1989 йил 22 ноябрда СССР Олий Совети «Сталин репрессиясига дучор бўлган миллатларнинг конституцион ҳақ-ҳуқуқларини кайта тиклаш» тўғрисида декларация кабул килди. Ушбу адолатли ҳужжатнинг эълон қилиниши кейинги йилларда ҳаётимизда юз берган энг муҳим сиёсий воқеа саналади.
Ҳурматли журналхон! Шу муносабат билан қуйида, 1944 йил она-юртидан Ўзбекистонга бадарға этилган крим-татар халкининг вакили, «Ленин байроғи» газетаси бош муҳаррир ўринбосари Абдулазиз Валиев билан суҳбатни ўқийсиз.
— Абдулазиз ака, суҳбатимизни яқин ўтмишдан бошласак: «1944 йил 18 май тонготарга яқин пайт. Қрим шаҳри ва уни атрофидаги қишлоқлар тинч уйқуда. Дафъатан машиналар шовқин-сурони теварак-атрофни тутиб кетади. Бир неча дақиқалардан сўнг эса тамбаланган дарвозалар автомат қўндоғининг зарбидан тарақлаб очилиб кетади ва аскарларнинг: «Совет ҳукумати ва Ватан номи билан сизлар Совет Иттифоқининг бошқа районига кўчириласизлар!», деган буйруқона таҳдидли овози одамларни уйқудан уйғотиб юборади».
— Беш ёшли бола эдим ўшанда, ҳамма-ҳаммаси кечагидай ёдимда. Бугун ёшим элликка тўлганда, ўйлаб кўрсам, қрим-татар халқи ўз тарихи мобайнида турли жабр-зулмларни бошидан ўтказган, аммо ҳеч бир замонда 1944 йилдагидай ёппасига она-юртидан бадарға қилинмаган эди.
1944 йилнинг баҳорида Қрим шаҳри энди немис-фашистлардан озод бўлган, аҳоли енгил нафас олиб Қизил Армияни кириб келишини интиқ кутаётган эди. Аммо, Қизил Армияни кутиб олиш насиб этмади. 18 май тонготарида Қрим шаҳарларини ва қишлоқларини солдатлар қуршаб олишди ва аҳолига 15 минут ичида уй-жойларини ташлаб, машиналарга чиқиш буюрилди. Нима воқеа рўй берганини ҳали англаб етмаган одамлар қаттиқ саросимага тушиб қолишган эди. Қуролланган солдатлар уйлардан одамларни олдиларига солиб чиқиб, машиналарга чиқаришарди. Нима гаплигини сўраб-суриштиришга уринган ёки адолат талаб қилган киши шу ернинг ўзида сўзсиз отиб ташланар эди. Ўша куни кечқурун қўшни қишлоқда яшайдиган холам эмизикли боласини кўтариб бизникига меҳмонга келганди. Унинг уйида эса тўртта ёш боласи қолганди. Холам солдатларга: «Мени уйимга кетишга рухсат беринглар, тўртта ёш болам қолган, чиқсам ҳам ўша ердан болаларим билан бирга чиқаман», дея худонинг зорини қилиб йиғлаб-ёлворишга қарамай унга рухсат беришмади. Оқибатда эса, холам биз билан бирга Ўрта Осиёга, тўрт ёш боласи Уралга бадарға қилинди.
Қисқаси, ўша кун эрталаб Қримни аёлларнинг оҳ-фарёди, болаларнинг чинқириб йиғлаши тутиб кетди. Одамларни машиналарда станцияларга олиб келишди ва юк ташийдиган вагонларга жойлаштиришди. Вагонлар ифлос, ўриндиқсиз, бунинг устига ҳар бирида юздан ортиқ киши жойлаштирилганидан зўрға нафас олиш мумкин эди.
Ўзбекистонга келгунча бир ой йўл босган бўлсак, поезд бекатларда тўхтаганда ҳожат учун ҳам ташқарига чиқишга қўймас эдилар. Бундай оғир шароит ва очлик туфайли кўпчилик қирилиб кетди. Кўпгина кексалар бундай мудҳиш аҳволга чидаёлмай жинни бўлиб қолишди. Баъзан поезд бекатларда тўхтаганда вагонлардаги ўликлар йиғиштириб олинарди.
