Назира Йўлдошева. Зарафшонми, Зорафшонми? (1989)

Зарафшон! Баъзан ярим кечалари уйқум қочиб, унинг ҳақида ўйлаб кетаман. Унинг зорланиш аралаш овози шамол билан бирга деразамдан оқиб кириб, ёстиғимга сингийди: уйимнинг зангори деворларида жонланиб, сўрайди: Мен волидаи муҳтарамангнинг соғлиги каби кундан-кунга орқага кетиб, йўқ бўлиб бораётирман, сен эса пойтахтда яшаб туриб, жимсан, фарёд кўтармайсан. Ахир эртага сасиган ариқ ҳолига тушиб қоладиган бўлсам, сувимдан баҳраманд бўлиб келган аҳолининг, жониворлар, табиат дунёсининг ҳоли нима кечади?

«Агар у тугайдиган бўлса…» — Кўҳна миноралари, Лабиҳовуз бўйидаги минг йиллик кўҳна чинорлари тилга кириб, кўз олдимда пайдо бўлади сирли Бухоро.

«Агар у тугайдиган бўлса…» — эшикни оҳиста очиб кириб келади кўз ёшлари осмондаги юлдузлардай йилтираб, ҳайрату нафосат юрти — Самарқанд.

«Агар у тугайдиган бўлса…» — саҳифаларининг қадимийлиги билан ажралиб турувчи Кармана, жозибадор меъморчилиги билан кўпчиликни мафтун этган Навоий шаҳри, Зарафшон соҳиллари бўйлаб тор йўлакда қад кўтарган, қумлик орасида Бухоро билан Карманани ҳалқа бўлиб туташтириб турувчи Ҳазора қишлоғи бор бўй-басти билан кириб келади, бошидан ўтган кечмиш ҳақида ҳикоя бошлайди. Бу ҳикояларга қараганда, эрамиздан неча асрлар аввал Зарафшон ва Олой тоғ тизмалари бириккан жойда табиат осмондай чексиз ва баланд музликни кашф қилиб улгурмаган даврларда Мовароуннаҳр деб аталмиш замин мажнунлар адашган чўлу биёбон бўлган. Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, Алпомиш, Гўрўғли ҳақидаги ўнлаб халқ афсоналари худди мана шу ерларда яратилган. Агар Зарафшон Зарафшонлигини йўқотадиган бўлса, ана шу гуллаб-яшнаб турган воҳалар яна ўша асл ҳолига қайтиши, саҳрога айланиши табиий бир ҳол. Негаки, бу воҳалардаги мўъжизаларнинг ҳаммаси она дарёнинг саҳовати туфайли бунёд бўлган. Харитага назар ташла — бу воҳаларнинг тўрт томондан қум саҳролари билан ўраб олинганини кўрасан.

Китоб жавонимдан бу дарё ҳақида тўхтаб ўтилган адабиётларни яна қайта кўздан кечираман.

«Ҳозирда Бухоро ўрнашган бу мавзе, — деб ёзади IX асрда яшаб ижод этган бухоролик тарихчи олим Наршахий ўзининг «Бухоро тарихи» деб номланган китобида, — илгари ботқоқлик бўлиб, унинг баъзи ерлари тўқайзор, дарахтзор ва кўкаламзорларни ташкил этган жойлари шундай бўлганки, бирон, ҳайвон ҳам оёқ қўйишга жой топа олмаган. Бунинг сабаби шуки, Самарқанд томондаги вилоятларда, тоғларда қор эриб, суви оқиб келиб, ўша жойга йиғилиб қолган».

Абул Ҳасан Абдураҳмон Нишопурий «Ҳазоин ул-умум» китобида: «Самарқанд томонида бир катта дарё борки, уни «Руди Мосаф» — Мосаф дарёси — (Зарафшон) деб атайлар. У бир талай ерларни ювиб, ўпириб, кўп лойқаларни суриб келган ва, натижада, бу ботқоқликлар тўлиб қолган. Сув оқиб кела берди. Лойқаларни то Битик (Чоржў рўпарасида, Амударё бўйида жойлашган қишлоқ) ва Форобгача суриб кела берди. Сўнг сув тошиб келиши тўхтади. Бухоро ўрнашган жой аста-секин тўлиб, текис ерга айланди ва шундай қилиб, у катта Сўғд ва бу лойқалар билан тўлган мавзе Бухоро бўлиб қолди, ҳар томондан одамлар йиғилиб, обод бўлди.

