Раҳмат Бобожон (1998)

1998 йил Хоразм вилояти Шовот туманида таваллуд топган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси.
“Изтироб шивири” (2020, шеърлар), “Мовий қўшиқ” – Улвий Бунёдзода (2020, шеърлар, таржима), “Хаёлимни чақирдим” – Акбар Қўшали (2020, шеърлар, таржима), “Исми Лала эди у қизнинг” – Хосият Рустамова (2020, шеърий достон, ўзбекчадан озарбойжончага таржима), “Хўжали қирғини” – Ўқтой Исмоилий (2021, шеърий достон, таржима), “44 кун” – Хосият Рустамова (2021, шеърлар, ўзбекчадан озарбойжончага таржима), “Айрилиқлар элчиси, салом!” – Мусо Ёқуб, Воқиф Самадўғли, Ромиз Равшан, Рустам Беҳрудий (2022, шеърлар, таржима тўплам), “Ёруғ хаёллар” – Чори Аваз (2022, шеърлар, ўзбекчадан турк тилига таржима), “Олтин аср” – Аркадий Аверченко (2022, ҳикоялар, таржима), “Мен доимо ҳаётда…” – Азиз Несин (2023, ҳикоялар, таржима), “Рўбарў” (2023, шеърлар), “Релслар узра ётган одам” – Равшан Абдуллаўғли (2023, роман, таржима) каби китоблари нашр қилинган.
Шеърлари инглиз, рус, испан, француз, немис, форс, тожик, турк, араб, озар ва туркман тилларига таржима қилинган ва газета-журналларда чоп этилган.
Дунё Ёш Турк ёзувчилари уюшмаси аъзоси.

САРОБ

На сен борсан,
На ғамзада дил,
На дорул Ишқ, на дорул Бақо.
Менким, кўнгли умрбод залил,
Дардинг қайта ичганим-ичган.
Етти олам жам бўлгунча то —
Ким руҳимга руҳингни бичган?

Ким Лайлига оҳдан берган дарс,
Ким Мажнунга қайғудан таълим.
Ким жонига яшаб қасдма-қасд,
Ким вужудин асраган салим.
Кимни асир этган мангу ҳис,
Кимни йўқлик қўллари қучган.
Ким ўзига келмаган илкис,
Ким ўзидан бутунлай кечган?

Унинг кўнгли ишқ аҳлига хос,
Ғами — телба, ғуссаси — расо.
Бир дарвеш бор, Атодан мерос,
Қўлларида қақшаган асо.

Борми келар йўлингдан белги,
Борми кетар йўлингдан бир из.
Қайлардасан, сўйла, эй севги,
Қайлардасан, сўйла, Ҳавво қиз?

Лабларингда қон талашар лаб,
Кўзларингда жон талашар кўз.
Ва жонингга жонимни хатлаб
Қаршинг узра турсам, айт, бесўз, —
Қандай тутқун жонимда жонинг,
Ким руҳингга руҳимни бичган?
Ёлворсамми сен деб, Худонинг
Мен ёдидан ўчганим-ўчган.

На сен борсан,
На ғамзада дил…

УРГАНЧГА САФАР

1

Қариб бораверар асрим йилма-йил,
Милодий муҳаббат,
ҳижрий муҳаббат, —
Урганчда кун кўрган интизор кўнгил,
Бир сени излаган, бир сени, фақат, —
Фақат, оғир келган ғамда пишмоқ ҳам,
Ўзини ҳар кимга атаб эрта-кеч,
Бирдайин қуламоқ, бирдай учмоқ ҳам.
Бир шаҳарда яшаб учрашмаслик ҳеч,
Бир шаҳарда яшаб айро тушмоқ ҳам.

Руҳидан қайғусин айлаб бадарға,
Масрурлик қидирган, сўнгра топган ранж
Бир йўл кўрсатмаган Ёрга кетарга,
Эскирган бўлса ҳам эс кирмас Урганч.

Насиб қилолмаган шодлик васлини,
Минглаган лаҳзадан ёп-ёлғиз палла.
Исмимга қўшмаган Ёрнинг исмини,
На Дишон қалъаю,
На Ичон қалъа.

