Аҳмад Алиев. Фитрат ва унинг «Арслон» драмаси (1989)

Таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди, Тошкент Давлат университетининг доценти Аҳмад Алиев 70 ёшга тўлди. Олимнинг адабиётимизнинг ҳамиша тирик сиймолари — Беҳбудий, Чўлпон, Фитрат, Элбек, Боту ҳақида ўнлаб мақолалари адабий жамоатчилик эътиборини ўзига жалб этди. Унинг шу соҳадаги яна бир мақоласи билан танишасиз.

Дунёда ҳаётдан бевақт кетганлар, ноҳақликдан, зулмдан қурбон бўлганлар кўп. Тирик қолганлар орасидаги софдил кишиларгина уларни ҳурмат билан эсга оладилар. Зотан, аждодлари руҳига, маънавий хазинасига эҳтиром билан қараш — юксак онглилик ва маданиятлилик белгиси. Тожикистон халқ ёзувчиси Жалол Икромий бу фикрни ғоят самимият билан ифодалаб ёзган эди: «…Хайриятки… биз уларни ҳамиша ёдлаймиз… Азизлар руҳи биз билан, эзгу ишларию қолдирган изларига содиқмиз, ижоду ихтироларига ҳамдам ва ҳамкормиз. Агар уларни унутсак, шаксиз, кўр бўламиз, инсон қадрини билмайдиган, бадбахт, нобакор кимсага айланиб қоламиз…» («Совет Ўзбекистони», 1987 йил, 7 март).

Бизнинг ҳозирги адабиётимиз-маданиятимиз қай даражада ютуқларга эришган бўлса, ҳаммаси ўша ўтганларнинг илмий, адабий, ижодий ютуқлари самарасидир. Ўзбек совет адабиёти пойдеворини бир киши эмас, бир неча ўнлаб олим, ёзувчи, шоирлар яратдилар. Уларнинг ижоди эса — яхлит бир ҳолда адабий жараённи ташкил этади. Бинобарин, ҳар бир санъаткор ўз ижодий фаолияти билан адабий жараёнга муайян таъсир кўрсатади. Ана шундай сиймолардан бири ўзбек совет адабиётининг вужудга келиши ва ривожланишига катта таъсир кўрсатган Абдурауф Фитрат 20—30-йилларда шоир, олим, ёзувчи, драматург сифатида жуда сермаҳсул ижод қилди, бой мерос қолдирди. Биз Фитратнинг «Арслон» драмаси ва унинг ўзбек совет адабиётига кўрсатган таъсири ҳақида қисқача тўхтаб ўтамиз.

Агар 20-йиллардаги пролеткульчилар ўтмишни, маданийтарихий меросни ёппасига инкор этиш учун курашаётган, ўтмишга ҳурмат билан қарашни замонга қаршилик деб баҳолаётган бир даврда Фитрат фақат ва асосан ўтмиш мавзуида насрий, шеърий, илмий аеарлар ва драмалар ёзганини ҳисобга олсак, ёзувчининг нақадар юксак онгли, билимли, мустаҳкам эътиқодли сиймо эканини янада чуқурроқ тасаввур қиламиз.

Фитрат ўтмишни илмий, бадиий таҳлил қилмай туриб, замонавий муаммоларни ҳал этиб, келажак тараққиётини таъминлаб бўлмаслигини ўша вақтдаёқ тушуниб етган эди.

«Арслон» пьесаси 1926 йилда нашр қилинади, республикамиз саҳналарида муваффақият билан ўйналади. Асарнинг муқовасидаги ёзувга эътибор қилинг: «Арслон. Бурунги Бухоро хонлигида яшаган деҳқонлар ҳаётидан олинган 5 пардали драма. Жумҳуриятимиз томонидан муваффақият ҳам адолат билан ижро этилмоқда бўлган ер ислоҳотига бағишлайман».

