Оқшомларининг бири эди. Ҳали қуёш уфққа бош қўймаган. Ҳаво дим. Асфальт йўл, осмонўпар уйлар гўё ҳаво етишмаганидан ҳансираб нафас олаётганга ўхшар, шаҳар узра қуюқ қора рутубат булутдек сузиб юрарди. Анҳор бўйлари, боғлар, фавворалар атрофи иссиқдан қочиб ором истаган кишилар билан тўлиб-тошган. Транспортлар шов-шуви асаб бузгудек бўғиқ садо беради…
Ўшанда «Тошкент оқшоми» редакциясида ишлардим. Муҳаррир топшириғи билан атоқли адиб Абдулла Қодирий яшаган уйга, унинг ўғли Ҳабибулло ака ҳузурига йўл олдик. Ҳамкасбим Тўлқин Расулов билан «Самарқанд» чойхонаси ёнидан ўнгга бурилиб, Термиз проездини суриштириб борганимизда ҳали қоронғулик тушмаган, кўҳна қишлоқларни эслатувчи уй-жойлар атрофидаги экин-тикинлар, дарахт ва гуллар оқшом шабадасида майин силкиниб, кўчаларга ажиб файз бериб турарди. Улуғ ёзувчи яшаган ҳовлига яқинлашганимизда дастлаб эътиборимизни тортган нарса ҳам иссиқдан энтикиб борган кишига жаннат шамолидай туюлувчи майин салқинлик бўлди. Адл қад ростлаган шамшод тераклар шоир айтганидек «сўзсиз қотиб турар», қуюқ боғ-роғлар оғушидаги оппоқ уйлар денгиздаги кемадек яшиллик чўйнида оҳиста сузиб юрганга ўхшарди.
Йўлда Тўлқин ака бу уйга аввал ҳам келганини, Қодирийнинг боғ ҳовлиси, у яшаган. Ўз қўли билан бунёд этган уйларни таърифлаб келаркан, бу қутлуғ қадамжога яқинлашган сайин мени ҳаяжон босарди. Ахир, Абдулла Қодирийнинг номи билан боғлиқ табаррук хонадонга, у яшаган, ижод қилган, халқимиз қалби тўридан мангу жой олган ўлмас асарларини яратган қутлуғ манзилга келиб қолган эдик. Бундан бир неча йил муқаддам, студентлик практикаси даврида Ясная Полянага — улуғ рус адиби Лев Николаевич Толстойнинг боғ ҳовлисига биринчи бор боргандагидек кучли бир энтикиш вужудимни қамраб олди.
Дарвозадаги қўнғироқ тугмачасини журъатсизгина босиб ўтмиш хаёллари гирдобида турарканмиз, кўп ўтмай қўш табақали ўймакор эшик очилди. Ҳабибулло аканинг қизлари бизни хуштавозеълик билан ҳовлига таклиф этар экан, Тўлқин ака ўзини ва мени таништириб улуғ ёзувчимизнинг боғини зиёрат қилмоқчилигимизни, Ҳабибулло ака билан бироз суҳбатлашиш ниятимиз борлигини айтди. Ҳабибулло ака шифокор, ўша куни касалхонада навбатчи эканлар. Тўлқин ака:
— Қизим, бобонгиз яшаган уй ва боғ ҳовлини кўрсак, сўнгра Ҳабибулло акамлар билан бафуржа суҳбатлашгани касалхонага ўтармиз, — деди.
