«Ҳинд ихтилолчилари» асари Фитратнинг ижодий фаолияти айни вояга етган даврда ёзилган бўлиб, Германия пойтахти Берлинда 1923 йили ўзбек тилида босилиб чиқди. Асар тили ширали, воқеалар қизиқарли баён этилган, унда даврнинг муҳим муаммоларидан бири қаламга олинган.
Фитрат 1919 йилдан то 1935 йилларгача бир қатор шеърлар, илмий асарлар, адабий-танқидий мақолалар билан бирга ўнлаб саҳна асарлари яратди. Булар кўпроқ тарихий мавзуга бағишланган эди. Зотан айни замонда пролеткультчилар тарихдан, ўтмишдаги маданий меросдан бутунлай воз кечиш учун қизғин кураш олиб бораётган бир даврда Фитрат етук зиёли сифатида бу ҳаракатлар таъсирига берилмади, тарихий ўтмиш ва унинг замонавий аҳамиятини чуқур очишга бағишланган асарлар ёзишни давом эттирди. Бу ҳол унинг, Пушкин ибораси билан айтганда, «ҳақиқий билимдонлигини кўрсатадиган ягона фазилат» эди. «Қиёмат», «Абулфайзхон», «Ҳинд ихтилолчилари», «Чин севиш», «Шайтоннинг тангрига исёни», «Бедил», «Форс шоири Умар Хайём», «Абомуслим», «Темур сағанаси», «Рўзалар», «Арслон», «Амир Олимхоннинг ҳаёти» каби турли жанрда ёзилган бадиий ва илмий асарларининг деярли ҳаммасида ёзувчи ўзи яшаб турган замонавий муаммоларни ҳал этишда тарихий ўтмишдан фойдаланишнинг яхши намунасини кўрсатди.
Шу нуқтаи назардан биз 20—30-йиллар адабий ҳаётида анча мунозараларга сабаб бўлган саҳна асарларидан бири — «Ҳинд ихтилолчилари» (беш пардали фожеа) ҳақида баъзи мулоҳазаларимизни айтиб ўтамиз. «Ҳинд ихтилолчилари»да, айниқса «Абулфайзхон»да Шекспир, Шиллернинг «Қароқчилар» драматик асарлари ва Бедил фалсафий таълимотлари таъсири яққол сезилади. Империалистик давлатлар босқинчилик сиёсатининг тарихан ҳалокати муқаррар, чунки бу сиёсат қанчалик қудратли бўлмасин, халқларнинг миллий-озодлик ҳаракати олдида ожиздир, деган фалсафа «Ҳинд ихтилолчилари»нинг бош ғоясини ташкил этади.
Асарнинг марказий ижобий қаҳрамони — ўз ватанини империалистик босқинчилардан тозалаш учун курашга бутун ҳаётини бағишлаган, Францияда ўқиб даврнинг етук зиёлиси даражасига кўтарилган Раҳимбахши, худди шу маслак билан яшаётган унинг севгилиси Дилнавоз, қаландар қиёфасидаги донишманд Лолаҳардиёл, уларнинг ҳамфикрлари — Абдусуббуҳ, Файзиаҳмад, Бадринат ва бир неча ишчи-деҳқон — Ҳинд инқилобчилари образлари фаолияти тасвирида ёзувчи дунёқараши тўла-тўкис намоён бўлади.
«Ҳинд ихтилолчилари»ни асли йирик фалсафий драма дейиш мумкин. Зотан бу асарда инсон эрки, бахти учун курашни ҳаммадан юқори қўйиш, халқларнинг миллий-озодлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, бунинг учун миллий, диний тафовутлардан қатъий назар, халқлар дўстлигини таъминлаш, илм-фанни ривожлантириш, эркин муҳаббат, ўз ватани, халқига садоқат, эл-юрт манфаатини муқаддас деб билиш — бахт йўлининг туб манбаи экани нозик ҳис-туйғулар билан қўшиб тасвирланади. Бу ғоялар Фитратнинг чинакам инсонпарварлиги, халқпарварлигидан келиб чиқар эди.