Мен сени кашф этдим.
Йўқ, ундан аввал,
Бетоқат кунларнинг сочи оқарди.
Умримдан кунларим учди — дарбадар.
Энди англаяпман, балки, у маҳал,
Ҳисларимни ўқий олмасди шаҳар,
Ўғуз лаҳжасида ёмғир ёғарди.

Сен унда бедору мен бунда бедор,
Сен унда сокинсан ва мен бунда жим.
Бу ёлғон умрида бир ҳақиқат бор —
Мен сени изладим,
мен сени топдим…

2

Ҳузурингга чорла,
айни субҳидам,
Иккимиз кезайлик бу ерларни то, —
Кўнглимга кўнглингдан етти олам жам,
Руҳимдан руҳингга йўллар салламно.

Кўксингда заррача қолгайми ҳасрат,
Ахир кетаверсак ишққа сари биз.
Достон қилар эди,
бу шаҳар — ҳазрат,
Шеърга айланарди юракларимиз.

Ҳаётига кириб бамисли офтоб,
Қаламидан тўкиб, бир нурни — саҳий.
Бизнинг ишқимизга ахир бобма-боб,
Бағишлов ёзарди Мунис, Огаҳий.
Қисмат бирлаштирган у гўзал дамлар,
Қаттиқ бўлажакдир орзуйинг, ахдинг.
Қирқ кун шодиёна қилар одамлар,
Қирқ кун тантанси тугамас бахтнинг.

Бу ёлғон умримда бир ҳақиқат бор —
Мен сени изладим,
мен сени топдим…

* * *

Шарифим: Ғамўғли…
Борлигим мерос,
Жаннатдан бир сакраб тушган Атодан.
Ошиқ-маъшуқларнинг қисматига хос,
Сен ҳам хатодирсан, мен ҳам хатоман.

Ҳаётим: Қоришиқ…
Тубсиз хавф-хатар,
Руҳимга тегинма — таъқиқ меваси.
Яшайман соғинчинг исканжасида.
Мунграйман исмингни айтиб ҳар саҳар,
Излайман ялдоли кечалар аро,
Андуҳинг англами дард лаҳжасида,
Кўзларинг — мен билмас, қайғу шеваси.

Ўзини тополмас Баҳорлар бу пайт,
Ўзини унутар бечора Куз ҳам.
Сенга хаёлимни етказарми, айт,
Туркона оҳанглар сўйлаган ғуссам.

Менга берма, берма мени балоға,
Кўксим тўйиб кетар бўлса жонидан.
Сенсиз ёлғизликка оғаман, оға,
Сенсиз туйғуларнинг саргардониман.

Осийман, юрагим бахт истаган кун,
Жаннатдан қувилдим…
Ишқ – жаннатмаъво.
Мени қабул айла, эй дунёю дун,
Мени қабул айла, эй Момо Ҳавво.

* * *

Бродвей.
Энг улкан фонус остида,
Шошиб борарканман, билдим, шу сафар:
Шеър бу — соғинч асли,
шеър бу — бир ситам,
Узоққа чўзилмас бахтнинг талқини.
Оқ-қора суратлар — томошабинлар,
Бунда жим кузатар, икки кўзи лўқ.
Телба дарахтлар теварагимда
Гитара чаларкан эркаланиб, шўх.
Ипак ёмғирларга ўранган шаҳар,
Ялло айтаётган кўчалар бўйлаб,
Сен қайдан
билардинг
кезмоқ завқини…

Сен буни биласан, сен биласан, йўқ…
Хаёлинг дўнганда аҳволим ўйлаб —
Барча шодликларни йиғиб келасан,
Изтироб йўқотар ранггин кўзлардан.
Югуриб келасан йўлкалар бўйлаб,
Метролардан шошиб чиқиб келасан,
Тушиб келасан ҳув автобуслардан.

Бағримда уйғонар сочларинг ҳиди,
Бирма-бир оҳиста кафтлар қовушар,
Бирма-бир оҳиста лаблар қовушар,
Бирма-бир оҳиста тафтлар қовушар…
Жим юрсанг, бу бахтмас, хато бўлади,
Сен гапир.
Бу вақтда шодлик болалаб.
Қўлинга тегмоқ-чун фидо бўлади,
Ўзини бандидан кесган лолалар.

