Баҳодир Қобул. Ой йўли (қисса)

ЙЎЛ КЎРИШ

Қишлоқда аввал кўча уйғонади…
Каттасойдан бошланиб, қишлоқни қоқ иккига бўлиб, нақд Каттатоққа бориб қадаладиган йўл аслида ёғин-сочин ғайрат қилганда чағату ўнгир, ҳовли-ю ҳаётлардан йиғиладиган селу селовани сойга қуядиган жар. Ҳам жар, ҳам кўча. Шунинг учун Жаркўча дейишади. Жаркўча тўғри тоғдан тушиб қишлоқ оралаб, етти қават қабристонни ўртасидан ўтганча, эски-янгидан хабар олганча, Қўрғонтепа кўзи остидаги Отабулоқ бошида бир қур айланиб, кейин Бозоржойга тушган. Рўзғор қилиб, тирикликнинг бошини ушлагандан кейин, қизлигида ўйлагани салгина айтганидай чиқмай қолиб, тирноқ умидига тушган келинчакларни инсофи бўлса қайнонаси, бўлмаса туғиб, катта қилиб балога қолган ўз онаси булоқ бошига етаклаб келади. Зориққан ҳамма нарсадан кўзларини чирт юмиб, Ҳу деб қўл ташлайди. Кимга нечта тош илинса, шунча марта янги йўргак йўргаклаган. Супрасини қуриқ қўймаган. Тошбулоқ оти шундан қолган. Булоқ кўзида ҳеч ким тош кўрмаган. Унинг бошқа отлариям бор. Ундай отларни дуч келганга айтавермайдилар. Илинмаган ўзидан кўради. Тилаганга илинса илинади. Сидқидил бўйин эгганга бўйин берган. Булоқ ҳеч кимни алдамаган. Ҳазиллашмайдиям. Оқар кўзи қадимдан қадим дарахтларнинг бир-бирини суяб келган, бўйнига бўйнини берган, бўйнини бўйнига ишонган томирлари орасидан келади. Жаркўча шу ерга келганда икки шох ташлайди. Марра Оқтош. Отабулоқдан изига тоққа тикка ўрлаганда отам замонидан қўрғон бўлган, душманнинг зулмини зўридан гўристонга айланган, қадим қалъа ўрнига ўзини ташлаган отамозорлар оралаб Катта шарракка, ундан Ўртақирга кўтарилади. Мачитни кун чиқаридан келиб Кичик шарракда теракзорлар оралаб ўзини сояга олади. Ундан кейин гулмозорлар-наъматаклар, бўритароқлар, ундан у ёғида кўзи на очиққа, на ёпиққа ётадиган, сарғайгангаям сариқ, саргардонгаям сариқ жийдаман деган тизилади. Ўтиб токзор, исириқзор. Ора-ораларда шаддод қизларнинг пешонасини ўпиб, қулоғига етмайдиган қилиб кесилган сочидай осилган, осилиб ҳам тинч турмайдиган жар деворларига тирмашган ковуллар ҳам бор. Гуллаганда худди қадимий хоқонларнинг саройларидаги қандилларга ўхшайди. Оқ гули оқдан оқ, сариқ гули сариқдан сариқ. Бекорчи сув сал кўллаб қолган жойларда итузумлар қур солади. Қизил, қора, сариқ дегандай. Кейин кўксултонлар аралашган ўрикзор. Кўрсодиқ, субҳони, аҳрорий, қизил юз отлиқ. Ўзи келиб қолган дарахтлар ҳам бор. Новустепани кун ботаридан ўтиб Бўриўйнар билан ёнма-ён кетади. Ундан у ёғида ёнғоқзор. Олашақшақлар эккан. Жаркўчанинг яхшисини ошириб, ёмонини яширган токларни дарахтларга чирмашиб кетган зангларига чўпкадилар осилишади. Каттаси катта одамни, кичиги болани калласидай бошлари шамолда саракланади. Куз келиб, шамол еб, ранги сарғайиб, пишгандан кейин ичи бўшлиги бир-бирларига чўқишганларида билинади.
Туркқишлоқнинг яхши-ёмони шу кўчада. Қора тортиб қаро сонига кирганниям, қора босиб қаро урганниям кўчада юришидан маълум. Кўчага чиқа олмай қолгандан асрасин. Кўчада қолгандан асрасин. Кўча сиғдирмаган кунни-ку, сўрама. Душманингни итигаям кўрсатмасин. Дони шунда сочилганини, тузи шундан кўтарилиши билган билади. Тўртта қўйни сассиғини зўридан, димоққа бошқа нарса кирмай “кўча маники” дейдиган кўп бўлмасаям бор. Уруғлиққа бўлсаям топилади. Ўғилтўйда туёғигача ясатиғлиғ “той келди, қаранг-қаранг” ҳам, кўйлагидан ўзи енгил келинчакни отдан туширишдаги “кўтар-кўтар, ерга қўйма” ҳам кўчанинг елкасида. Ризқи шу кўчадан кириб, тобути шу кўчадан чиқади. Бўлғулиғи ҳам, кўргулиги ҳам. Бўлимиям, бошқасиям. Кўчани кўргани қурсин. Бу бош неча бор омон-омон, неча бор ушла-ушла, неча бор қочди-қочдини ўтказган. Ҳамма кўчани бирдай кўрмасаям, кўча ҳаммани бирдай кўради. Ўғри-тўғри, ёш-қари, катта-кичик, урилган-сурилган, кўр-чўлоқ, бой-қулоқ, хаёл-хиёл, хону-хоин, илон-чаён, туёқли-туёқсиз, шапкали-шапкасиз, ўтхўр-сутхўр, оқсуяк-қорасуяк экан демайди. Тенг кўради, тенг кўтаради. Унга бари бир. Ҳеч бирига иши тушмаган. Қуш-қузғун, дарранда-парранда, илон-чаёнгаям яхши гап, вақти хушлик хуш келади. Кўчагаям. Кўча тўй хабарини айтганда, етказганда кўнгли ёришиб кетади. Жарчини орқасидан париллаб эргашади. Қўшилишиб жар солгилари келади. Айтувчи ўз ғарази, алами, гапи келишмай қолган, ўзаро уруш-жанжали борлигидан атайин айтмай ташлаб кетган битта-яримта уйларниям шамолга қўшилиб айтиб, хабарни етказиб чиқади. Камбағални тўйини бузгиси келмайди. Кўча қишлоқни, қишлоқда кўп нарсани, кўп жойларни яхши кўради. Айниқса, инжиқлигига чидолмай, урай деса уролмай, юргин деб юрғизолмай, қўлидан тортиб тургизмоқчи бўлса баттар бақирганча ер депсиниб йиғлайдиган укасини кўндиролмай аламига тишини тишига қўйиб ҳиқиллабгина йиғлаётган, ўзидан икки-уч ёш катта акачанинг меҳрли ғазабда андармон-сарсон туриши жуда ёқади. Кейин, яна ҳали мактаб ёшига чиқмаган болаларнинг юз очар ё сочалага бораётган оналарига етишиб юрмай, юришни истамай, орқангга кўтарасан деб тантиқланадиганлар кўча юзига ўтириб, жанжални уриб, ер тепиниб, орқада ёлғиз қолган болаларни енгилгина эпкин, елпин, ҳилпин қуриган баргларни олдига солиб келганда унга қўшилиб болакайнинг атрофида айланиб шитирлабгина, шивирлабгина қўрқитишни, қўрққанидан ўрнидан ирғиб туриб онасига етиб олганча шатранглаб қочишини, онасига етиб, этагини тутамлаб орқасидан ким қувганини тополмай, қулоғига ким шивирлаганини англамай келган йўлига қараб қолишини, кейин сесканиб-сесканиб сийиб қўйишиниям. Шунда онасининг ортидан чопаётган болакайнинг оёғига бир нарса кирмасин, илашмасин, ким қаёққа отса бориб бош ёрадиган, ё кўз чиқарадиган, нима иш қилишидан эмас қўлга олинганидан хурсанд тош кўрлик қилмасин деб гўдак йўлига ўзи тўшанчи бўлади. Болакай ортидан кўтарилиб қолган чангни кўз-қошларига дориликка суртади. Юрагини уришини болакайнинг югургандаги ялангоёғининг кўксига келиб тушишиш шаҳдига мослайди. Қўшилишиб чопиб кўнгли ёшариб кетади. Бола бўлгиси келиб кетади. Болаланади. Эл ўзидан кўпайиб, кўз қувонч кунлари суюнчи сўраб югуриклаганларнинг бошларидан айлангилари келади. Айланади. Толчивиқ отлиқларнинг орқасига мингашади. Бир вақтлар қучоғини ростакам баҳодирлар минган сувлиғи кумушдан, узангиси тиллодан, жилови ипакдан, ёпинғичи бир юрт баҳосига тенг ҳашамлик, туриши булутдек ғайбатлиқ, сояси тоғдек ҳайбатлик арғумоқлар тўлдириб юрганини бировга айтарга юраги кўтармайди. Айтарлик тополмайди. Кўклам келиб ёш-яланг бир-бирини қутлашганда уялгандан уялади. Нимагадир шундай. Кўклам келаверса юрагини уриши тезлашиб кетади. Соғинади чоғи. Йигитлар қўлларидаги турли-турли суратлиқ, нозли-нозли бўйлиқ, турфа-турфа буйли чечаклар бўйинса, бўйсира қизларнинг қўлларига ўтганда, яхши кўрганидан, учрашиб юрганидан, согласин бўлган йигитидан совчи келган қиздек яширингани жой тополмайди. Ишончли, яхши кўрган жойлари кўп бўлсаям. Энг яхшиси эса Улуғ Энанинг ҳамиша супурилган, сув парча-парча сепилган, эртаю кеч кўчага қараб ўтирадиган супадеккина ери. Энанинг оёғи ости. Ҳидиям бошқача. Оқ кигиз, кигиз устидан ташланган олача, олача устига тўшалган пўстакнинг муздеккина ярғоғини бир четига бошини қўйса бўлди. Шу ерда ўзини бошқача сезади. Кераклигини сезади. Тириклигини сезади. Ҳаётлигини сезади. Ҳаёт, тириклик тугун-тугун бўлса-да, туганмаслигини сезади. Кўчадан ким чангга ботиб, ким чанг ютиб, ким чангитиб, ким чангдай ўтиб кетишини, ўтиб боришини кўриб тургандай бўлади. Ҳамма нарсага ўлчаб берилган вақтнинг чиқиши, чақнаши ва чаннашиниям. Эна бир зум тинмайдиган хаёлларини, ўзига-ўзи гапирадигандай туюладиган гап-сўзларини аслида унга омонат қилиб топшираётгандек сезади. Шундай туюлиблар кетади. Энанинг хаёлини илғаб, хаёлот оҳанги, хаёлот ҳангига, ҳаёлот нангига, ҳаёлот рангига, ҳаёлот шаҳдига, гап маъзаси, сўз тиғининг тилига қулоқ солиб ётишдан ортиғини кўрмаган, билмаган, эшитмаган. Кўрмасаям, билмасаям, эшитмасаям керак. Бу гап-сўзларга биров ишонмасаям, нимагадир шундай. Мен эса Энамнинг эртакларини яхши кўраман. Керагидан ортиқ соддалиги учун кулгига қолган “Лакипай билан Жонипай”ниям, айтишларидан олдин йиғлаб олиб, камига яна йиғлаб-йиғлаб айтадиганлари “Эрдона Чўкки”ниям. Айниқса, жуфтини ялмоғиз кампир ямлаб, ёлғиз қолган қушчанинг бормаган жойи, учрашмаган одами қолмаган, ҳеч ким унга ёрдам беришни истамагани, акаларнинг “ҳиммати” билан икки оёқни тиззасидан чўртта айрилган Эрдонабекка “Чилдир – чиначоқ, чилдир – чиначоқ” деб зорланишига чидаш қийин. Қушнинг жуфтини ялмоғиз тириклай ютиб чиначоғига бекитган бўлади. Насиб бўлса эртакларни бошқа сафар айтиб берарман. У эртаклар жуда узун. Энам салкам юз йилдан бери айтадилар. Ўзларига ўзи эртак айтиб ўтирадилар. Эртакларини қайта сўраш, мумкин. Лекин, хаёлларига аралашиш мумкин эмас. Хаёлларига сўроқсиз эргашсам ҳа, балажон, деб қолсалар уяламан. Жаркўчага биров бир нарса экмаган, бир нарсани кесмаган ҳам. Кесгани кесилган. Кесаман деб келганиям. Ҳамма нарсани кўтарар экан деб ўйламанг, жини суймаганни, кўнглига текканни кўтармайди, ағдариб ташлайди. Жаркўчанинг деви, парисиям бор дейишади. Жаркўчанинг деви қилиғи элга ёқмаганларни йўлини пойлаб, тўғри келганда ярим кечаси мешдай бўлиб олдига чиқаркан. Ўнгдан ҳам чапдан ҳам йўл бермасмиш. Икки ён эса тикка жар. Каптарлар зўрга ошади. Меш ўзи нималигини биласизми? Иккита тенг ёшли, катта-кичиклигиям бир бўлган такаларнинг терисини бир-бирига бетма-бет қўйиб, қопдай қилиб тикилган, тўрт оёғи тўрт томонга туртиб чиққан, Санглоқнинг катта япалоқ тоши устига ўтказилган фақат боши йўқ, бўйни елкасига ташлаб қўйилганни меш дейдилар. Ичи сувга, суюқликка, айтайлик сузмага, айронга тўла меш жуда қўрқинчли бўлади. Бир жойда турмайди. Билтанглагани билтанглаган. Шунинг учун мешни мевали дарахтга суяб, бўйнидан боғлаб қуйишади. Кечаси билқиллаган танаси қаёққа юрсанг олдингга думалаб келса, терисининг тақир жойлари ой ёруғида совуқдан совуқ йилтилласа, узун-узун туклари соя ташлаб шалпилласа, одам кўп нарсани кўргандай бўлса керак. Кўчанинг мешига йўлиққанларни қишлоқ номма-ном билади. Бети, оғзи-кўзи айтиб туради. Гапириш эсидан чиқиб кетган бўлса ҳам. Париларига эса гап йўқмиш. Олов ёқиб, оловдай бўлиб, давра олиб, соч солиб, елка ташлаб, поча қоқиб, қош учириб, чаппар уриб, қарсак чалиб, кўзи тушганни йўлдан чолиб ер-у кўкни кўнглини кўклармиш. Ўзи Энамни эртакларидаги дев-парилар билан Жаркўчанинг дев-париларини ажратиш қийин.
Маррадан кунчиқарга юргани Ҳасандалани ҳусни жамолига оғзи очилиб, чиройидан оёғи чалкашиб, Кавсар булоғи ҳидлик Новқада бошини ювиб, атрофида қишлоқ кўринмасаям минг йиллик гўрларни қўриқлаб ётган Қизилмозорда эниб, не бир шоҳлар Оқ чодир тиккан авом халқ Супа дейдиган ҳақиқий шоҳлар кўзи очиқ юлдузлар билан сирлашган Шоҳсупада бир кеча қолиб, македонлик Искандарнинг тишини синдирган Зоминда қўниб, Ўратепага ўтиб кетадиган йўлни Ўсмат йўли дейишади. Ўратепадан нарини Хитой йўли. Икковини қўшганда – “Ёзги карвон йўли”. Эскидан шундай.
Оқтошдан кунга қўшилиб кун ботарга кетгани Оқйўл атоғлиқ. Оқ йўл Самарқандга Ойдала оралаб кетади. Ўрайдан ўтиб, Тайпоқсойда тайпанглаб, Гулбулоқда қарсиллаб, Оқтепада гурсиллаб катта китобларда ёзилганидек, ҳар даштининг юзидан жаннат кўринадиган ва ҳар даласидан Эрам боғи билинадиган Самарқандга жўнайди. Бир вақтлар боғларидаги мевалар барчага баравар, текин бўлган боғлар ўрнидаги ҳайдовлар оралаб кетади. Йўлма-йўл Молгузарни Тошохурдан Отакентнинг Конигилигача бўғзига довур кўмилиб қолган, бир қарасанг ўтмиш хотираларини ёд этишга даъват этиб тургандек йўл қарайдиган, бир қарасанг отасини отини унутиб қўйган боладай, отасини отини айтса, бошини олишларини қаттиқ тайинланган гўдакдай, бора-бора отаниям отини унутган эсардай мунғаядиган тепаликларга кўз илғаганча қараган бўлади. Бир вақтлар ҳаммасининг отини номма-ном, қайсиси қайсисига товун, қай бири қай бирига хабар бериш тартибигача биларди. Ҳозир ҳаммаси эсидан чиққан. Ўртада борди-келди бўлмагандан узилишиб кетасан деганлари шу бўлса керак. Отларини чала-чула, қаторда туриш тартибини бузган бўлса-да, эски қўлдош қадрдонлари отларини кўкайидан ўтказган бўлди. Мирзатепа, Қўрғонтепа, Дунётепа, Қоровултепа, Ноғоратепа, Шунқортепа, Илонлитепа, Адрасмонтепа, Култепа, Сариқтепа, Зартепа, Етимтепа, Юмолоқтепа, Галатепа, Яполоқтепа, Хирмонтепа, Аждартепа, Ғорлитепа, Киндиктепа. Шу кетгандан бек болаларидан бири бир қирқимни пулига солдирган иморат, ўсматилар Отамаконга борганда қўнадиган, уст-бошини тўғрилаб оладиган, қарайдиган, елка қисмай кирадиган Мулла Дўстбек мадрасаси соясида нафасини ростлайди. Ўпкаси жойига тушгач юз бир ҳадикда мадраса ўнг ёнбоши, йўлнинг нариги бетидаги Регистонга қарайди. Ёлғизгина Улуғбек мадрасаси бўлган, мадраса икки ошёнли, икки қаватли бўлган замонларда бу атрофни оти китобларда Боб ул қуттон, эл оғзида Мискинлар дарвозаси деб аталган вақтлардаги тупроқларни аввал исидан, кейин рангидан танийди. Қўл беради. Азалдан қилдан қийиқ топишга ишқи баланд дўсту душман нозик таъблик ва тез хафа бўлишидан ташқари бошқа бирон нуқсонини тополмаган Алишербек яшаган ҳужрага бўйлайди. Етмиш қур давру даврон, етмиш қатла суру сурон, етмиш қат гарди-гурд қаролиғи остидан ису изини киши билмас ахтарган бўлади. Бир хаёлда Самарқандда ҳукмдор ўзгариши очуннинг, оламнинг тақдирида ўрин тутган; рол ўйнамаган, ўйин ўйнамаган, ўйин кўрсатмаган вақтларда, ол қулим деганда, дунёйи-дун шу ердан бошқарилгандаги шукуҳини, бир ўйда ўл қулим деганда, чопон кийганлиги учун ўққа, дўппи қўндиргани учун дорга сазовор, уйидан эски ёзиқли бир парча қоғоз чиқиб қолса, унда нима ёзилганидан қатъи назар, уй эгасига кесим қоғозилигига ўтган кунларини, куни сағатларга қолиб, ёғини ёғий еб суяк талашган хоинлар, хонлар, бузуқи ва ювуқсизларга оёқ ости бўлиб, хору зорликдан қарагулигиям қолмай қақшаганлигини, шаҳар ҳувуллаган тақир даштдай бўлган, саноқли рўзғорларгина каппа тиккан, Регистон мадрасаларида қишда қўй қамалган кунларниям эслайди. Мадрасалар пештоқлари китобасини, китобатларидаги, минораларни бош-оёқ ушлаб турган, чирой берган, деворларига кўрга ҳассадай қилиб ёзилган оят-белги, ёзиқларни пичирлабгина ичида ўқийди. Ўтиб-қайтаётганларнинг бу ёзиқларга суратга, каштага қарагандай, чирой учун чизилган безовга қарагандай без қарашларидан уялади. Бошини юриб келган йўлининг ўзи қурли, тенгқур тупроғига тиқиб олади. Ҳансираб турган умрининг рангига қарашга уялади. Орият қўрғони, номус қўрғони Тошқўрғонни таккурсилари ўрнини кўзини юмиб ҳам топади. Ёввойилар Отамаконни, Оқсаройу Кўксаройни ўраган Чақарни, унга қўшиб Замон Ягонаси шарафлиқ Нуриддин Басир отлиқ авлиё мозори портлатилган Исонинг мавлуди ҳисоби бўйича 1878 йил августининг қора куни юмса кўз ўнгида, очса хаёлида туради. Отакентнинг куни не бир сағат, не бир безотларга тушганига шоҳид бўлган, лекин, мозордан қўрқиб, гўр билан уруш қилганларни кўрмаганди. Не бир машойихлар, авлиёлар қабрига бақамти қурилган, неча юз йиллик қабристон устига тасрайтириб қурилган ароқ заводнинг қорадан қора чўян дарвозаси бетига қарагиси келмайди. Шумхаёл Оқпошшони оқ урганлигига, яратганнинг ўзи оқ қилганига ўшанда кўнган. Кучини мозорга кўрсатгандан яхшилик кутмайдилар. Кейин, бир оти Новалик, бир оти Новадон бўлган булоқдан сувланади. Дам ўтмай баҳридили яшнайди. Минг-минг йиллик гапу сўз хаёлида тикланади. Тиниқланади. Руҳобод оёғида, Олий Арк остонасида тўхтайди. Ҳаддини билади. Ўсматдан келганлигини, бир вақтлар, болаликдаги оти Асманд, Саманд аталганлигини, катта пошшоларнинг минг йиллик хат-қаламларида шундай юрганлигини, оти Самарқандга уйқаш бўлганлигидан ич-ичдан фахрланади. Ҳаяжоннинг зўридан ичидаги гапнинг ҳаммасини ҳаммага айтиб қўяй, айтиб қўяй дейди. Шошганидан икки қўлини оғзига қўйиб яширган бўлади. Роппа-роса минг йил олдин, Иброҳим Тамғахон отлиқ пошшо замонида пошшо ҳисобидан эл учун бепул очилган шифохона ўрнини оёқ учида босиб ўтади. Ўшандаги Арк дарвозасига Самарқанднинг атоқли ўғри-қароқчилари, “Биз қамишга ўхшаймиз, қанча кўп қирқсалар шунча кўп ўсамиз”, деб ёзиб кетганларини, унга жавобан Тамғахон, “Мен бу ернинг боғбониман! Сизлар қанча ўссангизлар, мен шунчалик кўп юламан”, деган ёзиқларни елкасида кўтариб турган ўринларниям тусмоллайди. Ҳар сафардагидек, Улуғ Саид оёғи учидан жой тегишидан умидвор бўлган Султони аъзам, Хоқони акрам, Соҳиби Қирон Катта Ота сағанаси, хотира тоши, отатоши, моҳтобидаги юрак томири суратлиқ ёзиқларни, отасўзларни ёд билса-да, пичирлабгина қайта ўқийди. Ёзиқлар азалдагидек, бир чизиқ ўзгармай жой-жойида турганига шукроналик келтиради. Қудратига яна бир марта тан беради. Улуғлигига, ягоналигига гувоҳлик беради. Бир-бирига ўнгдан чапга қўл беришган, ҳамфикр, ҳамхаёл, ҳамўй, ҳамтақдир қўл ушлашган ёзиқлар ортидан пичирлабгина эргашган кўзига кўксидаги товушлар овоз чиқариб қўшилишади. “…ё, Раббий, сен мендан бўлак бандани топарсан, мен эсам қилган гуноҳлару айбларимни афв қиладиган сендан бошқа Эгамни топа олмайман. Эй, Ғафур, эй, Раҳим, эй, Карим. Менинг гуноҳларимни ўз караминг ила кечиргин…”
Ҳар бири, “Абул Музаффар вал Мансур Амир Темур Муҳаммад Баҳодирхон сўзим!” деб бошланиб, “…ҳукми олий битилди”, деб тугатиладиган, бодом нусха муҳр босиладиган Ёрлиқларни манзилига етказиш учун шамолга қўшилиб кўтариб чопган даврларни эсларкан, бошидан шундай кунлар ҳам ўтганидан қувонганидан эси оғиб қолишига сал қолади.
Оқйўлнинг кўзи йўл кўргани билан елкаси енгил тортади. Отатошга узоқдан бўлса-да, пешонасини суртган, бир бошни атаган бўлади.
Хаёлида Бобур баҳодир фаслининг устидан буюрган, қадам урдирган, ўн минг олти юз қадам чиққан қўрғон деворларини, кўк орзуманд бўлган Кўксаройни, Оқсаройни, давлатчилик ўй-хаёли буткул эсидан чиқсин, болалари отақўрғонини қидириб ҳам тополмасин деб таг-туги билан портлатиб ташланган қўрғон деворларини тиклайди. Ҳар бир дарвозаси, ҳар бир буржи, деворнинг ҳар бир қаричини, ҳар бир чангал лойда қолган қўл излариниям. Кўзёшлариниям. Қон излариниям. Аллалар яширинган токчаларниям.
Хаёлида Тангрининг инояти етиб баҳодирлиги тутган, димоғи доғ вақтларда, “Минг қарғага бир кесак етарли” демоқни ёқтирадиган Темурбек ибн Баҳодирнинг юз кўринишини, чеҳрасини кўргилари келади. Дийдор қиёматга қолганини билсаям. Ўттиз минглик қўшинини самарқандликлар, туронликлар нонига семиртириб ётган мўғул хонидан элни орини олиш, озод қилиш ўй-хаёли учун қувғинга учраган, изига одам қўйилган, қочқинлик йилларида Самарқандда эгачиси Қутлуғ Туркон оға уйида қирқ саккиз кун яшириниб юрган жойнинг тупроғидан бир чимдим олиб, ўнг қошининг устига қўяди. Аламини китобдан, Темурбекнинг ўз оғзидан ёзилган, етти иқлим султонининг ўз кўзи билан кўрган, бирга бир дастурхондан нон еган, қадим давлатларнинг атоқли элчилари ўз қўллари билан ёзган китобларни ўқишдан олади.
…Бу ернинг ҳамма нарсаси зўр, нонлари, май ичимлиги, гўшти, мевалари, қушлари бунга мисол. Самарқанднинг қўйлари семиз ва катта бўлишига қарамай, нархи жуда ҳам арзон. Соҳибқирон ўз қўшини билан шаҳарда бўлган вақтларда, бир жуфт қўйнинг нархи бир дукат турарди. Бошқа нарсалар ҳам арзон. Бу ерда нондан арзон нарса йўқ… Самарқанд шаҳрида қонун жуда кучли…
…Ма вараъда ан-наҳр – дарё ортидаги ерлар шаҳарларида қурилган ҳаддан чиройли саноқсиз саройлар, мачит-мадрасалар, карвонсарой-ю хилхоналар, бозору-ҳаммомгача ҳар бирининг лойиҳасини Жаноб шахсан ўзи кўриб чиқиб тасдиқлар, дидига, кўнглига ўтирмаса қайта тузаттирар…
…Бу қурилиш битгандан сўнг, Самарқанд шаҳри ҳақида кўп қайғурган Соҳибқирон янги қурилишни бошлаб юборди… Самарқанд – ўта бой шаҳар. Шаҳарда савдо-сотиқ қилиш учун қулайлик бўлмагани сабабли Жаноб шаҳардан катта кўча ўтказиш ва унинг икки тарафига дўконлар қуришни буюрди. Кўчанинг боши шаҳарнинг бу четида бўлиб, охири унинг нариги тарафидадур. Кўчани жуда кенг қилиб қурдилар, унинг икки тарафига эса дўконлар ва олдига оқ мармар билан қопланган олий ўриндиқлар бино қилдилар. Кўчанинг тепасини эса том билан беркитиб, унга ёруғ тушмаслиги учун туйнуклар ўрнатдилар. Йигирма кун деганда, шунча катта иш амалга оширилдики, бунга ҳайрон қоласан киши…
Ўша кўчанинг бир чети ўзига тегиб кетгани, ўшандай кунларни кўрганини, бировга айтса, барибир ишонишмайди.
Эсини йўқотмасдан олдинги охирги борганида маликалар, шаҳзодалар ва шаҳар аёнларининг хотинлари Муҳаммад Султон Мирзо хонақосида кўк кийиб, сочларини ёйиб, юзларини юлиб қонатиб, қоракуя суртиб, дод-фарёдлар солиб аза очган таъзия маросими устидан чиққанини эс-эс эслайди.
Бир нарсасини йўқотгандай, нима йўқотганини ўзиям билмайдиган, йўқотганини қидирган, жаланглаган Ой бўлади. Қимирлаган қора танишдай туюлиб орқасидан эргашади… Жовдирагандан Ой жовдирайди. Жовдираган Ой бўлади. Оқ йўлдан энган билан теппа-тенг париллаб жўнайди. Юрса юради, тўхтаса тўхтайди… Ўрлаган билан изма-из ўрлайди…