Кейинчалик маълум бўлишича, Сталин қрим-татар халқини немис-фашистларига сотқинликда айблаб шу балога гирифтор этган экан. Ажабо, бу айблов ҳақиқатга қанчалик тўғри келар экан?! Ахир Улуғ Ватан уруши йилларида қрим-татар халқининг 66 минг фарзанди қўлига қурол олиб жангга кирди. Шундан 22 минги жанг майдонларида ҳалок бўлди. Бундан ташқари немислар Қримни эгаллаб туришганида 12 минг киши яширин партизанлар ҳаракати сафида бўлди. Тўғри, «ўрмон бўрисиз бўлмас», деган мақол бор. Баъзи кимсалар қўрқоқлик қилиб сотилган бўлиши мумкин. Лекин битта сотқинни деб бутун халқни қоралаш ақлга сиғмайди-ку?! Бунинг устига ўша йилларда фақат қрим-татар халқи она-юртидан қувилмади: 1941 йил Волга бўйидаги немис автоном республикаси, Грузиядаги месхети турклари, Кавказдаги болқар, чечен, кабардинлар ҳам сотқинликда айбланиб шундай жазога мақкум этилган эди. Ҳайрон қоласан киши, месхети турклар қачон, қаерда сотилиб улгурган экан, ахир Грузияга немислар қадам босгани йўқ-ку?!
«Юность» журналининг 1989 йил 8-сонида қрим-татарларни Қримдан кўчиришда иштирок этган НКВДнинг собиқ солдати А. Весиннинг «Буйруқни бажариб» сарлавқали иқрорномаси эълон қилинди. Ушбу иқрорномани ўқиб юрагим баттар қон бўлди.
«Бу операция — деб ёзади А. Весин,— ўз моҳият эътибори билан қеч қандай ахлоққа тўғри келмас эди. Ва кўп ўтмай бу операция саҳнасида жирканчли манзаралар намоён бўла бошлади: туйқусда қўпган фалокатдан эси оғиб қолган бир кампир чўл томонга қочаётганида солдатлар пулемётда отиб бечорани тилка-пора қилиб ташлашди. Шунга ўхшаш иккинчи бир даҳшатли манзара: яқиндагина госпиталдан қайтган инвалид кишини солдатлар судраб уйидан олиб чиқишди ва худди қопдаги ундек машина кузовига ирғитишди…
Биринчи жаҳон урушидан сўнг подшо Николай II Россияда немисларга қарши ҳаракатни кескинлаштириб юборган, аммо у немисларни бадарға қилишни ўйлаб кўрмаган эди. Фақат Сталин ўз амалпарастлиги йўлида бундай жаҳолатга қўл урди».
Ҳа, ҳақиқатан ҳам миллатларни она юртидан бадарға қилиш сталинча сиёсат юрғизиш оқибатида рўй берган мавжуд тузумнинг ўта аянчли фожиаларидан бири эди.
— Абдулазиз ака, қрим-татар халқи бой маданият, тарих ва санъатга эга халқ саналади. Айтинг-чи, 1944 йил қрим-татар халқи она-юртидан қувилгандан сўнг бу соҳаларга қандай муносабатда бўлиб келинди?
— Сталин умрининг охирига қадар 1944 йилдаги жаҳолатли буйруғига содиқ қолди. Қрим-татар халқи она юртидан қувилгандан кейин ҳам унинг тазйиқи остида яшади. Аввало, қрим-татарлар Ўзбекистон бўйлаб тариқдай сочиб юборилди, бир-бирлари билан борди-келди қилиш қатъий ман этиб қўйилди. Иккинчи томондан эса, бизнинг Қримда қолган маданий бойликларимиз ва тарихий ёдгорликларимиз аёвсиз яксон қилина бошланди.
Урушга қадар Қримда 18 та район газетаси, бир нечта адабий-сиёсий ва хотин-қизлар журналлари қрим-татар тилида нашр этилар эди. Пушкин номидаги тил ва адабиёт институти, маҳаллий кадрлар тайёрлайдиган Педагогика институти ва битта Университет ҳамда мингга яқин ўрта мактаблар ва Европанинг энг машҳур саҳна асарлари қўйилган миллий театримиз бор эди. Буларнинг бари, биз Қримдан қувилган куннинг ўзидаёқ ўз фаолиятини тўхтатди. Ҳанузгача, қрим-татарларнинг ўрта мактаби, миллий театри, институтлари йўқ… Бундан ташқари, Қримда қолган тарихий ёдгорликларимиз ва қрим-татар тилида нашр этилган китоблар ёқиб юборилди. Ёқилган китоблар орасида, урушга қадар қрим-татар тилига ўгирилиб нашр этилган марксизм‑ленинизм асосчиларининг асарлари ҳам бор эди.