Мен шеърлар ўқийман ёнингда масрур:
“Бағримда уйғонар сочларинг ҳиди…
Бағримда уйғонар сочларинг…
Бағримда уйғонар…
Бағримда…”

ТУПРОҚ МОНОЛОГИ

Гўзал қайғуларда англанган шаҳар
Оралаб кўзимдан ёш олиб кетдинг.
Озод қушча эдинг,
мангу дарбадар —
Кўнгил олиб кетдинг, бош олиб кетдинг.

Шарафим осийлик,
Бор гуноҳим — ишқ,
Жазойим — ғариблик, қатлим — ҳар кунлик.
Сенга муборакдир биридан кечиб,
Бошқа бир осмонга гўзал тутқунлик.

На Куз дош беролди,
На чидам Баҳор,
Бағрим яралади гулдурак, чақин.
Сен яхши билардинг — мен абадий хор,
Сен яхши билардинг — қиёмат яқин.

Дардману, дарддан ҳам ортиқроқ бўлдим,
Буюк ҳасратингни яшириб келдинг.
Арш остонасида бир тупроқ бўлдим —
Сен эса пойимга бош уриб келдинг.

* * *

Ёмғирлар ёғади
сен бор шаҳарга,
Ёриқлардан бир-бир сакраб ўтар тун.
Умрингни тилайсан дақиқаларга,
Умринг — талошми, айт,
қисмат — талотум?
Мен эса умрингда оний йилдирим,
Гумбурлаб-сумбурлаб, чақнаб ўтарман.
Бору йўқ ишқимни сенга билдириб,
Фақат англамоғинг хоҳлаб ўтарман.

Ёмғирлар ёғади
сен бор шаҳарга, —
Иккимиз борамиз ёмғирларга дўст.
Севгилим, бариси рўё, ичикма,
Жоним, унутилар бари саҳарда.
Ёмғирга қўшилиб майдаланар сўз:
“Ижара уйингга, боргин, кечикма…”

Панага гизланиб жон сақлайди, жон,
Елкаси ивиган минглаб ҳаловат.
Одамлар ўзини урар бекатга,
Сен эса,
кетмайсан, сен эса фақат,
Кўкка қўндирасан мовий кўзингни, —
Ва кўзимга боқиб тўймайсан менинг.
Заминга оқликни тиланар осмон,
Ёмғирлар тинмайди, томчилар минг-минг,
Йиғиб ололмайман фақат ўзимни,
Ёмғирлар ёғади
сен бор шаҳарга…

Сесканиб қўяди муштоқ бағирлар,
Ёмғирлар мавсуми…
Январ, феврал, март.
Ахир, сен билмайсан, балки ёмғирлар —
Кўчада унутиб қолдирилган дард.

Ёмғир — бахт.
Бахт бизнинг яноқдан ўпди,
Ёмғирпўш остида қийналмас жонинг.
Сен бор шаҳарларнинг ёмғири кўпми,
Ёмғирлари кўпми
сен бор дунёнинг?

* * *

Бу шаҳарнинг мунис кечаларида,
Минг қисмат ёзиғи бўлар экан ҳал, —
Изғирин изғиган кўчаларида,
Бир бор Куз истадим,
баҳордан аввал…
Феврал охирламай ўрик гуллари,
Аёзда қалтирар бетиним дир-дир.
Қорлар ёғаётир ва ёғган сари,
Баҳор олислашар бизлардан, ахир.

Таққа тўхтайману, дейман шу ерда:
Масрурлик бормисан, омонмисан-ай.
Мен сенинг исмингни куйладим шеърда,
Дардим чалсин рубоб, соғинчимни най, —
Бахтимни куйлаган
дутордан аввал.

Совуқ деразага босганча юзим,
Ўйлайман.
Ёнимда совиган қаҳва.
Ўргатарди тирик қолиш сирларин,
Ишхона.
Мендан талант излаган оға,
Бир даста қоғоздек ўз ташвишларин,
Уйидан кўчага, кўчадан уйга,
Ташиётган одам — бу мен, ҳа, ўзим.