КИМГА ЖАР, КИМГА КЎЧА

Жаркўча ёзда кечаси билан гуппиллаб кулча уриб чиққан, магазиннинг унидай майин бўлиб кетган тупроқдаги илонларнинг изларига қўшилиб уйғонса, қишда нав­батга чиқиб, чакана боқадиган, элнинг молига бир кун бўлсаям хўжайиндек эгалик қиладиган кунлик навбатчи чўпонларнинг овозидан уйқуси қочади. Шу вақтгача эшитган овозларининг ичида энг яхши кўргани муаззиннинг овози эди. Кўп йиллар бўлган эшитмайди. Эшитмагандан кейин эсдан ҳам чиқиб кетаркан. Энди ундай одамнинг ўзиям йўқ. Азон айтганда йиғиладиган ҳам. Мардоннинг айтишича, ҳаромнинг дарёси тошган, отдан эшак ўзган, пайтава саллаликка ўтган, эл эгасиз, тўқим кўрмаганлар нўхтасини узиб ўз-ўзига жабдуқ урган, ўзича жиловни ушлаган қаро босган, Худо қисган, қарғиш урган, кунларда азон айтарниям, эшитганда йиғиларниям тухумига қирғин келган. Одамлар кун ботишидан юрак олдириб қўйган. Пичоққа илинадиган борки териб кетилган. На дарак, на бедарак. Билса осмондаги ой, кўрган бўлса Ойқордаги ой кўрган дейишади, ярим кесатиқ, ярим тирсиқ қилиб. Тўрт кўчанинг бошидаги мачит ҳам эгаси бедарак кетган, сўровчиси йўқ, орқаси узилган сувсийдикни уйидай ҳувуллаган, қолган. Рангида ранг йўқ. Деворларини минг бир пушаймондаги ёмғир ювади. Ёнидан ўтган, салгина ўрнашган, ўрмалашганлар кечаси йўқолиб, йўқолмагани ҳам кундузи каппасини тополмай қолганидан одамлар мачитдан ҳам безор бўларкан. Зулм билан ҳазиллашмайдилар.
Бир вақтлар Жаркўча Ойқортоғдан тушиб келиб, мачит ёнидаги Шарракнинг бўйида тўртга бўлинарди. Шу жойни Тўркўча дейишарди. Тўрт кўча дегани. Тўғрига кетса қишлоқдан мозоратни оралаб Ўсмат қаъласига, Темурбекка оғир кунида – Самарқандда туриш хатар, Тошкент ёв қўлида бўлган кунларда бошпана бўлган Қўрғонтепага, орадан анча ўтиб Ойқорни қори неча бор оқариб, неча бор кўкариб, неча бор тупроқ босиб, элни қаро босиб яхшидан ёмонни, дўстдан душманни ажратолмай қолганда, қарғиш, увол урганда ёшни ёш, қарини қари демай, юримига юрмаганни, ҳушига ёқмаганни, хат-саводи борни душман санаб, Оқ пошшога қўл қўтарган ўғлингни, болангни, эрингни топиб берасан деганча теппа-тенг тиғдан ўтказган Некалай босқинида таг-туги билан вайрон қилинган, бир элнинг ёппа мозоридай тўмпайиб турган Қўрғонтепага ёнишади. Дилида бошқа, тилида айри, юракда бошқа, тилакда бўлак, очиям бир бало, тўқиям бир бало, жанжалдан маза топадиган Оқпошшодан ўшанда кўнгли қайтган. Ўрнига ўрин дегандай қўлидан бузғунчиликдан бошқа нарса келмайдиган аскар, сотта ўғри, дордан қочган олим ва чўчқахона устидаги каппасидан судраб тушилган, ўрмондаги ертўласидан ушлаб олинган, оч-яланғоч ҳолига топганини ароққа алмашиб эркак-аёл теппа-тенг тортадиганларга, сургунга йўлиққанларга, онасининг тожидаги қиммат тошни ўйнашига ўғирлаб берган ўғри ўғлини бош қилиб қўшиб жўнатган Оқпошшодан ўшанда кўнгли қолган. Сувга суяниб, Оқпошшога ишониб бўлмас, деган гаплар ўшанда айтилган дейишади. Тўрткўчадан чапга энса Санглоққа тушган, эл Сайноқ дейди, ўнгга жардан ўтган Дунётепага ўрлаган.
Ўсматга бўйнида қўл чархи осиғлиқ меҳмон ялғиз кириб келган кун ҳам эсида. Худди эскида Шоҳ Машраб Намангандан Кешга ўтарда ёлғиз кириб келганидек. Тўғри мачитга тушган. Бир-икки кун сув иситган. Атрофини тозалаган. Айвондаги бир-бирини чотига бошини тиқиб турган эшакларни ҳайдаб тушириб, жар-журдан шох-пох топиб, айвон устунларига боғлаб, мол чиқмайдиган чаппар қилган. Тамом. Шу иш қилмиш топилган. Қидирмишга тортилган. Судра-судра бошланган. Отсанг от, оссанг ос дегандайми, бундай яшагандан кўра ўлган яхши дегандайми, еганни оғзига қараб тозиям кун ўтказади дегандайми, мен одамман дегандайми, ҳар қалай оғиз очмай, мижжа қоқмай қараб тураверган. Сўроқ-савол тафти сал совигандан кейин битта яримта тиш қоққан ўртага тушиб, меҳмонни соқовга, гунгга чиқариб, камига келишиб, етмаганига рози қилиб, ўртадан олиб чиқишган. Ўртада мачитнинг айвонига эшак чиқолмаслиги фойдага қолган дейишади.
Жаркўча кимга жар, кимга кўча.
– Ҳаммаям феълига яраша йўл топади. Бировни бесабаб бир тарсаки уриб, ҳақини еб жардан юргандан кўра, бир тарсаки еб, оч наҳор катта кўчадан юрган маъқул, – дейдилар Энам урчуқларига, урчуқнинг гириллаб айланишидан товланиб, пишиб белига ўралиб бораётган ипидан кўз узмай. Мен бунақа гапларни тушунмайман, лекин менга айтилаётганини илғайман. Қулоғи ўргансин деб айтаяптилар. Шунинг учун ёзиб қўявераман. Каттарганимда Энамдан сўраб оламан. Мен катта бўлганда Энам юздан ошган бўладилар. Ичимдаги жўрам ҳозир сўра, ҳозир сўра деяптию, Энамнинг хаёли ёш болалар бундай нарсаларни сўрамайди, уят, дегандай бўлаяпти-да. Шунинг учун сўролмаяпман. Жаркўча менга жўрадай бўлиб қолган. Ундан нимани сўрасам бўлаверади. Мен жўраларимни Жаркўчада топганман. Нафас, Ёфас, Лапас, Лолобек, Гулбек. Эсонни Ясон, Бўронни Боря, Қуролни Коля деб чақирганимизни эшитиб қолган қишлоқнинг тентаги Мардон ҳаммамизни ҳангиси билан бир қатор қилиб қўйиб адабимизни берган. Бирданига гўри-қиёматдан олган. Азону жанозадан келган. Ҳуррани учирган. Шундан буён ҳаммани азон айтилган оти билан чақирамиз. Аниқ нима деб уришганини айтсам уят бўлади. Жудаям уят бўлади. Жўралар билан топган толчивиқ, топмаган энасини тандир кўсовини от қилиб, чотини куяга булаб кўча чангитади. Жаркўча орқадан чангиб эргашганича қолади. Кўчада биров болалигини, биров боласини, биров ўзини, биров молини йўқотганмиш. Бировлар топганмиш. Бировлар, қандай келган бўлса шундай ўтиб кетганмиш. Бунақа гаплар фақат Мардоннинг хаёлида бўлади. Тўғриси, Мардоннинг хаёлидан ўтгандай-у, мен илғагандайман. Нимагадир шундай. Бу гапларниям ёзиб қўяверай. Ўзи энди учинчи синфга ўтдим. Эндигина етмиш битта беш олдим. Одамлар тушунмаган гаплариниям гапиради-ку. Бу гапни аниқ Мардондан эшитганман. Унинг айтишича, яқинда зоғора нонга қорни тўйганига димоғи чоғ, палакат уруш етаклаб келган қаҳатчилигида ака-ука, опа-сингиллари пишмаган чиришни томирини еб қорни хишиб узилишгандан қолган авлод, инсон номига содиқ қолганча, кечаги кунини унутиб, бири-бирин егудек бўлиб нон танлашига қони қайнармиш. У кунларни кўрган Ойқорнинг қорлари ҳали эриб кетмаганмиш. Ўшанда, қишлоқ магазини олдида Саратовнинг уни тарқатилаётганда оёқда зўрға турган, ўзича магазинчига пирчалик, элга ўтағолик қилаётган, ойда бир магазинчини, ё магазинчини ёрдамчиси, ё бирор стол эгасини устидан ёзмаса кўнгли жойига тушмайдиган, яна ҳеч нарса кўрмагандай ўзидан ўзи кўзи ўлган қўйни кўзидай гезариб, каллани қийшайтириб келиб, текинга қуйиб берса ичиб, бўзариб тураверадиган ўрис тили муаллимига: “…Ўв, булғомиший, ўзинг тушунмайдиган гапни нима қиласан гапириб! Сатқаи маллимчилик! Санга ўзи таёқ ҳам хайф! Қаватингда юрган молгаям чўчқа касали юқтирасан! Балаларни санга ишонганниям, сани ўқитганниям падарига нағлат, кўтар тўқимингни!” деган. Муаллимни нағмасидан кўпнинг оғзи кўп куйганидан одамлар тош отилган чумчуқ галасидай ҳар ёққа тарқаб кетган. Гапнинг бошини эшитмаганман. Мардон чўчқа касали деб ароқ ичишни айтади. Мардонни айтишича инсон арабча сўз. Маъноси, таржимаси “унутувчи” дегани эмиш. Энамдан сўрашга уяламан. Китоб қарашим керак. Лекин ой ҳаммасини билса керак.
Бир нарсасини йўқотгандай, нима йўқотганини ўзиям билмайдиган, йўқотганини қидирган, жаланглаган Ой бўлади. Қимирлаган қора танишдай туюлиб орқасидан эргашади… Жовдирагандан Ой жовдирайди. Жовдираган Ой бўлади. Оқ йўлдан энган билан теппа-тенг париллаб жўнайди. Юрса юради, тўхтаса тўхтайди, ўрлаган билан ўрлайди…

ЙЎЛ-ЙЎЛАКАЙ

Кеч кузнинг заҳардай совуқ, турушдан туруш ҳавоси олакўсов қиров босган тонгидан елкаси тиришибгина уйғонган қишлоқни айтувчининг дўриллаган овози босади:
– Дўмникига…
Ўзига ўзи ғўнғиллаб, ҳар замонда дардини захга тўш бериб ётган Тўрткўзга айтиб, кечки сабзи жўягига андармон, Давлатмурод чўчиб тушди. Аввал аъзойи бадани сесканиб, кейин дир-дир учиб, айтувга қулоқ тутди.
– Дўмникига савоби жанозага…
Ўтира солиб шошганча, ҳиштаровлаганча калима қайтарган бўлди. Худди ўша болаликларида Илмисдан қўрқиб калима қайтарганларидек, тиззалаб ўтириб, калима қайтарди. Шу асно ўғри хаёллари минг бир жойга кетиб, ич-ичдан хурсанд ҳам бўлди. Хурсандчилик нималигини унутган юзига совуқдан совуқ, беўхшов табассум югурди. Юзи ачигандан-ачиди.
– Кулиш ҳам ҳаммага ярашавермас экан, – деди худди оғзи бир бошқа, кўзи бир бошқа ишшайган ҳолида беўхшов, бесўнақай қотиб қолган юзини ойнада кўргандек ўз-ўзига. Сал ўтмай: “Беайб Парвардигор, ўзинг кечир”, деганча яктагининг ёқасини кўтариб туф-туфлаган, капгирдай бўлиб қолган кетмони бетини бир тумам хас билан тозалаган бўлди. Йиртиқ махси-калиши аввал оёқ остида ўралашган Тўрткўзнинг белидан, кейин, эрганак остонасини ҳатлаб Жаркўчанинг тупроғига ботганча йўлга тушди. Йўлига шохдан шохларга осилиб туравериб ислиққан, қаро босган мезон арқонлари дор осиб чиқади. Бошинг кўзинг демай жаппа ёпишади. Катта бир тутами бўйнига зуннор солади. Оғзи-бурнига келиб урилганларини тозалаган бўлади. Туфлагандан қолган, ажралмаганларини нима қиларини билмагандан, биров кўрмасин дегандай ямлаб қўяқолади.
Йўл-йўлакай Элмурод билан ўтган кунларни эслади.
Ўшанда Туркқишлоқ нари-бери йигирма чоғли рўзғордан иборат эди. Кейин Барлос, Калтатой, Ирғайчи, Кенагас, Кўрпа, Равот, Юмолоқбош, Уяс, Эломон, Ўрай тўплар келиб қўшилган, дейишади. Элмуродларнинг уйи Сепкисойнинг юқори бурилишида жойлашган. Давлатмуродларники эса пастроқда, Мусулмонқулининг тегирмони ёни, Сепкисойнинг Каттасойга қўшилишида эди. Тизза баравар тошларни ярми ерга ботиб, ярми тупроқдан чиқиб, эгат олиб, уруғ сепилгандай кўрингани учун шундай аташган.
Уларнинг болалиги охирги урушдан олдинги катта очарчилик йилларига тўғри келган. Одамларни қорни энди-энди қавзанганига хурсанд кунлар эди. Тўйиб ейиш фақат тушда кўрилган. “Қимматчилик бўлса бўлсин, қаҳатчилик бўлмасин”, “Нон – пайғамбар, ош – авлиё” деган гаплар ўша вақтларники дейишади. Қилар ишлари элнинг ишонган тоғлари – ёлғиз соғин қўйи, ўзини сан туёғини сиз дейдиган соғин эчкиларини тоққа бир айлантириб келиш, куч етганча ўтин териш бўлган. Тоғ дордан қочганга тўла, қишлоқ чоллар, кампирлар, аёллар, ўспиринларга қолганидан қўрийдигани йўқ. Соғин сигирлар кундузи айвонда, кечаси уйни тўрига чиққан дейишади. Оналарининг айтишича, Элмурод қовун палакларига чумчуқ соялайдиган пайтда, Давлатмурод эса қовуннинг олди бозорга чиққанда туғилган экан. Қиёматли жўра бўлишсин деб отларини атайин қовуш, уйқаш қўйишган.
Давлатмурод анчайин қайсар, ноҳақ бўлса-да, айтганида турадиганлардан эди. Йиқилган ёнини бермаслиги учун “Ўр давлат” дейишарди. “Бироз қўрқоқлигингни айтмаса, сендан жўра чиқади”, деган Элмурод ўша вақтлар қўй боқарда куннинг кечига қолиб, эшакка Давлатмуродни миндириб, ўзи пиёда қолган пайтлар.
Ўша кун Элмурод замзама қилганча Кўктош супасида, Давлатмурод сал пастроқда ўтин теришаётганди.

Дўстлик ўзи бир чироқ,
Синса асло тузалмас,
Дўстлигимиз чин бўлса,
Уни душман бузолмас.

Қўшиқ жойида узилди. Давлатмурод жўрасининг овози томоғига тиқилиб қолганини сезди. Ғиппа буққандек. Тим-тирс тинчлик ваҳимасидан сесканди. Бошини кўтариб жўрасига қаради. Элмурод серрайганча қотиб қолганди. Ундан ўн беш қадамча нарида оппоқ, узундан-узун этаклари шамолда ҳилпираб турган Илмис товланарди. Сочининг ярми на қора, на оқ, ярми на қизил, на сариқ бўлиб кўйлакка уланган, кўйлакнинг учи-кети кўринмас, ҳавога қўшилиб кетгандай. Юзи бормиди-йўқмиди, эслолмайди. Лекин Илмис жуда чиройлилигини билишган. Давлатмурод довдираганча аввал пастга югурди, кейин юқорига чопди. Бир бало қилиб жўрасини излаб топди ва унинг орқасига яширинди. Қалтираганча нималардир деб ғўлдирарди. Ўшанда икковиниям қулоғи ғиппа битган, кўраётганлари тушдагидай бўлган. Оғизлар очилиб ёпилгани билан бирини овози бировига эшитилмаганди. Улардан тепароқда катта арчанинг айри шохларига бамайлихотир жойлашган, ўз-ўзи билан банд Илмис гоҳ қизалоқ, гоҳ бўз бола, гоҳ йигит, гоҳ қарсиллаган бўй қиз, гоҳ кампир тусига кирарди. Келинчак тусига кирганида атрофида қиз қирғин. Қўлларида тошойна. Қирқ ойна қир тарафдан Илмисга қараган. Қирқида қирқ турли сурат кўринади. Бири қуш, бири қузғун, бири ҳур, бир кўр дегандай. Кўрингани қараганча бўлмайди. Илмис бир майдон товланиб тургач, кўздан йўқолди. Қиз-қирғингаям қирғин келди. Қирчилгандай бўлди. Осмонга учдими, ерга кирдими – иккиси ҳам англамади. Бироқ, Илмис қўнган арчами ё ўша атроф жойдаги шохлар қарсиллаб кетган, икки арча ўз-ўзидан қад ростлагандай кўринган, юкини бир чап, бир ўнг оёғига олган бақолоқ одамдай лапанглаб ҳам қўйишгандай бўлгач, Элмурод ерга ўтирди. Қайта туришга куч тополмади. Давлатмурод бўлса, тиззалаб ўтирганча бошини кўтармай, ерга қараганча, қалтираган, дирдираган овозда тинмай калима қайтарарди. Орадан сал ўтмай, иккаласиниям қулоғи шанғиллаб очилиб кетган, йиққан ўтинлариниям жой-жойига ташлаб, жонҳолатда бир-биридан ўтарига пастга – қўйлар ўтлаб юрган жойга қараб югуришган. Қишлоққа қайтишгач, Давлатмурод онасини кўриб йиғлаб юборганди. Шунда Элмурод унга қўрқоқ номини қўйган. Кейинчалик ҳам бир марта “қўрқоқсан” деган. Яхшилаб ўшқирган ҳам. Бунинг устига: “Сендан нафратланаман, иложини топсам отардим! Кўзимга кўринмагин, мани жўра демагин, жўра”, деган.
Давлатмурод ўшандан буён илкисдан синиб тушган шохлар ёки шамолдан қарсиллаб синаётган дов-дарахтларни кўрса, эшитса, юраги ўз-ўзидан шувуллайдиган, боши ўйлашдан тўхтаб қоладиган бўлди.
Давлатмурод отасидан ўн тўрт ёшида қолган, онасининг туққани ҳам, тургани ҳам битта эди. Уруш бошланганида ўн тўққизни босганди. Сталин столбадаги радиодан гапирган куннинг эртасига қўшни қишлоқлик Санам сатанг деган уч эр кўрган, ўзидан ўн икки ёш катта хотинга уйланди. У бир қиз – эргаштирмаси билан Давлатмуродникига тушди-ю, равиш топди. Эски ўйнашлар, эрлик хотиннинг ортидан уялмай-нетмай келадиганларнинг бетига қайтиб қарамади. Рўзғорини маҳкам ушлади. Орадан беш-олти йил ўтиб, яна бир қиз кўрди. Давлатмуроднинг кўз очиб кўрган фарзанди шу бўлди. Яккадан-якка бўлди. Давлатмурод кўп куйинмади. Уруғи ўзи шундай. Яккаотар.
Қиз тенгини топиб кетганига анча бўлган. Санам ҳам ёшини яшади. Сатанг оти Санам отин бўлди. Обрў топди. Хотин-халажлар ўтказадиган мавлудларга бош бўлди. Иззат билан кўз юмди. “Дунё – билгич эмас, бузгуч экан”, – хотинининг жон чиқарда дегани шу бўлди. Бераман деса ҳам, оламан деса ҳам бир нафаслик экан. Бир пуф экан. Илғагани борки Ойга қарайди. Сўзсиз, мўлтиллабгина Ойга зорланади.
Бир нарсасини йўқотгандай, нима йўқотганини ўзиям билмайдиган, йўқотганини қидирган, жаланглаган Ой бўлади. Қимирлаган қора танишдай туюлиб орқасидан эргашади… Жовдирагандан Ой жовдирайди. Жовдираган Ой бўлади. Оқ йўлдан энган билан теппа-тенг париллаб жўнайди. Юрса юради, тўхтаса тўхтайди, ўрлаган билан ўрлайди…

НАФАҚА ЙЎЛИДА

Неча йилдирки, чол ёлғиз. Катталар ўрмон қоровуллигини бекор қилганидан буён эса ишсиз. Боққан жонворини сўйиб ейишни табиати кўтармайди. Шунинг учун туёқ боқмайди. Яккақўл деҳқончилик қилади. Хотини борида у-бу нарса орттирганди, хотини кетгач, уйдан барака ҳам кўтарилди. Бир вақтлар охиратни йўлига деб йиққанларини ҳам еб-ичиб бўлди-ю, жон чиқай демайди. Давлат нафақаси унга насиб этмаган. Ўшанда тенгқурларига қўшилиб ҳужжатларини райсабезга олиб борганди, игна ютган итдек ориқ бир йигит, “Бобой, ёшингиз етмайди, бироз кутасиз…” деса бўладими?
Чол йигитнинг менсимайгина, тагдоргина қилиб “бобой” деганига кўнгли сал ғашиққан бўлса-да, тошни ёраман деган кесакдай ор-номуси, ўринсиз дову даскаси йиғрилиб келгандаям иш бермай анграйиб қолди. Талмовсираганча тилига келган гапдан ўзиям хурсанд бўлиб кетди.
– Тенгқурларимга берилаяпти-ку…
Йигит елка қисди. Ўғри-тўғри чоллар билан гаплашавериб соддалигу шумликда улардан ҳам ўтиб кетган йигит сўради:
– Урушга борган қоғозингиз борми?
Жавоб бўлавермагач, тагдор қилиб ғўлдираб қўйди:
– Биз билмаймиз, отахон, ўзингиздан сўранг. Кейин яна қўшиб қўйди: – Ёшингизни тўғирлаб келинг, кўрамиз. Ёшни селсовет айтади…
Ўрнинг бетига қон юришди. Жўраси билан битадиган иш экан-ку. Шунга шунча ота гўри қозихонами?
Йигитга, худди қишлоқ магазинидан нарса олиб пули етмай уятга қолган одамдек, эртага ҳужжатларни тайёрлаб келаман, – дедию кўчага, беҳол, бежон чиқди. Йўл устидалиги учун тўғри Дўмнинг идорасига кирди.
Дўмнинг авзойи бузуқ эди. Давлатмурод билмаганга олди. Уч кундирки, Дўмнинг соғлиғи ёмон, протез киядиган оёғи қақшаб қаттиқ оғрирди. Ҳавога булут чиққан кунлар Дўмга оғир бўлади. Бироқ ҳеч кимга билдирмас, дардни фақат тишлари орасидан сирғалиб чиқаётган гапининг оҳангидан билса бўларди.
Дўм жўрасини совуқ қарши олди.
– Кел, хизмат? Қайси шамол учирди? Ўзиям биринчи бор келишинг, тинчликми?
Давлатмурод Дўмнинг “биринчи бор” деганини ўзича англаб, анча тетикланди.
– Испаравка керак экан.
– Нима ҳақда?
– Шу, ҳалол ёшим ҳақида…
Элмуроднинг илкис қараши, важоҳатидан ҳайиқиб давомини айта олмади. Тили айланмади. Шу гапни айтишга улгурганига, куч топганига ҳам рози бўла қолди.
Дўм индамади. Оғир хўрсинди. Деразадан ташқарига қараб анча тек қотди. Чап қўлининг орқаси билан оғзини яшириб, чуқур дамсар урди. Кейин ёрилди. Юзлари қизариб, кўзлари қаҳр сочиб, қўлини мушт қилиб деди:
– Сенда ҳалол ёш борми? Сен ўзингни, ёшингни ҳали ҳалол деб юрибсанми? Сендан истаганчани кутардим-у, бироқ бунисини кутганим йўқ эди. Тенгқурларинг урушга кетаётганда қандай қилиб қатордан қолганингдан хабарим бор. Ўшанда ёшингни кичрайтириш учун рўзғорларингдаги биттаю битта сигирни олиб бориб бергандинг. Ўрнингга Ойжамолнинг ёши етмаган норасида сағирини жўнатгандинг. Энди ёшингни каттартиргани келибсан. Ҳалол ёш ҳақида қоғоз керак бўлиб қолдими? Ё сигирни кимга олиб борганингни ҳеч ким билмайди, деб ўйлайсанми? Билганлар урушда ўлиб кетди, дейсанми? Адашасан, оғайни! Каттасой билан Каттатоғ ўртасидаги одам тугул, ҳар бир ит билади буни! Сенинг ҳалол ёшинг йўқ! Менинг Давлатмурод жўрам қирқ иккинчи йил ўлган! Қадим жўрачилик ҳақи, мени ортиқ гапиртирмай бу ердан йўқол. Сендан нафратланаман! Иложини топсам, сен қўрқоқни, палидни пешонангдан отардим. Тирик эканман, қўлим билан элнинг нонини, ошу ҳалолини оғзингга солиб қўймайман. Сенинг ҳозирги юпунлигинг, яланғочлигинг кўнглимни заррача юпата олмайди, деганча ўнг қўли билан кўксини гурсиллатиб қайта-қайта урган, урган вақтида бир нарса бўлди чоғи гапи ичига тушиб кетган, нафасини ўнглагач, яна ўша ғазабда қисқароқ қилганди.
– Бировни ҳисобидан бўладиган меҳрибончиликни, бўлари-аслияти ўзидан ожизнинг кўзидан ёшини оқизиб, тириклай кўмиш бўлган тирикчиликни, урушдан қайтмаган ўттиз бир тенгқур билан кўмиб келганман!
Дўм шундай деди-ю, ҳассасини полга қарсиллатиб урди. Ҳасса чўрт иккига бўлинди. Дераза олдидан ортига қайтаркан, юришга қийналиб узундан узун столни бир четини ушлаган бўлди. Стол ночиз, ожиз экан юк тушганидан беўхшов ғиқиллаб, қийшая бошлади.
Кейин қўшиб қўйди:
– Сенга ўхшаганлар бизда бир тавоқлик. Менинг болалик жўрачилиги хотирамни ҳаром қилма!
Ўр бир кўнглида жўрасини юришига, жойига ўтиришига ёрдам бермоқчи бўлди-ю, яна ўрлиги қўзидими, ё жўрасининг янаям баттар аччиғи чиқишидан ҳайиқдими, ишқилиб столни ўзи турган жойдан туриб ушлаган, суяган бўлди. Узундан-узун столнинг бир бошида бир қўли билан столни ушлаган Дўм, бу бошида столни бир қўли билан ушлаган Ўр. Орада совуқдан совуқ жимлик. Бири иложсизликдан пайпаслаб, бири хижолату ҳамиятдан ушлаганлари ҳар иккисига ўтиб бўлмас девордай, дахмазадай совуқдан совуқ кўринади.
Давлатмурод шўрваси қўйнига тўкилиб, ташқарига чиқди. Карахт эди. Дўмни бемеҳр деб санаса-да, бу қадар деб ўйламаганди. Қирқ йиллик гапга шунчами? Ичида эса:
“Амал битган ўзидан кетмаса-да”, деб қўйди…
Бир нарсасини йўқотгандай, нима йўқотганини ўзиям билмайдиган, йўқотганини қидирган, жаланглаган Ой бўлади. Қимирлаган қора танишдай туюлиб орқасидан эргашади… Жовдирагандан Ой жовдирайди. Жовдираган Ой бўлади. Оқ йўлдан энган билан теппа-тенг париллаб жўнайди. Юрса юради, тўхтаса тўхтайди, ўрлаган билан ўрлайди…