Фитрат даврнинг илғор ва етук зиёлиси сифатида воқеликни ҳамиша жаҳон миқёсида идрок этишга интилган. Зотан, ер юзининг қайси чеккасида яшашидан қатъий назар, бирор киши дунё воқеаларидан, инсоният тақдиридан узилган ҳолда яшаши мумкин эмас, деган ғояни қатор асарларида муттасил уқтириб борган. «Ҳинд ихтилолчилари»да бу ғоя янада чуқур, етук бадиий шаклда ифодаланади.
Ҳиндистонда бир неча аср давом этган инглиз мустамлакачилик сиёсати мамлакат аҳолисининг тоқатини адо қилди. Халқ мазкур босқинчилик сиёсатига қарши курашга отланди. Мустамлакачилик зулми кучайган сари Ҳиндистонда халқ озодлик ҳаракати ҳам кучая боради. Ҳиндистонда ҳинд, мусулмон ва бошқа диний маслакдаги хилма-хил гуруҳлар, қабилалар мавжуд бўлиб, қадим-қадим замонлардан буён улар ўртасида зиддиятлар давом этиб келарди. Аммо инглиз мустамлакачилик сиёсатига қарши курашда улар бирлашиб, миллий-озодлик ҳаракати кучаяди ва мустамлакачилар устидан ғалаба қозонади. Бу курашга халқ орасидан чиққан Раҳимбахши, донишманд Лолаҳардиёл, Абдусуббуҳ, Файзиаҳмад, Бадринат, Орномсингиҳ, Фазлиллоҳ, Маҳмудхон, Динанат каби турли табақа вакиллари раҳбарлик қиладилар. Озодлик ҳаракатида хотин-қизларнинг фаол иштироки бир неча аёллар образида берилади. Асарда динни рўкач қилиб фақат бойиб олиш иштиёқи билан яшаётган Мавлоно Нуъмон қиёфасида на дин, на ватан, на халқ қадрини тан оладиган мунофиқ кирдикорлари маҳорат билан фош этилади. Мавлоно Нуъмон мустамлакачиларнинг вакиллари — жосус Окунар ва Марлинглар билан тил бириктиради. Мустамлакачилар эса Ҳиндистондаги турли диний ва қабилавий тафовутлар туфайли мавжуд бўлган зиддиятларни тобора чуқурлаштириш, кескинлаштиришга интиладилар, халқнинг ўз ичидаги келишмовчиликлар қанча чуқурлашса, мустамлакачиларга шунча қўл келаверар эди. Асарда бу воқеалар юксак бадиий савияда, етук реалистик услубда тасвирланади.
Баҳорнинг энг гўзал бир пайтида ўз севгилиси Дилнавоз билан шакаргуфторлик қилиб ўтирган Раҳимбахши устига от бостириб келган Окунар ва Марлинг уларни асирга олиб кетишидан бошланган воқеа миллий озодлик ҳаракати тарафдорларининг ғалабаси билан якунланади. Ўз озодлиги учун курашга бел боғлаган халқни ҳеч қандай куч таелим этолмайди, фақат бунинг учун сабот-матонат билан, уюшқоқлик билан курашмоқ керак, деган ғоя асарда бўртиб туради.
Ҳиндистонда инглиз мустамлакачиларининг босқинчилик сиёсати туфайли халқ эзилган, бойлиги таланган, ҳуқуқлари поймол қилинган, бутун мамлакат зиндонга айланиб қолган. Раҳимбахши, Дилнавоз ва уларнинг ҳамфикрлари бу ҳолатдан ғоят азоб чекадилар, эзиладилар, нафратланадилар. Ниҳоят ватанни босқинчилардан озод қилиш учун улар курашга отланадилар. Раҳимбахши билан Дилнавоз ўртасидаги меҳр-муҳаббат ватанга бўлган муҳаббат билан қўшилиб кетади. Мустамлакачилар фақат одамларнигина эмас, боғларни, дарахтларни, ер-сувни, гулларни, қушларни ҳам қайғу-ҳасратга кўмиб ташлаганлар. Дилнавоз буни чуқур ҳис этади:
Сўйла гулим, ёширмағил, надир дардинг,
Кимлар сени бу қоп-қора ерга юборди?!