Бир маҳал қўнғироқ қилади онам:
— Ўғлим, яхшимисан, сиз тараф совуқ.
Қалин кийиндингми, ҳавотирдаман.
Суратингни кўрдим.
Оҳиста кулди.
— Келиним тўлишган, кўз тегмасин, кўз.
Дейман: — У овқатни ейди завқ билан,
Шунга кам еса ҳам дарров бўлар юқ.
Ҳазиллашар: — Бизни емаса бўлди,
Тўйингдан олдинроқ,
ёр-ёрдан аввал.

Тўкилиб кетмадим бу қиш ҳам, шукр.
Юрагим гуноҳи, кўксимнинг айби, —
Ишқ учун ўтларга кирдим ҳар маҳал.
Сени ўйлаяпман, ҳа, айни ҳозир,
Кўзингга боқсайдим, қўлинг тутсайдим, —
Сени учратсайдим,
бу қордан аввал.

Сени учратсайдим бу қордан аввал…

* * *

Масиҳ ҳаволарда гуллади апрел,
Эрка оғочларнинг толеи нигун,
Кулмади эринчоқ шаҳарга омад.
Сен эса ғамларга ботиб юз хотир,
Қўлларингни кўкка чўздинг жим,
бугун —
Руҳингга жо бўлди қайси ҳавотир,
Кўнглингни инжитди қандай надомат?

Эҳтимол,
ўйладинг, қақшаган сабр,
Бунда бордир фақат
бечора кўклам,
Юз йиллик найсон ва юз йиллик ҳажр,
Юз минг ҳижронларга банди бир одам.
Бирозгина соғинч, бироз ним кулгу,
Бирозгина армон, бирозгина ёш,
Наҳотки, мен учун атаганинг шу,
Узлатда адашган йигирма беш ёш.

Сен кимнинг давоми тувакдаги гул,
Сен кимнинг кўксига назар солдинг моҳ?
Сен кимнинг мероси униққан кўнгил,
Сен кимнинг фарзанди мен танимас оҳ?

Қисматга муҳрини қўйганда ул ғайб,
Олти тараф бирдай берганда садо.
Сендан ўтган каби муқаддас бир айб,
Мендан ҳам қолади бу қутлуғ хато.

Сўнгги нафас бизга хайрихоҳ бўлса,
Кўнгилда қолмаса ёрнинг андуҳи,
Амрифармон бергил,
Ишқ гуноҳ бўлса,
Бизни ҳам йўлдан ур Дажжолнинг руҳи…

2022

* * *

1

Уйғондим кечалар таваллосида —
Кўнгилни яратди заволсевар ҳис,
Этсам бир ўзимни этдим расида,
Унутсам ўзимни унутдим
ёлғиз.
На меҳр кўрсатди менга телбалик,
Ўйласам,
ўй — чиркин, англовим — тубан,
Оғир тушларимга ин қурди ҳадик,
Сен ҳам уйғонмадинг гўзал уйқудан.
Менга келганида дард ҳам кечикмас,
Қайғу чоҳларидан якка ҳатладим,
Минг йилки оғалик ҳиркасин ечмас,
Кўксимга тор келган уқубатларим.

Яшармиз аввалдан интиҳогача
Туйғудай тўлғониб, кўпириб, тиниб,
Нуроний ёғдулар таратган кеча
Кўзларга беркитиб ой синиғини.

Сўнгра дўқиллайди.
Сас қайтар аста,
Руҳимга урилган қўҳна асодан, —
Бир зумда ошиқман, гадоман, қулман,
Бир зумда тўғриман, одил, расоман,
Бир зумда осийман, гумроҳман, гўлман,
Бир зумда даллиман, дарбадар, ҳаста.

Бир зумда умримга етишди завол,
Кел, ҳақиқат, бугун дилда кўрсат бўй.
Мени ҳам аяма, табаррук Висол,
Кўксимга муборак қўлларингни қўй.

2

Мен ҳам кўтармадим сендек ғалаён,
Бўйин товламадим қайғу доридан.
Нада унутилди,
на покланди тонг,
Осий оқшомларнинг истиғфоридан.

Турфа ниқобида ҳижолат чекиб
Ҳасрат боғлар аро кезар айёр, қув.
Оғочлар бошига эланар секин
Юлдузлар сўйлаган масъум тазарру.

Бизларга келдию қолди беэга
Олисдан янграган жудолик саси.
Ул зариф лаҳзалар кечикди нега,
Нега ярим қолди ойнинг тавбаси?
Нега саодатнинг умри битмади,
Нега қароқларда унмади кўзёш?
Нега юраклардан қўрқув йитмади,
Нега чопилмади кўтарилган бош?