ТАВБА ЙЎЛИНИНГ ТАШВИШИ

Жанозага одам тупроқ бўлиб келди.
Дўм шу ҳолидаям салобатли эди. Кўзлари юмилган, лаблари қимтилган, кўзини бир пасга юмганча, худди нима ҳақдадир ўйлаётганга ўхшар, тиши оғриб жағини остидан оқ рўмол ўтказиб бойлатгандек, ҳали-замон бир оёғига ҳассасини ҳимо қилиб ўрнидан туриб ишга отланаётгандек.
Бек юриш бор, бек ўлиш йўқ, деганлар хом айтибди, чакки айтибди, ўтирик айтибди, кўрмай айтибди. Минг бой бир бек бўлмаслигини англамаган айтибди. Дўмнинг шу туриши ҳам бир бекча бор эди. Олдига кириб чиқаётганлардан зиёд эди.
Давлатмурод майит олдига эл қатори кириб чиқди.
Дўмнинг қирқини ўтиши чўзилгандан чўзилди. Давлатмурод ҳеч қачон кунларни бунчалик узундан-узун бўлишини ўйламаганди. Урушдан қочиб-писиб юрган тўрт йили бир бўлди-ю, Дўмни қирқини кутиш бир бўлди. Маъракадан кейин анча йил бурун йиққан ҳужжатларини қўлтиқлаб йўлга тушди.
Қайтишда жўрасини зиёрат қилмоқчи бўлди. Бироқ, қабристоннинг, Ўсмат ота­нинг мол-ҳол ораламасин деб илмоқ ташлаб қўйилган ғовидан ҳатлашга куч тополмади. Назарида ғовдан ҳатласа, қайтиб чиқолмайдиган, қолиб кетадигандек. Аввалига ёш бола бўйидек келадиган, иссиқ-совуқ, қор-ёмғирдан тўкилиб бораётган гўристон девори ортидан бўйлаб, кейин ёриғидан мўралаганча Дўмнинг жойини тусмоллаб топди, тўғрайига келиб чўккалади. Узоқдан-узоқ дуои фотиҳа ўқиди. Бир хаёлда шу ўтириши ўзига ёқиб қолди. Тургиси келмасада қўзғалди. Ўрнидан туриш баробарида вужудига нимадир энганини ҳис этди. Шу нарса тириклигининг барча кўргуликларини ўз-ўзига айтмаса бўлмаслигини, иқрор бўлмаса бошқа ишлари кор этмаслигини таъна қилгандек бўлди. Кўринмасаям, худди одамдай тана қилган бўлди. Овози товушдай эшитилмасаям, хаёлининг ич-ичида акс садо берди. Илғагани сайин енгил торта бошлади. Кўзларига гувуллаб нам келди. Қалтираган бармоқлари билан пайпаслаб кўрганди, қайноқ ҳовурини сезди. “Тавба!” деди. Бир мартагина айтган тавбаси ич-ичида тоғдан қайтган садодай қайталаётганини илғаркан, аввалига сесканди, кейин совуқ тер босди. Кўзига ёш, кўксига йиғи берганидан, ўзининг чини билан йиғлаётганидан ўзи қўрқиб, бошига қўнган ҳолу аҳволни бошқара олмаганча, йўқотган нарсасини изини олган довулдай уввос тортиб, уввос солиб, уввос уриб оёғи чалкашиб, ўзига ўзи пойинтар-сойинтар гап қўшиб, ўрлаб жўнади. Жаркўчанинг тупроғига беланиб, туртиниб-суртиниб, ҳар қадамда яктаги этагини босганча йиқилиб, яна ўрнидан турганча, қишлоқнинг ёш-ялангига кулги бўлганча, ғайрат билан тикка уриб борарди. Майрилган танасини ярмини ўзи, ярмини шамол кўтариб кетаётган Ўрнинг боришини кўрган борки бир мартага сесканди. Бир мартага бўлсаям қўли ёқасига борди. Ўрнинг кўзига ҳеч нарса кўринмас, овозида ўктам иқрорлик бор эди.
– Қийналиб кетдим, Дўм. Ютарга қаттиқ ноним йўқ. Қачон кеч тушса, қўшнилардан қайбири ярим коса ёвғон бераркин, деб ўғри пишакдай йўл пойлайман, саҳарни бугун ким маърака қиларкан, деб кутаман. Одам ҳам шундай шарманда бўладими? Бир умр кетмон кўтариб, чўлда пахтаси-ю, тоғда кўчатхонасига сув тараб эришганим шу бўлди. Феълим тагимга сув қуйиб бўлган экан. Билмабман. Уй-жойингни сот, деб келишяпти. Биласанми, жўра, уйимни нуқул қаердаги қаланғи-қасанғи, мандан ҳам баттарлар сўраб келишаяпти. Шунақасиям бўладими? Хи, хи… Тирик бўлганингда ҳаммасини айтиб берардим. Отсанг ҳам майли эди. Йўқ, дедим. Ўлигим ўз уйимдан чиқсин, дедим. Олса, Ойжамолнинг невараларига қолдираман, олмаса кейин давлат билади, дедим. Тўғри қипманми, жўра? Олмазоримниям, бошқасиниям. Ҳалиям раҳмат шу одамларга, ёқамдан олсалар ҳам ҳақлари кетарди. Айниқса, Ойжамолнинг авлоди. Тушларимга Ойжамолнинг сағири, қабримни топиб бер деб, киргани-кирган. Чарчаб кетдим, жўра! Жонимни қайси тош остига бекитишни билмайман, жўра? …Мендан қачон юз ўгирганини, қачон орқага кетганини биламан, жўра! Юракни чоки салгина сўтраган, сўкилган игнани кўзича қақрамагунча тешик кўринмас экан, жўра! Эскиларни гапи эскирмас экан, жўра! Биров эккан райҳондан бесўров бир қулоқ, барг узиб, бир ҳидлаб-ҳидламай кўчага отганиям, бир шохини бесўров синдириб, қулоққа қўндирганиям ҳаммаси ҳисобли экан. Бошқасини қўявер, жўра! Йўқотадаган нарсам қолмаган, ўзиям аввалдан бўлмаганга ўхшайди, жўра! Борида, борингда билмаганга ўхшайман, жўра! Ўртақирнинг чўнқайма тошлари кўзимга уч бирдай ўғлини урушга юбориб, дарагини йўқотган, йўл қараб, соғинавериб эси оғиб қолган, ўтган-қайтган самолётларни орқасидан қўл кўтариб югуравериб чарчагандан кейин, ёз-қиш, иссиқ-совуқ демай, туз тотмай икки тиззасида ўтирадиган, йўл қарайдиган Ойнигор кампирдай кўринаверади, жўра! Юзлаб кампирларнинг тиззалаб ўтиришини кўрапсанми, жўра? Энди бу тирриқи нима қиларкан деб орқамдан қараб қолаётгандек туюлаверади, жўра! Тошлар ҳам одамга қарар экан, жўра!
Жаркўчанинг марзаларига томоша талабида тизилишганлар кўчага бир йиқил­ганида пешонасини, бир тойинишида қаншарини ёриб, бир сурунганда бурнини қонатиб, бир сурилганда бор тишидан ҳам айрилиб, бор касофати икки кафтига тўкилгандай, қонга ботган тишлариниям кўрмаётган, бир ҳўкизнинг қонига қонлатилган одамдай, лахтага тўлган оғзидаги тили айланиб-айланмай бораётган, бир осмонга термилиб, бир Ойқортоғнинг ой суратлиғ қорига ниқталиб ўз-ўзига сандираб, сандираклаб кетаётган, энарида сап-сариғу, ўрларида кўм-кўк ранг олган соқоли жиққа ҳўл бўлиб, бош-оёқ тупроққа беланган, тупроққа қўшилиб, тупроқ билан бирдай, тенг кетаётган чолни кўриб бирови Туркариқ тегирмонининг деви урибди деди, биров тавба деди… Бировлар ёш болаларининг кўзларини кафтлари билан кўрмасин деганча яширди… Кўзи Ўрнинг кўзига тушганларнинг мазаси қочиб, ҳолу аҳволи тўғирланиб, туриш-турмуши шалвираб жойида ўтириб қолди. Чўккалаганлар ҳам бор. Шошганни зўридан жарнинг лаби учган, кўчанинг елкаси кўчган жойлариям бўлди.
Бир нарсасини йўқотгандай, нима йўқотганини ўзиям билмайдиган, йўқот­ганини қидирган, жаланглаган Ой бўлади. Қимирлаган қора танишдай туюлиб орқасидан эргашади… Жовдирагандан Ой жовдирайди. Жовдираган Ой бўлади. Оқ йўлдан энган билан теппа-тенг париллаб жўнайди. Юрса юради, тўхтаса тўхтайди, ўрлаган билан ўрлайди…

ЙЎЛ БОШИДА ДОВУЛ УРГАН ДОВУЛ

Чарақлаб, яйраб турган ҳавонинг феъли бирдан айниди. Пуф деганни ярмича бўлмай орқаси қўзиди. Зиғирдаги Қора Абдол этагидаги Гулчамбар отлиқ қишловнинг қоқ ўртасидан, нўхотдаги юз йиллаб кўксини ерга бериб ётган жойи Қароқчитоғ билан изма-из кетган Кампирдеворни соясидан, тошқини тоғдайи бир елкасини Туркистонга бир елкасини Нуротага суяган Темир Қапиғ оғзидан, ғайрати, ҳайбати отни ҳуркитадигани Ҳаётбошининг Осмонсойидан кўтарилган чанг-тўзон ўрама устун, қуюн, довул бўлиб ер билан кўк ўртасини бир-бирига боғлади. Тўрт ўрама устун аввалига қувлашмачоқ ўйнагандек бийдек дала – Галахирмонжойни у бошидан, бу бошига югуруклашди. Қоракесак, Ёвэмгандан чиққанлар ҳам етса етмаса орқадан ўралашди. Бир марраси Самарқанд бўлди, бир томони Садр Ваққос отани марқади бўлди. Бирови бировига етиб олган, қучоқлашган, ёш боладай ит­олиш курашда бир-бирини йиқитган жойлариям бўлди. Тўпаланг қилди. Тўпаланг ясади. Тўпалангни катта қилди. Тўпалангни қизитди. Тўпалангни бегона қилмади. Одамлар жинлар рақс тушаяпти дейишганча, худди бир нарсани тушунадигандай, қарамаса бир нарсадан қуруқ қолгандай юзларини қуюнларга қаратдилар, бурдилар. Қуюн сурон солди. Салкам сур чалгандай қилди. Довул довул қоқди. Ўрама ўрни ўр, қирни қир демади. Ўлигиниям, тиригиниям кўзини очирмади. Киприк қоққанча бўлмай ўрамалар келишиб олгандек, ўзларини бараварига Жаркўчага урди. Жаркўча бошида бир тан, бир жон бўлиб бирлашдилар. Қизиғи шунда бўлди. Жаркўча бўйлаб, ёқалаб тизилган уйларнинг томи-ю, ҳовлидаги тоғара-ю, дордаги кирларни йиғиштириб, ҳишириб устунига ўраб олди, кўтарди, кетди. Кўчанинг тит-питонини чиқарди. Мочани ҳидини, мазасини энди-энди тотиб қолиб, хумори тутиб, арқонни узиб, лўкиллабгина йўлга тушгану, шамолнинг шовқинидан шошиб, кўчанинг ўртасида туриб қолган эшакни аззот кўтариб, тос тевваси билан ерга урди. Яқинда сутдан чиққан куррани, эшак болани эрмакка олдига солиб қувиб ўйнади. Кўзларинг шаҳло, кўзларинг қаро экан демади. Мандан зўр ит йўқ, итни зўри манман деганларни елкаси елка жойида, думи дум жойида қисилиб ин-инига кирди-кетди. Дамиям чиқмади. Санғилар пана-пастқамга зор бўлди. Топган топган тешигига ўзини урди. Зўр келгандан сичқоннинг инини минг танга бўлди. Дарахтман деганнинг кўзига кўрсатди. Терагини толга, ёнғоғини тутга ёпиштирди. Дунё маники, осмонни суяб турибман деган, бир-бирига шох тирашган шохларни чўртта-чўртта юлиб олди. Оёғини ерга тиккиздирмай олдига солиб кўча супуртирди. Бурнини ерга ишқаб кўча шипиртирди. Чўкиртакка айлангунча кетини ер искатмади. Тутантириққаям арзимайдиган бўлгандан кейин, гадой топмас арналарга олиб бориб, суйишга куллукланган қўйдай қилиб тиқди. Ташлади. Пичоқ ҳайф деди. Қишлоқда қачон экилганлигини, бирлашиб кетганидан нечовлигиниям биров билмайдиган, баландлиги бир қирча бор, энига тўрт одамнинг қулочи етмайдиган Тожихол кампирнинг теракларини қарсиллатиб чўрт белидан иккига бўлиб, Ўрнинг оёғи остига ташлади. Ўр қуюннинг нақд ичида қолди. Лекин, Давлатмурод пинагини ҳам бузмади. Дарахтларнинг қарсиллашидан ҳам, шамолнинг увуллашидан ҳам қўрқмади. Қайтага ўзини ўша Илмис кўрган кундан олдинги кунлардаги Давлатмуроддек ҳис этди. Қўрқадиган нарса бошқа нарса эканлигини, умрини қўрқув билан ўтказиб, хотираси тинган, синган, сўнган, тўнган одамга дов-дарахтларнинг қарсиллаши, шохларнинг учиши, томларнинг кўчиши қарашга, қўрқишга арзигулик нарса эмасдек туюлди. Бир лаҳза Давлатмурод ўзини болалигига, ўша кунга қайтгандек ҳис этди. Машраби мажзубидай сочи тўзиб келган ўрама-қуюн Ўрни жойидан қимирлата олмай, йўлидан чалғита олмаслигига кўзи етгач, Жаркўча бўйлаб тоққа ўрлади.
Ўр ўз ташвиши, ўз хаёли, ўз дарди билан олишади.
– Тирикчилик ҳам ўтин теришдек гап экан, жўра! Тирикчиликка мен ўтин бўлдим, жўра! Тирикчилик мени ўтиндай отди, терди, тахлади, ташлади, жўра! Назаримда бир чеккада, девор панасидаги ўтиндай, қачон ўчоққа тушар эканман деб кўзи тасрайган, ғамланган ғарамдан сўппайиб чиқиб турган ходадайман, жўра! Одамни терган ўтиниям ўзига ўхшар экан, чоғи. Ким тараша, ким пона, ким тутатқи, ким тутантириқ дегандай. Ҳўл-қуруқ дегандай, қарсиллаб ёнар, писиллаб тутар, на ёнар на тутар турмиши сасиш дегандай. Бизники энди на ҳўл, на қуруқ чиқди, жўра! Энди бўлари шу бўлди, жўра! Терган ўтин елкада, ўтин ҳам ўзим, арқон ҳам ўзим. Эгасиз ўчоғу, бекасиз қозону, эгаси ҳамиша ҳозир катта-кичик кўсов ҳам ўзим. Ўзимга ўзим. Худо ўзи биларкан қачон, кимга нима қилишини, жўра! Раҳматли Катта энам, кейин опам ҳам кўчада бировдан тушиб қолган ўтинни ғовдан ичкарига олиб кирмай, эгаси таниса олиб кетар деб кўча деворига тикка суяб қўйишларини, суёвдаги ўтинга биров қарамаслигини, эгаси чиқавермаса кўп сарғайтирмай устидан уч марта сув қуйиб, қурт- қумирсқадан, ушлаган қўлнинг бало-қазоларидан ювиб, тозалаб кунчувоқда яхшилаб қуритиб, кейин ўтинлар қаторига қўшганларини, ўтинларга одамга гап қўшгандай гап қўшганларини энди тушунгандайман, жўра! Ўтинниям тозаси, нотозаси бўлишини минг марта эшитганман-у, маънисини ўйлаб кўрмаган эканман, жўра! Одамлар ўтин ҳам давлат дейишганда, оғзимни бекитиб кулгандим. Ўтин ҳам давлат эканлигини саратонда совуқ еган биларкан, жўра!
Мен болалигимга қайтдим, жўра. Ҳозир тоғдан келдим. Ўтин териб келдим. Иккимиз ташлаб қочиб келганда қолиб кетган ўтинларни қайта йиғиб-териб келдим. Ҳалиям жой-жойида турган экан, жўра! Худди болалигимиздагидек Дунётепанинг устидан тикка тушиб келдим, жўра! Қўрқмадим жўра, қўрқмадим! Тикка тушдим! Дунётепадан Жаркўча бошқача кўриниши рост экан, жўра! Сен шундай деганингда, мен ичимда кулгандим, жўра! Мана, мен энди дарахтларнинг қарсиллашидан қўрқмаяпман, эшитяпсанми, қўрқмаяпман. Сен тўғри айтган экансан. Қўрқоқлик ифлосликнинг боши экан. Нафас олишим жуда енгил. Қўрқмасдан, ғирромлик қилмасдан нафас олиш бунчалик енгиллигини билганимда, мен бошқача яшаган бўлардим… Сан кетдингу қишлоқ ҳувуллаб қолди. Мани уйим нима-ю, бошқаси нима… Сани бир ўзинг манга ўхшаганнинг, мандан ортиғининг бир томими, бир қурими, бир қўрасими, бир қўтаними ишқилиб баридан зиёдлигингни энди билдим… ичингда тиригинг борми, деган гапни англагандайман… Ҳаёт сен билан, сенга ўхшаганлар билан ҳаёт экан… Қирқ отар қўй калла талашиб кўча чангитиб кириб, чиққани билан қишлоқ қишлоқ бўлиб қолмас экан, жўра! Жон жўра, мени кечир, кечирмасанг жоним чиқмайди…
…Мени кимлигимни элга айтмадинг-а, жўра? Қирқ йил гаплашмасанг ҳам элга кимлигимни айтмадинг-а? Ўртада нима гаплигини биров билмади-я? Эл билади деганинг бари аччиқ устида-я? Лекин, мен кимлигимни биламан, жўра. Эртадан-кечгача ишлайман. Эгаси йўқ дайди, суманги итдек мен кирмаган кўча, қилмаган меҳнат, кўрмаган ғурбат қолмади. Итда тиним бор, менда тиним йўқ. Олган ҳосилимга бир қишлоқни боқса бўлади. Мандан бошқа бу тирикчиликни қилганда итининг ялоғиям тилладан бўлиб кетарди. Лекин, юқмайди, жўра! Қаёққа кетганини, нимага ишлатганимни билмайман. Ғирром тирикчиликники шу бўларкан. Буюрмагандан кейин қийин экан. Меҳнатларим зое эканлигини билдим. Қишлоқда ўлган эшакниям одамлар галалашиб, судраб бориб кўмишади. Ўлигим кўчада қолмаслигини, маъракамга келган одам бир тишлам нонимга зор эмаслигини, шунга ўхшамай, деб оғзига олмасликларини, элчилик ориятидан келишларини билсам-да, қуруқ қўл билан ўлиб кетгим келмаяпти. Ҳеч бўлмаса ўлигимни бировларга ташламай дегандим. Ҳамма умидим нафақадан эди… Тўрткўзгаям жавоб бериб юбордим. Ўзи ит кунида яшасанг-у, ит боққанингга бало борми, дедим. Униям қийнаб нима қилдим. Тўғрисини айтсам, ёмонотлиқ бўлиб ўлиб кетишдан қўрқаяпман, жўра! Энди отимни оқлаб ололмасам керак-а, жўра? Эсингдами? Қишлоқда Дадаҳожи деган одам, бўйнида ҳамиша қўл чархи осиқлиқ бўларди. Шу чархни бўйнидан қўймай, яёв-пиёда ҳажга бориб келган дейишарди. Қишлоқдаги охирги Ҳожи дейишарди. Энди ҳажга бориш қаерда, шу кетиш бўлса ҳаж дегани нималигиниям одамлар яқинда унутса керак. Келган кунидан бошлаб боши сўроғдан чиқмаган, мелисахонани олдидан ўтсам кун бўйи эшик олдида мустар турганлари кўз ўнгимдан кетмайди. Жовдираганча Ойқорнинг бошига қараб тургандай бўлаверади. Бориб салом беролмаганимнинг сўрови, бир бурда нон илинмаганлигим сўрови суякларимни зирқиратади. Энди-энди билсам одам билан итнинг фарқи жуда оз экан. Фарқи икки оёқда юриб туриши эмас экан. Ҳожининг яхши одамлигини, бировга зарари тегмаганлигини ҳамма биларди. Чарх чархлаб, бировдан бирон сўм сўраганини биров кўрмаган, эшитмаган ҳам. Лекин, ҳеч ким яхшилик қилолмасди, яхши одам деёлмасди, жўра! Деёлмади жўра! Нега шундай эди, деб савол бермаслик учун эса одам ваҳший, ёввойи бўлиши керак, жўра! Бировни кўчасида ўсган райҳонидан бесўров узилган бир қулоқ баргни ҳидлаб-ҳидлаб, кейин кўчага отганнинг уволиям, бир шохини сўрамай сирдириб, қулоққа қўндириб, уйга олиб келиб тўғраб айронга қўшиб ичганниям, ҳамма ҳаммаси ҳисобли экан, жўра! Бошқасини қўявер. Гуноҳлар енгиллашармикан? Йўқотадиган нарсам йўқ, жўра! Ўзи аввал бошдаям бўлмаганга ўхшайди, жўра! Ушлаб кўриладиган, сотиладиган, олинадиган нарсанинг бари бир кунмас бир кун сотилиши, олиниши, янги қўлга ўтиши, йўқотилишини, заруратга кўра йўқ қилинишини, йўқотилмайдиган нарсалар кўнгилда, олинмайдиган нарсалар кўкайда, сотилмайдаган нарсалар хаёлда, бериладиган нарсалар ниятда бўлишига иқрорман, жўра! Нима қилган бўлсак қайтди, жўра! Бир чизиқ кам ҳам эмас, бир чизиқ зиёд ҳам эмас. Биларкан. Ойига ўттиз икки сўмдан нафақа берадиган бўлишди. Нафақаниям хили кўп бўларкан, жўра, эшитяпсанми, нафақа берадиган бўлишди. Қарилик нафақаси, дейишди. Яна айтишдики, “Селсоветдан келган рўйхатда номингиз бор, фронт орқасида уруш орқаси фронти дедими, фронт орқаси дедими, ҳарқалай қатнашган эканман”. Раҳмат, жўра! Мани кечирибсан-да, а? Кечир деёлмасам-да, кечирибсан-да! Шу итниям кўзи очиқ кетмасин, дебсан-да. Рўйхатдагилар вақтли, эрта олишса олти ойдан кейин, ғинг дегани бир йилдан нарида нафақа олишар экан. Бунчага етолмайман, дедим. Уч ойдан кейин беришади. Қўлга ушлашга етаманми, йўқми, Худо билади. Икки ойлигини корҳақи дейишди. Карҳақими, кўрҳақими, зўрҳақими ишқилиб шундай. Гўрга, дедим. Тушунсам, тушунмасам рози бўлдим. Ўзи кўп нарсани тушунишингниям кўпам қизиғи йўққа ўхшаркан, жўра. Райсабесни одамидан “нафақа” нима дегани деб сўрасам, неваранг қатори бола ёдлаб олгандай, “Ғурбатда турарлик тўлови дегани”, деди. Ер ёрилмади, ерга кириб кетсам. Санга шу зарилмиди, ўл бу кунингдан дейдиган одам йўқ. Одам хом гапириб пишиқ гап эшитганда шундай бўларкан. Тўғрисини айтсам, гапи тегиб, тешиб, ўйиб кетди, жўра. Жондан ўтди, жўра. Нафақани ушламасдан тўйганга ўхшайман, жўра! Лекин, айтсам гўр тутайдиган, айтмасам гўристон ёнадиган ғурбат гапим, қарз тўлов гапим бор сенга, жўра! Ҳамма нарса сабил қоладиганда-ю, бор гап, бўлган гап, тўғри гап сабил қолмайдигандай, жўра! Оғиздан чиққани у ёқда турсину, хаёлдан ўтганиям бир кун бўлмаса бир кун ҳаммага аён бўлишига иқрор бердим, жўра! Жўрачилик фақат жўрачилик билан қайтарилишини билдим. Мол-дунё душман кўзи, ошна ялоғи деганлар бир нарсани эртароқ кўрган экан, жўра!
Ўрнинг гап-сўзларини эшитган кўчанинг хаёли қочади. Урушнинг эртаси столбадан айтилган гап ҳам Ўрни уйланган куниям кечагидай эсида. Симёғочнинг чеккасига қўндирилган, ўша кундан бошлаб устаси ҳар куни қулоғини қайта-қайта соз­лайдиган, созлашда ичига тушиб оладиган, ўша тўрт томони темир тўсиқ, қафасдай кўринадиган, усти очиқ осма айвончага қўнганча, елкасини симёғочга берганча эслайди. “Душман шафқатсиз ва ёвуздир. Унинг муддаоси пешона теримиз тўкилган ерларимизни, меҳнат қилиб топган ғалламизни ва нефтимизни босиб олишдир. Унинг муддаоси помешчиклар ҳокимиятини тиклаш, чоризмни тиклаш, руслар, украинлар, белоруслар, литваликлар, латишлар, ўзбеклар, тоторлар, молдовиянлар, грузинлар, арманлар, озарбайжонлар ва бошқа озод халқлари яратган миллий маданиятларни ва миллий давлатларни вайрон қилиб ташлашдир. Уларни немислаштириш, немис князьлари ва баронларига қул қилиб беришдир. Шундай қилиб, гап халқларининг ҳаёт-мамоти тўғрисида бораётир, халқлари озодлигича қоладими, ёки қулликка тушадими – гап ана шу тўғрида бораётир”. Айвончани тахтаси ҳўл-қуруқ, иссиқ-совуқда тўкилган, тахталиги қолмаган, карнайни кимдир илиб кетган, кўринмайди. Айвончани оларман кўп-у, олгандан кейин нима қиларини билмаганидан жойида турибди. Билганда аллақачон эгалик бўлиб кетарди. Ким ким? Кўча кимнинг кимлигини билади. Бекорига елкасида кўтариб юргани йўқ. Елкасидан ўтган иссиқ жон иссиғидан симёғоч ҳам бекорига сарғаймаганини сезади. Тилини тушунмаса-да, бошини силаб қўйган бўлади. Уруш ётган кундаги гап-сўзлар ҳам эсида. Тўғриси, уни газетадан ўқиган. “Ҳукумат 1945 йилнинг 24 майида Кремлда қўмондонлар шарафига, Сталин таълимини кўрган лашкарбошилар шарафига зиёфат қилиб берилганини, ўртоқ Сталин бу зиёфат мажлисида совет халқининг, аввало …иттифоқига кирган барча миллатнинг энг улуғи бўлган рус халқининг Ватан урушида кўрсатган хизматларидан гапиргани, ўртоқ Сталин, бу урушда рус халқига ҳамма қойил қолди, рус халқининг мамлакатимиз халқлари орасида …ининг раҳбар кучи эканини ҳамма билади дегани, ўртоқ Сталин рус халқи фақат бир раҳбар халқ бўлганлиги учунгина эмас, балки раҳбарлиги билан бирга равшан фикрли бир халқ бўлиб, бардошли, сабр ва тоқатли, шошмаган бир халқ бўлганлиги учун ҳам унинг омонлигига қадаҳ кўтарган”и ҳақидаги ёзиқларни худди шу айвончанинг симёғоч билан бирлашган, бир-бирига қотирилган қозиғининг пешонасига ёпишиб, шамолда пирпираганида ўқиганини, охиригача ўқий олмаганлигини, ўшанда Ойнигор кампир тўртинчи ўғлининг қора хатини олгани ва хатни олганда ҳушидан ажраб, “суюниб” жарни жар, кўчани кўча демай бир оёғида тоштовон, бир оёғи анчадан яланглигидан ёрилиб-ёрилиб тоштовондай бўлиб кетган Ойнигор кампирнинг сочини ёйганча, қарғаларни самолёт деб орқасида югурганидаги ўкиригидан чўчиб тушган. Айвонча серрайиб қолганиниям, Ўрнинг ҳозирги ҳолига тушгандай бўлганиниям яхши эслайди. Ўша ёзиқларни ўқиганидан буён ўрисни кўрса уялади. Тушунган ўрис ҳам уялишини кўрган, сезган. Шунда шу вақтгача жўраси йўқлиги нимагадир хаёлининг бир чеккасидан ўтиб кетди. Симёғочга қаради. Кўзи симёғочнинг оёғига тушди. Бетига қарашдан ичидаги нимагадир тортди. Хаёлидан ўтган, одамлар бир-бирига кам айтсаям, кўплик қиладиган гап-сўздан ўзидан ўзи хафа бўлиб кетди. Дўст бошга, душман оёққа қарайди.
Ўрис босгандан кейин одамларига қўшилиб келган исқотига қўяйнинг сассиғига дами қайтади. Худди ўзининг сассиғи етмагандай. Пенсиясини олди дегандан ичиб, итни орқа оёғи бўлиб, кўлмакка думалаб, кўчани саситиб, етиб келолган жойдаги симёғочни қучоқлаганча тураверадиган, ўргатган мастерини изини босганлар ҳам бор. Ушлатиб кетилган симёғочига чирмашганча, оёқлар қалтираб, ўтгангаям, қайтгангаям бақрайгани билан кўз ҳеч нарсани кўрмайди. Оти чиққан алкашларни отини чиқарган симёғочлар ҳам бор. Фалончини симёғочни деса билинки, ўша пиёниста ўша симёғочни кўп қучоқлаган. Ўша жой – ўшанинг марраси. Оти шундан чиққан. Ўзи ўлиб кетган бўлсаям оти симёғочда қолганлариям йўқ эмас. Тўранинг симёғочи, Жўранинг столбаси дегандай. Тўғриси, ўзи ҳамма симёғочни столба деб келган. Симёғоч сўзи, оти, атамаси бегона саналиб, бегонасираб худди эски йўл бузилиб, текисланиб, янги йўлни ўртасида сўппайганча қолиб кетган узун бўйли бир нарсадай бўлиб қолган. Эл тили билан эл. Тили билан тирик. Тили ўлган элни эл санамайдилар. Кўчанинг бошидан бир кунлар ўтдики, эсласа, сесканиб кетади. Ўшанда ўй-хаёли битта, эл тили ташвиши эди. Ташвишни зўридан кўзи илинмасди. Хаёли дунёни у бошидан кириб, бу бошидан чиқар, саволига жавоб тополмасди. Хаёлида ота тилда гапирадиган охирги авлодни кўраётгандек, кузатаётгандек бўлаверарди. Кундузи-кечаси шериги ой эди. Ойни ҳамиша бир бети кулган, бир бети йиғлаган эди. Ой ҳамиша кулганга кулган, куйганган куйган кўринган.
Одамни одам сонига қўшадиган ҳам, одам сонидан чиқарадиган ҳам, тирик­лай кўмадиган ҳам, ажали билан ўлганни кетмондан кейин ишини тугатадиган ҳам сўз эмиш. Бу Мардоннинг гаплари. Тилни бериб қўйгандан кейин – саройни қўриқлашни қизиғи йўқ эмиш. Оқиниям, Кўкиниям. Тил тилга душман эмасмиш. Тилни эгаси бир эмиш. Тил аслида бир эмиш. Бирни бир билганлар билармиш.
Бир нарсасини йўқотгандай, нима йўқотганини ўзиям билмайдиган, йўқотганини қидирган, жаланглаган Ой бўлади. Қимирлаган қора танишдай туюлиб орқасидан эргашади… Жовдирагандан Ой жовдирайди. Жовдираган Ой бўлади. Оқ йўлдан энган билан теппа-тенг париллаб жўнайди. Юрса юради, тўхтаса тўхтайди, ўрлаган билан ўрлайди…