Бу дунёда йўқ экан-да нелар қилардинг?
Нега сени чулғаб олди бунча тиканлар?
Сен билан мен яраланиб ётибмиз,
Бу чаманда шодлик сурган кимлар эканлар?!
Дилнавоз боғда гул тераётиб шу қўшиқни куйлар экан, бу гулларни босқинчиларга бермаслик учун ҳаммасини ўзи териб олишга интилади. Ватан гули, тикани, булбули, тоши, тупроғи, илонию чаёни ҳамма-ҳаммаси ўз халқи учун қадрли, қимматли ва гўзал туюлади. Буларнинг биронтасини босқинчига бергиси келмайди.
Раҳимбахши ҳам севгилиси каби ёвга қанча нафратли бўлса, ватанига, эл-юртига, севгилисига ўта меҳр-муҳаббатли, етук шахс.
Фитрат бутун асар давомида образларнинг тилига катта аҳамият беради. ҳар бири ўз савияси, характерига мос иборалар ишлатади. Аммо илғор зиёлилар деярли ҳамиша қисқа, шоирона, фалсафий маъноларни англатадиган сўзларни қўллайди. Зотан Фитрат, Шарқ классиклари — Навоий, Бобур, Бедил, Умар Хайём сингари буюк даҳоларнинг адабий ва фалсафий меросларини чуқур ўрганган, уларнинг ҳар бири ҳақида илмий ишлар ёзган. Бедилдан талай таржималар қилган.
Фитрат дунёқарашида Европа империалистик мамлакатларининг мустамлакачилик сиёсатига қарши кураш тушунчаси 1910 йилларда шаклланган. Ҳали у ёш бухороликлар ташкилоти фаолиятида актив иштирок этаётган кезлардаёқ бу тушунча мазкур ҳаракат қатнашчиларининг асосий мақсади — программасига айланган эди.
Ёзувчи мустамлака ўлкаларда яшаётган халқлар дардини гоҳ газабга тўлиб, гоҳ руҳи эзилиб, гоҳ ҳақоратлар гирдобида чуқур идрок этади. Мазлум халқнинг бутун вужуди ватанига, халқига муҳаббат туйғуси билан тўлиб-тошади. «Бола, шуни билиб қўй, — дейди Раҳимбахши Дилнавозга, — юртни севганлар унинг тош-тупроқларини эмас, гўзаллик, яхшиликларини севарлар, улус йўлида жон берганлар унинг соқол-чопони учун эмас, ортиқлиғи, фазилати, тарихи учун ўлалар… уларни севганим сени севганимдир… Юрагимдаги ҳисни англатмоқ учун севиш сўзи озлик қилади, топинаман сенга».
Асарда турли табақа вакиллари қиёфасини кўрамиз. Масалан, Мавлоно Нуъмон ватани бошига тушган бахтсизликдан ҳам ўз манфаати йўлида фойдаланадиган малъун шахс, у мустамлакачилардан олган юзлаб рупия даромад учун ўз улусига хиёнат қилади. Инглизларнинг келиши — худонинг иродаси, унга қарши чиқиш худонинг ҳукмига қарши чиқишдир, бу катта гуноҳ, деб туриб олади.
Фитрат халқларнинг миллий-озодлик, мустақиллик учун олиб борган курашлари даврида ҳамиша ўз ичидан чиққан хоинлар — халқига, ватанига хиёнат қилиб душманга ёрдам берган типлар бўлганлигини назардан қочирмайди, уларнинг жирканч башарасини очиб ташлайди. Мустамлакачилар ҳиндлар билан мусулмонлар ўртасидаги дин, мазҳаб билан боғлиқ келишмовчиликларни тобора чуқурлаштириб, уларнинг бирлашиб ҳаракат қилишларига йўл қўймаслик чорасини ахтарадилар.
