Абдурауф Фитрат. Яссавия мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар (1928)

Ўрта Осиё турк адабиётининг исломдан сўнгги мактаблари орасида Яссавий мактаби[1] жуда нуфузли, катта ўрин тутадир. Бу мактаб асрлар бўйича бизнинг ўлкада хонақоҳ, ибодат адабиёти ярата келди. Элимизга дунёдан, ҳаётдан узоқлашиш, риёзат чекиш фикрлари каби буддизм қолдиқларини исломий бўёқлар билан бўяб беришга машғул бўлди. Зотан, ибодат адабиёти исломдан бурунғи туркларга ёт бир одат эмас эди. Милодий ўнинчи асрда Бухородан Хитойға саёҳат қилған сайёҳ Абу Дулаф[2] мусулмон бўлмаған қирғизларнинг ўз ибодатларида тизмалар ўқуғанларин кўрган эди. (Мажма ул-булдон, Ж. 3. б. 448.)

Яссавий тариқатининг, айнуқса, дала турклари орасида мунча кенг шаклда тарқалишиға, бу тариқатнинг уларнинг эски ибодат шаклларига ёт бўлмағанин ҳам катта роли бўлған, албатта, Яссавий мактаби адабиётининг бошида милодий 1166 (ҳижрий 562) да ўлған машҳур Аҳмад Яссавий туради. Ўрта Осиё сўфийлигининг «яссавия» ёхуд «жаҳрия» қўлини таъсис қилған бу одам ҳақида «Маориф ва ўқитғучи» журналининг ўтган сонларида ёзилған эди, янгидан бу ҳақда сўзлаш керак эмас. Ёлғуз шуни айтиб ўтиш лозимки, яссавий тариқати Ўрта Осиёда абдулҳолиқийлар ёхуд нақшбандлар тариқати[3] билан мувозиъ суратда давом этиб курашкан. Темурийлар замонида яссавийлар бу курашда муваффақ бўла олмаған бўлсалар ҳам, ўзбеклар ҳуқумати замонида рақибларини енга олғанлар. Шайбонийхоннинг яссавий шайхларининг фотиҳа ва ташвиқлари билан келиб машҳур нақшбанд шайхи Хўжа Аҳрорнинг севгили ўғли Хўжа Яҳёни(нг) укалари боболари билан ўлдурилиши яссавийларнинг енгишлари эди. Ўзбек Убайдуллоҳхон замонида яшаб, милодий 1542 йилда ўлған Маҳдум Аъзами Даҳбидийнинг[4] нақшбанд бўлгани ҳолда «жаҳрия»ни қабул қилиши Ўрта Осиёда яссавийлик ғалабасининг хорижий бир шоҳиди бўлди[5]. Мана шундан сўнг яссавийликнинг Ўрта Осиёда ғолиб сифати билан давом қилғанин кўрамиз.

Яссавийликнинг хоҳ ғалабасидан бурун, хоҳ ундан кейин Ўрта Осиёда бир кўб шоирлар етиштирганини қабул этмак жудаям янглиш бир ҳаракат бўлмаса керак. Лекин бу Яссавий шоирларининг асарлари бўлсун, ўзлари бўлсун ҳалигача тамоман маълум бўлмаған, текширилмаған! Булардан бизга яхшигина маълум бўлмағани Аҳмад Яссавийнинг шогирди, муриди Ҳаким Сулаймон отадир. Ҳаким Сулаймон ота Аҳмад Яссавийнинг учинчи халифаси бўлуб, унинг кўрсатиши билан Хоразмға бориб шайхлик қилган. Милодий 1186 да (пиридан йигирма йил сўнгра) ўлган. Қабри Хоразмда Боқирғон деган жойда, қўлимизда бўлған «Тазкират ул-авлиё»ларнинг бири Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикмат»ларидан бермагани ҳолда ҳаммалари Ҳаким Сулаймон отанинг кўб «Ҳикмат»лари борлиғини бир оғиздан айтиб турадилар.