ЯНА ЙЎЛДОШ БЎЛАМИЗМИ, ЖЎРА?

Ўр қўлига уста Мавлоннинг молхонаси оғзидан қўлига илинган тешик тоғорани ҳафсалаю ҳавасда каштасини келтириб чертиб, гашти келганда кўчани бир четига қўниб, чотини орасига олиб савалаб, хумори тутганда ўзи айтган ёр-ёрига ўзи қарсакларни қарсиллатиб чалиб, кўзига нима кўринса ўшани қўшиққа қўшиб, қўшиққа солиб, қимирлаган нарсаларни шу вақтгача кўрмагану энди кўзи тушиб, термилиб, дов-дарахтни, тоғу тошни, суви-сойни, қушу қузғунни энди кўраётгандек ҳар бирига ҳайрату ҳавасда қараб, ўзини кўзини чўғида ўзини кўриб, кўкай билан тилни бирдай қилиб, ҳамма-ҳаммасига салом бериб, бошини хам қилиб, овозни бор бўйича қўйиб жўнайди. Келин тушириб бораётгандагидек. Жаркўча шошгандан шошади. Шошгандан Жаркўча шошади. Бир шошган Жаркўчача бўлади. Тўй деса тўй, марака деса марака эмас. “Ёр-ёр” дунёни бузади.

Тушунмасанг бир дард, ёр-ёр ёрон-э,
Тушунсанг минг бир дард, ёр-ёр ёрон-э,
Эски тоғарани тешиги, ёр-ёр ёрон-э,
Келмиш дунё эшиги, ёр-ёр ёрон-э,
Қочмиш дунё эшиги, ёр-ёр ёрон-э,
Қувмиш дунё эшиги, ёр-ёр ёрон-э,
Етмиш дунё эшиги, ёр-ёр ёрон-э…
Ҳазор ҳазорга борар, ёр-ёр ёрон-э,
Ўлик мозорга борар, ёр-ёр ёрон-э,
Энаси тўрт яшару, ёр-ёр ёрон-э,
Боласи бозорга борар, ёр-ёр ёрон-э…
Топишмоғим, топгунча, ёр-ёр ёрон-э,
Топганларга оқ кулча, ёр-ёр ёрон-э,
Топмаганга кул кулча, ёр-ёр ёрон-э,
Кулганларга куй кулча, ёр-ёр ёрон-э…
Эшик олди бўзалам, ёр-ёр, ёрон-э,
Қизлар қошида қалам, ёр-ёр ёрон-э,
Йигитлик давридир дам, ёр-ёр, ёрон-э,
Кейингиси дард алам, ёр-ёр, ёрон-э…
Қўлингга қарар қалам, ёр, ёр, ёрон-э,
Кўзингга қарар қалам, ёр, ёр, ёрон-э,
Сўзингга қарар қалам, ёр, ёр, ёрон-э,
Қаламни қадри баланд, ёр, ёр, ёрон-э.
Қадридан дарди баланд, ёр, ёр, ёрон-э,
Ўйлаб ёзиқ ёзилмас, ёр, ёр, ёрон-э,
Ўйлаб ёзган ёзиқмас, ёр, ёр, ёрон-э,
Ўйга кунинг қолмасин, ёр, ёр, ёрон-э.
Кўрга кунинг қолмасин, ёр, ёр, ёрон-э.
Берганини туширгин, ёр, ёр, ёрон-э,
Туширмасанг бир дард, ёр-ёр ёрон-э,
Туширсанг минг бир дард ёр-ёр ёрон-э…
Там-там, тара-там, там-тарара тара-там.

Кўраяпсанми, ёр-ёр айтаяпман, тиқ этган товушни тоғарага солиб кўраяпман, жўра? Мулла минмаган эшак ҳар мақомга йўрғалар, жўра! Қариганда отарчи отини олмасайдим. Ҳозир отарчи деган гапниям кўп одам тушунмайдиган бўп кетди. Ҳаммаёқни ­отарчи босиб кетган бўлсаям. Авваллари қўшиқчи дегани бошқа, отарчи дегани бўлак бўларди. Қилмаган ишимиздан ўзи шу ғарлик қолувди. Хи-хи-хи… Ярамай қолганда ғирт бўлиб кетмасам-а, жўра! Эркакни ғари бўлмайди, тўғрими, жўра? Энди яшагим келаяпти-ю, сен йўқсан жўра! Энди ер устида юришни гаштини сезгандайману, сен йўқсан, жўра! Энди нафас олишни мазасини ангнигандайману, сен йўқсан, жўра! Умр­ни ушлови қолмаганда, шарти кетиб, парти қолганда. Умр кўмирга айланганда. Хи-хи-хи… Шу вақтгача қулоқни орқасида бир энлик муздек бир нарса тургану, энди-энди илиётгандай, жўра. Тошми, қўрғошингми эриб силжиётгандай, жўра! Бир кунда ўн ўлиб ўн тириламан, жўра! Сенсиз тириклик ўзини қадрига етказди, жўра! Сенсиз умр суробимни тўғрилаб қўйди, жўра! Соянгни пана қилиб бўлсаям суяниб юрган эканман, жўра! Ўзимни нимагадир ўзини ўзи талаган итга ўхшатаман, жўра! Айниқса, илкисдан қўлимга, елкамга кўзим тушганда… Эртаю кеч овчининг ортидан бир ялоқ тўла ювинди умидида тили осилиб, биров буюриб, биров учириб, биров отган қушни олиб келганидан хушу хурсанд, думни ўйнатиб, қийшанглаган тозига ўхшайман, жўра! Сассиқ оғзини жон талвасасида патирлаётган қушга ботирган, ўлжасини овчига олиб келиб зўр ишни менгаргандай ялоқланган, ялтоқланган итга ўхшайман, жўра! Боши узра соя солган итга, оғзидан сўлаги оққан итга, сўлаги кўзи жовдираганча қараган қушнинг ўз қонига бўялган бошига томиб дили яйраган, кўзи қушнинг тумшуғидаги дониям паққос қонга ботиб, дон устида эт ўриб қотаётган қонни кўрганда тил бир қарич бўлиб суюнган итга ўхшайман, жўра! Болаларига ризқини етказишдан умидини узмаган, оғзидагини ташлашни хаёлигаям келтирмаган, учолмаса-да қанот қоқаётган, кўкси билан ер ҳайдаб бораётган, ҳаммаси албатта яхши бўлишидан умидвор қушларга тиш ботирган итман, жўра! Ўққа учраган бўлса-да, оғзидагини боласига олиб боришдан умидини узмаган қушларнинг кўзига қарашга, қувват бўлишга кучи етмаган итман, жўра! Қушлар қарғаган итман, жўра! Бир қаноти қора, бир қаноти оқ қушлар атрофимда айланади. Кўзлари кўз ўнгимдан кетмайди. Қанот қоққанларидаги эпкин икки қулоғимга наппар ургандек. Мен ҳам одам сонидаманми, жўра? Нега мени ўшанда отмагансан, жўра? Кўргиликни зўридан тили икки қарич бўлиб оғзидан чиқиб турган итни кўрганмисан, жўра? Кўрган бўлсанг ҳам, кўрмаган бўлсанг ҳам ўша менман, жўра! Гой-гойда ўзимни чўнқайиб, икки тиззасини кўзига навбатма-навбат қўлларини қўйиб, боши қийшайиб тиланиб ўтирган ва бир тўда кўчабезори ўтиб қолиб эрмакка оғзи-бурни қонга тўлгунча калтакланган, кафтидаги чақалари сочилиб кетиб, тепкигаям қарамай, тангасини йиғаётган тиланчига ўхшатаман, жўра. Дардимни достон қилиб вовуллагиларим келади-ю, элдан уяламан, жўра. Минг йиллик қўтир итлигингни билиб туриб, юзингга солмаган элдан уяламан, жўра! Уятни кеч берганиям ургани ўрнида экан, жўра! Қарғиш теккан қари итман, жўра! Кўринган итдан бир суяк қарздайман, жўра! Қани энди қувватимни борида шу уят ҳам бўлганда эди… Ўзинг урушдан қочган бир тирриқи қочоқ бўлсанг, одамларга ақл ўргатишни санга ким қўйибди дейман ўзимга ўзим. Тўғрими, жўра?! Хаёлимда умрим шу саволга нима деб жавоб беришга сўз тополмаган, топсаям айтолмаган гунгдай ўтди, кетди. Одам катта йўлда била туриб адашмасин экан, жўра! Мен ўша йўллар узра адашган сўқмоқнинг бошини, йиллар тўқмоғини, тўқмоқларини йиллар тўқмоғи, тўқмоқлари бошга, бошларга тўқиллатган вақтни билгану, ортга қайтолмаган, қайтишга кучи етмаган, қўлидан биров уриб туширган қушни, олиб келишдан бошқа нарса келмайдиган думи ликиллаган този итман, жўра. Йўл бошига қайтишдан қўрққан, нимадан қўрққанини ўзиям тузук-қуруқ билмайдиган, қайтмаса ҳеч ким ҳеч нарсани билмайдигандай, ҳеч қачон сўров бўлмайдигандай, ўлмайдигандай, ўзини қўлга ололмаган, иккиўй, беэга, бесўров, бесуров итман, жўра! Тўрткўчанинг ўртасида қолган жўра! Эгалик, сўровлик, ялоқлик ит бўлиш ҳам ҳаммага эмас экан, жўра! Ёмонни ёмони менман, жўра! Мени ёмонам ёмон кўрма, жўра! Мени ёмон кўрма, жон жўра! Мени ўлган дема, жўра! Сендайлар нимага туғилиши, нимага яшаши ва оти нима учун тилдан тушмаслигини билдим, жўра! Эшигинда боғлоғлиқ итинг бўлай, мени кечир, жўра! Сен билан бетма-бет бўлишдан қўрқиб кетаяпман, жўра! Мендайларга теккан барча ланг, барча ойин мен билан кўмилиб кетсин энди, жўра! Қилган қилмишларимга ўзим тўлов бўлай, жўра! Мени бола, бегуноҳ бола хуни урган, жўра! Мени урушим қиёматгача тугамайди, жўра! Тақдир ўз ишини қилиб қўйганини ўша Ойжамолнинг гўдаги онасини кўксига бошини қўйиб хайрлашганда ва бошини кўтарганда жаланглаб атрофга қараганда тақдир ишни қилиб қўйганини илғовдим, жўра! Онасининг қақшаб, боласининг довдирабгина хайрлашганида, боласини кузатарга, тишлатарга бутун нон тополмай етим кулча тишлатганини Яккатут панасидан, бекиниб кузатиб турганман, жўра! Худди уни урушга кетиши нотўғрилиги очилиб кетмай қолади-ю, мени сен боришинг керак жойингга тур деб судрашадигандек. Жон ширин кўринган, жўра! Жонни жондай асраш ҳаммагаям эмас экан, жўра! Уруш элни қонини бузар экан, жўра! Урушни чиқарганни уйи куйсин! Урушни бети қурсин, бетини тескари қилсин, жўра! Ув, у кунларнинг ялоғига қайта кун қолмасин, жўра! Уруш одамларни бошини еган бўлса, мени боримни еди, жўра! Сен кўрган уруш уруш ётганда ётган, мен кўрган уруш ҳеч қачон ётмайди! Қиёматгача ётмайди, жўра! Ёзиқ шундай бўлган, жўра! Мен ёмонман, лекин мени ёмон кўрма, жўра! Ўша-ўша Яккатутниям бетига қаролмайман.
Эзмалик бўлсаям айтай. Гап оғиздан чиқса бўлди экан! Йўқ, хаёлда бир айланса бўлди экан, жўра! Биров бўлмаса биров эшитаркан. Мен иқрорман! Қилт этган хат-саводим, салом бердирар мол-дунём, ит ҳуркар амалим бўлмасаям гапим шу, жўра! Ақлли гапларга даъвогарлигим йўғу, лекин, ҳеч бир нарса ўз-ўзидан бўлмаслигини, ҳар бир сўзга сўров, ҳар бир қилиққа ҳисоб бўлишига беш қўлдай иқрорман, жўра! Болалагимизда подаётоқдан тезак терган кунларимизни қўмсайман. Элни ярмидан кўпида тезакни қоплагани қопиям йўқ эди. Қопни навбат қилган кунни орзуламасам ҳам одамларнинг ўшандаги бир-бирига оқибатини орзуқаман, жўра! Мол-мулкнинг сўрови қаттиқлиги бир жойдан эшиттимми, туш кўрдимми, сояда қолдимми, қаро босдими ҳар қалай мол-дунёдан совидим, жўра! Бирор ўқимишли муллани гапини эшитай десам, зотини кундуз куни чироқ ёқиб тополмасанг. Мулламан деб саллани катта ўраб, тўрга чиққанини гапи эшитдинг нима, парткомни гапини эшитдинг нима. Тус бир. Чумоли чаққанча бўлмайди. Чим этмайди. Мачит ҳам колхознинг далага соладиган дорихонасига айланган. Дунёдаги бор сассиқ дорини бари шу ерда. Энг ёмони сариқ қумга ўхшагани. Яқинлашганни бир мартага йиқитмай қўймайди. Ўзинг ўғридан баттар бўлиб, кучни борида ароққа ошна, ошга оғайни, қўлдан иш, оғиздан тиш кетиб, ҳассаниям биров топиб ушлатганда мачитни ғамини есанг кулгилими, жўра? Одам ўзининг расво-ю раддилигини билсаям қийин экан, жўра! Жаркўча узумларини болалигимиздагидек узиб егим келади, жўра! Лекин, қани уни узишга узатиладиган қўл!? Қани юрак!? Қўрқаман, жўра! Қўл чўзгани қўрқаман, қўлим ўзимга қайтиб келмайдигандек, узанганда шартта синиб тушадигандек, жўра? Узум доналари тизилишган, ғужлашган, бир бошга бирлашган ва ҳар бир қадамни кузатадиган мингкўздек туюлади, жўра! Ипга ўтказиб тизиб қўйгандек, қарокўзлардек. Бир-бирига, “Бу ифлосни бетини кўрманглар!” деганча қараб тургандек, жўра! Кўча тўла кўз, нигоҳ, назар, нафас, жон, суқ эканлигини эскилардан эшитганда бу қулоқдан кириб, бунисидан чиқиб кетган экан. Кўч кўронига, эс эсарига кетганда тирикчилик гулмихлари жой-жойларига қанқиллатиб қоқилаяпти, жўра! Дадаҳожидан таварик бир гап қолган, жўра! “Қўлинг тупроққа тўлсин”, деган. Қўл тупроқ нархи навосини билмасдан, титроғини сезмасдан олдин бетига тупроқ сочилган маддоҳдайман, жўра! Ойнигор кампирга йўлиққанимда, кетар олдидан бир кун аввал айтган гапи тешиб кетган. “Сен Ойжамолнинг боласимисан, мани болаларимни кўрмадингми?” деса бўладими, жўра!? Энди мани бу ерда қиладиган ишим қолмади, Дўм, – дейди худди иккови Дўмнинг ишхонасида-ю, тўрт оёғи тўрт томонга тарвақайлаган, ўз юкини ўзи кўтара олмай ҳар йили бола ташлайдиган, кўтарам касали теккан сигирдай чайқалиб, омонат турадиган, устига қип-қизил бахмал солинган столнинг нариги бошида, бахмал остида қачонлардир бир байрам олди стол устига алвон латта ёзилиб унга мойбўёқда “Партия ум, честь и совесть… эс-пес, фалону тугун” деб ёзилгану, ёзиқ латтада ёзилганидан зиёд бўлиб бетига ўтиб қолган столнинг нариги бошида, бир жанжални устида икки оёғи қоқ белидан чўртта синган ва ҳар тарафидан ҳакачак боғлоқлиқ, яна бир оёғи аввал бошдан калта кесимлигидан понадай қилиб улатқи солинган столнинг нариги бошида, иш столини янгилатиб, эскисини ишга ярамайди деган хаёлда ўтинхонага чиқариб ташланган столнинг нариги бошида, касалхонада ётадиган кунларидан бошқа маҳал, шому саҳар селсоветни идорасини олдида, қўлтиқтаёқларини йўлак ёқасига тўшаб устига танда қўядиган, кирганниям чиққанниям оғзини ҳидлайдиган, босган изига белги қўйиб қўядиган, ундан бошқа ҳеч ким урушда қатнашмагандай, таёқ ҳамма нарсадан устун, “Адолат ё ўлим, ё ўлдириш!” деганча тутақадиган, қалтировнинг зўридан ранги кўкариб кетадиган, озғидан кўпик сачраб қоладиган, пахта биргадир шийпон ҳовузи толлари шохини сийраклатсаям, мол ферма эски гўнгни далага чиқарсаям, чўчқахона мегажинлар наслига тортиб боласини еб қўймасин деб ортиқча чўчқа болаларини тарқатсаям, қаерда нимадир кимгадир берилган, берилаётган бўлса бўлди, қуриқ қолмайдиган, зарур нозарурлиги қизиқтирмайдиган, ҳар йили селсоветни қоғози билан бепул оладиган шифер, ёғочларини сотиб яна ҳеч нарса кўрмагандай ҳаммадан олдин муҳтожлар, чорасизлар, зор қолганлар рўйхатини бошида турадиган Жўлантуя йўқ ердаги жанжални бошлаб, каттартириб катта идораларга кўтариб борган, шундай улуғ шиорга беҳурматлик қилгани учун Дўм мум бўлиб таъзирини еган ва бемаҳалда бехитгина ўз ўрнига қайтган столнинг нариги бошида, бир вақтлар бири боши айлангандан ушламаса йиқилишидан қўрқиб, пайпаслаган, бири ҳамиятдан, ўзини ноҳақ ғазабини қайтариш учун тутамлаган, ушлаган, ҳар иккисига ўтиб бўлмас девордай совуқдан-совуқ кўринган столнинг нариги бошида Дўм, бу чеккасида ўзи тик тургандек, шошганча кийгулик суроби, елкага ташларлик айласи, кўйлаклик ҳоли қолмаган жандани ёқаларини тўғирлаган бўлиб, давом этади.
Ҳар ҳолда умидим нафақадан. Бошқасидан буюришидан узилганман. Икки ойлигини йиғсам етади. 64 сўм. Бир йилга 1 сўмдан. Ўтин пули! Нима дединг, жўра. Насиб этса, кафанлигимни йиғсам, бораман… қўлга ушлашга етармиканман?
…Мен ҳам яшадимми, мен ҳам қаридимми?…
Там-там… тарам-тарам. Бу гап тоғарага тушмас экан.
Отамнинг отасидан эшитган, менга айтган, тайинлаган эски бир гапи бўларди: “Тишли бўлдинг нима, тишсиз бўлдинг нима, ҳаммаси оғиздан сўрамай чиқиб кетадиган бир пуф, жўра! Жўрани кўпайтиринг, жўра” деган.
…Там-тарам, там-тамтарам, там-тара, там-там тарам… буниси тушди…
…Отани гапи қулоққа кирганга ўхшайди, жўра…
…Ҳаммаси бир пуфга ўхшайди, жўра…
…Ўсмат ота менга ер берармикан, жўра?…
…Қани энди бола бўлиб қолсанг…
…Яна йўлдош бўламизми, жўра…
…Эҳ, яна жўра бўламизми, жўра?..
Бир нарсасини йўқотгандай, нима йўқотганини ўзиям билмайдиган, йўқотганини қидирган, жаланглаган Ой бўлади. Қимирлаган қора танишдай туюлиб орқасидан эргашади… Жовдирагандан Ой жовдирайди. Жовдираган Ой бўлади. Оқ йўлдан энган билан теппа-тенг париллаб жўнайди. Юрса юради, тўхтаса тўхтайди, ўрлаган билан бирга бирга ўрлайди…

