Ирисали Тошалиев. Ўрганган кўнгил… (1991)

Давлат тили ҳақидаги Қонун ижросининг сустлашиб бораётгани ўз эли, ўз тилига эътиборли, эътиқодли кишиларни ташвишга солмоқда. Қонун белгилаб берган тадбирларнинг бажарилиши миллий басирлигу фикри ожизликка, тўраларча беписандлигу лоқайд худбинликка юзма-юз келиб қолди. Давлат тили мақомининг амалий мавқега интилиши қатағон йилларда қарор топган адолатсиз лисоний вазиятни сақлаб қолиш йўлидаги ҳаракатларга бирмунча жон бағишлагандай. Марказий рўзнома ва ойномаларда чоп этилаётган хабарларни, куюнчаклик билан ёзилаётган мулоҳазаларни ўқиб бунга ишонч ҳосил қилиш қийин эмас. Бинобарин, миллий тил мақомига чоҳ қазиётган кучлар узлатга чекинмоқчи эмас. Улар ичдан ҳам, тошдан ҳам гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона ҳаракат қилишмоқда. Сир эмас, она тили мақомининг моҳиятини идрок этиш нари турсин, бу хусусда ўйлашга, мулоҳаза юритишга эътиборсизлик қилаётган ёки буни мутлақо истамаётган миллатдошларимиз ҳам анчагина. Тилдаги тенгсизлик тарафдорлари, адолатсиз лисоний «мувозанат»ни тарғиб қилаётганлар Зарафшон шаҳрини Злотогорск деб янгидан номлаш талаби билан чиқаяпти. Хуллас, тил ҳақидаги қонун ижросининг фаол имконияти ва унга зид худбин кайфият бугунги кунда бир-бирига рўбару келди.

Бунинг сабабларини, бизнингча, ҳозирги давр миллий тил сиёсатидаги турли хил нуқтаи назарлар ва амалий йўналишлардан излаш лозим.

Кези келганда айтиш керак, турғунлик даврида, ҳатто «тил сиёсати» атамасининг ўзи деярли истеъмолдан чиқарилиб, «миллий тиллар қурилиши», «тилларни режалаштириш» ёки «тиллар маданиятини такомиллаштириш» сингари тумтароқ ва чучмал ифодалар билан алмаштирилган эди. Мана шу ақида қон-қонимизга сингиб кетган эканми ё тил муаммосини сиёсат билан боғлаб талқин этишдан қўрқишми, ҳарҳолда, «тил сиёсати» ифодасини ишлатишга ҳозир ҳам эҳтиёткорлик билан ёндашилмоқда. Бу турғун тасаввур жумҳуриятларнинг миллий давлат тили мақомига эришиш ҳаракатига соя ташламоқда; миллий тил сиёсати тушунчасини турфа тарзда талқин этишга сабаб бўлмоқда.

Тил сиёсати дейилганда, энг аввало, давлатнинг миллий тил тараққиётига таъсир этиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлари назарда тутилади. Ўзбек тилига давлат мақоми берилиши ҳозирги миллий сиёсатнинг таркибий қисми. Бу муҳим ижтимоий-сиёсий масалани миллий мустақиллик муаммоларидан айри қараб бўлмайди.

Лекин Иттифоқ шартномаси лойиҳасида «Шартнома қатнашчилари миллатлараро алоқа воситаси бўлиб қолган рус тилини ССЖнинг давлат тили деб эътироф этадилар», деб қайд этилган. Ахир, етмиш йилдан бери рус тили давлат тили мақомида амал қилиб келмадими?! Агар Иттифоқ шартномаси лойиҳасидаги мана шу модда қонун тусида эътироф этилар экан, жумҳуриятларнинг давлат тили ҳақидаги қонунларининг амалга ошириш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Чунки бундай шартнома марказлаштирилган тил сиёсатига ҳам расман, ҳам амалан қонуний тус беради. Лисоний адолатсизлик яна олдинги ҳуқуқий мақомига эришади. Оқибатда, миллий тиллар яна сустлигича, тор фаолият майдонига кириб қолаверади. Эски ҳаммом, эски тос. Шартнома лойиҳаси мана шу тенгсиз, адолатсиз лисоний вазиятни эътироф этишга ундайди. Эътироф этиш эса ягона мажбурий давлат тилини тан олиш, миллий тилларнинг мустақиллигидан, уларнинг эндигина эришган қонуний мақсадидан воз кечишга ундайди.

