Абдулҳамид Чўлпон. Ҳаёт-мамот масаламиз устида (1922)

«Туркистон» бошқармасиға ўлкамизнинг ҳар томонидан ҳар кун дегудек тўп-тўп хатлар келадир. Газета бошқармасиға келатурған хатлар, албатта, маҳалларнинг кун ўтказиши, тириклик қилишини ҳар тарафдан яхшилаб кўрсатса керак эди. Локин ул хатлардан олған хабарлар билан газетанинг ўлка ҳаётий қисмини кенг, яхши ва тўғри бир йўлға қўюб бўлмайдир. Негаким ул хатларнинг ҳаммаси дегундек маориф, ўқуш, ўқутиш масаласидан ва ул масаланинг-да фақат фожиа ёқларидан баҳс эталар…
Ўлка Маориф комиссарлигида ўлтуруб маҳаллардаги мао­риф шуъбаларининг маъруза (доклад)лари ичига кўмилган ўртоқларимиз, билмадикким, маорифимизнинг ҳақиқий ҳолидан қанча хабардор бўлсалар? Албатта, улар маҳаллардаги маориф ишларининг очиқ чиғармасини биздан ортиқ онглаб, биздан ортиқ билсалар керак. Фақат маҳаллардаги маориф ишларининг ўлиб боришиға қарши у ўртоқларимизнинг бу кун нима тадбир ва чоралар кўрганлиги уларнинг Хўжанд маориф шуъбасига қилған муомалаларидан маълумдир. У муомала шундан иборатдир: ўлкамизда мактаб ўқушларига бир қадар аҳамият берган бир мусулмон шаҳри бўлса, у ҳам Хўжанд экан. Маориф комиссарлигининг мактаблар тури (миқдори) бўйича Хўжандда ҳукумат ҳисобига фақат 8 гина мактаб очишға рухсат берилиб, шунга яраша, балки, озроқ пул берилгани ҳолда, Хўжанд маориф шуъбаси ўзи ҳаракат қилиб 14 мактаб сақлар экан. Бу 14 мактабнинг иккиси ҳам қизлар мактаби экан.
Сўнг вақтларда таъминотсизлик сабаблик ҳар ерда мусулмон муаллимларининг мактаб ишларини ташлаб, бошқа йўлларға кириб кетканликларини кўрган Хўжанд маориф шуъбаси турли йўллар билан пул топиб, муаллимларга таърифа (тариф) бўйинчагина оёқ бермасдан, улар билан алоҳида муоҳада (договор)лар ясаб, уларни бир қадар таъмин қилиб келган.
Хўжанд маориф шуъбасининг бу ҳаракатини бизнинг ўлка Маориф комиссарлигимиз ўзбошимчалик, режадан чиқиш­лик деб топиб унга койиш (порицание) эълон қилған…
Бу муомала Хўжанд маориф шуъбасида ўлтуруб, оз-да бўлса ишламак истаган кишиларга: «Ишлама, барибир, сени ишлатгали қўймаймиз!» – демак эмасми? Дуруст, Хўжанд мао­риф шуъбаси ўзбошича муоҳада боғлаған, ўз билганича иш қилған. Ҳар ҳолда, керак ва лозим бўлған расмиятни буз­ған. Локин мактаб­лар тури бўйинча ҳиссасига тушкан мактабларнинг ярим-йўртиси учун ҳам қанча вақтлардан бери таъминот ололмай келган маориф шуъбалари бор, кўб бор. Ана буларга қарши расмиятни бузған Маориф комиссарлигининг ўзи эмасми? Хўжандда 8 мактаб ўрниға 14 мактаб бўлған экан, бир мактабга эга бўла олмаған жойлар ҳам бор.
Сўнгра мактабларнинг бу жиҳати ҳам бор: бу кун бизнинг ерлик халқнинг маорифи ўлим олдида; маориф ишида юрган ёшларимиз, муаллимларимиз қоринларини тўйғиза олмасдан маориф ишидан чекилдилар; уларни янадан мактаб-маориф ишига жалб этмак масаласи бизнинг учун ҳаёт-мамот масаласи бўлуб турадир. Шундан бир аҳвол ичида ҳам Оврупо расмиятининг энг бачкана, энг арзимас бир боби учун шундай муомала қилмоқ тўғрими? Ўлар ҳолатда ёткан кишига: «Нимага меҳмонни қарши олмоққа чиқмадинг?» – десак бўладирми?
Фирқанинг сўнгғи ўлка конференциясида маориф ишлари тўғрисида қисқа, локин асосли гаплар айтилди. Маориф тўғрисида маҳалдан келган ҳар бир вакил дегундек зорланиб ўтди. Бутун жумҳурият учун биринчи майдон хўжалиқ майдони бўлуб, маориф иккинчи ё учинчи майдон бўлса, бизнинг Туркис­тонда ўзининг қоронғулиғиға қараб бу майдон биринчи бўлмоғи керак эди. Аммо бизда босмачилик ҳаракати бор. Локин яхшилаб ўйланғанда, шу босмачилик ҳаракати ва унинг орқасида тўрт-беш йилдан бери элни қоқшатиб келган уруш майдони бизнинг жаҳолатимиз орқасида чиқмадими?
Бир нарса онглаған, тушунган халқлар сира оёқ остида эзилдиларми? 8 мактаб ўрниға 14, балки 24 мактаб очиб, аҳднома билан эмас, ундан каттараги билан иш кўруш натижасида ҳар бир қуллиқ занжирига оғир, оғир зарбалар тушурилмасми?

__________________________
«Туркистон» газетасининг 1922 йил 20 октябрь сонида «Абдулҳамид Сулаймон» имзоси билан босилган. Биринчи марта Чўлпон «Асарлар»и 4-жилдида қайта чоп этилган.
Ушбу мақолада Хўжанд маориф шуъбаси ҳукумат ҳисобига 8 та мактаб ўрнига 14 та мактаб очгани учун Ўлка маориф комиссарлиги томонидан ўзбошимчаликда айблангани баён қилинган.