Боқирғон ҳикматлари «Боқирғон китоби» исми билан 1906 йилда Қозонда босилған[6]. Бори 75 бетдангина иборат бўлган бу китобчадаги шеърларнинг ҳаммаси Ҳаким ота шеърлари эмас. Онда Ҳаким Сулаймон отанинг ёлғуз 36 парча шеъри бўлған, ҳаммаси 1180 мисрадан иборатдир.

Мазкур китобчада Ҳаким отадан бошқа кўбрак шеърлари ёзилған шоирлар тубандагилардир:

  1. Шамсдан[7] 24 парча, ҳаммаси 1058 мисраъ.
  2. Иқонийдан[8] 19 парча, ҳаммаси 266 мисраъ.
  3. Қул Убайдийдан 13 парча, ҳаммаси 334 мисраъ.
  4. Қул Аҳмаддан 10 парча, ҳаммаси 238 мисраъ.
  5. Машрабдан 10 парча, ҳаммаси 201 мисраъ.
  6. Худойдоддан[9] 4 парча, ҳаммаси 64 мисраъ.
  7. Қул Шарифдан[10] 4 парча, ҳаммаси 70 мисраъ.
  8. Фақирийдан[11] 2 парча, ҳаммаси 28 мисраъ.

Булардан бошқа Ҳуббий, Қосим, Тафий (?), Фикрий, Масиҳий, Ғаззолий, Гадоли[12], Қул Шарафий, Шуҳудий, Беҳбудий, Бобо Мочин[13], Тож[14] каби шоирлардан бирор парча босилған.

Бу шоирлардан «Қул Аҳмад», «Хожа Аҳмад», «Қул Хожа Аҳмад» тахаллуслари билан ҳикмат ёзғани Аҳмад Яссавийнинг ўзи бўлгани каби, Машрабнинг ҳам ўзимизнинг Шоҳ Машраб бўлиш эҳтимолини қабул қилиб, ким эканлари текширилмаған шоирларға ўтамиз.

Иқоний: тахаллусидан унинг Фарғонадаги Иқондан экани онглашиладир. Яссавий шоирлари орасида машхур Маҳдуд Шайхнинг[15] муриди Қамол Шайх деган одам бор. «Рашаҳот» билан бирга бутун маноқиб китоблари бу Камол Шайхнинг Хожа Аҳмад билан суҳбат қилғанин хабар бермакдалар. «Рашаҳот»[16] унинг дақида «аз кибори асҳоби Маҳдуд шайх буда ва дар вилояти Шош мином дошта» деб Тошкандда турғанин билдирадир. Ҳижрий 1096 да бухороли Муфти Зинда Али[17] томонидан ёзилған «Самарат ул-машойих»[18] отли китобда ҳам «Ламаъот»да[19] бу Камол Шайхнинг таржимайи ҳоли ёзилғанда «лақаби эшон Иқоний аст солҳо дар қария Алиобод Самарқанд буданд, вафоти шариф эшон он жост», дейиладир.

Бунинг катта нуфузли бир шайх бўлуб, «Иккинчи Аҳмад Яссавий» деб аталғанини мазкур «Самарат ул-машойих» эгаси қайд этадир. Хожа Аҳрор мундан гапирганда «Хуросондан Тошкандға қайтғанимдан сўнг менга келиб турар эди», деган. Хожа Аҳрорнинг ҳижрий 806 да туғилиб, 29 яшарлиқда Хуросондан Тошкентга қайтғанини назарга олганда Иқонийнинг ҳижрий 835 дан сўнгра Тошкендда бўлғанини, ондан кейин Самарқандға кўчиб, шунда вафот қилганини айтиш мумкин.