20-йилларнинг ўрталари ва иккинчи ярмида республикада ўтказилган ер-сув ислоҳоти камбағал деҳқонлар ҳаётида катта воқеа эди. Ерсиз деҳқон ерли бўлди, бу ҳол қишлоқ меҳнаткашлари муҳаббатини Совет ҳокимияти томонига бутунлай тортиб олди. Мазкур воқеликка бағишлаб, уни қўллаб-қувватлаган Ҳамзадан тортиб,Чўлпон, Ғайратийларгача қатор бадиий асарлар ёзиб, социалистик тадбирларни маъқулладилар. Шулар қаторида Фитрат ҳам «Арслон» пьесаси билан Совет ҳокимиятининг аграр сиёсатини қўллаб, Октябрь инқилоби, компартия ва социализм камбағал деҳқонга, батракка нима берганлигини бадиий ифода этиб беришни мақсад қилиб олди ва бунга эришди. Асарда воқеа Бухоро амирлиги даврида кечади. Ундаги камбағал деҳқон Арслон, батрак — Ботир, судхўр — Мансурбой, вилоят ҳокими — Бек, қишлоқ оқсоқоли — Аҳмад оқсоқол, оддий деҳқон — Кўрҳасан, уларнинг оила аъзолари, бир қатор амир амалдорлари ўртасидаги муносабатлар, тўқнашувлар асар моҳиятини оча боради.

«Арслон» пьесаси саҳнага қўйилиши билан адабий жамоатчилик ўртасида шов-шув бўлгани ва томошабинлар эътиборини тортгани ҳақидаги бир далилни эслатиб ўтиш ўринли: машҳур журналист ва танқидчи Комил Алиев асар нашр этилгандан кейин бир йил ўтгач, «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1927 йил 28-сонида эълон қилган тақризида шундай деб ёзган эди: «Саҳнамиз эски асарлардан, оҳисталик билан бўлса-да, қутилмоқда ва уларнинг ўрнини синфий руҳда ёзилган асарлар ишғол этмоқдалар. 24 февралда халқ театрусида ўйналган «Арслон» пьесаси бунга далил…»

Етмишинчи йилларда адабиётшунос Турсун Собиров Комил Алиев фикрига қўшилиб ёзган эди: «Кўриниб турибдики, Фитрат ўз драматик фаолиятининг бу даврига келиб синфий кураш масаласини реалистик ифодалаш йўлига ўта бошлаган. Бу ёзувчи ижодида ва унинг дунёқарашида жиддий бурилиш нуқтасидир. Шунинг учун ҳам «Арслон» драмаси билан Фитрат ўзбек драматургиясида меҳнаткаш халқ ҳаётини акс эттириб беришда самарали иш қилишга кириша бошлаган, десак янглишмаган бўламиз,». (Турсун Собиров. «Ўзбек драматургияси», 1973 йил, 81-бет). Бу ҳар икки мунаққиднинг фикри ўз даври учун асосан тўғри, деса бўлади. 20-йилларда ҳам, 70-йилларда ҳам бадиий асарга бирёқламалик билан ёндашиш — унда қайси табақа вакиллари ҳаёти акс этиши гўё асарнинг синфийлигини белгиловчи омил, деб қараш одат тусига кирган ва бу усул кўплаб ёзувчиларимиз ижодини инкор этишга олиб борган эди.

Асарнинг бош қаҳрамони Арслон Бухоро камбағал деҳқонлари орасида эндигина уйғониб келаётган ва ҳаётдаги ўрнини тушуниб етаётган, истиқболга катта умид билан боқаётган шахс. У ҳатто оилавий ҳаёт қуришни ҳам мақсадлари амалга ошишига бир восита деб билади. Севгилиси Тўлғунга муҳаббат изҳор қилганда: «…Тўйимизни қиламиз. Сени уйимга келтираман… Икки уй бирлашгач, кучимиз ортадир, яшашимиз енгиллашадир… Умримиз шу ариқнинг сувига ўхшаб соф, тиниқ, тоза, кирсиз бўлиб оқадир.. Тер тўкамиз. Ишлаймиз-да, яшаймиз… Кимсага топинмаймиз, кимсадан тиланмаймиз», дейди.

