Масъуд Абдуллаев. Отамнинг қабри қаерда? (1991)

1937 йилнинг 31 декабри хонадонимизда бир умрлик ўчмас армон қолдирди. У кун дадамиз билан видолашув куни бўлади деб сира ўйламаган эдим. Дадамнинг биз билан хайрлашаётиб: «Менда ҳеч бир айб йўқ. Худо хоҳласа, тез кунда дийдор кўришамиз», деганлари ҳали-ҳануз қулоғим тагидан кетмайди. Ўша тун дадам Қудратилла амакимга: «Мен кетяпман. Болаларни сенга, сени Оллоҳга топширдим», дегандилар. Дадамни ойим, мен, синглим кўзда ёш билан кўчадаги қора уловга кузатиб қолдик. Назифа опам турмуш қуриб кетганлиги боис дадам билан хайрлаша олмадилар. Бир умр: «Дадам қани?! Дадамни топиб беринглар!», дея отамиз доғида куйиб, армон билан оламдан ўтдилар. Адиба опам ҳам ўша тун Назифа опамникида эди, отамизни видолашув онида кўролмади.

Дадамизни олиб кетишганларинннг иккинчи ё учинчи куни Қудратилла амаким билан Давлат Хавфсизлиги Бошқармасига бордик. У ердан: «Бундай исмли одам бизнинг рўйхатда йўқ. Бўлса ҳам бизга туширишгани йўқ», деган жавоб эшитдик. Икки-уч кунни ўтказиб, яна борсак: «Кидираётган одамингиз Масков турмасида бўлса керак», дейишди. Масков турмаси ўша пайт ҳозирги Энгелс кўчасидаги «Ўзбекистон 50 йиллиги» тикув корхонасининг ўрнида бўлиб, тўрт метр баландликдаги сим тиканли девор билан ўралган эди. Турма теварагида соқчилар туришарди. Биз баҳайбат дарвоза томон юрдик. Бироқ одам кўплигидан унга ҳатто яқинлаша олмадик. Ниҳоят, учинчи куни: «Бизда ундай одам йўқ», деган жавоб олдик. Қудратилла амаким: «Энди нима қиламиз?», дегандек менга қараб тургандилар, бир киши келиб амаким билан саломлашди. Мақсадимизни эшитиб: «Бу ерда тергов шии тугаган сиёсий маҳбусларни сақлайдлар. Акангиз ўша Давлат Хавфсизлиги Бошқармасида», деди. Биз яна аввалги ерга бордик. «Маҳбус шу ерда. Тергов бошлангани йўқ. Терговдан олдин овқат олинмайди. Фақат тамаки, тишювгич, совун олиб келишингиз мумкин», дейишди у ерда бизга. Уйга кўнглимиз таскин топгандай бўлиб қайтдик. Эртасигаёқ дадамга ўша нарсаларни олиб бориб бердик. Лекин хат ёзиб, хат олишга рухсат йўқ эди. Орадан бироз ўтгач, ўша арзимас буюмларни ҳам олмай қўйишди. Сабабини сўраб жавоб ололмадик. Уч-тўрт ой ўтиб Ҳабибулла акам хасталикдан фориғ бўлиб, юра бошлади. Бироқ унинг ҳам ДХБга қатнашлари натижасиз қолаверди.

Йил охирига бориб: «Қамалганлар ҳукм этилиб, Сибирга жўнатилди», деган овоза тарқалди. Бошқармадагилардан дадамизнинг йигирма йилга ҳукм этилиб, Сибирга жўнатилганлигини эшитдик. У ерда ҳам хат, овқат, кийим-кечак олмасликларини айтишди. Дадамиз соғ-саломат бўлсалар, бир куни қайтиб келадилар, дея ўзимизни овутмоқдан бўлак чора қолмади.

Эсимда, 1940 йил эди чоғи, Комил Яшин рафиқаси Ҳалима Носирова билан боғимизга келиб, айланиб кетди. Маҳалладагилар: «Комил ака билан Ҳалима опа боғ олишмоқчи экан. Сотсаларинг, боғингларни 36 мингга олишаркан», дейишди. Биз рад жавобини бердик. Орадан кўп ўтмай, улар Самарқанд дарвоза томондан боғ сотиб олишди.

Улуғ Ватан уруши бошланди. Бизнинг каби оилаларнинг аҳволи баттар оғирлашди. Тошкент шаҳар ижроия қўмитасининг қарорига биноан шийпонимиз Ленинграддан кўчириб келинган ҳарбий академия хизматчиларига истироҳатгоҳ қилиб берилди. Хизматчилар оилалари билан шанба, якшанба кунлари келишиб, боғимизда дам олишарди. Улар биз билан яхши муомалада бўлишар, боғимиздаги мевалардан еб, бизга ҳам олишга рухсат беришарди.