«Самарат ул-машойих»нинг мазкур Шайх Камол ҳақида «ва ҳикмати бисёр аз эшон сар зада аст, маштамил бар маориф ва дақойиқин қавм аст», деб унинг сўфийликка оид бир кўб ҳикматлар ёзғанин тўғрисидаги ифодасини ҳам юқоридағи маълумотға қўшуб қўйсак, Боқирғон китобидаги Иқонийнинг шул Камол Шайхдан бошқа киши бўлмағанига шубҳа қолмайди. Ҳижрий тўққизинчи асрда ўлган бу чиғатой — яссавий шоирининг бутун шеърлари шул Боқирғон китобида босилған 19 парчадан иборат эмасдир, албатта. Шунинг учун бу 19 парча билангина Иқонийнинг шоирлиғи тўғрисида бир фикрга келиш(и) қийин. Шундай бўлса ҳам шул парчаларга қараб унинг ҳаяжонсиз, кучсиз, қуруқ бир назмчи воиз бўлғаниға ҳукм қилишдан бошқа чорамиз йўқ.

Шамс: Боқирғон китобидаги ҳикматларда бунинг кўпроқ Шамс, бир ўринда Шамсиддин, бир-икки ўриндағина Шамс Ўзгандий тахаллус қўйғанини кўрамиз. Ҳалиги «Самарат ул-машойих»нинг ифодасича, Камол Шайх Иқонийнинг Сайид Аҳмад[20] деган бнр муриди бўлған[21]. Иқонийға йигирма йил хизмат қилған. Йигитлик чоғида Хожа Аҳрор билан суҳбати бўлған. Самарқандда вафот қилган. Қабри у замонлар «Шайхзода дарвозаси» аталған «Пойиқабоқ» дарвозасида экан. Мана шу Сайид Аҳмад Шайхнинг муридларидан бири Мавлоно Шамс Ўзгандийдир. Асли, Ўзганддан, расмий таҳсилини Ҳиротда битирған. Ундан қайтиб, Самарқандда Сайид Аҳмад Шайхға мурид бўлган. Сўнгралари яна Ўзгамға бориб, деҳқончилик билан машғул бўлган. Пири Сайид Аҳмад Шайх ўлгандан кейин Самарқандга қайтиб, унинг ўрнини олған бўлса керак. Вафоти Самарқандда бўлиб, пири Сайид Аҳмад Шайхнинг ёнига кўмилган. «Самарат ул-машойих» эгаси мунинг ҳам ҳикматлари борлиғини сўйлаб: «Қутби жаҳон Сайид Аҳмад, ё (ҳазрат) шайхам мадад» мисраъини ўз китобига кўчирадир. Бу мисраънинг Боқирғон китобидаги Шамс шеърларидан шул бизнинг Шамс Ўзгандийники эканин қатъий суратда билдирадир. Шамс Ўзгандийнинг Хожа Аҳрор билан муносабати тўғрусида ҳеч бир қайдға учрамадик. Шунинг учун бунинг Хожа Аҳрор ўлғандан сўнг Самарқандда туруб, ҳижрий ўнинчи асрда вафот қилғанини қабул этиш жудаям янглиш бўлмаса керак.

Қул Убайдий: Убайдий, Убайдуллоҳ, Қул Убайдий тахаллуслари билан ҳикматлар ёзган бу одам, бизнинг фикримизча, машҳур ўзбек хони Убайдуллоҳ(хон)дан бошқа киши эмас. Машҳур Шайбонийнинг Марв теграсида шоҳ Исмоил Сафавий ўлдурулиши (1510) муносабати билан ажиб суратда тарқалган ўзбек аскари кучини бот фурсатда йиқиб, Шайбоний олған ўлкани янгидан зиёд қилған. Бу одам нойиб ҳам мустақил бўлуб, йигирма саккиз йил ҳукумат сурди ва милодий 1539 да вафот қилди. Бу одам ўзининг ҳукумат ишлариға қарамасдан шайхлиқ ҳам қилар эди, бу ишни ўзининг сиёсати учун лозим билар эди. «Самарат ул-машойих»нинг ёзганига кўра, Убайдуллоҳхоннинг тариқат нисбати Авлиё Қорахон отли бир шайх воситаси билан Ҳаким Сулаймон отаға борадир. Ёлғуз бу қадар билан қолмаған, ўзи учун муридлар олған[22]. Жаҳр мажлислариға иштирок қилған. Унинг ўлими билан топилған тарих моддаси «Зикр гў» (яъни зикр этгучи»дир)[23]. Убайдуллоҳнинг яссавийлар билан жуда қатъий боғланғанига яна бир далил, яссавий шайхи Худойдоднинг муриди Муҳаммадиёр Нўғай отаға ўз қизини берганидир. (Нўғай ота 1533 да ўлуб, Самарқанднинг «Сўғд» деган мавзеъида кўмилган.)