Марказий матбуот (шунингдек, кўпчилик рус тилшунослари ҳам) миллатлараро алоқа тилига давлат мақомини бериш зарурлигини жумҳуриятларда қабул қилинган тил ҳақидаги қонунлар билан боғламоқдалар. Улар миллий тилларнинг давлат мақомини олиши рус тилининг таъсири ва ҳаракат майдонини торайтиради, рус тилида гаплашувчиларнинг ҳуқуқига халал беради, деб уқдирмоқдалар. Лекин миллий тилларнинг давлат мақомига эришуви ўша тилларнинг фаол тараққиётини, миллий маданиятнинг равнақини ўйлаб амалга оширилди-ку! Она тили давлат мақомининг қоиун йўли билан тикланиши адолатсиз лисоний вазиятни тўғрилаш, тил экологиясини таъминлаш, хуллас, миллий ўзликни англаш йўлида қўйилган мажбурий тадбир эканлигини ҳеч ким яшираётгани йўқ. Бундай йўл тутиш фаол ва ҳоким тил тазйиқидан холос бўлиш ҳамда ўз-ўзини муҳофаза қилишнинг зарур шарти эканлиги кўпчиликка бугун аён.

Рус тилининг эса бундай тадбирга эҳтиёжи йўқ. Ижтимоий-иқтисодий шароит унга жуда катта имтиёз яратиб берган. Бу имтиёз ҳар қандай давлат мақомидан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас. Уни, В. И. Ленин кўп бор таъкидлаб ўтганидек, иқтисодий муносабатларнинг ўзи қарор топтирган.

В. И. Ленин, либералларнинг агар Россия бирлашган ва бўлинмас давлат экан, демак, у битта умумдавлат тилига эга бўлиши ва бу тил, албатта, рус тили бўлиши керак, деган нотўғри қарашларини «тескари мантиқ» деб баҳолаган эди. У «Мажбурий давлат тили керакми?» деган мақоласида «Либераллар позицияси — хийла «маданийроқ» ва «нозикроқядир. Улар маълум доирада (масалан, қуйи мактабда) она тилига йўл қўйилишига тарафдордирлар. Аммо, шу билан бир вақтда, улар мажбурий давлат тили бўлишини ёқлайдилар. Бу тил, гўё «маданият» манфаатлари учун, «бирлашган» ва «бўлинмас» Россия манфаатлари ва ҳоказолар учун зарур эмиш», деб киноя қилган ва «бир қўлини (ошкора равишда) демократияга узатадиган, иккинчи қўлини эса крепостникларга ва полицияга (орқаворотдан) узатадиган савдогарларга» ўхшатган эди.

Тўғри, давлат тили, умумдавлат тили деган атамалардан воз кечиш кераклигини, бунинг ўрнига умумий ёки расмий тил деган атамани ишлатишни таклиф қилаётганлар ҳам бор. Бу билан масаланинг моҳияти ўзгариб қолмайди.

