Мен “Тафаккур”, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида ўтган йилда босилган бадиий публицистика намуналари, нашриётларда чоп этилган бир қатор катта кичик китоблар билан танишиб чиқдим. Публицистика “ижтимоий” деган сўздан олинганини биламиз. Лекин унинг бадиий публицистика деган соҳаси ҳам борки, у журналистикадан кўра адабиётга кўпроқ яқин.
Бадиий мақоланавислик фақат бир гуруҳ адиб, публицист, журналистлар чекига тушадиган иш эмас. “Публицистика – барча учун очиқ лаборатория”, – деган гап бор. Шу маънода ўтган йили ҳам профессионал ижодкорлар билан бирга файласуф, тарихчи, иқтисодчи, ҳуқуқшунос, табиатшунос, тилшунос, диншунос, руҳшунос мутахассислар ҳам мақола, эсселари билан матбуотда, эфир, экранда қатнашишдики, бу анъана янада кенгайса, давом этса, деймиз.
Ўтган йилда бадиий публицистиканинг кўп ва яхши намуналарини беришда, бизнингча, “Тафаккур” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси олдинги ўринда турди. “Ёшлик” журналида ҳам, ҳажми қисқароқ бўлса-да, бир қанча қизиқарли мақола, суҳбатлар босилди. “Жаҳон адабиёти”да хорижлик адиб, ижодкорларнинг бир қатор мақола ва эсселари таржималари, шунингдек, ўз муаллифларимизнинг бир мунча публицистик изланишларини берди. Икки ойда бир сони чиққан “Шарқ юлдузи”, имкон даражасида, бадиий публицистикага ҳам ўрин ажратади.
Биз кўрган тўрт журналда энг кўп босилган публицистик асар суҳбат, интервьюдир. “Тафаккур” журналида таниқли олим ва адиблар билан суҳбат усули анъана бўлиб қолди. Адиб Ўрозбой Абдураҳмонов, шайх Абдулазиз Мансур, файласуф Абдураҳим Эркаев, адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул билан Муҳиддин Абдулғаффор суҳбатлари, “Жаҳон адабиёти”да Эркин Воҳидов – Шодмон Отабек, Иброҳим Ғафуров – Хуршид Дўстмуҳаммад, “Ёшлик”да адабиётшунослар Қозоқбой Йўлдош – Алишер Назар, Мурод Муҳаммад Дўст – Фахриддин Низом мусоҳабалари эълон қилинган. Интервью – қўш муаллиф меваси. Бу қўш масъулият, қўш маҳорат дегани. Интервьюда, суҳбат табиий, самимий, мазмунли, мароқли, муаммобанд чиқиши учун ҳар икки томоннинг бир-бирини яхши билиши, фаоллиги, топқирлиги муҳим. Одатда, ташаббус савол берувчидан чиқади. Долзарб мавзуни белгилаш, тагдор саволлар бериш, кўпчиликни қизиқтирадиган, ўйлантирадиган оғриқли масалаларга эътиборни қаратиш кўп жиҳатдан унга боғлиқ. Кўриб чиққанимиз суҳбатлар жанрнинг талаб-қоидаларига жавоб берадиган даражада. Масалан, таниқли файласуф Абдураҳим Эркаев ўз интервьюсида бозор иқтисодиёти, глобаллашув шароитида қадриятларни, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибатни сақлаб қолиш ҳақида куюниб гапирар экан, “оммавий маданият”нинг сийқа маҳсулотлари, “оммавий санъат”нинг саёз жанрлари тез тарқалиб, ёшларимиз фикру хаёлини эгаллаб олаётган бир вақтда, эскича тарбия усуллари, айниқса, насиҳат ва танбеҳ бериш орқали, фақат аждодлар ютуғи билан фахрланиб, ҳатто уларни идеаллаштириб кўп нарсага эриша олмаймиз, интернет, компьютерни бекор қилиб бўлмайди, ўғил-қизларнинг китобга бўлган иштиёқини, миллий-адабиёт ва санъатга меҳрини ҳам шакллантириш лозим, дейди. Адабиётшунос, профессор Иброҳим Ҳаққул интервьюсида баъзи ёшларда модернизм, постмодернизмга тақлид, ҳатто сажда қилиш кучайиб бораётгани ҳақида куюниб гапиради, илмий тадқиқотлар савиясига тўхталиб, “диссертация ёзиш, илмий даражани қўлга киритиш мусобақаси юксак мақсад ва идеалдан йироқ бир юмушга айланиб қолди. Тасодифий кимсалар “ўрганган” мавзунинг ибтидосини дуруст сўзлаб беролмайди, чунки ўзи ёзмаган”, дейди. Бундайларни суҳбатдош киноя билан “жилвакор яллачилар” деб атаган Муҳиддин Абдулқодир бошқа интервьюсида шайх Абдулазиз Мансурга, кўп мулоҳаза – андиша билан, гоҳо фалон масжиднинг имом-хатиби данғиллама иморат солиб, қўшнисини қуёш нурию тоза ҳаводан бебаҳра қилгани учун судлашиб юргани, “фалон диний мутасадди ота-онасини ҳажга жўнатиш ниятида борган ўғилдан пора талаб қилиб қўлга тушибди” қабилида гаплар оралаб юргани, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламаслигини айтиб, пайғамбаримиз (с.а.в.) бир қават бўйра устида камтарона яшаб ўтганларини эслатиб, изоҳ сўрайди, суҳбатдош саволни тўғри қабул қилиб, салбий ва ижобий мисоллар келтиради.