Дилнавоз — бўйига етган қиз, қалби тўла орзу-ҳавас, озодлик учун курашга бел боғлаган, бу йўлда учрайдиган ҳар қандай қийинчиликка тайёр. Аммо у табиатан ёш қизларга хос нозик ҳис-туйгулардан ҳеч қачон узоқлаша олмайди, шунинг учун ҳам у жонли инсон. Баъзан оғир, мунгли изтироблар гирдобида қолади, ғамга ботади, дардини ёлғиз севгилисига очади: босқинчилар Ҳиндистонни «таламоқ учун бирлашган экан, булар таловдан қутулмоқ учун бирлашмайдилар. Мусулмон дунёси нари турсин, бу кун Ҳинд инқилобчилари орасида ҳам «бирлик», «келишув» деган нарсалар йўқ. Бундай бир кучга ишонмоқни қўябер. Бундай бир йигинга «куч» демак бўшдир… Яна… Раҳимбахши, иккимиз тупроқ дунёсидан, тан ўлкасидан ажрасоқ, дунёнинг ёлғиз қайғуларини эмас, шодликларини-да унитсоқ, ер узра бор қўрқувларнигина эмас, умидларни ҳам толосоқ, қўлни-қўлга берсак, шу ёниқ қушнинг титрак товушина эргашсак, биз ҳам титраб-титраб юқориларға — тўғри юксалсак, юксалсак-да, у ерларда ҳам тинчлик кўрмагач, яна шул товуш каби чексиз бўшлиқлар аро йўқолиб кетсак… Булар бўлмас экан, дунёнинг бир четида мана шу гул билан булбулдек иккаламизгина ўтириб қолсоқ; кимсанинг бизга ҳеч иши бўлмаса…»
Бу — эл-юрт бошига тушган гам-алам туфайли бутун дунё кўзига тор кўринган, ниҳоят шу серташвиш дунёдан бутунлай чиқиб кетишгача бориб етган мазлум шахснинг ички дарди, чексиз изтиробларидир.
Ёзувчи ўз қаҳрамонлари кўзи билан ҳаётни кузатар экан, шундай мураккаб ғам-аламларни кўрадики, киши ё унга қарши курашиб, инсоний қадр-қимматини сақлаши ёки шу йўлда ҳалок бўлиши керак, бошқа чора йўқ. Воқеалар жараёни табиий равишда мана шу вазиятга олиб келади. Қаҳрамоннинг шахсий ҳаёти, мақсади, ишқ-муҳаббати, бутун борлиғи шуни тақозо этади. Ҳаётда рўй бераётган воқеа-ҳодиса ҳар бир шахс тақдирига муайян таъсир кўрсатмай қололмайди. Бу муқаррар тақдирдан ҳеч ким четда туролмаслигини, дунё халқлари тақдири бир-бири билан боғлиқ эканлигини муаллиф яхши англаган ва маҳорат билан кўрсатган.