Убайдуллоҳ шоир ҳам мутасаввиф шоирдир. Унинг форсийча яхши шеърлар ёзганини «Музаккир ул-аҳбоб», «Мажма ул-фусаҳо», «Тазкират ус-салотин» каби манбаълар кенг суратда бизга билдирадирлар. Унинг форсийча бир ғазали машҳур мутасаввиф Маҳдум Аъзам номидан тасаввуф услубида шарҳ қилинған (менинг кутубхонамда бор). Убайдуллоҳнинг форсийча шеърларида тахаллуси кўбрак Убайдий бўлуб, баъзан Убайдуллоҳдир. Масъаланинг қоронғи томони унинг ўзбекча ҳикматлар ёзиб ёзмағанидир. Юқоридан бери унинг ҳаёти ҳақида берганимиз маълумотдан Убайдуллоҳнинг ҳикматлар ҳам ёзғанини гумон қилиш мумкин эди. Иш бизнинг гумонимиз билангина қолмади. Яқинда Бухорода топилған «Девон»и унинг Навоий мактабига эргашиб туркий ғазаллар, Яссавий мактабига эргашиб ҳикматлар ёзғанини ҳам очиқ исбот қилған бўлди.

Худойдод: яссавий шайҳларидан бўлиб, Шайбонийхонға ёрдам қилмагани учун Самарқанддан Ҳиротға ҳайдалған Жамол Шайхнинг муридидир, Яссавийликнинг нуфузли шайхларидан бўлған Олим Шайх томонидан ёзилған «Ламаъот» китоби мунинг маноқибидир.

Милодий 1532 нчи йилда ўлуб, Самарқанд шаҳридан уч тошлиқ йўлда кўмилган. Мутасаввиф шоирлардан бўлуб, тахаллуси Худойдоддир. Форсий шеърларидан бир ози «Ламаъот» китобида бордир. Бизнинг фикримизга кўра, туркий ҳикматлар ёзган Худойдод ҳам шунинг ўзидир.

«Боқирғон китоби»даги Қосимнинг Карманадаги машҳур Яссавий шайхи Қосим Шайх Азирон бўлиш эҳтимоли эсга келгани каби, Қул Шарифнинг Бухородағи қабри тунокунгача яссавийчиларнинг жаҳр ўрни бўлған Мавлоно Шарнф бўлиши мумкин.

Хуббий Ҳаким отанинг ўғли Хубби хожа бўлғани каби, Мочиннинг Аҳмад Яссавий муриди Бобомочин эканини қабул қилишға илмий бир монеъ бўлмаса керак.

Насимий машҳур озари(й) мутасаввиф шоири Сайид Имод Насимийдир. Ғарибий тўғрусида очиқ бир нарса айта олмаймиз. Бизда бу исмда бир шоир бўлғани маълум бўлса-да, ҳалигача яхши текшира олмаганимиз учун бу хусусда гапирмай ўтиш муносибракдир.

«Боқирғон китоби»даги шоирларнинг қолған қисмлари хусусида ҳеч бир нарса топа олмағанимизни эьтироф қиламиз. Текширишлар давом қилған сайин бу жиҳатларнинг ҳам кўбрак очила боришлари маълум.