Ўрозбой Абдураҳмонов бугунги кунда марҳум Қайипберган оға, Иброҳим оғалардан кейин қорақалпоқларнинг катта адиби, публицисти. Адиб “Меҳр кўздагина эмас, меҳрда” деб номланган интервьюсида қорақалпоқ халқининг ўтмиши, бугуни, эртаси, адабиёти, санъати, “Оролим – дардим менинг” номли кўп тилларга ўгирилган бадиий – публицистик асари, “Чангалзор “пайғамбар”ининг ҳалокати” номли ҳужжатли қиссасининг ёзилиш жараёни, маданиятлар ҳамкорлиги ҳақида қизиқарли, ибратли ҳикоя қилади, янги далил-мисоллар келтиради.
Мурод Муҳаммад Дўст Фахриддин Низом билан қилган суҳбатида “ижод аҳлининг шашти пастлигининг сабаби битта – моддий қийинчилиги” дея кўпчилик истиҳола қилиб турган гапни дангал айтади, ўз фаолиятига, асарларига танқидий кўз билан қарайди, самимияти билан ўқувчини ром этади.
Интервью ҳажми нисбатан кичик, имконияти торроқ бўлгани боис савол-жавобда, публицистик тадқиқотда жуда узоққа, жуда чуқур кетиш бўлмаслиги аён, муҳим масала қўйиш, муаммонинг учини чиқариш, муҳим далил, мисоллар келтириш, бўлғуси йирик асарнинг хамиртурушини яратишнинг ўзи катта гап.
Муайян мавзуни аниқ бир ғояга таяниб қўйилган масала, муаммо хусусида мантиқий муҳокама, бадиий тасвир, публицистик баён ҳамкорлигида фикр юритиш, хулосалар чиқаришда мақола жанри, айниқса, қўл келади. Адабий ҳафталигимизда Э.Воҳидовнинг “Дил тубига чўккан лаҳзалар”, “Шаҳмат абадийдир, шеър ҳам адабий” мақолалари, Ў.Ҳошимовнинг ватан ҳақидаги, Ў. Абдураҳмоновнинг “Парвози баланд юртим” насрий қўшиқлари, А.Орипов, М.Али, И.Ғафуров, А.Иброҳимов, Қ.Йўлдош, М.Абдуллаев, Э.Шукур, Ҳ.Сатторий, А.Жўраев, Р.Мусурмон ва бошқа ижодкорларнинг чиқишлари ўқувчилар ёдида муҳрланиб қолди.
Таниқли адиб Муҳаммад Али матбуотда босилган очеркларини тўплаб “Замондошимиз портретига чизгилар” номли бир китоб нашр этди.
Публицист юрт кезса, кўрса, танишса ажойиб замондошларимиз, ўз ишига моҳир одамларимиз борлигига амин бўламиз ушбу китобни ўқиб. Масалан, “Сулола” очерки фикримиз далилидир. Муаллифнинг таниқли кўз шифокори Холид Комилов ҳақидаги очеркини матбуотда ўқиган эдик, кейинчалик бу инсон Ўзбекистон Қаҳрамони бўлди. Тўғри, барча очерклар ҳам бир хил баланд савияда ёзилмаган. Масалан, Навоий вилоятига бағишланган, асосан, савол-жавоблардан иборат очеркидан муаллифнинг ўзи ҳам кўнгли унча тўлмаган бўлса керак. Ижодий сафарномалар кенгайтирилса, айни муддао бўларди.