Бир рус генерали (исми ёдимда йўқ. — М. А.) мен билан дадам ҳақида гаплашар, билганларимни ўнга тушунтиришга ҳаракат қилардим. У елкамга қўлини қўйиб кўнглимни кўтарар, гоҳиди: «Ойингга бергин», деб гўшт, колбаса, консерва, пишлоқ, нон берарди. Ойим: «Руслар ичида ҳам мусулмончиликдан хабардорлар бор экан-да», деб кўзларига ёш олардилар.

Генералнинг мен тенги Миша деган ўғли бўлиб, у билан ўртоқ эдик. Ойим оғир хаста, тез-тез шифохонада даволанар эдилар. Бундан генерал хабар топиб, бизни камёб дорилар билан таъминлай бошлади. 1943 йил 6 март куни онам шўрлик дадамга куя-куя оламдан ўтдилар. Биз «тул» етимдан «шум» етимга айландик.

1944 йили ҳарбийлар Ленинградга кўчиб кетишди. 1945 йили эса шийпонимиз Арпапоя кўчасидаги 1-сонли болалар уйи тасарруфига ўтказилди. Бу ерга болаларни ўйнагани олиб келишарди.

Уруш тугади. Бироқ 29 май куни Ҳабибулла акамни ҳам отамиз каби олиб кетишди. Уруш тугаб, эзилган халқ аста-секин енгил нафас ола бошлади. Лекин бизникига ўхшаш оилаларнинг аҳволи баттар оғирлашди. Акамни 10 йилга ҳукм қилишди. Биз ҳамон умид билан дадамиздан хушхабар кутардик. Худди дадамиз эшикдан кириб келиб, онамиз ва акамиз қисматидан хабар топиб: «Онанг менинг дардимда оламдан ўтибди. Оллоҳ жойини жаннатда қилсин. Лекин ўғлим Хабибуллада не айб?», дея термулаётгандек бўлаверарди.

1947 йили (тиббиёт институтида ўқирдим) мен ўқишга қатнашим осон кўчсин учун Муҳаммад Аминбек поччамнинг Тинчоб маҳалласидаги ҳовлиларига кўчиб ўтдим. Куз кунларининг бирида ўқишдан келсам, қўшни аёл: «Сени бир одам истаб келиб: «Кутсин!», деб айтди» деди. Орадан икки соатча ўтгач, номаълум кишининг ўзи ҳам келди. Салом-аликдан сўнг уни уйга таклиф қилдим, бироқ у кирмади.

—  Муҳаммад Аминбек акани қаердан топсам бўлади? У кишига айтадиган омонат гапим бор, — деди ёши элликларга борган, соч-соқоли ўсиқ, оқ-сариқдан келган маъюс нигоҳли киши.

—  У киши бу ерда турмайдилар. Хўп десангиз олиб боришим мумкин, — дедим мен.

Икковлашиб Самарқанд дарвозадаги уйимизга йўл олдик. Йўлда мен у кишига бир-икки савол бердим. У: «Ҳа» ёки «Йўқ», деб қисқа жавоб қиларди.

Поччам уйда экан. Меҳмонни дадамнинг ҳужраларига таклиф қилдик. Фотиҳадан сўнг поччам меҳмонга савол назари билан қаради.

—  Сизнинг исмингиз Муҳаммад Аминбекми?

—  Ҳа.

—  Аёлингизнинг исмлари Назифа-а? — дея савол-жавоб қилгач, киши гап бошлади: — Мен шу келишимда Магадандан келяпман. Асли Наманганнинг Учқўрғониданман (исми ёдимда йўқ. — М. А.). 1937 йилгача райкомга котиб эдим. 10 йилга сиёсий маҳбус сифатида ноҳақ ҳибс этишди. Магаданга жўнатилдим. Абдулла ака қўшни зонада эканлар. Озодликка чиққач, у киши билан сим тўсиқ орқасидан гаплашишга муяссар бўлдим. Абдулла ака: «Тошкентга борсангиз, бизнинг ҳовлидан хабар олинг. Балки уйимни мусодара қилишгандир. Балки болаларим Эски Жўванинг Тинчоб маҳалласидаги Муҳаммад Аминбек куёвимникидан паноҳ топишгандир. Уларга салом айтинг. Набирам Фарзона катта қиз бўлиб қолгандир. Уни буваси номидан пешонасидан ўпиб қўйинг», деб айтдилар, — деди.