— Мана бу уйни бобомнинг ўзлари қурган эканлар. Ҳабибулло аканинг қизлари шундай дея бизни кенг саҳнли ҳовлининг ён томонидаги икки қаватли, синчкори уй томон бошлади. Боғ ва ҳовли асли қиялик, нотекис ерда жойлашганлиги учунми Қодирий 20-йилларнинг охирларида янгидан қурган бу уйнинг биринчи қавати ҳовли саҳнидан анча пастроқ. Уй орқаси эса яна пастқамлик, ям-яшил боғ, оқшом пайти эрам гулзоридек яшнаб турибди. Ана шу боғ кифтидаги бу мўъжаз бино оддий ва камтар қиёфада мунғайиб турса-да, у давр шиддати, йиллар сурони, ярим асрдан кўпроқ ёзу қишнинг гарду губорларига гувоҳ. У ўз атрофидаги янги уйлардан қанчалик фарқ қилмасин ва улар каби қанчалар оддий туюлмасин менинг назаримда нуроний кексалар каби ўтмишни ёд этиб, «Бу ерда улуғ ёзувчи Абдулла Қодирий яшаган эди!», деган хитобларга қулоқ тутиб турганга ўхшарди. Яхшилаб разм солсангиз ёки Қодирийнинг ўзи «Ўтган кунлар»нинг сўзбошисида айтганидек, мозийга қайтиб хаёлларга эрк берсангиз, бу оддий бино сизу бизга суронли давр ҳақида қанчадан-қанча ҳикоялар «сўзлаб» бериши тайин. Ҳа, беназир ёзувчининг қалби, бутун борлиғи билан ёзилиб, минг-минглаб кишилар юрагидан жой олган асарлар шу табаррук гўшада дунёга келган. Бу бино битганида «Ўтган кунлар» аллақачон халқ орасида машҳур бўлиб кетган, «Меҳробдан чаён» эса нашрга тайёрланаётган эди. Бу бино фақат ёзувчининг бутун дунёни забт этган асарлари ёзилган уйгина эмас, у Қодирий ҳузурига ташриф буюрган ўз замонининг фозилу фузалолари, адабиёт ва санъат намояндаларининг узоқ суҳбатларига ҳам гувоҳ. Бу ерда улуғ рус ёзувчиси Алексей Толстой рафиқаси билан меҳмон бўлган. Садриддин Айний, Сўфизода, Ойбек каби аллома адиблар ҳам шу уйда Қодирий меҳмони бўлиб, не-не ёруғ ва мискин суҳбатлар қуришган.
Ҳабибулло ака «Отам ҳақида» деб номланган эсдаликларида шундай ёзгандилар: «1930 — 1931 йилларга келиб, янги боғ-ободончилик ишларимиз деярли тугаб, маълум тартибга тушиб қолган эди. Ташландиқ ерлар ўрнида узумзор, олмазор, шафтолизор, олчазорлар тартиб берилган; девор таги ва ариқ бўйларига қатор-қатор терак, тол, кўксултон каби оғочлар ўтқазилган; қовун, тарвуз, жубори, картошка ва резавор экиладиган жойлар алоҳида, катта гулзор ва бедазорлар алоҳида.
Шунингдек, ичин-ташин икки қаватли оқ тунукаванли бинолар (бу бинолар усталар қўли билан дурилган бўлса ҳам) донхона, ошхона, ўтинхона, молхона каби ёрдамчи уйларни биз болалар ёрдамида дадамнинг ўзлари қурган (у киши ғишт териш, сувоқ қлиш, бино ёпиш ишларини ҳам яхши билар эдилар), ҳатто мўрчагача қуриб битказилиб, боғимиз гўзаллашган эди Айниқса, пастки боғимиз ўртасида қурилган шийпонимиз бу гўзалликка манба каби эди».