Вилоят нашриётларида ҳам ижодкорларнинг катта-кичик китоблари чиқиб турибди. Масалан, Самарқандда Фармон Тошев, Нусрат Раҳмат, Бухорода Жаҳонгир Исмоилов, Қашқадарёда Шарофат Ашурова, Бўритош Носирова, Қорақалпоғистонда Янгибой Қўчқоров, Муродбой Низонов, водийлик, хоразмлик ижодкорларнинг асарлари муносабат билдиришни, баҳосини олишни кутиб турибди.
Нашр ва нашриётларнинг электрон ахборот воситаларининг кўпайиши, янги мукаммал аппаратларининг пайдо бўлиши, пойтахтда, вилоятларда турли кўргазмаларнинг ўтказилиши, махсус заллар, студиялар сонининг ошиши ва бошқа омиллар туфайли фотография жадал ривожланаётгани, фотопублицистика, фотосанъатнинг етук намуналари юзага келаётгани қувонарлидир. Биргина мисолни – ўтган йили Абдуғани Жуманинг портрет, пейзаж, натюрморт ва бошқа жанрларда яратган “Бунёдкорлик эпопеяси” номли 350 сара асарининг фотолар уйида бир неча кун намойиш этилгани, кўплаб томошабинлар келиб кўргани, илиқ мақтов, баланд баҳолар олганини эслайлик. А.Жума ва ҳамкасбларининг ноёб суратлари публицистларимизга очерк, мақолалар учун кўп мавзу, материал беради. Фотографияга бағишланган махсус ижтимоий-сиёсий, бадиий-публицистик, безакли-рангли журнал таъсис этиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.
Газета, журналларда очерк деб номланган айрим материаллар жанр талабига жавоб беролмайди.
Ҳаётдан ўтган таниқли ижодкорлар ҳақида замондошлар хотирасини тўплаб нашр этиш яхши бир анъанага айланиб бормоқда. Ўтган йил Одил Ёқубов, Матёқуб Қўшжонов, Бегали Қосимов хотираларига бағишланган китоблар нашр этилди, мақола, эсдаликлар босилди, уларда ижодкорларнинг профессионал маҳорати, инсоний фазилатларига алоҳида урғу берилди, ибратли мисол, далиллар келтирилди. Айни чоғда, олдинроқ Ўткир Ҳошимов, Иброҳим Ғафуров, Маҳмуд Саъдий, ўтган йили Асил Рашидов, Азим Суюн ҳақида замондошлар нигоҳи битилган тўпламлар ҳам нашр этилди. Бойбўта Дўстқораев ҳақидаги китоб нашр арафасида турибди. Кўзи тириклигида ўзи ҳақида самимий дил изҳорларини ўқиш кўнгилни қанчалик кўтариши, кучга куч, илҳомга илҳом қўшилишини тасаввур этайлик.
Асқад Мухтор, Ўткир Ҳошимов, Ғайбулла Саломов, Иброҳим Ғафуров, Мурод Хидир, Ашурали Жўраев, Қадам Саидмурод ва бошқаларнинг миниатюр публицистик лавҳаларида салмоқли мазмун мавжудки, бу хил лўнда фикрлаш, ўқувчи вақтини қизғаниш ҳам кейинги тамойиллардандир.
Абдулла Шер, Хуршид Йўлдошевларнинг фалсафа, Баҳодир Зокир, Абдуқодир Эргашев, Дамин Жумақуловнинг иқтисодиёт, экология, Муҳаммаджон Холбековнинг Ғарб адабиёти, Улуғбек Долимовнинг жадидлар ижоди, Наим Каримов, Михли Сафаровнинг тарих, Муҳиддин Раҳим, Забаржад Бобожоноваларнинг оммавий ахборот воситаларига бағишланган мақолалари янги далилларга бойлиги, равон услуби билан ўқувчини ўзига тортади. Шоир ва файласуф Абдулла Шернинг “Эзгулик ва ёвузлик”, “Эркинлик, ихтиёр ва ирода” ҳақидаги, Хуршид Йўлдошевнинг “Заруриятдаги тасодифият, учинчи тоифа ёки агностицизмга оид” ва бошқа мақолаларининг Ўрта Осиё минтақасига оид далил ва мисоллар билан кўпроқ бойитилишини истардик.
Бошидан ўтган табиб, деган гап бор. Шу маънода “Жаҳон адабиёти” журналида хорижлик адибларнинг, “Ёшлик” саҳифаларида ўз ижодкорларимизнинг ижод сирларига оид кузатувлари босилаётгани мухлислар, айниқса, ёш ижодкорларни қизиқтириб келмоқда. Бундай иқрорномалар вақти келиб катта, салмоқли китобларга айланади. Ўткир Ҳошимовнинг “Саккизинчи мўъжиза”, Аҳмаджон Мелибоевнинг “Қирқ бешинчи бекат” китоблари шу тариқа юзага келган.