Партия ва хукуматимиз 70 йил давомида қабул қилган ҳужжатлар ва қарорларнинг деярли барчасида миллий тилларнинг тенг ҳуқуқлилиги, уларнинг эркин тараққиётига шароит яратиб бериш зарурлиги таъкидлаб ўтилган. Айрим ҳужжатларда эса ўз тилида иш юритувчи кадрларни тарбиялаш зарурлиги, лавозимдор шахсларнинг маҳаллий аҳоли тилини билиши шарт эканлиги алоҳида қайд этилган ҳам. Бугун уларнинг бир сиёсий ўйин сифатида қоғоздагина эканлиги аён бўлиб қолди. Амалда эса бошқача кечди: ўз она тилингдан, унинг қудратию маданиятидан фахрланиш, унинг эркинлигию фаоллиги ҳақида қайғуриш миллатчилик саналди. Ёзилмаган бир қоида қарор топган эди: она тили ҳақидаги гапни, албатта, унинг тақдирию тараққиёти учун беқиёс ҳисса қўшаётган иккинчи она тилига мадҳия айтишдан бошлаш урфга кирди. Тилшуносликка оид илмий тадқиқотларни бундай ҳамду саносиз ёзиб бўлмасди. Миллий мактаблар ва миллий маданиятлар салмоғи тарозининг албатта, тош боса олмайдиган палласига муносиб кўрилди. Оқибатда, русзабон аҳоли иттифоқнинг қайси бир бурчагида яшамасин, ўша ернинг тилига эҳтиёж сезмайдиган бўлиб қолди. Катта оғалиқ мавқеи, миллатлараро алоқа тили мақоми уларни бошқа миллий тилларни ўрганиш ва амалда бу тиллардан фойдаланиш ташвишидан озод қилиб қўйди. Барча жумҳуриятларда, барча маҳкамаю корхоналардаги давлат идора бошқаруви фақат рус тилида олиб бориладиган, бу тилни яхши билмайдиганлар раҳбарлик ишига яқинлаштирилмайдиган бўлди, миллий мактаблар сони камая борди. Одамлар ўз фарзандларини миллий мактабларда ўқитишни истиқболсиз, деб баҳолашга ўрганди.

Сиёсий-ижтимоий шароит тирик тилни ўлик тилга айлинтириши мумкинлигига нафақат тарих, балки биз яшаб турган даврнинг ўзи ҳам гувоҳ. Аммо бундай ижтимоий шароитнинг юзага келиши давлатнинг миллий тил сиёсати билан бевосита алоқадордир. Тирик тилни ўлдирадиган бундай лисоний вазиятни ижобий жараён, деб уқдириш эса бориб турган худбинликдир. Ахир миллий тилларнинг ўксик ва кемтик бир ҳолга тушиши марказлаштирилган тил сиёсатининг оқибати эмасми?

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, дейдилар. Барчага аён ўша «икки тиллиликни» иттифоқдаги кўп халқлар учун туҳфа қилинган эзгулик, миллий тиллар учун нуфузли бир тақдир, деб даъво қилаётганларга нима дейсиз?

Амалдаги иккитиллилик икки тилнинг тўқнашуви демакдир. Иккитиллилик, иккимаданиятлилик фаол-ҳоким тил ва суст тобе тил ўртасидаги тангликни бартараф этолмайди. Мақоми паст, фаолияти суст тил бора-бора йўқ бўлиб кетиши тайин. Қонуний, ҳуқуқий танглик эса амалий мутаносибликни, лисоний мувозанатни белгиловчи мезон бўлолмайди.

Рус тилига давлат мақоми берилгандан кейин ўзбек тилини ўрганишга бўлган интилиш кескин камайганлиги шундан далолат эмасми! Рус гуруҳларида ўзбек тилидан таълим берувчи ўқитувчиларнинг куюниб эътироф этишларича, тингловчилар тилимизни ўрганишдан бош тортиб, бизга битта давлат тилининг ўзи ҳам етарли, дейишаётган экан.

Жумҳуриятимизнинг тил ҳақидаги қонуни ижроси шубҳа остида қолганлигини яширмаслик керак. Шу жиҳатдан ЎзФА мухбир аъзоси Ғ. Абдураҳмоновнинг «Давлат тили ҳақидаги қонунига тузатиш ва ўзгартиришлар киритиш хусусидаги фикри эътиборга молик. Бу ишда чор Россияси даврида ҳам Туркистон генерал-губернаторининг маҳкама ва маъмуриятнинг барча амалдорларидан ўзбек тилини ўрганишини талаб қилингани, бунинг учун бир йиллик муддат таклиф этгани ҳисобга олинса ёмон бўлмасди. Акс ҳолда давлат тили ҳақидаги қонун ижроси мулоҳаза ва мунозара босқичидан нарига силжиши мушкул.