Одамлар Туркистон томондан келар эдилар. Сув ва дарахтлар, ов қилинадиган жониворлар кўп бўлганидан, кишиларга бу вилоят хуш келиб, шу ерда жойлашдилар. Аввал улар чодир ва ўтовларда турар эдилар, сўнг вақт ўтиши билан одамлар йиғилиб, иморатлар қурдилар».

Улуғ бобокалонимиз Мир Алишер Навоий ҳазратлари эса ўзларининг «Садди Искандарий» достонларида бу дарё ҳақида қуйидагиларни ёзадилар: «Дунё шоҳи Искандар саъй-ҳаракат қилиб, Хуросон ўлкасида шу шаҳар (Ҳирот)ни бино айлагач, яна манзил-баманзил юриб, Амударёдан ҳам ўтди ва у ерда ҳам Фирдавс монанд кишварни кўрдики, бу ернинг суви ҳам, ҳавоси ҳам худди жаннатдагидек ёқимли эди. Латофат ва гўзалликда жаннатдан қолишмайдиган бу жойнинг исми Мовароуннаҳр дейилади. Шу оралиқдаги масофа эса, юз оғочни ташкил қилар эди. Мовароуннаҳр деб аталган ернинг шарқий чегарасидан Сирдарё, ғарбий чегарасидан Амударё оқиб ўтар эди. Бу оралиқда фақат шу икки дарёгина эмас, бундан бошқа ҳар бири Арас наҳридек келадиган ўн-ўн беш нафар сойлар ҳам бор. Бу наҳрлардан кўп ариқлар ажралиб чиқиб, ҳар қайсиси бир қанча шаҳарларни обод қиларди.

Ва лекин бу замонда — Зарафшон деган бир дарё борки, уни жаннат наҳри десак, ҳеч ким шак-шубҳа қилмайди. Унинг сувидан дармонсиз одам ичса, қувватга кириб кетади. Зарафшон киши умридек тез оқарди».

Туркистон ва Зарафшон тизмалари оралаб ўтган баланд ва тик кўтарилган водийда бу дарё ҳозир ҳам азалгидай шиддат билан олдинга чопади. Йўл-йўлакай юксак музликлардан эриб тушаётган сон-саноқсиз ирмоқлар қўшилишиб, дарё ўзани кенгайиб, пишқириб оқади. Сув бетида тўлқинлар мавжланиб, қуёш нурида худдики ўзидан олтин сочаётгандай жимирлайди. Узунлиги 781 км. бўлган дарёнинг бошланиш қисмида (Тожикистон ССР, Ленинобод области) яшовчилар узоқ умр кўрадилар, сувдан юқадиган ҳар хил оғир касалликлар, дармонсизлик нима эканлигини билмайдилар. Етиштириладиган маҳсулотларининг таъми оғзингизда қолади. Дунёдаги энг чиройли, сайроқи қушлар дарё тепасида чарх уриб, соҳиллардаги бутазорларда базм қуришади. Юзлаб турдаги йирик-йирик балиқлар тўда-тўда бўлишиб, сув бетида сузиб юришади. Дарё суви шу қадар чучук, мусаффолигидан, ичиб тўймайсиз.

Унча узоқ эмас, атиги 20-30 йиллар олдин дарёнинг қуйи оқимида ҳам манзара мана шундай кўзни қувонтирарли эди. Негаки, у йилларда ҳали Самарқанд, Каттақўрғон, Навоий шаҳарларида саноат бугунгидай кенг ривожланмаганди. Дарё суви деҳқончиликка ҳамда ичимлик сув сифатида ишлатилар, бу воҳаларнинг сувга бўлган эҳтиёжларини баҳоли қудрат қондириб келарди.