Раҳимбахши Дилнавознинг гўзал юзига боққан сари муҳаббати ҳам, хавотири ҳам ортади. У шундай гўзал қизнинг юзига инглиз йигитининг кўзлари тушишидан доим ташвиш чекади, агар шундай ҳолат рўй бергудай бўлса, бу нарса «Қуръон бетига ҳайвон аёғи тегмак» билан баробар деб ҳисоблайди. Асардаги айни шу ерни 30-йиллар танқидчилигида мисолга келтирган ёзувчи ва адабиётшунослардан бири ўша пайтларда, Фитрат — бу билан динни тарғиб қилмоқчи, деб ёзган эди. Бу гапга сира қўшилиб бўлмайди. Бу билан Фитрат динни эмас, муҳаббатни тарғиб қилмоқда, уни муқаддас даражага кўтариш мақсадида уни муқаддас китобга қиёсламоқда. Аслида Раҳимбахши диний эътиқод ва мазҳаб тафовутларига қарши очиқ курашади. Асарда бу жуда кўп ўринда равшан кўринади. Худди шу йилларда («Ҳинд ихтилолчилари» билан олдинма-кейин) пайдо бўлган «Қиёмат», «Бедил», «Шайтоннинг тангрига исёни», «Рўзалар» каби қатор ўта атеистик бадиий асарларини ёзган Фитрат динни тарғиб этиши мумкин эмас. Бу жиҳатдан Раҳимбахши, Абдусуббуҳ билан сотқин мулла — Мавлоно Нуъмон ўрталаридаги суҳбат-диалог айниқса характерлидир. Муллалар элни бирлаштиришга шариат йўл қўймаслигини рўкач қиладилар. Унга Раҳимбахши: «Эл бирлашса, мулла оч қолади», деб юборади ғазаб билан. Абдусуббуҳ бу фикрни янада очиқроқ айтади: «Сиз муллалар, — деб хитоб қилади Мавлоно Нуъмонга қараб, — Ҳиндистонни йилларча… жанжаллар билан тўлдирдингиз! Улусни етмиш тўрт бўлак қилдингиз. Ҳар бир бўлакни бошқалариға ёв этдингиз. Улкамизни ички жанжаллар билан тўлдирдингиз. Шундай қилиб инглизни ҳам бошимизга келтирдингиз. Юз йиллардан кейин биз ўзимизни қутқармоқ учун бош кўтардик, бирлашмак, қутулмак истадик. Яна мазҳаб, дин жанжаллари билан йўлимизни тўсмоқчи бўласиз! Уялингиз, кетингиз, йўқолингиз. Биздан узоқлашингиз. Биз ўз бирлигимизга, ўз эркимизга тирноқ урмоқчи бўлганларга қарши чиқамиз. Қўлга-қўл бериб курашамиз. Бизни бу йўлдан сиз-да, мазҳаб-да, дин-да қайтаролмас».
Бу ва бошқа кўпгина фактлар «Ҳинд ихтилолчилари»да, Фитрат динни тарғиб қилади, деган даъволарни батамом рад қилади. Бинобарин, 30-йиллардаги танқидчилар мазкур асардан Раҳимбахшининг «Ҳинд қизи юзига инглиз йигитининг назари тушиши — қуръон бетига мол аёғи теккани билан баробар», деган сўзини келтиради-ю, инқилобчиларнинг дин, мазҳаб, айирмачиларга қарши — уларни фош этишга қаратилган далиллардан бирортасини тилга олмайдилар. Бу ҳол шахсга сиғиниш авжга чиққан 30-йиллардаги адабий танқидчиликнинг фожиаларидан эди. Бадиий асарнинг бир жойидан биргина сўзни ажратиб олиб хоҳлаганча талқин этиш бу даврда айрим танқидчилар учун одат бўлиб қолган, афсуски бундай ҳоллар ҳозир ҳам учрайди; шахсан Фитрат матбуотда бир неча бор чиқиб, бундай ҳолларга чек қўйишни қаттиқ талаб қилган эди. Жумладан, Фитрат Аҳмад Яссавий ижоди тўғрисида Абдураҳмон Саъдий билан мунозара қилганда орага Ж. Бойбўлатов ҳам қўшилади ва Фитратга туҳматдан иборат бир мақола ёзади. Фитрат Бойбўлатовга жавобан шундай деган эди: «…менинг сўзларимнинг бош-оёғини кесиб ташлаб, ўз мақсадингизга ярарлиқ бир ҳолға киргизиб сўнгра эътироз қилишингиз илмий бир ҳаракат саналмайдир».
