкин ва бу табиий. Маҳкамачи буидай кураш усулини столини муштлаш билан бартараф этишни истар, эҳтимол. Лекин мен ўйлайманки, ижодий союз, хусусан, Ёзувчилар ташкилоти дунёдаги эркин ташкилотларнинг энг эркини бўлмоғи керак!

Шу маънода бир фактга тўхтаб ўтишни жоиз деб биламан. Мунаққид Раҳимжон Отаев «Гап билгунча иш бил» сарлавхали мақоласида бундай ёзади: «Ўйлаб қоламан: нима бу, ёзуачилар союзими ё нотиқлар уюшмасими? «Оғзаки жанр» ёзма адабиётимизнинг ўрнини босиб қўймаяптими мабодо? Ёзувчининг бирламчи иши ёзишми. Сиз ташвиш қилманг, ёш дўстим! Бугун ёстиғингизнинг остига қўйиб ўқийдиган юнон донишмандларининг аксар китоблари ҳам шу нотиқларнинг ҳақиқат, эзгулик ва адолат тантанаси йўлидаги мислсиз «даҳанаки жанг»ларининг самараси ўлароқ юзага келган. Бу нотиқлар улуғ, ээгу мақсадларга хизмат қилган.

Тарих илгари сурган беҳисоб муаммолар йўлимизда кўндаланг бўлиб турган бир шароитда ҳатто даврнинг ўзи манбар берса-ю, нега энди биз — халқнинг ишонган кишилари сукут сақлаб туришимиз керак экан?! Албатта, минбарга чиққан киши миллий урф-одатларимиздан чекинмаслиги, ёши улуғни ҳурмат, кичикни иззат қилиши, эмоцияга берилмай, одоб юзасидан, ҳақлигини асослаб гапириши лозим. Шов-шув кўтаришга маҳлиё бўлиш, майда туйғуларга берилиб ўч олиш, «қаҳрамонлик» кўрсатиш истаги умумнинг эзгу интилишига путур етказади, холос.

Шубҳасиз, ҳозир биз сўз билан бирга амалий фаолиятни кучайтирадиган, ислоҳлар ва унинг назоратини таъминлайдиган том маънода халқнинг оғирини енгил қиладиган даврга кириб келмоқдамиз. Бу эса ҳар биримиздан алоҳида масъулият тақозо этади.

— Тарихи ва тили ҳар бир миллатнинг ўзигагина тегишли, унинг тақдири йўлнии белгиловчи муқаддас оби-ҳаёт маибаидир. Сиз ўз программангизда маданий ҳаётдаги муаммоларга, осор-иатиқалар, улуғ қадриятларимизга алоҳида урғу бериб гапиргансиз…

— Бу бежиз эмас, албатта. Биз ҳозир узоқ йиллар мобайнида тилдан қолиб ётган, юраги дардга тўлиб кетган одамга бирдан худо тил ато этгандаги каби бир аҳволдамиз. Ижодий союзнинг йиғинларида ўтириб гоҳо ўзимча кулиб қўяман: биров тил, тарих, Орол ва пахта билан боғлиқ муаммоларни кўтариб турган бир пайтда, бошқа биров минбарга чиқиб кимнингдир мақоласидаги мунозарали фикрни ноғора қилиб чалади. Нима бўлганда ҳам ҳар биримиз тилимиз учида турган гапни тезроқ айтишга ошиқамиз.

Тил, тарих ва умуман маданиятга дахлдор муаммолар бир хат ёки бир йиғин ўтказиш билангина ҳал бўла қолмайди, албатта. Ўтган давр ичида бу борада биз озмунча чекинмадик, озмунча нарсаларни бой бермадик. Кишиларнинг турмуш тарзи ўзгариши баробарида уларнинг нуқтаи назарлари, дунёқарашлари ҳам ўзгариб кетди. Ҳозир бу масалаларга турлича қарашлар мавжуд экан, менингча, бунинг туб асослари шу билан изоҳланади.