Ўқувчилик йилларим ҳар йили ёзги таътил бошланиши олдидан мактабимиздан тўрт чақирим олисда бўлган бу дарё бўйларига саёҳатга чиқардик.

«Зарафшон — зар сочувчи дарё, — ҳикоя қиларди география ўқитувчимиз нурланиб оқаётган тўлқинлардан кўз узмай. — Шу дарё сабаб ўтмишда асрлар давомида Самарқанд билан Бухоро рақобатлашиб келишган. Баъзан Мовароуннаҳрда Самарқанд пойтахт бўлган. Атрофи одамлар учун торлик қилиб, янги қишлоқлар вужудга келган, каналлар қазилиб, Зарафшон сувидан кўпроқ фойдаланилган. Бунинг натижасида дарёнинг қуйи оқимида сув

кам оқиб, Бухоро атрофидаги боғ-роғларни шўр босган. Кейинроқ Бухоро пойтахт деб аталгач, унинг ҳукмдори Самарқандга ўз миробларини юбориб, Бухорога кўпроқ сув очтирган. Оқибатда Самарқандда сув тахчиллиги бошланиб, дастурхондан ризқу рўз, бозорлардан мева-чева тортилиб қолган. Дарё сувини талашиб тўкилган қонлардан лолазорлар пайдо бўлган. Эҳ-ҳа, не-не сўзлаб бўлмас фожиаларнинг шоҳиди бўлмаган дейсиз бу дарё. Унинг ҳар бир ҳовуч сувида не-не афсоналар мужассам, не-не сир-асрорларни асрлар давомида бағрида яшириб келади у. Ҳозирги пайтда баъзи хўжалик раҳбарлари томонидан талон-торож қилиб келинаётган мана шу сув қизларга қалин ўрнида берилган замонларни, у тўлиб оқса қувонган, қуриса мотам тутган элни кўп кўрган. Масалан, Бухоро амири Шоҳмурод даврида тўғон бошида сув сотиладиган ҳар хил кўзачалар турган.

Энг кичик кўзачадаги сув бир қўй баҳосига, катта кўзачадаги сув эса бир от баҳосига сотилганини кўрган. Дарёсининг суви биллурдай тоза, шаффоф ватаннинг одамларининг юраги ҳам ёмғир томчисидай мусаффо, деб куйланган қўшиқларни тинглаб, ўзига сиғмай тўлиб-тошган дамлари беҳисоб бўлган.

У — ҳаммамизнинг мунис, меҳрибон онамиз.

У кейинги пайтларда бизнинг ёрдамимизга муҳтож бўлиб қолмоқда. Унинг келажакдаги мусаффолиги бизнинг қўлимизда…»

…Юрагим зирқирайди, узоқдан йилтираб кўзга ташлангувчи саробга айланиб бораётган ўзанга боқиб, кўзларимдан дув-дув ёш тўкилади. Ерга, осмонга, шулар ўртасида яшаётган одамларга ёлворгим келади.

МАЪЛУМОТ

— Ифлосланган сув оғир касалликлар манбаи бўлиб қолади, — дейди академик Н. В. Новиков. — Бундай касалликлар айниқса болаларнииг майиб-мажруҳ бўлиб қолишига, ҳатто ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Чунончи, қорин тифи, безгак, сариқ, ич кетиш, вабо, суяк-бўғин, гижжа, бруцеллёз касалликлари, ингичка ичак ва жигарни лямблиялар билан шикастлайдиган касалликлар аввало одамларга ифлосланган сув манбаларидан ўтади.

Бундан бир неча йил олдин мутахассислар томонидан дарё сувининг таркиби текшириб кўрилиб, ичишга яроқсиз деб топилди. Асосан, Самарқанд, Каттақўрғон, Навоий шаҳарларида ишга туширилган саноат корхоналарининг ўз оқаваларини ярим тозалаб-тозаламай дарёга ташлаб юборишлари навоийликларни тоза ичимлик сувдан маҳрум қилди-қўйди.