Анча етук, софдил, ўз кучи ва меҳнатига, самимий муҳаббатига бутун вужуди билан таянган деҳқон йигит энди бахтли ҳаёт қуришига қаттиқ ишонади, яхши яшаш иштиёқи билан ёнади. Арслон, Ботир, Тўлғунларнинг ҳаммаси ўз олдига ана шундай жанговар мақсад қўйган, эндигина шаклланиб келаётган янги кишилар дунёқарашини акс эттирувчи шахслар эди. Арслон билан Тўлғун ўртасига Мансурбой раҳна солади. Найранг билан Тўлғунни тўртинчи хотини қилиб олишга интилади. Аммо Тўлғун фақат Арслонни дейди, агар Мансурбойга зўрлаб беришса, қочиб кетажаги, тутиб олишса, ўзини ўлдиражагини дангал айтади. Тўлғун билан Арслонлар барча хатти-ҳаракатлари билан партия ва ҳукуматимизнинг 20-йилларда амалга ошира борган сиёсатини ифода этар ва бу ўз даври учун муҳим тарбиявий аҳамиятга эга эди. Арслон бутун ички сирию ҳаёти мазмунини ўз севгилисига очиб ташлайди. Жамиятдаги бой ва камбағал деб аташ одат бўлган табақаланишни яхши билади. Бойлар текинхўр ва эзувчи, уларга қарши кескин курашиш лозим, деб тушунади, шунга бел боғлайди. Бойлар «…бозорни бозор, шаҳарни шаҳар, қишлоқни қишлоқ таладилар. Ҳукуматни эмдилар, элни эздилар… Бизларга қараб ҳам тишларини ғижирлата бошладилар. У мурдор тишларининг бир кун қаттиқ бир тошга учраб синиб кетишидан сира қўрқмайдилар…» Бу гаплар Инқилоб арафаси ва ундан кейинги дастлабки йилларнинг айни шиори эди. Аммо худди шу анъана 30-йилларга келиб, шахсга сиғиниш оқибатида отани болага, хотинни эрга, акани укага душман қилиб, ўз туғишганини гўрга тиққан одамларни қаҳрамон деб рағбатлантиришгача бориб етишини ҳали Фитрат хаёлига келтиролмас, зотан Фитратнинг ўзи ҳам шу оқимда ҳалок бўлишини билмас эди.

Асардаги қишлоқ имоми — сўфи Мулла Ашур, хон амалдори — Дорға, вилоят ҳокими — Бек, унинг амалдорлари, Мансурбоининг хотинлари — Зайнаб ойим, Шарофатхон, оддий қишлоқи деҳқонлар — Қўрҳасан, Тўрақул, Турсун каби бир қатор образлар фаолияти орқали биз Бухоро томонлардаги ҳақиқий ҳаётий воқеалар — фожиалар билан чуқур танишамиз. Асар бутун моҳияти-эътибори билан муаллифнинг социалистик инқилобга бўлган эътиқодини ёрқин кўрсатади. Бутун қишлоқда Мансурбойдан кўра обрўли одам йўқ. У домлага ҳам, имомга ҳам, каттадан-кичик ҳаммага бемалол буйруқ оҳангида гапираверади. Унинг хатти-ҳаракатлари, ер-мулкини кўпайтиришдан бошлаб, хотинлари устига Арслондан Тўлғунни тортиб олиш бобида Бек, домла, имом, қишлоқ оқсоқолларигача ишга солишини кузатсангиз, Солиҳбою Ғофир, Жамилаларни кўргандай бўласиз. «Арслон» драмасида кўтарилган муаммолар доираси жуда кенг. Ундаги ҳар бир гап, сўз, катта-кичик воқеа-ҳодисалар ҳамиша бирон-бир инсон тақдиринигина эмас, унинг ичкиташқи дунёсини юксак бадиийлик билан очиб беради.

Бойнинг хотинлари Тўлғунни келтирмаслик учун минг кўчага кириб чиқадилар, иссиқ-совуқ қилувчиларга, фолбинларга катта-катта пул бериб, бойни айнитишга ҳаракат қиладилар. Шу жараёнда эса Мансурбой оиласининг кирдикорлари очилаверади. Шарофатхон билан Зайнаб ойим аввал ўзаро рашк қилардилар. Бой Тўлғунга кўз олайтиргандан кейин зиддият яна кучайиб кетади. Арслон билан Мансурбой ўртасидаги аслида мавжуд бўлган ижтимоий зиддият ҳам Тўлғун муносабати билан баттар авж олади, очиқ курашга айланади. Зиддиятлар шу даражага бориб етадики, Мансурбойнинг хотинлари эрдан алам олиш учун ўзлари дам солдираётган муллаларни ўйнаш қилиб оладилар… Ботир билан Арслон ошкора ҳужумга ўтадилар. Аслида тошюрак Мансурбойнинг дағаллиги тобора ошиб боради. Унда инсоф деган нарса йўқ. Камбағал деҳқонларни қийнаб қарзини қистайди, вақтида беролмаса, уйжойи ёки ёш-ёш қизларини гаровга сўрайверади. Қарзини вақтида тўлай олмаган Кўрҳасан ҳақида имомга шундай дейди:

— Олиш бор, бериш йўқми? Кўрнинг суякларини синдириб оламан, қўяманми уни!