Дадамиз олиб кетилганларидан 10 йил ўтиб келган ушбу хушхабар бизни довдиратиб қўйди, Назифа опам: «Дадамни кўрган киши экансиз», деб кўзда ёш билан қайта-қайта кўришдилар. Меҳмон овқатга ҳам турмай: «Тунги поездда жўнашим керак», деб ўрнидан қўзғалди. Бола-чақасининг тинчини билиб бир ойдан сўнг қайтишга ваъда бериб, опам тутқизган кийим-бошни ҳам олмай уйимиздан чиқди. Поччам иккимиз меҳмонни вокзалга кузатиб чиқдик. У поччам берган пулни олмай хайрлашди.

Биз меҳмоннинг қайтишини сабрсизлик билан кута бошладик.

Орадан 2-3 ойлар чамаси вақт ўтди. Бироқ меҳмондан дарак йўқ тди. Назифа опамнинг қистови билан Учқўрғонга жўнадим. Бориб у кишини суриштирдим. У ердагилар: «Ҳа, шундай одам бор. Бечора ўн йил ноҳақ ўтириб келиб, хотини биров билан турмуш қилганини эшитгач, хафа бўлиб кетиб қолди», дейишди.

1949 йили болалар уйи кўчгач, боғимизни Тошкентдаги аллақайси йилқичилик артели эгаллади. Кайсидир бефаҳмнинг буйруғи билан шийпон атрофидаги мевали дарахтлар кесилиб, от-араваларга жой ҳозирланди. Боғимизнинг кунботар томонига чўчқахона қурилди. Пашша, чивин, қурт-қумурсқа кўпайди, чўчқаларни ариқда чўмилтириб, ичимлик сувни булғай бошлашди. Баъзи беномус қўшнилардан: «Жулқунбойнинг шалтоғидан дод», «Жулқунбой халқ душмани бўлмаганида биз бу кунларга қолмас эдик», деган маломат эшитган кунларимиз ҳам бўлди. Тишни тишга қўйиб чидамоқдан бошқа иложимиз йўқ эди.

1953-54 йиллар эди, чамаси. Ёз кунларидан бира уйга келсам, опам: «Меҳмон бор», дедилар. Уйда олтмишларни қоралаган, оқ сочли, қорачадан келган бир киши поччам билан ўтирарди. Улар билан сўрашиб чиққач, опамдан: «Бу ким?», деб сўрадим. Опам маъюсланиб: «Отамнинг олдиларидан келибди», дея ўксиб-ўксиб йиғлай бошладилар. Мен: «Нега йиғлаяпсиз? Хурсанд бўлмайсизми? Яхши хабар олиб келгандир балки?!», дея уни юпатдим. Шунда опам бошини елкамга қўйиб: «Отам қамоқда вафот этибдилар», деб ўкириб юборди. Мен чопиб меҳмоннинг олдига кирдим. Кўз ёши қилишдир. Поччам қуръон тиловат қилдилар. Меҳмон ўзини: «Абдулла ака», деб таништириб, бошидан ўтганини сўйлай кетди:

— Мен асли Наманганданман. Тошкент тиббиёт институтида ўқирдим, 1937 йили қамоққа олиниб, сиёсий айб билан 15 йилга ҳукм қилиндим. Жазо муддатини Магаданда фелдшерлик қилиб ўтказдим. Қодирий икки марта хасталаниб, менинг қўлимда даволандилар. Охири жон бердилар. Ўзим дафн қилдим. Ўлимлари олдидан қаерда туришларини айтгандилар, — дея ҳикоясини тугатди у.

Ўша кундан бошлаб меҳмон тез-тез келишни, ойлаб бизникида ётиб қолишни одат қилди.

1955 йили акам қамоқдан қутулиб келдилар. 1956 йилда эса дадамиз ҳам оқландилар. Аза очдик. 1958 йили акамнинг саъй-ҳаракатлари билан шийпонимизни қайтариб олдик, қаровсиз боғни амаллаб аввалги ҳолига кертирдик.

Етмишинчи йиллар дадамизнинг хоклари бўлмаса-да, Камолон қабристонидаги хилхонамизга рамзий қабр тоши ўрнатдик. Дадамиз оқлангач, бир неча бор юқори ташкилотларга у киши қачон, қаерда қатл этилганликларини сўраб мурожаат қилдик. Бироқ тайинли жавоб ололмадик. Ниҳоят, 1987 йили дадамиз 1938 йил 4 ўктабрда Тошкентда отилганликлари ҳақида Давлат Хавфсизлиги Кўмитасидан жавоб олдик. Лекин улар дадамизни қаерда отишганини айтишмади. Мен ўзим буни аниқлашга киришдим.

Баъзилар: «1937-38 йилларда сиёсий маҳбусларни Тошкентнинг Юнусободидаги Алвастикўприк атрофида отишарди», деб айтишди. «Йўлдошев (1956-57 йилларда шаҳар ижроқўми раиси бўлиб ҳам ишлаган. — М. А.) деган киши Қодирийни қатл этишда қатнашган экан. У: «Қодирий Юнусободда отилган», дегучи эди. Ҳозир вафот этган», деб қолди дўстим Садриддин. У билан етаклашиб Юнусободга бордик. Садриддин мени Шомансуров Шоолим деган бир отахон билан таништирди.