Ҳар қандай миллатнинг, ҳар қандай халқнинг тириклигини ва парвозини унинг икки қаноти — тарихи ва тили таъминлайди. Араб ёзувидан чекинилгач, биз ўзимизнинг бебаҳо маданий обидаларимиздан, ёзма меросимиздан буткул ажралиб қолганимиз сир эмас. Бизнинг минг йиллик миллий анъаналаримиздан эҳтимол маълум маънода чекиниш ҳоллари айнан ўша йилларда бошланган бўлса керак. Шарқлик бўла туриб Ғарб маданияти анъаналари таъсирига керагидан ортиқ даражада тушиб қолдикки, бугунги шеъриятимиз, насримизда бунинг ҳосиласи билан бирга, манфий жиҳатлари ҳам сезилиб туради. Ўз миллий маданиятидан узилиб қолиш охир оқибатда маънавий инқирозга олиб келиши муқаррар. Биз бу ҳақда ҳам мана бугун, ошкоралик туфайли, очиқ гапиришга журъат этаётирмиз. Шу маънода биз ёзув танийдиган, ихтисосли кадрларни кўплаб тайёрлашга, Шарқшунослик ва Қўлёзмалар институтлари жавонларида чанг босиб ётган ноёб куллиётларни изчил ўрганиб нашр этишга, халқнинг маънавий мулкига айлантиришга алоҳида эътибор беришимиз керак.

Ҳа, қиламан десанг, қиладиган ишлар оз эмас. Токи, шу пайтга қадар бу ишлар амалга оширилмаган экан, бунинг учун биз — Ёзувчилар, зиёлилар, ноширлар айбдормиз. Тил масаласи ҳам худди шундай. Ўзбек тили ҳам вақти билан давлат тили мавқеини қозонишига шубҳа қилмаган ҳолда, шуни айтиш керакки, тилимиз қашшоқлашаётган бўлса, ўзимиздан ўтган жойи ҳам йўқ эмас. Биз меҳрибон онаизоримизнинг мунис ва дилдош аллаларини тинглаб эсимизни таниганмиз, шу-шу алла куйлаган тил қонимизга сингиб кетган. Биз бувижонларимизнинг бири-биридан ҳазин, бири-биридан сермаъно эртакларини тинглаб дунёни англаганмиз. Ҳозир қайси бир келинчак бешик устида шу аллани айта олади? Эртак тинглайдиган ёшдаги неваралар нега телевизор олдидан жилишмайди? Хўш, биз нима қилишимиз керак? Биз тил тарбиясини бешикдан бошлашимиз керак эмасмикин? Ўзини таниган, тилини ва тарихини ҳурмат қилган ҳар бир киши фарзандлари дилида Алпомишу Барчинойлар, Улуғбеку Навоийлар шахсига, тилига ҳурмат уйғотиши лозим.

«Ленин учқуни» газетаси яқинда бир гуруҳ ўқувчиларнинг хатини эълон қилиб, шу ишга бош-қош бўлишни сўраб бизга мактуб жўнатишибди. Хатда Алпомиш ва Гўрўғли, Барчиной каби халқ оғзаки ижоди қаҳрамонларига ҳайкаллар ўрнатиш кун тартибига қўйилган. Бу эзгу тадбир амалга оширилган тақдирда у қандайдир обида эмас, юксак тарбиявий аҳамиятга эга иш бўлиши шубҳасиздир. Айни шу масалага ҳам эътибор қиладиган пайт келди. Ҳолбуки, биз бунинг ўрнига ножоиз тадбирлар билан машғулмиз. Чунончи, яқинда мен навоийлик бир гуруҳ ёшлардан хат олдим. Унда айтилишича, шаҳарнинг марказий Лении проспектида бири-биридан баҳайбат бўлган, устига устак қип яланғоч ҳолдаги олтита «санам»нинг ҳайкали қад ростлабди. «Одил Ёқубович! — деб ёзади улар. — Мана шу «санам»ларнинг «яланғоч» ҳолда майдон ўртасида намойишкорона туриши, ростини айтганда, бизнинг ғашимизга тегмоқда. На бизнинг урф-одатимизга, на таомилимизга тўғри келади бу. Қизларимиз ўша майдондан ўтишга уялади. Бундай ҳайкалларни ўрнатаётган пайтда халқнинг маънавий эҳтиёжини ҳисобга олиш зарур эмасмикан?»

Биз эса шаҳар лойиҳасида бўла туриб, улуғ Навоийга Навоий шаҳрида бир ҳайкал ўрната олмай, неча йилдирки, оворамиз!..