Имом: Кеча биз билан кенгашди, тақсир, 12 ёшар бир қизчаси бор. Шуни баҳолаб бермакчи бўлди. Букун шунда тўпланамиз, шу ишни битирамиз…

Арслон: Бой, шу элдан нима истайсиз? Бойлик бўлса олдингиз. Бутун кентимизнинг бор-йўғи сандиғингизга оқиб кетди. Эмди номусларимизни яралаб, кўнгилларимиз билан ўйнай бошладингиз. Бунчаси уятдир… Мен шу қишлоқнинг боласиман; қишлоқ болаларини сизнинг ёмонлигингиздан сақламоқ менга тушадир.

Юқоридаги образларнинг хатти-ҳаракатлари ва диалогларидан кўриниб турибдики, 20-йиллар адабиётида янги ҳаёт учун кескин курашлар руҳини бадиий ифодалаш фақат инқилобгача мавжуд бўлган барча воқеа-ҳодисаларга қарши туриш билан, уларни парчалаб ташлаш билан таъминланади, деб ҳисобланар эди. Бу йўналиш 30-йилларга келиб янада кенг миқёсда давом этди, бора-бора инсон бир-биридан нуқул хато, нуқсон, айб ахтариб топадиган, бир-бирига қарши курашадиган, ҳатто бир қориндан талашиб тушганлар бирибирининг тагига сув қуядиган бўлиб қолди. Шахсдаги асил инсоний фазилатлар тобора хира торта бошлади.

Гулсарани ўз отаси бўғиб ташласа, Нурхонни ўз акаси ўлдиради. 30-йиллар ўзбек адабиётида бу каби воқеалар тасвири жуда кўп. Бир асарда колхоз ичидаги душман ахтариб топилса, иккинчисида илмий текшириш институтидаги зараркунандалар фош этилади. Асарларга қўйиладиган номлар ҳам худди шу руҳда. Бири «Ёндирамиз» деб, иккинчиси «Ниқоб йиртилди» деб аталади ва ҳоказо. Бундай йўналиш шахсга сиғиниш даврида инсонларни ҳамиша бир-бирини таъқиб қилиш, бир-биридан шубҳаланиш, оқибатда ҳеч кимга ишонмаслик руҳида яшашга олиб келди. Адабиётнинг улугвор вазифаси инсонда инсоний фазилатларни ривожлантиришдай олий мақсад орқага суриб ташланди.

Адабиётимиз тарихида қайта кўриб чиқишга оид бундай муаммолар тўлиб ётибди. Мана, «Арслон»даги батракларни олиб кўрайлик. Ўз ерига эга бўлишдан кўра каттароқ орзу уларда йўқ. Ер-сув ислоҳоти уларни роса қувонтирди. Ер олиш билан жон-жон деб ишга киришдилар. 30-йилларга келиб колхоз-совхозлар тузила бошланди. Катта ер эгаларию кўплаб ўрта деҳқонлар «қулоқ қилинди». Ер энди колхозники деб эълон этилди. Деҳқон яна ерга эгаликдан маҳрум бўлди. Ердан совиди. Иложини топгани шаҳарга кўчиб кетаверди. Ердан унум камайиб, иқтисодда танглик рўй бера боргани эндиликда ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

20—30-йиллар ўзбек адабиёти ҳақида гап кетганда, у даврда яратилган бадиий асарларга баҳо берганда бундай воқеа-ҳодисаларни кўзда тутмай туриб, чинакам илмий тарихни тасаввур этиб бўлмайди. Фитрат «Арслон» драмасидаги ижобий қаҳрамонлар қиёфаси, дунёқарашини чизар экан, камбағал деҳқон тақдиридаги бундай истиқболни хаёлига ҳам келтирмаган, фақат уларнинг келажаги порлоқ бўлади, деган ақидага қаттиқ ишонар эди. Яна бу асар ёзилган даврда партиянинг адабиёт соҳасидаги сиёсати ҳақидаги машҳур ҳужжати (1925 йил) эълон қилинган эди. Унда совет адабиётини ҳар қандай ёт унсурлардан тозалаш, адабиётда пролетариат ғоявийлигининг етакчилиги учун кураш масалалари белгилаб берилган эди. Фитрат мазкур кўрсатмага амал қилади, ўз асарининг сиёсий жиҳатдан тўгри бўлишига интилади. Яъни бунда пролетариат ғоявийлиги масаласини биринчи ўринга чиқаришга алоҳида аҳамият беради. Бой — эзувчи, камбагал — эзилувчи, Бой — ноинсоф, камбағал — инсофли. Бойда бирор тўгрилик, самимият йўқ, камбағал ҳамиша ростгўй ва самимий. Бойнинг хотинларию ўғил-қизлари ҳам ўзига ўхшаган нопок, шалоқ, бузуқ, камбагалнинг хотинию ўғил-қизлари пок, садоқатли, бўйига етган қизи ҳам фақат камбагални севади, гарчи яхши уй-жойи, овқати, кийим-кечаги бўлмаса ҳам унга содиқ. Фитрат сиёсатда хато қилмаслик учун 20-йилларнинг ўрталарида, айниқса «Арслон» драмасида худди шу йўлдан борди. Зотан 20—30-йиллардаги то биз кейинги даврларгача мақтаб келган бадиий асарларнинг деярли ҳаммаси шу руҳ билан суғорилган эди. Ҳамза, С. Айнийнинг барча асарлари шу хилда яратилди.