СССР Фанлар Академияси мухбир аъзоси, тилшунос Н. Ю. Шведова шундай ёзади: «Тил иттифоқи тилларнинг тенг ҳуқуқли фаолиятини назарда тутади: бизда эса жумҳуриятимиздаги миллий тиллар ё рус тили исканжасига туширилиб қўйилади ёки ўз-ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ундан ажралиб, мустақил бўлишга интилади». Жумҳуриятимизнинг давлат тили ҳақидаги қонуни ҳам мана шу исканжага қарши чора сифатида қабул қилинмадими!

Шуни ҳам айтиш керакки, миллатлараро алоқа тилининг — бутун жамиятнинг, барча миллатларнинг маънавий маданиятини оширишга, бошқа халқларнинг миллий биқиқлигини тугатишга, уларнинг билимли, маърифатли бўлишларига, байналмилалликни кучайтиришга қодир ягона қудратли тил эканлиги ҳақидаги талқин ҳамон авжида. Рус тили бой тафаккур хазинасига эга эканлигига шубҳа йўқ. Бу ҳақиқатни ҳадеб такрорлайверишини миллий лисоний ғурурланишга йўйиш ҳам мумкин. Лекин меъёридан ортган таъкид миннатга, бошқаларни камситишга айланишини эсдан чиқармаслик зарур. Айни пайтда, бизда, ўз она тилимиздан фахрланиш туйғуси ўтмаслашиб қолганини ҳам эътироф этиш лозим. Ўз тилига лоқайд, беписанд кишиларда бу эзгу туйғунинг ўткирлашувига ёрдам берадиган тил таълими ва ташвиқини кучайтириш хусусида жиддий ўйлаб кўриш пайти келди. Бу иш ҳам давлат тили ҳақидаги қонун ижросининг узвий қисмига айланиши зарур. Шу жиҳатдан ўзбек тилшунослиги аниқ ишларни, фаол тарғиботни амалга ошириши, тил танқидини тиклаши ва йўлга қўйиши керак. Матбуот ёрдамида одамларга ҳозирги давр тил сиёсати муаммолари тушунтирилса, бу соҳада юзага келаётган айрим ялтироқ ифодаю шиорлар моҳиятини фаҳмлашда уларга кўмаклашилса чакки бўлмайди.

Замона зайлини қарангки, бугунга келиб, рус тилида сўзлашувчи аҳоли ҳуқуқларини муҳофаза қилиш зарурати туғилганмиш. Миллий онгнинг уйғониши миллий тўқнашувларга, жумҳуриятларнинг давлат тили ҳақидаги қонунлари русзабон аҳолининг кўчиб кетишига олиб келаётганмиш. Миллий тилларга давлат мақомининг берилиши биз учун ранж ва ғам кетирмоқда, деб афсусланади «Литературная газета»даги «Беш дақиқаси кам қочоқлар» номли мақола муаллифи Игорь Рогов. Узоқ қишлоқ йўлидаги русча ёзувнинг ўзбекчага айлантирилганини тентакларнинг ёки ашаддий ярамасларнинг иши, деб ҳисоблайди М. Абдуллаев ўзининг «Союз» рўзномасидаги «Фарғона учбурчаги» мақоласида. СССР халқ депутати Р. Отажонов тўғри айтганидек, «бундан ортиқ ҳақоратни ўйлаб топиш мумкин эмас» («Совет Ўзбекистони», 1991 йил 5 февраль).