ЙЎЛ ҚАРАГАН МУСТАРЛАР

Қишлоқда ҳамма ухласаям кўча ухламайди…
Туркқишлоқда ҳамма ухласа ухлайди, Жаркўча ухламайди…
Кўчанинг кўзи ҳамиша очиқ.
Кўнглиям.
Номардга сарғайгандай бўлса-да…
Ота-она – мард, бола – номард, дейишган….
Кўча довулни, бўронниям, чопқинниям, тўзонниям, селниям, иссиқ-совуқниям кўпини кўрган. Йўли неча ёпилиб, неча очилган. Туркқишлоққа қидириб – меҳмонга келган борми, қидириб кетган борми? Бир умр нимани қидириб юрганини ўзиям билмайдиган борми. Қидиришни ўйнаб келиш деган борми? Ҳаммасини хорликка кўникиб қолган кунларида кўп кўрган. Тўйгандан тўйган. Қўшилишиб юришга ор қилган бўлса-да, қўл урмаган – Худодан кўрган. Худога солган. Худодан қўрққан. Кўрган, кўрмаган эмас. Ўрга ўхшаганларниям, улар гапирган гапларниям кўпини, ундан оғирини эшитган. Энди эшитган, кўрганларини бир-бир солиштириб кўриши керак. Қачондир кимгадир айтиши керак. Эшитган, кўрган – қарз, деганлар. Суриштиради. Пулга сотилмайдиган, молга алишилмайдиган сирларини айтгани қора ахтариб йўл қарайди. Шоҳ Машраб кашкулини бир майдон қўйган тош, юкини тош кўтара олмай ўйилиб қолган чуқурчани,
Бухорони Бухоро деса бўлур,
Ёзини зимистон деса бўлур,
Агар Баҳовуддин бўлмаса,
Фаранги кофиристон беса бўлур, – деганча хаёл қилиб, қотган нонини сувга ботирган булоқни, Соҳиби Ҳидоянинг ўғли Абу Бакр Марғилоний устозиникига, таҳсилга қатнагандаги изларни, Темурбек ўзи билан ўзи хаёл суриб босган, унга елка тутган ўнгирларни, бошига кўтарган қирларни, хаёлдош бўлган тошларни, Отакентни олиш умидида тоғма-тоғ юрган, неча дурқун олган бўлса-да қўлида тутолмаган, бироқ қалам билан дунёни абадул абадга эгаллаган Бобурбекнинг не бир алам билан “Бизга келганда саховат била машҳур бўлғон эл хасис бўлур, мурувват била мазкур бўлғон элнинг муриввати унутулар”, деган хаёллар, “Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиқ?” дегувчи қиёматгача ўқиладиган рукнлар қоғоздан олдин қайси сой сувининг бетига, қайси оғочнинг япроғи қоралаганини, Самарқанд хаёлида йўл қараган хайрихоҳ хотири ва тўғрилик истар кўнглидан ўтган хаёлларни, ҳар бир ишининг бошидан охиригача кетадиган вақтни ё “Алҳамдини” ё “Қулфиоллоҳ”ни неча марта такрорлаш билан ҳисоблайдиган, хуржунида ҳамиша қотган нон солиб юришни ёқтирадиган болалик хаёлларини, беғуборлик хаёлларини, буюклик хаёлларини, …яна Тенгрига таваккул қилиб ўшук хаёл била Васмандтин намози пешиндин сўнг Самарқанд устига илғагандаги жар деворига кўзи тушган қуш уясини, юрган юрук чиройини, хаёлига етишган Мирзо томини устига оқ чодир тикиб ўтирган, қамчини қалам, алифни калтак деб юрган, соя берадиган дарахт кўзига балодай кўринадиган, иморат зотини душман санаганидан, иккинчи қаватига чиққан одам шаҳарни ҳамма жойини кўраркан деб, бир қавати, ошёни бузиб ташланган Улуғбек мадрасасининг бош мударриси Қози Соқийнинг отаюрти Зоминга ўтар-қайтарда қўнган чинорларни, қадим-қадимдан азон айтилган отларига отамерос қўшиқ ал-Усмандий ас-Самарқандий номларини елкадан қўймай келаётган, дунёни китобини ўқиб, дунё ўқийдиган китобларни ёзган, дунёни ўқитган бир этак ўқимишли болаларини қувалаш ўйнаб қайси бири қайси тошнинг устига неча марта чиқиб тушганини, айниқса, ал-алоу-л олам — оламни устуни, ал-ало-устун, ал-алоус Самарқандий, алоу-д-дин-диннинг устуни деган ном, шону шарафларга бурканган боласи – Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандий Самарқандийнинг элда Ўсмат ота атоғлиқнинг дунё ўқиган, дунёни ўқитган “Калом илмининг жавҳари”, “Ривоятларнинг хилма-хиллиги”, “Кўндаланг ва хилма-хил”, “Калом йўлидаги тўғри йўл”, “Тафсир илмида имло қилинган масалалар”, “Фиқх илмида изоҳ”, “Фиқх асосларига чуқур назар”, “Ўтган алломалар ўртасида фиқх илмидаги ихтилоф йўллари”, “Муайян масалалар ва йўллар” отлик ёзиқлари, китобларига уруғликни қайси қирдан тергани, қайси далаларга эккани, не бир булоқларни кўзидан сув ичгани, унни қайси тошда туйгани, хамиртуриш халтаси осилган гулмихни, ўтин терган сўқмоқларни, тандир оқартирган жойларини кўрсатгиси келади-ю, тийилади. Ўзини ўзи тияди. Сир сандиқда сир! Кейин ювиқли-ювуқсизни нас босган назари, ислиқини иқи, ғашов қарашидан ўртада айбдор бўлиб қолишидан қўрқади. Китоблар номларидаги “..йўл..”, “…йўл”, “…йўл” сўзлари йўлнинг хаёлларини эгаллайди. Куни кеча шу китобларни мукка тушиб ёзган ёзган болалари, ёзиб бўлганларидан кейин хуш-хурсанд қўлтиқлаганча Отакентга тушиб кетганди-я. Эсидан чиққанини қаранг. Ҳар сафар ўзига ўз ёққиси келиб кетганда “Бобурнома”даги туш воқеаларини қайта-қайта эслагиси, ёд бўлиб кетган сатрларни ўзига-ўзи айтади, туш кўргиси келади.
Кўзи илинавермаганидан хотирасининг бошқа варағини очади, бир вақтлар отлиқ, атоқлиқ оталар Самарқанддан қўш гиламхуржунни оғзигача бозорлиққа тўлдириб келиб, ғовига етганда, онасининг қўйинг-қўйингигаям қарамай чуғуллашиб чиққан болаларини отига миндириб, қайтабошдан Шарракдан айлантириб келишини, болаларнинг ҳайратдан ҳапқирган қарашлари, оталарнинг боладай бўлиб қолишлари кўз ўнгидан кетмайди. Ўзининг ҳам бола бўлиб кетгиси келади. Совуқ гап эшитса, ноҳақлик кўрса кучи етмаганидан юраги тугиладиган, юраги мушт тугадиган, яхшилик эшитса ўзи йиғламайман десаям кўзлари йиғлаб юборадиган беғубор болалик, бегидир болалик, ботир болалик, баҳодир болаликка қайтгиси келиб кетади. Бунақа болалик ҳаммадаям бўлавермайди. Бундан бошқасини болалик демайдилар. Бундайин болаларини номма-ном билади. Кўпи узоқда яшайди. Самарқанд, Бухоро, Тошкент… Ҳар бири кўзини юмиб шамолидан, ҳидидан танийди. Масков, Лондон, Пориж, Кирювгучни ўғлини шаҳри – Вашингтон дегандаям. Яқин ора йўл бўлмаса.
Йўл қарайди… йўл қарагани қараган…
Йўл қараб, кўз очиқ туш кўрадиган кўчагаям енгил тутмайдилар…
Йўл қараб, кўз очиқ туш кўрадиган кўчанинг жонига тўзим берсин…
Йўл қараб, кўз очиқ, ўзига ўзи гапириб, ўзини ўзи хурсанд қиладиган кўчагаям осон эмас…
Ялинғич бўлди сўзларим,
Термулгич бўлди кўзларим.
Йўл қараб, кўз очиқ ўзига ўзи гапириб, ўзини ўзи хурсанд қилгану оғир уф тортиб, биров эшитмадими деганча тўрткўчанинг бошига қарайдиган, ҳар уфидан ке­йин чанг бир кўтарилиб тушадиган кўчагаям осон тутмайдилар.
Йўл қараб, кўз очиқ, елкасини тош босган кўчага гап қўшиш ҳам қийин. Соғинчнинг зўридан юраги бир сув очади, бир сув ичади.
Жойнамозга бош қўймоқ – кундага бош қўймоқ, “Аллоҳи Акбар”, деган энг катта душман, эшитган эшитган жойида сачраб тушган, орқа олдига қарамай ўзини четга олган, ғар – отин, қўшмачи – кайвони, ўғри тўрда, тўғри гўрда, пиён – пешво, бехабар – супи, қашқир баковулликка ўтиб қўшқўллаб урган кунларни эсласа, қўйнида ётган тошлар тарс иккига бўлиниб кетади. Кетаверади.
Кўча йўл қарайди. Йўл қараб куни ўтади. Кўчани бошида қўриқчидай турадиган Оқтош ҳам йўл қарайди. Устига болалар чиқиб ўйнашларини қумсайди. Йигит-қизлар элдан уялиб, бири тошнинг бир бетида бошқаси бошқа бетда бир-бирига айтарларини айтишини, ўртада гувоҳ бўлишини соғинади. Худди бир вақтлардагидек. Энг яхши кўргани, китобни яхши кўрган, кўнглига қараган болалари… Йилда бир келади, ё йўқ. Уларни кўргиси, кўзларига тўйгиси, овозларидан қувват олгиси, елкасида гурсиллаб юрганларида бор дарди дув-дув тўкилишини қумсаб, ҳасратини ўзига ўзи айтиб янгилаб олади. Кўча, кўча ёқалаган турган-юрган соя борки йўл қарайди. Муродхоналар, мустархоналар, муштипархоналар …Йўл қарайдилар. Сочи супурги, қўли кўсов бўлиб йўл қарайди. Соясини ўзи босиб қолган соясини қайта тикка бўлишидан, изидан эргашиб юришидан умидвор, кўзи очиқлар ҳам. Ҳамманинг деразасидан кўриниб турадиган, элнинг яхши кунида тўшанчи бўладиган, дарвишоналар ўтказиладиган қир – Каттақашқа яна бир оти Ўртабаланд ҳаммага бош бўлади. Йўлқарарлар: Тошбулоқ, Қўрғонтепа, Дунётепа, Каттақашқа, Яккатут, Оқтош, Оқтерак, тумшуғига катта саватдай қилиб айвонча ўрнатилган Симёғоч. Мардон уни Эломон дейди. Билмасангиз билиб олинг: Эломон қўриқчи, соқчи, қўрувчи дегани. Катта китобларга солиштирганман. Айвонча монтерларни симёғочни учидаги ишхонаси. Кимни уйига юк машинасинида қанча ғалла келди-кетдисига қараб турадиган, жойлариям. Бир куни ток уриб ўлгунча, албатта. Кейин Катта шаррак. Шаррак. Шарракнинг ўнг елкасига чиқиб олган Ҳулволик, чап елкасига осилган Кўкбўзалам. Қишлоқда ўзи яшил ўтниям “кўк” дейдилар. “Ер кўклапти”, дейдилар. “Бўз” деганиям кўк дегани. Уларни фарқини фақат қишлоқни тентаги Мардон билади. Кўк. Бўз. Яшил. Уни айтишича, уларни фарқи жонида, ёшида эмиш. Сўзларнинг ҳам ёши бўлармиш. Ёшу қариси, катта ёшлиги, кичик ёшлиги, ўлик-тириги, тансиқ-сассиғи, ўткир-ўтмаси дегандай. Сув кесмасиям. Кўчанинг кечаси ёлғиз қўймайдиганлар: Олапар, Тўрткўз, Сартой, Бўрибосар, Сиртлон, Қоплон, Арслон, Қорабош, Йўлбарс. Тунгги жўралар отадошлари минг йил олдин кўчани қандай қўриқлаган бўлсалар шундай қўриқлайдилар. Шундай қарайдилар. Ит содиқмиш. Мардонники қўзиб қолганда, “Бир итчалик бўлмаганингдан кейин отинг эшак бўлади-да! Ким устингга чиқса зиппиллаб кетаверганингдан кейин эшак бўлмай нимасан!” дейди. бозордаги эшак ўғриларидан бири эшагини миниб жўнаганда ушлаб олиб, эшак ўғрига, “санга тарбия берган устозингга рахмат, отангга катта рахмат деганча ўғрини ўрнига эшагини савалаб қолганда. Билганлар билмаганга олади, билмаганлар кулиб қўйиб Тентакдан тегишини олади.
Ҳозир қишлоқдаги энг зўр ит Атаулла тоғанинг ўғли Илҳом чўпоннинг Тўрткўзи. Уйга қараш деса уйга, қўйга қараш деса қўйга қарашади. Қўйда чарчаган итларни ўзини ўнглаб олсин деб уйда қолдиришганда ялоғига солинган ювиндига бир қараб, бир қарамагандай тотиланмайди. Борини кўриб кетаверади. Борига кўниб кетаверади. Катта отасини кўргани келган неваралари, чиғдан чиққанга тегмайди. Куёвларни қўймайди. Биров чиқиб олиб келмаганча кўчани бошида ушлаб тураверади. Илҳом чўпон қўй бошида битта-яримта билан бақиришиб қолганда ёнида туриб ўша одамга қараб ҳурганидан уялганидан уйда қолдирган эди. Кўчани оғзида ётса қўли эгри, оёғи чаккилар қимирлолмай қолади. Ит ҳолига ўтган қайтганни юришидан ажратади. Ўзини уйқуга солиб ётгани ёлғон. Тўрткўз тоғадан ҳайиқади. Кўргандан пана жой топиб бориб бекиниб, бекинган жойидан писиниб тоғанинг қўлига қарайди. Ҳамма итлар қатори бойлаб қўяди деб занжирдан қўрқади. Айниқса шақирлаган овозидан. Занжирга меҳр қўйган итни ит демайдилар. Яқинда Ҳақназар чўпон чўпон ит уйда ётмасин, бизга қарашсин деб қўйга олиб кетган экан, бир кун ҳам турмай эгасини олдига қочиб кетибди.
Мустардан мустарлар ҳам бор. Оналар аввал элак, сал ўтмай қўлида нонпар ушлаб қўшнисидан чекич сўрар баҳонасида кўчага чиққан, оталар талмовсираб бир дарвоза қулфини кўрган, бир суви тўхтаган ариқдан сув тошмадимикан деганча сувдан хабар олган кишидай йўл қарайди. Соғинч ҳар қандай соғни носоғ қилади… Соғади… Сарғайтади… Сарсонлар сонига солади… Бировни дардига биров вой жоним демаган. Ҳамманинг ҳам кўчада иши бор. Кўчадан яхши гап умидвор. Кўчадан яхшилик умидвор. Ишончи кўчада, ишонгани кўчада. Кўзи кўчада қолган. Тирик кўз кўча билан. Тирикни кўзи кўчада. Тирик кўчага чиққани билан тирик. Сояси кўчада изидан юргани билан тирик.
Жаркўча бош қўйган супадаги Энанинг кўнглидан ўтганини, ўзига ўзи гапирган гапни эшитган эшитади. Бирови бировига билдирмайди.
– Худо бир! Расул барҳақ! Нафаси теккан кўкармай қолмайди, – дейди Эна урчуғини айлантириб, кўзлари яхши илғамаса-да йигирган ҳар қулоч ипини қулочи орасида таранг тортиб, текшириб, овозидан, тортилишидан бир текис ва пишиқлигини илғаб, кўнгли тўлгач урчуқ белига ўрайди. Энанинг йигирган ипиям, ўзига ўзининг гапиришиям узилмаган: ҳаммаям бир кун, бир чимдим кўкал бўлиб чиқади-да…Чиқсинғда… Чиқади… Худо бор!
Ҳа-я, яна битта яхши кўрган қўшиғи бор. Ёмғир ёққанда, кўксига нам тегиб, майсалар ер остидан қимирлаб қолганда, тил чиқарган кўкалларга қўшилиб эшитадиган қўшиғи. Уни ҳамма билади. Катталар ҳам. Ёшлигида айтишган, айтмагани эшитган. Эшитган борки, маза қилган. Катталарнинг қўшиғиниям, гапиниям овоз чиқариб айтиб бўлмайди. Бировига бўлмаса бировига тегиб кетади. Болаликнинг қўшиқлари зўр. Овоз чиқариб, ёмғирда ивиб айтсаям бўлади. Ҳамма эшитади. Сиз ҳам эшитинг:

Ёмғир ёғалоқ,
Эчки туғалоқ,
Худо берган янгамни,
Қорни думалоқ.

Янги келинчаклар нимага жерик бўлганниям ўзи билмайдиган кунларда унга қийин. Бирови калтачасининг киссасини чолдеворни кесагига тўлдирган, бошқаси бир енгини ермойга, соляркага ботириб искаб юради. Кўкпиёзни катта тишлаб, майда чайнагани қанча? Болалигида катта бир лайлакнинг бир бош узум олиб келиб қўл етар жойда, кўз ўнгида туришини эшитган қиз борки келин бўлганнинг эртасидан бошлаб хаёлидан кетмайди. Куни кеча хола-хола ўйнаган бўлалар, холаваччаларнинг қизлик билан хайрлашув кечаси ва келинчаклик оқшомлари ҳақидаги сўровларига жавоб беролмай қийналаётганлигиниям эшитган, кўрган. Ўзини эрдан безор бўлгандек кўрсатса-да, емни кўрса бошини охирдан кўтармайдиган, тиши ўтса ўтмаса олдига солинганни қайтармайдиган эски байталдай, оғзига келганни қайтармаган, оғзига сиққанни тўхтатмай янги келинчакларни оғзини очириб қўядиган хотинлар суҳбатидан ўзиям уялиб кетган кунлар бўлган, бўлади, бўлаяпти. Деворники қулоғи бор, кўчанинг йўқ нарсаси йўқлигини билмаса шу хотинлар билмайди.
Яхши кўрган жойларидан бири ер токларнинг ости. Шамолда дарахтлардан синиб тушган ёки биронта инсофли ёнбошлатиб ўрнатиб кетган шохлар устини паққос қоплаган токлар ости. Бу токлар кўмилмайди. Қишда кўмилмаганлиги, совуққа ўрганганлиги учун қайроқи дейилади. Ёввойи эмас. Токни ёввойи деса уят бўлади. Ёввойи деб қишлоқда тўнғиз билан жар мушукни айтишади. Жаркўча токлари ҳаммага кўрингани билан узумлари ҳаммагаям кўринавермайди. Кўринганиям ҳаммага узилавермайди. Нопок қўл чўзилса кўринмай қолармиш. Кўздан йўқолармиш. Шунинг учун кўрганиям кўринганига қўл чўзавермайди. Энам айтганлар. Ер токларнинг бўғзига ҳакачак тиралган, сўкичак қўйилганлари алоҳида савлат тўкиб бош тугади. Токни тагига катта-кичик итларни кириб чиқаверганидан оғзи Жаркўчага қараган камарчалар қорайиб туради. Пишиқчиликка етишганда уй чумчуқлар ертокларни боши кўзи, елкаси демай эга чиқадилар. Дунёни бор чумчуғини шундан топасиз. Йўқолган итларниям. Камарлар шифти шиғил бўлади. Сариқ, қизил, қора, гулоби, ярми қизил ярми оқ. Қорайганни зўридан кўкариб кетганлариям бор. Отларининг ўзи бир китоб. Султоний, Шивилғоний, Буваки, Вассарға, Тоифи, Қоражанжал, Бедоний, Чарос, Бахтиёрий, Беҳишти, Баёни шерий, Сояки, Обаки, Тоғоби, Халили, Ҳусайни. Ҳусайнисини ўзи йиғилса бир қур. Мурчамиён ҳусайни, Келинбармоқ хусайни, Қора ҳусайни, Қизил ҳусайни, Лўнди ҳусайни. Қурғурларни отлари худди катта шоирларни отларига ўхшайди. Мен уларни отини Мардон уларга гап отганда, мени эшитсин, эсида қолсин деб қайта айтиб, бир қараб қўйганда илдириб олганман. Мардонни айтишича, одамлар ота­сининг отига қўшиб, ейдиган емишини еб, отиниям унутиб бўлгач одам сонидан чиқармиш. Този итдай ким нима деб атаса, чақирса ютим йўлида ютоқиб орқасидан думини ликкиллатиб эргашиб кетаверармиш. Бу гапларни кўчада айтган, кўчаям эшитган. Кўча ҳаммани ҳамма гап-сўзидан хабардор. Ёмонини яшириб, яхшисини оширадиган ҳам кўча. Боя ёзганимдек унинг яхши кўрган жойларидан бири токлар ости. Токларни тагига кириб Олапардай икки қўлини олдинга чўзиб, ерга тўшаб устига бошини қўйиб ўтган қайтган катта шовур-шувурларга мен ҳаммасидан хабардорман дегандай кўзларини бирини очиб, бирини очгиси келмай ётишниям ёқтиради. Кейин итларни янги майсаларни қўйдай узиб олиб емоқчи бўлиб ўхшата олмаслигини, узумларни териб-териб ейишини кўп пойлаган. Жаркўчанинг узумлари кимга қанақа дейишади. Бировга заҳари қотилдай аччиқ, туриш, бировга шириндан ширини туюлармиш. Шунинг учун биров бировнинг олдида узум узиб олмайди. Қўрқади. Узанган қўл қуруқ қолса уятга, еганда аччиқ туюлса гап-сўзни тагида қолиб кетади. Бир шингилни иккига бўлиб егандаям бировга ундай, бировга бундайи кўп бўлган. Шундан бўлса керак узган ҳам, еган ҳам ҳеч кимга кўрсатмай узиб, кўрсатмай ейди. Ширин чиққаниям бировга билдирмайди. Лекин ҳамма кимга нима чиққанини, чиқарини билади. Ўзи бир бош узумни бировининг касалига, бировининг қасамига қараб бир шингили ширин, бир шингили тахир чиққанларям бўлган дейишади. Аввалига тахир, кейин ширин туюладигани ёки акси, аввалига ширин туюлиб, кейинига заҳардан туриш туюлишиям бор. Ҳеч бирини яшириб бўлмайди. Тил яширгани билан бет яшира олмайди. Бет яширганни кўз яширолмайди, дейишади. Мен ҳам бир марта Олапарга қўшилиб ертокни тагига кириб ётганман. Акам билан уришиб қолиб, уйдан чиқиб кетиб, тўғри токни тагидан жой қилганмиз. Куни билан ичимдаги жўрам билан “мен кўрганни ким кўрди” деган ўйинни ўйнаганмиз. Бу зўр ўйин. Ким тўғри, ким ёлғончилигини дарров билиб олса бўлади. Навбати келган бир нуқтага қараб, “Мен кўрганни ким кўрди?” дейди, топаман деб даъвогарлик қилган, “Мен кўрдим”, дейди. Кейин ўша қараган жойига қарайди ва кўрган нарсасини айтади. Биттада топсаям бўлади. Лекин, уч марта айтганда тополмаса ютқазган бўлади. Ана шу уч мартада кўринган нарсани айтиш чоғида “мен кўрганни ким кўрди” деганнинг ростчилиги ёки ёлғончилиги билинади қолади. Биз бекинган токнинг ости кенгиш. Энгашмай юрса бўладиган жойлариям бор. Қуёшни кўзида қолиб, бошқалардан кўра эртароқ қизара бошлаган узум бошига, унинг ўртасидаги жўраларидан каттароқ ва қизғиштоброқ, ўзига тушган ёруғликни тўрт томонга сочаётган донасига кўзим тушган-у шу ўйинни бошлаганмиз. Жўрам ҳам мен ҳам бир-биримизни алдамаганмиз. Кечга яқин Энам ўзлари келиб, етаклаб олиб кетганлар. Бўлмаса бормасдим. Ўшанда катта бешиктебратар, қишлоқда бешиктерватар дейишади, қишлоқча гапларни қўшмасам ёзиқларим хаёли бошқа сўзи бошқа касал одамдай бўлиб қолаяпти: шунинг учун оз-оздан аралаштириб тураман. Кулманг. Шундай қилиб катта бешиктерватар Олапар иккаламиз токни тагига киришимиздан бетини иккала қўлини тили билан хўллаб бетини тез-тез ювиб, бошини елкасидан ажратгудек бўлиб, қайта-қайта энгашади. Салом бергани бўлса керак. Мен ҳам салом берган бўламан. Аввалдан кўзтаниш. Ўзи Энамдан узоқда ўйнасам, олдимдан чиқиб қолаверади. Токни тагига бекинганимни шу айтган бўлса керак. Бўлмаса топиша олишмасди. Остидан чиқаётганимда ток этагимга бир бош узум солди. Оласола Энамга бердим. Анжанча айтганда, “Олибла Энамга бердим”. Ота­дошлар шевасини меҳмонга келганда ўрганиб олганман.
Бир нарсасини йўқотгандай, нима йўқотганини ўзиям билмайдиган, йўқот­ганини қидирган, жовдираган Ой бўлади. Қимирлаган қора борки танишдай туюлиб орқасидан эргашади… Жовдирагандан Ой жовдирайди. Жовдираган Ой бўлади. Оқ йўлдан энган билан теппа-тенг париллаб жўнайди. Юрса юради, тўхтаса тўхтайди, – ўрлаган билан ўрлайди…