Беихтиёр ана шу манзаралар билан ҳовлининг эндиги кўринишини бир-бирига қиёслайман. Таажжубки, ярим асрдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай улар ўртасида деярли фарқ йўқ. Ҳовли саҳни вайиш токлар, атиргул ва райҳонлар билан шундай ораста қилинганки, гўё улуғ ёзувчимиз шу ерда боғ оралаб юргандек ёки ўзлари қурган уйнинг иккинчи қаватида ўтириб, янги замоннинг муҳаббат қиссаларини битаётгандек туюлади…
Ҳовлининг тўғроғида, Қодирий яшаган уйга рўпарама-рўпара қилиб қурилган ва эскича усулда сайқалланган янги шинам уй эътиборимизни тортди. Уни Ҳабибулло ака агар Абдулла Қодирийнинг уй музейи очилса зарур бўлади, деган яхши ниятда қурган эканлар. Улуғ ёзувчимиз ҳақидаги хотираларини китоб қилиб, халқимиз ҳурматига сазовор бўлган ёзувчи ва шифокор Ҳабибулло аканинг, у киши фарзандларининг бу боғ-ҳовлини кўз қорачиғидай асраб келаётганлиги, оталари ва боболари хотирасига кўрсатаётган лутфу-эҳтиромига таҳсин ўқийсиз. (Аммо афсуски, Ҳабибулло ака шунча йил бу ҳовлини А. Қодирийнинг боғ-музейига айлантириш орзусида яшаб, елиб-югуриб яна шу буюк армон билан ҳаётдан кўз юмдилар…)
Ўшанда биз кўп йиллардан буён таърифу тавсифини эшитиб келаётган Абдулла Қодирийнинг машҳур боғшийпонини ҳам кўргимиз келганди. Тўлқин ака боғшийпонни кўрсатишни ҳам Ҳабибулло аканинг қизларидан илтимос қилди. Дарвозадан ўн-ўн беш дадам пастлик томой юриб, яна бир янги типда қурилган ҳовлига кириб бордик. Бу уйда Қодирийнинг қизи Назифа ая ўғиллари билан турарканлар. Боғнинг ўнг чеккасидаги икки қаватли шийпон Ҳабибулло ака «Эсдаликлари»да таъриф этганидек ўз даврида меъморий кўриниши, муҳташамлиги билан машҳур бўлган. Йиллар ўтиб, қаровсиз қолганиданми уни яхшилаб ремонт қилиб, ўз қолидай асраш имкони бўлмаганиданми икки қаватли, шарқона ва европача услубларни ўзида мужассамлантирган шийпон илгариги салобатини бир оз йўқотгандай туюлади. Яна бунинг устига қўшнилардан бири шундай тарихий ёдгорликнинг ёнгинасига уй ҳам қуриб олибди. Бу ерда бир пайтлар Ғафур Ғуломнинг «Арпапоя» кўчасидаги уйи каби ўз замонасининг етук аллома-ю шоирлари, адабиёт намояндалари, машҳур хонандаю созандалари йиғилишган. Янги ҳаёт ҳақида, ижод ҳақида қизғин тонготар суҳбатлар бўлган… Бугун эса устунлар ва шифтдаги фанерларнинг сирлари кўча бошлаган, бўёқлар, рангин нақшлар ўз жозибасини йўқотган. Томдан ўтган чакка биринчи қаватнинг баъзи жойларига шикаст етказган. Бу манзараларни кўрган кишининг руҳи эзилади. Улуғ ёзувчимиздан ёлғиз хотира бўлган ёдгорликни таъмир этиб, асраб-авайлаш зарурлигийи ич-ичдан ҳис этасиз. Қодирийдек забардаст адибнинг адабий меросига эҳтиром рамзи сифатида ҳам бу ишни тезроқ қилишимиз зарур эди…
Ўша оқшом шийпоннинг асил қиёфаси, бу мўътабар жой билан боғлиқ хотираларни эшитиш учун Ҳабибулло аканинг ҳузурига ҳам бордик. У киши шаҳар чеккасидаги уруш ветеранлари шифохонасида хизмат қилардилар. Шифохона боғида Ҳабибулло ака билан узоқ суҳбатлашиб ўтирдик. Боғ-ҳовлини музейга айлантириш хусусидаги режаларни сўрадик. У киши юқоридан кўрсатма берилганига қарамай, шаҳар Совети ташкилотлари ишни чўзаётганлиги, бу режани рўёбга чиқаришга унчалик ҳам чизиқмаётганлигини куюниб гапириб бердилар. Бу гапларни ич-ичимиздан эзилиб эшитсак-да, Ҳабибулло аканинг тиниб-тинчимаслиги, елиб-югуришлари, фидокорлиги билан ажойиб боғ сақланиб қолинганининг ўзи ҳам менга катта бир мўъжизадек бўлиб туюлганди.