Аммо кези келганда шуни айтиб ўтайликки, Абдулла Қодирийнинг тарихий романлари мана шу нуқсондан холидир. Отабек, Кумуш, Юсуфбек Ҳожи, Қутидор, Ҳасанали, Ўзбек Ойим, Офтоб ойим, Анвар, Раъно, Султонали, Сафар бўзчиларнинг қиёфаларини бир кўз олдингизга келтиринг-чи! Ёзувчининг буюклиги — инсонни қайси табақага мансуб бўлишидан қатъи назар ундаги фазилат билан нуқсонларни туб илдизлари билан кўрсатади. Шахсни ижтимоий келиб чиқиши эмас, балки инсоний фазилат улуғлайди, деган ғоя А. Қодирий романларида бўртиб туради. Худди шу хусусият туфайли «Ўтган кунлар» билан «Меҳробдан чаён» қарийб етмиш йиллардан буён эскирмай қўлдан-қўлга, дилдан-дилга ўтиб юради.

Юқоридаги айрим фикрларни далиллаш учун «Арслон» драмасидан мисоллар келтирамиз:

Арслон: Уҳ… Яшамоқ совуқ бир ҳазилмикан, билмадим! Бало устига бало. Қайғу устига қайғу… Яна буларнинг ҳаммаси бизга, биз камбағалларга келадир… Ота билан ўғил бизнинг орамизга кириб элни таламоққа киришдилар. Буларни жин урмайдир… Кампирлар йиглашлари дунёни ўзгарта олмас экан, она. У йиғлади, сен йиғладинг, сен каби, у каби яна кўп кампирлар йиғладилар, нима фойда?! Ҳеч…

Турсун (Арслоннинг онаси): Нима қилмоқ керак, болам?

Арслон: Уни мен ҳам билмайман!..

Ботир (Арслонга): Менга ёрдам эт. Мени бу ҳолдан қутқор! У (бой) мени уйимдан чиқарди. Мен уни дунёдан қуваман… Ўлдираман. У яна беш йил дунёда турса, мен каби 20—30 йигитнинг ўлуклари сағанасиз, кафансиз кўчаларда чириб ётғусидир…

Шу зайил зиддият кучайиб бориб, Ботир Мансурбойга суиқасд қилади, Арслон ушлаб қолиб бойни қутқаради, дўстига бу йўлдан бормасликни тавсия қилади. Шу тасодифдан фойдаланиб, бой Арслонни ҳам, Ботирни ҳам ўғрилар деб қаматиб юборади ва ҳоказо… Бадиий асардаги бу каби йўналиш 20—30-йиллар адабиётининг деярли бутун моҳиятию қимматини белгиловчи омил эдики, Фитрат ҳам ундан четда қолмаган. Бу билан Фитрат партиянинг бадиий адабиёт соҳасидаги сиёсатига амал қилишни кўзда тутган эди.