— Программангизда «она табиат, унинг дахлсизлигини таъминлаш ва асрий чиройини қайтариш билан боғлиқ муаммолар»ни фаолиятингиздаги муқим йўналиш сифатида қайд этгансиз. Шу масалани — ўзингизни безовта этиб юрган ўй-фикрлармигизни батафсилроқ гапириб берсангиз.

— Инсон ҳаёти тоабад хавфу хатар ичра кечади, лекин биз ҳамиша ҳам бу билан ҳисоблашавермаймиз. Арманистон ёки Тожикистондаги каби мислсиз кулфат бошимизга тушганда, азиз нарсалардан жудо бўлганда, фалокат ширин жонимизга тақдид солгандагииа бирдан хушёр тортамиз, инсоний қадр-қиммат, меҳр, оқибат ҳақида ўйлай бошлаймиз, ўткинчи кайфият таъсирида йўл қўйган хато ва камчиликлар, қилмишимиз ҳақи пушаймон бўламиз.

Табиатга зиён етганлиги, дарёю денгизлар қуриб, она замин асрий кўркидан жудо бўлганлиги ҳақида ҳар қанча куюниб гапирмайлик, аслида бу бизнинг тавба-тазаррумиз, кечаги журъатсизлик, лоқайдлигимиз ҳақи чекаётган афсус-надоматимиздир. Бу кулфатларнинг юзага келишида ҳар биримизнинг муқаррар гуноҳимиз бор.

СССР Ёзувчилар союзи правлениесининг яқинда бўлиб ўтган пленумида сўзга чиққан нотиқларнинг дардчил сўзлари шуни яққол англатдики, барчамизнинг дарду оҳимиз, юракда силққан ярамиз шўримиз бир — она заминнинг аъзойи баданига етказилган озор, жамики жароҳатлар, қаёққа қараманг, бир-бирига жуда-жуда ўхшаш. Биров Севан ё Байкал, бошқа биров Иссиқкўл ё Азов фожиаси ҳақида кўнгли тўлиб сўзлар экан, беихтиёр мен она юртим, жонажон Оролим ва унинг чигил қисмати ҳақида оғир ўйга толдим. Ўрта Осиёнинг бошига кулфат келтириши эҳтимолдан холи бўлмаган бу ситам, аччиқ бу кўргулик бошқа регионлар муаммосидан минг чандон мудҳиш ва ачинарлироқдир. «Маҳаллий ватанпарварлик» ҳиссига берилиб шундай деяётганим йўқ, сиз ишонинг, аслида бор гап бу. Тўғри, мамлакатнинг бўлак дарёлари ҳам ифлосланаётир, кўллари қуриб қолаётир; яшаш нафас олиш эса кун сайин, соат сайин қийиилашиб бораётир. Аммо ҳали ҳеч қачон, ҳеч қаерда тирикликка бу қадар кучли хавф-хатар Орол бўйларидагичалик тақдид солгани йўқ!

Дўстларнинг сўзини эшитган сайин турли ўлкалар аҳволи — замин жароҳатлари яққолроқ намоён бўлади ва бир савол сира тинчлик бермайди; ахир, инсонпарвар социалистик жамиятда қандай қилиб биз она табиатга бунчалар шафқатсиз, номасъул муносабатда бўлдик? Нега энди бутун бир халқнинг, унинг келажак насллари ризқини ҳеч ўйламай-нетмай, очофатларча исроф қилдик? Нечун йўл қўйдик шунга? Бугун кўриб, сезиб турган фожиалар дастлаб қачон бошланди? Қай тарзда?

Табиийки, бу кулфат бизнинг бошимизга бирдан туша қолгани йўқ: СССР Ёзувчилар союзи правлениесининг аавалги пленумида ўзим сўз юритган ва бугун яна бир таъкидлашни жуда-жуда истаётган бир-биридан аянчли, фожий ҳодисалар, афсус-надоматлар бўлсинки, Ўзбекистонда бевосита пахта монокультураси туфайли юз берди. Бизнинг манглайимиздаги шўриш, истайсизми-йўқми, монокультуранинг фетишга айланиши оқибатида юзага келди. Жойларда ўзгариш оз эмас, лекин биз истаганга нисбатан кам ҳали. Монокультура сиёсатининг узвий давом этиши эса, олимларнинг фикрича, ҳали кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган даражада хунук оқибатларга олиб келиши мумкин. Монокультура деб аталмиш бу якка ҳокимлик бор-бора шундай бир балойи азимга айландики, ҳадсиз-ҳисобсиз зақарли химикатларни ялаб-ютиб ҳам у тўймайди. Болалар ўлимию турфа касалликлар — халқнинг бошига тушган кўргулик, ернинг, сувнинг, қолаверса, ҳавонинг зақарланиши аслида шундан эмасми?!