Она халқини, она заминни катта бир ифтихор билан сева олган Абдулла Қодирий, наинки фидокор бободеҳқон, айни пайтда адабиётимизнинг уста боғбони эди. Қанчаданча ёш адиблар ўз халқига, адабий меҳнатга меҳр-муҳаббатни, ижод сабоғини ундан ўрганмоқда. Келгуси авлодлар ҳам уни ўзларига муҳтарам устоз сифатида ёд этишига шак-шубҳа йўқ. Шунинг учун бу ерда Абдулла Қодирийнинг боғ музейини ташкил этиш масаласини яна узоқ йиллар чўзиб юрмасдан тезроқ ҳал этиш керак. У келгусида Қодирийнинг ўлмас санъатидан баҳраманд ёзувчи ва шоирлар, адабиёт ихлосмандлари, оддий китобхонлар тўхтовсиз келадиган қутлуғ зиёратгоҳга айланиши керак.
Боққа ташриф буюрган, ажиб сукутга чўмган кекса дарахтларга нигоҳ тиккан ҳар бир киши улуғ ёзувчимиз яратган асарлар, уларнинг қаҳрамонлари ҳақида, ўзбек совет адабиётининг Абдулла Қодирий ва Усмон Носир, Ойбек ва Абдулла Каҳҳор, Ҳамид Олимжон ва Ғафур Ғулом каби забардаст сиймолари яшаган, ижод этган суронли йиллар ҳақида, уларнинг пок қалби, бетакрор ҳаёти, адабий мероси ҳақида ўйларга толиши табиий. Агар яхшилаб таъмир этилса шийпон яна ўз ҳолига қайтиб, адабиёт мухлисларининг зиёратгоҳига айланиши шубҳасиз. Жамоатчилик бу масалани кўп бор ўртага ташлади. Аммо бу саъй-ҳаракатлардан ҳали натижа чиққанича йўқ.
Ҳолбуки, бугунги кунда қайта қуриш шарофати билан жуда кўп рус адиблари, санъаткорлари яшаган қадамжоларни зиёратгоҳларга айлантириш, қўриқхоналар ташкил этиш бўйича қанчадан-қанча хайрли ишлар қилинмоқда. Биз эса негадир ҳамон турғунлик йилларининг иккиланишларидан қутула олмаяпмиз. Узоқ йиллар кимнингдир журъатсизлиги, яна кимларнингдир атайин «жим» туриши оқибатида бу иш пайсалга солиб келинди. 37-йилнинг қора кунларида руҳимизга сингган ёвуз эҳтиёткорлик ҳисси нечундир ҳамон бизнинг қўлимизни боғлаб турибди.
Турғунлик йилларида гарчи боғ-музей қилаверинглар, деган кўрсатмалар берилган бўлса-да, мутасадди ташкилотлар «ана бўлди-мана бўлди», деб масалани қоғозбозлик тушовига ташлаб қўйган эдилар. Бугун ҳам шу инерция давом этиб келаётир. Ҳамон ваъдалар бериляпти. Бироқ энди ортиқ чидаб бўлмайди! Масалани узил-кесил ҳал қилиш керак. Токи шунча йиллар омон сақлаб келинган боғ-музей ўз кўрки-тароватини йўқотмасдан туриб, адабиёт мухлисларининг мулки-манзилгоҳига айлансин. Аллома шоиримиз Ғафур Ғуломнинг «Алишер Навоийнинг қабри устида» деган шеърида шундай ҳикматона мисралар бор: Дилим равшанлигни ҳиссим йўлида офтоб айлаб, Мозоринг бошида турмакдурман сарҳисоб айлаб… Гарчи, ўзбек адибларининг аксарият қисмига ҳазрат Навоийнинг қабрини зиёрат қилиш ҳали насиб этмаган бўлса-да, ушбу мисраларни ўқиган киши хаёлан ўзини Ҳиротда юргандек, Навоий хоки пойини зиёрат қилгандек ҳис этади.