Мен икки йил муқаддам оилам билан Қримга — ўзим туғилган Қўз қишлоғига бордим. Қишлоғимни аҳволини кўриб йиғлаб юбордим: биз яшаган уйлар аллақачон бузиб ташланган экан, бу-ку майли-я, аммо қишлоқ четидаги ота-боболаримизнинг хоки қўйилган қабристонни ҳам бульдозер билан суриб ташлашиб, ўрнига ҳашаматли маданият уйи қурилибди… Онам туғилган Ўттиз деган қишлоққа келганимда яна худди шундай мудҳиш аҳволни гувоҳи бўлдим. Кейинчалик, суриштириб билсам, бугунги кунда Қримда бизнинг бирорта қабристонимиз ва масжидларимиз қолмабди, ҳаммасини бузишиб ташлашибди… Ахир, бу қандай ахлоқ нормасига тўғри келади?!
— Абдулазиз ака, қрим-татар халқи она юртидан бадарға қилинганига ҳам мана сал кам ярим аср вақт бўлди. Бу ўтган вақт мобайнида қрим-татар халқининг илғор вакиллари адолатни қайта тиклаш ва Қримга қайтиш учун тинимсиз курашиб келишди. Аммо Сталин ва унинг сиёсати аллақачон барҳам топганига қарамай, яқин-яқин кунларга қадар адолатни тиклаш йўлидаги саъйи ҳаракатлар «миллатчилик», «ватанга қарши ташвиқот» ва «экстремистик» дея баҳоланиб, шунга мос жазо ҳам қўлланилди…
— Сўзимни бошида Москвадан келган қувончли хушхабарни айтай: куни кеча СССР Олий Советида, бегуноҳ репрессия қилинган халқларнинг конституцион ҳақ-ҳуқуқларини қайта тиклаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ва бу ижобий деб топилиб, декларация қабул қилинди. Ушбу декларацияни қўлга киритиш бизнинг халқ учун осон кечмади. Чунки бу борадаги кураш ўша — она юртдан бадарға қилинган йилнинг ўзидаёқ бошланган эди. Аммо у пайтда қанчалик ҳаракат қилмайлик, бари бир фойдасиз эди, чунки ҳали Сталин ҳаёт эди…
Фақат 1956 йилда бизнинг биринчи делегациямиз шу масала муносабати билан Москвага жўнаб кетди. Бироқ бу делегациянинг талаблари оқибатсиз қолди. Шундан буён орадан 35 йил ўтди. Бу вақт ичида бизнинг вакиллар бош суқмаган ҳукуматнинг бирор идораси қолмади… Бунинг устига, улар ўз халқининг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққани учун «миллатчи», «экстремист», «ватанга қарши ташвиқот олиб борган» деган айбномалар билан жазога тортилди. Журналхонларнинг хабарлари бўлса керак, икки йил бурун Ўзбекистонда қрим-татарларнинг оммавий норозилик намойишларибўлиб ўтган эди. Ўшанда ҳам матбуот органлари халқимиз шаънига худди шундай ёрлиқларни ёпиштирган эди. Бундай айбловларнинг барчаси ёлғон, бўҳтон эканлигини бугунги кунда адолатли декларация исбот этибтурибди.
— СССР Олий Советининг декларацияси муносабати билан яқин орада қрим-татар халқи она юртига қайтарилади. Аммо, айни кунда Қримда 2,5 млн. Аҳоли истиқомат қилмоқда…
— Саволингизни тушундим. Аввало, шуни эслатиб ўтишим керакки, биз ҳеч қачон Қримни ҳозир у ерда яшаётган аҳолидан бўшатиб, сўнг бизга топширишларини талаб қилганимиз йўқ. Агар шундай қилинса, янги мушкулликлар келиб чиқиши мумкин. Бунинг устига, ўтган ярим аср мобайнида Қрим бошқа миллат вакилларига ҳам ватандай бўлиб қолди. Энди қрим-татар халқини Қримга жойлаштириш масаласига келсак, менимча, бу ерда ўйлантирадиган муаммонинг ўзи йўқ. Чунки, янги маълумотларга қараганда, Қримда ҳар бир квадрат километрга 97 киши тўғри келади. Бу кўрсаткич Фарғонада 300 кишини ташкил қилади. Ана энди ўзингиз таққослаб кўринг: 97 ва 300! Демак, бағрикенглик қилишса ҳаммамизга жой етади.