«Арслон» драмасида хотин-қизлар образларини яратишга катта ўрин берилади. Арслоннинг онаси Турсунбиби билан Ботирнинг онаси Нор хола, Тўлғун ва унинг онаси Ойтўкса кампир бир-бирларига самимий дугона ва сирдош, дардкаш, эзилган табақа аёллари — ниятлари пок, ҳалол яшайдилар, лекин турмушнинг барча кулфатлари шулар бошига тушади. Зайнаб ойим, Шарофатхон Мансурбойнинг бойвучча, сатанг хотинлари — бузуқ аёллар. Улар Тўлғунга муттасил зулм қилишади, таҳқирлашади, сен нега бойга тегасан, деб тепкилашади. Бой эса яна уни, сен менга нега тегмайсан, деб тепкилайди… Мана кўрдингизми, 20-йилларда бизнинг келажагимиз, бахт-истиқболимизнинг порлоқ бўлиши фақат жамиятимиздаги бир-бирига қарама-қарши турган табақалар ўртасидаги курашларга боғланар, буни синфий кураш деб аталарди. Кураш тобора қизиб, кескинлашиб боради, ҳамма душманларни синф сифатида тугатмай туриб социализм, коммунизмни қуриб бўлмайди, деб тушунтирилган эди. Ана шу тушунчалар инсонни бир-бирига нафрат билан қарашга ўргатди, ёвузлик, душманлик ортиб борди, ҳаётни шубҳаларга тўлдирди, ўзаро муносабатлар аксари ёлғондакам, ясама, сунъийликка айланди. Тўй-томоша, дастурхон атрофида бугун мақтов гапини айтган одам эртага ўша «дўсти»га қарши чуқур кавлайдиган бўлиб қолди. Биз «Арслон» драмасида ва ундан кейин яратилган қатор асарларда жамиятимиздаги мазкур ҳолатни кўрамиз. Ҳаётда одат тусига тобора чуқур кириб борган ана шу синфий қарашлар «Арслон» драмасидаги қаҳрамонларнинг тараф-тараф бўлиб бирлашишларига олиб келади. Арслон, Ботир, уларнинг оила аъзолари, деҳқон чоллар — Яраш, Боймурот, Кўрҳасан ва бошқаларнинг фожиалари ҳам шу жараёнда рўй беради. Мансурбой, домла, имом, Бек, оқсоқоллар — ёвуз шахслар сифатида бирлашиб, ҳаётни фожиадан-фожиага сургашаверади, ўзлари ҳам ҳалокатга учрайверади.

Энди бир-икки оғиз сўз «Арслон» драмасининг 20—30-йиллар ўзбек адабиётига таъсири ҳақида. Одатда адабий жараёнда бирор асар ёки ундаги айрим нуқталар бирор ёзувчида фикр уйғотади ва янги бир асарнинг яратилишига олиб келади. Ҳар бир ёзувчи адабий жараёндан, шубҳасиз, ижодий фойдаланишга ҳақлидир. Бундай жараён баъзи тасвирий воситалар, ўхшашликлар билан ҳам изоҳланиши мумкин. Бундай кезларда асарлар туб моҳияти, хулосалари билан бир-биридан фарқ қилади. Аммо бу ҳол нусха кўчириш учун ҳеч кимга ҳуқуқ бермайди. Шу нуқтаи назардан «Арслон» драмасидан баъзи мисоллар келтирамиз ва хулоса чиқаришни ўқувчиларнинг ўзларига ҳавола қиламиз. Арслон билан Ботирни ўғриликда айблаб, Мансурбой, Бек, домлаимомлар йиғилиб туриб сўроқ қилишади:

Бек: Сизни қўяманми, кўзларингизга бигиз суқаман… Ўғрилар.

Халойиқ: Ботир билан Арслонда гуноҳ йўқ. Бу туҳмат!

Оқсоқоллар: Қуллуқ, тақсир, қуллуқ!..

Арслон: (Тўлғунга) Мен ўлсам-да, сендан айрилмайман, Тўлғун. Бизни ҳеч ким ажрата олмайдир. Тоғангиздан минг, бойдан миллионтаси орамизга кирса, ҳаммасини итариб, судраб, йиқитиб, топтаб, тепиб юраман-да, сенга эришаман.

Тўлғун: Онам ҳам мени ёқлаб сўйлайди. Мансурбой қишлоғимизда бор нарсаларни олиб битирди. Эмди меним биргина қизимга қўл узатмай қўя қолсин, деди…

Мансурбой домла, имом, оқсоқолларни писанд қилмайди, едириб-ичириб, бемалол буйруқ қилаверади. Бой билан Арслон зиддияти кучайиб кетгач, бой имомсўфиларга дағдаға қилади, имом «Арслонга насиҳат қиламиз, тузатамиз», деб қўяди. Шунда бой «Насиҳат-пасиҳатингизни қўйинг, улар билан бўлмайди, — дейди.— Раисга хабар беринг, элтиб жазосини берсин, кўзини жойига келтирсин».