____________
Фитратнинг бу асари тасаввуф адабиёти ҳақидаги қарашлари акс этган иккинчи мақоладир. У мантиқан «Аҳмад Яссавий» мавзусини давом эттиргани ва Яссавия тариқатига мансуб ўнлаб мутасаввиф шоирлар ҳақида қимматли маълумотлар бергани учун ҳам қадрлидир. Илмда «Боқирғон китоби» деб номланган тўплам фақат Ҳаким Сулаймон ота Боқирғоний қаламига мансуб деб қаралар эди, ушбу мақолада аниқланишича, бу китобга кирган ҳикматларнинг маълум бир қисмигина Сулаймон Боқирғоний томонидан ёзилган экан…

Мақола илк бор «Маориф ва ўқитғучи» журналининг 1928 йил 5—8 сон (49—52-бет)ида эълон қилинган бўлиб, 1993 йили «Қалб кўзи» газетасида (12-сон) қайта нашр этилган (табдилчи Ҳ. Болтабоев). Ҳар икки нашр ўзаро қиёсланган ҳолда ушбу тўпламга киритилди.

——————

[1] Яссавий мактаби — Фитратнинг адабиёт тарихига оид илмий тадқиқотларидан маълум бўлишича, ўзбек мумтоз адабиёти тарихида учта адабий мактаб мавжуд бўлиб, улардан биринчиси Яссавий мактаби бўлса, ундан кейин Навоий ва Амир Умархон мактаби вужудга келган. Яссавий мактабининг бошқа адабий мактаблардан энг фарқли жиҳати у хонақоҳ, яъни «ибодат адабиёти» ярата олгани билан ҳам адабиёт тарихида муҳим ўрин тутади.

[2] Абу Дулаф — асл исми Мисъар ибн Мухалхил ал-Хазражий Янбўйдир. Мадинага тобе ҳазраж қабиласидан бўлиб, X асрнинг бошларида Бухорога келган ва сомонийлар амири Наср ибн Аҳмад саройида хизмат қилган олим ва шоир. Унинг «Рисолат ул-аввал», «Рисолат ул-ухро» китобларида Ўрта Осиё тарихига оид қимматли маълумотлар бор. Фитрат ана шу маълумотларга таяняпти.

[3] «Абдулхолиқийлар» ёхуд «нақшбандлар» тариқати — «Нақшбанд тариқати» деган ном билан машҳур бўлган тасаввуф тариқати дастлаб «хожагон тариқати» деб номланиб, Абдулхолиқ Ғиждувоний томонидан асос солинган эди. Шунинг учун Фитрат «Нақшбанд тариқати»нинг илк даврига нисбатан «абдулхолиқийлар тариқати» иборасини қўллаган.

[4] Махдуми Аъзами Даҳбедий — асли исми Аҳмад ибн мавлоно Жалолиддин Хожагий Косоний бўлиб, асли Фарғонанинг Косонидан. Самарқанднинг Даҳбедида маскан қургани учун Маҳдум Аъзам Даҳбедий ҳам дейдилар. А. Ғиждувонийнинг тўрт васиятини ўзининг «Рисолайн чаҳор калима» асарида шарҳ қилган. Ўзи «хожагий» бўлгани ҳолда «жаҳрия»ни ҳам қабул қилган, Шайбоний сулоласидаги ўзбек хонлардан Убайдуллоҳхон, Абдулазиз, Жонибек Султон ва бошқалар унга мурид бўлганлар.

[5] Сўфийликдан бу. Яссавий ҳам нақшбандия тариқатининг ҳаракатлари Ўрта Осиё тарихининг муҳим ҳам жуда қатъий бир қисмидир. Бугунгача жиддий суратда текширилмаган бу мавзуъга оид яқинда «Ўрта Осиёда тасаввуф оқимлари» унвони билан мақолалар нашр этажакмиз. Фитрат

[6] «Боқирғон китоби»нинг қайта нашри 1993 йилда амалга оширилган, Қаранг: Боқирғон китоби. Т., Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1993 (нашрга тайёрловчи ва сўз боши мулллифи И. Ҳаққул).