Дарёнинг тозалик даражасини кузатишни Каттақўрғон шаҳри яқинидан бошлайдиган бўлсак, Каттақўрғон Ёғ-мой комбинати олаётган сувнинг таркиби ҳам мутлақо яроқли бўлмай, унда Самарқанд вилояти корхоналари, айниқса Каттақўрғон Гўшт комбинати қуйқаларини кўплаб кўриш мумкин. Шаҳар саноат корхоналари ҳар суткада таркибида юқори даражада органик моддалар бўлган 10 минг куб метр оқава сувларни дарёга ташлайдилар. Шаҳарда 1976 йилда оқаваларни биологик қайта ишлаш иншооти қурилиши планлаштирилган эди. Аммо ўтган йиллар давомида мартабали шахсларга қанчадан-қанча саройлар қуриб берилди. Сувни қайта ишлаш иншоотини барпо этиш зарурлиги муаммоси эса, область раҳбарларини ташвишлантирмади. Ўзбекистон табиатни қўриқлаш жамияти собиқ Навоий область бўлими, собиқ Навоий область қамда Навоий район СЭСларининг бош врачлари, собиқ область соғлиқни сақлаш бўлими Каттақўрғон Ёғ-мой, Гўшт комбинати раҳбарлари номига дарё сувини ифлослантирмаслик чора-тадбирларини кўришларини сўраб, огоҳлантириб ёзилган хатларнинг ҳаммаси ҳам жавобсиз қолдирилди. Чунки бунинг учун жавобгарликка тортилмасликларини улар билишарди. Умуман, бизда дарёнинг зилол сувини билиб туриб ифлослантириш жиноят ҳисобланмайди, шунинг учун ҳам дарёнинг сувини ҳар ким хоҳлаганча ифлослантириб келмоқда. Барча соҳалардаги каби сувни муҳофаза қилиш қонунлари қўпол равишда бузиб келинди.

Навоий Цемент заводи атроф-муҳитга ҳар йили 22,8 минг куб оқавани тозаламасдан ташлаб юборади.

Навоий Электрохимия заводи эса 29,50 минг куб ифлосланган оқавани тозаламасдан атрофга ташлаб юборади. Бу сувлардан 20 гектар майдонни эгаллаган сунъий сув ҳавзаси ҳосил бўлган. Бу ҳавзадан сув бир неча бор тошиб кетиб, «Қизил Ўзбекистон» колхози, «СССР 60 йиллиги» совхозига катта зиён етказди.

«Қизил Ўзбекистон» колхози ерларида мазкур заводнинг 6 та заҳарли оқавалар ташланадиган ҳавзаси жойлашган. Улар усти очиқ ҳолда сақланмоқда. Бу ҳавзалар устидан қуш учса ҳам ўлиб тушади. Одамлар эса… Ҳавзалар шундоқ пахтазорлар билан ёнма-ён. Заҳарли оқавалар ер ости сувларига сингиб, дарё сувларига қўшилиб, мева-чева, экин-тикинга қирон келтирмоқда, гиёҳ ҳам ўсмайдиган майдонлар кўпаймоқда. Ҳар йили табиат муҳофазаси учун миллион сўмлаб маблағ сарфланишига қарамай, сувнинг ифлосланиш даражаси камаяётгани йўқ.

Масалан, 1986 йилда юқори ташкилотларнинг табиатни муҳофаза қилиш борасидаги ҳаракатлари туфайли 30 га яқин тадбир амалга оширилди. Бу ишларга 1 миллион 760 минг сўм, шундан сув ресурслари муҳофазаси учун 960 минг сўм сарфланди. Аммо аҳвол ҳамон ўша-ўша… Дарё дарёга ўхшамайди. Кўпроқ шаҳарнинг чиқиндилари оқадиган ариқни эслатади. Яшашдан тамом умиди узилган, аъзойи бадани қақшаётган бемордек тўлғонади.