Қочоқлар ҳақидаги уйдирма давлат тили ҳақидаги қонунга қарши қайралган бир яроғ, холос. Бу хил уйдирма олма ўғирлайман деб қўлга тушган афандининг аҳволини эслатади. Афандидан «Боғда нима қилиб юрибсан?» деб сўрашганида, у «Нега хотинингга калиш олиб бермайсан?» деб дўқ қилган экан боғ эгасига. Қочоқлар ҳақидаги уйдирмада ҳам шунга ўхшаш мантиқ бор. Ўз элингга, ўз она тилинг муҳитига қайтиш қочоқлик ҳисобланадими? Ўз юртида туриб, тез ёрдамга ўз тилида қўнғироқ қилолмаётган, тураржой бошқармаси идораларига чиқиб, ўз тилида арзини айтолмайдиган ўзбек қаёққа қочади, ахир! Давлат идоралари ва маҳкамларига иши тушган ўзбек ўзи билан таржимон олиб юриши керакми! Ёки бу инсон ҳуқуқларини камситишга кирмайдими? Ҳар бир тилнинг мақоми, мартабаси унинг эгаси яшаётган худуд билан, у ердаги аҳолининг нутқ фаолияти билан тайин этилади. Ўзбек тилининг давлат мақоми Ўзбекистондан ташқарида ҳам амал қилсин, деб талаб қилаётган одам йўқ. Бордию шундай қилинса, бу тазйиқ ўтказиш воситасига айланган бўлур эди.

Ўзбек тилининг, асосан, Ўзбекистон билан боғлиқлиги ҳам тақдир тақозаси. Бу ниҳоятда муҳим омил. Нега энди бу омилни ҳисобга олиш инсон ҳуқуқини менсимаслик ҳисобланар экан? Сўнгги пайтларда инсон қаерда яшамасин, унинг барча ҳуқуқлари сақланиши керак, деган фикр бевосита давлат тили ҳақидаги қонун билан боғланмоқда. Ҳар ҳолда шахс ҳуқуқини муҳофаза қилиш шиорига одамларни ишонтириш осонроқ ва қулайроқ-да! Бунга эътироз билдиришнинг қийинлиги бор. Ҳатто якка шахснинг ҳуқуқи бутун бир халқнинг ҳуқуқига нисбатан муҳимроқ, деган фикр ҳам ўртага ташланди. Аввало, алоҳида шахснинг тил мавқеи билан бутун бир миллат тилининг мақоми тушунчаларини қориштирмаслик керак. Гап жумҳуриятимиздаги барча миллат вакилларини ўзбек мактабларида ўқитиш, улардан бадиий асарларни, илмий ишларни ўзбек тилида ёзишларини талаб қилиш ҳақида кетаётгани йўқ. Бу борада шахснинг ихтиёри ўзида. Лекин у қаерда, қандай шароитда яшаётганлигини ҳисобга олиши керак. Кейин давлат тили дегани, энг аввало, давлат идора бошқаруви тили дегани. Бинобарин, муайян халқ билан мулоқотда бўладиган раҳбар, мансабдор шахснинг шу давлат тилини билиши зарур.

Халқ билан унинг ўз тилида гаплашмаслик, унга ёт тил воситасида раҳбарлик қилиш, унинг урф-одатлари, маданиятига беписандликни инсон ҳуқуқини поймол этиш деса бўлади. Халқнинг тилини, дилини билмаганлик сабабидан раҳбарликдан, лавозимдан четлатиш шахсни менсимаслик эмас. Бинобарин, бу ҳолни қочоқлар ёки инсон ҳуқуқи билан боғлаш тил сиёсатини сохталаштиришнинг, миллий идора бошқарувидаги марказлаштирилган вазиятни сақлаб қолишга йнтилишнинг нақ ўзгинаси. «Рус тилида сўзлашувчи аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» шиори бу борада дурустгина «хизмат» қилмоқда. Шоир Жамол Камол: «рус тилида гаплашувчи аҳоли» дегани нимаси? Шундай бир халқ ёки шундай бир миллат борми ўзи? йўқ, бу ўйлаб чиқилган матоҳ… тўқиб чиқилган ёлғон… хунук бир ниқоб» деганида бутунлай ҳақ («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1990 йил, 7 декабрь). Дарҳақиқат, ҳар бир миллатни ўз исми шарифи билан атаб, сўз юритилса ҳақиқатни ёлғондан ажратиб олиш осон кечади. Сабаби ўша «аҳоли» ичида давлат маҳкамаларида хизмат қилаётган, аммо ўз тилини унутган, уни ўрганишни хушламаётган юртдошларимиз, қонун ижросидан норози бўлаётган, тавишга тушаётган элатдошларимиз оз эмас. Элимизнинг эртаси, тилимизнинг истиқболи учун хавотирли ҳол бу.