Бор бўлсанг,
атагин, мени унутма,
Ошиқ хаёлимни қилмагин сазо, —
Қайдадир кўзласин муқаддас рутба,
Қайдадир яралсин муқаррар Жазо…

2022

* * *

Даҳрнинг таптортмас талотуминда,
Бир сокин маъвода топмасдан қарор,
Кездим.
Мен бор-йўғи адашган бир руҳ.
Бесаодат кунлар ташрифи аро,
Ишққа, ошиқликка ташна заминга,
Ёмғир шевасида мактуб ёзар кўк.

Севгилим, бормисан, бор бўлсанг сен ҳам,
Қулоқ сол туробнинг дарди, оҳига.
Йўл олар мен билан — иккита елкам,
Самовий саманлар фурудгоҳига.

Ҳасратни келтиргай қай хушхабарчи,
Қаловини топган у қайси сирнинг?
Бир қучоқ аёзни келтирган, гарчи,
Йўриғи тўғридир октябрнинг.

Яралиш ўйнида мағлуб тақдирдан,
Эшитилар бунда осий бир овоз.
Мен руҳман.
Сен тўғри топдинг, мен руҳман,
Фаромуш шаҳарнинг руҳиман, холос…

2021

* * *

Ёмғир қўшиқ айтар
бугун шаҳарда,
Чолғувчи булутлар тинмас эрта-кеч.
Бир оғир қайғудан айлаб хабардор,
Умрини алмашиб сонияларга,
Юксакда туғилар томчилар — дарвеш,
Оёғим остида жон беради хор.

Кесилган гулларнинг ғамидай майин,
Сакраб-сакраб ўтар нозик қадамлар
Кўкламнинг лаҳзалик кўлмакларини.
Ёмғирпўш остига қочар одамлар,
Ёмғирга тутаман, менчи, атайин,
Сочимни, юзимни, кўйлакларимни.

Қарзи бор одамдай ғўлдирар метро,
Қандайин бебахтсан, эй ернинг ости.
Ташқарида эса куйлайди ёмғир,
Йўл бериб минг йилки битмас кадарга,
Ғамини торига айлаганча жо —
Ёмғир қўшиқ айтар бугун шаҳарда,
Силкиниб, тебраниб, ичикиб оғир.

Гоҳида хиёбон, ундан нарида,
Гоҳида боғ аро билмай сира тин,
Гоҳида Чорсунинг бекатларида,
Гоҳида Бродвей томонда ғамгин, —
Ёмғир қўшиқ айтар бугун шаҳарда.

Бу осий шаҳарда бугун бизга ҳам,
Кўкнинг марҳамати кенгдир, эҳтимол,
Аслида ёмғирлар мендирман бу дам,
Аслида ёмғирлар сендир, эҳтимол,
Аслида ёмғирлар —
(фаромуш фалак)
Менинг ёдим билан туғилган андуҳ,
Менинг умрим билан бўй етган юрак,
Менинг исмим билан жиловланган Руҳ.

Ёмғир қўшиқ айтар
бугун шаҳарда…

2022

* * *

Умрим Кузаклардан олис, кўп нари,
тўкилмоқлик недир,
билмасди ҳануз.
Ғунча тугмасимдан бироз илгари,
мени бу ерларга келтирганди Куз.

Куз билан қоврулдим,
Куз билан ёндим,
айландим ёнида юрган сояга,
ёна туриб ҳамки Кузга инондим,
сориғ қучоғида етдим вояга.

Менга таълим берди ўткинчи хазон,
баҳор азобидан айлади огоҳ:
“Гулламоқ — онийдир,
гулламоқ — ёлғон,
фақат, абадийдир тўкилмоқ”.

Менинг бори умрим шудир, алқисса,
ҳаёт кечгандайин гўё оний хоб, —
бугун кўз очмоқда кўнгилда ғусса,
руҳимда унмоқда яшил изтироб.