Шунча риёзат эвазига деққон нимага эришди? Киши бошига бир йилда 29 килограмм гўшт (иттифоқ миқёсида бу кўрсаткич 62 килограммни ташкил этади!), ҳар гектар ерига 52 килограмм миқдорда заҳарли химикат (иттифоқ миқёсида бу кўрсаткич 2 килограммни ташкил этади), ҳали кўз очмай туриб минг боладан 44 таси жувонмарг бўлиши (иттифоқ миқёсида бу кўрсаткич 26 тани ташкил этади)…

Денгиздан то беш минг километр масофагача бўлган ерга туз чанглари таралаётир, шунинг оқибатида дардга чалиниб кўплаб кишилар рак туфайли оламдан ўтмоқда, 80 фоиз аёллар камқонлик касалига мубтало, аскарликка чақирилган ҳар тўрт йигитнинг бири эса ҳарбий хизматга яроқсиз!

Тилимиз, тарихимиз, табиатимиз… Ҳа, уларнинг қисмати ҳам бир-бирига жуда-жуда ўхшаш, бундан кўз юмиш ҳеч мумкин эмас!

Ўтган йилнинг кузида, маълумки, Орол муаммолари юзасидан муайян қарор қабул қилинди. Шундан илгари КПСС Марказий Комитетида нуфузли йиғин бўлиб ўтдики, унда атоқли рус олим ва ёзувчилари ўзбек деҳқони кифтини яғир қилган юкни хиёл бўлса-да енгиллатиш, қуёшли бу юртни мамлакатнинг йирик боғдорчилик масканига айлантириш хусусида жуда асосли ва адолатли фикрлар айтишди. Ўзбек адибларининг — бизнинг ҳам имонимиз комилки, агар шундай боғ-роғ барпо этилса, бағоят савоб иш қилинган бўлади, ундан тушадиган даромад ҳам пахтаникидан ошса ошадики, кам бўлмайди, айни пайтда турмуш ҳам яхшиланади. Албатта, иттифоқ Давлат план ва агросаноат комитетлари бу тадбир борасида жиддий бош қотирмоғи, ҳисоб-китоб қилиб кўрмоғи, чуқур илмий таҳлилдан қочмасликлари лозим.

Марказий Комитетда бўлиб ўтган ўша йиғинда академик Аганбегян айтдики, бизнинг заминда кечаётган номақбул жараён ва бу бепоён республикадаги ҳақиқий аҳвол қандайлиги ҳақида аслида улар ҳеч нарса билишмайди. Шунинг учун ҳам, деди у, иқтисодчи олимлар, сувшунослар, тупроқшунослардан иборат нуфузли Давлат комиссияси тузиб, Ўзбекистонга жўнатмоқ, чинакам аҳволни ўрганмоқ керак!

Ҳа, шунга зарурат бор, менимча, бу ғоятда амалий ва фойдали таклиф!

Бултур пахтакор аёлларимиз қисмати тўғрисида гапириб, жумладан, ўн гулидан бир гули очилмаган 270 ёш жувон ўзларига ўзлари ўт қўйиб ўлганлари ҳақида гапириб эдим. Бу йил бу рақам 250 га тушди. Икки юз эллик пахтакор аёл ўз-ўзига суиқасд қилди! Бу рақам кўпми, озми? Ўйлайманки, ўзини инсонпарвар жамият деб ҳисоблайдиган жамият учун икки юз эллик эмас, бор-йўғи иккита аёл, иккита инсон турмуш қийинчиликларига дош беролмай ўзига суиқасд қилса, шунинг ўзи кўп. Шунинг ўзи ҳар қандай жамиятни зир титратиши, уни ташвишга солиши даркор! Биз эса… ҳамма айбни бу аёлларнинг эрларига тўнкашдан, яъни улар ўз жуфти ҳалолларига нисбатан бой-феодалларча муносабатда бўлган, деган гапдан нари ўтмаяпмиз. Тўғри, бу гапда ҳам жон бор. Аммо мен бултурги гапимда тураман: азиз қиз-жувонларимиз исённинг бу даражали турини танлашига бош сабаб оғир жисмоний меҳнат ва турмушнинг қашшоқлиги!

Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг: оламда пахтакор меҳнатидай оғир меҳнат бўлмаса, шўрлик аёл барча аёллик наэокати ва гўзаллигини барбод қилиб, ўн икки ой, саҳар мардондан то шомгача далада, жазирама офтобда кетмон урса-ю, ойига 60—70 сўм маош олса!..

Ўз халқининг турмуш даражасини яхши билган биз адиблар мана неча йилдирки, пахта нархи тўғрисида бонг уриб келмоқдамиз. Аммо на бизнинг, на олимлариинг, на деҳқонларимизнинг оҳу-войлари бу масалани ҳал қилувчи ташкилотларга, СССР Давлат план ва Агросаноат комитетларига етиб бормади. Ахир, қандай қилиб бир кило пахтанинг нархи бозордаги бир боғ кўкат даражасига тушиб қолди? Эсимда бор: 1937 йили отамиз «халқ душмани» деган айб билан қамалгандан кейин бизни олиб кетиб, бошимизни силаган амаким, кекса деққон, кўп гапиргувчи эди: «Инқилобгача биз ғўзани жуда кам экардик, болам. Кейин Россиядан Туркистонга заводчи бойлар келишди. Пахта заводи қуриб, деҳқонларни ғўза экишга даъват қилиб, ташвиқот ишини бошлаб юборишди. Шунда улар бир нарса билан ютиб кетишди. Бир пуд пахтага ўн саккиз пуд яхши буғдой, боз устига ғалла ва қант-қурс беришарди. Шу боис бор-йўғи бир-икки йилда бутун қишлоғимиз ғўза экадиган бўлганди…». Қаранг: бир умр камбағалнинг қонини сўриб келган заводчи бой бир кило пахтага ўн саккиз кило ғалла тўласаю, ўзимизнинг жонажон Давлат план комитетимиз икки кило буғдой нархида пул тўласа! Саккиз баробар кам. Бу ҳам етмагандек, машина ва ёқилғи, ўғитлар нархи йилдан йилга ортиб бораётган бўлса… Ахир, бу аҳволда деққондан ҳам, ердан ҳам маҳрум бўлишимиз ҳеч гап эмас-ку…

Мангу навқирон даҳо Пушкин, мурувват истаган кимсадан, бечорадан меҳру шафқатингни дариғ тутма, деган. Бечора эмас, йўқ, кўнгли сутдай пок, аммо кўп жабру жафо чеккан менинг она халқим бугун маънавий мададга жуда-жуда ташна. Унинг бирдан-бир гуноҳи — ота-бобосидан мерос қолган соддалигидир, унинг кўнгилчанлиги, мўмин-қобиллигидир, заҳматкашлиги ва киндик қони томган ерга чексиз меҳру муҳаббатидир! Она Ўзбекистон аҳли, унинг дала-тузи, унинг зада дарёлари, тоғу тоши, унинг муштипар Ороли бугун мададга зор, меҳру муҳаббатга, шафқатга ташна!

* * *

Суҳбатимиз сўнгида СССР халқ депутатлигига номзод, атоқли адиб Одил Ёқубов кун сайин яцинлашиб келаётган умумхалқ айёми, Баҳор байрами билан газетхонларни чин дилдан муборакбод этиб, бундай деди:

— Наврўз бу оламни яшартирадиган, унга кўрку тароват бағишлайдиган айёмдир, Қуёшга кўксини очган бизнинг диёримизда эса у янада кўркамроқдир. Тошкентда яқиндагинада бўлиб ўтган регионал илмий амалий конференция минбаридан туриб айтилгани каби, «ўтмишда Наврўз байрами кунлари урушлар тўхтатилган, низолар унутилган, одамлар тинч ва яхши қўшничилик муносабатларига интилишган». Ота-боболаримиз шундай эзгу удумни бизга мерос қилиб қолдирган экан, гина-кудуратлар ва майда низоларни бир четга йиғиштириб қўйиб халқимиз хизматида елкадош бўлайлик, амалда унинг бахт-саодати учун ва буни таъминлаш учун курашайлик. Ахир, у фақат заҳмат чекиш учун эмас, яшаш, яхши яшаш учун ҳам дунёга келган-ку!

Суҳбатни Аҳмад Отабоев олиб борди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 3 март