«Алвастикўприкдан ўтгач, йўл ёқасида бир тепалик бўларди, — деб ҳикоя қилди отахон. — Бизнинг ҳовли тепаликнинг кунчиқар томонида эди. Шундоқ ёнгинамизда ёши саксонлардан ошган Расул ота, Маҳкам сўфилар туришарди. Мен ўшанда 27—28 ёшларда эдим. Отахонлар чойхонада ўтиришиб: «Қандай золим замон-а?! Тепалик бошимизга битган бало бўлди-ку! Кечалари ўқ овозидан чўчиб ухлаёлмасак, ёзда ҳам ўқ товушидан, отилаётганларнинг оҳ-воҳидан безиб, димиқиб, уйга кириб ётсак. Эртасига: «Нима бўлди экан?», деб тепаликка келиб, устига нари-бери тупроқ тортилган, боши, қўли, оёғи чиқиб қолган мурдаларни кўрсак, «Савоб бўларди», деб устларига тупроқ тортиб, бир калима қуръон ўқисак, дейишарди. Кечалари одамлар айни уйқуга кетган пайтда бир-икки соат давомида узлуксиз ўқ товушлари эшитиларди. Онам ўринларидан туриб, таҳорат олиб, қуръон тиловат қилардилар. Бу ҳол уч-тўрт йил давом этди. Ўқ товушлари Эски Хумдон томондан ҳам келиб турарди. Кейин давлат тепаликни бузиб, ўрнида омборхона қурадиган бўлди. Тепалик тупроғини Хумдонга ташиб кета бошлашди. Эшитишимча, тупроқ ғиштга ярамаган, шунинг учун уни бошқа тупроқ билан аралаштириб ишлатишган. Балки отангизнинг ҳоклари ўша тепалик тупроғи остидир», дея ҳикоясини тугатди отахон.

Икки хил фикр, икки хил тахмин… Отамиз бегона юртда, очлик-муҳтожликда жон берганлар, десак, фавқулодда гувоҳларнинг гапларига ишонсак… қани ўша гувоҳлар, уларнинг изсиз ғойиб бўлишларини нима билан изоҳлаш мумкин? Хўп, майли, уларни ўша доғули замон бунга мажбур қилган ҳам дейлик. Бироқ нега ҳанузгача жим улар? Нега отамизнинг қамоқ ҳаётига шоҳид бўлак гувоҳлар овоз беришаёгани йўқ? Ва ниҳоят, Давлат Хавфсизлиги Қўмитасидан келган жавоб: «…Отангиз Абдулла Қодирий (Жулқунбой) 1938 йил 5 ўктабрда Тошкентда отилган…»

Кейин маълум бўлдики, Чўлпон, Фитрат, Ғози Юнуслар ҳам худди шу куни отамиз билан биргаликда қатл этилган экан…

Юқорида номлари зикр этилган адиблар, худди отамиз каби халқ юрагига йўл топа билган, ардоқли шахслар ҳисобланишарди. Бундай эътиқодида собит кишиларни, тайинки, ҳибсда узоқ тутиб туриш мақсадга мувофиқ эмасди. Уларнинг қатли ҳақида оммани огоҳ этиш эса давлат ҳуқуқий ташкилотлари обрўсига жиддий путур етказиши мумкин эди. Шу боис Қодирий, Чўлпон, Фитратлар кўксини тешган ўқ саси фақат орадан ярим аср ўтибгина жаранглади.

1987 йили адабий жамоатчилик худди шундай қўрғошин парчаси рус шоири Пушкиннинг кўксини тешиб ўтганига 150 йил тўлиш муносабати билан мотам тутди. Худди шундай маъракалар бу йил Лермонтов ўққа учганига бир ярим аср тўлиши муносабати билан ўтказилди. Биз Бобур хасталикдан вафот этган кунни, Шоҳ Машраб дорга тортилган муддатни, Қодирий тақдир жоми синдирилган машъум санани аниқ биламиз, бироқ ўша қора кунларда марҳумлар руҳини ёдга олишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Ҳолбуки, ўтганлар руҳини улар мадфун кунда шод этмоқ ҳар бир мусулмон учун қарз ҳам фарздир. Зеро, «Ҳадиси шариф»да: «Мавтул олимина — мавтул оламина», дейилади. Бунинг маъноси шуки: «Алломанинг ўлими бу дунёдан бутун бир маънавий оламнинг кетмоғи билан баробардир».

“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 10-сон