Вокиф этмагайдир фаромуш сирдан,
Айрилиқ кечаси,
бу ҳажр туни.
Мен Кузнинг энг сўнгги одамидирман,
бугун-чи Баҳорнинг биринчи куни…

2022

* * *

Шивиримни ютди муаттар бир тун,
билмайман,
етдими сенга товушим?
Изтироб ўқиди руҳимнинг ҳукмин,
сен ҳам эшитдингми, ҳомушим?
У кеча кўксимга тиғ урди ҳаёт,
англадим,
умримни гуноҳлар енгди.
Менми қўлларига ғул илган озод,
фаромуш ғамлардан инжиган сенми?
Қисматнинг йўриғин этди кўп талош,
балки тасодифлар,
балки хатарлар,
бизлардан кечмади изтироблар — ёш,
бизларни қаритди қайси сафарлар?

Йўл кетдим.
Умрнинг қаро кузида,
истиғфор сўйлади ҳар гиёҳ, ҳар барг,
тупурдим тақдирнинг маъсум юзига,
ва сўнгги шеъримни қилдим жувонмарг.
Сўнгра
ичди ёруғ дақиқаларни,
нигоҳлар оғуши дарддай бокира,
дарбадар кезади олис шаҳарни,
исмим-ла уйғонган гўзал хотира.

Қачондир,
етаман, буткул тўкилсам,
мактублар адашиб борган манзилга,
бир одам кечалар ўртаниб, мулзам,
сўқир кўзлар билан термулар йўлга…
Қачондир,
бу ишдан кўнгли ёришиб,
бир йўл атагайдир минг дуои бад,
ёдимни ўқийди гуноҳсевар ишқ,
умримни таҳрирлар унутилган дард.

Ҳавотир олмагин мендан,
ўксинма,
кимнингдир тилидан янграр саломим,
оғриб чиқар фақат ҳар тун кўксингда,
сўнггига етмаган давомим…

2022

* * *

1

Ғамда кун кўрасан асосан,
Боқмайсан лек кўзлар намига.
Сен жуда туйғуси расосан,
Ва жуда ёлғизсан, камига.

Ғаминг битар, алалоқибат,
Кўзингга ёш келар ҳушдан ҳуш.
Аталса ҳам ёлғизлик — жаннат,
Нега бунда турибсан ҳомуш?

2

Менинг елкамдаги ягона Малак,
Нега қанотларинг, айт, мунча қора?
Сен гуноҳ бўлсанг гар, менга ҳар қалай,
Гуноҳсиз яшамоқ — ҳақорат.
Сен бир иблиссифат,
Сен бир ёвуз руҳ,
Талайсан ҳар кеча умрим — рўзимни.
Сен Ватан бўлсанг гар, олис ва совуқ,
Сургун қиладирман ўзимни…

3

Яшамоқ бу — ишқдир,
Ишқ бу — бир гуноҳ,
Гуноҳ эса ўлим сари элтар йўл.

Кўнглинг гоҳ юксалар,
Яксон бўлар гоҳ,
Руҳингда илвирар афсус елкани.
Демакки, яшамоқ гуноҳга ботмоқ,
Яшамоқ — ўлимдан қўрқмоқ дегани.

Мағрурсан.
Орингга келолмайман бас,
Бузилмас, қисматинг — ичилган қасам.
Нега сен ўлимдан, гуноҳдан эмас,
Яшашдан бу қадар қўрқасан?

4

Савдоси қайнаган савдогар каби
Менга ҳам мезондан уриб берди Ишқ.

Автобусдаги бир болакай каби
Менга ҳам ўрнидан жой бўшатди Ғам.

Манзилдан адашган йўловчи каби
Менга ҳам кечикиб келгани шу Бахт.

Илмсиз яшаган мураббий каби
Менга ҳам бир ҳикмат юқтирди Умр.

5

Висолинг ёмғирли кунлардек тахир,
На кечолгай юрак,
на қилгай тоқат.
Ўзимдан ўзимга бир йўл бор ахир,
Нега сенинг исминг “мангу аросат?”
Бедор кўзларимдан ҳар кеч тўкилсанг,
Кўксимда бир оғриқ, деёлмасман “воҳ”.
Савдолим, сен агар аросат бўлсанг,
Қаердадир беҳишт,
қаерда дўзах?