ЙЎЛ ТЎЛА МЕЗОН ҚЎШИҒИ

Кўча яхши кўрган нарсаларидан яна бирини айтмаган экан. Болакайларнинг қўйнини тўлдириб тандирпиш, уриш навбати келган боланинг панқиллоғини ичига катта туфлаб, “Мусигуги (мусича)нинг ўнг қулоғи, чап қулоғи”, деб панқиллоқ ўйнашиниям. Панқиллоқ пиёладек келадиган ва ўхшайдиган лойдан ясалган ва ўйнайдиганлар навбати билан панқиллоғини тескари қилиб ерга урадиган ўйин. Кимни панқиллоғи катта ёриқ очса, ўша ютган бўлади. Шалпайиб ёрилмаган, писсиллаб кичкинагина тешик очганлар кулгига қолади. Тешик очмаганларники куй ҳисобланади Панқиллоқни ёриғини ютқизган бола лой билан ямаб тўлдиради. Ёриқ ямашга лойи етмаганлар ютқизган ҳисобланади. Лойни етарлича қилиб вақтида яхши пиширмаганлар ҳамиша ютқазган. Тандирпишда лой керак эмас. Майин тупроқни тўплаб, бир муштини ерга қўйиб, бу қўли билан мушти устини тупроқ билан ёпиш, устидан яхшилаб пишиб уриш, кейин муштини тупроқ, тандир ичидан олганда тандирча жойида қолишига айтилади. Кимни тандири катта ва кўп бўлса ўша ютган бўлади. Ана шу ўйинлар ўйналганда Жаркўчанинг чангу-тупроғи ўзини қўяга жой тополмайди. Болакайларнинг қош-киприкларига, қулоқларига чиқиб олади. Бетларини ялагилари келади. Тандирпиш, панқиллоқ ўйнаётган ўғил-қизларининг ота-оналари бир вақтлар худди шу жойда, худди шундай ўйинни ўйнаганларини эслаб кулиб ўтишлари, орқаларига қараб-қараб кетишлари соғинганларидан. Ўйинни ҳар доим Мардиқул духтирнинг оқ халатда кимгадир укол қилиш, дори бериш учун ўтиб қолиши бузган. Болалар духтирни оқ халатидан қўрқишади. Ундан ҳам ёмон қўлидаги ўзи оқ, қорнида қизил рангли қўшув белгиси бор чамадонидан қўрқишади. Ҳаммаси шуни ичида. Оғизни катта очириб, тилни босиб қийнайдиган ялтироқ оғзи йўқ қошиғиям. Қишлоқнинг итларидан ҳам бунчалик қўрқишмайди. Оқ халатни кўрди деганча турра-турра қочадилар. Кейин ўйинхонага жар мушуклари эга чиқишади. Керишиб, таннозланиб думларни ходадай тик тутиб тумшуғини ҳали бу, ҳали нарига тандирга тегизишади. Сичқоннинг ини ўрнига дастурхон пойлайдиган мушуклар оёқларига илашган гард-гурдларни оёқларини бирма-бир, навбатма-навбат кўтариб силтаб-силтаб тозалаган ҳам бўладилар. Ўлағойда. Майин тупроқни бўлғаш пишакларга отамерос. Қўйдан қайтиб келаётган чўпон итлари ўйинхонага сер солиб қараб, чеккалаб ўтади. Санқи итлар бир тумшуғини теккизиб булғамаса, кўнгли жойига тушмайди. Уларни қилиғи кўчанинг кўнглига тегиб кетади, ёқмайди. Жўрага ёқмаган нарсаларни ёзмайдилар. Буни ўзим бирдан билиб қолганман. Пақиллоқнинг охирида бўладиган ўйин эса ҳаммасидан зўр. Болакайлар, қизалоқлар жарнинг тикка деворларига, жар ёқалаган уйларнинг деворларига тескари туриб, ичларида сирларини айтиб, охирида, “Отамнинг пули кўп бўлсин”, деб лой отишлари, отганда қандай ушлаб олишларини эса ўзи айтгиси келмайди. Болалик сирлари. Ўрталаридаги сир. Сирни бегонага айтмайдилар. Ҳар бир боланинг сирини билади. Қизчаларниям. Қулоғига Зебуннисо оти ўқилган, эл Бийнисо деб кетган қизча болалигида илкис ой изидан юрганини, тўхтаса тўхтаганини, бетини ойдан олиб озгина юриб яна қараса, ой ҳам қараб турганин, яна юрса юрганини, тўхтаса тўхтаганини сезиб, хурсанд бўлиб кетгани, кўзлари чарақлаб кетгани кунни ўзига ўзи айтиб ўзини кўнглини ўзи чоғ қилади.
Ўзига ўзи ёқадиган кунлар ҳам бор. Бу кунлар қамиш қўғаси, ғўғаси патига ўралишган, қизчаларнинг ўйин тўпидан кичикроқ кичикроқ тўппичаларнинг, мезон араваларининг ғилдирашиб бир-бирининг орқасидан юрса юриб, тўхтаса тўхтаб сараланган аскардай, тартибли қўшиндай юришидан бошланади. Аравалар ортидан изма-из мезонлар савоқлари қўл етган жойигача дор осадилар. Мезоннинг яна бир оти – Улгу. Улгудан улгу текса чеҳрада ҳамиша кулгу дегани шунга. Улгуси ўша, шамолда кетаётганлардан ким қанча ушлаб қолиши, тегиш дегани. Бировга бир савоқ, бировга ўн. Бировга каттасавоқ, бировга калта савоқ. Савоқни узунлиги мана шунча деган аниқ мезони бўлмайди. Ҳар кимники ўзига, ярим қулочига яраша ўлчанади. Буруннинг учидан ёнга ёзилган бир қўлни учигача бўлган ип бир савоқ. Ноқобилнинг савоғи узун бўлади. Мезон дорларининг бўритароқларга хаёлдай сузилишиб, чувалашиб келиб илиниши, илиниб кун нафасида солланиши айниқса хуш ёқади. Жаркўча ёқасида бўйнига дор осмаган қолмайди. Бўригулдан тортиб почақирқар, диликаптар, илонқуйруқ, арслонқуйруқ, итбодом, итоғиз, иттовон, латтатикан, отқулоқ, шайтонкелмас, шайтонковуш, чақамиғ-у эшакмиягача. Дов-дарахтнинг бир йиллик кўз очиқликка уйғунлик даврининг хат-чизиғини шамол варақларига хаёлан ёзилишидай туюлади. Кимнинг бошидан нима ўтганини бир бирига айтаётгандай. Бир вақтлар келинлар янги келинлик кунлари бошига соладиган, оппоқ ипакдан тўқилган ироқи, сочиқли, пўпилли рўмолга ўрангандай бўлади. Шокилалари узун-узун, келинчакни оппоқ бўйнига паққос чирмашиб, яна кўксига бош ташлагандай бўлади. Бундай рўмолни ўраган келинчакнинг армони йўқ эди. Бундай рўмол қишлоқда ўзи битта. Энамнинг энасини, энасини келинлик рўмоли. Қадимдан қадими. Ҳеч ким Энамдан рўмолини бериб туришни сўролмаган. Хушига ўтирган, айтган чизиғидан чиқмаган, бир ватанни обод қилишига ишонган қизлар, ўз оғзи билан рўмолини бериб туришни ваъда қилган қизларгина ўрашган. Арчани ўтин, ҳаммаям хотин бўлади деб юрибсан-да. Эркакни елкасида ватан, аёлни қучоғида чаман бўлсин. Буларниям Энамдан ёзиб олганман. Отдош шамолда номайи аъмолларни бир чизиқ қилиб ёйиб, ёзиб, судраб, сузиб, сузилиб, сочлари солланиб кириб келган мезон иплари бир савоқлиқ, бир савоқлиқ қилиб кўринган шохга ўзини илиб чиқади. Ер билан Кўкнинг бир-бирига кўклагани ўзларига жой танлайдилар. Хаёллариниям. Йиллик тириклик ташвишларига тарози осади. Чап елкасиям ўзи, ўнг елкасиям ўзи. Тошини ўзи қўяди, ўзи олади. Шайини, шайтони, тили-ю, тилмочиям ўзи. Калласи хирмон жойдай бўлиб бўритароқлар машшоталикка ўтадилар. Шамолга қўшилиб тараган бўлади. Бир-бирига истар-истамасгина қўл бериб, узундан узун бўлиб кетган, ўз юкидан ортиқни кўтараман деган дорлар барибир узилишади. Кучи етган хаёллар билан олишади. Куч етмаганларини бўритароққа тароқлатади. Мезонлар таниш ва содиқ хаёллардек атрофида ўралашади. Бири бетига, бири қулоғига осилади. Эркаланади. Тароқланган, тозаланган хаёллар қувватли, дилбар бўлишини ўзиям илкис илғайди.
Энам мезон ипларини патмалак дейдилар. Пати малак, малаклар пати. Малаклар, фаришталар еттинчи қават осмондан учиб ўтганда тушган патлар дейдилар. Бир йилнинг ёзиғини кўрган, бир йилнинг ёзиғига жавоб беришда гувоҳ бўладиганлар дейдилар. Кунчувоқда урчуқ йигириб ўтирганларида атрофларида ҳаштала осган патмалакларнинг ҳар бири билан бирма-бир гаплашадилар. Хайр-хушлашадилар. Янаги йил, янаги шу ой, янаги шу кунга етказишини сўрайдилар. Дуо қиладилар. Малакларга жавоб берадилар. Думоғи чоғ мезон тиллари осилганча осмонларга сиғмайдилар. Мардон ҳам мезонни кўрди деганча авродга тушиб қолади. Кўнглида ўқиётганлари олдига тушади.
Албатта, мезон ҳақдур.
Албатта, нор-олов ҳақдур.
Албатта, сирот ҳақдур.
Албатта, Ҳавзи Кавсар ҳақдур.
Албатта, шафоат ҳақдур.
Албатта, Мункар ва Накр ҳақдур.
Албатта, ваъда ҳақдур.
АЛБАТТА, САНЪАТ- ҚИЁМАТ ҲАҚДИР.
Бизга инсоний хислатларни ато қил!
Аввалини тўғри, ўртасида нажот бер, охирни имонли қил!
Мезонда ўзи кифоядур.
Энг ёмон кўрган куни ёшгина келинчакларни кўк кийиб, сочларини ёйиб, юзларини тирнаб қонатиб, қоракуя суртиб, уввос солиб, ҳушудан кетиб қолганини кўриш. Ҳеч ким йигит ўлмасин деб шунга айтишади.
Бир нарсасини йўқотгандай, нима йўқотганини ўзиям билмайдиган, йўқотганини қидирган, жаланглаган Ой бўлади. Қимирлаган қора борки танишдай туюлиб орқасидан эргашади… Жовдирагандан Ой жовдирайди. Оқ йўлдан энган билан теппа-тенг париллаб жўнайди. Юрса юради, тўхтаса тўхтайди, ўрлаган билан ёнма-ён ўрлайди…

ОЙ ЙЎЛИ

Мучал бошда аввал бошдан сичқон турган,
Сўнгра сигир, йўлда йўлбарс қуённи қувган.
Сувда ризқин балиқ билан илон терган,,
Оту қўйнинг қўш-қўраси бирга бўлган..
Изма-изда маймун, товуқ, ит келади,
Тўнғиз келса мучал деган тугун туккан.
Мучал ағдармаган болани катта бола демайдилар. Кимнинг иши мучалга тушса Мардондан сўрашади. Мучални Мардон ағдарсин. Тўғрисигаям тескарисигиям. Менга Энам ўргатганлар. Ўрганганим учун пул ҳам берганлар. Энам ўзи шунақа. Айтган нарсаларини ёдлаб олсам албатта пул берадилар. Олмай дейману, лекин уяламан. Қишлоқда ўзи одамлар туғилган йилини эмас, мучалини ҳисобини қиладилар. Йилдош дегани тенгқур дегани. Лекин итларники бошқача. Бир йили икки йилга ўтади.
Сал бўлмаса Жаркўчанинг олашақшақлар ёнғоқ эккандан кейинини айтиш эсимдан чиқибди. Ойқортоғни устига чиқиб Аймоқ қаъласига етгунча, йўлма-йўл кета-кетгунча ҳар бир тиккайган тикон, ҳар бир қарич ернинг ўз оти бор. Ҳар бир қўра, қўналға, қўним, қўшқўра, қўтан, тош, бурум, қирра, ўр, энишнинг тус оти бор. Якка арча, Бир қулоқ ўрик, Қорасовуқ, Новустепа. Ойқорнинг чап қўлидай узалиб тушган қир – Бўриўйнар. Қирнинг белидан ўтган йўл ҳам атоқлик. Бўри йўли. Ундан нарида Ойбодом довони юради. Қишлоқ тугаган, олашақшақлар эккан янғоқзордан кейин йўл торайиб торайиб, бир эшак сиғадигандай бўлиб қолса-да Жаркўчадан узилмаган, на жар, на кўчага ётадиган, йўлма-йўл қишлоқдан чиқиб Каттабетни белидан ошиб Ойбетгача борадиган йўлдаги иш кўрсатган соя-соясиз, ҳунарли нарса-қора отлиқ, атоқлик. Нега энди етти қир ошиб келадиган узундан узун йўлнинг оти йўқ? Каттабетга чиққанинг сояси тикка қишлоққа тушади. Ойбетда юрган қорани юришидан ҳамма танийди. Бу йўл элнинг кўзида туради. Бу йўлда ўғри юрмайди. Ишиям, ўзиям тўғрининг йўли. Тоғнинг ортидаги отадошлар меҳмонга шу йўлдан келадилар. Ўғри йўллар бошқа, пана-пастқамда. Сомон ташиш, ўрмончилар билан келишиб ўтин ўғирлашда ишонган ишонгани билан тўда-тўда бўлиб олишади.
Булоқларники, қўяверинг. Номлари қўшша-қўшша, номидан довруғи зиёд.
Ҳуштак чалиб, ҳишқириғи дунёни тутиб ётган жойидан учиб келиб Ойбулоқ бошига тушадиган, калласи жуда катта, тожиям бор илонни илонларнинг пошшоси дейишади. Шамолидан танишармиш. Бир ойда бир булоқ кўзига юрагини куюгини босгани, сувга тушгани келармиш. Шу куни Каттасойнинг суви сергиб қолармиш. Қаттиқ кулча уриб ётса, сув жиппа қурирмиш, ғиппа буғилармиш. Кўрганлар кўрганини бировга гапирмайди. Имо-ишора билан тиллашади. Бўлса бордир. Энам ҳам, эски, бор гап деганлар. Отиям қизиқ. Морилон. Форсийда мор, туркийда илон дегани. Одамни тириклай ютадиган балиқни, Наҳангбалиқ дейишади. Буям ҳудди шундай.Ўзи ҳамма тиллар жўра-жўра бўлса керак. Керагида бир-бирига ёрдам беришади, чоғи. Бўлмаса, Каттаилон ёки Каттабалиқ деса Морилон билан Наҳанг балиқни ҳеч ким ажратолмай қолади-да. Илон-илон, балиқ-балиқ деса кулгули. Дўлтабўриям шундай. Дўлтабўри бу – калласи бир бўлак, танаси бир бўлак катта кўк бўри. Хоҳласа, одамнинг олдига келиб қошини кериб, тилини бир қарич чиқариб, шошмасдан лаб-лунжини аритиб, “ҳа, жўра!” деб қараб турадиган, истаса, истаган ҳовлисини истаган жойида истаганча чўнқайиб, хаёлини жойига қўйиб олганча бировга бир нима демай, бир нарсага тегмай индамай яна изига кетадиган, кўзлари ҳамиша йиғлаган, лекин кўз ёшини кўрсатмайдиган, шамол ҳам хурмат юзасидан омонатдай силкинган ёлига қўлини учинигина теккизадиган бўрини Дўлтабўри дейдилар. Мен Мардонни Дўлтабўрига ўхшатаман. Юришиниям, туришиниям. Йиғлаётган болага жим Дўлтабўри ойнани орқасида ўтирибди деса кўрмаган бўлсаям, кўзда ёш беш қатор бўлсаям жим бўлади. Отини қон танийди дейишади. Мардонни айтишича, қадимги турк тилидаги дўлта бугунгисида бўри дегани. Ота бир болаларни муросага келтиргандай гап деб қўяди димоғи чоғ бўлиб, Дўлтабўри ҳақида гап кетганда. Уни одамлар Кўкалай дейди. Мен Кўкёл деб чақираман. Кўкёл ҳар доим катта қор ёққанда Энамни кўргани келади, чоғи. Ҳаётимизнинг бошидаги дўнгликларнинг энг каттасини устига келиб ўтирганда Энам уй ичидан туриб унга гап қўшган бўладилар. Катта отамни китоб ўқигани учун қамашган. Орасида китоблар бор деб йиқитилган деворлар ер билан битта бўлиб, бир авлод бирданига бир кунда кўмилгандай тизилишган тўмпоқлар устида ўйнасам Энам жуда хурсанд бўладилар. Ўшанда китоб ўқиганларни ёмон кўришаркан. Кўкалайниям, Шердор мадрасаси томидагига ўхшаш бояги дўнгчаларниям Энам таништирганлар. Энам бу жойга ҳар эрта кўклам бир мартагина тўшанчи ёздиради. Отамерос оқ кигиз устидан қўғирчоқ сурат нусха қоқма гиламни тўшаттиради. Оддатдагидек урчуқ йигирадилар. Ҳар бир гапларини, “Сан бил, Худо!” деб бошлаб, ўзларига ўзлари гап қўшадилар. Бошқа гапларни ёзиш мумкин эмас. Тамом. Маъқули мухтасар. Оймоҳ ҳам шундай. У Ойқорнинг устидаги қадими қаъла, қишлоқ. Ўрислар Туркистонни босиб олганларидан кейин ўлжани ҳисобини олиш учун карта тузишган, ўзини тили, дили, ёзиғига мослаб Оймоҳни Аймах деб туширган, кейин-кейин Аймоққа айланган дейишади. Энам Оймоҳ дейдилар. Мен ҳам. Қолган гап-сўзларни аҳмоқни оғзидаги гап деганлар. Катта эналари Энамга бир замонлар Оймоҳда яшаган давр­ларини эртак қилиб айтиб берганлар, Энам менга.
Ҳар сафар эшитганимда Оймоҳ кўчаларида юргандек бўламан, худди бурноғи йил тарих ўқитувчиси Эргаш муаллим ўғиллари Амриддин акага тайинлаган ва у киши қўлимдан етаклаб Афросиёбнинг неча минг-минг йиллик кўчаларини бирма-бир таништирганларидек ўзимга ўзим таништираман. У ердаги тумпоқлар ҳам бизни тўмпоқларга ўхшаркан. Лекин, қаттароқ-каттароқ. Энам Оймоҳга болаликларида, Оқпошшони солдати Ўсматни қирғин қилганда қочиб чиққанлар. Мозорлари узун-узун ва саноғи йўқ, қалъа девори ҳар бири катта тегирмон тошидай келадиган тошлардан қурилган дейишади. У ердан дунёнинг у четидан бу чети кўринармиш. Бир кафтда Самарқанд, бирда Панжикент тургандай бўлармиш. Биров Александр Македонский қурдирган деса, биров Искандар Зулқарнайн замонидан қолган дейди. Бошқа бири иккови бир одам дейди. Кимдан қолганини Энамни эртагини эшитсангиз биласиз! Иккови бир одам эканлигини эса аниқ биламан. Китобдан ўқиб, албатта. Катта бўлсам, Мардон Оймоҳга олиб чиқишга сўз берган. Аввал отам рухсат бериб, Энам хўп десалар, албатта. Лекин, ўшандан бери кўзимга Ойқорга чирмашиб кетган Оймоҳга етиш йўли кўринаверади. Энам янги ойни ҳилол дейдилар. Ҳилолой отлиқ дугоналариям бор. Ҳилол ҳар сафар ҳовли супиргани чиққан бир кунлик келинчакдек уялибгина кўриниш берганда, Энам дуои-фотиҳа қўл очадилар. Қўлларини бетларидан олганларида юз-кўзлари бирдан яшариб, ёшариб кетади. Кейин, ой ҳақидаги қадими топишмоқни бирга-бирга айтамиз.

Чинни, чинни, чинни қиз,
Чин тепага чиқди қиз.
Болаларин етаклаб,
Томошага чиқди қиз.

Нимага энди ҳамма нарсани оти бору Ойқорни устига олиб чиқадиган йўлнинг оти йўқ? Бу йўлнинг отини ҳеч кимдан эшитмаганман. Оти нима деб сўрасам билмас экан деб кулишади. Оти нима бўлиши мумкин? Ойқор йўлими? Оймоҳ йўлими? Аймоқ йўлими? Ундай бўлмаса керак. Нимагадир ўхшамаяпти. Ичимдаги жўрам хўп демаяпти. Етти қир йўли? Йўқ. Бундай аталса инглизча отни таржима қилганга ўхшаб қолади. Етти қир ортидаги тоғ йўли. Бундайда немича калланинг гапига ўхшаб қолаяпти. Бўлмайди. Ўзи атрофи тўла ой билан бошланадиган отлар. Ойқор, Оймоҳ, Ойбет, Ойбулоқ, Ойбодом, Ойдала. Лекин уларни бошини бирлаштириб турган, биридан бирига олиб борадиган йўлнинг оти йўқ. Шуям иш бўлдими? Ой кўчами? Сал келишди. Топдим: “Ой йўли!” Ҳа. Ой йўли бўлиши керак. Ой ҳар куни Ойқорга келгандан кейин, икколови учрашадиган ва хайрлашадиган йўл бўлгандан кейин Ой йўли бўлади-да. Менга ёқаяпти. Жўрамгаям. Тош эга чиққан йўлни Тошйўл, бўрилар юрадиган йўлни Бўри йўли, Хитойга олиб борадиган йўлни Хитой йўли дейишади-ку. Ой қўнган, бошида Ой турадиган, Ой қўриқлайдиган йўлни оти албатта Ой йўли бўлиши керак. Қишлоқдан чиқиб кетган, Ойга қўл берган йўл беот, беном бўлиши мумкин эмас. Энам беном, безотликдан асрасин деганлар. Ой йўлининг энг учига чиқса, Оқйўлнинг нариги бошиям кўринса керак. Бу ҳозирча сир. Мен, Ойқор ва Ой ўртамиздаги сир. Ҳеч кимга айтманг, тағин. Аввал Энамга айтишим керак.
Кун совутган. Ҳамма уй-уйига кириб кетган. Ҳали ўчоқ-печка ёққани йўқ. Менинг жойим катта уйнинг ўрта ойнасининг тўғрисида. Ётган жойимда Ойқорга, Оймоҳ дейиладиган жойга тусмоллаганчам термуламан. Ой менга термулади. Дераза икки тавақали. Пастки кўзлари чоғроқ-чоғроқ. Ҳозир тер босиб турибди. Юқоридагилари кичик-кичик уч кўзли, очилмайдиган. Совуқ ва шамол учта кўзгаям муздан кашта ургандай ўхшатиб гул солган. Керак бўлса расм муаллимиям мунчалик чизолмайди. Мултифилмдаги малика устидаги кийими, тожидаги гулларнинг ўзи. Расм дарсида чизиш учун энг чиройлиларини эслаб қолишни ўйлайман. Ой ёруғида, шамолни келди кеттисида расмларнинг жони борга ўхшайди. Қимирлагандай бўлади. Ўртасидаги кўзига Ой ва Ойқорни учрашиш, бир бўлиб сиғиш, бошма-бош сиғиши вақтини кутаман. Унга ҳали сал бор. Ой энди Оқтошдан паналаб чиқаяпти. Мен ҳам бу тарафдан бораяпман. Ғойибназар тоға оғзаки тушунтириб, қўллари билан чизгандек қилиб кўрсатган жойлардан Ой йўлини тусмоллайман. Топгандай бўламан. Изиллаб Ойга етиб олишга шошганча чопиб бораётгандек бўламан. Йўл бошида Ой туради. Йўл ойдай ёруғ бўлади. Йўл Ой йўли отлиқ бўлади. Ойкўчани боши Ойга қўлга берган кўринади. Ой суратлиқ қорга, Ойга юзма-юз бўламан. Овозидан мингга кирганлиги билинадиган бўронлар мен тараф бўлади. Этагида қора булут пайпасланиб юргани билан Ойқорнинг боши, Оймоҳ сутдай ёруғ. Ой қўл узатса етгулик жойда. Чироғини ёққанча Ойқорни паналаб яхши кўргани, севгани Самарқандга термулади. Самарқандни қандай яхши кўришини “Эна шамол”да ёзганман. Янги ойнинг кулишиям зўр. Тиниқ. Тўлган ойни бетиям, ўзиям юк доғи тушган келинчаклардек оғир бўлиб қолади. Нафас олишиям. Янги ойнинг шамоли ҳаммадан зўр. Иззиллаб келади. Ёш-яланг демайди. Ҳаммани илигини бир ялаб кетади. Янги Ой шамоли келганини биринчи бўлиб Энам сезадилар. Ўзи шундай эшикнинг орқасида ҳовлиқиб турганидан, ҳансирашидан биладилар. Ой ораси шамоли бўлак. У ҳамма нарсани, ҳаммани шоширади, безовта қилиб кетади.
– Айланай, борингга шукур. Берганига, етказганига шукур. Келсанг қари-қуррига кел, ёшлар ўйнасин, кулсин, – дейдилар.
Энам Янги ойни Ойқиз тўлганини Оймомоси дейдилар Ойнинг кўргулиги кўп бўлганидан бир ойда ҳам кулиб, ҳам тўлиб, ҳам тўйиб, ҳам тўкилармиш. Янги Ой шамоли Ойдан тушиб, Ойқорни устида ўзини тўғрилаб, қорни совуғидан қўйнини тўлдириб олиб, кейин Ой йўлидан тўғри тушиб келса керак.
Ой йўли оқшомда чип-чиройли бўлиб кетади. Ойнинг Ойдан тушгандай хушсуратини таниб қоламан. Ой йўлга, йўл бошига, йўл устида копток отишга тайёрланган қизчадай туриб олган бўлади. Келинчаклар балдоғидаги суратидай, оталар ёдтоши, хотира тоши, отатоши ёзиқлари устидаги суратидагидай туради. Бундай вақтларда эсини таниган борки қўлини дуога очади. “Элга тинч, ўзига нотинч келган ойдан айланай, – дейди. – Янаги йил, янаги шу ой, янаги шу кунларда тўрт кўз тугал кўришайлик”. Ёнбош қараган ой ирини нозликдан нозлик, нозикдан нозик, хушруйдан хушруй, тотлиқдан тотлиқ, чиройликдан чиройлик бўлади. Ойнинг Ойқор елкасига бошини қўйиб туришини ёзай десам, ёзолмаяпман, йиғлавораяпман.
Ой қўшиқ айтади. Ойқор қўшилган бўлади. Биров эшитмасин деб эмас, ухлаганни уйқуси учмасин, бузилмасин деб секингина айтади. Энам эртак айтгандай. Эшитар қулоғи очиқ тераклар бир қирдай ўсади. Ёнғоқлар ҳовлиққандан энига ташлайди. Сой нафасини ичига ютади. Қушлар ўзларини қўярга жой тополмайдилар. Каттатоғ яна қачон кўнглигини очишини ҳеч ким билмайди.
Оймоҳнинг кулгуси Ойқордан тушиб келадиган оқ булутдай ёппа энади. Қучоғини бор бўйича очиб, қучоқлаб оладиган, бағрига босадиган, бет-кўзингни сув қилиб ўпадиган, қўйнидан чиқиб кетганингдан кейин изларингга кафтларини босиб, бармоқларини қошу кўзларига суртиб, йиғлаб-йиғлаб оладаган, кулгуси билан йиғисини ажратиб бўлмайдиган, атирининг ҳидлари зўр келинчакларникига ўхшаркан. Муз гул чизган ойна ортидаги Ой турган жойида қалтирагандай бўлади. Мен ҳам бир марта мактабда совуқда қалтираганман. Тўғри, у ростакам мактаб эмас, Абдувойит авонинг, биргаднинг шийпони. Лекин, оти мактаб. Дераза ойнасига адашиб келиб уринган жонлиқ ҳаммасини расво қилади. Ой билан Ойқорнинг учрашганини деразанинг ўртасидаги кўзида кўролмай қоламан. Шамсий ҳарфларни ўнг чеккасига, қамарийларини пешонасига хаёлан илиб, осиб чиққан Ой Ойқордан ошиб кетган бўлади.
– Аввал отангдан қолган чолдеворга укаларинг билан тиқилишма. Капа тик. Элни олдига қаттиқ бўлсаям тўртта нон қўй. Ўзинг еган овқатни пулини оғринмай тўлайдиган, ёнда турадиган ёр-жўра ортириб, кейин семиз гапирган ярашади,- дегандилар отам эрталаб қишлоқи бир одамига. Гап-сўзларга қараганда бир жойда катта гапириб қўйган, этиги тор келиб отамнинг олдига маслаҳатга келган кўринади. Эшитганим, англаганим шу. Иши чатоқлар уйга кирмайди. Дарвозахонада отамни йўлига қарайдилар. Дарвоза остида гап кетса, ҳовлига чиқиш мумкин эмас. Бошқа гаплар секин гаплашилган. Биламан, булар менгаям тегишли. Бир куни бўлмаса бир куни фойдаси тегади, қулоғи илсин, каллани ишлатсин деб айтаяптилар. Тегишли бўлмаса эшиттириб гапирмайдилар. Бу гапларни ҳозир ёзиб қўёлмайман. Эрталаб ёзиб қўяман. Ҳозир қоронғуда тимирскилансам, отам томоқ қириб, опам ўрниларидан туради. “Дарсларингизни барини қилиб бўлгансиз, балажон? Ётишдан олдин Латофат опангиздан сўраганман, ётаверинг, ё сийиб келасизми?” дейдилар. Энди мен катта бола бўлсам. Чиққим келса, ўзим чиқиб келавераман.
Бир нарсасини йўқотгандай, нима йўқотганини ўзиям билмайдиган, йўқотганини қидирган, жаланглаган Ой бўлади. Қимирлаган қора танишдай туюлиб орқасидан эргашади… Жовдирагандан Ой жовдирайди. Жовдираган Ой бўлади. Оқ йўлдан энган билан теппа-тенг париллаб жўнайди. Юрса юради, тўхтаса тўхтайди, ўрлаган билан ўрлайди…