Имом: Хўб бўлибдир, тақсир.

Бой: Аҳмоқ, айниқса, кампирни демайсизми, тағин шу беномозга қизини бермоқчи бўлган-а! Насиҳатни унга қилингиз, қизини тузукроқ бир кишига берсун!..

Бой Тўлғунга биринчи марта бетма-бет келгандаги суҳбатдан:

Бой: Раҳматлик отанг яхши киши эди, онангга айт, бизникига келиб турсин, ўзинг ҳам келиб тур, биз сизга карашиб турамиз. Хизматчингиз йўқми?

Тўлғун: Хизматчини ким боқади? Биз ўзимизни куч билан боқамиз.

Бой: Э… Шундайми, сизлар камбағал бўлиб қолганмисиз? Нега менга билдирмайсиз, мен пул бераман. Онангга айт, қанча пул қарз истаса, енгилроқ қилиб берай, олсин.

Тўлғун: Онам биладир. (бой унинг қўлидан ушлаб тортади, Тўлғун ғазаб билан ундан қочади…)

Арслон (келиб қолади): Бой, у қиз менга фотиҳа бўлган, билмайсизми?

Бой (кулиб): Қарға қўндиргани бутоқ тополмайсан, сен хотинни қандай қилиб оласан?

Арслон: Қандай қилсам мен қиламан, сенга нима?

Бой: Менга нима эмас, мен шу кентнинг каттаси… Мени тингла, бориб бечорачилигинг билан бўл. Ишлаб, бир тилим нон топиб онангни тўйғиз. Хотин оламан деб эл қизлари орқасидан юрма, у қизни мен оламан!..

«Арслон»даги яна бир кўринишдан парча келтирамиз: Бойнинг хотинлари Шарофатхон билан Зайнаб ойимлар иссиқ-совуқчи домлаларини ўйнаш қилиб олишгани юқорида айтилган. Бир куни Зайнаб ойим олдига паранжи ёпиниб имом келади ва бемалол шакаргуфторлик қилиб ўтирганда эшикдан бойнинг овози эшитилади. Домла қўрқиб кетади, Зайнаб сира писанд қилмай дик этиб туриб эшикка боради ва Бойга айтади: «Кирманг, қўноқ бор, ўзим чиқаман».

Бой: Ким бор?

Зайнаб: Холамлар келган эдилар. Холамлар сизни сўрайдилар, Бой бобом қалай, яхшими дейдилар.

Бой: Худога шукур. Ўзларидан сўрасак… Нечун бизникига оз келадилар. Сизни севмайдилар чоғи!

Зайнаб: Йўқ, севадилар-ку, энди ишлари кўп-да.

Бой: Дунёнинг иши битмайди. Тез-тез келиб турсинлар.

Зайнаб (имомга кулиб): Сизни яна уйланар экансиз, деб эшитибдилар.

Бой: Йўғ-е…

Зайнаб: Худо хоҳласа, янги хотинларини ҳам келиб кўраман, дейдилар.

Бой: Йўғе, шу борларини келиб кўраберсинлар… Холани кечаси сақлаб қолинг!

Зайнаб: Мен боя шуни айтдим, йўқ дедилар.

Бой: Нечун, қолсалар яхши бўларди-ку?!

Зайнаб: Ишлари кўп экан. Бу кеча қўноқлари бўлар экан, мени ҳам чақиралар, борайми?

Бой: Албатта боринг. Сиз боринг, улар келсунлар.

Имом Зайнабни ўз уйига олиб кетади. Қишлоқ деҳқонлари ҳар иккиси бирга ётганда тутиб, Арслон бошлиқ тумонат одам оқсоқолни ҳам биргаликда бой олдига олиб келиб шарманда қиладилар. Бой ўғлига: «Болам, тур, онангни нариги уйга элтиб, қўлоёғини боғлаб қўй; бу кўрнамакни (имомни) оғилхонага тиқиб қамаб қўй», дейди изза бўлиб. Хуллас, бой қишлоқда гап-сўзга қолади… Бунинг учун унинг ўғли Қудрат Арслонни ўлдиришга қарор беради, аммо Арслон ўз кучига ишониб бойни ҳам, ўғли Қудратни ҳам ўлдириб аламдан чиқади, асар шу билан тугайди.