6

Қолар деб бирор бир кунига яраб,
Хушу хаёлидан қилмасдан жудо,
Ҳар кимнинг истаги, майлига қараб,
Истеъдодни бўлиб бераркан Худо.
Сен нега ранжийсан
фаромуш одам,
Изтироб исмингдир, қайғу отингдир.
Айри қолмагансан, ахир сенинг ҳам,
Ёлғизлик — энг катта истеъдодингдир.

2022

ДЕНГИЗ ВА ҚИЗ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Намозшом. Танҳо қиз. Ғамгин бандаргоҳ,
Денгиз долғалари билмас не сукун.
Қизнинг кўзларида тирилар бир оҳ:
— Айт, қачон, севиклим келадиган кун?

Йўқ-йўқ, бу кутишлар эмасдир нажот,
Йўқ-йўқ, севги ёлғон, йўқ-йўқ, ишқ бир лоф.
Йўқ-йўқ, ахир денгиз эмасдир ҳаёт —
Қайғулари — теран, ташвишлари — соф.

Чинми ўчганлиги умид — қалдироқ,
Сўнганлиги ростми йўлчи юлдузнинг?
Намозшом. Танҳо қиз. Олис бандаргоҳ,
Эҳтимол, ушбу кун маъсума қизнинг —
Дилига аламлар йиғилган бир-бир,
Қўлига мунчоқлар тизилган саф-саф.
Йигит йўлган тушган, ҳа, қаердадир,
Ёшгина бошига умрини алдаб.
Эҳтимол, у қизни буткул унутган,
Эҳтимол, севгига қўл силтамоқчи,
Манзил яқинида долғалар ютган,
Талон-тарож этган, балки, қароқчи.

Осмон бу кеч баттар қовоғин уйган,
Замин ҳаловатга юз тутмас асло.
Юракдан суғрилиб чиққан бир куйда,
Қизнинг аламини куйлайди дунё:
О, бунда на қонун,
на адолат бор,
Сен ҳам, мен ҳам фақат шодлик кутибмиз.
Икки тарафдаги икки интизор,
Икки томондаги икки қутбмиз.

Соғинчга ёндошдир исми-шарифи,
Оламдаги улкан қайғуга гувоҳ,
Изтиробнинг энг-энг қисқа таърифи —
Намозшом. Танҳо қиз. Ёлғиз бандаргоҳ…

Кўкси оловларга базўр бас келар,
Қиз билмас кетмоқ ё кўзламоғини.
Олис-олислардан дардчил сас келар,
Бу йигит ё денгиз бўзламоғими?

Йўқ-йўқ, бу кутишлар эмасдир нажот,
Йўқ-йўқ, севги ёлғон, йўқ-йўқ, ишқ бир лоф.
Йўқ-йўқ, ахир денгиз эмасдир ҳаёт —
Қайғулари — теран, ташвишлари — соф.

2022

ШАҲАР ҲАҚИДА ҒАМГИН ҲИКОЯ

Туманзор кўчадан бормоқда
Шаҳар
ҳаллослаб, юраги ҳовуч нур истаб,
уни маҳв этмоқда минг йиллик хатар,
таланмоқда икки йўл орасида.
Ҳансираб ўтарди афтобуслар жим,
кузатиб қоларди бекатлар — маҳзун,
Шаҳар
орқасига гоҳ-гоҳ боқарди,
ортидан изма-из келар эди тун.

Бу пайтда
оқшомни бегона билиб,
баттар оловланди қайғу жонларда,
зулмат рақс айлади
унга қасд қилиб,
кўчаю хиёбон хонадонларда…

Бу пайтда
тул хотин каби юлиб соч,
бўғзини йиртгудай фарёдлар, оҳлар,
ўлжадан айрилган бўри каби оч —
олисда увиллар эди қишлоқлар.

Бу пайтда
тонгларнинг ўлимин тилаб,
тантана қилишди нур кўрмаганлар,
ва битим тузганлар зулумот билан,
зим-зиё кечадан юз бурмаганлар.

Бу пайтда
кезаркан зулмат — беқайғу,
номига заррача юқтирмайин гард,
гарчи, билинмади қишлоқларга у,
Шаҳарга оғирлик қилди у фақат.

Бу пайтда
келаркан дард интиҳосиз,
Шаҳарлар аламдан ич-етини еб,
бир-бирига боқди: ”Нурсиз, зиёсиз,
қадимгилар қандай яшаганлар”, деб.