ЙЎЛНИНГ КЎЗИ ҲАМИША ОЧИҚ

Мардонга ҳамиша катта кўча. Хоҳлаган жойига қўш ташлайди. Қишнинг чилласидаям токларни қўйнига қўл солиб узум узади, керак бўлса. Энамга олиб келади. Бир марта олиб келганда мен Энамга теккан отамнинг майда қавиқ тунларининг ичида ухлаб ётган эдим. Ёнбошларида. Энам пешонамни қўшиб бошимни силадилар. Бу туринг балажон деганлари. Агар бошимни орқасини, елкамни қўшиб силасалар ётаверинг деганлари. Хаёлларига қўшилиб йиғлаётган бўладилар. Айтмаган бўлсалар ҳам биламан. Бу гапларни калламдан ёзаяпман, керак бўлса. Мен ўзи ёлғон ёзолмайман. Энам хафа бўладилар. Энамнинг бизни ёзиқларга кўзлари ўтмайди. Катта оталар ёзиқларини биладилар. Ёзиқ дегани ҳарф дегани. Энам ёзганларимни ўқий олмасалар ҳам қандай ёзганимни илғайдилар. Ўзи ёзганларимни, ёзаётганларимни Энам айтиб тургандек бўлаверади. Маънолар мағзини чақувчи нуктасанжлар кўнглига малол келмасин. Гап-сўзларни салгина тўғрилаб қўйишим мумкин. Жудаям тўғри гапни юки оғирмиш. Зўр келганда тўғри гап туққанингга, туғишганингга ёқмасмиш. Тўғри гапни эгри одам кўтариши қийинмиш. Айтишиям. Гап қувган гўрга йўлиқармиш. Буларни Энамнинг боши айланишдан тинмайдиган урчуқларига айтган. Менинг боштагим, ёстиғим Энамнинг икки буклаб тахланган, райҳон ҳиди келадиган кулаталари. Отамни чопони остида ётиб эшитганман. Ёзиб қўймасам ҳам эсимдан чиқмайди.
Ўрислар Жиззахнинг кулини эсон-омон кўкка совуриб, тўпларини судраганча, учи-қийри йўқ аскар билан Кампирдевор ёқалаб Самарқандга йўл олган оқшом, 1868 йилнинг 1 майига ўтган кечаси, тонг саҳарга яқин осмондан сон-саноқсиз юлдузлар тўкилганмиш. Худди юлдузлар кўз ёши тўккандек кўринганмиш. Осмондаги юлдузларнинг фақат биттасигина жойидан қимирламасмиш. Уни оти Олтин қозиқ эмиш. Қолган юлдузлар унинг атрофида айланишар эмиш. Самарқанд ернинг Олтин қозиғи эмиш. Олтин қозиқ ўрни – Самарқанд руҳини ёвга бермаслик учун кўз ёшлари билан кўмганмиш. Босқинчилар эртаси куни шаҳарни олганлари билан, ҳар хил қаланғи-қасанғи тап тортмай кириб чиқадиган эгасиз, эшигу тўсиғи йўқ уйдай бўлиб қолгани билан унинг руҳини синдиролмаган, ололмаган экан. Ололмас ҳам экан.
Инсоф бошида бўлган бўлса, охиригача турармиш. Жаркўча ўриснинг яхшисиниям кўрган. Кўрмаган эмас, кўрган. Кўрмаганман деса кўзи кўр бўлармиш. Отилган, осилган, қамалгандан қолган қишлоқнинг ҳарф танигани сургунга тушган, қўлидан иш келари қулоқ этилган, эл оч, қимматчилик қаҳатчиликка ўтиб кетган, бир чумчуққа ҳам бўри, ҳам тулки кўз тиккан, ота ўғилни сотган, ўғил ота­ни отган, бош-оёқ уриб кетган кунларда устига устак оч ўрис тутиб кетганмиш. На ияг на суяк, икки кўм-кўк кўздан бошқаси кўринмаган ўрис босиб кетган. Қаҳатчиликнинг камига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ойинлардан арналар шод бўлган, бир ёқда бир бошли-ю, бир ёқда қўш бошли қузғунни куни туққан кунлар ўшанда бўлган дейишади. Оч-ялонғочга қўшиб ё гапирган гапи, ё юриш-туриши, ё мол-дунёси ишқилиб нимасидир ҳукуматга ёқмай ҳайдалганлар ҳам бўлган. Эр-хотин духтирларни шундайлардан деб ҳеч ким ҳеч кимга айтмаган бўлсаям, ҳамма шундай деб билади. Бу ердаям дарахтлар ўзидан ўзи қимирламайди. Ана шу духтирлар кўп ёш-ялангни ичтермала, қизамиқ, яна оти жудаям совуқ ойинлардан олиб қолган. Шундоққина мелисахонанинг кўзи остидан жой берилган духтирлар эшиги боладан узилмасди. Вагонга урилиб, бир неча кун оч-наҳор, совуқда изиллашган қочоқларни Харканада туширишган. Қизчаси бир неча кун олдин узилган бўлса-да узилганини аскарлардан яшириб келишган. Бўлмаса, ота-онанинг қўлидан олиб қўйишлари, ўзларини қайта вагонга қамашларини кўришгани, билишгани учун шундай қилишган. Биттаю-битта қизини Ғаллаорол станциясига, темирйўлнинг лабига топшириб келганларини ҳамма билади. Сочлари сап-сариқ, кўзлари кўм-кўк бўлганлигиниям. Духтирлар Мусулмонқул тегирмончининг Бийнисо отлиқ қизини, кўзлари кўм-кўк, сочлари сап-сариқ қизини, уч акасини уриш еган, бирини бир оёғидан ажратган саккиз яшарлик қизчани кўрди деганларидан бошқача бўлиб қоладилар. Қизчани онаси рухсат берган кунлар уйларида паҳ-паҳлаб чўмилтириб, сочларини қайта-қайта тараб, битталаб санагандай қараб, бири қўйиб, бири қучоқлаган, йиғлаганлариниям. Кунора кадичада сут олиб келадиган, сут ҳақига икки кесим нон ёки тўрт дона ёнғоқ берадиган ўрис эр-хотин қизча келди дегандан ўзларини қўярга жой тополмайдилар. Қизгинасининг кийимларини йиғлаб-йиғлаб кийдирган кунлариям бўлган. Эр-хотин қизчани ғовдан чиқиб, катта йўлни кесиб, Ота булоқ ёнидан мозорлар оралаб Жаркўчага ўрлаб кетгунча қарашиб қолишини, иссиқ-совуқдан терга ботган дераза кўзларига ёпишганча термулишиб қолганларини кўп одам кўрган, кўрмаганлар кўрганлардан эшитган. Уруш бошлангандан кейин бир кечада йўқолиб қолган. Уруш шу икковгинасиниям кўп кўрган. Урушга духтур етишмай қолган экан дейишган. Бу гапларни кўпи ўзи катта китобларда ёзилган. Уларни Мардон ўқиган. Қўй боққанимизда айтиб берган. Бир қарасанг қизларнинг ўсма қўядиган ойначасидай ялтирайдиган, бир қарасанг тош кўмирдай беранг, тош десанг тошгаям ўхшамайдиган тошларни қўлига олиб, “Бу ўша кундагилар” деган, худди бир сирни фақат у биладигандек. Катта китоблар Самарқандда бўлади. Самарқанддаги катта китобларни ўқиш учун аввал мактабда яхши ўқиш керак. Энам шундай деганлар. Худо ҳоҳласа, кейин Самарқанддаги китобларни битта қолдирмай ўқийман.
Ўша гап–ўша гап. Мардонга эса ҳамиша катта кўча. Ҳар куни Ҳайит. Такбири ташриқ тилидан тушмайди. Бир вақтлар одамлар Ҳайит намозини ўқиш учун мачитга кетаётганда, йўлда бир-бирлари билан учрашганда, баланд овозда айтишганидек, кўзига яхши кўриниб қолган дарахтга, тошга, қушга такбири ташриқ айтиб қолади.
аллоҳу акбар, аллоҳу акбар,
ла илаҳа илла-л-лоҳув- аллаҳу акбар,
аллоҳу акбар ва лиллаҳи-л-ҳамд.
Тўрт томон қибла. Хоҳлаган жойига қўш ташлайди. Бировдан бир нарсани сўрамайдиям, бировга яхши кўринай деб ҳам, бекорчиликданам гап қўшмайди. Кўчадан топганиям, кўчага топширганиям, топшираётгани, топаётганиям. Биров бирон нарсани сўролмайдиям. Гап қўшса кўчага, дов-дарахтга, тошга, сувга, эшагу итга гап қўшади. Жаркўчанинг бошидан оёғигача қаерда нима, ким борлигини, қачон нима бўлганини билса фақат Мардон билади. Қишлоқдаги ҳар бир нарса билан ўзаро гапи бордай ўша-ўша гапларни такрорлайди. Яккатутни кўрганда, “Тут яхшиси ерга тушар, қиз яхшиси кўрга тушар”, деб кўзиниям бир қисиб қўяди. Айниқса, Жаркўчага тушгандан ҳар қадамда ўнгу чапига салом беришини кўчанинг икки бирдай ёқасиям ёқтиради. Инояти етиб мардонлиги тутганда дажам юради. Гап қўшишиям, жаррор-жаррор чиқади.
– Ассалому алайкум аҳли қабр, қиёмат яқиндир…
Хоҳласа, ғўлдираб ўрлайди, истаса оғзи гапирмасаям, изидан хаёлида айлангани овоз чиқариб эргашади. Кўча Тентакнинг пайпасланиб юришидан қувват олади. Шуниям борига шукур дейди. Овозини эшитса, фикри ойдинлашади. Айниқса, Ўқотарнинг тандирга тупроқ олинавериб ғордай бўлиб қолган камарида эски китоб­ларни овоз чиқариб ўқиши ёқади. Биттасини ёдлаб ҳам олган. Тентак бу гапларни ўзига хассадек тутади. Китобдаги ёзиқларни ўзгартириб, ўзига мослаб ёдаки айтиб юради. Туш ичра, хаёл ичра, ҳуш ичра дегандай.
– Озодваш киши бўл! Бефойда эл била мусоҳиблиқ қилма, невчунким, бежиҳат машаққатларни ўзингга раво кўрма! Умид улким, бу давлат барчаға насиб бўлғай! Худонинг қули бўлиш, Худо қулим дейиш насиб этсин! Ношукур бўлма! Ерни босиб юрганингни қадрини бил! Ер босгандан кейин қиззиғи йўқ. Совуғиям. Ётасан, чапингдан ўнгингга ўнгарилолмай, кўзингни тешигига ин қурган ўргамчакларни боласини тебратиб.
Хурмат қилса, фақат ёш болаларни ҳурмат қилади. Катталардан қўлини ювиб қўлтиғига урган. Салом берган болаларни кўрганда яйраб кетади. Эшакни бамайлихотир тўхтатиб, хуржинга қўл солиб, совғаларни шайлаб “гўзал сўзни ким айтиб берса совғаси тайёр” дейди. Гўзал сўзни айтиб совға олишга қаторлашган болаларни адоғига қараб кўнгли тўлиб, ўпкаси оғзига келиб тиқилади. Навбатма навбат шариллатиб айтилаётган гўзал сўзни ўзиям такрорлаб кун бўйи хурсанд юради. Гўзал сўз: Лаа илаҳа иллоллоҳи.

* * *

Жар ёқалаган очиқ деразалардаги кўз-қулоқлар, йўлдан ўтиб-қайтаётганлар эшитса қўрқмасин деган хаёлда бўлади. Хаёлидаги гап-сўзлар ортидан овоз чиқариб эргашгани эшитарга эшитилади. Мардон кўп китоб ўқиган, камини гулмозорлар кесаклари, кўчанинг тошларига ёзиб қўйилгану, кўзини юмганча бир четдан ўқиб бораётгандек, ҳар вақт, ҳар вақт бир чимдим тупроқини энкайиб олиб, пуф-пуфлаб бошлаб, ўнг кейин чап қошига сурганча кўзини юмиб атрофга сер солади. Токларга, узумларга кўзи тушганда “аё, соқий”лайди. Тентак эшак устида, елкага ажралмас йўлдоши таёқ ташланган, таёқ устига икки елкасидан ўсиб чиққану унга алоқаси йўқдай икки қўлини осилтирганча, қўлга тушган асирдай қўллари кўтариғлиқ энади.

Аё, соқий, суниб жоминг қил эҳсон, яшнасин диллар…
Сабо ечмоқчи бўлган хушбўйига онтким… қон бўлди бу диллар..
Жаброил, борғил нари, болу паримни кавлама…
Учоваранинг бири ҳаллози, бири повилғони бўлғанда…сўз …айтма…
Кўнгилчалилар орасида ўтаётганни умр дема…ғил…
Эгри ўсган шох на устун, на тўсин…эрмиш…
Киши силсиласи била ҳеч ерга етмас…
Бору-йўғимиз бари хижолат эрмиш…
На билсин ҳолимизни четда юрган юки енгиллар…
Жонлиқ тўкилса қарға шод, эл қирилса арна шод…эрмиш
Тандир бошига ўтин йиғилса, кўсов халқининг ғайрати келурмиш…
Тупроқнинг етилиш вақтини билган насиҳат сўраб ўтирмайди.
Ота-онаси, оға-инисига вафо қилмағонни дўст тутмагинким,
бегонага албатта вафо қилмайдур.
Киши силсила била ҳеч ерга етмас.
Ажали етган қарға эгалик гўнгтепага қўнурмиш…
Дон бўлсанг қузғунлар тинч қўймас…
Ҳаммадан ёмони симизлик ва тўқликдир.
Ношукурлик хорлик наҳридир…
Аҳмоқлик Худонинг қаҳридир…
Мундин нари май ила майхона…
Мундин нари бола бўлиб қолсанг…омон…
Айб этма маники айб эрур айб этмак…
Қаршингда ҳасратли ўйга толурман-о…
Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон…
Ирода қилса ул ҳаййу тавоно,
Қилур бир лаҳзада билмасни доно.
Ашрақат мин акси шамси-л-каси анвору-л-Худо
Ёр аксин майда кўр деб жомдин чиқди садо.
Хизр билан суҳбат тутсанг, тавба қил,
Бир кечада Ҳиротдан Маккага борсанг, ундаям тавба қил.
Дининг билан эмас, касбинг билан ризқ топ.
Киши силсила ила ҳеч ерга етмас…
Аҳли ваҳшат ақли етмаган қоғозни ёндириб, сояси соя ташлаган иморатни йиқитиб баҳра топади…
Тушунмаганни қулоғига фақат овоз киради.
Кўпкарини охирида катта солинни зотига, тавоғига бир рукн аштар, бир рукн солим солиб жўнайди:
Ғофил ўлма, эй соқий, гул чоғин ғанимат тут,
Вақти айш эрур боқий, ол чоғир, кетур бот тут…

–Ҳа, Кўрсодиқлар, ичдик ва ундан маст бўлдик то яралмасдан бурун! Кўзингда бошқанинг хаёли бўлганини кўрмасин! Бу юртни, бу элни, бу тилни қанчалар яхши кўришини сезсанг эди… Тил элининг сири, ўртадаги сир, бошқа бандаларидан бекитикчи берган неъмати. Тилдан кетгандан кейин баридан кетдинг. Тил элининг кўнглига экилган гул. Гуллатасанми, қувратасанми энди бу ҳар бошнинг виждонига ҳавола. Дунёни капалаги шу ерда, капалакнинг тозаси шу ерда. –деганча орқа-олдига қарамай мева тукканлиги учун тошу таёқ отилавериб шохлари синган, мевасини кўтаролмай ўз шохини еган букри ўрикларга гап ҳам отган бўлади. Кейин қўшиб қўяди: – Ҳаммаси сен сўзни таниб, сўз сени танигандан кейин бошланади. Ўз сўзингни минглаб ёзиқлар орасидан илғаганингдек, миллионлаб ёзиқлар орасидан фақат сен учун айтилган сўзларни туюнсанг қанчалар яхши. Ўзи меҳрибон бўлмаса бари бекор. Кейин бир муддат гап-сўзсиз тек туради. Илкис эсига зарур гап келгандек ғайрати тошиб, эшакдан тушиб, куйиб-пишиб хуржундан эски қадрдони, сал кам бир қўлтиқ келадиган радиосини олади. Қулоғини бурайди. Қадим қишлоқнинг тус шеваси ва тус-туққан оҳанги, тус отабир шаҳдида ёзилган, айтилаётган, гуриллаётган қўшиқ тирик сонидаги ҳаммага ёқади. Ҳаммани юрагини ёқади. Гулмозорлар қулоқ осадилар. Исириқлар исириқ солади. Ковуллар чироқ ёқади. Кўчанинг баҳри дили очилиб кетади. Кўча қўшиққа тўлади. Кўчанинг кўнгли қўшиққа тўлади. Кўча қўшиқ айтгандай бўлади. Куйи куйдириб кетади. Куйи ҳамма нарсани куй қилиб кетади. Кўча куйхона бўлади.
Парвойим йўқ зарра хонумонларга…
Лола янғлиғ тўлиб бағрим қонларга…
Хаёли эса, бошқа жойда, худди Кешга етиб, Дор ут-Тиловат билан Дор ус-Сиёдатга эш Ҳовузи Мардон ёқасида фаришталар билан тиллашиб ўтирган ёқавайрон Шох Машрабдай хаёлга чўмади. Чўмилади. Хаёли ўзидан катта кўринади. Шароби антахурни ичиб, Оқсарой қасрини томига чиқиб олган-у, ҳаммаси кафтда тургандек. Уни йўлдалигини кўрганлар, борар жойига етгунча эргашмайдилар. Сел Жаркўчани ювганда очилиб қолган гулмозорлар ёриғини ёпадиган ҳам, жағ бир ён, чаноқ бир ён, хол бир ён аҳвол бир ён, ерга қараб бош кўтаролмай қолган, куннинг сариғини санаб сарғайганларни тўплаб, янгидан кафанлайдиган, тупроққа топширадиган ҳам шу Мардон. Шунинг учун хуржунида хамиша оқ қарслар солиб юради дейишади. Бир ўрлаган, бир энган йўловчиларнинг Ўртақирда учрашиб, бири ҳозиргина Мардон эниб кетди десаю, бошқаси ҳозиргина олдимдан ўтиб ўрлади десаям ишонаверинг. Икковиниям гапи тўғри. Катта сел келганда Новустепадан ўтган кўчанинг икки елкасида лойдан ясалган сандиқчалар очилиб қолади. Токларнинг томирлари уларни қаттиқ қучоқлаганидан селга бермайдилар. Ичида нима бор деб боров очиб кўрмайди. Ичида одамни тахланган суяклари бор дейишади. Калласиниям. Мен ҳам сандиқчаларни кўрганман. Сиртида узум, ток новдалари, барглари, гажакларининг суратлари солинган ёки лойқа босганда ёпишиб қолганидан излари қолган бўлса керак. Кўрганимни Энамга айтганимда калима қайтариб, фотиҳа ўқиганлар. Кейин, “ХУДО ОЛДИ БЕТИНГИЗДАН РИЗҚ БЕРСИН, ХУДОДАН ҚОЛМАНГ, БАЛАЖОН!” деганлар. Мен ҳамма харфларини худди шундай катта катта қилиб ёзиб қўйганман. Ҳозирча яхши тушунмаган гапларимни шундай ёзаман. Кейин топиб олишимга осон бўлиши учун.
Шундай кунларнинг бирида бўйнига қасмоғи бир қарич бўлиб, олди бетида иккита чўнтак, икки биқинида қўшкиссали бўғжамадай келадиган, сурат олгич асбобларини соладиган, ранги ўчиб ва сасигандан жийиб кетган сумкасини ўнг елкасига осган, қоп-қора ва тарашадай жасадини чапга ташлаб, қийшайиб, жангаллар орасидан, итбурун-у, бўритароқ остидан энкайганча исга ботиб, тортанакка таланиб, тимирскиланган суратчи жуҳуд чиқиб келади. Худди келишишгандек Тентакка тўғри келади. Ҳамишагидек тегишини бекаму кўст олади.
– Ҳа, яратиқ, юрибсанми ўзинча ерни босиб…
Суратчи одатдагидек индамайди. Тентакники сал қўзийди.
– Ҳа, Морид итбурунни остида нимангни йўқотувдинг, тиконга таланиб.
Тиконга таланган ўзини тағофулга солади.
– Тўғри йўл туриб жангал оралаб, жар ёқалаб юргандан кейин ҳам қийин экан-да, – дейди. Тентак эшагига аввал томоқ қириб, кейин йўталиб. Эшак тўхтайди. Жарни лабидан тушган соя бир Тентакни бетига, бир ерга қарайди. Кейин бошини кўтармайди. Елкасидагини кўчани ўртасига қўйиб, чарчаган, дам олгани тўхтаган киши бўлади. Устига ўтиради. Мардон ўнг оёғини эшагига урилган от эгарини қошидан ўтказиб бўғжама устидагига қараган куйи тек туради. Керак бўлса соатлаб туришади. Шундай кунларда бўғжама очилиб гулмозорлардан топиб олган нарсалар чиқариб берилади. Лаби учган хумчалар, тилла-кумуш тангалар, тақинчоқлар, китоблар… Ош ейишга ишқивозлар чинни тавоқ, чойнак-пиёлаларга алмашган тиллақошлар, жамалаклар, зебигардон, исирға-ю, билакузукларга қайтиб қарамайди. Бўтан, бўлак қўйдиради. Бировнинг савдосига аралашмайди. Тентакни қаҳри келган кунлар, қўзиган кунлар меҳмонни оёғини оёғидан ўтказмай қўйган. Тентак ўтиб кетиб яна ўша жойга қайтиб келгунча, ўша жойдан қайтиб ўтмагунча қимирламай, қимирлолмай турган дейдиганлар ҳам, суратчини ўзи ирим қилиб, қимирламай турган деганлар ҳам бор.

ЙЎЛ САРСОН, ЙИГИТ САРСОН

Юз йилдан зиёддирки кўчанинг эс-ҳуши ўзида эмас. Юрагини бошига тиқилган тош бўшашмайди. Оқйўлнинг бу боши Қўрғонтепа, у боши Тошқўрғон. Иккисиниям оти уйқаш. Иккисиям йиқилган. Иккисиниям йиқитишган. Иккисининям бир бало йиқитган. Иккисиям йўл қарайди. Кейин Ўрнинг жигар-бағрини тилиб ўрлаб кетгандаги гап-сўзлариям ботгандан ботиб кетган. Унинг ҳам дарди, дардининг пишма гапи отинг ўчгур урушга бориб тақалади. Уруш деса юраги безиллаб қолган. Уруш деганда одам деган билан ҳайвон деганнинг қадриям, нархиям теппа-тенг бўлишини у жуда яхши билади. Тириклик ташвишининг тентиратар чарчовининг зўридан кўз илингандай кўрингани билан бош ичидаги вағир-вуғур тинмайди. Тинчитмайди. Уруш ётгандан кейинги қўйни тўлиб кетган бир қўлсиз, бир оёқсиз, чўртта оёқсиз Эрдона Чўккидай икки тиззасини пастидан ажраганларга тўлиб кетган кунларни эслагиси келмайди. Уларни елкасида кўтарган кунлардаги юкнинг юки ҳали-ҳали ўйиб кетади. Эслади деганча хаёли музлаб, кўзи тўнглаб, тили тушовланиб қолади. Ҳая, энди эсига тушиб қолди. Ўшанда, Самарқандга борганда мадрасалар пештоқлари китобасини, китобатларидаги, минораларни бош-оёқ ушлаб турган, чирой берган, деворларига кўрга ҳассадай қилиб ёзилган оят-белги, ёзиқларни пичирлабгина ичида ўқиганда ўтиб-қайтаётганларнинг бу ёзиқларга суратга, каштага қарагандай, чирой учун чизилган безовга қарагандай без қарашларидан уялганидан бошини юриб келган йўлининг ўзи қурли тупроғига нимага тиқиб олгани энди эсига тушди. Қулоқлари остида губернаторнинг Ойқордаги дам олиш гўшасида қуридагиларга айтган гап сўзлар ўралашади. Жавоб топгандай бўлади. “…Биз туб аҳолини эллик йил мактаб ҳаётидан четда тутдик! Тараққиётдан жиловладик… ижтимоий ва ақлий ривожланиш имкониятидан маҳрум этдик… Шунинг учун қадаҳ кўтарсак арзийди, жаноблар”. Ойқордаги базми жамшидда айтилганлар ҳам етмиш йиллик гап. Элликка етмишни қўшиб ҳам кўрди. Ҳисобини топгиси келмади. Отнинг ўлими – итга байрам. Ҳаромнинг дарёси тошган, отдан эшак ўзган, карахтлик, қарамлик, мустарлик, занжирбоғлик йилларини, ота болага, бола отга, ака укага, ука акага, ҳамма ҳаммага ёвгарчиликда, хоингарчиликда нон ейилган, нон едирилган йилларнинг, кун кундага, ой ойболтага қолган йилларнинг ҳисобини топгиси келмади. Шердор мадрасаси Мулла Дўстбек мадрасасига айтган ва ўша ерда эшитганиям кам бўлмаган. Аввалига солдатлар “ҳазрат” деб мурожаат қилишган, кейинроқ, феъли кетган, расм чизишдан кўра жаллодликка уқуви баландлигини билишгач, Василий Васильевичга айланган қалами паққос қонга тўйган поручукнинг Регистонни ўртасида, “…Ҳазрати Олийлари, рухсат этсангиз бу гапларни айтаётганим қандайдир қаҳрамонлигимдан эмас…” деб бошланган машваратни эшитган борки, диндан чиқиб кетган. “Ярим пошшо шаҳардан ташқарида, Бухоро амирининг қуюшқонини тўғирлаб юрганда, туб ерли эл Самарқандга, уларнинг устига ваҳшийларча “бостириб” келганликларини, касби рассомлик бўлсаям ўзини ўзи ватан хизматига сафарбар қилганлигини, бундай ҳолатда соғлом одамининг бир чеккада томошабин бўлиб туриши гуноҳи азим ҳамда тасаввурга сиғмайдиган иш бўлишини, кўрсатган қаҳрамонликларини санаб, икки сартни кўчама-кўча қандай қувиб боргани, бирига зарб билан найза санчгани, уйларни ёқиш учун ёнида олиб юрган олови қўлини куйдиргани, сал бўлмаса сарт уни ўлдириб қўйгани, бир солдат етиб келиб жонига оро киргани, ўша солдатга чин юракдан миннатдорчилик билдиргани ва 10 рубл ваъда қилгани, ўзи қаердан ўтган бўлса орқасидан қора тутун буриқсиб кўтарилганини, сартларни руҳини ўлдиришда садоқат билан фидоийлик кўрсатганини жавраган. Кимки дуч келса, кексами-ёш, аёлми-болами ҳаммасини ўлдирганини, аммо ортиқча шавқатсизликка йўл қўймаганлигини, қорабошлар ҳужумини қайтаргандан кейин кечки таом устида шаънига айтилган қадаҳ сўзларни, мақтовни йиғидан ўзини зўрға тийган ҳолда тўқинланиб эшитганиниям бирон бир нишон-пишон олиш умидида талмовсираган…дорга осилган одамларнинг типирчилаб турган расмларини чизиш, бирор муллаваччани шахсан минорадан улоқтириб юборишга шароит яратиб беришни илтимос қилаганди…. бу гапларни айтаётганим қандайдир қаҳрамонлигимдан эмас Ҳазрати Олийлари…”
Ярим пошшога поручукнинг битта гапи ёқмаган. “Сиз узоқда эканлигингизда”, деган гап. Бу гап, “Бизни ташлаб кетганингизда”, “Сиз бўлмасангиз ҳам уддаладик”, дегандек теккан. Губернатор ўнг қўлидаги оппоқ қўлқопини чап кафтига қарсиллатиб ургандан кейин тан қўриқчи поручукка қаерда туриш керак­лиги кўрсатиб қўйганди. Ҳозиргина унга ҳавас билан, кулибгина қараб турган қўриқчининг киприк қоққанча вақт ўтмай тумшуғи осилиб, жеркиган нигоҳидан оғзидаги гап оғзида, бўғзидагиси бўғзида қолган.
Ўйламай деса бўлмаса. Ичидаги бир кўз пешонадаги икки кўзга тик қарашни қумсайверса. Ўзини оёқ-қўлига қўшиб тилиям кесилгандай сезади. Кўнгли айнайди. Ўлмаган қул қўравераркан. Ҳуши ўзига келиб қолганда дарду хаёли Энам айтган кўкда, ҳа демай тил чиқарадиган янги майсаларда бўлади. Нам теккан ер кўкармай қолмаслигини, қаерда янги майса униб чиқса, уммат қалбида яна тоза орзу бўлишини бурунғилар елкасини жар тупроғига тираб катта китобларни ағдарганда кўзи тушган, ўқишганда эшитган. Ақли етмаган нарсаларни Мардонга ўхшаб гулмозорлардан сўрайди. Икки елкаси, бош-оёқ кўм-кўк бўлишини, кўкламни, кўкаламни, кўк аламни, янги майсаларни бошига кўтаришни қумсайди. Қўрғонлари чинорларга тўлганини кўргандай бўлади. Ўпкаси тўлиб кетади. Шу кунларни орзулайди. Орзиқади. Кечаю-кундуз, ўнгу-туш қандай ўтаётганини билмайди. Билгисиям келмайди. Бир вақтлар кеч бўлгандаям бағрини тўлдириб ўйнайдиган ёш-яланг қоронғи тушиб, биров бировни танимайдиган, овозидангина тусмоллаб қолгандагина бугунги жўрабоши ўртага чиқиб айтадиган, қўлидаги коптокними, чиллик таёғиними осмонга отиб, болалар чувиллашиб ушлаб олишга шошганлари бугунги охирги ўйин эканлигини, бу ўйин бир мартагина бўлишини, ушлаб олган эртага жўрабоши бўлишини, кейин ҳамма уй-уйига кетиши кераклигини билдирадиган гапни ўзига ўзи айтадиган бўлган. Қўшиқ шундай:

Уй уйингга,
Тўй тўйингга,
Битта хўрозим бор,
Қайси бирингга?!