Тўғри, ўзбек тилини ўргатувчи курслар ташкил этилган. Аммо уларнинг аксарият қисмида машғулотлар хўжакўрсинга олиб борилаётганлиги, ҳозирча бирор натижа бермаётганлиги сир эмас. Қанча вақт, қанча маблағ самарасиз сарфланмоқда! Бу ҳол «қани кутиб турайликчи, балки вазият ўзгариб қолар», деб юрган эътиқодсизларга, Қаҳҳор таъбири билан айтганда, «прейскурант» сўзини худди ўзи ўйлаб чиқаргандек керилиб айтадиган димоғдорларга жуда қўл келмоқда. Улар ўзларини иккитиллилар қавмига мансуб деб билишади. Бунга улар бир жиҳатдан ҳақли. Зеро, иккитиллилик деган атамаларнинг ўзи моҳият эътибори билан зоҳиран ялтироқ ва беозор, ботинан қалтироқ ва беқарор тушунчани ифодалайди. Иккитиллилик, аслида чалатиллилик дегани. Бундай нутқий фаолият ора йўлда қолган лисоний алоқа муҳитини юзага келтиради.

Айрим машҳур олимларимиз, рус тилида ижод қиладиган ўзбек адиблари ҳамда масъул раҳбарларнинг радио ва ойнаи жаҳон орқали бериладиган нутқларини, суҳбатларини эшитиб, бунга тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин. Уларнинг ўзбекча нутқи ниҳоятда ғариб: оҳанги ёт, таркиби суст, тартиби бузуқ. Хуллас, чўқилган, ғажилган бир тил. Ана шу тоифадаги одамларнинг ўз фикрини не машаққат билан ифодалаётганларини, зарур сўзни тополмай ночор аҳволга тушиб қолишини кўриб, қийналиб кетади киши. Техника фанлари номзодининг давлат тили яхши бўлди-ю, лекин лекцияларни ўзбек тилида ўқийсан, деб бошни қотираётгани чатоқ-да, деб зорланиши, файласуф олимнинг мен ўзбекча фалсафий атамаларни тушуна олмаяпман, деб қуюниши мана шу чалатиллилик оқибати. Қонун ижроси ҳақида гап кетганда кўпчилик мансабдор кишилар расмий ҳужжатларни ўзбекча ёзиш қийин бўляпти, зарур сўз ва нутқ андозалари топилмаяпти, деб баҳона қилишмоқдалар. Бу ҳам аслида моҳияти чала, мақсади сохта, мақоми тенгсиз иккитилллик оқибати. Русча ўйлаб, рус тилида фикрлаб ўзбекча гапириш, ўзбекча ёзиш натижаси бу. Рус тилини ҳам русча идора бошқаруви андозаси даражасидагина эгаллаган кишининг ўзбек ҳужжатнавислигидан бехабарлиги табиий бир ҳол. Ўзбек тили расмий идоравий нутқ услубининг «қолоқлиги», кемтиклиги эса унинг идора бошқаруви тузуги соҳасида кўпдан бери ишлатилмай келаётганидандир. Ўзбек тилининг Ўзбекистонда илм-фан ва идора бошқаруви соҳаларида ишлатилиши ниҳоятда чеклаб қўйилишида чалатилли элатдошларимизнинг ҳам ҳиссаси бор. «Ўн йиллар давомида рус тили илмий изланишлар борасидаги (расмий идора бошқарувида ҳам) асосий, ҳатто ягона тил бўлиб қолди. Жумҳуриятимиздаги кўплаб илмий-тадқиқот институтларида ўзбек тилида ёзилган асарлар нашр этилиши камдан-кам учрайдиган ҳодиса эди. ЎзФА Тарих институтида 1980—1985-йилларда ёзилган илмий асарларнинг 80 фоизи рус тилида, 12—13 фоизи хорижий тилларда, фақат 3 фоизи, у ҳам бўлса оммабоп мақолалар — ўзбек тилида нашр этилган. Кўплаб олимлар ўзбек тилига менсимай қараш шакллангани туфайли ўз она тилида бирор асар, ҳатто кичик бир мақола ҳам ёзишга қодир бўлмай қолдилар. Ҳатто ўзбек тили, қадимий қўлёзмалар таҳлили, ўзбек адабиётига оид илмий ишлар ҳам, асосан, рус тилида ҳимоя қилинди», деб ёзади СССР Фанлар Академияси мухбир аъзоси Эркин Юсупов ўзининг «Тил камоли — миллат жамоли» деган мақоласида («Халқ сўзи», 1991 йил 22 январь). Мақола муаллифи: «Бу борадаги камчиликларда рус ўртоқларимизни айблаш мумкин эмас, албатта. Бу хатолар учун сиёсий онги паст, миллий қадриятларини тушунмаган ўзбек зиёлиларининг ўзлари ҳам айбдордир»,— деб таъкидлайди. Жуда тўғри фикр. Демак, чалатиллилик чала маданиятлиликни, ва аксинча, чаламаданиятлилик чала тиллиликни зуҳур этаркан.