«Ҳинд ихтилолчилари»да Фитрат аёлларнинг жамиятдаги ролига катта баҳо беради. Дилнавоз ҳинд аёллари вакили сифатида миллий-озодлик ҳаракатининг довюрак иштирокчиларидан бири сифатида майдонга чиқади. Инқилобчиларнинг барча ҳаракатларида эрлар билан баробар қатнашади. Севги-муҳаббат бобида ҳам ўз садоқати билан намуна кўрсатади. Асарда аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги муҳим ўрнини таъкидлашга алоҳида аҳамият берилади.
Фитрат яратган образлар ўз дардларини изҳор этишда кўпинча образли, ифодали ибораларни қўллайдилар ва улардан ҳамиша фалсафий маънолар келиб чиқади. Масалан, мустамлакачиларни ҳам тарбиялаб бўлармикан, деган сўроққа инқилобчилардан бири: «Улар учун энгяхши тарбия уларни Ҳиндистондан қувмоқдир», деб жавоб беради. Бу — осон иш эмас. Муаллиф шу аснода ҳаётдаги осон ва қийин иш тафовутини усталик билан очиб беради: «Ишнинг қулайини ахтармоқ — ялқовликдир. Қулай ишдан буюк унум чиқмас. Буюк унумли иш қулай-да бўлмас. Инглизни Ҳиндистондан қувмоқ ер юзини қора қанотлари остига олғон бир алвастини йўқ этмакдир…»
Раҳимбахши ўз даврининг илғор қаҳрамони, етук зиёлиси сифатида мустамлакачиликка қарши кураш жараёнида халқ ичидан етишиб чиққан буюк шахс даражасига кўтарилган; ўз ватани, унинг кайфияти, аҳвол-руҳияси ҳақида теран фалсафий мулоҳаза юритади. Халқ етакчиси даражасига эришувида унга ўқиб орттирган европача маълумот, отасининг жанговар ҳаёт йўли, буюк донишманд Лолаҳардиёл ақидалари катта таъсир кўрсатади.
«Севишмак уят эмас, — дейди Лолаҳардиёл. — Юрак юрак экан, севмак, севишмак истар. Севгисиз қолган юрак сувсиз қолган балиқ кабидир. Унинг ҳар бир тебраниши бир жон чекишдир. Ер юзини тўлдирган бўш жанжаллардан, алдам негизига қурилган келишмаклардан, ғаразга қотишган бирликлардан, ҳасад уруқли мақташлардан йироқлашибсиз. Табиатнинг тин, тип-тиниқ кўринишлари орасида турибсиз…» деб ҳавас билан мурожаат қилади қиз билан йигитга. Мана шу вазият (икки севишганнинг учрашуви пайти — А. А.) инсонни энг беғараз, қалбдан чиққан энг самимий сўзларни айтишга олиб келадиган чоғлардир. Шунинг учун ҳам бу вазият инсон ҳаётида энг бахтли онлар сифатида баҳоланади. «Бу оз бир саодат эмас. Қутлуғ бўлсун сизга», деб табриклайди ёшларни қаландар. Аммо у, мазкур саодатни ҳимоя қилиш учун курашилмаса, узоққа бормайди, деган фикрга алоҳида урғу беради. Бир элда яшаб, унинг тақдиридан ташқарида туриш, яъни бахтсиз элда тахтли яшаш асло мумкин эмаслиги ҳақидаги Лолаҳйрдиёл мулоҳазалари айниқса эътиборлидир: «Инглиз мустамлакачилари дастидан… Бу кун ўлкада қўйдан ортиқ одам кесиладир. Омонлиқ, тинчлиқ, эрк деган нарсаларни кимса билмайдир. Мачитда намоз учун йиғилганлар сиёсий йиғин ёсоғон бўлиб тўпға боғланалар. Эр билан хотин ўз аро кўбрак гапурганда ҳукуматга қарши план чизган бўлиб дорға осиладир. Букун устидангина шу ўлкага қарағанда йиқилғон шаҳарлар, ёндирилғон қишлоқлар, толонғон уйлар, кесилган бошлар, осилғон гавдалар, тўкилган қонлардан бошқа бир нарса кўрмайсиз…» (Тилнинг мусиқийлигига эътибор қилинг).