Зарафшон дарёсидан Хатирчи, Навоий, Конимех, Навбаҳор, Қизилтепа районлари ҳисобидаги жами 84 минг 849 гектар экин майдони сув ичади. Бу ерда аҳоли сонининг тобора ўсиб бораётганлиги пеш қилиниб, республика сув хўжалиги министрлигининг йўл-йўриғи билан ҳар йили Қизилқумнинг бир қисми бўлган Ўртачўлдан 3 минг гектар ер ўзлаштирилиб келинди. Шу ўринда республика Сув хўжалиги Давлат комитети адресига ўз эътирозларимизни айтиб ўтишни истар эдик. Негаки, мана шу идора мутасаддиларининг мавжуд муаммолардан кўз юмиб иш юритишлари натижасида кейинги йилларда Ўртачўл ва Қарнаб чўлидан 10 минг гектар ер ўзлаштирилди. 40 миллион сўмдан ортиқроқ маблағ фақат капитал қурилиш ишларига сарф бўлди. Бутун ишчи кучи, техника ана шу чўлларни ўзлаштиришга сафарбар этилди. Азалдан деҳқончилик қилиб келинган Навоий, Навбаҳор, Конимех районлари ерлари эса қаровсиз қолди. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, боғ-роғларни асраб қолишга ҳаракат қилинмади. Оқибатда Кармана атрофларини шўр босди, мевали дарахтлар, экинлар қуриб қолмоқда.

Дарё ёқалаб унинг қуйи оқими томон борар экансиз, ҳар тўрт-беш чақирим масофада захариқларнинг шўр, зах сувлари дарёга келиб тушаётганини кўрасиз. Масалан, юқорида номлари тилга олинган районлар территориясининг ўзида 1289 километрли 25 та коллектор ўз сувларини Зарафшонга қуйиб келмоқда. Экин майдонларнинг захини қочириш учун қазилган бу коллекторларнинг суви Зарафшонга келиб тушиб (!), яна қайта экин майдонларига таралмоқда, ҳатто ичимлик сув сифатида ҳам ишлатилаяпти! Мана сизга Она заминга, инсонга муносабат! Аслида бу коллекторларнинг сувлари қоидага мувофиқ алоҳида махсус кўлларга ташланиши керак эди. Захариқларнинг сувини сақлаш учун 1970-йилларда Хатирчи район территориясидан катта майдон ажратилган, иш ҳам бошланиш арафасида эди. Бироқ у амалга ошмай қолиб кетди. ЎзССР Сув хўжалиги Давлат комитети бу тадбирларнинг бажарилишига ёрдам у ёқда турсин, ҳатто ишнинг боришини ҳам назорат қилмади. Навбаҳор районининг 80 фоиз, Нарпай совхозинингЖалойир зонаси, «Қизил Октябрь» колхози ерлари шўрлаб бўлди.

Одатда коллекторлар ҳар беш йилда, хўжалик территориясида бўлган коллекторлар ҳар уч йилда тозалаб турилиши керак. Техника етишмаслигини баҳона қилиб, бу ерларда коллекторлар ҳатто ўн йиллаб ҳам қайта қазилаётгани йўқ. Оқибатда коллекторлардаги булоқларнинг кўзлари ёпилиб, сув кам оқадиган бўлиб қолган, бор коллекторлардан ҳам самарали фойдаланиш борасида бош қотирилмайди.

Мана шулар таъсирида Зарафшон дарёсидан сув ичадиган аҳоли қўрғонларида ичимлик сув муаммо бўлиб келаяпти. Шўр, зах сув ҳамда заҳарли химикатлар, кимёвий ўғитларни ҳудабеҳуда қўллаш натижасида нафақат оқар сувлар, балки ерости сувларининг таркиби ҳам бузилиб бормоқда. Бу сувлар таркибида нитратлар ҳар қачонгидан кўпайиб кетган.