Халқ тили — халқ маданияти. Икки маданиятлиликнинг моҳияти ҳам иккитилилик сингари мукаммалликдан узоқ.

Миллий тил муаммолари ҳал қилинаётган жараёнда мурасасозлик, лоқайдлик қилиш ахлоқсиз сиёсат тегирмонига сув қуйишдан бошқа нарса эмас. Бундай тил сиёсати турғунликка, миллий маҳдудликка олиб боради. Қайта қуриш бизни фаол ва жадал нутқ вазиятига ундаяпти. Бу бошқа миллат вакилларини жумҳуриятимиз давлат тили муҳитига кўникишига, ўзи яшаётган ҳудудга мансуб маданий-ахлоқий қадриятларни фаҳмлашига фаол ёрдам беради. Тил ўрганиш ва ундан фойдаланиш табиий нутқий алоқа муҳитида тез ва осон кечади. Ўзбек тилини билиш учун одамлар билан шу тилда мулоқот қилиш ҳам керак. Ўзбек тилини ўрганаман деган киши билан фақат русча гаплашаверсак, унинг саъй-ҳаракатига тўсқинлик қилган бўламиз. Тил экологияси (муҳофазаси), миллий Тил сиёсати жуғрофий тасаввурни ҳам ўз ичига олади. Ўзбек тили давлат мақомининг амалий ижроси учун айни мана шу муҳитни ва унга эҳтиёжни ҳис этиш етишмаяпти…

Миллий тиллар мавқеига доир баҳс-мунозаралар жунбушга келган ҳозирги даврда тил сиёсати ва тил муҳофазаси муаммоларига, бу соҳадаги сиру саноатларга назар ташлаш ва улардан огоҳ бўлиш муҳим амалий аҳамиятга молик. Бу кишиларнинг она тили мақоми ва истиқболига доир тасаввурию мафкурасини шакллантиришга, тилимиз тараққиёти учун зарур бўлган.руҳий лисоний ва ахлоқий омилни, ишчан алоқа муҳитини қарор топтиришга ёрдам бериши шубҳасиз.

Ирисали ТОШАЛИЕВ,

филология фанлари номзоди, доцент

«Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 8-сон