1927 йилда Ғози Юнус А. Ҳақвердиевнинг «Хоннинг севгиси» деган асарини эркин таржима қилиб саҳналаштиради. Пьесанинг асосий моҳияти камбағал йигит Саиднинг гўзал хотинини хон зўрлаб тортиб олиши, бу ишда вазир, имом ва бошқаларнинг фаолиятини кўрсатиш билан очилади. Хон ўз одамларини тўплаб: «Хотиннинг эрига айтинглар, талоқ қилсун», деб буюради. Вазирлар, маслаҳатчилар йиғилиб Саидни ўртага олишади.

Вазир: Хон овга кетатуриб, хотинингни кўриб қолиб, ошиқ бўлибдир… Амир қиламанки, хотинингни талоқ қиласан ва хон ўзига хотин қилиб олсин. Нодон, қанча пул, амал сўрасанг берилур. Мамлакатнинг энг гўзал қизларидан бирини олиб берамиз…

Бошқа вазир: Саид! Хон буйруқ берсалар, сени бир зумда йўқ қилурлар. Адолатни кўргинки, шаҳаншоҳ одил, қандай раҳмдил ва фуқаропарварларки, хотинингни зўрлаб, олмайдилар!

Саид: Мен яхши биламан, хон молу жонимни забт қила оладир. Мани ўлдиришга, ёндиришга, дорга тортишга соҳиб ихтиёрдир, аммо маним номусимға ҳеч кимнинг қўл солишға ҳаққи йўқдир… Ман тирик эканман, талоқ қилмайман!

Фитрат ва Ғози Юнусдан келтирилган мазкур парчалар улардан кейин пайдо бўлган бир қатор асарлар пайдо бўлишига туртки бергандай туюлади. «Арслон»даги Мансурбой «Бой ила хизматчи»даги Солиҳбойга қанчалик яқин. Солиҳбой Жамилани тортиб олиш учун домла-имомлардан қозигача ишга солишию Ғофирни ўртага олишдаги суҳбатлар Мансурбой Тўлғунни, Хон Саиднинг хотинини тортиб олиш учун кўрган тадбирларини эслатмайдими?! Мансурбойнинг хотини Зайнабнинг хулқи-атвори А. Қаҳҳорнинг «Майиз емаган хотин» ҳикоясининг ёзилишига туртки берган бўлса не ажаб?! Мансурбойнинг хотинлари томонидан иссиқ-совуқ қилиш борасида кўрган чоралари — дам солинган ўлик хотин калласига игна тиқиб, Тўлғунни бош оғриғи қилиб ўлдиришга уриниш — «Қутлуғ қон»даги Нуринисанинг хатти-ҳаракатларига, Мансурбойнинг Тўлғунга дастлабки дуч келгандаги суҳбатлари Мирзакаримбойнинг Гулнорга учрагандаги ҳолатларни чизишга туртки берган бўлиши мумкин-ку. Аммо «Бой ила хизматчи»даги кўпгина эпизодлар, диалоглар, ҳатто диалогда қатнашувчи образлар «Арслон» ва «Хоннинг севгиси» драмаларидаги кўпгина ҳолатларни яққол кўз олдимизга келтиради. Зотан, «Бой ила хизматчи» Ҳамза томонидан илгари ёзилган ва унинг асл нусхаси топилмаганини Комил Яшин эътироф этиб, дастлабки вариантида ўйнаган артистларнинг хотиралари асосида яратилганини таъкидлаган эди. Шунинг учун ҳам асарнинг кейинги вариантида биз юқорида номларини айтиб ўтган драмаларнинг таъсири кўпроқ бўлганга ўхшайди.

Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, ўзбек совет адабиётида ҳозирги мавжуд кўп муаммоларнинг деярли ҳаммаси 20—30-йиллардан буён давом этиб келади, десак муболаға бўлмаса керак. Фитрат ижоди 20—30-йилларда ҳам жиддий баҳс ва мунозаларга сабаб бўлган эди, ҳозир ҳам шундай. Демак, катта ижодкор ва серқирра истеъдодларгина узоқ даврларгача хилма-хил фикр уйғота олади, одамлар улар ҳақида муттасил баҳслашади, йиллар ўтиши билан олдинга сураётган саволларга жавоблар топилаверади. Фитратнинг турли жанрларда ёзилган кўпгина асарлари қаторида «Арслон» драмаси ҳам ўз қимматини ҳамон сақлаб қолган.

Аҳмад Алиев, филология фанлари номзоди

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 12-сон