Шаҳар
ўша тунга келолмади бас,
бир қучоқ армонни бағрига босди,
қайсидир бекатда ростлади нафас,
шунда ушбу сўнгги шеърни ёзди.

Ўлай агар, бировга чурқ этмасман,
барига гувоҳман,
биламан, магар.
…Эсимда, ўша кун, тонгга етмасдан,
туннинг қўлларида жон берди Шаҳар…

2021

* * *

Мен сенга юкундим бир умр, Одам,
минг хасу минг гулу жонивор аро.
Ғамни ғамга тутдим, ғамга сўраб ғам,
Ишқ ўйнида дардни дардга чийладим,
ўзимни ўзимга этдим рўбаро,
ўзимсиз қолганда кимни сийладим?
Кўнгил йўлларида мисоли сароб —
йиллаб ёнди ёдим — зардуштийларим.

Бир сафар бор олис,
бир сафар — руҳга,
жон мактуби, вужуд хатим қаерда?
Чўкиб кетар бўлсам теран андуҳга,
қаерда йўл, аросатим қаерда?
Қаердадир надоматнинг ўлкаси,
қаердадир тазаррунинг дарси, айт?
Қаердадир изтиробнинг кўлкаси,
қаердадир саодатнинг шамси, айт?

Ҳар кўзимга Ишқ мил тортадир, ёҳу,
бу милларки бир-биридан алодир.
Ҳақ берари қандай келар савдою,
ёр берари қайдан чиққан балодир?

Ишқфурушлар ёнар ортимиздан хуш,
зил кетар ичидан, сўрмас алъомон.
Оғоч гуллаганин кўрар бу пайт туш,
оғочга мунграйиб қарар оломон.

Кўксимда бир оғриқ бош кўтарди, бош,
дунёга юзланиб сўйлайман такрор:
мунча гўзал менинг кўзимдаги ёш,
мунча нафис менинг бўйнимдаги дор?

2021

* * *

1

Ишқ — руҳимга тутилган майдир,
қайси манзил бехатар энди?
Йўл кетарман, йўл тугамайдир,
дил тутарман, дил битар энди,
Фарёдимдан кўксим кўчар дам,
бўғзимдаги оҳдан айтайми?
Гоҳ лаину, гоҳ малак одам,
охири йўқ “гоҳ”дан айтайми?
Айтайми ё малика тутган
бахт билан сирланган кўзадан.
Айтайми ё қайғу унутган
лабимдаги бедор бўсадан?

Ошиғингнинг истагига эш
қалбинг ёнар, валекин жимсан,
айтгил, нега сўзламайсан ҳеч,
Худо менга буюрган кимса.

Қачонлардир Ишқ этагидан,
дил — узилган бир парча мато.
Дорулбақо бизнингмас, дилтанг
бизнинг фақат бу дорулхато.

Йўл кўрсатгил, о, ишқий хобим,
кўксим ичра кўринар бир роҳ,
болаласин бул изтиробим,
мени, фақат, аяма Аллоҳ:
ғамнинг пойдор дарвозасига,
мен бош уриб кўзёш қилган кун,
Ишқдан қуйгил руҳ косасига
фақат, уни бир ўзингга сун.

2

Елкамдаги кимнинг қўлидир,
ким лабимга теккизди, айт, сув?
Ким умримга хатони экиб,
ким ўстирди жазони барҳақ?
Кетди дилга имзосин чекиб:
менинг кўнглим тариқати — ҳақ,
менинг йўлим — гуноҳ йўлидир,
менинг умрим исми — тазарру.

Кўтар, отиб юбор нарига,
дилқудуқдан ғам тошларини.
Ким сен дея қароқларида
эскиртирар кўз ёшларини?

Тушун, ахир қаҳрим тошланар,
дийдор мени жазоламаса.
Тушун, ахир умрим бошланар,
ишқ умримга якун ясаса.

Келақолгил, келсанг қайғулим,
кечаларга айлангаймиз жо,
саҳарларга ярашгаймиз хўб,
қисмат бизни сийлагай бўйла,
қолиб кетдим бу дунёда кўп,
бир садо бер, чорлагин, сўйла,
қаердасан бахтиёр ўлим,
қаердасан гўзал интиҳо?

2021