— Биз узоқ йиллар «бизда барча миллатлар тенг ҳуқуқли, байналмилал дўстлигимиз бундай» деб етти оламга жар солиб келдик. Аммо, бугунги ошкоралик шарофати билан шу нарса аён бўлдики, бизда ҳануз миллий масала ва байналмилаллик том маънода ўз ифодасини топмаган экан. Грузия, Қорабоғ ва Фарғонада рўй берган қонли воқеалар шундан дарак беради. Сизнингча, миллий муносабатларни мўътадиллаштириш ва ҳақиқий байналмилал дўстликни таъминлаш учун қандай амалий ишлар қилиниши зарур деб ўйлайсиз?
— Бугунги кунга келиб миллий масала бундай кескин тусга кириши, ҳатто халқлар ўртасида қирғинбарот қон тўкишгача бориб етиши ўтмишда йўл қўйилган хатоларнинг оқибати, деб биламан. Бунинг илдизи 30-йилларда амалга оширилган миллий чегараланишга бориб тақалади. Ундан кейин Сталин миллатлар устида юргизган ёвуз сиёсат ва 60-йилдан то 80-йилларгача давом этган турғунлик, лоқайдлик миллатларни бутунлай боши берк кўчага олиб кириб қўйди. Яна бир ҳол, кейинги турғунлик йилларида илдиз отган шахсларнинг табақаланиши ҳам миллий муносабатларнинг баттар кескинлашишига хизмат қилди. Жамиятнинг кўпгина бойликларини ўз қўлларига жамлаб олган бундай шахслар, одатда, партия ва совет органларини бошқаришар эди.
Мени ташвишга соладиган бошқа бир нарса: бугунги кунда миллий низоларни ҳал этишда қўлланаётган чора-тадбирлардир. Масалан, Фарғонада ўзбеклар ва месхети турклар ўртасида рўй берган қонли воқеаларни бартараф этишда қўлланилган воситаларни олиб кўрайлик. Фарғонада бу воқеалар бошланган кездаёқ комендантлик соати жорий этилди, месхети турклар олиб чиқиб кетилди, Марказий матбуотда турли хил бўҳтон‑иғволар билан тўла мақолалар эълон қилинди ва, ниҳоят, бугун юзлаб кишилар айбдор деб топилиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинмоқда. Тамом, вассалом… Аммо бу воқеаларнинг социал илдизлари ҳақидаги саволлар жавобсиз қолмоқда. Ахир, 70 йилдан буён коммунистик тарбия кўрган халқ бекордан-бекорга кўчага митингга чиқмайди-ку?
Сўзимнинг охирида шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, миллий муносабатларни оқилона ҳал этиш, ҳақиқий байналмилал дўстликни вужудга келтириш учун аввало сўз ва иш бирлиги амалда тўла ўз аксини топиши лозим. Иккинчидан, жамиятимизда миллатларнинг конституцион ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор берилиши керак.
— Маълумки, ўтган 50 йил вақт ичида Ўзбекистон қрим-татар халқига она ватанидай бўлиб қолди. Айниқса, ўзбеклар билан қрим-татарлар ўртасида чуқур илдиз отган дўстлик вужудга келди. Бу икки халқ бир-бирига қиз узатиб, келин олиб қуда-анда бўлишди. Қрим-татарлар ўз яқинларининг жасадини шу тупроққа қўйишди. Энди сизга шундай савол билан мурожаат қилмоқчиман: Ўзбекистон ва бу юртнинг одамлари ҳақидаги фикрларингизни ўртоқлашсангиз.
— Ўзбеклар билан қрим-татарлар ўртасидаги дўстлик 1944 йилдаги мудҳиш воқеадан сўнг пайдо бўлгани йўқ. Бу икки халқ битта туркий оиланинг фарзандлари, дини, миллий урф-одатлари ва ҳатто тили бир-бирига яқин. Энди бу икки халқ ўртасидаги дўстлик тўғрисида гапирадиган бўлсак, бу дўстликнинг илдизи минг йил нарига бориб тақалади. Биз узоққа бормай, XIX аср охири XX аср бошларига мурожаат қила қолайлик: қрим-татар халқининг буюк фарзанди Исмоил Гаспринский нашр эттирган «Таржимон» газетаси туркий қавмлар орасида маърифатчилик ғояларини тарғиб этишда муҳим роль ўйнаган. Жумладан, Туркистондаги жадидлар Исмоил Гаспринскийнинг маърифатчилик ғояларидан илҳомланиб, янги усулдаги мактаблар очишган.