[7] Шамс — тўла номи: Шамсиддии Ўзгандий, «Иккинчи Аҳмад» номи билан машҳур Камол Шайх Иқонийнинг Сайид Аҳмад исмли муридига Шамс Ўзгандий мурид бўлган. Тахаллусидан маълум бўлишича, асли ўзганлик. Ҳиротда ўқиган, Самарқандда мурид, сўнгра шайхлик қилган. Фитратнинг аниқлашича, ҳижрий X асрда вафот қилган.

[8] Иқоний — Камол Шайх номи билан машҳур шайхлардан. Бир неча бор Хожа Аҳмад Яссавий билан суҳбат қурган. Туркистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида яшаган. Самарқандда вафот этган. Фитратнинг аннқлашича, Иқоний юқорида келтирилган Камол Шайх билан бир одам бўлган. Айрим китоблар («Рашаҳот…», «Ламаъот») алоҳида деб талқин қилади, М. Фуод Кўпрулу ҳам Фитратнинг гумонини тасдиқлайди. Бу киши Фарғонадаги Иқон қишлоғида туғилган бўлиб, уни «Иккинчи Хожа Аҳмад» деб юритишган. Унинг шеър ва ҳикматлари кўп. Унинг 266 мисраъ шеъри «Боқирғон китоби»га киритилган. Манба: «Рашаҳот», «Мақомот» ва Ф. Кўпрулу. Турк адабиётида илк мутасаввифлар, 97—, 108—, 114-бетлар.

[9] Худойдод — XVI асрда ўтган шайбонийлар сулоласига мансуб Жамол Шайхнинг муриди бўлиб, 1532 йилда Самарқандда вафот этган. Худойдод зуллисонайн шоир бўлиб, унинг туркий ҳикматлари «Боқирғон китоби»да акс этган бўлса, форс тилидаги шеърларидан намуналар «Ламаъот»да берилган.

[10] Қул Шариф — айрим манбаларда Мавлоно Шариф, Бухорода вафот этган. Унинг номи Фитратнинг «Мунозара» асарида ҳам тилга олинган.

[11] Фақирий — Фитратнинг мақоласидан бошқа манбаларда у ҳақда қўшимча маълумот учратмадик.

[12] Гадоли — айрим манбаларда Гадоий (машҳур ўзбек шоири Гадоий эмас) — Аҳмад Яссавийга тақлидан ҳикмат битган тасаввуф шоирларидан бўлиб, унинг номи бир неча маноқиб китобларида тилга олинган. Ф. Кўпрулу Яссавий мактаби шоирлари ҳақида сўз юритганда бир ўринда уни Қул Шарифдан сўнг ва Имом Ғаззолийдан аввал тилга олади (Фитратда аксинча) ва бошқа бир ўринда Қул Шариф, сўнг Гадоли, кейин эса Насимий келтирилади. Лекин, у ҳақда мукаммалроқ маълумотга дуч келмадик. У тилга олинган манба: Фуод Кўпрулу. Турк адабиётида илк мутасаввифлар. Истанбул, 1981), 171, 173-бетлар.

[13] Бобо Мочин — Аҳмад Яссавийнинг машҳур муридларидан бўлиб «Жавоҳир ал-Аброр»нинг ёзишича, Сўфи Муҳаммад Донишманд Зарнуқи, Сулаймон Ҳаким отадан сўнгги учинчи халифасидир, Хуросон ерларида машҳур валийлардан эканини Ф. Кўлрулу ҳам таъкидлайди. У Аҳмад Яссавий ҳазратларига ниҳоятда содиқ бўлиб, «Арбаин» ва «Ҳикматлар» чиқарганини ҳамда унинг олдига уч марта хилватга кирганини ёзадп. «Девони Ҳикмат»нинг Қозон босмаси (3-нашри)даги 47-ҳикмат, Истанбул нашридаги 131-бетдаги ҳикматлар шу кишидан сўз юритади. Бобо Мочин вафот этгач, Феркет қасабасига қўйилган. Манба: «Жавоҳир ал-аброр мин амвож ул-биҳор»; Ф. Кўпрулу. Турк адабиётида илк мутасаввифлар, 35, 123-бетлар.