Навоий бобомизнинг қабрлари-ку ўзга мамлакатда экан. Аммо ўз мамлакатимизда ҳали ҳануз қабри топилмаган улуғ сиймолар қанчадан-қанча! Яқиндагина Усмон Носирнинг рамзий бўлса-да мозори топилди. Кемерово областида унга ёдгорлик ўрнатилди. Узоқда бўлса ҳам шоирни ёд этадиган бир ёдгорликка асос солинди. Аммо ҳануз Қодирий ҳақида гап кетганда, ўзини ўзбекман, улуғ ёзувчимизнинг мухлисиман деб билган ҳар бир одамнинг хаёлига беихтиёр Абдулла Ориповнинг: «Кодирий қабрини сўрар Отабек», деган нидоли мисралари келади…
Дарвоқе, ўша оқшом Ҳабибулло ака ҳузуридаги суҳбатимизда бу хусусда ҳам сўз борган эди. У киши раҳматлик Абдулла Қодирийнинг қабрини суриштиравериб қанчалар овораи сарсон бўлганлигини, аммо бирор жўяли жавоб ололмаганипи кўзда ёш билан ўксиб айтиб берган эдилар. Наҳотки, қайта қуриш ва ошкоралик ул машъум қора кунлар юзидаги мудҳиш ниқобни улоқтирган кунларда ҳам бу ҳақда бирор мужда эшитмасак?!
Неча йиллардан буён пайсалга солиб келинаётган иш — боғ-ҳовлини мемориал боғ-музейига айлантириш режаси амалга ошса, кўплаб мухлисларнинг кўнгли бир оз таскнн топарди. Неча йиллаб кутилган орзу бир қадар рўёбга чиқарди. Биз бу улуғ ишни Қодирийнинг 80 йиллигида кутдик. 90 йиллигида ҳам кутдик. Бўлмади! Энди яна хавотирдамиз. Наҳотки, улуғ адибнинг яқинлашиб келаётган 100 йиллигида ҳам мухлислар адибни ёд этгани бирон арзугилик зиёратгоҳ тополмай бўзлаб юрсалар…
Ўша ёз оқшомидаги илк саёҳатдан сўнг ҳам бу боққа Тўлқин ака билан бир неча бор келиб-кетдик. Ҳар гал борганда Ҳабибулло аканинг суҳбатлари, хотираларидан баҳраманд бўлардик. Бугун эса бу ажойиб инсон, фидокор адибимиз ҳаёт эмаслар. У кишининг орзулари ҳамон шу боғни кезиб юрибди. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай боғнинг ўша оқшомдаги манзараси сира кўнглимдан кетмайди. Уфққа бош қўяётган қуёш нурлари кўҳна боғнинг азим дарахтлари япроқларида қизғиш шуъла қолдириб, дилингизни маҳзун хаёлларга тўлдиради. Сокин боғ неларнидир куйлаётганга ўхшайди. Беихтиёр ижодий шижоати, тақдири Қодирийникига ўхшаш шоир Усмон Носирнинг ушбу мисралари хаёлингиздан ўтади.
Жим!.. Уфқдан ботар
қуёшни
Шарт кесилган бошга
ўхшатдим.
Парча-парча куйган
шафақлар
Тирқираган қонни
эслатди…
Мана, яна баҳор келди. Қодирий ўз қўли билан бунёд этган боғдаги дарахтлар ҳам қайта уйғойди. Бу ердаги ҳар бир ниҳол, ҳар бир япроқ, ҳар бир гўшада улуғ адибнинг руҳи кезиб юрганга ўхшайди. Бу боғ ўз боғбонига қўйилган муҳташам бир ҳайкалдир. Не тонгки, у яна неча асрлар бу жойга келувчиларга ўзининг сахий боғбони — севимли Жулқунбойимиз ҳақида ҳикоялар айтиб турса… Бу ёдгорликнинг умри адиб асарлари, қаҳрамонлари умри каби, кишилар қалбидаги улуғ эҳтиром сингари барҳаёт бўлишини истамаган ким бор? Мақолага сўнгги нуқтани қўйишга тараддудланаётибман-у, беихтиёр хаёлимга яна Усмон Носирнинг ушбу мисралари қуйилиб келаверади:
Баргдек узилиб кетсам,
Унутмас мени боғим:
Ишимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур,
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени боғим.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 24 март