Кейинги йилларда нафақат бадиий адабиёт (ҳикоя, қисса, роман, драма), адабий-танқидий мақолалар ҳам публицистик руҳ билан йўғрилмоқда. Улар муаллиф монологи, қолипловчи лавҳалар, эҳтиросли узвлар билан тўйинмоқдаки, бу тахлит асарларни илмий-бадиий-публицистик асарлар, деб атаса ҳам бўлади. Албатта, публицистик адабий-танқидий мақола, тақриз, суҳбатнинг томир-томирига, қон-қонига сингиб кетиши, чоклари кўринмаслиги, асарнинг яна-да мазмунли, мароқли, ўқишли чиқишига ёрдам бериши лозим. Публицистик руҳ, эҳтирос асарнинг сиртида эмас, ботинида бўлгани, ўқувчини ҳаяжонлантиргани, ўй-фикрлар гирдобига тортгани маъқул. Саёз дарё шарқираб, чуқур дарё сокин оқишини юзаки ва чинакам публицистик асарларга қиёс қилса бўлади. Қомусий олим ва адиб Иброҳим Ғафуровнинг янги “Паривашлар мажлиси” китобига кирган гўзал мақолалар, мансуралар, эсселар публицистик руҳи баланд, теран асарлардандир. Адибнинг “Ҳаё-халоскор”, “Мангу латофат”, “Паривашлар мажлиси” китоблари янги, ўзига хос публицистик трилогиядир.
Ҳужжатли-публицистик кино ҳам жадал ривожланиб бораётганини қайд этмоқ лозим. Публицистика кенгашида ушбу мавзу кўтарилмади ҳисоб. Бу алоҳида, катта мавзу.
Бугунги кунда ҳужжатли публицистик кино муаммолари билан ЎзМУ журналистика факультетида профессор Ҳ.Акбаров ва унинг шогирдлари кўпроқ шуғулланишмоқда. Кейинги йилларда факультетда ушбу соҳага бағишлаб бир неча илмий-амалий конференция ўтказилди, бешта тўплам нашр этилди, газета ва журналларда мақолалар эълон қилинди.
Ўтган йили бир қанча катта-кичик бадиий публицистик асарлар нашр этилди. Т.Малик, А.Иброҳимов, Д.Нурий, Т.Содиқова, А.Эгамназаров, М.Абдуллаев, М. Сатторов, В.Файзулло каби адибларимизнинг асосан публицистика жанрида ижод этишаётгани қувонарли.
Ўтган йил публицистикасида ҳам маданият, маънавият, қадрият, одоб-ахлоқ мавзулари устувор бўлди. Бу – табиий. Бизнинг авлодларимиз азал-азалдан пандномалар асосида тарбиялаб келинган. Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки”, Турсуной Содиқованинг “Дилдаги нур”, Бахтиёр Ҳайдаровнинг “Ўзбекчилик”, “Инсоннома”, Фармон Тошевнинг “Сўз айтмоқ саодат”, Алиназар Эгамназаровнинг “Оқловдан сўнг”, Алишер Назаровнинг “Холислик эҳтиёжи” китоблари маънавият мавзусида. Шунингдек, Шуҳрат Жабборовнинг “Ўзбекистонда ким яхши яшайди?”, Шодмон Отабекнинг “Санъаткорлар ҳаётидан лавҳалар”, “Ғалати гаплар” китоблари ҳам қизиқиб ўқилади. И.Ғаниев, Н.Афоқоваларнинг “Шавкат Раҳмон олами”, “Руҳий гўзаллик қисмати”, Вафо Файзуллонинг “Чақмоқ ёруғи” китоблари ҳам кучли публицистик руҳ билан суғорилган.
Публицистик асарларнинг юзага келиши денгиз тўлқинларининг мавжланиб қирғоққа урилиши ва қайтишига ўхшайди. Биз тарихий саналар, муҳим воқеалар (Мустақиллик, Конституция, Тил, Наврўз байрамлари, буюк сиймолар таваллуд кунлари)да публицистикага мурожаат қиламиз, матбуот, эфир, экранда кўп чиқишлар қиламиз, байрам ўтгач яна сустлашамиз. Ҳолбуки, публицистикага мунтазам эътибор бермоғимиз, бу керакли, савобли иш билан ҳар кун, ҳар соат шуғулланишимиз лозим.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 3-сон.