Лолаҳардиёл аҳволни, бундан ҳам кўра даҳшатлироқ манзараларни шу қадар чуқур ва таъсирчан изоҳлайдики, бу ҳолат ёшларнинггина эмас, бутун ҳиндистон халқининг иззат-нафси, ориятига қаттиқ тегади, нафратини қўзғатади. Аҳвол билан яқиндан «танишмоқ учун ичкарироқ кирганда, қочирилган қизлар, пардасизланган хотинлар, бирбирининг этини еган очлар, хўрлиқ кўрган буюклар, сўкиш эшитган бошлиқларнинг қонли ёшлари, мунгли бошлари, тутунли оҳлари, ўтли инграшлари олдимиздан ёсов тортиб ўтадир. Шу қип-қизил гуллар юртимизнинг қон йиғлоғон кўзларидир. Сиздан «иш» кутадир. Шу ям-яшил ёғочлар — улусимизнинг ўлими учун тикилган мотам белгиларидир, сиздан кўмак тилайдир. Шу кичкина булбул ҳам жон чекишган кимсаларимизнинг марсиясини айтадир. Сизнинг қонларингни қайнатмоқчи… Шулар орасида тинч турмоқ соғона бошинда чоғир (ичкилик) ичмакка ўхшайдир. Шуларнинг кўмагига эришмак учун ишга киришингиз, тебранингиз».
20-йиллардек мураккаб бир шароитда — революция ғалабаларини сақлаб қолиш учун ҳаёт-мамот кураши давом этаётган бир даврда меҳнаткаш халқ вакилларининг мустамлакачилик сиёсатга қарши жанговар кайфиятларини саҳнада жонлантириш қанчалар тарбиявий аҳамият касб этганлиги аён.
«Ҳинд ихтилолчилари» асари билан Фитрат фақат драматург эмас, йирик шоир, олим, файласуф эканини ҳам кўрсатди. Образларнинг оддий сўзлари кўпинча шеърий оҳангда бўлиб, насрда назмдек жаранглаб туради, улардан ҳамиша юракларни жизиллатадиган чуқур бир фалсафий мантиқ келиб чиқади.
Хуллас, Октябрь инқилобидан сўнг дастлабки йиллардаёқ ўзбек совет адабиётида деярли барча жанрларда кейинги тараққиётни таъмин этадиган етук реалистик замин яратилди. Кейинги авлодларнинг ижодий камолотини бусиз тасаввур этиш мумкин эмас эди. Фитратнинг «Ҳинд ихтилолчилари», «Абулфайзхон», «Арслон» каби етук саҳна асарлари ўзбек совет адабиёти ривожига кенг кўламда таъсир кўрсатди. Бу ва бошқа асарларида Фитрат шахс тақдири ватан тақдири билан, ҳатто жаҳон тақдири билан занжирдай боғлиқ эканлигини бадиий ифодалаб берди. Воқеликни жаҳон миқёсида идрок этиш мана шундай бўлади. Зотан бу ҳар қайси давр адабиётининг бош масаласи эди. «Ҳинд ихтилолчилари»да Раҳимбахши билан Дилнавоз, Лолаҳардиёлнинг учрашувидан бошланган кичик бир воқеа катта социал, фалсафий умумлашма даражасига кўтарилади. Шунинг учун ҳам адабиётимиз ривожидаги анъана ҳақида гап кетганда аждодларимизнинг бадиий тажрибалари ва унинг бугунги кундаги аҳамиятига тўғри баҳо бериш муҳимдир. Адабиётимиз заминидаги мазкур жараённи кўрмай туриб ҳозирги адабий жараён тарихини тўғри тушуниб бўлмайди.
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 4-сон