[14] Тож — айрим манбаларда Тож Хожа ёки Тожиддин — Аҳмад Яссавийнинг учинчи халифаси бўлиб, Мансур отанинг набираси, Абдумалик отанинг ўғлидир. Фуод Кўпрулунинг кўрсатишича, у машҳур Занги отанинг отасидир. Вафоти ҳижрий 596 (милодяй 1199—1200) йил. Уннпг ўлими ҳақида «Хазинат ул-асфиё»да махсус тарих ҳам берилган. Манба: Фуод Кўпрулу. Турк адабиётида илк мутасаввифлар, 87-бет.

[15] Маҳдуд Шайх — Хожа Аҳмад Яссавий силсиласидаги шайхлардан бўлиб, сулукда Занги ота, Садр ота ва Шайх Алидан кейин келади. Ўз навбатида унинг «икки халифаси машҳур бўлиб, бири Камол Шайх Иқоний бўлса, иккинчиси Хожа Аҳмад билан кўп мулоқотда бўлган Ходим Шайхдир. Фуод Кўпрулу ва бошқа турк манбаларида «Мевдуд Шайх Туркистонли» унвони билан тилга олинади. Ф. Кўпрулу. Турк адабиётида илк мутасаввифлар, 106, 114-бетлар.

[16] «Рашаҳот» — тўла поми: «Рашаҳот ул айн ул-ҳаёт» Фаҳруддин Али Сафий асари. Бу асарда хожагон тариқатидаги саккиз рашҳа (томчи) ҳақида сўз боради.

[17] Муфти Зинда Али — айрим манбаларда Саййид Зинда Али (XVIII аср). Унинг Фитрат тилга олган «Самарат ул-машойиқ» асаридан ташқари «Зийнат ул-либос» асари ҳам бор.

[18] Ўрта Осиё тасаввуф тарихи учун жуда муҳим бир манба бўлган бу китобнинг бир нусхаси Бухоро кутубхонасида бордир. Фитрат

[19] «Ламаъот» — айрим манбаларда «Ламаҳот», тўла номи «Ламаҳот мин нафаҳот ул-қудс». Муҳаммад Олим шайх Сиддиқий асари.

[20] Сайид Аҳмад — Камол Шайх Иқонийнинг муридларидан. Йигирма йиллар чамаси унга хизмат қилган. Мавлоно Шамс Ўзгандийнинг пири саналади. Самарқандда вафот этган. У ҳақда маълумот берувчи манба «Самарат ул-машойих» ҳисобланади. Фитратнинг маълумотига кўра, уни Саид Шайх номи билан машҳур бўлган ҳижрий 710 йилда вафот этган Саид Аҳмаддан фарқлаш лозим.

[21] Бу «Сайид ота» исми билан машҳур бўлиб, ҳижрий 710 да ўлган Сайид Аҳмаддан бошқадир. Фитрат

[22] Ҳасанхон мурид бобохон будави марди Аҳмадхон зи муриди вилояти маби Убайдуллоҳ мадрихон («Самарат ул-машойих»).

[23] Вали маликдин Убайдуллоҳ Рафи аз ин манзил хароб обод («Кошин ул-мулк»)

Гўфт ба ман хард зид вафот
Шарбат шимдирмак гардиш туш
Монд симбой (?) биҳт аз хуш
Ин ду торих: «Зикр гу» ва «хамуш»