МАЪЛУМОТ

«Ичимлик сув»нинг ГОСТ — 2874—73 Давлат стандарти нормативи бўйича сувда нитратларнинг энг минимал даражаси қанча бўлиши ҳам белгилаб берилган. Яъни ҳар литр сувда нитратлар миқдори 2—11 мг/дан ошмаслиги керак. Ҳозирги замон медицина хулосаларига биноан одам ичакларидаги нитратлар унда (ичакда) яшовчи бактериялар таъсирида нитратларга айланади. Бу нитратлар сўрилиши медгемоглобиннинг вужудга келишига, кислород — яъни гемоглобинлар активлигининг бирмунча йўқолишига олиб келади. Шу тариқа медгемоглобин таъсирида организмда кислородга очлик вужудга келади. Бу ҳолат биринчи навбатда болаларда, айниқса эмизикли чақалоқларда кўпроқ намоён бўлади. Улар она сути билан эмас, сунъий боқилганда — яъни сут талқони нитратли сув билан аралаштирилганда ёки шу сув ичирилганда кўпроқ касалланадилар. Агар сув таркибидаги нитратлар миқдори бир литр сувда 50-100 мг/дан ортиқ бўлса, қондаги медгемоглобин даражаси кескин кўпайиб кетади.

Баъзан ичимлик сув таркибида шўр ва олтингугурт кислотаси (хлоридлар ва сульфатлар) кўп учрайди. Улар сувга шўр ва аччиқ таъм бағишлайди. Бундай сувларни истеъмол қилиш ошқозон-ичак фаолиятини издан чиқаради. Бир литр сув таркибида хлоридлар 350 мг/дан кўп бўлса, соғлиқ учун зарарли ҳисобланади.

Сув таркибидаги кальций ва магний тузлари унинг қаттиқлигини белгилайди. Ҳар хил тузлар билан тўйинган сув кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқаради. Бундай сувда сабзавот ва гўшт секин пишади. Чойнак ва қозонларда кўплаб ишқор қотиб қолади. Водопровод қувурларини ҳар хил ишқорлар ишдан чиқаради. Қаттиқ сувни истеъмол қилиш билан айрим касалликларнинг кенг тарқалиши ўртасида муайян алоқа мавжуд.

Навоий район территориясига етиб борган Зарафшон сувининг 64 фоизини саноат корхоналари ютоқиб симиради. Бу сувнинг 90 фоизини «Навоийазот» ҳамда Навоий Электрохимия заводининг цехлари ҳўплайди ва оқава ҳолида тозалаб-тозаламай яна дарёга ташлайди. Мана шулар оқибатида дарё сувининг 1965 йилдагига нисбатан қаттиқлиги 7,2 мг/л. дан 13,9 мг. га, аччиқлиги 1,2 мг/л. дан 344 мг/л.га, хлоридлар 25 мг/л.дан 56,7 мг/л.га, сульфатлар 190 мг/л.дан 310—618 мг/л.гача, шўрлик даражаси 560 мг/л.дан 1140 мг/л.гача ошиб кетган.

Дарё сувини ифлослантиришда яна 29 та ташкилот «фаолият» кўрсатиб келади. Булар: Пахта тозалаш заводи, Ғишт заводи, химикатлар сақланадиган омборлар, районлараро бўрдоқичилик базаси, чўчқачилик фермалари, Навоий район РайПОси чорвачилик базаси, сут-товар фермалари ва ҳоказо. Улар санитария нормаларига хилоф равишда дарё ўзанидан 20 метрдан 100 метргача масофада жойлашган.

Дарё ана шу ташкилотларнинг ҳам чиқиндилари, нажаслари билан булғаниб оқмоқда. Кармана шаҳар сувни биологик усулда тозалаш иншоотининг бундай чиқиндиларни тозалашга қуввати етмай қолмоқда. Ана шундай антисанитария ҳолатидаги сув — касалликлар манбаи аҳолига, касалхоналарга етказиб берилмоқда.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ: Навоий район сув ресурслари бошқармасининг бошлиғи:

— Зарафшон дарёси соҳилларидан бўрдоқичилик базаларини кўчириш ҳақида қанча гап бўлгани, мутасадди ташкилотларга бу борада жиддий кўрсатмалар берилганлигига қарамай, Кармана шаҳар матлубот жамияти ўзининг бўрдоқичилик базасини дарё соҳилига яқинда қуриб олди. Биз уларни неча бор огоҳлантирмайлик, қулоқ солишмади. Халққа фақат дарё эмас, гўшт, чорва ҳам керак деб оғзимизга уришди. Қаршилик кўрсатишимизга қарамай, яна янги фермалар қурилаяпти. Табиат муҳофазаси қонунларига хилоф равишда иш тутаётганликлари учун ҳеч ким уларни жиноий жавобгарликка тортмаслигини улар яхши билишади. Бу соҳилларнинг хўжайини, ҳимоячиси йўқ. Ким нимани хоҳласа шуни қураяпти. Сувни ким қандай хоҳласа, шундай ифлослантираяпти. Хатирчи районидаги 17 та сут-товар фермасидан 16 тасида молларнинг нажасини дарёга тушишдан сақлайдиган тўсиқлар йўқ. Чиқиндилар ариқчалар орқали дарёга оқизилади!

Ўзбекистон ССР Сув хўжалиги Давлат комитети 1982 йилда чорвачилик фермалари дарёга яқин ерда қурилмасин, деб неча бор юмшоқ хатлар юборган, аммо район ижроия комитетлари бундай фермаларнинг раҳбарларига нисбатан ҳеч қандай чора кўролмаяптилар. Одамларни сувни ифлослантирмасликка қандай ўргатиш керак? Бунинг учун уларда инсоф, виждон, ўзи туғилиб ўсган жой табиатига нисбатан меҳр уйғотиш — ҳамманинг бурчи. Агар улар бу вазифаларга виждонан ватанпарварлик бурчим, деб қарамас эканлар, дарё ҳалокатга, балки аҳолига талофат келтирувчи Заҳардарёга айланиши шубҳасиз.

Хуллас, собиқ Навоий области территориясидан ўтадиган 59 километрли Зарафшон дарёси ўзанига 61 та заҳарли ирмоқ келиб қўшилади. Булар хўжаликлардан чиқадиган, шунингдек деҳқончилик қилинадиган ерларнинг шўрини ювишдан чиқадиган оқава сувлардир. Бу сувларнинг таркибидаги химиявий моддалар барча тирик жон учун хавф туғдиради. Мана шунинг учун ҳам навоийликлар дарё сувини ичиб, бир кун қорамоллар ўлаётганини, иккинчи кун балиқлар қорнини юқорига кўтариб, тўда-тўда бўлиб оқиб ўтаётганини кўриб даҳшатга тушиш у ёқда турсин, ажабланмайдилар ҳам. Негаки, бундай кўргуликларни кўриб, кўзлари пишиб кетган. Ҳозирча хўжаликларнинг шўр сувлари, саноат оқавалари, зах сувлар, бўрдоқичилик базаларининг ахлатлари Зарафшонга ташланаверар экан, бундан бошқача бўлиши мумкин эмаслигини биладилар.

…Дарё ёқалаб борар экансиз, фақат чорва фермаларигина эмас, пахта майдонларининг ҳам дарё ўзанига тақалиб келганлигини кўрасиз. Бундан йигирма йиллар муқаддам бу соҳиллар серилдиз бутазорлар, юлғунзорлар билан қоплангани, ям-яшил ўтлоқлардан одамлар баҳра олишганига, дарёнинг эса ўзанига сиғмай пишқириб оққанига ишонгингиз келмайди. Иккала қирғоқни бульдозерлар билан текислаш, табиат либосининг астар-аврасини чиқариб пахта экиш, чорва базалари қуриш ҳозирги кунда ҳам жадал давом эттирилмоқда. Гўё бундай ташкилотларга дарё керак эмас, сув керак эмас, жон керак эмас.

Тўлқинлар йиғлайди, гуллар йиғлайди.
Бўтқа сув бетида қорни тўнтариғ,
Балиқлар йиғлайди, диллар йиғлайди.
Тириклик ўлади соҳилларида,
Бу не кўргуликдир, юртим, онажон?
Сув топиб беролмай оҳуларига,
Мунгли-мунглигина бўзлар Зарафшон.

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 5-сон