Ўзи билан ўзи ўйнайди. Ўзи осмонга отиб ўзи илиб олади. Ўзича бола бўлади. Бугун ҳам шундай қилди. Хаёлида кеча болалар қорашомгача ўйнаганда йўқотиб қўйган тўпни, кейин оламан деб дўлананинг панасига бекитилган ва эсдан чиқиб кетган латта қўрчоқ, қўғирчоқни, иккови жарнинг икки лабида лаблари пирпирашиб бир оғиз гап чиқмайдиган, серрайишадиган севишганлар ёзганлариниям қўлма қўл беролмай кўзлар хатлар беркитиладиган жойларни кўрсатишганлари, йигитнинг ишонгани, ишончи, умиди, тақдири беркитилган Яккатутни, қизгина ўзи устига чиқиб олган, устига устак тинмай оёқлари учида турганидан ниқталанаётган тошни, изҳор босилган тошни қўриб, қўриқлаб чиқиши керак. Ўғриям бегона эмас. Мен ҳали боламан. Ўғрилар ҳақида ёзишим мумкин эмас.
Жаркўча Оқ йўл ҳам ўзидай хаёллар билан яшашини, хаёлларида йўл кўришини илкис илғаб қолади. Зеҳни олганидан ўзидан ўзи хурсанд бўлиб кетади. Оқ йўл хаёл­ларига қулоқ осади: Тошқўрғон деворлари тикланган, Оқсарой оқдай, Кўксарой кўкдай қаддини кўтарган, деворга сирдош булоқ қиқирлаб кулган, чўян дарвозалар йиқилган, оёқ ости бўлган арвоҳлар шод, мозор чаман бўлган, экилган дарахтлар кўкарган, кўкарганлари соя берган, соясида майсалар бир-бири билан сирлашган, тиллашган кунларни туш кўрмоқ бўлади. Қани энди кўзи илинса? Йўқ. Кўз илиниши ғафлатга товун. Бир марта илдириб бўлган. Кўрариниям кўрган. Ҳа, дейди ўзига ўзи хаёлники кўнгилга солибдими, ҳа демай насиб қилса ўзиниям кўрсатади. Ўшанда дунё­нинг тўрт томонидан келган отадошлар, жўралар билан деворлар устида қувалаш-қувалаш ўйнайди. Уларни ҳидидан, шамолидан танийди. Ҳа, шамолидан танийди. Илкис шундай туюлди. Кўзи илинишида алданган, заҳарланганлигини, илингандан кейин бўғилган, хўрланган руҳининг кўз очаётганини, бош-оёқ оралаб илиқлик югураётганини, танасидаги музлатилган, ухлатилган, карахтланган, чавақланган, калтакдан қорайган, тушов қийиб юборган, занжир эзган ўринлардаги кўзчаларни, юракчаларни, қўлчаларни ўйғонаётганини, ўйғонганиниям. Хотира яраларидан сизаётган зардоб ундан олдин оқиб-оқиб чарчаб тинган, тўнган қон ғадирига қараркан ачинди. Ўзининг аҳволига ўзи ачинди. Ачинишдан фойда йўқлигини энди сизиб чиққан зардобнинг ялтираган кўзидаги белгидан сезди.
Қорасовуқнинг изидан изма-из етиб келган кўкаёз ҳунарини кўрсатади. Тиккайган нарсани жой-жойида қотиради. Қимирлаган, инига киролганни инидан чиқармайди. Етолмаган етолмаган жойда қолади. Ишни билдирмайгина билганидай қилади. Совуқ қирқиб кетганидан ёмони йўқ. Қурт-қумирсқаларни жой-жойида жонини суғриб олади. Жир битганиниям оёғини оёғидан ўтказмади. Кечагина дарахт шохида осилишган кўм-кўк олмалар бир кечада совуқни дамидан қип-қизилга айланадилар. Қадрдон, эски таниш қарғалар бир кечада, қоронғидаям ўз жойларини адашмай топадилар. Эгасиз гўнгтепаларга эга чиқадилар. Эгалик гўнгтепаларни итлари қўрийди. Ёнига санқи-панқи, чўлоқ-мўлоқ, мошак-пошак бир қўтан майда-чуйдаларни ияртиб, эргаштириб, илиқтириб олади. Қарға зотини қўнгани қўймайди. Оёғини ерга теккизмайди. Худди ҳаммасини еб қўяётгандек, камайиб қоладигандек. “Бекорчи ит-суғорар, ишдан чиққан ит-гўнгтепа қўрир” деганлари шундан қолганмиш. Гўнг титиш ҳам қарғага ҳунармиш. Йўл тортган, кўпни кўрганлари, кўзи пишганлари юқорироқдан, ёнғоқ шохларини эгаллайдилар. Дунё бехабарлар, тўдага қўшилганидан хурсандлари мевасиз дарахтга омонатгина қўнишади. Устаси фаранглари ёнғоқни тошни устига уриб чақишни, мағзини, ёғини таъмини тотганлари, тириклик мағзини тушинишга кўп йилларнинг тошини бошдан ўтказиш кераклигини қаноти энди қораётган қарғаларга ўргатишниям истмайдилар. Кўзи очиғи, эс энгани, ўзи кўриб, ўзи билиб ўрганишини юз йилликлардан иборат гўнгга ботган узоқдан узоқ умр ўқимай ўргатган. Қари қарғалар зерикканда ёнғоқ экадилар. Дунёда бургут, лочин, қирғий, калхат деганлар борлигини фақатгина эшитганлари қанотларини ёйганча ўзларини шамолга соладилар. Қарға ҳолига шамол билан ўйнашган бўладилар, қурғур.
Аввалига ёқимсиз бўлиб дарахтлар баргларига қўнган, ёпишган, сувалишган битта-иккита томчининг орқаси зўр келди. Бошламасига шувот шиддат кўрсатди. Куз ёмғирининг шашти баланд келди. Динг-динг, диги-динг деб ёғди. Бир-бири билан қувалашмочоқ ўйнади ёки от чоптиришди чоғи. Биз ҳам толчивиқ от минганимизда диги-диг деб чоптирамиз. Шамолга қўшилиб ёз бўйи чанг босган, жатмаланган япроқларни орқа олдини ағдариб ювгандай қилди. Кўрмагандай қилди. Дарду дунёсини тўккандай қилди. Онадан туғилгандай қилди. Пешонасида ялтиради. Бирини бирига ойнадай қилди. Бирини кўзида бири кўринди. Кўчаниям.
Ғуборсиз Жаркўчанинг ҳарпирабгина ийманишидан ортиқроқ чиройлилик кам. Бўлса, Туркқишлоқнинг қизлари бордир. Кўзинг кўзига тушса, йўқ, кўзи кўзингга тушса кўзингни чўғи ёниб, тутаб кетганингни ўзинг ҳам билмайсан. Каппанг қаён, каппонинг қаердалигини тополмай. Бир қараб, бир кулиб, катта ёмғирдан кейин кўчада тошлар устида юриб, этакка нам тегмасин деб салгина кўтариб, тошдан тошга ҳатлагандай, тош териб, бир бир қадам ташлаб ўтиб кетган бўлса, рўмолини учи бир пирпираб кетган бўлса, тамом. Ўққа учган каптардай патирлайсан, қоласан. Соянг сани, сан сояни босиб, судраб, бош-кўзинг қонга ботиб дегандай. Мардон тилида тап-тайёр шоир бўлади. Энди очди нима, кўмди нима, барибир ўша суррат. То кўз ўзи билмай юмилгунча. Уйқуни ҳалол ҳаромлигини энди биров ажратиб беролмайди. Энди кўчага қоровул керак эмас. Эрмакка ўрлайди, эрмакка энади. Бораверади, келаверади. Йўл сарсон, йигит сарсон. Кўчанинг итлариям жўра бўлиб кетади. Дунё бош-оёқ бир деразадан, Жаркўча елкасидаги кўк рангги урниқиб кетган, бир деразасининг ошиқ-мошуғиям кўчадаги ошиқдай бориб келаверганидан мойи қочиб, ғиққиллаб, шилқиллаб қолган, очилса ёпилмайдиган бўлади қолади. Қани энди деразанинг ортидаги ҳарир парда бир мартагагина қилт этса, ортидан ингичка соя бекингандай ўтса, бўксуклаган, дурдонаси кўтарилиб зийнати кўриниб қолган қоматнинг пардага тушган шамойилини кўрса? Кўз тушса бўлди, ғувуллаб қолган бошга қон силжиса кифоя, илиқлик юрса етади дейишади. Мен қизларни ҳали билмайман, боламан. Қизларни чатоқ, шайтон дейишади. Насиб этса бир бола бўлай, ҳамма ҳавас қилсин. Энам шундай деганлар. Кейин қизлар ҳақида ёзаман. Ўзи келинчаклар ҳам, қизлар ҳам ҳеч кимга айтмаган сирларини менга келиб айтаверадилар. Нимагадир шундай. Лекин, мен бировни сирини бировга айтмаганман. Айтмайман ҳам. Йиғлаганлари ямон-да. Алдандим, укажон, алдандим. Айб ўзимда деб йиғлаганлари ямон-да. Алдаган ҳам ялғон гапирганга киради-ку, тўғрими? Ялғон гапирган ҳаммадан ямон. Ялғончи энг ямон одам.

КЎЗ ОЧИҚ – ЙЎЛ ОЧИҚ

Қишлоқда ҳамма ухласа ухлайди кўча ухламайди…
….Фақат сочини ёйиб, жалпиллаб юрганларни кўрса сесканиб кетади…
Ширабўрон майдалаб урди. Шамол аралаш майда қор-ёмғирни ширабўрон дейдилар. Кучайса чопқин, зўрайса бўрон бўлади. Авзойидан авжига оладиган кўринади. Катта қорни совуғи келаяпти. Ҳа, демай қиш. Қалин қор остида, иссиқда, елкани томири ёзилиб, кўзлардан панада майсалар билан тиллашиб, паҳ-паҳлашиб ётишга нима етсин.
Қишлоқда ҳамма ухласа ухлайди кўча ухламайди…
Ойқорнинг оқбадан булутлари ҳар оқшом қўйнига тушиб сузишиб, сузилишиб кун пешонага ургангача қучоғидан бош кўтармай йўлдан урсаям…ярми очиқ елкаси, елкасидаги кўйлагиям бир ранг ҳаво эрта қарошомдан сарғайиб этагига этана бўлсаям…ҳар ойда ёшариб, яшнаб, ҳилолланиб келадиган Ой йил ўн икки ой хаёлини ўғриласаям.
Қишлоқда ҳамма ухласа ухлайди кўча ухламайди… эломон ҳам.
Қишлоққа одатда ўтга келгандай, тутантириққа чўққа келгандай шошиб келиб, ёв қувгандай ҳиштаровлаб қайтадиган, ота уйига, укасининг уйига, яхшиям укаси бор, укасиникига меҳмонга келган Шаҳарлик ака бир ёнида учинчига чиққан Катта бола, бирида беш яшарлик Кичик бола билан “нон ейиш”га айтилган, авваллариям кўп марта айтилган-у уканинг вақти бўлмай, оши қозонда, патири ўчоғида қолиб кетган, шундаям хафа бўлмайдиган амманикига йўлга тушадилар. Кўчанинг ҳар бир тоши, пасту-баланди, дов-дарахти таниш. Уларнинг мани танирмикан деб қараб турган, кўп йиллар кўришмаган қадрдонлардай ийманибгина қараётганини илғаркан, бир вақтлар кечқуринлари қўшниларга қўшни тавоқ ташиганда шу нигоҳлардан қўрққанини, қўрқмаслиги учун Энаси ўргатган шеърни овоз чиқариб айтса, қўрққани кетиб қолганлари эсига келди. Ҳаракат қилувди эсига тушди. Овоз чиқариб айтмоқчи бўлганди, юраги бўшашганидан овози бошқачалигини илғаб, болалар қўрқмасин деган хаёлда ичида такрорлади.

Қоронғи кеча,
Тошларинг қанча,
Қизингни қувай,
Йўлимни бўшат.

Ота кўпга қўшилиб кетган, она ҳаёт вақтларда шаҳардан ойда бир йўқлаб келар кунлар ҳам омонат экан. У кунлар ҳам кетган, онага қўшилиб. Энди қишлоққа йилда бир келса келади, бўлмаса йўқ. Энасининг ҳар бир гапи олдидан чиқаяпти.
– Ман борман, балажон, қийин бўлсаям ойда бир келасиз. Кейин ҳам келиб туринг. Кўзимиз барибир йўлда бўлади. Сиз Тошкентдан йўлга чиқишингизни билгандан отангиз кўчани тозалашга тушади. Бир хас қолдирмайди. “Тур, қара, баланг келаяпти, йўл чангимасин”– дейди ғазабга олиб, кечаси билан қайта-қайта тушимга кириб. Мен келишингизни шундан биламан. Арвоҳ ҳамиша ҳозир. Ота-она ўғилларидан бир ҳовуч фотиҳа умидвор-да. Қиз бола Худогаям банда, бандагаям банда. Эртага мен ҳам шундай ётаман. Йўлда-қирда, тоғда-сойда қайда бўлманг омонда бўлинг, балажон. Мени сизга насиҳат қиладиган саводим йўқ, лекин сиз билан кўпроқ гаплашгим келаганидан гапираяпман, балажон. Ота суйгани Худо суйгани деганлар, балажон. Яна келганингизча борманми йўқманми Худо билади…
Ўша кўча, ўша уйлар, ўша тоғ, ўша шамол, ўша ой, ўша-ўша ҳид. Ўша кўнгил. Йўқ. Кўнгил ўша кўнгилга ўхшамайди. Тўғри, уларни ҳаммаси бир-бирини бир кун кўрмай қолмаган, сояси соясига тушмаган куни йўқ. Фақат кўнгил сал бегоналашгандай, сал узилишгандай бўлиб қолгани хаёли, отаҳовлидан чиққан ўғилнинг йигирма йил деганда туғишган опанинг уйига одамдай бўлиб меҳмонга бораётгани хаёли ё ғовнинг ғиққилашидан кейин, ё оёқлари ерга тегай-тегай деб бораётган эшак устидаги одамнинг салом берганидан кейин келди. Келди-ю қиличдай ялаб ўтди. Қачон, қаерда текканини билмай қолди. Шошганидан болаларнинг бетига қарашга уялди. Амманинг уйи кўчанинг нари бетида.
Жаркўча одамнинг оёқ олишидан танийди. Танимай ўлсинми. Хурсандлигидан елкалари титраб кетади. Ота болалар гурунгидан, болаларнинг бир-бирига гап бермай чулдирашидан ичи-ташидаги ғуборлар тутдай тўкилади. Оғзи ҳервайиб қолади. Бир кўзи сояларнинг олдига тушган, бири орқадан эргашган бўлади. Биронта қурт-қумурсқа бежағимлик қилиб қўймасин, меҳмон экан деб ҳунар кўрсатмасин, болалар қўрқмасин, бегона эмас, ота-эна арвоҳлари қараб турибди деган ўйда бўлади. Неча бор энди оёққа турганда, эсини таниб, оқ-қорани ажратганда ёвгарчилик даврони ўтмаганини, ўзидан чиққан ўзини сотгани, ўз боласи ўз бошига ёвни етаклаб келгани, бирда зарга, бирда ғарга учиққанга куни қолганини, бирда араққа бош қоронғу, бирда бебисмилло, бирда бесавод, бирда бесалом, бирда бенамоз, бирда беота, бирда беномус, беимонларга йўлиққанидан йўлини йўқотган кунларани эсларкан эсини етаклаб келган хаёлнинг кўзига, икки қошининг ўртасида важоҳат билан қараб турган ўз хаёлини кўзига қарашга силласи, қуввати етмади. Шунча кўргуликни кўрган бўлса-да иноятини дариғ тутмаганига шукур қилди. Этагини йиғиштирди. Дўппини бостирган бўлди. Бош ёриғи бурк остида деган хаёл билан кўп бошлар ўтган бу кўчадан. Оғзи гапирганни қулоғи эшитмаган ҳам. Оғзи катта ҳам. Оғзига кучи етмаган ҳам. Оғзи билан юрадиган ҳам.
Ота қадим ва таниш ҳулвозордан бир шох ялпиз узиб аввал ўзи ҳидлаб, кейин бир шох узиб Катта бола, бир шох Кичик болага беради. Ҳидлар ҳидламас Кичикнинг гапи тайёр.
– Дадажон, ялпиздан сақични ҳиди келаркан.
– Тўғри.
– Дадажон, капалак ҳам ўзи гул-а.
– Ҳа.
– Дадажон, ада дегани ота деганими, дада деганими?
– Ота дегани.
– Аввал дадажон, соқол қўйгандан кейин отажон бўлади-а.
– Шундай десаям бўлади.
– Дадажон, дадаларни тиши бўлади, оталар тишини кечқурин пиёлага солиб қўяди-а.
– Ундай десаям бўлади.
– Ана, ака, мен сизга нима девдим.
– Дадажон, мен энди катта боламан-а.
– Ҳа, лекин акангдан кичкина.
– Дадажон, Ой касал бўб қопти, қаранг, – деганча қўли билан кўрсатган бўлади, Катта бола.
– Нимага ундай деяпсан?
– Қаранг, рангги касалга ўхшайдику.
– Булутни орқасидалиги учун шундай кўриняпти. Касал эмас.
Гапга беш яшарлик қўшилади:
– Дадажон, Оймомо нимага юрсам юради, тўхтасам тўхтайди?
– Сани яхши кўрганидан.
– Дадажон, Ой чироғ-а?
– Ҳа.
– Йўлларни ёруғ қилади-а?
– Ҳа.
– Одамлар қоронғуда адашмасин дейди-а?
– Ҳа.
– Ана, ака, мен сизга нима девдим. Дадажон, Ойқортоғни устига чиқса Ой билан кўришса бўлади-а?
– Ҳа.
– Ана, ака мен сизга нима девдим.
Катта болани кўзлари катта-катта бўлиб дадага қарайди. Дада кулиб юбормаслик йўлини қилиб, икки қошни бир-бирига теккудек уйиб, бошини киши билмас эгган бўлади. Катта бола ва дада тил топишади. Кичик бола Ой билан кўришганда қайси шеърни айтиб беришини ўзига ўзи ғужурлайди.
– Дадажон, Оймомога шеър айтиб берса совға беради-а?
– Ҳа. Кўчагаям шеър айтиб берса совға беради.
– Беш ҳам қўядими?
– Ҳа.
– Беш қўйишни дадаларни устозларига айтади-а?
– Ҳа.
– Бўлмаса мен биринчи.
– Фақат сув биринчи кичкиналардан, қолган нарсаларда катталар биринчи, — дейди Катта бола ҳам шошгандан, ҳам қизғониш аралаш.
– Бўлди, бўлди, чулдиринглар, чулдирашма! Эртага, ёруғвошда айтиб берасилар. Келишдикми?
– Келишдик.
– Ака, Тошкентга борганда, боғчага борганимда сумкамни эсимга солинг. Эсимдан чиқмасин, тағин.
– Сумкани нима қиласиз, балажон?
– Беш олиб келаман.
– Ҳа.
– Дадажон, аммажонникида ётиб қоламизми?
– Худо хохласа.
– Художон ҳамма нарсани билади-а?
– Ҳа.
– Ҳаммадан зўр-а?
– Ҳа.
– Аммажон бизани яхши кўрадилар-а?
– Ҳа.
– Мен катта бўлсам аммажонга телефон олиб бераман.
– Ҳа.
– Телефонлари йўқ экан. Кейин ҳар куни гаплашаман.
– Ҳа.
– Дадажон! Балонгизни олай, балажон дегани нима дегани?
– Қаердан эшитдинг?
– Аммажон манга айтганлар.
– Мангаям айтганлар…
– Дадажон, шамол дарахтни панасига ўтиривопти.
– Нима қилиш керак?
– Салом бериш керак. -Салом, Шамол!
– Салом, Шамол!
– Салом, Шамол!
– Дадажон, дадажон ёр дегани жўра деганини синоними-а?
– Ҳа. Нима эди?
– Аммажон менга Худо ёрингиз бўлсин деганлар.
– Менгаям айтганлар..
– Дадажон, эртага тиши йўқ аммажонникигаям борайлик…
Аввал юракнинг бошига бештошни тошидай, кейин томоққа ўймоқдайгина нарса тиқилгандайгина бўлади.
– Ундай деса уят бўлади, Катта аммажонникига дейиш керак…ука…
– Эснаганда чап қўлни орқаси билан оғизни ёпади-а?
– Қўлни эмас, кафтни орқаси дейилади, укка…
– Ман кичкинаман-ку…
– Дадажон, нимага энди одамлар кўчага чиққанда гапирса оғзидан тутун чиқади? Аввал ундаймасди-ку?
– Тутун эмас, у буғ ука. Тутун яхши ёнмаган оловдан чиқади, билдинг?
– Одамларни ичида олови борми?
– Э, бор-э.
– Дадажон, қаранг Оймомони атрофини камалак ўраб олипти.
– Булут сийраклашган. Шундан.
– Дадажон, Оймомони шу туриши акварел билан чизилган гулга ўхшар экан. Қаранг. Сариқ, тўқ сариқ, пушти, оқ, яшил…
– Ҳа.
– Дадажон, ойгул десаям бўлади-а?
– Ойгул қизларни оти, ука.
Жаркўча аввал ухласаям энди ухламайди…
Қўйни ой нурига тўлган, қулочи ой нурини қучган, бош-оёқ ой нурига кўмилганини, икки ёқасигача усаниб келган арчаларнинг қадим шамолда, шаҳду-нанги ўликни тирилтирадаган, орани очиқ қиладиган ой совуғи шамолининг қадимдагидай шовуллашини, янги майсаларнинг, тупроқ остида ўйноқлашиб, турткилашиб қолган сон минг турлик чечакларнинг таниш ширин шивирини илғаркан тушу-ҳушлигини ажратолмайди. Шу вақтгача шу нарсаларни эси олмаганига, олмаганидан, кўзи кўрмаганидан, қулоғи эшитмаганидан ёқасини тутамлайди.
Жаркўча аввал ухласаям энди ухламайди…
Кўчанинг ўртасига тушиб, ой нурида, икки ёнида икки боласини қўлидан ушлаганча етаклаб бораётган сояга, икки ёнида пилдирашаётган сояларга, ора-орада бирлашиб кетадиган сояларга сер соларкан юраги ёрилиб кетай ёрилиб кетай дейди. Бир вақтлар бомдодга одамлар шундай борарди. Ўзи ўшанда сояларнинг шовур-шувиридан ўйғонарди. Қўшилишиб бомдодга кузатиб борарди. Хаёллари, кўнглининг кўз илғамас соҳилларида кўтарилаётган таниш ёғдулар жилоси на туш, на ўнглигини айрит қилолмайди. Ақли бир етиб, бир етмайди. Бир хуш, бир бехуш бўлади. Шошганидан тушини бошқаришни эндигина ўрганган одамдай ўнг ёнига қараб пичирлаган бўлади.
Юсуф алайҳиссалом яхшиликка йўйсин…
Юсуф алайҳиссалом яхшиликка жўрисин…
Юсуф алайҳиссалом…
Жаркўча аввал ухласаям энди ухламайди…
Ой ҳар пути айри, боши юмалоқни кўзига кўнглидаги бўлиб кўринади. Зориққанга бешик, хиёлга тешик, басиратга эшик, сарроф, майдакашга танга, ўлмаса тўймасга тавоқ, ўз ҳуснига ўз ҳайронга юз кўрар ойнак, янги сопчига ўроқ, сўроқдагига сўроқ, қасоскорга қилич, ўйинчига чилдирма, гунга кар, беҳушга ҳийлаган дилбар, ўзини таниганга бомдоду-хуфтон ояти-белгиси бўлиб кўринади. Қараганга қараганнинг хаёлини ўзига кўрсатади. Ҳамма ўзини кўради…
Бир нарсасини йўқотгандай, нима йўқотганини ўзиям билмайдиган, йўқотганини қидирган, жаланглаган Ой бўлади. Қимирлаган қора борки танишдай туюлиб орқасидан эргашади… Жовдирагандан Ой жовдирайди. Жовдираган Ой бўлади. Оқ йўлдан энган билан теппа-тенг париллаб жўнайди. Юрса юради, тўхтаса тўхтайди… Ўрлаган билан ўралашиб ўрлайди… Ўйнагилари келади…
Бекитган қизлари неваларик бўлиб кетган, неча бир йилдан бери токлар остида ётган, шамол қўзғатиб Жаркўчанинг ўртасига туширган бештош тошлари қарсиллаганча ўшандаги ўйиндаги гапларни гап деб бир-бирларига гап бермай­дилар.
– Мен кўрганни, ким кўрди?
– Мен кўрганни, ким кўрди?
Учинчи мартасини айтмай тураман.
Узумни таъми қандай чиққанини бировга айтмайдилар…
Гўзал сўз йўлдошингиз бўлсин. Ичингизда айтиб юрсангиз яна яхши.
Туркқишлоқда ҳамма ухласа ухлайди Жаркўча ухламайди.

Тошкент
2016 йил 12 январь

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 7-сон