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий 1914 йил И. Гаспринскийнинг ўлими муносабати билан «Садойи Фарғона» газетасида «Вафот куни» сарлавҳали мақоласини ҳамда марсия шеърини эълон қилади. Ёки машҳур туркшунос олим ва истеъдодли шоир Бекир Чўпонзоданинг ижодий фаолияти ҳам Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқдир. Б. Чўпонзода Алишер Навоий ижодини Россияда тарғиб этишни биринчилардан бўлиб бошлади. У «Ҳусайн Бойқаро девони», «Алишер Навоий тили ва тилшунослик» каби ўнлаб мақолаларини рус тилида эълон қилди. Б. Чўпонзода 30-йилларда ўзбек тилининг ривожи билан жиддий шуғулланди. Фарғона ва Бухоро педагогика институтларининг ўзбек тили кафедрасига мудирлик қилди. О. Шарофиддинов, В. Зоҳидов, В. Абдуллаев, С. Хўжаев каби олимлар Б. Чўпонзоданинг шогирдлари саналади.
Бундай мисолларни ўнлаб келтириш мумкин. Энди 1944 йилдаги воқеа тўғрисида гапирадиган бўлсак, бизни айнан Ўзбекистонга бадарға қилишлари биз учун бахтли тасодиф эди. Маълумки, ўтган ярим аср мобайнида қрим-татар халқининг диний эътиқоди, миллий урф-одатлари қаттиқ таъқиб остига олиниб келинди. Тилни ривожлантириш, бу тилда асарлар ёзиш, болаларни ўқитишни амалдаги ижроси деярли бўлмади. Аммо бундай мушкулликларга қарамай, қрим-татар халқи бутунлай манқуртга айланиб қолгани йўқ. Ўзбек халқи билан диний эътиқодимизни, миллий урф-одатимизни, тилимизни яқинлиги ўзлигимизни сақлаб қолишда муҳим восита бўлди. Мана шунинг ўзи учун ўзбек халқига қанчалик миннатдорчилик билдирсак кам.
Энди бу юртнинг одамлари ҳақида ўз ҳаётимда рўй берган бир воқеани айтиб бермоқчиман: 1944 йил биз ойим билан иккимиз Самарқанд вилоятининг чекка бир қишлоғига келиб тушдик. Қишлоқ одамлари бизни илиқ қарши олишди. Биз Номониёз бобо деган чолнинг ҳовлисида яшай бошладик. Ойим — Ҳабиба опа бу ерга келганимиздан кейин қишлоқдаги касалларга қарай бошлади. 1964 йил мен хизмат тақозоси билан Тошкентдан ҳовли сотиб олдим ва ойимни ҳам кўчириб олиб келгани Самарқандга бордим. Бизни кузатгани бутун қишлоқ кўчиб чиқди. Аёллар ойимни бағриларига босиб, «ўртамизда яхши-ёмон гап ўтган бўлса, розибўлинг, Ҳабиба опа», дейишиб ҳўнг-ҳўнг йиғлашар эди.
Биз ҳовлисида 22 йил яшаган Номониёз бобо мени Тошкентдан ҳовли сотиб олганимга негадир ишонқирамай, биз билан бирга Тошкентга келди. Номониёз бобо, мен сотиб олган ҳовлини кўргач, кўнгли хотиржам тортди ва уйга кириб намоз ўқиб бизга оқ фотиҳа бергач, яна Самарқандга қайтиб кетди. Мана, ўзбеклар қандай халқ!
Биз Қримга жўнаб кетганимиздан сўнг ҳам бир оёғимиз Ўзбекистонда бўлади. Бу тупроқда жигаргўшаларимизнинг жасади қўйилган. Биз Қримнинг тупроғидан олиб келиб, уларнинг қабри устига сепамиз, Ўзбекистон билан Қримнинг тупроғи омухта бўлиб кетсин…
— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Суҳбатдош: Шодиқул Ҳамроев
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 2–сон